ГЎЗАЛ ФАЗИЛАТЛАР – САНЪАТКОРНИНГ ЁРҚИН КЎЗГУСИДИР
Ахлоқан пок инсон, бу аввало, имони бут, эътиқоди баланд, маънавияти етук, безовта қалб, ҳамиша изланувчан шахсдир. Бундай изланувчилар, ҳаёт билан ҳамнафас, шижоатли касб эгалари - санъаткорлар, саҳна усталаридир. Халқни ҳар тарафлама тоблаб бориш, уларнинг қалби, дилига эзгулик уруғини қадаш ғоятда муҳимдир. Саҳнада ҳаётнинг аччиқ-чучугию пасту баландини, қувончу ташвишларини кўрсатиб бера оладиганлар ҳам саҳна усталари, маҳоратли санъат аҳлидир. Ана шундай истеъдодли, Аллоҳ қонига касбини сингдирган, забардаст дейишга арзигулик истеъдод эгаси - Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг етук устоз санъаткори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист - Малика Қаюмовадир.
Санъатнинг турлари кўп. Аммо, театр сеҳрлилиги билан ўзгача бир олам, шундай санъаткорлар борки, улар айнан театр учун туғилган. Театрни севишади, ҳаётларини бошқа хеч бир санъат тури билан тасаввур қила олишмайди. Театр саҳнасида рол ўйнаётган актёрларни иссиқ нафасини ҳис қилиб ўтирган мухлисларига меҳр билан тикилиб турган ижодкорга илоҳий жозиба бахш этиб туриши театр санъатини янада сеҳрли, мароқли эканини исботлайди. Малика Қаюмова ўзбек театр санъатига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган фидойи санъаткорларимиздан бири. У ўзининг ўткир қобилиятлилиги, истеъдодлилиги, шижоатлилиги ва самимийлиги билан хамкасблари орасида ўз ўрни, ўз сўзига эга.
М. Қаюмова меҳнат фаолиятини аввалги “Ёш гвардия”, ҳозирги Ўзбек давлат драма театрида бошлаган. Бунга сабаб - биринчи устози - Бахтиёр Ихтиёровдир. Қобилиятли талабасидаги истеъдодни кўриб, театрга таклиф қилади. Катта даргоҳда, эл таниган, халқ назарига тушган машҳур санъаткорлар билан бир саҳнада кўплаб спектаклларда бош ролларни ижро этади. Ўша даврнинг кучли саҳна асарларидан “18 ёшлигим, қалам қошлигим”да Муҳаббат, “Ишқ қурбонлари"да Маръям, “Тўйлар муборак”да Қари қиз, “Чандиқлар”да котиба, “Иззоп”да Клейия, “Ёшлигим - бебошлигим”да Назокат, “Интилганга тоъле ёр”да Чақалоқли аёл образларини талқин этган. Энг асосий ролларни томошабинга моҳирона етказиб бераётган Малика энди анча шов-шувли роллари билан бошқа театр жамоаларидаги ижодкорларининг ҳам назарига тушиб, хатто, Олим Хўжаевдек буюк санъат дарғасининг эътиборини тортишга улгурганди. Ўз даврнинг энг етук санъаткорлари - Малика Қаюмовани аввалги Ҳамза (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрига ишга таклиф этишган. Аммо, бу таклифни актриса қабул қилолмайдилар. Чунки шу театр уни анча чархлаб бўлганди. Асосий бош ролларни ишониб топшираётган театр жамоасини, айниқса, устозларини ташлаб кетишга кўзи қиймаган эди. Орадан вақтлар ўтиб, Малика Қаюмова турмушга чиқади. Турмуш ўртоғи олийгоҳда бир гуруҳда тахсил олган - Зокиржон Қаюмов эди. Малика Қаюмова гарчанд санъаткор, ижодкор, касбининг қадрини биладиган инсонга турмушга чиққан бўлса-да, оила ва оналикни биринчи ўринга қўйиб, кетма-кет дунёга келган фарзандларининг тарбияси билан шуғулланиб, театрдан ишдан кетишга қарор қилади. Кейинчалик Юнусобод туманидаги Комил Ёрматов номли 12-умум таълим ўрта мактабига ишга киради. Билим масканидаги етти йиллик иш фаолиятларида ҳам ўз зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаради. Мазкур билим масканида маънавий, маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлади. Шу билан бирга мактабда драма тўгараги очиб, тўгаракка раҳбарлик қилган. Тўгарак аъзоларини тарбияси оғир болалар ташкил қилиб, болаларнинг бўш вақтлари бехуда сарфланишининг олдини олган. Вақт ўтган сари М. Қаюмова ташкил этган тўгарак ўз репертуарлари билан туман, шаҳар, ҳатто, республика миқёсида тадбирлар иштирокчиси бўлган. Энг қувонарлиси, мактабдаги драма тўгарагига қатнашган болалардан баъзилари келажакда ҳаёт йўлларини санъат билан боғлаб, ҳақиқий шогирдлар қаторидан ўрин олишган.
Йиллар ўтган сари у ўзи меҳр кўйган касбини қўмсарди. Шунда турмуш ўртоғи ҳеч иккиланмай, театрга қайтишига рухсат беради. Малика Қаюмова театрга қайтади. Ўша пайтлар устози - Бахтиёр Ихтиёров Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театрида ишлаётган эди. М. Қаюмова мазкур санъат ва маънавият даргоҳида санъаткорлик фаолиятини қайтадан бошлайди. Турли спектаклларда роллар ижро этди. “Фотима ва Зухра”да Одамбойни онаси, “Соиб Хўжа операцияси”да она , “Ўлдинг - азиз бўлдинг”да она , “Суперқайнона”да қайнона, “Суперқайнона - 2”да қайнона, “Олифта”да, Файзихон, “Қизи борнинг нози бор”да она, “Антиқа совчиларда”да Ҳакима, “Хонума”да Теклей, “Осмондаги ҳулкарим”да она, “Ой онам - қайнонам”да Қумри она, “Девона”да она образларини яратиб, халқ назарига тушади.
М. Қаюмова 1954 йилнинг 1 Февраль куни Тошкент шаҳрининг ишчи оиласида туғилган. У пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 115-ўрта мактабда таҳсил олган. Мактаб саҳнасининг “юлдузчаси” бўлган сочлари узун Малика биринчи ролини Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романидаги Нури образи билан бошлаганида ҳаммани лол қолдирганди. Билим масканини тугатгач, санъат соҳасини танлашга уйидагилар томонидан қаршилик бўлгач, хужжатларини ТошДУнинг журналистика факультетига топшириб қайтаркан, бир яқин дўстини кўриб қолади. У Маликага: "Мен билан Санъат институтига юр, ижодий имтиҳон бўлаяпти, у ерга кўплаб ёшлар бораркан, кўрасан", - деб бирга олиб кетади. Биргаликда келган ўртоқлар ёш истеъдодларнинг чиқишларини томоша қилишади. Ижодий имтиҳон олаётган таниқли мураббий Арсен Исмоилов залда томошабинлар орасида ўтирган қизга қараб:
- Сиз ҳам ўз қобилиятингизни кўрсатинг, -дейди.
Шунда Малика:
- Мен дугонам билан келгандим,- деган.
- Сизнинг ҳаяжонларга йўғрилган қалбингизни кўра оляпман, қани бир қобилиятингизни кўрсатинг-чи, - деган экан ўшанда.
Шундан сўнг Малика кўпчиликнинг олдига чиқиб, гарчи бу олийгоҳга ҳужжат топширмаган бўлса-да саҳнада Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмассан” асарини маромига етказиб ўқиб, ўтирганларни лол қолдира олади. Кейин устозлар саҳна кўринишидан парча сўрашганда, Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романидаги Нури образини қойилмақом тарзда ижро этган. Шу тариқа, Малика ҳужжатларини Санъат институтига топширишга қарор қилади.
Имтиёзли ўқишга қабул қилинган қиз қаттиққўл акаси Тоиржондан анчагача ушбу институтда ўқишини беркитиб юрган. Кейинчалик оила аъзолари ҳам Маликанинг қобилиятини эъзозлаб, унга оқ йўл тилашди. 1972 -1976 йиллари у олийгоҳни қизил диплом билан тамомлаган.
Ёшлигидан-оқ тенгдошлари орасида қобилиятлилиги ва фаоллиги билан ажралиб турарди. Унинг санъатга яқинлашиши, аслида, кичкинагина қалбининг ошуфта куйга махлиё бўлиб, отасининг дутор симларининг чертишидан бошланган. Лавҳамиз қахрамони оиласи хақида тўлқинланиб, жумладан шундай дейди:
- Отам - Назирали ака жуда содда инсон бўлиб, оддий ишчи эди. Аммо, санъат, адабиётга меҳри кучли бўлганлиги боис, доим бизга ривоятлар айтиб, куй чалиб берарди. Отамнинг санъатга муҳаббати жуда баланд бўлганлигидан уйимиз тўрида дутор илиниб турарди. Онам - Иззатой ая ҳокисоргина, беғубор аёл бўлиб, газета чиқарадиган босмахонада ишларди. Янги босмадан чиққан газетани исини иссиқ ноннинг исига ўхшатарди. Маънавий етуклик мана шу иссиқ газеталарни ўқишдан бошланади, деб бизга газетада чоп этилган мақолаларни ўқиб чиқишимизни тайинларди. Онажоним жуда эрта ёлғиз қолдилар. Отам бу дунёни тарк этганида тўрт нафар фарзандларнинг бари ҳали жуда ёш эди. Онам бизни оёққа қўйгунича жуда кўп қийналди. Ўша йиллари ўзининг қанчалик кучли, матонатли ва бардошли аёл эканлигини ҳаммага кўрсата олди. Фарзандлари ҳаётда ўз ўрнини топишида биринчи устоз бўлиб, тўғри тарбияди. Онамдан олган барча ҳаётий кечинмалар ҳануз менга асқотаяпти. Онажоним қиз боланинг оилада саранжом-саришта ва ораста, фаросатли бўлиши шартлигини бот-бот такрорлаб, уқтирарди. Ёшликда олинган билим - тошга ўйилган нақш мисолидир. Ҳаётнинг турли пасту баландликларидан ўтаётганингизда доим ўша болаликдаги оилангиз, ота-онангизни сабоқлари-ю, панд-насиҳатлари сира эсингиздан чиқмас экан.
Малика Қаюмова ўзининг ўта мулоҳазали, кенг феьлли, камтарин ва одамохунлиги билан эл назарига тушиб улгурган санъаткорларимиздан биридир. У яратган образлари ўзиги ярашади. Ролларини маромига етказиб ижро эта оладиган юксак истеъдод эгаси эканлигини томоша залида ўтирган томошабинни кўзларидан, меҳрию шууридан, лол қолиб термулишларидан пайқаш қийин эмас.
Яхши, етук асарни муҳташам бинога ўхшатиш мумкин. Негаки, хар иккаласи ҳам моҳир ижодкор, истеъдод соҳиблари томонидан яратилади. Уларнинг асосий тафовути шундаки, биринчиси, маънавият ва маданият хазинаси мулки саналса, иккинчиси, моддий маданият намуналари сирасига мансубдир. Энг муҳими шундаки, ҳар иккаласида ҳам ижодкорларининг меҳнати, юксак маҳорати, иқтидори, санъаткорона диди, ноёб салоҳияти, қолаверса, уларнинг мислсиз яратувчанлиги мужассамлашгандир.
Инсон қанчалик фойдали, керакли юмушлар билан шуғулланиб, илму урфон уммонидан дур маъноларни териб, ҳаётий тажрибаси, донишмадлик фазилати ортиб борар экан, у ўзидаги ҳосил қилинган яхши амалларни бошқаларга, айниқса, шогирдларига ўргатишга маънан эҳтиёж сезиши табиий. Шу боис, бундай олижаноб инсонлар ҳурматини бажо этиб, хайрли фаолиятига рағбат кўрсатишга нима етсин. Катта авлод кишилари бамисоли мевали боғ. Уларнинг тотли меваси эса фарзандларимиз учун оби ҳаётдек ноёб неъматдир.
Устоз санъаткор Малика Қаюмова бўш вақт топдим дегунча шеър мутолаа қилади, юрагига яқин асарни ёд олишга уринади. Таниқли шоирамиз Малика Салимованинг китоби доим опа билан, аёл, она мавзуларидаги шеърларини образга тушиб ўқиб беради. Ҳали ҳануз изланиш, интилиш, қизиқтириш қобилиятлари билан шогирдларини, яқинларини лол қолдириб келаётган актриса таваллуд кунини нишонламоқда.
Малика Қаюмовани чин дилдан табриклаб, соғлик, оилавий хотиржамлик, дўстлар даврасида доим кулиб, яйраб ижод намуналаридан мухлисларига илиниб, бизни янада ҳаяжонлантириб юришларини истаймиз! Малика Қаюмовага дунёдаги энг эзгу тилакларимиз ҳамроҳ бўлсин!
Холида ҚОБУЛОВА - “Қадрият” ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий газетаси мухбири.