Жиддий огоҳлантириш


     Кўпчилик менга: "Жудаям эркатойсиз-аааа,  яқинларингиз сизни кўзмунчоғим деб чақирар экан", дейишади.  Эркатойлигим рост,  фақатгина ўрни келганида эркалик қиламан.  Иккинчи номим борлиги ҳам рост -- КЎЗМУНЧОҚ.  Қариндошларим, яқинларим, ака-укаларим Кўзмунчоғим деб чақиришади. Улар ўзларининг телефон хотирасига ҳам мени шу ном билан сақлаб қўйишган.  Аслида бу ном билан аталишим эркалик билан боғлиқ эмас. Буни  ўзига яраша тарихи бор... 
     Ақлимни таниб,  мактаб боришни бошладим. Синфдан синфга  кўтарилаверганим сари  ўзимда ғалати бир ҳолатни сеза бошладим.  Бир қулоғим гоҳида умуман эшитмай қоларди.  Дугоналарим билан турли хил ўйинлар ўйнаганимизда сўнг, яна ўз ҳолига қайтар, яхши эшита бошлардим. Аммо бу ҳақда уйдагиларга ҳеч нима демасдим. Шундай ҳол такрорланавергач, онамга бу ҳақда айтгандим,  дарҳол шифокорга олиб бордилар. Шифокор гап нимада эканлигини тушунмай, шифохонада қолишим кераклигини айтди. Ҳеч бир оғриқдан шикояти бўлмаган қизалоқ гоҳ эшитиб,  гоҳ эшитмай шифохонада юраверди.  Шифокорлар ҳолатни кузатиш билан овора.  Ўшанда ёши улуғ, тажрибали бир  шифокор обдон текшириб кўриб: "Қулоғининг ичида нимадир бор,  лекин айнан нималигини билиб бўлмаяпти", деди.  Шундай қилиб бир нечта шифокор ва ҳамширалар кузатувида турли чоралар кўрилди. Кутилмаган натижаси эса ҳаммани ҳайрон қолдирди. Ёши улуғ шифокор каттагина кўзмунчоқни менга кўрсатар экан:  "Мана қулоғингдан нимани олдик,  қизим",  деган эди. Тўғриси,  ўша кўзмунчоқ қандай қилиб қулоғим ичига кириб қолганига ҳалигача ҳайронман... 
     Буни эшитган барча қариндошларим роса кулишган ва ўша кундан бошлаб мени Кўзмунчоқ деб чақирадиган бўлишди.  
     Аслида ҳеч бир воқеа беҳикмат бўлмаслигига энди амин бўляпман.  Худойим менга болалигимданоқ эшитмаслик ҳисси қандай бўлишини тушунтирган экан.  Ёшимга ёш қўшилаётгани сари керакли пайтда сергак бўлишни,  ноўрин гапларга дуч келиб қолганда эса қулоқларни  "беркитиб" олиш қанчалар  муҳим эканлигини тушуняпман. Шундай пайтлар бўладики, гоҳида бирор сўз айтмай, жимгина тинглаб ўтирганингизда ҳам суҳбат ғийбатга айлана бошласа, кўнглингизда Эгамга бўлган зикрингизни айтиб, икки қулоғингизни ҳам кўзмунчоқ билан  "беркитиб" олишга тўғри келаркан... 
     Кеча мен туғилган кунимни эмас, эркатойлигимни нишонладим.  Яқинларим,  фарзандларим,  турмуш ўртоғим,  дўсту биродарларим,  халқим ва энг муҳими яратган Эгамнинг эркатойи эканлигини ҳис этдим! Сабаби Ўзи берган синовлари  билан ҳаётдан сабоқ олдириб, яна Ўзи кўнглимнинг истакларини бирма-бир ижобатини беряпти... 
     Мен ҳашамат ичида яшамайман, антиқа машиналарда юрмайман, мукофотлар олмаганман...  Сабаби, сабаби мен уларни Худойимдан сўрамаганман. Қисқагина ҳаётда жўн хоҳишлар билан яшашдан андиша қиламан. Минг шукурки, илтижо қилиб сўраганларимни эса навбати билан ижобатини кўрсаяпти.  Муҳими,  шу пайтга қадар ҳеч бир қароримдан, юрган йўлимдан,  босган қадамимдан афсус қилмадим,  афсус қилдирмади...  
