БОДОМ ШОХИ ТИТРАГАНДА...
Мунаввара УСМОНОВА
БОДОМ ШОХИ ТИТРАГАНДА...
Умр йўлдошим сим қоқиб тез кунда пойтахтга кўчиб кетишимизни айтганида маслаҳат қилиш учун қайнонамнинг ёнига бордим:
– Болам, менинг опа-синглим йўқ, сизга суяниб қолганман. Оиламнинг тўнғичи ота ўрнида ёнимда бўлса, кўнглим тўқ бўларди. Аммо, тақдирнинг ишига иложимиз йўқ, эр қаерда бўлса хотин ўша ерда бўлиши керак. Рўзғорингиз тўрт томонга чочилмасдан бир бутун бўлса янаям хотиржам бўламан. Чолим раҳматли шаҳарда яшашни орзулаб ўтди. Ҳаёт бўлганида суюниб сизларни ўзи бирга олиб борарди. Ота-онангиз билан ҳам гаплашиб кўринг. Дадангиз сизга бошқача меҳр қўйган, олисда яшашингизга кўнармикан, розилик берармикан -деди ўйланиб.
Дадам менинг гапларимни тинглагач,бироз индамай ўтирди-да, кейин: “Ўзингиз қандай фикрдасиз, қизим? – деди менга савол назари билан қараб.
– Мен нима дейишга ҳайронман. Неварангиз бу йил мактабни тамомлаш арафасида. Иш, уй-жой, мол-қўй дегандек, ҳаммасини қандай ташлаб кетаман,– дедим йиғидан аранг ўзимни тийиб.
– Қизим, қиз бола палахмон тоши деган гап менинг кўнглимда яна бир исботини топиб турибди. Сизларга бошқа қишлоқдан совчилар келса “каналдан пастига қиз бермайман”, – деб катта гапириб, қўшни маҳаллаларга узатибман. Тақдирдан қочиб бўлмайди. Синглингиз оиласи билан шаҳар марказига кўчиб кетди. Бугун сиз ундан олисга кетишга шайланиб турибсиз, розилик бермай, иложимиз йўқ. Жондек яқин, меҳрибон ака-укаларингиз бўлгани билан улар фарзандларингизга ота меҳрини беролмайди. “Тоға” деганига жонини нисор қилса ҳам, “дада” деб чақирса ҳеч бири ортига ўгирилмайди. Аммо, дилингизга тугиб олишингиз керак бўлган бир – икки насиҳатим бор. Инсон қаерда бўлса ҳам ватанпарвар бўлиши, ўзини эмас халқнинг манфаатини ўйлаб иш тутиши керак. Ҳалолдан ризқ топиб еган одамнинг халқуми тоза, виждони уйғоқ бўлади. Камол топаман, десангиз камтар, хокисор бўлинг. Боши осмонни тешаман деб ҳаволаниб юрганлар ҳам, кимхоб либос кийиб, ва ё ямоқ чопон кийиб ўтганлар ҳам барчаси бир ерда, бир мақомда шу хокисор тупроққа бош қўяди. Умр йўлдошингиз нима деса сизга ўша гап қонун бўлиши керак. Ардоб атала ичса-ичасиз, бўз матодан кийим олиб берса, киясиз. Борига кўниб — яхшисини ошириб, ёмонини яшириб яшасангиз ҳаётингиз ҳавас қилгудек бўлади. Олис жойда дард айтадиган яқинингиз йўқ – ўғлингиз ота бўлсин, қизингиз она. Биламан, бошингизда яна қанча уқубат, қанча заҳмат бор. Ҳаммасини янгидан бошлашингиз керак. Умр йўлдошингиз оилам билан бирга бўлсам ишимда унум, топганимда барака бўлади, деб сизларни чорлаган бўлса керак. Бир гапимни унутманг: Бир пайтда “Оила омонлиги – тил билан” деб номланган мақолангиз қўлма-қўл бўлган, кўп ёшлар ибрат олган. Ўз сўзингизни оқлашингиз керак қизим! Тилингизга эрк берманг. Эрнинг гапини қайириб, оёқости қилган аёлнинг охири вой бўлади. Гуллаган боғим, ясатилган уйим, жигарларим қолиб, келганим шу тўрт девор ичи бўлибдими, кетаман, деб тугунингизни қўлга олиб йўлга тушсангиз, аро йўлда қайтиб келсангиз, мен сизни кечирмайман. Рўзғор юкига иккиланмай елка тутинг. Борига барака берсин, деб Эгамдан тилаб ҳаракат қилинглар. Катта шаҳарда ўзингизга мос иш тополмасангиз, ҳунарингизни ишга солинг. Бувихон чеварнинг невараси эканингизни унутманг. Яна айтаман қизим, сабрли бўлишда ҳикмат кўп. Бир этак бола-ю, бир дунё ташвиши бўла туриб, далага чиқиб кетмон чопган, ипак қурти боқиб, тунлари мижжа қоқмай чиққан онангиз ҳаётидан нолимай яшади. Икки тандир нон ёпсам, бир кунга етмади, – деб у айтмади, катта рўзғорнинг камини бир ўзим тортяпман, ҳурматимни жойига қўй, деб мен айтмадим. Аммо, орамиздаги иззат-ҳурмат ҳеч қачон барҳам топгани йўқ. Ижодингизни давом эттирсангиз, катта шоирлар изидан бориб асл шоир бўлсангиз, нур устига нур, аммо, акси бўлса ҳам руҳингизни туширманг. Оила деган қўрғоннинг бир таянч устуни бўлиб қоласиз. Ҳаётнинг ҳамиша саҳифаси очиқ турадиган “Ибрат” номли китоби бор. Ўша китобга меҳрибон она, яхши бека, содиқ аёл деган ном билан қайд этиласиз. Уйингиз, молу мулкингиз, оилангиз Оллоҳга омонат бўлсин. Баҳорнинг илк ойларида турибмиз. Қизим, мен сизни ўрнингизга бодом экаман...
Кетдик. Оиламиз билан Тошкентга кўчиб кетдик. Отам эккан бодомлар қаҳратон қаҳридан қақшаб, аранг баҳорга етиб олса ҳам, аёз ханжари вужудини нимталаган бўлса ҳам қуримади. Гуллайверди, гуллайверди, кўкка қараб интилаверди, отамга мендан ҳабар айтаверди... айтаверди... Бодом шохи титраганда, дадам мени йўқлаб бораверди... бораверди...
– “Анжонга борамиз”, – деган гап айтилган лаҳзадан бошлаб юрагим уйғониб кетади. Кўзимдан уйқу қочиб, вужудимни шодлик қамрайди. Айниқса, водийга яқинлашганда машинадан тушиб гул экилган йўлаклардан югуриб кетгим келади. Димоғимга райҳон, иссиқ нон иси урилади. Юрагим хаприқиб бўғзимга қадалади. Йўлга чиққанимиздан хабардор бўлган дадам, кўча дарвоза ёнига тўшак солиб: ўтириб олиб, йўлимизни пойлайди. “Довон ошиб мени кўргани келган полвон қизим,”-деб эркалайди. Шундай кунларнинг бирида дадам: “Сизда гапим бор, қизим”,– деб қолдилар. Жон деб қулоқ тутдим:
– Дадажон, борганимизга хали кўп бўлгани йўқ-ку, келинг десангиз уйдагилар билан маслаҳатлашиб йўлга чиқамизда. Тинчликми?
Дадам бизни соғиниб, яхши кунларини илиниб, йўлларимга термулиб, тўкилиб-тўкилиб, ўкиниб кутарди. Оиласи бут, хонадони тинч бўлсин, деб ўзи оқ фотиҳа билан тугунимга қанд чўнтагимга пул солиб кузатгани билан умрининг охиригача дийдоримга ташна бўлиб ўтди.
2011 йил 5 май куни дадажоним 85 ёшга кирдилар. Туғилган кунларида меҳмон кутишни, невара, чеваралар, жигарлар билан дийдорлашишни яхши кўрадиган дадамнинг туғилган кунлари катта байрамдек ўтар, уйимиз меҳмонга тўлиб кетарди. Ўша кунлари катта акамнинг умр йўлдоши, келинойимиз бевақт вафот этгани боис ҳаммамизнинг дилимиз қайғуда эди. Дадамни телефон орқали қутлаб, хотира куни бораман, дедим. “Мени хотирлайсизми, қизим”,–деб ҳазиллашдилар. “Йўқ, дада ўтганларни хотирлаб, сизни қадрлаб бораман”, – деб жавоб қилдим. Ўша куни борганимда дадамнинг негадир хаёли паришон эди. Таомгаям, одамгаям эътибор қилмай, хаёл суриб ўтирган дадамни кулдирмоқчи бўлиб, “Олтиним-у-ув”,- деб эркалаб чақирдим. “Ҳув”, – деб мен томонга ўгирилган пайти “ўн кунда одам шунча ўзгариб кетадими-а, мен сизни танимаяпман, дада”,- дедим.
– Қизим, баҳорда, май ойида дунёга келган эдим. Мана шу ойда кетсам керак. Сиздан бир илтимосим бор. Акаларингиз, хабар берса, тез келинг. Кўзим очиқ бўлса худонинг инояти, агар кўз юмган бўлсам ҳам бошимга келиб: “Дада, мен келдим”, – денг. Руҳим ҳаловат топиши учун ҳам шундай қилинг. Бир яхши фарзандидан отаси минг марта рози бўлса, мен сиздан миллион, юз миллион маротаба розиман. Онангиз иккимиз сизларни дунёга келтириб ҳар бирингизга касб-ҳунар, бериб қаторга қўшиб кам бўлмадик. Ҳаммангиздан яхшилик, меҳр-мурувват кўрдик. Менинг бойлигим ҳам, бисотим ҳам – сизлар. Уч қизни тарбиялаб, яхши хонадонга узатиб бахтини кўрган ота-она жаннати бўлади дейишади. Худо хоҳласа, маҳшар тонгида очиқ юз билан уйғонаман. Шоир қизим мени, икки йўлда овораи сарсон бўлиб, қадр қиладиган болам мени, бағримдан узилган лола қизим, она қизим, онам қизим мени...
Ўша куни ота-онамнинг дуосини олиб, хайрлашиб, энди машинага ўтираман деганда: “Мунаввархон қизим-у-у-ув” –деб ортимдан дадамнинг чақиргани эшитилди. Қайтдим, яна қайтдим, ўша куни беш марта хайрлашиб, беш марта ортимга қайтдим. Умр йўлдошим ҳам, мени кузатиб ортимда турганлар ҳам ҳайрон бўлиб қолишди. Кун оға бошлаган пайтида ҳам бояқиш, отам мендан кўнглини узолмасди, бир қадам ташласам ортимдан исмимни айтиб чақирарди. Ҳамма нарсани унутиб ўша куни дадамнинг ёнида қолдим. Энди билсам ўшанда сўнгги марта гапларини эшитган, охирги марта кўксига бош қўйиб видолашган эканман.
Одамлар пахса, гувала билан уй солган ўша даврларда дадам меҳнат қилиб ҳеч кимникига ўхшамайдиган кўркли иморат тиклаган. Кўпинча айвон устунларига қараб қувониб, “баланд, чиройли қурилган уйда улғайгани учун ҳам ўғил – қизларимнинг қадди тик, руҳи баланд, бургут қарашлари бор-да”, – деб фахрланиб қўярдилар.
Оиламнинг мустаҳкам бўлиши, фарзандларимнинг кўнгли бутунлик билан улғайиши учун дадам ўз меҳрини, соғинчини, ўкинчи-ю, армонини менинг йўлларимга поёндоз қилди. “Андижонни соғинганимда”, деб ёзган шеъримни ўқиб берганимда, қўлимдаги шеър битилган варақни кўзларига суртиб, “Андажоним қолди”,– деб ёзган Бобур бу юртнинг тупроғига зор бўлиб ўтди. Сиз икки қадам ташласангиз – Андижонни бўйлари кўринади. Тўйларида, яхши кунларида, Андижонни, Марҳаматни йўқлашни, ёзишни унутманг ,– дегандилар. Азалдан Андижонимнинг тупроғи қутлуғ, номи улуғ эди. Энди эса отам бош қўйиб ётган бу мукаррам тупроқ мен учун ҳам азиз, ҳам муқаддасдир.
Секин бориб, отам пойига
Тиз чўкаман бошимни қўйиб.
Юзим босиб тупроқ-лойига,
Остонада йиғлайман тўйиб.
Сўнг гуллаган бодом тагида
Ўтираман дарахтни қучиб.
У – отамнинг қизи бўлди-да,
Мен кетганда Тошкентга кўчиб.