Фарида Ҳусаиновага табрик


    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қўқон бўлими раҳбари, "Ҳўқанди латиф" ёш ижодкорлар тўгараги раҳбари, шоира – Фарида Ҳусаинова (Фарида Султон)ни таваллуд топган куни муносабати билан чин юракдан табриклаймиз! 

    Фарида Султонга соғлик, узоқ умр, ижобий ва ижодий ютуқлар тилаймиз!


   Маълумот: Фарида Ҳусаинова 1959 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. ҚДПИ нинг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. Узоқ йиллар педагогика соҳасида фаолият юритган.1976-1980 йилларда Қўқон давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида ўқиди. 
   1980 – 1990 йилларда ўрта мактабларда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, 1990 йилдан Қўқон давлат педагогика институти ўзбек тили ўқитувчиси, маънавий ва маърифий ишлар услубчиси, катта ўқитувчи ловозимларида ишлади. 
   1998 – 1999 йиллар Ўз ФАси стажёри, 2002 – 2005 йилларда ўзбек тили ва адабиёти факультети қошидаги аспирантуранинг сиртқи аспиранти. Проф. Э. Бегматов раҳбарлигида "Шеърият тили халқчиллигини ифодаловчи лисоний воситалар" (Ҳ. Худойбердиева ва О. Ҳожиева шеърияти мисолида) мавзуси бўйича илмий иш олиб борган. Шу номда илмий монографияси, "Умумтаълим мактабларида янги инновацион технологиялар", 100 дан ортиқ  илмий, бадиий, публицистик мақолалари  республика, вилоят, чет эл матбуотида чоп қилинган. 
   2002  2003 йилларда ишдан ажралмаган ҳолда шаҳардаги "Мулоқот" ТВ мухбир-журналисти, 13-Исфара гузари МФЙда психолог, маънавий-маърифий ишлар маслаҳатчиси, 2009 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қўқон бўлими жамоатчилик асосидаги раҳбари ловозимларида ишлаб келмоқда. 
   ХХ асрнинг 70-йилларнинг ўрталарида шеъриятнинг сеҳрли оламига кириб келган истеъдодли шоира. Шоиранинг ижоди адабиёт мухлисларига унинг “Сунбулгинам” (1999), “Порлаётган шуъла” (2010), “Кўнгил кўзи” (2014), “Борингизга шукур, яхшилар” (2015), “Катта бозор бизники” (2017) (хажвий шеър ва пародиялар) номли  шеърий тўпламлари, “Агар менга қайиқ қилсалар совға” (2011), “Санамачоқ” (2011) номи билан болалар учун чоп қилинган таржималари ва “Ижодкор”, (2006) “Қўқон шоирлари” (2007), “Сўз ташрифи” (2010), “Фарғона оҳанглари” (2011) жамоавий тўпламлари орқали яхши таниш. Ўтган йиллар ичида шоира ҳаётни яхши ўрганди, ўз қаламини чархлашдан тинмади. Ўзбекистоннинг Мустақиллик эришиши бошқа ижодкорлар қатори унга ҳам янги илҳом ва маъсулият хиссини юклади.
   Шоиранинг шеърларида она Ватанга, ота-онага ва яқинларига бўлган жўшқин муҳаббат,  юртимизнинг фусункор табиати, уни асраш, аёлнинг қалб дардлари, унинг жамиятда ўз ўрнини топишга интилиши, чин инсонийлик туйғулари, фарзанд келажаги учун қайғуриш каби тушунчалар рамзий маъноларда  ўз аксини топган.
   Фарида Султоннинг шеърларида беором қалбли инсоннинг ички кечинмалари, инсонларнинг ички оламига, воқеа ва ҳодисаларга бадиий назар ташлаш кўзга ташланади.

     2014 йилдан нафақада. 


     ФАРИДАНИНГ ИҚРОРИ


    Ассалому алайкум, азиз дўстлар! Янги кунингиз муборак! Мана, ҳадемай умр дарахтидан яна бир япроқ узилади. Яна бир ёшга улғайдим. Таваллуд топган куним ва умримнинг яна бир йили ортда қолмоқда...

    Шундай паллада киши ўйланиб қолади. Ўтган йиллар давомида қандай ишлар қилдим? Кимнинг оғирини енгил қилдим? Кимнинг тушкун кўнглини кўтара олдим? Ўтган йилларимга назар ташласам, виждонимдан уяладиган иш қилмадим, назаримда. Шогирдларимдан айримлари шеърий тўпламларини чиқаришди. Яна бошқалари вилоятда Зулфия мукофоти танловида қатнашишга муваффақ бўлишди. Бир нечталари "Энг яхши китобхон" танлови шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритишди. Олий ўқув юртига кирганлар, ўз тадбиркорлигини бошлаганлар ҳам талайгина. Янги дўстлар орттирдим. Ҳаммалари ўзига хос, ҳар бирининг бир фазилати бор. Меҳрибон онажонимни йўқотдим. У киши юрагимнинг устуни эдилар. Дуолари, ўгитлари билан доимо эзгуликка чақириб турардилар. На илож, ҳаётда бир келмоқ, бир кетмоқ бор экан. Бу ҳам ҳаётнинг ўзгартириб бўлмас қонунларидан бири экан-да. Гарчи йўқотишлар бизни бир оз ранжитса-да, лекин топганларимиз кўнгилга юпанч, таскин беради. Яқинларимизни қадрлашга, хатолардан сабоқ олишга, нималарнидир ҳис қилишга, борига шукур қилишга ўргатади. Гарчи кўпчилик бизнинг сафимизни тарк этишган бўлса ҳам, барибир бола кўнглимизда янги умид, ишонч, орзулар уйғотади. Яшашга ундайди. Бир шеъримда айтган эканман: 

"Азизим, дунёни орзулар асрар, 

Умидлар, ишончлар асрайди омон". 

   Севимли ёзувчимиз Ойбек домла ҳам бу ҳақда: Орзу-мақсад юксак бўлса, ҳаёт нурафшон бўлади", - деган эдилар. Илоҳим, орзуларимизда, ниятларимизда юксаклик бўлсин! 

   Азиз дўстлар, сизларга янги орзу, ишонч, умидлар тилайман ва бу орзу-мақсадларни амалга ошириш йўлида метиндек соғлик, толмас билак йўлдош бўлсин! Хонадонингиздан тўкин-сочинлик, хотиржамлик, шодлик аримасин! Буюклик бўлсин, барча бир-бирига суюклик бўлсин!

 

Фарида Ҳусаинова, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот