ЎЗ ИЗИНГИЗ БЎЛСИН


ЎЗ ИЗИНГИЗ БЎЛСИН
(Қўшмачи аёл билан ноанъанавий суҳбат)

- Кечирасиз, сиз билан суҳбатни нимадан бошлашга ҳам ҳайронман?
- Сиз ҳам мени кечирасиз, унда нима учун келдингиз? Хоҳлаган саволингизни беришингиз мумкин. Менинг (сизларнинг тилингизда) миллий минталитетимизга хос бўлмаган йўлда эканлигим сизни ажаблантираётган бўлса, бу йўлга мен аллақачон кириб бўлганман. Энди орқага йўл йўқ. Бунинг учун ҳеч хижолат бўлмасдан хохлаган саволингизни беришингиз мумкин. 
-  Узр, сўраган ҳолда, бир савол бермоқчиман, бу йўлга қандай кириб қолгансиз? 
-  Қандай қилиб кириб қолганман? Бу савол мени ҳам ўйлантиради. Шу саволни ўзимга-ўзим кўп бор берганман. Мен ёш эдим. Отам билан онам ҳар кун жанжал қиларди. Ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини мен ажаратолмасдим. Бўйим етди. Фикр хаёлим бу уйдан узоқларга кетиш бўлиб қолди. Менинг учун энг тўғри йўл шу эди. Агар оила деганлари, эру-хотин деганлари шу бўлса мен ҳеч қачон турмуш қурмасликка бўлган хохишим кундан кунга ўсиб бораверди. Бир кун ҳаё-ҳуйт дедиму уйдан чиқиб бош олиб кетдим. Қаёққа кетаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Бир нарсани биламанки фақат шу уйдан жуда узоқларга кетишим керак ва ҳеч қачон қайтмаслигим керак. Кўп йиллар тентирадим, қилмаган ишим қолмади. Кимдир менга раҳми келиб ишга олар, кимдир ачиниб. Ижарада ҳам уйма-уй кўчдим. Лекин барибир кўнглимда бир илинж бор эди. Ёшлигимда эртакларни кўп ўқирдим. Барибир бир кун келиб бир шаҳзода мени олиб кетади. Ўшанда барча азоблардан қутиламан. Афсус йиллар ўтди. Мени ҳеч қандай шаҳзода олиб кетмади. Бир кун ақлим кириб уйга қайтмоқчи бўлдим. Ота онамни суриштирсам улар аллақачон ажрашиб кетибди. Менга бошқа йўл қолмади. Ҳозир сиз сўрашга ийманаётган йўлга киришдан бўлак бошқа иложим ҳам йўқ эди. Яна озроқ ҳаёт синовларига чидашим мумкин эди. Лекин менда ирода етишмади. 
- Яна озроқ кутишингиз, ҳаракат қилишингиз, ўқишга интилишингиз ёки бирор жойда ишлаб шаҳзодангизни кутишингиз мумкин эдику?    
- Менга журналистларнинг фақат газета орқали айтадиган гапларини айтманг илтимос. Менга дангал гапиринг. Мен энди ёш эмасман. Сизга айтишга осон. Мен ўзимча кўп кутдим. Ҳақоратлар, турткилашлар ва энг ёмони ўзим ҳақимда бирор жойдан яхши гап эшитмадим. Ким бўлса «сен яхши бўлганингда ота-онангнинг уйидан кетиб қолмасдинг» деган дашномлар кунлик мени эзғилар эди. Кейин, еб-ичишим, кийинишим ва ижара пулини тўлашим учун ҳам топаётганим етмасди. Нима қилишим керак? Менинг учун бошқа йўл йўқ эди. Мен ёмон йўлга кириб кетмаслигим учун сиздан пул сўрасам берармидингиз?
- Узр, сиз очиқча гапиринг деганингиз учун мен ҳам очиқчасига фикримни айтмоқчиман. Биринчидан, бирор қиз бола бегона эркакдан шунчаки пул сўрамайди. Иккинчидан, шахсан  мен нотаниш қиз пул сўраса у қиз ҳақида яхши фикр билдирмаган бўлардим.  
- Унда, мендан нима учун бу йўлга киргансиз? деб ҳам сўраманг-да. Бу учун ҳеч кимни айбламайман. Ҳаётнинг бешавқатлиги ҳам бунга сабаб бўлмайди. Сиз мен учратган одамлар билан суҳбатлашсангиз. Мен кўрган кунларни кўрсангиз, ўнталаб китоб ёзган бўлардингиз. Менга китобий гапларингизни қўйинг. Яхшиси саволингиз тугаган бўлса мени холи қолдиринг. Шундоқ ҳам ҳаётдан чарчаганман. 
- Нега ажабланасиз? Сиз савол бердингиз мен жавоб бердим. Майли, ўтган ҳаётингиз давомида нимага эришдингизу, нималарни йўқотдингиз?
- Ана бу бошқа гап. Мен ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Ўзи нимага эришдиму, нималарни йўқотдим? Мана кўриб турибсиз, яшаш шароитим ёмонмас. Уйим шинамгина. Ҳамма шароит бор. Бирор кун гўштсиз овқат емайман. Хохлаганча кийим ва тақинчоқларим ҳам етарли. Уйимни ҳар йили бир қайта жиҳозлайман. Эски мебелларимни сотаману, яна янгисини оламан. Телефонимга келаётган қўнғироқларни кўрсангиз ақлингиз шошади. Бирортаси оддий одамлармас. Нимани хохласам бир зумда муҳаё этишади. Кўпчилик менга ҳавас қилишади. Балки йўқотадиган нарсам йўқлиги учун ёки оғзимга келган гапни қайтармаслигим учун ҳам фақат менинг олдимда тилёғмалик қилар. Барибир ўзинг ҳақингда ҳеч ким олдингда ёмонламаса яхшида. 
Энди йўқотганларим ҳақида гапирсам... Бу жуда оғир, баъзан ўйласам юрагим орқага тортиб кетади. Бирор кун ўлиб-пўлиб қолсам тобутимни ким кўтараркан деб ҳар кун ўйлайман. Бизда майит кўчада қолмаслигини яхши биламан. Лекин, қабрга қўйганларида «марҳум қандай одам эди» десалар, нима дейишаркан, шуни билмайман. Нима бўлганда ҳам ўзимга-ўзим ачинаман. На оила қилдим, на фарзанд (буни фақат сизга айтаяпман)
- Нега турмушга чиқмадингиз? Ўзингиз истамадингизми ёки сизни исташмадими?
- Анча илмоқли савол. Нима десам экан? Мен ҳам инсон сифатида, бир аёл сифатида, оилам бўлишини, тепамда яхшидур ёмондур эрим бўлишини ва шунингдек фарзандларим бўлишини жуда-жуда истайман. Афсуски, менимча энди кеч. Баъзан ўйласам юрагим орқага тортиб кетади. Мендан тирноқ ҳам қолмаяпти. Эртага бу дунёдан ўтсам менинг чироғимни ким ёқар экан, деб ўйланиб қоламан. Баъзан кечаси билан йиғлаб чиқаман. Дардимни ҳеч кимга айтолмайман. Айтмайман ҳам. Нима қиламан айтиб. Кейин устимдан кулиб юришлари учунми? Мен кўчада юрганимда, қўшниларим олдида, шундоқ қувноқ юраманки, ҳамманинг менга ҳаваси келади. Шу инсоннинг дарди йўқ бўлса керак деб ўйлашади. Аслидачи, энг оғир дардлар менда. Бу дардлар ич-ичимни кемириб охири еб адо қилса керак деб ўйлайман. 
Ҳеч бўлмаса чала ярим бўлса ҳам, бир меҳрибон эркак ёнимда бўлса, майли мени урсин, сўксин, лекин баъзан меҳрибонлик билан бошимни ёсдиқдан кўтаролмай ётганимда бир пиёла чой узатса эди дейман. Ёш эдим менга уйланмоқчи бўлганлар ҳам бўлди. Мен уларни менсимадим. Тўғрироғи, «бизнес»имга халақит беришини хохламадим. Энди эса менга ким ҳам уйланарди. Беникоҳ бола ортиришни эса хохламадим. Болам ҳам мендек умр кўрса яхшиси унинг кераги йўқ дедим.
- Ҳар хил оғир хасталиклар ортиришдан қўрқмадингизми? 
Бошида қўрқдим, даволандим, яна юқтирдим. Охири касалликлар ҳам мендан нафратландими? Оғримай ҳам қолдим ёки ҳар хил касалликларга кўникдим. Духтирлар тили билан айтганда, иммунитет ҳосил қилдимми, хуллас билмадим. Бир кун келиб бу асоратлар мени емиришини биламан. Нима қилай, қўлимдан нима келади? Мана бу пешонага ёзилган эканда (пешонасига уриб-уриб қўяди). Нима бўлганда ҳам ҳаётда адашганлигимни энди энди тан олаяпман. Барибир яшашимга узоқ қолмаганини биламан. Менга неча ёш берасиз? қириқ ёш беришингиз мумкинми?
- Сизгами? (бир оз каловланиб қолдим, нима бўлса ҳам ёшидан бир икки ёш камайтириб айтишим керак эди, чунки зўрға кўндириб ўтирган суҳбатдошимдан ажралиб қолишим ҳам мумкин) Йўқ, ўттиз тўққизларга киргансиз деб ўйлайман.
- Қирқ олтига кирдим. Сиз ёлғон гапирдингиз, ҳозир менга эллик ёш беришлари мумкин. Мен ёшлигимда жуда гўзал эдим. Ўзимнинг ҳуснимга ўзимнинг ҳавасим келарди. Мен ўзимга ўхшаганларни космонавтларнинг умрига ўхшатаман. Улар коинотда ўн йил учишсин ўша ёшда тураверкан. Лекин ерга қўнганларида ҳар куни бир йилга кексаради. Биз ҳам шундай энди кунлик кексарамиз. «Менга тез-тез жуфтингни ўзингдан ёшларга алмаштириб турсанг ёшарасан» дейишганди. Ҳаммаси сафсата. Мен шунинг учун ҳам тез кексардим. Бу табиатнинг бешавқат қонуни. Унга ҳамма ҳам бўйсуниши шарт. 
- Армонингиз борми?
- Армон, нима у? Шу ҳам савол бўлдию... (мийиғида кулиб қўяди). Тўхтанг, мана бу хонага юрингда (мени мўжазгина, лекин алоҳида дид билан безатилган хонага етаклайди) Мен сизни таклиф қилгандан қанча ҳайратланган бўлсангиз, хонага кириб яна шунча ажабланган бўлсангиз керак?  Бу хона “детский" бу ерга мендан бошка ҳеч ким кирмайди. Баъзан йиғлагим келганда шу ерга келаман. Баланд овозда музиқа қўяману ҳўнгираб-ҳўнгираб йиғлайман. Балки, армон деганлари шудир. Яна биласизми нима? Бир кун кўчада невараларинг уйини тополмай тентираб юрган бир кампирни уйимга олиб келдим. Едирдим ичирдим. Роса мриқтириб чўмилтирдим, янги усти бош қилиб бердим. Кейин тўйиб-тўйиб ҳидладим ва шундоққина тиззасига бошимни қўйиб ухлаб қолибман. Тушимга онам кирганмиш. Мен эса, аллақачон ўлганмишман, қабримнинг тепасида онам айтиб йиғлаётганмиш. «Болама, болам, очилмай сўлган болам. Она меҳрини кўрмай кетган болам, ҳеч кимга дардини айтолмаган нолам..» уйғониб кетдим. Қарасам ҳалиги кампир йўқ. Хонама-хона қидраман. Кўчаларни чиқиб излайман биласизми ҳеч қаерда йўқ. Бирор кишининг кўзи ҳам тушмаган. Энг қизиғи манзилини ҳам сўрамабман. Тушумга кирган десам, мен алмаштириб берган эски кийимлари турибди. Балки фариштадир, дейман ўзимга-ўзим. Яна шу хонага кирдим. Мусқани яна баланд қўйдим... Балки шу армондир... (кўзларида ёш йилтирайди) 
- Бирор орзуйингиз борми?
Орзуйим бутун дунёда коммунизим бўлишини хохлайман (кулади) Менда нима ҳам орзу бўлсин. Агар дунёга қайта келишнинг имкони бўлганда, ҳаёт тарзимни буткул бошқача ўтказган бўлардим. Балки... яна шу йўлни танлармидим, билмадим. Сиз мени чалғитиб ташладингиз. Мен сизга кино юлдузмидимки орзуйингиз нима деб сўрайсиз. Яхши савол беролмаяпсиз. Менга ўзимнинг йўналишимдан савол беринг.
- Сизга роса кўп саволларим бор. Лекин газетага ҳаммасини ҳам бериб бўлмайди. Бизнинг ҳам катталаримиз бор, кейин бизни  уришади. 
- А, сиз газетага ўраб айтинг. Газета сизларда мўл бўлса керак (кулади). Мендан душманингиз борми? деб сўранг. Роса ҳам душманларим борда-а. Бизда аёвсиз ўртада жанг кетади. Орада буткул йўқ бўлиб кетадиганлар ҳам бўлади. Конкуренция нима эканлигини мендан сиз яхши билсангиз керак. Айниқса, янгилар бу йўлдан тез олиб ташланади. Қайсидир соҳада ўзига ўхшаганларнинг кўпайишларини хохлашар, лекин бизда эмас. Чунки, бу «янгилар» бозорни ўлдиради. Кейин, кимларга ҳасад қиласиз? деб сўранг. Эрни қўриқлайдиган жувонларга, оилам бус-бутун дейдиган сабрли аёлларга. Эрим хиёнат қилмайди деб оғиз кўпиртирадиган хотинларни кўрсам еб қўйгим келади. Секингина олдида кулиб қўяман. Кейин қандай бўлмасин эрининг вафодорлигини «иботлайман». Бир умр бола чақамга деб бор будуни йиғиб юрганлар  менинг тузоғимга бир тушса бир умр ўша "будуни" менинг уйимга ташийди.
- Бўлди-бўлди, мен ҳам савол берай?  Масалан, сиз нимадан қўрқасиз? 
- Нимадан қўрқардим? Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Ажинадан ҳам, алвастидан ҳам, бўридан ҳам, тулкидан ҳам. Мен ўзимдан-ўзим қўрқаман. Чунки мен аъламзадаман. Сезиб тураман ҳамма иложи бўлса ўзини олиб қочишади. Халқимизда «ёмондан қочда қутул», деган нақл борку (кулади). Ҳа, мен ўша ёмонман. Баъзан ўзим ёлғиз қолганда тундан қўрқаман. Ўшанда ҳамма нарса менга рангсиз кўринади. Оқ ва қора. Сиз буни таассавур ҳам қилолмайсиз. Аксига олиб уйқум ҳам келмайди. Тонг отишини шунчалар кутаманки, соат миллари тўхтаб қолгандек бўлади. Чидаб икки-уч соатни ўтказдим деб соатга қарасам ё ўн, ё ўн беш минут ўтган бўлади. Ичдим, чакдим, юзимга балчиқлар чапладим, тиллоларга ҳам бурканиб юрган вақтларим бўлди. Ҳаммаси бир пул экан. Биласизми, мен бир мультик кўрганман. Мультикда бир мушукнинг изи йўқолиб қолади. Қаерга борса ҳам, қанча юрса ҳам ҳеч изи йўқ. Нима қилишини билмай тулкидан маслаҳат сўрайди. Тулки унга «ахир бу зўрку изинг бўлмаса қаердан нима ўғирласанг ҳам сени изингдан топиб олишолмайди» деб уни хароб қилади. Мен ҳам изи йўқолиб қолган мушукка ўхшайман. Лекин инсоннинг изи қолмаса қийин экан. Ҳар бир инсоннинг ҳаётда ўз изи бўлсин.
Суҳбатдошим билан хайрлашиб кўчага чиқаман. Атрофдагилар менга ҳайрат билан қарашади. Ҳатто бир аёл ёнгинамдан "яна журналист эмиш" дея минғирлади. Яна бири эса "ўзи эркак зотига ишонч йўқ" дея ўтиб кетди.

Рамазон АШУРОВ суҳбатлашди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот