20 йиллик оила қўрғони


 ЙИГИРМА ЙИЛЛИК ОИЛА ҚЎРҒОНИ

     Умр йўлдошим билан оила қурганимизга ҳам роппа-роса 20 йил бўлибди...  
   2004 йилнинг 2 Октябрь куни "Ширин" ресторанида умр йўлдошим – Нозима Расулжон қизи билан ҳаёт йўлларимизни боғлаган эдик. 
    30 ёшгача уйланмай, раҳматли Ота-Онамнинг қистови билан аранг уйлангандим. Аввал ўқий дедим, кейин ишлай дедим, сўнгра ёшим ўтгани сайин жуфти ҳалол танлаш учун талабим кучайиб борди... 
     Ота-Онам, Телевизион миниатюралар театрининг актёрлари, раҳматли Равшан Солиҳов, Турдибек Содиқов ва кўпгина таниқли санъаткорлар, ёзувчи ва шоирлар, бир сўз билан айтганда ижод аҳли жамулжам бўлиб, тўйимиз чиройли тарзда ўтганди. Устозларим – Абдуқаюм Йўлдошев, Мавлуда Иброҳимова, таниқли ёзувчи ва ҳажвий асарлар муаллифи – Эркин Усмонов, "Ҳамшира" журналидан тиббиёт соҳасининг олими – Абдукарим Усмонхўжаев ва қадрдонларим ёнимда эди... Бугунги кунда, таассуфки, уларнинг кўпчилиги орамизда йўқ... Ўзим ҳам ҳаш-паш дегунча, ярим асрдан кўпроқ умрни яшаб қўйибман.
     Ўша пайтларда "Кўнгил кўчалари" ва "Оила тилсими" газеталари бирлашган таҳририятида ишлардим. Ҳозирда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат Мусиқали театрининг Матбуот котиби, журналист – Фируза Холиқова билан бирга ишлардик. У билан тўйимиз кетма-кет бўлган.
     Айни вақтда Миллий матбуот маркази раҳбари – Шавқиддин Ғаниев раҳбаримиз эди.
     Шунингдек, "Адолат" газетасида ишлаган, ҳозирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасида фаолият юритаётган – Суюндик Мамиров; танқидий мақола ва фельетонлари билан танилган истеъдодли журналист, публицист – Хонбиби Ҳиммат қизи; Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Тошкент" телеканали, Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий бўлими муҳаррири – Дилбар Аралова; "Бекажон" газетасида ҳам фаолият юритиб келаётган – Саида Қорабоева ва бошқа маҳоратли журналистлар билан аҳил жамоа бўлиб ишлаганмиз. Барчаси тўйимизга келишган ва эзгу тилаклар билдиришган.
     Мана эндиликда, катта ўғлимиз Маъруф Муҳаммадназар Карим Зарипов номидаги Республика Эстрада ва цирк коллежининг "Актёрлик маҳорати" бўлимини тугаллаб, Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтининг "Эстрада актёрлиги" йўналишида таҳсил олаяпти.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот