ДАБДАБАБОЗЛИККА ЗЎР БЕРИШДАН МАҚСАД НИМА?
Кейинги пайтларда умра ва ҳаж сафарларига бориб келаётган ҳамюртларимиз кўпаймоқда. Бошқалар қатори мен ҳам уларга ҳавас қиламан. Аммо ижтимоий тармоқлар орқали муқаддас жойларни зиёрат қилиб қайтганларни тантанавор кутиб олиш, туяга ўтқазиш маросимларини кўриб, ҳайратдан ёқамни ушлайман беихтиёр.”Астағфурулоҳ, шунақаям бемаъни қилиқ бўладими?” деб юбораман. Шаҳарларда бошланган бу ғалати одат ҳозир қишлоқларга ҳам кириб боряпти. Ҳовлининг турига “Умра муборак” деган сўзларни ёздириб қўйиб, атрофини худди тўй қилаётгандек шарлар ва гуллар билан безатишяпти. Катта кўчага узундан-узун матолар, кўрпачалар ёки гиламларни тўшаб зиёратчиларни кутиб олишяпти, ҳатто мушаклар отишяпти. Кимдир эгнидаги чопонини, кастюми ёки курткасини энг ажабланарлиси боласини ҳам поёндоз қилиб уларнинг оёғи остига қўяяпти.
Ҳаж ва умрага борган тўрткўллик Қосим ҳожи, шунингдек хонободликлар масжид олдида дабдаба билан кутиб олинганини кўриб энсам қотди.
Улар орасида машҳур санъаткорлар ҳам бор. Юлдуз Усмонова, Дилдора Ниёзова, Хосият Ҳусанова, Севинч Мўминова, Шаҳло Зоирова сингари таниқли санъаткорлар катта дастурхон безатиб зиёфат беришганидан ҳайратга тушдим.
Ҳаж ва умра сафарига бориб келганлар бу билан ўзларини кўз-кўз қилишмаяптими?Ахир орамизда кўплаб мискинлар, бева бечоралар, етимлар, мардикорлик қилаётганлар, дорига ёки операцияга пул тополмай зор-зор йиғлаётганлар бор. Наҳотки умрага бориб келганлар уларни кўрмаётган ёки эшитмаган бўлсалар? Бордию аксинча бўлса қанчадан-қанча маблағларини дабдабабозликка сарфлагандан кўра, ўша бечораҳол кишиларга моддий ёрдам сифатида эҳсон қилганлари маъқул эмасми? Ахир муҳтожларга кўмаклашиш одамларга холисано яхшилик қилиш энг савобли ишлардан бири-ку!
Бугун дабдабабозликни авж олдириб, ўзини кўз-кўз қилаётганлар буни ҳамиша ва ҳар қандай вазиятда ҳам ёдда тутсалар фойдадан холи бўлмасди...
Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист.
Манба: "Ишонч" газетаси. 2023 йил.