Биологлар кексайишни тўхтатадиган моддани аниқлашди
Қаттиқ ҳаяжон, руҳий зарба ва сиқилишлар қариш жараёнини тезлаштириб, умрни қисқартиради.
Америкалик биологлар инсон организмининг кексайишига қарши кураша оладиган моддани топишди.
Индиана университети олимлари ўтказишган тадқиқотлар ҳақида Molecular Psychiatry журналида батафсил ёритилган.
Олимлар эркин яшовчи семиз қуртларнинг ДНКсини ўрганиб чиқишди ва турли гуруҳлардаги одамлар билан тадқиқот ўтказишлари оқибатида руҳий ҳаяжон таъсирини ва умрнинг давомийлигига таъсир қилувчи яхши ёки ёмон кайфиятларни аниқловчи бир талай генларни аниқлашга муваффақ бўлишди.
Шундай ген омилидан бири ank3 бўлиб, у асаб тўқималари ҳосил бўлишида иштирок этувчи аникирин 3 оқсилини шартли белгилар билан ифодалайди.
Аниқланган генларнинг фаоллиги ёш ўтган сайин ўзгаришини ва руҳий ҳаяжонларга мойил ва руҳий зарбаларга дуч келган кишиларнинг генларидаги фаолият эрта қариш ва умрни қисқартириш билан узвийлигини аниқлашди.
Тадқиқотнинг биринчи босқичида олимлар C.elegans қуртларини антидепрессант миансерин таъсирига дучор қилишди. Тадқиқотчиларнинг қайд қилишларича, бу усул қўлланилганда нематода (Лот. Nematoda) - йирик қуртларнинг умри узайган. Биологлар қуртларнинг организмида 231 та ген антидепрессантларга жавобан фаоллиги ўзгаргани, инсонларда шу каби генлар 347 та эканлиги маълум бўлди.
Инсонлардаги руҳий ҳаяжон аломатлари билан боғлиқ алоқалар текширилганда, ank3 гени билан қўшиб ҳисобланганда, 134 та ген ажратилди.
Биологлар ank3 генининг фаоллигини руҳий бузилишларга, шунингдек, ўз жонига суиқасд қилишга мойил мижозлардан 700 нафарининг қон таҳлили намунаси асосида ўрганиб чиқишди. Барча таҳлиллар ген тезлигининг юқори босқичда эканини кўрсатди. Олимлар кексайиш генини жиловлашга, узоқ умр кўришга ёрдам бериши мумкин бўлган бир талай моддалар: докозагексаен кислотаси, пирацетам, кверцетин, Д витамини ва ресвератролдан фойдаланишни таклиф қилишди.
Биологлар, шунингдек, эстроген тоифасига мансуб бириктирувчи мавжуд дорилар - антидиабетиклар ва рапамицинларни ҳам тавсия қилишди. Бироқ уларнинг самараси ўз тасдиғини топиши учун тадқиқотларни яна давом эттириш зарур.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР таржимаси.
2016 йил. Манба: "Сабо" газетаси.