ВАЪДА – ВИЖДОН АМРИ


Маънавият сабоқлари

ВАЪДА – ВИЖДОН АМРИ

     Бобом рахматли болалигимизда амакимга “йигит кишининг лафзи бўлмаса эркаклик унга хайф, мен сени эркак қилиб тарбиялаганман, болам”, деган гап айтганда улар ер чизиб кўз ёш қилгани ёдимда. Шунда бобом яна гўдакларни олдида кўз ёш қилишинг уят, қаддингни тик тут, ғуруринг баланд, оринг осмон бўлсин, бўлмаса менинг ўғлим бўлолмайсан, деганлар. Бу суҳбатга сабаб нима бўлганини аслида биз тушунмаганмиз аммо амакимнинг кўз ёшию, бобомнинг кўзидан ўт чақнаб айтган сўзлари бир умр хотирамга муҳрланиб қолган. Демак, ваъда инсон ҳаётида муҳим эканда, деб ўйлаганман ўшанда.
     Берган ваъдангизни бажариш сизни муваффақиятга эришиш йўлидаги катта ютуғингиз ҳисобланади. Аксинча, ўзингизга етказишингиз мумкин бўлган энг катта зулм - бу ҳеч қандай сабабсиз ваъдангизни бажармаслигингиздир. Кимгадир ваъда бериб, устидан чиқмасангиз, ўша одам энди сизга ишонмай қўяди ва бошқаларга сиз тўғрингизда “ваъдабоз” дея айтади. Шу тариқа, сиз ўзингизни ҳаммага салбий жиҳатдан намойиш этиб қўйишингиз мумкин. 
      Оғзингиздан чиққан ҳар бир сўзга жиддий муносабатда бўла оласизми? Агар бирор кишига фақатгина юзага келган ҳолатдан чиқиш учунгина сўз берсангиз, у сизни фақат шу лаҳзадагина қутқариши мумкин. Аммо кейин сиз узоқ йиллар одамларда ўзингиз тўғрингизда ҳосил бўлган ишончсизлик билан курашишингизга тўғри келади. 
      Инсон ҳаётида жамият катта аҳамиятга эга. Ҳар доим бунга эътиборли бўлинг, аммо ваъдангизни бажаришнинг иложи бўлмайдиган ҳолат юзага келиб қолса, албатта, ваъда берган одамингизга буни тушунтиринг. Шунда у ваъдангизнинг устидан чиқмасангиз ҳам, ҳаракатларингиз ва тиришқоқлигингизни, берган ваъдангизни унутмаганингизни  кўриб, сизни тушуниши мумкин…
      Олис вилоятда фаолият юритаётган собиқ курсдошим яхши бир адвокат топишда ёрдам сўради. Сабабини эса қуйидагича изоҳлади. “Акам ва келинойим пойтахтда, тиббиёт институтида бирга ўқишган. Севиб-севилиб турмуш қуришган. Ҳар иккиси ҳам институтни имтиёзли тугатишган, ҳатто  Тошкентда ишлаб қолиш имконига эга бўлганлар. Бироқ акам оилада тўнғич фарзанд бўлгани сабаб, қишлоққа қайтишга мажбур бўлганлар.  Улар вилоят шифохонасида ишлаб, ҳурмат, эътибор қозонишди. Акам рўзғоридан ошиниб, маблағ тўплаб, фарзандлари учун пойтахтдан бир хонали бўлса-да, уй олиб қўйишни режалаштирди. Бу фикр оиламиздагиларга маъқул келди. Етмаган жойига ота-онам ва опаларим кўмаклашишди. 
    Шундай қилиб, керакли маблағ йиғилгач, акам уй излашга тушди ва пойтахт туманларининг биридан икки хонали шинамгина уй топди ҳам. Энди уни харид қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш керак, бунинг учун эса Тошкентда доимий рўйхатда турган ишончли одам бўлиши лозим… 
    Бизнинг пойтахтда яқин қариндошларимиз йўқ эди. Бирдан келинойим ўзлари билан бирга ўқиган дугонаси Ҳаётхонни эслаб, унинг ишончли одам экани, талабалик йиллари улар сирдош дугона бўлганини айтиб қолди. Акам ҳам Ҳаётхонни ўйлаб, хотиржам бўлди. Хуллас, курсдош дугона номига харид қилинган квартира тўрт нафар фарзанди бор, эри оддий ҳайдовчи бўлган Ҳаётхонга ишониб топширилди. Ундан уйга ишончли бир оилани ижарага қўйиб, ижара ҳақидан уйнинг тўловларини ўз вақтида тўлаб боришни сўрашди. Қолган қисмини ўз рўзғорига ишлатаверишини тайинлашди. “Бунга зарурат йўқ, курсдошлар ўртасидаги хизмат миннат қилинмайди, бир-биримизга қилган яхшилигимиз талабалик йилларимизнинг ҳурмати эмасми?” дея, эътироз билдирган Ҳаётхонга акам ва келинойим: “Сиз бизга беминнат яхшилик қиляпсиз, биз эса сизга миннатдорчилик билдиряпмиз, холос”, дейишди. Ҳаётхон уйни кўз қорачиғидай асрашга ваъда берди.
     Шундай қилиб, орадан ўн йил вақт ўтди. Бу орада акамнинг тўнғич ўғли ва опамнинг икки қизи, яна бир-икки нафар жиянлар пойтахтдаги турли хил ўқув юртларида таҳсил олишди. Эндиликда акам ўғлини уйлантирди. Келин Тошкент тиббиёт академиясида 2-босқичда таҳсил олар экан. Жияним Сардор ҳам иши юзасидан пойтахтда яшашига тўғри келгани учун акам Ҳаётхондан уйни бўшаттириб беришини сўради. 
     Аввалига Ҳаётхон олаётган ижара пулига ўрганиб қолган эканми, уйни сира бўшатгиси келмади. Бир ойдан зиёд вақт давомида ижарачини зўрға чиқарди. Кейин акам уйни энди ўғли — жияним Сардорнинг номига расмийлаштиришини айтганда, “Уй аллақачон меники бўлган, уни бермайман. Исботинг бўлса, эпласанг, тортиб ол!” деб, тўнини тескари кийиб олди. Акам уйни ҳеч қандай ҳужжатларсиз, курсдошининг биргина ваъдасига ишониб берган. У эса ўша ваъдани аллақачон унутиб бўлган эди. 
     Ҳаётхондан ҳеч қандай умид йўқ. Шу сабаб, бу ишни қонун йўли билан амалга оширмоқчимиз. Адвокат шунинг учун керак эди. Бу муаммони ҳал қилишда яхши адвокат ёрдам бера олармикин, деб умид қиляпмиз…” 
     Курсдошимнинг сўзларини эшитиб, “Наҳотки одамлар шу даражада бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган бўлиб кетган бўлса?” деган ўйга бордим. Афсуски, орамизда имонини нафсининг қўлига топшириб қўйган юқоридаги каби инсонлар ҳам учраб туриши аччиқ ҳақиқатлигини мана шу ҳаётий мисол ҳам исботлаб турибди…
    Суҳроб яхшигина лавозимда ишларди. Бироқ кутилмаганда иши касодга учраб, эгаллаб турган ўрнидан айрилди. Омад бир кетса, ёмон бўларкан, у ҳеч бўлмаса, шу пайтгача ўз меҳнати эвазига топганларини сақлаб қолиш учун қимматбаҳо мулкларни ўзига ишончли бўлган яқинларининг номига ўтказиб беришга қарор қилди. Жумладан, ҳовлисини отасининг номига, шаҳардаги квартирасини жиянининг номига, озиқ-овқат дўконини опасининг номига ва “Нексия” автомашинасини синфдош дўстининг номига расмийлаштирди. 
     Бир-икки йил ўтгач, Суҳроб барча муаммоларини ҳал этиб, ўз ишини қайта тиклади. Сўнг дўстидан машинасини қайтариб беришини сўради. Афсуслар бўлсинки, яқин ошнаси бўлган синфдош дўсти бир пайтлар берган ваъдасини унутди ва лафзсизлик қилиб, машинани қайтармаслигини билдирди. Ўртага бошқа синфдошлар тушишди, уни инсофга чақирмоқчи бўлишди. Аммо йигит юзсизларча “Қани, исботларинг борми? Машина уники бўлганини тасдиқловчи расмий ҳужжат-чи? Машинани ўз пулимга сотиб олганман. У ўзимники ва уни бировга бериш ниятим йўқ!” дея жавоб қилди… 
      Ўн йил давомида бир синфда ўқиган, ўттиз йилдан буён бир даврада, бир лагандан ош еб юрган дўстининг бу қилмишидан нафратланган жабрдийда йигит кўпчиликнинг гувоҳлигида машинадан воз кечди. Ваҳоланки, унинг ҳақлигини ҳамма билиб турган эди. Осонгина машинали бўлган дўсти эса ошналар даврасини гўё рингда ютган боксчидек мағрурлик билан тарк этди. Бироқ унинг асл қиёфасини билган  синфдошлар энди ундан ўзларини олиб қоча бошлашди.  
       Виждонсизликни ўзига либос қилган номард бўлса  иши хамирдан қил суғургандек осон битганидан қувонди. Афсуски, ўзганинг моли унга буюрмади, жазо ҳам қиёматга қолмади. У бир ўзи виждонсизлик қилди-ю… жабрини эса бутун оила тортди. Яъни Суробнинг машинасига эга чиқиб олган ўша йигит оиласи билан тоққа дам олишга отланди. Аммо йўлда кетаётиб, машина ҳалокатга учради: у йўловчилари билан  жарликка қулади. Натижада йигитнинг турмуш ўртоғи ва бир нафар фарзанди воқеа жойининг ўзидаёқ ҳалок бўлишди. Ўзи ва яна икки фарзанди оғир жароҳат олиб, шифохонага етказилди.
      Кимнидир оғринтириб, кимнидир қувонтириб, кимнингдир ғазабини келтириб, кимнидир ҳайрон қолдиришга сабаб бўлган машина эса яроқсиз ҳолга тушиб, ўша жарликда  мангу макон топди…
     Одатда, одамларга нисбатан ҳурматсизликнинг биринчи белгиси ваъда бериш ва унга вафо қилмасликдир. Аммо атрофимизда рўй бераётган юқоридаги каби ҳолатлар — ҳаётий ҳақиқатлар. Ҳа, бугун ваъда бериб, уни бажариш ҳам бир мардлик, қаҳрамонлик билан баравар бўлиб қолди. 
    Ваъда бериб, уни бажаришни унутсак ёки масъулиятсизлик қилиб, ваъдамизнинг бажарилишини ортга сурсак, кимнингдир ишончини йўқотамиз. Шу билан бирга ўзимиз атрофдагиларнинг тасаввурида масъулиятсиз инсон сифатида гавдаланамиз. Яқинимиз билан учрашувга келишдик, ваъдага кўра, белгиланган учрашувга оилавий муаммолар сабаб бора олмадик, лекин вазиятни тушунтириб, муаммони олдини олиш мумкин-ку? Бу ҳақда эса ўйлаб кўришга эринамиз…
    Айрим ота-оналар фарзандларига ваъдалар берадилар, аммо уни бажаришга келганда эса ҳар доим ҳам уддасидан чиқа олмайдилар. Натижада фарзандлар билан ота-оналар ўртасида ҳурматсизлик юзага келади. Тўғри, фарзанд ўз ота-онасининг ҳар қандай хатосини кечиради, аммо ўртада амалга ошмай қолган биргина ваъда туфайли унинг кўнгли озорланади, яқинларига нисбатан юрагида пайдо бўлган ишончсизлик бора-бора уни уйдан узоқлаштиради.  
       Аслида бу вазиятда болага, ҳали ҳаётий тажрибалари кам бўлган фарзандга ота-она берган ваъдасини вақтида бажариш йўли билан ибрат бўлиши керак эмасми? Ваъдани бажаришнинг иложи бўлмай қолганида, унга вазиятни тушунтириши мумкин-ку? Афсуски, кўп катталаримиз болага ҳисоб беришнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблайдилар. Аммо… орадан йиллар ўтиб, фарзандлари ниманидир ваъда қилиб, бажармаётганидан, ўз ишидан ортмаётганидан нолийдилар. Ваҳоланки, бу ўринда фарзандларни айблаш ноўрин, чунки улар ўз вақтида ваъдалар бажарилмаса, бу ҳақда ҳисоб бериш шарт эмас, деган руҳда “тарбия” топишган… 
        Аслида ваъдада туриш — бу виждон амри. Виждонлилик — бу ўзингиз учун яратган қадриятлар тўплами. Шу сабаб, бирор кишига ваъда беришдан олдин жуда эҳтиёт бўлинг, яхшилаб ўйлаб олинг. Ўша ваъдани бажара оласизми, бунинг уддасидан чиқасизми? Агар ваъдангизни холис ва ҳалол бажара олсангиз, бундан фақатгина фойда кўрасиз. Атрофдагиларнинг ҳурматини қозонасиз, эътибор топасиз. Дўстларингиз ва яқинларингизнинг ишончи эса сизни ваъдасига вафо қиладиган масъулиятли инсон эканлигингизни, ҳаётда эзгу мақсад билан яшашингизни англатади. 

Феруза ОРИПОВА – журналист, «Саодат» журнали бош муҳаррир ўринбосари.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот