Шукроналик умр безаги


    Ўзбекистон Халқ артисти – Гавҳар Зокированинг отаси Акмал Зайниддинов ҳарбий хизматчи бўлган. Кўринишидан чайир, меҳнатда қотган бу инсон ниҳоятда кўркам, тиришқоқ ва китобсевар бўлган. Онаси Турғуной Авлонова Абдулла Авлонийнинг қизи Сора Авлонийнинг тўнғич фарзанди эди. 
    Ёшлигидан адабиёт ва санъатга ўч Гавҳар кўплаб шеърлар ёдлар, ўқиган асарларидаги монологларни берилиб ижро этар эди. Ундаги ярқ этган истеъдодни сезган авлодининг ёши катталари унинг бу машаққатли йўлни танламаслигини хоҳлашар эди. Аммо, Гавҳар санъат йўлини танлади. Қизини ақлу–идрокига ишонган Турғуной ая унинг орзуларига қарши бормади. Суюкли қизини Театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирганини отасидан анча вақтгача сир сақлашди. Гавҳар Авлоний бобосини қатағон қурбони бўлганини эшитган, ул табаррук зотни истеъдодли бўлганлиги, мактаб очиб, дарсликлар ёзгани, изтироблар, адолатсизликлар, таъқибларга қарамай қайта-қайта газеталар нашр этгани ва бу эзгуликлар учун қаттол замон қиличи остида қирилганлардан бири бўлганини эшитган эди. Гавҳарнинг кичкина юрагида катта исён пайдо бўлган эди. Бу номард тақдирдан нафрати баттар алангалаб кетмаслиги учун авлодлари ундан Абдулла Авлоний бобосининг ўзи театр тузганлиги афсус бу театр ҳам нобакорлар томонидан йўқ қилиб юборилганилиги беркитишганди. 
     Акмал ака эса қиз боланинг санъат йўлидан кетиши, унинг оила қуришда катта муаммоларни кўндаланг қилиб қўяди, деб ўйлар эди. Инсон ҳаётида бу борадаги омадсизлик унинг касби–кори билан ҳам боғлиқ, деган фикрда эди у.
      Ўқиш ва ўрганишга боши билан шўнғиб кетган Гавҳарнинг йигитлар ҳақида бош қотиришга деярли вақти йўқ эди. У бирга ўқийдиган ҳамкурсларига фақат дўст сифатида қарар, улар ҳам Гавҳарга -  энг аълочи қизга ҳатто ҳазиллашиб гап отишмас эди. Улар қаторида параллел курсда ўқийдиган Жамшид Зокиров деган кўркам йигит ҳам бор эди.
    Кунлардан бир куни бетоб бўлиб ўқишга келолмаётган курсдошларининг уйига ҳол сўрашга боришди. Талабалар шўх-шодон ҳазиллари, беғубор қулгилари туфайли беморни ҳам ўрнидан туриб рақсга тушишига эришдилар. Узоқ давом этган “касал кўрди”да курсдош қизларидан бири бўлмиш Барчиной Бакирова тўсатдан “Жамшид, Гавҳар сизлар бир-бирларингизга жуда моссизлар, турмуш қурсанглар бўлар эди” - деди. Бирдан орага жимлик чўкди. Ҳамма бир-бирига қараб қолди. Бир муддат гангиб қолган Жамшид “Биласизларми? Қани эди, Гавҳар рози бўлса, мен унга уйланар эдим” - деди. Дафъатан ҳамманинг кўзи “Сен нима дейсан” - дегандек Гавҳарга термилди. Гавҳар эса ўзига хос қатъият билан “Мен ҳам Жамшидга розиман, деган бўлар эдим”- деди. Барча қувониб қарсак чалиб юборди. Орада қандайдир сир пайдо бўлди. Гавҳар бу параллел курсда ўқийдиган йигит ҳақида ўйлай бошлади. Уч кун ўтиб Жамшид Зокиров Гавҳарни кўл бўйидаги боққа учрашувга таклиф қилди. Ҳар икки хонадоннинг ёши улуғларининг суриштирувидан сўнг Акмал аканинг уйига бўлажак куёвнинг акаси - кимсан Ботир Зокиров совчи бўлиб келди. Бу буюк совчининг ташрифи ўша куни-ёқ бутун маҳаллага овоза бўлди.
     Ота-оналарнинг рози–ризолиги, нуронийларнинг дуолари остида бошланган тўйга Ўзбекистоннинг тўрт бурчагидан меҳмонлар келишди. Халқ артисти - Карим Зокировнинг хонадонида тонггача тантана бўлди. Унутилмас никоҳ кечаси. Унутилмас келин-куёвлик даври бир пасда ўтиб кетди. Гавҳар бу улуғ хонадонга муносиб келин бўлиб чиқди. У бу ҳалол сулоланинг бошлиғи - Карим Зокировнинг нақадар фидойи ва сабрли эканини ҳар доим сезиб, ҳурматда яшади. Ўғли Жамшиднинг тўйини муносиб қилиб ўтказиш учун Карим ота ўзи ишлаб турган театр касаба уюшмасидан каттагина қарз олган экан. У бу қарзни умри тугай-тугай деганда тўлаб бўлганини ўғли Жамшид ва келини Гавҳар марҳумнинг ҳужжатларини кўздан кечираётиб кўриб қолдилар. Улкан қалб эгаси бирор марта қарз олганини фарзандларига билдирмаган. Уларнинг қувончи қайғу ва ташвишга айланмасин –дея, оғирчиликларни ичига ютган экан. Ўша аччиқ ва армонли ҳақиқат бу икки санъаткорнинг ҳар икки томонлама нақадар сабрли одамларнинг авлоди эканлигини яна бир бор англатган эди. Бу икки санъаткор гоҳ Авлонийлар, гоҳ Зокировлар сулоласининг олийжаноблиги олдида умр бўйи эҳтирому ҳурматда бирлашдилар, бир- бирини тушундилар, авайладилар.
     Ҳар иккаласи ўқишни битириб, (Ўша пайтдаги Ҳамза номли академик драма театри) ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қабул қилиндилар.
     1972 йили ўғли Жавоҳир, 1976 йили қизи Оҳиста дунёга келди. 
    Улар образдан-образга ўсиб борар эдилар. Спектаклдан – спектаклга шон-шуҳрати ошиб борарди. Уларнинг истеъдод билан сийлаган тақдир, айрилиқлар билан ҳам синовдан ўтказди. Бирин-кетин жудоликлар юз берди. Жамшид Зокировнинг отаси Карим Зокировни, акалари ва Ботир Зокиров, Навҳал Зокировларни ҳамда муҳтарама онаси Шоҳиста аяни йўқотганида Гавҳарнинг қўлидан маҳкам тутди.
      Улар бирин-кетин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонларига эга бўлишди. 
   Гавҳар Зокирова 1989 йили Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” асарида Жамила ва Гулбаҳор образларини, Ойбекнинг “Қутлуғ қон” асарида Гулнор образларини яратгани учун Давлат мукофоти билан тақдирланди.
    Гавҳар Зокирова Ўзбек Миллий академик драма театрининг энг машҳур спектаклларида бош ролларни ўйнади. Булар: Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асарида Кумуш, Абдулла Ориповнинг  “Соҳибқирон Амир Темур” асарида Бибихоним, Фридрих Шиллернинг “Қароқчилар” асарида Амалия, Уильям Шекспирнинг “Оттелло” асарида Дездемона, Лев Толстойнинг “Тирик мурдалар” асарида Лиза, Гогольнинг “Уйланиш” асарида Агафия, Шароф Бошбековнинг “Тақдир эшиги” асарида образларини яратди.
     “Тўйлар муборак” бадиий фильмида Нигора ролини ижро этди.
    2012 йил элимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жамшид Зокиров бевақт вафот этди. Уни театр жамоаси бирдек яхши кўрар, бетоб бўлиб, бир  неча ой шифохонада ётганида, Гавҳархон унинг ёнида бўлиши учун шароит яратиб бердилар. Умид кундан–кун йироқлашиб борарди. Оғир кунлардан бирида Гавҳархон тобора саломатлиги оғирлашиб бораётган азизидан “Айтинг, нима қилсак енгил тортасиз? Айтинг, нима сизнинг жонингизга оро киради?” – деб сўради.
    Шунда қадрлиги “Сен қўлимдан маҳкам ушлаб турсанг бўлди” – деди. Афсус, афсус унинг ўзи Гавҳарининг қўлини ёлғиз ташлаб кетди. 
    Энди Гавҳар учун ҳар бир қаричидан Жамшид акасининг хотираси кўриниб турган театрдан бошқа таянч нуқтаси йўқ эди. У ўзини унутиб ишлади. 
     2016 йил Гавҳар Зокирова “Ўзбекистон Халқ артисти” унвони билан тақдирланди. 
