ЮКСАЛИШНИНГ ИККИ ҚАНОТИ
ЮКСАЛИШНИНГ ИККИ ҚАНОТИ
ЭЗГУ УМИДИМИЗГА
КУЧ БЕРАЁТГАН ИЖОБИЙ ЎЗГАРИШЛАР
Баланд минбарлардан янграган нутқларда, давра суҳбатларида, ўзаро гурунгларда, ижтимоий тармоқларда турли воқеалар муносабати билан билдирилган фикрларда «Аёл», «Қизлар» каби сўзлар тез-тез такрорланади. Бу – бежиз эмас. Чунки ҳаётнинг жон томирлари аёл юрагидан ўтади. Ҳар бир оиланинг осойишталиги, фаровонлиги кўпроқ онанинг ақлу фаросати пойдевори устида бунёд бўлади. Меҳр-муҳаббат аталмиш ноёб туйғулар аёл юраги хазинасининг асосий ганжи ҳисобланади, бошқалар ана шу ганждан улуш олиб, маънан бойийдилар.
Бундай таърифларни яна ва яна қаторлаштириб келтириш мумкин. Шунинг учун мамлакатимиз сиёсатида хотин-қизларга эътибор устувор йўналишлардан бири саналади. Уларнинг илм олишлари, ижтимоий ҳаёт майдонларида фаол иштирок этишлари, оила мустаҳкамлиги ва фарзанд тарбиясига яна ҳам масъулиятлироқ бўлиши учун яратилаётган имконлар, берилаётган имтиёзлар йил сайин кенгаймоқда.
Баландпарвоз ифодалардан қочиб, оддий тилда айтадиган бўлсак, ишловчи аёлнинг яхши-ёмон кунда ёнида турадиган жамоаси бўлади. Унинг қалбида ўз оиласидан ташқари бошқаларга ҳам дахлдорлик туйғулари уйғонади. Касб-кори бўлган, у орқали даромад топаётган аёлнинг болалари қалбида онаси билан фахрланиш туйғуси яшайди.
Ҳа, бугун опа-сингилларимиз ҳаётида умидимизга куч бераётган яхши янгиликларни кўриб турибмиз. Уларнинг жамиятда сезиларли кучга айланаётгани барча соҳалар тараққиётида сезилиб боряпти. Аммо бу янгиликлардан қанчалар хурсанд бўлмайлик, уларнинг бирортаси ҳам бизнинг аёлларимизга халқимиз, миллатимиз учун сифат белгиси ҳисобланадиган қадриятлардан узоқлашиш, уларнинг устидан чизиқ тортиш имтиёзини бермайди.
Мен бу фикрни тасодифан айтиб юборганим йўқ. Имконият ва имтиёзларни бошқачароқ талқин қилиш кайфияти ҳам пайдо бўлганки, бу ҳақда кўплашиб фикрлашиш керакка ўхшайди.
Ўзбек сериаллари аёлларни нечоғлик ўзгартиряпти?
Ўзбек аёлини эр кишилар билан ким ўзарга пойгага ундаганлар, пойгадаги ғолибликни ижобий ҳодиса сифатида тақдим қилаётганлар қаттиқ янглишадилар. Бизнинг опа-сингилларимиз «Ҳали даданг келса, айтиб бераман», «Дадаси, сиз борсиз, биз бормиз», «Дадамиз мендан бошқанинг қўлидан таом емайди» каби бир қарашда, ниҳоятда оддий, аммо юз йилларнинг зарифлиги, назокати, ҳурматини ўзида асраб келаётган, қадриятларга айланган муомала, муносабатлараро гўзал. Уларнинг ютуқлари мана шу нуқталарда. «Ўзингиз биласиз, сиз биласиз», деган иззат билан забт қилади ўзбек аёли бош эгасининг забт қилиниши қийин қалъаларини ҳам.
Кейинги пайтларда хусусий каналларда кетма-кет экранга чиқарилаётган сериалларга ғалати бир воқеалар кириб келган. Худди юқорида таъкидлаганимдек, аёлнинг жамиятда ўз ўрнини топишига, ишбилармонлигига алоҳида урғу берилади ва давр имкониятларидан фойдаланиб, бундай даражага эришган аёлларнинг аксарияти турмуш ўртоқларини ерга ура бошлайди, умуман, эркак зотига нописандлик унинг ҳар бир қадамида сезилади.
– Бирор нарса пиширмадингми, болалар ҳам келишингни кутиб ўтирибди...
Бу – оилабоши эрнинг гапи.
– Менинг ҳамкорларим билан учрашувим бор, ўзларинг бирор нарса қилиб, қорин тўйдиринглар...
Бу бугунги имтиёзларга таяниб, тикув цехи очган тадбиркор аёл – оила бекасининг жавоби.
Ана, сизга ишбилармон аёлнинг эрига муносабати. Тўғри, сериал муаллифи бу аёлни қачонлардир таниқли бизнесмен бўлган, энди синган, бадавлат пайтида аёлини хўрлаган эркакдан ўч олиш маъносида сюжетга киритган. Лекин бизнинг аёлларимиз табиатан бундай қилишмайди-ку. Бундай қилмаслиги керак-ку. Қолаверса, инсонларни бир-биридан узоқлаштирадиган ўч, қасос каби ҳиссиётларни бўрттириш тўғримикан? Аёлларимиз эрининг иши қай бир сабабдандир орқага кетган пайтлари ҳам:
– Ўтиб кетади бу кунлар. Аёлнинг топгани нима бўларди... Сизнинг ўша озингизда ҳам барака бор, – дея эрининг тикланиши учун куч бермайдиларми...
Бошқа бир сериалда ҳам шу кайфият. Дугонаси ёшгина аёлга маслаҳат беряпти:
– Тупур ҳаммасига. Қайнонангга, эрингга хизмат қилиб нима кўрдинг? Биринг икки бўлмади. Ана, ҳукумат иш беряпти. Топганингни ўзингга сарфла, кийин, пардоз қил, пулинг кўпайса, эринг ҳам, қайнонанг ҳам оёғингга йиқилади...
Туппа-тузук турган жувон ҳам:
– Майли, ишласам ишлай, бироқ пул топдим деганим, ўзлигимдан узоқлашиб кетаман, аёллик, келинлик бурчларимни унутаман, деганим эмас, – демайди. Аксинча, маслаҳатгўй дугонасига лаққа тушади:
– А, шундайми?.. Шундай қиламан, – дейди.
Бе, бир-иккита сериал билан ундаги кайфият бизга юқиб қолармиди, деяпсизми? Бир марта айтилган фикр шунчаки гап бўлиши мумкин. Икки марта айтилдими, у тарғибот, ташвиқотга айланади. Юқади. Ахир, миллатимизга ёт қанча нарсалар юқиб бўлди-ку. Телевидение бежиз миллионлар аудиторияси, дейилмайди. Бири-бирига уланиб экранга чиқарилаётган сериалларда иномарка миниб, баланд пошналарда юрган хотин-қизлар «Мен бу уйда ҳам эркакман, ҳам аёлман», дея кўкрагига уриб тургач, буёқда кўриб ўтирганлар «Ие, шундай дейишим керак экан-да...» деган фикрга бормайдими...
Айтилган сўз – отилган ўқ. У садоқдан чиқдими, орқага қайтариб бўлмайди. «Уни бу мақсадда айтганман» деган тушунтиришлар бекор кейин.
Ўзбек аёлини эр кишилар билан ким ўзарга пойгага ундаганлар, пойгадаги ғолибликни ижобий ҳодиса сифатида тақдим қилаётганлар қаттиқ янглишадилар. Бизнинг опа-сингилларимиз «Ҳали даданг келса, айтиб бераман», «Дадаси, сиз борсиз, биз бормиз», «Дадамиз мендан бошқанинг қўлидан таом емайди» каби бир қарашда, ниҳоятда оддий, аммо юз йилларнинг зарифлиги, назокати, ҳурматини ўзида асраб келаётган, қадриятларга айланган муомала, муносабатлараро гўзал. Уларнинг ютуқлари мана шу нуқталарда. «Ўзингиз биласиз, сиз биласиз», деган иззат билан забт қилади ўзбек аёли бош эгасининг забт қилиниши қийин қалъаларини ҳам.
Ишбилармонлик, билим, фаоллик аёл юксалишининг бир қаноти бўлса, момолардан мерос қадриятларни маҳкам ушлаш, оилада, жамият орасида ўша қадриятлар доирасида яшаш иккинчи қанотидир. Ўз миллатига ўхшамай қолган аёл ҳеч кимга ўхшамайди. Ҳеч ким бўлмаслик эса охири фожиага туташадиган йўл.
Том маънода фуқаролик жамияти қуришга астойдил интилаётган бизнинг мамлакатимизда ҳеч бир имкон, имтиёз тасодифан берилмайди. Шунингдек, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг моҳиятида ҳам инсон омилини кучайтириш, унинг қадрини жойига қўйишдек олижаноб мақсадлар ётади. Шу маънода зўравонлик ва тазйиқларга қарши курашиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни ҳам ижобий ҳодиса сифатида баҳолаш керак бўлади.
«Ҳимоя ордери» тушунчаси ҳаётимизга кириб келгани хотин-қизларимизнинг ўз уйларида, жамоат жойларида ўзларини хатарсиз, ҳимояланган сезишлари учун асос бўлди. Аммо «Танганинг икки томони бор» дегандай, бу нарсалар аёлга ҳадеганда икки қўлини осмонга кўтариб, майдонга чиқиш ҳуқуқини бермайди. Эр-хотин бирор сабаб билан сан-манга бориб қолган бўлса, аёлнинг дарров мелисага чопиши тўғри бўлармикан... «Менга замон ҳақ-ҳуқуқ берди», дея эрини жазога торттирса, болалари олдида эрининг қадрини ерга урмайдими? Жазодан қайтиб келгач, эр-хотин қандай қилиб ҳеч нарса бўлмагандай бирга яшайди? Бир-бирининг кўзига қандай қарайди, совиган кўнгил қандай илийди...
Мен асло зўравонликни, жаҳолатни, қуллик ва қарамлик руҳини яратадиган онгсиз итоатгўйликни ёқламоқчи эмасман. Фақат янги имконлар ўзимизда бахт ва осойишталик учун мавжуд имконларни сиқиб ташламаслигини, ҳар иккаласи уйғунлашиб, бир-бирини тўлдириб яшашини истайман.
Таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг «Осмондаги болалар» фильмининг дастлабки қисмида гўзал бир эпизод бор: ичувчи эркак оилада ҳамманинг жонига теккан, ҳатто ижодкор ўғилнинг ягона қувончи бўлган камерасини ҳам нафси учун сотиб юборган. Мелиса уни олиб кетмоқчи... Ички ишларга ариза берган аёлнинг ўзи эрини машинага тиқаётганларида мелисанинг қўлига дод-войлаб ёпишади, сўнг ўғил...
Ана шу бизнинг характеримиз, табиий феъл-атворимиз. Ҳамма нарсанинг табиийси яхши бўлганидек, қонуну қарор, ундаги имтиёзлардан фойдаланиш ҳам миллий ўзликка терс келмаслиги зарур.
Модомики, гапимизнинг бир чеккаси қадриятларга келиб туташган экан, ўрни келганда яна бир фикрни айтишни жоиз деб билдим.
ҚИЗ БОЛА – ҚИЗИЛ ГУЛ
Миллатимиз учун қиз боланинг бошқача бир ўрни бор. Биз унга фақат фарзандларимизнинг бири дебгина эмас, ор-номусимизнинг кўзгуси ҳам деб қараймиз. «Қиз бола ота-онасининг, оиласининг юзи», деган гап бекорга айтилмаган. Шунинг учун азалдан оға-инилар ўз опа-сингиллари номусини ҳар томонлама қўриқлаганлар. Қизларга қизчалар ё йигитчалардан дил изҳори ёзилган хат киритгани учун унинг акаси ёки укасидан калтак еган ошиқлар қанча?.. Жигари бўлмаса ҳам маҳалладош қизлари учун ор талашадиган йигитлар... Айниқса, бундай ор талашишлар катта шаҳарларга ўқишга келган пайтларда бор эни-бўйи билан намоён бўлади. Сурхондарёликлар Сурхон қизларига, фарғоналиклар Фарғона қизларига ўзларини жавобгар ҳисоблашади. Йўлдан оғиш бўлса, тергайди, танбеҳ беради. Кимга қандай билмадиму мен учун бу туйғулар ниҳоятда қадрли. Ана шу ҳиссиётларда мен маънавий покизаликнинг ўзимизга азиз, қадрдон сувратларини кўраман. Бу сувратлардан узоқлашганимда ишбилармон аёлнинг «мен-мен»лаганидан озорланган лаҳзаларимдан ҳам кўпроқ қийнала бошлайман.
Гап шундаки, миллий сериалларимизда яна бир ёқимсиз ҳолат такрорланяпти. Уйланмаган йигитлар турмушга чиқиб ажрашган, бахти бузилган аёлларни севиб қолишяпти. Баъзилари ота-оналарининг қаттиқ қаршилигига қарамай, улар билан бемалол турмуш қуришяпти. Баъзилари «Кетаман, қайтиб келмайман», дея ота-онасини қўрқитиб, рози қилишяпти.
Майли, ҳаётда шундай воқеалар бордир. Мен ёшгина бўла туриб, ёлғон бахтга алданган аёллар шундайича ўтиб кетсин, қайта оила қурмасин, демоқчи эмасман. Аммо бу каби воқеалар бир эмас, бир неча сериалларда такрорланиб келаётгани, ҳатто бир сериалда бир эмас, уч йигитнинг жувонларга ошиқ бўлиши тасвирланаётган экан, бу ҳодисанинг иккинчи тарафи ҳақида ўйлашимиз керак эмасмикан?.. «Бокиралик қизлар учун ҳеч қандай аҳамият касб этмайди, у керак бўлса, уйланмаган йигитга ҳам ёр бўла олади» қабилидаги тўхтамлар чиқиб келмасмикан буларнинг орасидан?.. Агар шундай бўлса, миллатимизнинг таянч руҳий устунларидан бири ҳисобланган ор-номус тушунчаларимиз бир чеккадан сўкилиб кетмайдими?..
* * *
Биз, ижодкорлар кино ёки сериал яратамизми, китоб ёзамизми, миллатни миллат сифатида ушлаб турадиган белгилардан узоқлаштиришга хизмат қиладиган фикр беришга ҳақимиз йўқ. Бу – миллатга хиёнат бўлади!
Қутлибека РАҲИМБОЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Манба: "Ишонч" газетасининг 2024 йил, 26 сентябрь № 118- сони.