СУРАТ ВА СИЙРАТ
СУРАТ ВА СИЙРАТ
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг матбуот котиби, журналист - Фируза Холиқова туғилган кунини нишонлаётган актрисани табриклар экан, жумладан шундай деб ёзади:
"Бугун мен учун жуда қадрли бўлган инсон театримизнинг устоз санъаткори Норпошша Хасанованинг таваллуд топган куни!
Жамоага илк қўшилган кунимдан-оқ Устозни оналарча қайноқ меҳрини ҳис этганман. Гарчи саҳналарда, телеэкранларда шаддод, чўрткесар аёллар қиёфасида акс этсада, ҳаётда ўта содда, мулойим ва дилкаш аёл!
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!"
Ҳақли эътироф. Бир гал театрга борганимда Фируза: «Норпошша опам билан биргаликда суратга олиб қўйинг», - деб илтимос қилди.
Очиғини тан олишим керак, Норпошша Хасановани чиндан ҳам салбий ролларда кўраверганимдан ҳаётда ҳам жаҳлдор аёл бўлса керак деган хаёлда эдим. Аммо икки оғиз суҳбатлашиб, Фирузанинг таърифи ҳаққонийлигига амин бўлдим. Йўқ, Норпошша Хасанова артистлик қилиб, ўзини мулойим кўрсатмаётганди. Чунки, кўзларидаги меҳр ва самимийликни кўриб, суҳбатидан баҳраманд бўлгач, бу санъаткорга меҳрим ортди. Ташқи кўриниш кўп ҳолларда алдамчи бўлади.
Шу ўринда яна бир воқеани ёдга олишни истардим…
Қадрдонимга айланган актрисалардан бири мени янги йил кўрсатувига таклиф қилди ва ўзи ҳам иштирок этиши сабабли суратга олишимни истаётганини билдирди. Мен ҳам рози бўлдим. Тасвирга олиш майдончасига киришдан аввал катта залда телеэкранларда кўп чиқадиган актриса (исми сир бўлиб қўя қолсин) овқатланиб ўтирган экан. Танишим у билан саломлашгач, суратга олишимни сўради. Шунда ҳалиги актриса танишимга қараб: "Фаросат борми? Овқатланаяпман! Ҳозир расмга тушадиган фурсатми?", - деб ўшқирди. Танишимни дили оғриганини юз-кўзидан сездим. У ҳам салбий ролларни маромига етказиб ижро этса-да, ҳаётда ўта кўнгилчан, қалбидаги оғриқларни табассум билан енгишга одатланган аёл эди. Шу сабабли бўлса керак, унга муносиб жавоб қайтаришга қодир бўлса-да, индамай, тасвирга олиш майдони тараф кетди.
Бу шаддод аёлнинг қўпол муомаласидан бироз жаҳлим чиқди. Танишим ҳам озми кўпми фильмларда суратга тушиб, ўзига яраша обрў-эътиборга эга. Ҳадди сиғиб айтгандир. У билан суратга тушаман деб ўлиб ҳам тургани йўқ эди, аслида. Тадбирларда ўзининг кўплаб мухлисларига эга. Атрофини дарров мухлислари қуршаб олганда, ҳеч қачон суратга тушишни рад қилмаган. Бу мухлис эмас, ўзининг ҳамкасби эди-ку.
- Изидан чопмайсанми? - деб қолди менга қараб мазахомуз оҳангда.
- Ортидан қачон боришни ўзим ҳал қиламан. Мени ҳали чақиргани йўқ, синглим, - дедим имкон қадар босиқ бўлишга ва ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилиб. Эркак киши билан жанжаллашишим, кези келса муштлашишим ҳам мумкин, лекин аёлларга қаттиқ гапиргим келмайди. Шу боис, мулойим гапиришга уриндим.
- Синглим? - хахолаб кулди бояги актриса. - Мен сенга опа бўламан. Неча ёшдасан ўзи?
Унинг саволига жавоб бергим келмаса-да, ёшимни айтдим.
- Ҳа, мендан катта экансан. Намунча димоғинг осмонда? Ўзинг бир администратор бўлсанг. Қанча пул тўлайди сенга? Ойига пул оласанми ё тўй тадбир, кинодан улуш ажратадими?