     Суҳбат юзасидан қанчадан қанча жойларга,  ҳашаматли уйларга бораман. Негадир бу ғариб кўнглим сиртидан ялтираб турган ҳашамнинг ичидан мўлтираб турган маъюслик, ғам ва ноиложлик, торликни дарров сезиб қолади...  Шунда бу ҳаётда кўнгил хотиржамлигига ҳеч нима етмаслигига юрак-юракдан амин бўламан.  
     Мен раҳматли улуғ ёзувчимиз, устоз Шукруллонинг хонадонларида бир неча бор бўлганман. Кўп суҳбат қилганман. Болалик хотираларини ёзиб олиш учун борганимда ўша қутлуғ хонадонда 6 соат қолганман. Бу  энг узоқ  давом этган интервьюм эди.  Ҳашамдан йироқ бўлган бу хонадонда мен ҳақиқий меҳр-оқибатнинг, улуғворликнинг қиёфасини кўрган эдим. Икки ёши улуғ инсонларнинг бир-бирига бўлган меҳри, фарзандларининг ота-онасига болалардек қилаётган ғамхўрлиги, меҳмонларга бўлган ҳурматдан беҳад қувонгандим. Ёзувчи хонадонини тарк этаётганимда кўнглимни шунчалар ёруғлик қамраб олган эди-ки, буни сўз билан тушинтира олмайман...  Фақат йўл-йўлакай "Худойим,  хонадонимни мана шундай меҳр-оқибатга,  ёруғликка тўлдиргин",  дея ҳавас қилгандим.
     Ўшанда биз кўп қаватли уйда яшардик.
   Орадан кўп вақт ўтмай ҳовлига кўчиб ўтдик. Ҳовлимизни биринчи марта кўрганимда хаёлимдан:  "Уйнинг қурилиши, тузилиши устоз Шукруллонинг уйларига жудаям ўхшар экан",  дея ҳайрон қолгандим.  Демакки, эркатойнинг кўнглига қараб, яна бир ҳавасига Ўзи муносиб кўрибди. Минг шукурки,  фарзандларим ҳам меҳрибон... 
     Кеча менга вақт ажратиб табрик йўллаган, азизларим. Йилда бир марта эркалигим тутиб ўзим ҳақимда кўп гапираман. Бу Сизнинг меҳр-оқибатингиз, самимиятингиз олдида ожизлигим, беҳад қувонганимдандир.  Бунинг учун айбга буюрмайсиз, деган умиддаман... 
     Самимий тилаклар, эзгу ниятларингиз учун барчангиздан миннатдорман! Илоҳим, илоҳим ҳар бирингизнинг хонадонингиз ясама ҳашамнинг эмас,  ҳақиқий бахтнинг ёруғлигидан нурафшон бўлсин.  Кўнглингиз, дилингизга хотиржамлик, таскин бера оладиган, икки дунё саодатини бера оладиган чин мукофотларга эриштирсин. Юрагингизни муносиб ҳаваслар эгалласин. Қулоқларингиз хайрга, эзгуликка бошловчи сўзларни эшитсин!  
   Эркатой кўзмунчоғингиз Сизларни жудаям яхши кўради. Борингизга минг шукур! Эъзозим ва қадримдасизлар!

2021 йил.

***
     Айтишларича, 40 ёш жиддий огоҳлантиришдан дарак экан. Бу ёшдан кейин киши аввалгидан-да анча сергак тортиши ва ўтаётган вақтини, умрини янада кўпроқ таҳлил қилиши зарур экан.  
     Аслида,  ҳаёт шахсан мени анча йиллар аввал огоҳлантирган. Бутун оиламизни карахт этиб, тўнғич акам 29 ёшида оламдан ўтганда, ҳаётни нақадар омонат эканлигини англаганман... Онамнинг клиник ўлим ҳолатига тушганини эшитиб гангиб қолган, биргина сўзини эшитиш илинжида, кўзларини очишини уч кун кутиб, дуо қилган,  аммо...  
     Инсульт натижасида бутун танаси кўкимтир тусга кирган волидамни тўрт томондан оёқ-қўлларини силаб,  уқалаб:  "Мана,  танада қон айлана бошлади, ранг очариб, ўзгаряпти", деб илинж, умид билан қараб турган ака-укаларимни кўрганимда, шифокорнинг зўрға: "Афсуски, онангизни жони узилганига бир соат бўлди. Ҳозир фақат аппарат ёрдамидагина сунъий нафас оляпти. Сизлар бунга ишонмаяпсизлар. Бирпасдан кейин онангизни танаси бутунлай қотиб қолади... ", деган сўзларини эшитганимда огоҳлантириш тугул, юрагимга ҳаётнинг аччиқ,  шафқатсиз,  аёвсиз зарбасини,  тепкисини олганман... 
     Аслида бошимизга тушган, тушаётган ҳар бир синов - биз учун огоҳлантириш... Бироқ, бир-бирини изма-из қувлаётган йиллар инсонни яна-да сергаклантириб, огоҳ этиши мумкинлигига айнан мана шу қирқ ёшни қаршилаш мобайнида теранроқ англадим ва бу сўзларнинг ҳақлигига амин бўлдим...
     Шу бир йил давомида турфа феълли одамларни кўриб, фикр қилдим, хулоса чиқардим... 
     Вақт атрофдагиларни бирма-бир саралаб беришини  - нафақа ёшида бўлса-да, ҳаётнинг асл моҳиятини англолмаган айрим одамларни, таассуфки, ижод аҳлини, аксинча, ўзи ёш бўлса-да, яшашнинг асл ҳақиқатини идрок эта олган ақли теран ёшларни кўрдим! 
    Айрим ясама, чиройли юзларнинг ниқоби ортидаги макр, хийла, ҳасад, адоватнинг ҳақиқий рангини кўрдим...Тасаввур олами қотиб қолган, билим,  малака ва тажрибаси бўлмаса-да, ўзидан катта "даҳо" ясаб олган "буюк"ларнинг кўпайганини, энг ёмони, мардлик тушунчаси торайиб, лафзсизликни одат қилган субтсизларни кўриб, келажакдан хавотирга тушдим.
     Ўз ёлғонларига ўралашиб яшаётган ва бунга бошқаларни ҳам ишонтиришга уринаётган, туҳмат ва ғийбатидан "ажиб" кўйлаклар кияётганларни кўриб, ҳайратда қолдим. Атиги 4 тагина ҳарфдан иборат бўлган САБР сўзи керак бўлса  одамзотни 4 бўлакка "бўлиб", бутун вужудини ёндира олишига гувоҳ бўлдим...
   Ҳамкасбларини, яқинларини қадрсиз қилишга уринганларни Худойим айнан ўзгинасини қадрсиз қилиб қўйганига шоҳид бўлдим. Ажабланарлиси, ҳаётини фақат пиарга айлантирганларни кўриб, кўп саволларимга жавоб топа олмадим... 
     Бошқаларнинг меҳнати эвазига манфаат кўришни хоҳловчи, халқ, миллат тақдирини ўйламайдиган, ОХИРАТ  тушунчасидан бехабар кимсаларга ачиндим...
    Лекин кам сонли бўлса-да, кўнгилларни ёритиб, зиё, нур улашувчи, яқинларига, ҳаттоки, бегоналарга ҳам тўғри йўл кўрсатиб, маслаҳат, кўмак бера оладиган, сизга фақат яхшилик соғинадиган Инсонларнинг борлиги ҳақиқий бахт эканлигини яна-да теранроқ билдим! Уларнинг руҳий мадади сабаб қатъият билан ҳаракат қилишни, аниқ мақсад сари интилишни,  қаддимни яна-да тик тутишни ўргандим. Ҳар бир инсон ўз-ўзига ишонч туҳфа этиши зарурлигини уқдим. Ўрни келса шунчаки бефарқлик, хотиржамлик билан турли синовларни кулиб қарши олиш кераклигини, гоҳида бу ҳаёт бизнинг ёниб-куйишимизга умуман арзимаслигини, аҳамиятсиз эканлигини теран англадим... 
     Буларни ёзишимдан мақсад, шу ўтган биргина йилни Сизлар билан таҳлил қилиш эди!!!
    Туғилган куним муносабати билан табрик йўллаган барча азиз дўстларим, ака-укаларим,  опа-сингилларим!  
   Айрим табриклардаги чексиз самимият, залворли фикрларни ўқиб, жавоб ёзишга ҳам қийналиб қолдим!.. Елкага масъулият юклайдиган яхши сўз ҳам одамга куч-қувват бериб, олдинга интилишга, эзгуликлар сари олға қадам ташлашга ёрдам беришига ишонч ҳосил қилдим. Дуоларингиз билан ўша яхшилик ва эзгулик сари кетяпман. 
    Тилагим,  ниятим,  Худойим Сизларни ғам билан,  оғир синов - айрилиқ билан эмас,  яхшиликлар,  эзгуликлар билан огоҳлантирсин! Руҳингиз, танангиз қувончдан яйрасин! Ҳар қандай ҳолатда ҳам Сизни тинчлик,  хотиржамлик,  руҳий осойишталик тарк этмасин. Ҳақиқий кулги, табассум, мамнунлик умрингизга безак бўлсин.  Асосийси,  англаш,  ОГОҲЛИК бахти барчамизга насиб этсин!
     Самимият,  меҳр-муҳаббат,  эътибор учун барчангиздан миннатдорман.

2022 йил.
 
***
     Бундан 41 йил аввал дунёнинг энг ўжар, энг қайсар, энг эрка ва арзандаси дунёга келган... 
     Қўйилган исм эгасининг табиатида ҳам ўзини намоён этади, дейишгани рост экан.  Раҳматли катта акам исмимни Дилафрўз қўйишмоқчи бўлишганида: "Синглимни исмини Нилуфар қўямиз. Нилуфар гули ҳар қандай шароитда — гоҳ тоза, гоҳ лойқа сувда, гоҳида ботқоқда ҳам қаддини тик тутиб, ўзига гард қўндирмай,  доимо тик ўсар экан. Айниқса, бу гулнинг илдизи шунчалик бақувват эканки, уни унча-мунчага юлиб олиб бўлмас экан", деган экан. 
     Нилуфар деб исмни қўйган акамга раҳмат. Ҳақиқатдан ҳам шу пайтга қадар ҳар хил жамоани, ҳар хил одамларни, турли хилдаги муҳитни кўрдим. Лекин бирор марта мансаб учун, манфаат учун ноҳақликлар қаршисида қаддимни, бошимни эгмадим. Оримни, ғуруримни букмадим. Табиатимга муносиб бўлмаган жойлардан, одамлардан шунчаки кетдим, узоқлашдим ва воз кечдим. Чунки менинг энг мустаҳкам илдизим — Худойимнинг меҳрига бўлган ишончим бор. Энг асосийси шу вақтга ва шу ёшимга қадар кўнглимни ҳам, ақлимни ҳам ўкситиб қўймадим. Бутунлай ақлга бўйсуниб кўнглимни синдирганим ёки фақат кўнгил амри билан яшаб ақлимни камситганим йўқ. Иккаласи ҳам бир тарозининг теппа-тенг палласида турди. Шунинг учун ҳам ҳар доим ёлғиз ўзим қолганимда кўнглимни ҳам, ақлимни ҳам эгасидан рози эканлигини ҳис қиламан ва уларни қувонч овозларини эшитаман. Шунинг учун бўлса керак аксарият ўзимга яқин аёллардан: "Энг бахтли аёл деганда сиз биринчи кўз олдимга келасиз", деган самимий сўзларни эшитаман.  
     Аслида ҳаётимизнинг асосида ҳам шу кўнглимиз ва ақлимиз хоҳиши туради. Уларга бирдек эътибор ва меҳр бериб, ҳақиқий бахтга етиш эса ўзимизнинг қўлимизда. 
     Азиз дўстларим,  қадрли опа-сингилларим,  ака-укаларим. Таваллуд куним муносабати билан самимий тилаклар тилаган эзгу ниятлар билдираётган барча-барчангизга ташаккур. Тилагим, шунчаки атрофдагиларга мақтаниб, кўз-кўз қиладиган "бахт"ни эмас, ёлғиз қолганингизда кўнглингиз ва ақлингиз розилигини эшитиш ва ҳис этишдек улуғ бахт насиб этсин. Доимо қаддингиз тик, қадрингиз баланд бўлсин. Илдизингиз ишонч ва эътиқоддан юксалсин. Юзингизда фақат ва фақат ҳақиқий бахтнинг қиёфаси акс этиб турсин. Ҳаттоки ўжарлик ва қайсарлигингиз ҳам яхшиликка хизмат қилсин.
   Табриклар учун яна бир бор ташаккур. Эътиборингиз, самимиятингиз доимо ҳурматим ва эъзозимдадир.

Ҳурмат билан Нилуфар ЖАББОРОВА.
2023 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот