Нодира Дўстхўжаевага табрик
Филология фанлари номзоди, доцент, таржимон - Нодира Дўстхўжаевани таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз! Нодира Дўстхўжаевага мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ишларига улкан ривож тилаб қоламиз!
Маълумот: Нодира Нигматовна Дўстхўжаева 1957 йилнинг 3 июлида Тошкент шаҳрида санъаткор оиласида таваллуд топган. У туғилган йилнинг куз ойларидан бошлаб оила аъзолари Чилонзор туманидаги “Чилонзор” маҳалласида яшай бошлаган. 1964 йилда тумандаги 162-ўрта мактабга борган. Нодира 5- синфдан бошлаб мактаб жамоат ишларида фаол қатнашган. У ўқиган синфнинг раҳбари телережиссёр Маҳкам Маҳаметовнинг аёли – Малика Маҳаметова бўлган. Малика опа бугунги кунда креотив деб сифатланаган ўқитувчи бўлган эди. Дарслар махсус экспериментал дастур асосида олиб борилган.
Сал катта бўлгач, мактаб радиоузелида ҳар ҳафтада дунё янгиликлари, сиёсий аҳволдан мактабдошларини воқиф қилар эди. 10 йиллик мактабни қисқартирилган дастур асосида 9 йилда, яъни 1973 йилда тугатди. Синфдошлари орасида шоир Толиб Йўлдош, таржима назариясининг зукко билимдони, профессор Ғайбулла ас-Салом, шоир Мақсуд Шайхзода, машҳур таржимон Қодир Мирмуҳамедов каби ижодкорларнинг қиз-ўғиллари бор эди.
У Ўзбекистон радиоси бош режиссерининг оиласида тарбияланаётган эди. 1966 йил ер зилзиласи оқибатларини бартараф этаётган ўзбек дўстларига қўл чўзган Россия радио-телевидениеси ходимлари ўзбек болаларини Подмосковье ўрмонларидаги лагерга ёзги таътилга чақиришган. Нодира ҳам таътил учун лагерга учиб кетган. 3- синфда ўқиётганида – 1967 йилнинг 28 февралида (№17 (3789) ) “Ленин учқуни” (ҳозирги "Тонг юлдузи") газетасида “Ўзбошимча Турғун” номли эртаги нашр этилган. Бу таассуротлари таъсирида битилган илк ижодий иши эди. Радиодаги болалар учун тонгги эшиттиришда “Зуҳуриддинни биларсиз...”, “Ким ёлғончи?”, “Одобинг – зийнатинг” каби шеърлари билан чиқди. Ўзининг мустақил фикрига, дунёқарашига эга бўлган қиз эди у.
Нодира Дўстхўжаева ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети)нинг "Ўзбек филологияси" факультетининг айнан кечки бўлимида ўқишни ният қилди.
Университетга ҳали ҳужжат топширмай, иш фаолиятини аёл қурувчи-пардозловчилар бригадасида иш бошлаб юборган. Ўқиш– Талабалар шаҳарчасида, иш – Сирғали туманида, уй – Чилонзорда бўлгани учун, масофа узоқлик қилган. Чунки у даврда ҳозирдагидек ғир-ғир этиб келадиган қулай автобуслар йўқ эди. Шу сабаб, у 1974 йилда маҳалласи ҳудудида жойлашган Тошкент сут комбинатига лаборант бўлиб ишга кирган. Иш жараёнида Нодира Дўстхўжаева ташкилотчилик қобилияти туфайли кўп йиллар Тошкент шаҳар ва вилояти сут комбинатлари ёшларининг етакчиси бўлган.
Шу туфайли у 1976 йилда соҳанинг етакчи ёш мутахассиси сифатида Кремлда суратга тушгани юборилган. 1977 йилда Югославиянинг Скопле шаҳрига Ўзбекистон ёшлари делегатлари қаторида борган. 1977 йилда ЎзР Ёшлар Марказий ташкилотининг "Фахрий ёрлиғи" билан тақдирланган. Шу йили Тошкент шаҳар Чилонзор тумани депутати этиб сайланган.
1978 йилда турмушга чиққан. 1979 йилда ТошДУни аъло баҳолар билан тугатган. Ўзбек филологияси факультети Нодира Дўстхўжаевани аспирантурага тавсия этган. 1980 йилда – қизи ва 1985 йилда –ўғли туғилган. 1990 йилда у Ўзбекистон Миллий Университетига ўқитувчи лавозимига ишга қабул қилинган. 1999 йилда (бир неварали бўлганида) у “Ўзбек фольклорида структурал таҳлил” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Мазкур мавзу ёритилиши асносида ўзбек фольклоршунослиги жанрлар таснифидаги баъзи чалкашликларга чек қўйиш имконияти туғилди. Миллий Университет олима аёллари ҳақида чоп этилган китобда Нодира Дўстхўжаева ҳақида ҳам мақола чоп этилди. (Қаранг: “Миллий Университет филолог олималари”. Ҳулкар Ҳамроева. 2008. Т.,”Фан”, 120-б.) Шунингдек, “Ўзбек фольклоршунос олималари” китобида ҳам Нодира Дўстхўжаева ҳақида ҳам мақола чоп этилди. (Маматқул Жўраев,)
“Инсон –қуш эмас” (В. Мирошниченко), “Ҳаёт мезони” (А. Гаврилов) каби радиопьесалар ва туркум ҳикояларни рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган. Таржима хусусида гап кетар экан, Нодира Дўстхўжаева келгуси фаолиятида кўплаб илмий-методик қўлланмаларни, диссертацияларга мансуб авторефератларни таржима ва таҳрир қилганини эътироф этиш ўринлидир.
ТошДУдаги ўқитувчилик фаолияти давомида Ўзбекистон радиосининг “Ёшлар” каналида “Сумбула-ю сумбула”, “Келажак нимадан бошланади?” номли эшиттиришлар, “Машъал” радиоканалида ёшлар ва маънавиятга оид мавзуларда, “Маънавият ва маърифат” радиоканалида одоб-ахлоқ мавзуларида, “Наврўз” радиоканалида 2003-2004 йиллар давомида “Тонгги меҳмон”, “Шу замин устида” ва рус тилидаги “На поверхности Земли” каби эшиттиришларни ЎзР халқ артисти Гавҳар Зокирова билан ҳамкорликда тайёрлади, ЎзР телевидениесининг “Ассалом, Ўзбекистон!” номли кўрсатувида “Шифокорнинг нутқ маданияти” асари ҳақида ва отаси – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ”Эл-юрт ҳурмати” ва бошқа орден-медаллар соҳиби Неъмат Дўстхўжаев ҳақида чиқишлар қилди.
2000 йилнинг май ойида Нодира Дўстхўжаева Тошкент Тиббиёт Академияси (ТТА)да ташкил этилган ўзбек тили, педагогика ва психология кафедрасига мудир лавозимига таклиф этилди. У ЎзР тиббиёт институтлари монотематик кенгаши раиси, ЎзР тиббиёт институтлари ўзбек тили бўйича малака ошириш маркази мудири, ТТА хотин-қизлар қўмитаси раиси, ректорат аъзоси сифатида кенг кўламли ишларни бажарди. ТТАнинг ойлик рўзномасида мунтазам мақолалари билан иштирок этди. Кўплаб талабалар ва касбдошларини ҳам қалам тебратишга ундади. “Тиббиётнома” газетаси махсус сонларининг муҳаррири бўлди.
Шунингдек, 50 дан ортиқ илмий-методик мақолалар; тиббиёт институтлари магистрлари учун педагогика ва психология фанларидан ДТСлари ҳамда дастурлар муаллифи. Тиббиёт институтлари тиббий педагогика факультети талабалари учун педагогик амалиёт бўйича дастур муаллифи. 2004 йилда “Тил-тиббиёт-муомала маданияти” ўқув қўлланмасини ёзди. Ушбу китобга юртимизнинг нуфузли нашрларига оид журнал ва газеталарда ижобий тақризлар босилди.
Хусусан,
1. “Нодира Дўстхўжаеванинг “Тил-тиббиёт-муомала маданияти” ўқув қўлланмасига тақриз.” (Проф. Э. Қосимов, проф. З. Ибодуллаев, тиббиёт фанлари номзоди–А. Қосимовлар.). Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш. Газета. 2004. №39.
2. “Тил-тиббиёт-муомала маданияти”. Ҳамшира. Журнал. Алишер Қосимов, тиббиёт фанлари номзоди. 2004. №4.
3. “Гўзал сўз ва муомала қалб малҳамидир”. Ш. Қосимова, фалсафа фанлари номзоди, доцент. Тиббиётнома. Газета. 2004. №4.
4. “Тиббиёт ходимлари учун зарурий қўлланма”. С. Хўжанов, филология фанлари номзоди. Тиббиётнома. Газета. 2004. №12.
5. “Даволашда сўзнинг қудрати”. Аҳмад Бобоев, фалсафа фанлари номзоди, доцент, Обиджон Маҳмудов, Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети катта ўқитувчиси. Китоб дунёси. Ахборот-маълумот газетаси. 2005. №1-2.
6. “Ширин сўз–жон малҳами”. Филология фанлари номзоди Т. Азлархонов. Маърифат. Газета.
7. “Тиббиёт ходимлари учун қўлланма”. Б. Зупаров, халқ маорифи аълочиси. Тошкент оқшоми. 10 ноябр, 2004. №219.
Нодира Дўстхўжаева ТТАдаги фаолияти давомида туман, шаҳар, республика хотин-қизлар қўмитаси раёсатига сайланди. ТТА да илмий-педагогик фаолиятини ректорат юқори баҳолагани боис, у 2001-2005 йилларда ректоратнинг "Фахрий ёрлиқ"лари ва эсдалик совғалари билан мунтазам тақдирланди.
2005 (октябрь) - 2011 йил (декабрь) давомида АҚШда ишлаган. “Turkish-Amerikan” ташкилоти билан ҳамкорлик қилди. У ерда нашр этиладиган “Ватандош” газетаси муҳарририяти билан боғланиб, Нью -Йорк штатининг Бруклин шаҳридаги “Милениум” театрида ўзбек байрамларини ташкиллаштиришда фаол иштирок этди. (Бу тадбирларга Изро Малаков, Муҳаббат Шамаева, Мавлуда Ойнақулова, Сафия Сафтарова каби санъаткорлар жалб қилинди.) Бу байрамларда замондош адибларнинг китоб кўргазмасини ташкил этишда фаол қатнашди.
Нью - Жерсида пайшанба кунлари рус тилида эфирга узатиладиган “Халқлар анъаналари ” номли эшиттиришда ўз илмий раҳбари – Омонулла Мадаевдан ёзиб олинган аудио материаллар асосида эшиттириш қилган. Шу каналда ўзбек удумлари хусусида уч ой давомида туркум эшиттиришлар уюштирди. Нодира Дўстхўжаева фольклор, фольклоршунослик, адабиётшунослик, педагогика, психология, тиббий деонтология, оммабоп тиббий мавзуларда, тиббиёт ходимларининг маънавий қиёфаси хусусида мақолалар ёзган.
2020 - 2021 йилларда республика Маънавият ва маърифат марказида Таълим - тарбия муассасалари билан ишлаш бўлими мудири вазифасида ишлади.
Нодира Дўстхўжаева қаламига мансуб мақолалар:
1. “Ўзбек халқ эртакларида медиал формулалар.” Ўзбек классик адабиётида Алишер Навоий анъаналари. ТошДУ илмий асарлар тўплами. 1982. №693.
2. “Эртакларимизнинг структурал таҳлилига бир назар”. Актуальные вопросы в области гуманитарных и социально-экономических наук. Межвузовский сборник научных трудов. Т. 1997. Выпуск №2.
3. “Эртаклардаги ўхшатишларнинг структурал-илмий асослари.” Актуальные вопросы в области гуманитарных и социально-экономических наук. Межвузовский сборник научных трудов. Т. 1997. Выпуск №3.
4. “Ўзбек эртакларидаги ўхшатишларнинг илмий асослари.” Актуальные вопросы в области гуманитарных и социально-экономических наук. Межвузовский сборник научных трудов. Т. 2000. Выпуск №1.
5. “Кўнгил дарёсининг гавҳари.” Илмий-услубий анжумандаги маъруза матни. Ўзбек тили фани ўқитилишининг янги услублари. “Огоҳ”. ГТШК. Т. 2002.
6. “Аллани ким айтади?”. (Эркаклар алласи хусусида). Саодат. Журнал. 1999. №2 ва №3.
7. “Изланишлар кенг имкониятлар яратади. “Соғлом авлод”. Газета. 2013. 4 июль. (№27. 645)
8. “Эртакларда туш ҳодисаси.” Тафаккур. Ижтимоий-фалсафий, маърифий журнал. 1998. №4.
9. “Ўзбек тили дарсларида талабаларга халқ қадриятларини сингдириш.” Ўзбек тили фани ўқитилишининг маънавий-маърифий асослари. Илмий-услубий анжумандаги маъруза. Тошкент Педиатрия институти. 2001.
10. “Таълим тизимида педагогик технологиларни қўллашнинг методологик асослари, асосий йўналишлари ва истиқболлари.” Солиқ органлари кадрларини тайёрлаш тизимидаги таълим жараёнига янги педагогик технологияларни жорий этишнинг илмий асослари. Халқаро илмий-амалий конференциядаги маърузаси. (Тошкент. 10-12 ноябр. 2003).
11. “Девону луғотит турк”да жанговорлик оҳанглари. Туркистон. Газета. 2004., 3 май.
12. “Шифокорнинг нутқ маданияти”. Ўқув қўлланма. (Тошкент. Ибн Сино. 2002.) Э. Қосимов билан ҳаммуаллифликда.
13. “Ўқувчиларнинг ёзма нутқини ривожлантиришда баённинг аҳамияти.” Илмий конференция: Таълим бўғинларида она тили ўқитиш мазмунини янгилаш асослари. Қарши. 1997.
14. “Ўзбек тили ўқитишда педагогика ва психология фанларининг боғлиқлиги.” Тошкент Педиатрия институтидаги илмий-услубий конференция: Ўзбек ва хорижий тиллар фани ўқитилишининг янги услублари.
15. “Бир дарахт соясида”. “Соғлом авлод”. 2013. 9 май.
16. “Жужуққа аталган қурут.” (Воқеий ҳикоя). Ватанпарвар. Газета. 1996. 6 апрель. №42. (681)
17. “Изланишлар давом этади”. Адабиёт кўзгуси. ЎзР ФА А. Навоий номидаги Адабиёт музейининг илмий журнали. 1992. № 1.
18. “Қонимизда жўш урган туйғу”. Тошкент оқшоми. Газета. ТошДУ ўқитувчиси Нодира Дўстхўжаева билан суҳбат. 1996. 12 июл.
19. “Сиз озод юртнинг энг азиз, энг улуғ ва мўътабар кишиларидансиз”. Мулкдор. Газета. Нодира Дўстхўжаева ва бошқа устозлар билан суҳбат. 1998. 2 октябрь. №39.
20. “Сеҳрли ёл жумбоғи ёки қарама-қаршиликлар бирлиги”. Мулкдор. Газета. 1999. 10 ноябрь.
21. “Мен элимнинг юрагида яшайман”. Тиббиётнома. Газета. 2000. Махсус сон.
22. “Обучающая программа, как концентрированные сведения учебного материала. Тиббиётнома. Газета. 2000. №3.
23. “Тил –дилнинг сурати”. Тиббиётнома. Газета. 2000. №7.
24. “Эл нетиб...”. Тиббиётнома. Газета. 2001. №2.
25. “Навоий ижодида афоризмларнинг аҳамияти”. Тиббиётнома. Газета. 2005. №1.
26. “Эрдам боши тил”. Тиббиётнома. Газета. 2004. №10.
27. “Бемор билан мулоқот”. Тиббиётнома. Газета. 2001. №11.
28. “Одобинг –зийнатинг”. Тиббиётнома. Газета. 2001. №1.
29. “Эл нетиб...”. Тиббиётнома. Газета. 2001. №2.
30. “Таълимда интерактив педагогика”. Тиббиётнома. Газета. 2002. №11.
31. “Назм ва наво”. Тиббиётнома. Газета. 2005. №2.
32. “Айёмингиз муборак бўлсин”. Тиббиётнома. Газета. 2002. №2.
33. “Ибн Сино меросида мулоқот маданияти”. Тиббиётнома. Газета. 2002. №4.
34. “Олимлар талабалар ҳузурида”. Тиббиётнома. Газета. 2002. №6.
35. “Қариси бор уйнинг париси бор”. Тиббиётнома. Газета. 2002. №8.
Муҳаррирлик қилган адабий, тиббий-илмий асарлари:
1. “Шифокорнинг нутқ маданияти”. (Ҳаммуаллифлик ва масъул муҳаррир). Т., Ибн Сино нашриёти. 2002. (180 бет).
2. “Ҳамширалик асослари.” М.З. Зоҳидова, Ш.Я. Зокирхўжаев. Т., 2003. (198 бет).
3. “Қўшинларнинг тиббий таъминланишини ташкил қилиш асослари.” И. И. Маматов. Тошкент китоб фабрикаси. 2004. (703 бет).
4. “Болалар лапароскопияси бўйича атлас-қўлланма”. Ш. Ибрагимов. Тиббиёт фанлари доктори, профессор.Т. 2012. (350 бет).
5. Ўктамхон Домлажонаванинг “Дилнома” асарига 2015 йил (Т. “Шарқ” нашриёт-матбаа концерни)да тўлдирилган 2-нашрига жамоатчилик асосида муҳаррир ва сўзбоши муаллифи. (255 бет).
6. ТТАнинг 5 томлик ўргатувчи-назорат қилувчи тестлари. (35 б. т.) Ва кўплаб тиббиёт ва ўзбек филологиясига оид номзодлик ва доктор авторефератларини таҳрир қилди.
7. Ўзбекистон телевидениеси 65 ёшда. (Марат Асадуллаев... ) Жамоатчилик асосида муҳаррир.
Нодира Дўстхўжаева филолог ва тиббиётчи касбларини гўё уйғунлаштирди. Шу сабаб, тиббий мавзулардаги илмий асарларни ҳам таҳрир қилади. Қолаверса, қайнотаси Абдураҳмон Абдураҳимов ўз даврининг машҳур психиатор-доценти, турмуш ўртоғи эса педиатр бўлиб ишлаган. Нодира Дўстхўжаева нафақада бўлса-да, қалам тебратади. Хусусан, Ўктамхон Домлажонаванинг “Дилнома” асарига 2015 йил (Т. “Шарқ” нашриёт-матбаа концерни)да тўлдирилган нашрига сўзбоши - тақриз, Фарида Афрўзнинг “Шамолда шам кўтариб” асари (Т. “Давр пресс”, 2010)да “Ушшоқ аҳлига яна бир туҳфа” мақоласи билан иштирок этди. Илмий раҳбари--Омонулла Мадаев домла ҳақида “Соф виждонни кўкрагига нишон қилган устоз” мақоласи (“Соғлом авлод”) чоп этилган.
Нодира Дўстхўжаеванинг илмий-педагогик фаолиятидан кўринадики, топширилган вазифага масъулият билан ёндошгани, касбига садоқати, ўзига ва қўл остидаги касбдошларига талабчанлиги, ташкилотчилиги, иқтидорли талабаларга алоҳида эътибор қилиш каби хислатларни отасидан мерос олган, деб бемалол айтиш мумкин.
Ҳилола ИБРОҲИМОВА.