Фотима Ўктамовага табрик


    Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси матбуот котиби ёрдамчиси - Фотима Ўктамовани таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
     Фотимага мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ишларига улкан ривож тилаб қоламиз! 

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

     Болалик


     Мен Фотима Абдумўминовна Ўктамова 1982 йилнинг 24 Август куни Фарғона вилоятининг Қўштепа тумани Эшонгузар қишлоғида таваллуд топганман. Эҳҳе, болалик бир ажиб давр, беғубор йиллар, ҳаммаси ортда қолиб кетди. Оилада эгизак бўлганимиз учун Зуҳрам билан бирга катта бўлдик. Барча бизни кўрса ҳавас қилар эди. Бир биримизга шерик, асло зерикмасдик. Мактабдан кейин далага бориб меҳнат қилардик. Чопиқ чопардик, пахта терардик, мол боқардик. Лекин жуда гаштли эди. Ҳозиргига ўхшаб телефону интернет йўқ бир даврларда яшаганмиз. Меҳнат билан умримиз ўтган, аммо болалик қилиб ҳам кўп қувнаганмиз.

     Журналистика хаёлимда йўқ эди


    Ўқувчилик йилларимда ҳамма қизларга ўхшаб тикувчи бўламан дердим. Туманимиздаги 37-ўрта мактабни тамомлаганимдан кейин, Марғилон шаҳридаги Ҳисоб-кредит техникумига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниб, уни тамомладим. Ўқишдан сўнг ижодкорлик, шеъриятга бўлган қизиқиш туфайли Фарғона вилоят телерадиокомпаниясига келдим. Бу ерда устозлар назарига тушиб, ўзимнинг фаолиятимни бошладим. Вилоят телерадиокомпаниясида устоз журналистлардан журналистиканинг сир-асрорларини ўргандим. Репортаж, лавҳа, очерк, эшиттириш, ранг-баранг кўрсатувлар тайёрладим. “Истеъдод”, “ Истиқбол сари”, “Ижодкор қалби”, “Ғуруримсан-Ватан”, “Ширин орзулар” каби кўрсатувларимни мухлисларга ҳавола этдим. Ушбу кўрсатувларимдан айримлари “Ёшлар” каналида ҳам эфирга узатилди. Кейин Фарғона вилоятидаги “Фарғона тонгги”, “Маънавият”, Фарғона ҳақиқати” газеталарида ҳам ишлаб, ўзимнинг  тажрибамни ошириб бордим. 
    “ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖУРНАЛИСТ НИГОҲИДА” номли кўрик-танловининг республика босқичидан рағбатлантирувчи ўринга лойиқ деб топилдим. 
    2019 йилдан буён эса Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилоят кенгашида матбуот котиби вазифасида ишлаб келяпман. Шу бир йил давомида Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологиямизни асраб-авайлаш, аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш мақсадларига қаратилган тарғибот мақолаларим вилоят ва республика газеталарида, вилоят ва республика телеканаллари, радиода ёритиб борилмоқда.
   Хусусан, “Фарғона ҳақиқати”, “Қувонч”, “Нишон” “Маънавият”, “Эко уз” газеталари “Тасвир”, “Даракчи” журналлари, Фарғона телевидениеси, Фарғона радиоси, “Оилавий” телеканали.
   Шу бугунга қадар Экология ва Экологик партиянинг дастурий мақсад вазифалари ижросига бағишланган 50 га яқин мақолаларим газета ва журналларда чоп этилди. Ижтимоий тармоқларда ёритилди. Келгусида Она табиатимиз, Экологиямизни асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга софлигича етказиш бўйича турли мақсадли лойиҳалари ташкил этиш, мақолалар ёзиш, бу бўйича янгиликлар яратишни режалаштирганман. Шу Она-Ватанимизга ҳалол ва юксак садоқат билан хизмат қилиш, Ватаним равнақига муносиб ҳисса қўшиш энг олий мақсадимдир.
     Касаллик туфайли фарзанд кўриш бахти насиб этмади. Аммо фарзандли инсонга турмушга чиқиб, икки ўғилни тарбиялаб, вояга етказдим. Қизлик вақтимда бел соҳамда чиққан ўсимта туфайли 6 соатли операцияни бошдан кечирганман. Ўшанда шифокорлар яшашимга ишонишмаган экан. Ота-онамга: "Тайёргарлигингизни кўринглар", - деб ҳам айтиб қўйишган экан. Бироқ Аллоҳ меҳрибон, менга қайта умр берди. Соғайиб, оила қурдим. Икки фарзандни катта қилдим. Бу борада телевидение, газеталарда ишладим. Орадан 10 йилдан зиёд вақт ўтиб, буйрак етишмовчилиги хасталиги билан оғриб, шифохонага тушиб қолдим. Энди ҳам умрим поёнига етди деб ўйладим. Такрор ва такрор калима қайтардим. Аммо Аллоҳ меҳрибон, яна менга умр берди. Бетоблигим туфайли оиламдан айро яшашга мажбур бўлдим.

Оғриқларим!

   Оиламдан йироқ, фарзандларимдан йироқ бўлиб яшаш мени қийнайди. Уларни катта қилсангу роҳатини кўрмасанг. Тўйларида турмасанг. Ўзга аёл кўрса бу бахтни. Бу ҳам бир тақдир.
    Ҳозир ҳафтада уч марта гемодиализ оламан. Аммо диализ олиш тушкунликка тушиш дегани эмас. Ишлайман, шу билан дардимни унутаман. Ҳатто ишлаганда ҳам фаол бўлиб ишлаяпман. Жамоадан тинмай раҳмату рағбат олиб ишлашим мени янада руҳлантирмоқда. Муҳими ишимни касбимни, журналистикамни севаман.
   2022 йил ЎзЖОКУга грант асосида ўқишга қабул қилиндим ва талабалик бахтига эришганимдан шодман.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот