Қизғалдоқлар шовқин солманг
Адиба УМИРОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Олтин қалам" Миллий мукофоти совриндори.
Оналаримиз биздан секин кетаётир. Биз эса қорнимиз тўйиб жимгина ухлаймиз. Аслида оналаримиз бизни бирдан тарк этмайди: бебошликларимиз, ғўрликларимиз, қайсидир ишларимиз қолаверса, дунё алдовлари, ноҳақликларидан фалаж бўлиб кетаётир. Оналаримиз бизга интила-интила узоқлашиб бораётир, биз эса уйқудан кўзимизни очолмаймиз. Уйғонганимизда, қўлларимиз ҳавода қолади, чунки энди онамиз ўрнида қизғалдоқлар ўсиб чиқади. Кечикиш ёшлари...
Эл ардоғидаги ижодкор Малоҳат Мирзомуҳаммаднинг (01.02.1955 й. - 10.03.2019 й.) Америкада ўтказган сўнгги кунларини чуқур изтироб билан кузатиб боргандим. Чунки ўзига хос журналист ва шахс сифатида ҳурматим баланд эди. Қоғозга нимаки қораламасинлар, ҳар бир жумласидан уят ва андиша сезилиб турарди, юзларида ҳам ўзбекона ҳаё бор эди. Бир сўз билан айтганда, ҳамма оналар каби ноҳақликдан жабр кўрган бирор инсонни кўрсалар, боласидек ҳимоя қилардилар, ўзларига қанча адолатсизлик бўлмасин, дарров кечириб юборардилар, дўсту биродарларининг оғриқларини нафас олишларидан сезарди, ўта раҳмдил ва содда, ишонувчан, кўнглида кири йўқ, мажоз билан айтганда, уйларида қуш боқарди, турмуш ўртоқлари эса мушук, қуш етилиб энди сайроққа кирганда мушук мен учун боқишаяпти, деб паққос туширар, Малоҳат опа эса ўша қушчаларни бир умр мушуклар чангалидан асраб яшайдиган ўта нозик кўнгилли беғуборлардан эдилар.
Америкада ўтказган хасталик йиллари, у ердан умидсиз қайтганларида ҳам фарзандлари, яқинлари, дўстларига табассум билан қарашга куч тополган аёл тимсолида хаёлимда муҳрланиб қолган.
- Малоҳат опа, тўғри, бор гуноҳу савобимиз бўйнимизда турган елкамизда доим Мункар ва Накир туради, лекин бутун умр сизга доим ҳақиқатни ҳимоя қилган, кези келганда, инсон тақдири билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларда қатъий ҳукм чиқаришдек оғир ва энг машаққатли касбни танлаган, бунинг азобини ўз оиласи ва фарзандлари ҳам баҳам кўрган прокурор билан яшаш қийин кечмадими? - деган саволимга шундай жавоб берганлар:
- Аввало, аёл ичидаги қўрқувни енга билиш керак. Қачондир сен севган ота-онанг ҳам дунёдан ўтади, ҳаётда доим далда берган турмуш ўртоғингдан ҳам кутилмаганда айрилиб қолишинг мумкин. Кетма-кет жудоликлар қанча оғир бўлмасин, болаларинг, дўстларинг учун ҳам яшашга куч топиш керак. Буни ўз танамдан ўтказганим учун айтаяпман, қонун ҳимоячиларига ҳам осон эмас, оддий мисол, ноҳақликка учраган ёки ҳаётдан адолат излаётган бир одамни қанча душмани бор, уни ҳимоясига отланган киши ҳам доим жамоатчилик диққат марказда бўлади, қанча қийин бўлмасин, турмуш ўртоғим ҳақиқатни юзага чиқариш учун неча тонгларни бедор ўтказарди. Ёнларида туриб ташвишларига шерик бўлиш, адолатни ҳимоя қилганлари учун рақибига айланганлар болаларимга бирор ёмонлик қилмасмикан, деган ҳадикда соғлигимни йўқотганим бежиз эмас. Қаранг, бир аёл бошимда чеккимга қандай залворли масъулият бор!.. Гўдакларимни тўққиз ой юрагим тагида кўтариб юргандек оиламиз суянчи инфаркт бўлиб қолганларида Худога ёлворганман: Керак бўлса, жонимни аямайман, қоракўзларимга раҳминг келсин, тезроқ тузалиб кетсинлар!.. Уларсиз ҳаётимни бир нафас ҳам тасаввур қилолмайман. Агар бирор нарса бўлса, мен нима қиламан?.. Ўша мен қўрққан нарса учинчи инфарктдан кейин содир бўлди. Бундан ҳали ҳам ўзимга келолмаяпман. Ишдан қайтар маҳали остонада кутиб ўтираман, умр йўлдошим хаёлимда худди ўз машиналарида уйга қайтаётгандек...
Бирдан йўқликлари эсимга тушиб, жудаям хафа бўлиб кетаман. Турмуш ўртоғим билан ёмон яшамадик, ширин-шакар фаозандлар кўрдик, биргаликда эл-юрт корига ярайдиган фарзандлар қилиб тарбияладик, улар бизга набиралар совға қилишди, набиралар ҳам изимиздан кетяпти. Ҳозир ўзимнинг ҳам бироз тобим йўқроқ, турмуш ўртоғимдан айрилгач, инсульт бўлдим, соғлигим кескин ёмонлашди, кўз ёшим аччиқдан-аччиқ бўлди, лекин мен уларни артишга қурбим етади.
Малоҳат опа зоҳиран сокин кўринганлари билан ботинан кучли аёл эди. Биламан, дард ҳам нозик вужудларини қаттиқ чарчатиб қўйди, айниқса, саратонни енгишга кучлари қолмаган билан умидлари сўнмади. Бетобликда ҳол-аҳвол сўрагим келса ҳам чарчатиб қўймай, деб безовта қилгим келмасди. Лекин соғликларидан хавотир олардим. Бугун ўғиллари таниқли журналист ва ёзувчи Музаффар аканинг оналари ҳақидаги хотираларини ўқиб кўнглим тўлиб кетди: "Онам жуда ҳалим, кўнгиллари нозик, меҳрибон, оқкўнгил ва маърифатли аёл эдилар. Бирор марта биз - фарзандларига қаттиқ гапирганларини эслолмайман. Саратон бутун вужудларини чирмаб олганда ҳам, бизга жилмайиб боқишга куч топа олдилар. Шундай жасоратли, тўғрисўз, иймони бутун ва меҳрибон аёлнинг фарзанди бўлганимдан доим фахрланганман..."
Ҳа, Малоҳат опам энг оғир дамларда ҳам кўз ёшларини ушлай билган, сабр, чидам-тоқатлари мустаҳкам, қадди ва қадри баланд аёл эдилар.
Дарвоқе, бу кечинмаларни Сизга анча илгарироқ улашмоқчи эдим, аммо юрагим кўтара олмади, чунки... Эслаш қанчалик оғир!..
Лекин Малоҳат опамиздан гўзал хотиралар, ижод намунлари, фарзандлари қолди. Улар доим қалбимизни нурга тўлдириб туради.
Америкалик шоира Эдна Миллейнинг она ҳақида бир шеъри бор: "Онам оламдан ўтди, жасурлиги ҳам ўзи билан кетди, менга фақат қимматбаҳо узуги қолди", - дея ёзғиради. Ҳа, йўлга, катта ҳаёт йўлига чорлаган оналаримиз фарзандлари меҳрини юрагига жойлаб биздан узоқ-узоқларга кетаётир... Малоҳат ая ҳам ўзимизнинг оналарга ўхшаган меҳрибон эдилар. Гарчи биздан олислаб кетган бўлсалар-да, руҳан ва қалбан биргамиз. Ҳали ҳаммага ибрат инсоний фазилатлари, ижодий меросларига яна қайтамиз.