Биз катталар фарзандларимизга ҳамиша: «Ёлғон гапирма, бўйнингга қилич келса ҳам рост гапир…», деймиз, аммо ўзимиз бунга амал қиламизми?..
Руҳиятшуносларнинг фикрича, одамлар рост гапириш билан бирга ора-чора ёлғон ҳам гапириб турар эканлар.
Тадқиқотчилар бир гуруҳ талабалар, уй бекалари ва тадбиркорларни тест синовидан ўтказишди. Натижалар шуни кўрсатдики, одамлар суҳбатдошларидан кунига икки-уч бор ёлғон гап эшитишар экан. Яъни, агар биз бирон киши билан ўн дақиқа сўҳбатлашсак, шунинг 2-3 дақиқаси ёлғонга сарфланар экан. Бироқ бу ёлғонлар безарар, бировга ёмонлик келтирмайдиган ва балки кўнгилни кўтариш учун ишлатиладиган манзиратлардир.
Қарангки, ёлғон гапириш кишининг жинсига, касб-кори, ёши, бўйининг паст ёки баландлигига боғлиқ эмас экан.
СЕВИШГАНЛАР НИМА ДЕЙИШАДИ?
Тадқиқотлар мобайнида психолог-олимлар бир гуруҳ севишганлар билан суҳбат ўтказишди. Шунда уларнинг 80 фоизи севган инсондан ўтмишини яширган. Ўтмиши ҳақида умуман гапирмаслик севишганларга хос хусусият экан.
ЭР-ХОТИНЛАР-ЧИ?
Маълум бўлишича, эр-хотинлар бир-бирларини, иложи борича, алдамасликка ҳаракат қилишар экан. Аҳил оилаларда 10 фоизгина ёлғон ишлатиларкан, холос.
Аёллар асосан эрларининг шаънини ҳимоя қилиш учун ёлғон гапиришади. Аммо эркаклар ишқий саргузаштлари борасида аёлларга нисбатан саккиз марта кўпроқ ёлғон гапиришади.
Изоҳ: одамлар бегоналарга нисбатан яқин кишиларини кўпроқ алдашади. Тадқиқотлар пайтида ҳар тўртинчи одамдан бирси фақат яхши ниятда алдашини айтган.
Масалан: «Умримда бу қадар ширин таом емагандим!» дея мулозамат қилиш ҳам (агар ўша таом аслида бемаза бўлса) ёлғон ҳисобланади.
Одам баъзан ўзини ҳимоя қилиш учун, айтайлик бировнинг уйига сув тошириб юборганида ҳақиқатни четлаб ўтишга ҳаракат қилади. Шунингдек, севгиси рад этилган инсонларга ҳам ёлғон ишлатилиб турилади: “Сиз ранжиманг, аслида бундан ҳам гўзал қизнинг муҳаббатга лойиқсиз”, “Сиздай қизнинг қадрини билмаганига ҳали кўп пушаймон қилади”, каби гаплар тасаллилар берилади.
КЎЗЛАР — КЎЗГУ
Бундай таъриф бежизга берилмаган. Кўзлар сўзимизга нисбатан кўпроқ маълумотни ошкор этади.
Олимлар икки суҳбатдош устида ғалати тажриба ўтказишди. Суҳбат асносида ёлғончининг кўз ҳаракати, кўз қорачиғи суратга олинди. Хулоса ўша-ўша: ёлғончи алдаётиб суҳбатдошининг кўзига қарамасликка уринди.
Шу боис сизга ишонишларини истасангиз, сўзлаётганда кўзингизни олиб қочманг. Одамлар ерга боқиб ёки четга қараб гапирадиганларга камроқ ишонч билдиришар экан.
ТИКИЛИБ, ТИКИЛИБ ҚАРАЙСАН…
Гарчи суҳбатдошингиз сиздан умуман кўз узмаса-да, бу унинг сизга нисбатан самимий эканини билдирмайди. Бундай ҳолатда суҳбатдошнинг кўз қорачиғига эътибор қилиш зарур. Агар у кенгайиб кетган бўлса, бу инсон сизни ёқтиради, торайган ҳолатдагиси сизни жини суймаслигини билдиради.
ЯНА ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАР БОР?
Кишилар ёлғон сўзлаётганда беихтиёр оғзини кафтлари билан беркитишади.
Тадқиқотчилар ҳамшираларга беморлар аҳволи хусусида ёлғон сўзлашни буюришди. Шунда улар беихтиёр қўлларини оғизларига олиб боришди.
ТОВУШЛАР ҲАМ СЎЗЛАЙДИ
Овознинг қандай жаранглаши орқали ҳам ёлғончини фош этиш мумкин. Аслида ёлғончилар баланд овозда гапиришади, шу таҳлит ишончни кучайтиришга уринишади. Аммо овознинг нотабиий чиқиши ҳам ёлғонни фош этади.
Олимлар машҳур сиёсатчи ва санъаткорлар овозини ёзиб олиб, уни экспертларга қўйиб беришди. Фақат улар овоз эгасини таниб қолмасликлари ҳамда матн мазмунини яшириш ниятида овозни тескарисига, охиридан бошлаб қўйишган. Шунда қизиқ бир ҳолат намоён бўлди. Гарчи сиёсатчилар келажакка умид, ишонч, меҳр-оқибат ҳақида сўзлаган бўлсалар-да, уларнинг товуш оҳангида босим ўтказиш ва безовталик сезилиб турган.Санъаткорлар эса асосан санъат соҳасидаги қийинчилик ва муаммолар ҳақида сўзлашган. Аммо уларнинг овоз жарангида тинчликсеварлик, самимият ва некбинлик уфуриб турган. Экспертлар овозлардаги оҳангни тинглаб сиёсатчилар билан санъаткорларни жуда аниқ ажратишган.
СЕВГИЛИСИНИНГ ИСМИНИ АЙТИБ ЮБОРДИ…
«Рост сўзнинг асосий белгиси оддийлик ва фикрни аниқ ифодалашдир. Ёлғон сўз мураккаб, тушунарсиз ва сербўёқ бўлади», — деган эди Толстой.
Ёлғончи суҳбатдошини асосий мавзудан чалғитиш ниятида кўп гапиради. Шу билан бирга бир фикрни икки-уч хил шаклда такрорлаб чарчамайди. Баъзи ёлғончилар алдашнинг нисбатан ишонарли усулидан фойдаланишади. Яъни, улар рост гапга ёлғон қўшиб гапиришади. Бу ҳолатда уларни ажратиш қийинлашади.
Баъзи «бошловчи» ёлғончилар сўзларни нотўғри қўллашади, гапдан адашиб кетиб, тўхтаб қолишади. Баланд овозда гапириб, терлаб кетишади. ¢ирт алдоқчилар эса киприк қоқмай аврашади. Аммо улар ҳам барибир хатога йўл қўйишади. Баъзи «шоввоз»лар хотинининг эмас севгилисининг исмини айтиб юборишади.
Нутқдаги хатоликлар орқали инсон шахси, унинг ички, яширин муаммолари ва истаклари борасида кўп нарсани билиб олиш мумкин.
Хулоса шуки, баъзида кишининг нима ҳақида гапираётганидан кўра, қандай сўзлаётгани муҳим.
Мавлуда ИБРОҲИМОВА тайёрлади.
Манба: "Бекажон" газетаси.