    Афсуски, бу қутлуғ кунни Жамшид Зокиров кўрмай кетди. Чунки уларнинг орзуси эди бу эътироф нуридан жилоланган лаҳзаларни кўриш. Орадан 5 йил ўтиб, Гавҳар Зокирова ўзбек санъати ва маданиятига қўшган узоқ йиллик хизматлари учун 2021 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. 
     Азиз хотиралар ўчмас бўлиб қолар экан.
    Гавҳархон учун Жамшид акаси билан кечган ташвишлар ҳам ширин эди. Биргина актёрлик орқали топган маошлари албатта бекаму кўст яшашлари учун етарли эмас эди. Ўша пайтда атрофларидаги бошқа саҳна фидойилари ҳам худди улар каби - борига барака – деб, меҳнат қилишар эди. Болалари учун олмани доналаб олган кунлари ўтиб кетди. Фарзандлар улғайди. Қизи Оҳиста Зокирова ҳам олий маълумотли санъатшунос, ўзи куй ёзади, Оҳиста Жамшид номи билан қўшиқ куйлай бошлади. У бугунги кунда ўзининг ширали овози туфайли кўп сонли мухлисларига эга бўлиб бормоқда.
    Ўғли Жавоҳир Зокиров кино санъатида ўз овози, услуби ва ўрнига эга актёр бўлиб етишди. У ҳозирда ўзбек кинолари билан бир қаторда чет эл кино санъатида ҳам суратларга тушаётган, кенг ампуладаги ижодкор бўлиб улгурди.
     Муҳтарам Президентимизнинг чексиз ғамхўрликлари туфайли 2020 йил, 30 декабрида машҳур ўзбек маърифатпарвари, шоири, драматурги, педагог ва ношир, жамоат арбоби, ўзбек маданияти ва адабиётининг асосчиларидан бири – Абдулла Авлоний “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.  
    Ҳурматли Юртбошимиз бу юксак орденни “Кўксарой” анжуманлар саройида Авлонийнинг қизи Сорахоннинг набираси, Ўзбекистон Халқ артисти Гавҳар Зокированинг қўлига топширди.
    2021 йилда ҳукумат топшириғи билан Абдулла Авлонийнинг қабри Сергей Петрович Боткин номидаги қабристондан олиниб, ислом дини қоидаларига мувофиқ мусулмонларнинг азиз зиёратгоҳига айланган “Чиғатой” қабристонига кўчирилди. Бу эъзоз нафақат Авлонийнинг авлодлари учун, балки, миллатимизнинг шонли ва қонли тарихига ҳурмат бўлиб, тарих саҳифаларига муҳрланди. 
     Гавҳар ёшлигидан шукроналик туйғуси билан тарбияланди. Аллоҳим унга шукроналарни кетма–кет берди. 
    Муҳтарам Президентимизнинг ПҚ – 4908 сонли Ўзбекистон Халқ артисти, миллий эстрада санъатимиз асосчиларидан бири Ботир Зокировнинг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори чиқди. 
     Халқимизнинг юрагидан жой олган эстрадамиз шаҳаншоҳининг юбилей тантаналари мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйди.
     “Одам қувончдан ухлай олмай қолиши ҳам мумкинлигини шу ёшга кириб энди кўрдим. Бу балки “Гавҳар бедор туриб дуолар қилгин, зеро тунги дуолар Яратганга тезроқ етади ”, деган ишорамикан? – дейди Гавҳар Зокирова биз билан суҳбатда.
      У маърифатпарвар бобоси айтганидек яшамоқда ва қадрланмоқда. 
     Сўзимизни миллат ғурурини кўтарган, бугунги кунда барчамизнинг қалбимиздан ўрин олган улуғ бобомиз Абдулла Авлонийнинг айтганлари билан мухтасар қилсак, айни муддао бўлур эди: “Ватан туйғуси энг инсоний, энг мўътабар туйғулардан биридир. Ватанни шунчаки севиш мумкин эмас. Унинг дарди билан яшамоқ, унинг бахтидан қувонмоқ, у билан фахрланмоқ керак. Ватан онадек муқаддас. Уни қадрлаш, эъзозлаш, унинг шодлик ва қувончига шерик бўлиш, ғам–ташвишини баҳам кўриш фарзанднинг бурчидир”.

Зулфия МЎМИНОВА – шоира.
Манба: "САОДАТ" журнали. 
 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот