ДАДАЖОНИМНИ ХОТИРЛАБ


     Моҳигул ЎКТАМ қизи НАЗАРОВА

ДАДАЖОНИМНИ ХОТИРЛАБ

     Агар дадажоним ҳаёт бўлганида, бугун – 12 январь куни 78 ёшга тўлардилар...
   Афсус, улар бундан 25 йил аввал 53 ёшда вафот этганлар. Вафотларига чорак аср бўлган бўлсаям, ўзим ҳозир дадам кирган ёшдан ўтиб кетган бўлсам ҳам, хаёлимда худди кеча дадамдан айрилгандайман...
    Дадам бағрикенг, меҳмондўст, одамий, фарзандлари ва дўстларига меҳрибон, туғишган биродарлари, дўстларига оқибатли, яхшилик қилишни севадиган инсон эдилар. Жуда кўп китоб ўқирдилар. Китобга меҳр менга дадамдан ўтган...
    Дадамдан икки  мингтага яқин китоб қолган. Ҳар йили анчагина газета-журналларга обуна бўлардилар.Ўз соҳаларига тегишли бўлган журнал ва газеталардан ташқари «Ёшлик», «Шарқ юлдузи», «Кино», «Муштум», «Гулистон», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ёш куч» каби журнал ва газеталарга обуна бўлардилар. Ота уйимизда ҳалиям «Шарқ юлдузи», «Ёшлик»журналларининг 30-40 йиллик архиви бор...
     Менга «Китоб – нондай азиз» деган ақидани сингдирган ҳам айнан дадам бўладилар... Яна ўзлари ҳам яхшигина шеърлар ёзардилар. Гоҳ Саъдий Шерозийдан, гоҳ Машрабдан ғазаллар ўқиб, бизни ҳайрон қолдирардилар...
    Касал бўлиб қолсак, онамиздан ҳам олдин меҳрибонлик қилиб куйинадиган, шифокорларга олиб чопадиган, бизни ҳеч нарсага зориқтирмай ўстирган падаримнинг инсоний гўзал фазилатлари кўп эди...Ҳалигача ҳам дадамни билган одамлардан илиқ хотиралар, яхши гаплар эшитаман...
    Дадам раҳматли аввал Қўқондаги автомобиль йўллари техникумини, кейин эса Тошкентдаги автомобиль йўллари институтини сиртдан ўқиб тугатганлар. Ўз касбларини жуда яхши кўрардилар. Шаҳримиздаги ҳайдовчилар тайёрлаш мактабида (ДОСААФ дейиларди) оддий ўқитувчиликдан директорликкача бўлган вазифаларда ишлаганлар. Юзлаб инсонларга ҳайдовчилик касбини ўргатганлар. Шу сабаб ҳам дадамни кўпчилик танирди ва «домла Назаров»деб ҳурматларини жойига қўйишарди. Фақатгина бир жойда ишлаганлари, ишларига ўта масъулиятли бўлганлари сабаб «Меҳнат фахрийси» медали билан тақдирланган эдилар.
     Дадам қон босимлари кўтарилиши ва бу касаллик инсультга олиб келгани сабаб вафот этган вақт – 2000 йилнинг 25 январь куни ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди...Дадам фақат биргина набираси – қизим Шабнамни кўргандилар, холос. Ҳали тили чиқмаган, ўшанда эндигина битта-иккита сўзларни айтадиган қизалоғим «Бобо» деганида кўзларида ёш айланганини кўрганман...
     Ҳозир дадам билан тенгдош дўстларини кўрганимда эса «Дадам ҳам ҳозир бўлсалар, соқол қўйиб, бобо бўлиб юрармидилар,» – деб ўйлайман. Тўғриси, бироз ўкинаман ҳам.
     Дадажоним эса хотирамда доимо ёш ва навқирон қиёфада жонланадилар.
    Дадажон, илоҳим жойингиз жаннатда, охиратингиз обод бўлсин. Сиз менда аввало ўзига ишонч, иродани, ҳаётда асло чекинмай, олға юриш каби хусусиятларни тарбияладингиз. Ҳаётда эришган ҳар бир ютуғимда Сизнинг ҳиссангиз бор! Сиз доимо қалбимдасиз, ёдимдасиз, хаёлларимдасиз!
    Лозим топган дўстларимдан дадажоним Ўктам НАЗАР ўғлининг ҳақларига бир кафт дуо сўрайман..












Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот