ҚАЛБИ БИЛАН ЯШАШНИ ЁҚТИРГАН ЖУРНАЛИСТ
Кўнгилга ташриф
ҚАЛБИ БИЛАН ЯШАШНИ ЁҚТИРГАН ЖУРНАЛИСТ
Феруза Орипова – кўнгилга ҳабиб, қалбнинг одами, кўнгли билан яшашни ёқтирадиган журналист. Унинг ёзганлари одамларга яхшилик қилиш, муҳаббат улашиш ва ҳаётни қадрлашга ўргатади.
Ижодкор сифатида унинг ҳикоялари, мақола ва очеркларининг асосий мавзуси инсон ўзини ҳурмат қилиши кераклиги, ўзгаларни эъзозлаши ва умрнинг ғаниматлигини англатади. Феруза ўзининг битиклари орқали инсонларнинг қалбини ўрганиб, уларнинг ҳис-туйғуларини, орзу-умидларини ва курашларини акс эттиришга интилади. Унинг ижодидаги ҳар бир сўз, ҳар бир гап – бу инсонларга ёрдам бериш, муҳаббат туйғуси билан яшаш ва ҳаёт ғаниматлигини эслатиш учун ёзилган. У ҳақиқатан ҳам қалби билан яшайдиган, инсонлар учун кўмакка шай, борлиғи билан илҳом ва меҳрга лиммо-лим журналистдир.
Ўрта мактабни тамомлаб, илк иш фаолиятини Андижон шаҳридаги тикувчилик фабрикасида тикувчиликдан бошлаган қаҳрамоним болалигидан адабиётга, шеъриятга ихлоси баланд бўлиб улғайган. Унинг қалбидаги ижодга бўлган иштиёқ беқиёс шодлик ато этар ва кўрган, кечирганларини қоғозга туширишга ундарди. Шу сабаб ҳам одамлар орасида меҳр-оқибат йўқолмаслиги, инсоний туйғулар завол бўлмаслиги, қадриятлар қаримаслиги учун айнан шу мавзуларда кўпроқ қалам тебратарди.
Феруза Орипова талабалик йилларида ўзининг ижодий салоҳиятини намоён этиш, билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Туркистон” газетасида ҳам мухбир сифатида фаолият олиб борди. Ёзган мақола, очерк, репортажлар ва журналистика соҳасидаги кўникма ва малакалари унинг келажаги учун муҳим асос бўлди.
Университетни тамомлаганидан сўнг, Андижон Ёшлар телерадиокомпаниясида, "Андижоннома" газетасида ва Тараққиёт Телерадиокомпанияларида турли вазифаларда ишлади. Атрофидагиларга “Синчалак” бўлиб танилган Феруза ўзининг меҳнати ва интилиши сабаб водий халқининг севимли журналисти мақомига эришди.
Вилоятда журналистлар ўртасида ўтказилган "Ўткир қалам", "Оғусиз дунё сари" ва "Мустақиллик менинг тақдиримда" танловларида телевидение йўналишида фахрли 1-ўринни ва З.М.Бобур номидаги мукофотнинг журналистика йўналишида фахрли 2-ўринни эгаллади. Бу муваффақиятлар унинг ижодий салоҳиятини ва журналистикадаги профессионаллигини яққол намоён этди.
Унинг ушбу эришган ютуқлари, тинимсиз меҳнатлари ва ижодий фаолияти орқали ҳамкасбларига, ёшларга илҳом берар ва ўрнак бўлар эди.
1999 йилда республика ёш ижодкорларининг Зомин семинарида иштирок этиш имконига эга бўлган Феруза ўзининг ижодий фаолиятини янада ривожлантиришга бел боғлади. Публицистикада самарали ижод қилган журналист эндиликда ҳикоялар ёза бошлади. Андижон вилояти ижодкорларининг сара асарлари жамланган "Мохларойим издошлари" ва "Мафтункор сиртмоқ" каби жамоатчилик тўпламларида унинг ҳикоялари чоп этилди. Бу асарлар Ферузанинг ижодий дунёсини кенгайтирди ва қаламини янада чархлаб, адабиёт ихлосмандлари орасида танитди.
2008 йили Феруза Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан ўтказилган "Атиргул" танловида хотин-қизлар йўналишида долзарб мавзудаги мақолалар тўплами учун фахрли 1- ўринни эгаллади.
2022 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган "Аёлга эҳтиром" танловида фахрли 2- ўринни эгаллади. Бу муваффақият унинг ижодий салоҳиятини ва аёллар ҳақидаги мавзуларга бўлган эътибори ва эҳтиромини кўрсатди.
Феруза Орипованинг ижоди, аёллар ва ижтимоий мавзуларга бўлган муносабати жамиятдаги ижобий ўзгаришларга ҳисса қўшди, десак муболаға бўлмайди. Унинг оила, жигарчилик ва меҳр-оқибат мавзусидаги ҳикоялари аллақачон ўз ўқувчиларини топган. Унинг мақолалари – одамларнинг ҳис-туйғуларини, оилавий муносабатларни ва меҳр-оқибатни намоён этади. Бу ҳикоялар асосида видеофильмлар ҳам тасвирга туширилган ҳамда улар мухлислар қалбидан муносиб ўрин эгаллаган.
Қаҳрамонимизнинг ижодий фаолиятини яна бир муҳим қисми – телевидениедаги иштирокидир. Феруза “Маҳалла” телеканалининг “Одамийлик”, “Тошкент” телеканалининг “Сиз нима дейсиз?”, “Севимли” телеканалидаги “Одамлар орасида”, “Миллий” телеканалидаги “Зарб” ва ЗЎР ТВнинг “Ўзимизники” кўрсатувларида эксперт сифатида иштирок этади. Ушбу кўрсатувларда Феруза юртдошларимизнинг ижтимоий мавзудаги муаммоларини бартараф этиш борасида ўз маслаҳатларини бериб боради.
Айни пайтда “Саодат” журналида бош муҳаррир ўринбосари сифатида ўз фаолиятини давом эттираётган Феруза юртимизда истиқомат қилаётган опа-сингилларимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида таҳлилий мақолалар, суҳбатлар ва очерклар ёзиб, журнал саҳифаларини безамоқда. Унинг ёзганлари – аёлларнинг ҳаётини, ҳақ-ҳуқуқлари учун курашларини ва муваффақиятларини ёритишга қаратилган.
У юксак маънавият тарғиботчиси, чинакам ватанпарвар ва миллатимиз жонкуяри ҳамдир. Унинг ижодидаги ҳар бир сўз, ҳар бир мақола – бу ўз халқини, ўз юртини севиш ва унинг муаммоларига эътибор бериш ва бартараф этишга даъватдан иборатдир.
Ўтган йиллар давомида Феруза ўз дастхатига эга адиба сифатида ўзлигини топди. Унинг ижоди, ўзининг шахсий тажрибалари ва ҳис-туйғуларини ўзининг ёзганларида мужассамлаштира олган.
Филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира – Гуландом Тоғаева Феруза ҳақида шундай фикр билдирган:
«Мен катта қалбли инсон, қалами ўткир, салоҳиятли журналист – Феруза Ориповани қарийб 30 йилдан буён яхши танийман. У билан олдинма-кетин Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олдик. Феруза камтар ва заҳматкаш ижодкор. У ўзининг ёниқ қалби, тиниб-тинчимаслиги, меҳнаткашлиги, фидойи феъл-атвори билан бошқалардан алоҳида ажралиб туради. Феруза синглимдаги юксак маданият, завқи табиий самимият, ўзгача нафосат менда катта ҳурмат уйғотган.
У журналистиканинг тамал тошлари, вазифалари ва тамойилларини яхши билади. Қачон қарасангиз, ҳамиша эл ичида, оддий одамларнинг дарди, қувончи ва ташвишлари билан ҳамнафас бўлиб, жамият муаммоларига ечим топишга ҳаракат қилиб юрган бўлади. У журналистиканинг турли соҳаларида бемалол ишлаб кета оладиган, кўп қиррали ижодкор саналади.
Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси, журналист, шоира, публицист – Феруза Орипованинг ижодкор сифатида ўз сўзи ва овози бор, у каби маънавият тарғиботчиси, чинакам ватанпарвар ва миллатимиз жонкуярлари бор экан, аёлнинг жамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланиб бораверади».
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР –
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.