- Мен ундан пул олмаганман.
У яна хахолаб кулди.
- Менга латифа айтаяпсанми? Сенга ўхшаган администраторларни биламан-ку, эргашиб келган санъаткорини ялоқхўри бўлади. Мижозга 400-500 доллар деб, камида 100-200 долларини ўзларингга оласанлар ва бизни сарқитимизни еб кун кўрасанлар-ку. Ё ўйнашингми?
- Балки ноўрин ҳақорат қилишни бас қиларсиз? - дедим бироз асабийлашиб. - Индамаган сари ва андиша қилганим сайин ҳаддингиздан ошаяпсиз. Мен администратор эмас, журналистман. Қолаверса у аёл ҳақида бунақа сўз айтманг. У тутинган синглим.
Актриса бир муддат сукут сақлаб, жим бўлиб қолди.
- Майли, кел, суратга олақол, - деди муроса оҳангида.
- Узр, сизни суратга олишни истамайман. Ҳафсалам пир бўлди. Биламан, мухлисларингиз кўп, аммо сизни ролларингизни кўриб, ўзим ҳам сизнинг мухлисларингиздан бири эдим. Бугун бир мухлисингизни йўқотдингиз. Тўғри, битта мухлис билан мухлисларингиз камайиб қолмайди, аммо тарбиянгиз қандай эканлигини кўрсатдингиз.
Унинг ранги гезарди.
- Ўв, тарбиямга тил теккизма, тушундингми?
- Мен тил теккизмадим, ўзингиз тарбиянгиз даражасини қўпол муомалангиз ва хулқ-атворингиз билан намоён этдингиз.
- Ёз газетангга, хўпми?! Мени шунақа экан деб ёмонла.
- Яна бошқаларни ўз қаричингиз билан ўлчаяпсиз. Мен аёлларни танқид қилиб ёзишга одатланмаганман. Узр, суҳбатга чек қўяйлик, сиз билан гаплашгим келмаяпти, қолаверса, гапимиз қовушмаяпти - дедим.
Ҳайтовур у инсофга келиб, уни ўчди.
Хайрият танишим шу топда мени чақириб қолди ва кўрсатув бошланди. Бизга қўрслик қилган аёл ҳам саҳнага чиқиб, чиройли қўшиқ айтди. Ё алҳазар, бу қадар чирой, ёқимли хониш ботинида бу қадар қаҳру ғазаб қандай қилиб яширинган экан?
Уйга қайтгунча, танишим билан жим кетдик. У ўзини ноқулай сезди шекилли, мендан кечирим сўради.
- Ака, сизни ҳам кайфиятингизни бузилишига сабабчи бўлганим учун кечиринг, илтимос. Мен сизни хурсанд бўлишингизни истаб чақиргандим. Ундан хафа бўлманг. Оилада меҳр кўрмаган, турмуши бузилган, фарзандсизлик уни шу кўйга солган. Ўзи яхши аёл.
Уни мазах қилган аёлни оқлаб, уни тушунишга ҳаракат қилаётган бу аёлга ҳавас билан тикилдим.
- Сиз узр сўрашга лойиқ ҳеч нарса қилмадингиз. Ҳаммаси жойида.
- Қани, унда хомуш қиёфадан чиқиб, бир жилмайинг-чи.
Унинг кўнгли учун табассум қилдим.
Инсоннинг ташқи кўриниши эмас, аввало тарбияси, хулқи, одоби чиройли бўлсин экан. Экранларда мулойим кўринган артистларнинг ҳаммаси ҳам ҳаётда ундай бўлмагани каби, салбий ролларда чиқишга мажбур бўлганларнинг ҳам барчаси аслида ёмон инсон эмас.
Норпошша Хасановани мен ҳам сўзим якунида таваллуд топган куни билан муборакбод этиб, дунёдаги жамики энг юксак истакларимни тилайман.
Ҳаётда ҳамиша ҳозиргидек қувноқ, самимий, ролларингизнинг аксидек инсон бўлиб юринг!
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР - Ўзбекистон Республикаси Театр Арбоблари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.