Нурилло Аббосхонга табрик
Ёзувчи ва драматург - Нурилло Аббосхон (Нуриллохон Аббосович Ғозиев) 1958 йилнинг 28 Август куни Наманган вилоятидаги Чортоқ туманида туғилган.
Ўзбек ва рус тилларида ижод қилади. Ўқувчилик давридан китоб ва мусиқага мойил бўлиб, туғма истеъдод уни адабиёт ва санъат йўлига етаклади. Аввал мусиқа мактабида, кейинчалик ҳаваскорлик тўгаракларида таҳсил олди. Мактабни битиргач, оилавий шароити оғирлиги туфайли ишга киришга мажбур бўлди. Моҳир мусиқачи бўлгани сабабли, дипломсиз бўлишига қарамай, Чортоқ шахар маданият уйида услубчи бўлиб иш бошлади. Кейин туман маданият саройида мусиқа раҳбари, ҳунар-техника билим юртида бадиий раҳбар сифатида фаолият кўрсатди. Шу даргоҳларда ишлаш жараёнида ўз устида ишлаб, кутубхона хизматидан унумли фойдаланиб, ўзи ижод қилишга бошлашди. Аввалига у Муслим тахаллуси билан байрам сценарийлари ва қўшиқлар ёзди. Маданият саройида очилган қўғирчоқ театрида, эртак-пьесалари саҳналаштирилди. Педагогик коллежда очилган халқ театрида илк маротаба “Ғафлат қурбонлари” номли пьесаси саҳналаштирилиб, вилоят бўйича ёшлар аудиториясига кўрсатилди. У басталаган куй, ёзган шеър ва қўшиқлари (“Ўзбекистонни асра, Худойим”, “Наврўз”, “Омон бўлинглар”) вилоят ва республика танловларида қатнашиб, юқори ва рағбатли ўринлар олган.
1998 йилдан буён Нурилло Аббосхон тахаллуси остида турли хил бадиий жанрларда ижодий фаолият юритмоқда.
ВИЛОЯТ МАТБУОТИДА
Муаллиф бир неча йил давомида вилоят газеталари билан узлуксиз иш олиб борди. У ёзган “Хамса хазинаси” туркумидаги мақолалар ҳамда турли мавзулардаги пьеса, қисса ва романлари “Наманган ҳақиқати”, “Суҳбатдош”, “Тамаддун”, “Дилкаш”, “Ҳайрат”, “Маърифат гулшани”, “Ал-Машриқ” газеталарида “Кемтик дунё”, “Алвасти китоби”, “Севги соҳили”, “Аравакаш муҳаббати” асарлари чоп этилган.
КИТОБЛАРИ
Муаллиф бадиий адабиёт соҳасида хам қизғин ижодий фаолият юритиб келмоқда. Алишер Навоий ва “Хамса” достонлари, кино ва театр мавзуларида кўплаб илмий-оммабоп мақолалари газета ва журналларда чоп этилган. Шунингдек, “Ўзбекистон” нашриётида “Шўрқишлоқ” романи ва “Шарқ” нашриётда “Дилмурод” номли қиссаси давлат бюджети ҳисобидан чоп этилган. Наманган вилоятида муаллифнинг “Устоз” номли китоби “Наманган” нашриётида нашр қилинди. “Севги соҳили”, “Зилола”, “Шаҳзода Мушнинг саргузаштлари”, “Алвасти китоби”, “Ибрат” номли роман ва қиссалари, рус тилида ёзилган “Ангел дождя” ва “Мы все одной крови” номли асарлари ҳам нашр қилиниш арафасида турибди.
ВИЛОЯТ ТЕАТРЛАРИДА
2000 йили Нурилло Аббосхоннинг илк бора “Гўзал дунё зулмати” номли драмаси Наманган вилоятининг Алишер Навоий номидаги мусиқали драма театрида саҳналаштирилган. Шундан сўнг, унинг асарлари водий театрларига тарқалиб, “Боғ”, “Салом ёки хайр”, “Азиз”, “Кулгисини йўқотган бойлар”, “Баҳор шамоли” “Қуриётган дарахт” драмалари бирин-кетин саҳналаштира бошланди. Шунингдек, бу асарлар (Қашқадарё, Сирдарё, Жиззах, Қўқон, Фарғона, Андижон, Бухоро, Самарқанд) вилоят театрларида ҳам саҳналаштирилди. Андижон ёшлар театрида “Бахтли бўлинглар”, “Супер мусофир” номли пьесалари ҳам саҳналаштирилди.
Яқин ўтган йилларда эса Марғилон мусиқали мақом театрида “Навоий”, “Бобур”, “Сеҳрли чимилдиқ” номли асарлари саҳна юзини кўрди. Наманган вилоят театрида “Ибрат”, “Мактаб” номли пьесалари саҳналаштирилди.
ПОЙТАХТ ТЕАТРЛАРИДА
2009 йилда Ўзбек Миллий Академик драма театрида Нурилло Аббосхоннинг “Ўзбекча рақс”, “Танҳо юлдуз”, 2013 йилда “Менинг танҳо юлдузим”, 2017 йилда “Ўжарлар” номли таржима асари, 2020 йилда “Ўзгалар дарди”, 2021 йилда “Офицерлар” номли асарлари саҳналаштирилди.
Муқимий номидаги мусиқали драма театрида 2005-2009 йиллар давомида драматургнинг “Кўнглимнинг кўчаси”, “Жайдари келин”, “Ой онам - қайнонам” асарлари саҳналаштирилиб, намойиш этилди.
Ўзбекистон Республика Қўғирчоқ театрида “Қулоқчасиз улоқча” номли шеърий эртаги болаларга туҳфа этилди. Драматург Шуҳрат Ризаев билан ҳаммуаллифликда Аброр Ҳидоятов номидаги республика драма театрида “Эзгулик йўли” асари саҳна юзини кўрди.
ҚЎШНИ РЕСПУБЛИКАЛАРДА
Муаллифнинг “Боғ” асари туркман ва тожик тилларига таржима қилиб, саҳналаштирилган. Қозоғистондаги (Чимкент) ўзбек академик театрида ҳам саҳналаштирилди. “Танҳо юлдуз” номли пьесаси қримтатар тилига таржима қилиниб, Қримдаги Боғчасарой театри саҳнасида намойиш этилган эди. Бу спектакль 2015 йилда қорақалпоқ тилига таржима қилиниб, Нукус театрида томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган.
ТАРЖИМАЛАРИ
Нурилло Аббосхон чет тиллари билан ҳам шуғулланиб келмоқда. 2015 йилда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдурахмоновнинг “Ўжарлар” асарини қорақалпоқ тилидан ўзбек тилига таржима қилди. Асар Ўзбек Миллий академик театри ва Қозоғистондаги Чимкент ўзбек академик театрида саҳналаштирилди. Кейинги йилларда у А. П. Чехов қаламига мансуб “Иванов” пьесаси ва М. Булгаковнинг “Иван Васильевич” номли фантастик комедиясини русчадан ўзбек тилига таржима қилди. “Иван Васильевич” пьесаси 2016 йили, “Жаҳон адабиёти” журналида чоп этилди. Кейинги йилларда у рус тилида сценарий, пьеса ва повестлар ёзди. "Звезда Востока" журналида унинг рус тилида ёзган “Ангел дождя” номли повести эълон қилинган.
ТАНЛОВЛАРДАГИ ИШТИРОКИ ВА ЮТУҚЛАРИ
Нурилло Аббосхон самарали меҳнати учун Маданият вазирлиги томонидан бир неча диплом, сертификат ва ташаккурнома, ёрлиқлар, пул мукофотлари ва Ўзбекистон Қуролли Кучлари вазирлиги томонидан кўкрак нишони билан мукофотланган. 2000 йилда муаллифнинг илк асари – “Меҳр қуёши” пьесаси Ўзбектеатр бирлашмаси томонидан эътироф этилиб, рағбатлантирувчи мукофот берилган.
2012 йилда Наманган вилояти Алишер Навоий номидаги мусиқали драма театрида саҳналаштирилган “Баҳор шамоли” асари “Сени куйлаймиз замондош” республика танловида I-ўринни эгаллаган.
“Бурч” номли асари Бухородаги мусиқали драма театрида саҳналаштирилиб, 2015 йилда бўлиб ўтган “Сени куйлаймиз, замондош” республика танловида II-ўринни эгаллаб, дипломлар, сертификатлар ва пул мукофотлари билан тақдирланган.
2018 йилда “Хоразм афсонаси”, 2019 йилда “Миллат виждони”, 2020 йилда “Ўзгалар дарди” номли драматик асарлари билан республика танловларида иштирок этиб, иккала танловда ҳам энг юқори ўринни эгаллаб, пул мукофоти олган.
Наманган матбуот бошқармаси раҳбарияти томонидан совғалар ва ёрлиқлар билан тақдирланган.
КИНО САНЪАТИДА
Нурилло Аббосхон театрдан ташқари Ўзбеккино ва телефильм студияларида ҳам фаолият кўрсатмоқда. 2005 йилда унинг пьесаси асосида икки қисмли “Қарзи хасана” видеофильми суратга олинган. Кейинчалик муаллиф кино ижодкорлари билан ҳамкорликда ишлаб, “Муҳаббатнома”, “Умид”, “Сенга муҳтожман”, “Йигит йиғламасин”, “Севгинатор-2”, “Ўғри келин” “Гардкам” номли кино асарларида муаллиф сифатида иштирок этди. 2016 йили у фарзанди, ёш драматург Муҳаммад Давлатиллох билан ҳамкорликда “Меҳмонхона”, “Она замин”, “Фаришта” телесериал сценарийларини ёзди. Кейинги йилларда Нурилло Аббосхон давлат буюртмасига биноан олинган “Орзулар қанотида”, “Ибрат”, “Мактаб - ҳаётим”, “Доктор Абдуллаев” номли тўлиқ метражли фильмларда муаллиф сифатида иштирок этди.
ОИЛАВИЙ ШАРОИТИ
Бугунги кунда эркин ижодкор Нурилло Аббосхон икки фарзанди қарамоғида Чортоқ шаҳрида истиқомат қилади. Оила аъзолари шаҳар марказида жойлашган “Маърифат” номли китоб дўконида ишлаб, оила тебратишади.
***
Эътиборингизга ёзувчи ва драматург Нурилло Аббосхоннинг “Шарқ Юлдузи” журналида чоп этилган, “Шўрқишлоқ” романидан парчани ҳавола этамиз.
***
...Юз йиллар муқаддам Шўрқишлоқ ҳаёти мутлақо бўлакча эди. Бир умр рўза тутган Зуннур эшоннинг оқ юзидан нур ёғилиб, сурма тортгандек қора кўзлари жилваланиб турарди. У кўриниш берганда қишлоқ аҳли эгилиб-букилиб истиқболига пешвоз чиқиб, оппоқ ва майин қўлини кўзига суртарди. Эшон қишлоқдаги ҳар бир одамни номма-ном танирди. Ҳар бирини исмини айтиб мурожаат қилар, ҳар бирига тегишли панду насиҳат берарди. Мушкул муаммоларни ечиб, жанжаллашган томонларни осонгина яраштирарди. Унинг оғзидан чиққан каломлар, илоҳий башорат каби зуҳурга келиб, ихлосмандларни лолу ҳайрон қиларди. Улар сўлим боғдаги тошсупада ўтириб, эшонга дам солдириб, дуосини олиб кетардилар. Октябрь инқилобидан бир йил аввал, эшоннинг супасида, йигирма кишига яқин жамоат жамланди. Шўрқишлоқнинг кексайиб қолган Ҳорунбой, ўрта ёшли Нурмуҳаммадбой, Отахонбой ва Саидазимбой каби бойлари ташриф буюриб, Зуннур эшон илҳомланиб шарҳлаган ояту ҳадисларни мароқланиб тингладилар. Шу куни у айтган сўзлар келажакдан башорат эканини ҳеч ким сезмай қолди.
– Ноқис ақлимизни ишлатиб атрофга боқсак, банданинг қўлида ҳеч нарса йўқ экан, – деди у мудроқ оҳангда. – Оламга тўймаган кўзларимиз, жон қуши танамизни тарк этгач, Аллоҳнинг мулкида қолиб кетаркан.
– Ҳақ, ҳақ, тақсир, – деб бош эгиб қўйишди тингловчилар.
Эшон маъюсланиб сўзида давом этди:
– Бу дунёга этак силкиб ўтдик. Аммо ундан узилишиб кетолмадик, Жаноби Ҳақ дийдорига етолмадик. Кеча бу ғариб қул “Муфтоҳул жинон, мисбоҳул иймон” китобининг қиёмат саҳифаларини очди. Ҳазрати Расулуллоҳ марҳамат қилибдилар: Қиёмат олдида, олимлардан илмига амал, бойлардан саховат, амалдорлардан қонунга итоат, гадолардан қаноат, авомдан шарму ҳаё кетур. Шу айтилган белгиларни ўз юртида кўриб, ғарибнинг юрагини ваҳми қиёмат ларзага солди. Ғариб чор томонга боқиб кўрса, обидлару олимларнинг кўзлари сўқир бўлиб, эл бошига балою қазолар босиб келаётган эмиш. Илоҳим меҳрибон Аллоҳ бу жафокаш элни ўз паноҳида асрасин.
Эшоннинг шогирдлари, ихлосманд бойлар, ўзга юртлардан келган дарвишлар:
– Омин! Айтганингиз келсин, пирим! – дея хитоблар қилдилар.
– Бирингиз бой, бирингиз дарвиш, – деди тўрда ўтирган эшон оммага юзланиб. – Бирингиз амалдор, бирингиз тобе. Бирингиз шойи кимхоб кийибсиз, бирингиз намат. Бировда илм бор, бировда олтин. Сўрагувчилар сўрадилар: кимда масъулият катта? Ким худога яқинроқ? Жавоб қилдиларким: ҳаммада масъулият катта, ҳамма Аллоҳга яқин. Аллоҳ кимга назар солса, ўша бандасини ўзининг юз исми сифатидан бирига монанд қилиб қўяди. Аллоҳ мўмин эди, назарига сазовор бўлган бандаси мўмин бўлиб, иймон топди.
– Қуллуқ, пирим, тасанно, пирим, – эгилишди дарвишлар.
– Аллоҳ олим эди, назари тушган бандасини олим қилди, – давом этди эшон. – Унга ўз илмидан бир ҳиссаи омонат бердиким, бандам илмимни элга тарқатсин деб. Аммо ғофил олим бу илмни қизғаниб, ўзгага раво кўрмади. Қиёмат куни унинг оғзига эриган қўрғошин қуйилди.
– Оҳ, астағфуруллоҳ, – бош эгишди дарвишлар.
– Аллоҳ бой эди, назари тушган бандасини бой қилди, – одатига яраша қироат ила сўзлади эшон. – Назаркардаларнинг масъулиятлари, насибаларига яраша каттадир. Қиёмат куни ҳақ тарозиси тортилганда, Аллоҳ жалла жалол сўради: “Эй, бандам, бой эдим, бойлигимни сенга омонат топширгандим, шуни қандай тасарруф қилдинг? Уйинг тўла буғдой эди, нега юртингда оч қолган бандаларим мендан норизо бўлиб нола қилдилар? Мен рўйи заминга туширган бойлик бисёр бўла туриб, нега бандаларим қашшоқ яшадилар, уйланмай-жойланмай ўтдилар? Ҳузуримда ким деган одам бўлдинг? Мени ердаги соям бўласан деб, зиммангга юклаган вазифамни аъло ўтайсан деб, сенга назар солгандим. Оми бандаларим устидан сени масъул қилгандим.”
– О, ҳасрато алҳамдуллиллоҳ, о, ҳасрато, – кўзларига ёш қалқиб, бошларини эгишди шўрқишлоқлик бойлар.
– Дилингизда илм бўлса кимга бермак керак? – ўзи сўраб ўзи жавоб берди у. – Толиби илмга бермак керак. Қўлингизда нон бўлса кимга бермак керак? Очу яланғочга, мискину мусофирга бермак керак. Ишқу муҳаббатни меҳрибон Аллоҳга, бўш вақтни илму ҳикмат ва тоат-ибодатга, ҳурмату эҳтиромни ота-онага, таълим-тарбия ила меҳрни фарзандга, куч-қувватни ҳалол меҳнатга, Ҳақ фармони ила етиб келса, ширин жонни Маликул Мавтга бермак керак. Ғариб ўйлаб кўрса, биз бандалар, ўз тасарруфимиздаги ҳар бир нарсани ўз эгасига етказиб бергучи бир дастёр эканмиз. Дастёрликда хатога йўл қўйсак, Улуғ Подшоҳ – Аллоҳ бизни жазою сазога гирифтор қилар экан. Эртага бул жаноби Азиз ҳақдор берган омонатларини тортиб олмаса эди, даргоҳидан қувиб солиб, шармандаи шармисор қилмаса эди, деб бандаси қўрқув изтиробига тушди.
– Яшанг, пирим! Ҳақ айтдингиз, пирим! – нидо қилди муридлар.
– Келинглар, бир дуо қилайлик, – дея фотиҳага қўл очди эшон. – Илоҳо омин!
– Омин, – фотиҳага қўл очди жамоат.
– Иймони Муҳаммадий ила барчамиз ғафлатдин уйғонайлик. Илмимиз ила эл кўзини очайлик, молу давлатимиз ила элни ўз боламиздек парвариш қилайлик. Ҳақиқат қилайлик, адолат қилайлик. Жаноби Одил, Жаноби Ҳақ қилган гуноҳларимизни кечирсин. Истиқболда биз ғариб қулларни кутиб турган балолар бошимиздан арисин! Аллоҳ жалла жалол меҳру шафқатини бизлардан дариғ тутмасин. Омин Аллоҳу Акбар!
– Омии-и-ин!!
***
Аммо эшоннинг дуолари ижобат бўлмади. Орадан йиллар ўтди. Эл худонинг қаҳрига учраб, дунё исёну туғён алангаси ичида қолди. Жаҳаннамнинг қопқалари очилиб, оташ аждарлари ўз ўлжаларини кутиб, оғизларини ланг очдилар. Маърифатли Зуннур эшон хонадони токчаларини тўлдирган кўҳна китобларнинг аксарияти хаттотлар томонидан кўчирилган бўлиб, баъзилари уч юз йил аввалги китоблар эди. Тошкент ва Қозонда босиб чиқарилган босма китобларнинг қоғозлари қалин бўлиб, бу нашрлар Санкт Петербургда назоратдан ўтказилгач, босишга рухсат этилганди. Ҳажми, ёзилиш услубияти, қоғоз ва сиёҳлари ҳар хил, зармуқовали китобларни Зуннур эшон жуда авайлаб сақларди. Китобга нисбатан беҳурмат кишиларни ёқтирмасди. Мутолаадан аввал таҳорат қилиб, чордана қуриб, лавҳ тахтасига китобни қўйиб, хатчўпларни саралаб, тегишли варақни очарди. Бирон юмуши чиқиб қолса, албатта китобни ёпар, ўз ўрнига жойлаштирар, асло очиқ ҳолда қолдирмасди. – Бир нуқта бирла кўзни кўр қилурлар, болаларим, – дерди у. Бу ҳикматли сўзлар замирида икки хил маъно бор эди. Араб имлосида “ре” ва “зе” ҳарфлари бир хил кўринишда бўлиб, “зе” устида нуқтаси бор. Агар “кўз” сўзида нуқта тушириб қолдирилса, “кўз” сўзи “кўр” сўзига айланиб қолади. Очиқ қолган китоб саҳифасига мабодо пашша қўнса, нуқтали ва нуқтасиз ҳарфлар устига, қўшимча нуқта-доғлар тушиб қолади. Оқибатда мутолаа қийинлашиб, китобхон “кўзи кўр” бўлади...
Шўро фаоллари маърифатли халқ кўзини кўр қилишни бош мақсад қилиб олдилар. Араб алифбосида битилган барча китоб улар кўзига диний қурол бўлиб кўринарди. Фаоллар хонадонма-хонадон юриб, барча китобларни халқ қўлидан тортиб ола бошладилар. Бир бехосият кунда Зуннур эшон ҳовлисига, икки йигит билан йигирма беш ёшли фирқа фаоли Сафар Нуғмонов кириб келди. У кезларда бирорта шўрқишлоқлик эркак соч қўйиб, соқол қирдирмасди. Узун сочини орқага тараб, соқол-мўйловини қиртишлаб, гимнастёрка кийиб юрувчи оқ юзли хушсурат Нуғмонов, ғоят истеъдодли бўлиб, ўн саккиз ёшигача диний мадрасада таҳсил олган, кейин Россияда рус тилини ўзлаштирган оташин коммунист эди. Нуғмонов эшикларни ялтироқ этиги билан тепиб очиб, ҳужрадаги китоб солинган сандиқни ағдаришга буюрди. Сўнгра у китобларнинг муқовасига кўз югуртириб, саралаб икки бўлакка ажратди. Ажратиб олинган китоблар қопларга солинди. Саксон ёшли Зуннур эшон сомон-сувоқ қилинган тош супасида ўтирар, бу ғаройиб қароқчиларнинг ҳаракатларини ҳайратга чўмиб кузатарди. – Бу китобларни не қилмоқчисиз, азизларим? – деб сўради у.
– Гулханга ташлаймиз! – дўриллаган овозда жавоб қилди Нуғмонов, қора сочларини ортга силаб. – Шунда меҳнаткаш халқ афюн балосидан қутилади.
– Афюн лаънатга гирифтор бўлган кўкнордан бинога келмиш, – деди куйиниб Зуннур эшон. – Заҳматкаш илм аҳлининг меҳнату машаққати ила афюн орасидаги фарқни кўрмаётирсизми?
– Бу китоблар халқ кўзини кўр қилғувчи ғафлат! – деди папирос тутатиб Нуғмонов.
– Халқ кўзини саводсизлик ила китобга беҳурматлик кўр қилур, – дея афсусланиб бош чайқади Зуннур эшон.
– Чего ты понимаешь, темнота.
Нуғмонов эшонга қўл силтаб, йигитларга ишора қилди. Фаоллар икки қоп китобни орқалаб хонадонни тарк этдилар. Бўшаб қолган сандиғига боққан Зуннур эшон, катта оқ салласини бошига ўраб, оқ чакмонини елкасига илиб, “асои Мусо” ёғочидан ясалган ҳассасини бир қўлига, муборак ҳаж сафарида Маккадан олиб келган тасбеҳини иккинчи қўлига олиб, фаоллар ортидан гузар томон шошилди. Ёши ўттиздан ўтган Эшондада, ўз отасидан хавфсираб, бошига кулоҳ дўпписини апил-тапил кийиб, унинг ортидан кетди. Гузарда қишлоқнинг каттаю-кичиги тўпланган, ўртада катта гулхан ёниб турар, гимнастёрка кийиб, қизил нишон таққан, йигирма-ўттиз ёшлар орасидаги навқирон фаоллар, олтита ўспирин йигит ва милтиқли тўрт аскар эски чойхона айвонига жойлашгандилар. Нуғмонов диний китобларни қоралаб узоқ гапирди. Нотиқ сўзи тугагач, ўндан ортиқ қопдаги китоблар ерга ағдарилди ва гулханга ташланди. Уламолар кўзига суртиб ўқиган мусҳафлар, ҳадислар, илм-маърифат дурдоналари гуриллаб ёна бошлади.
Зуннур эшон аҳволни кўргач, вужуди музлаб, пешонасидан совуқ тер чиқди.
– Тўхтанглар, мусулмонлар! Тўхтанглар! – бор овозда бақирди даҳшатга тушган эшон. – Ақлингизни йиғинг!
– Отажон! – уни билагидан тутиб ортга тортди Эшондада. – Бошингизга бало чақирманг!
– Эй, фарзанд?! – умрида биринчи маротаба ғазабланган кўзларини ўғлига тикди Шўрқишлоқнинг сўнгги авлиёси. – Бу не ҳаракатким, отангиз билагини қайирмоқни ихтиёр этибсиз?!
Ғофил фарзанд ота нигоҳидаги ғалати бир бегона учқунни кўрди. Туну кун шу фарзанд бахту иқболини сўраб фотиҳага очилувчи қўллар қайрилиб, барча дуолар кунпаякун бўлди. У ота дуосидан айрилганини ҳис этди.
– Афв этинг, қиблагоҳим! Афв этинг! Зуннур эшоннинг соясига салом берувчи халқ қўл қовуштириб, тавозе ила тисарилиб йўл очди. Зуннур эшон чойхона айвони ёнига бориб, халойиқ томон бурилиб, ўзига ярашмаган нотаниш бир оҳангда хитоб қилди:
– Ҳой, мусулмонлар! Тўхтатинг бу гумроҳликни! Шу азиз китоблар шарофатидан ризқингиз бутун, хонадонингиз тинч, дил ойнангиз мусаффо эди. Нега илмга ўт қўймоқдасиз?! Илмсиз яшасангиз кўнгил кўзларингиз кўр бўлиб, дил боғингиз дашту биёбонга айланади! Огоҳ бўлинг, эй, халойиқ, бошингизга бало-қазолар келяпти!
Ранги гезарган басавлат Боймурод Мухторов, фирқа фаоллари орасидан ажралиб чиқиб, айвон зинаси орқали пастга тушди. Зуннур эшонга яқинлашиб, қисиқ кўзлари совуқ йилтираб, унинг муборак юзига бир шапалоқ туширди. Шўрқишлоқ аҳли буни кўриб оҳ урди. Чўтир юзли кўримсиз йигит – Ҳаким Эрназаров, ўрис биродарига қараб бош чайқади.
– Боймурод ошириб юборди, Максим, – деб ғазабланди тугилган муштлари қалтираб. – Бундай азиз кишиларга қўл кўтариш яхши эмас.
– Нимаям қилардик, – кифтини қисди малласоч Парфёнов. – Кураш кетяпти, Ҳаким.
Гузарга зўрлаб ҳайдаб келтирилган аёллар паранжи ичида ув солиб йиғладилар. Ёши саксондан ўтган нуроний эшон, ранги совуқ мўйловли йигитга ҳазин боқиб, сўзлашдан тўхтаб қолди.
– Ҳой, хурофотчи руҳоний! – деди Мухторов. – Тўхтат тескари ташвиқотни! Ҳозироқ бу ердан йўқол!
– Ҳа, аттанг! – гулханда ёнаётган китобларга ачиниб термилди эшон. – Гулдек йигит экансан-у, бу тўтиёларни танимадинг. Ўзинг кўр бўлдинг! Элу юртни кўр қилдинг! Олимларни кўр қилдинг! Обидларни кўр қилдинг! Илоё, шу азиз китобларни уволига учрагин! Наслу насабинг ер юзида ўрмаламасин! Ўзинг қашқирларга ем бўлгин! Додингга етгучи бир зот топилмасин! Аллоҳу Акбар! Зуннур эшон қаддини букиб уйига қайтди.
***
У жойнамоздан бош кўтармай, супа устида узоқ ибодат қилди. Ихлосмандлари ҳовлига тўпланишди. Далоилхонлар “Далоилул хайрот” китобидан “Асмаил-ҳусна” ва “Қасидаи бурда” бобини ўқидилар. Эшон енгил тортиб, даврага қўшилди. Кўзлардан оқаётган ёшларни кўриб:
– Йиғламангиз! – деб фармон берди у. – Пайғамбар алайҳи салом суннатига эришган устозингиз ўз қисматидан рози. Сиз нечун исёну туғёнга ботмоқдасиз?
– Пиримизга қўл кўтарсалар қандоқ чидайлик? – деди бир қаландар. – Сиз лойиқ топсангиз бошини узиб келиб, оёғингиз остига ташлайман.
– Ҳожатсиз амалга қўлингизни булғамангиз, – рад этди эшон. – Биз сизларни чўчқа сўярсиз деган умидда илму маърифатга олиб кирганмидик? Биз ул бадкирдорни қашқирлар ҳукмига топширдик.
– Улуғ ёшингизни ҳурмат қилсалар бўларди, – ўкинди эшоннинг куёви Абдулҳофиз.
– Минг ёшли Нуҳ пайғамбарни урган кофир саксон ёшли қарияни аяб қўярмиди, фарзанд, – деди у оғир хўрсиниб. – Алҳамдулиллоҳ, ўзингга шукур, Аллоҳим.
– Нима сабабдан бу балолар бошимизга келди, пирим? – сўради эшоннинг асранди ўғли Садриддин қипчоқ мўлтираб.
– Аллоҳни қаҳрига учрадик, фарзанд, – эллик йил муқаддам бўлиб ўтган шўри савдоларни хотирлаб ўкинди Зуннур эшон. – Юртимизда фисқу фужур, зиною куфр, бедодлик, бешафқатлик кўпайди. Бойлардан саховат, камбағаллардан сабру тоқат кетди. Подшоҳлардан куч-қудрат кетиб, ҳаммаси ёғийга қул бўлди. Охир-оқибат шу кунларга дучор бўлдик. Барча балоларга биз айбдормиз. Биз...
– Буларга сиз айбдор эмассиз, пирим, – ўкириб йиғлаб юборди Садриддин. – Аллоҳ шоҳид, сиз азизларнинг азизисиз, ота…
– Ҳамма балоларга шу отангиз айбдор, фарзанд, – оғир хўрсинди Зуннур эшон. – Баҳоуддин балогардон айтибдурларким, “гар юртга бало келса, у шоҳни эмас, дарвешнинг хатоси бўлади”. Қутбликка даъво қилдик. Лекин қутбларда тизгин, қамчи бўлишини эсдан чиқардик. Бу шоҳ эмас, дарвешнинг хатоси. Бу хатокор ғофил сизнинг кўзёшларингизга арзимайди! Агар биз дунё молига қарамаганимизда, дуоларимизни тўғри ўқиганимизда, бу фалокатлар юз бермаган бўларди. Унутманглар, авлиёларнинг дуолари чала бўлса, элу юрт бошига бало келади. Биз қилган хатолар эвазига, элни жабру ситам, очлигу хорлик ўз гирдобига олади. Эл подшоҳлари қул, маликалари чўрига айланади! Авом халқ тубанлашиб, жаҳолат ботқоғига ботади! Ҳаммасига биз айбдор. Кўзларимиз кўр экан. Қилган гуноҳларимизга тавба қилдик. Тавба қилдик...
Ўз қавмидан шапалоқ еб кўнгли чўккан Зуннур эшон, хафалик ва изтироб исканжасида, бир ярим ой супада ётиб, рамазоннинг мағфират қисмида, намози жума куни оғзида калимаи шаҳодат билан боқий дунёга қайтди...