Жоним фидо, Ҳалима опа!


   Ўзбекистон Халқ шоири - Ҳалима Худойбердиеванинг таваллуд топган куни эрта тонгдан-оқ Опам билан ўтган кунлар кўз ўнгимдан бирма-бир кинолентадек ўта бошлади...
   ...Ўқувчилик йилларим телевизордан "Ленин комсомоли мукофоти лауреати шоира Ҳалима Худойбердиева" деган эълонни эшитишим билан қилаётган ишимни ташлаб, телевизор тагига ўтириб олардим. Аяжоним ҳам шеърият шайдоси бўлганлари учун иккаламиз кўрсатувни бошдан охиригача "киприк қоқмай" кўрардик. Мен ҳам "шеърчалар" ёзиб юрганим, "мактаб шоираси" деган ном билан "машҳурлигим" учун аяжоним менга "шу қиздек шоира бўлсанг..." деб юрагимдаги чўғни "кавлаб" қўярдилар... Аҳён-аҳёнда газета, журналларда чиқиб турган шеър ва мақолаларимни ҳисобга олмаганда, Ҳалима Худойбердиевадек шоира -бир ЧЎҚҚИ, мен - ҳаваснинг илк пиллпояларида турган ёш қаламкаш, орзулари осмон қиз эдим...
   Аммо Аллоҳнинг мўъжизаларини таҳлил қилишга бандаси ожиз экан!
   Йиллар ўтиб, " Ўзбек шеърияти қироличаси" билан бир даргоҳда ишлаш, бунинг устига опа-сингил бўлишдек ҚАДРга сазовор бўлиш, очиғи, фақат хаёл эди...
   1985 йиллар... "Саодат" журналига муҳаррир бўлиб ишга келдим. Ҳалима опа билан учрашувда елкаларимдан қанот ўсиб чиқди, назаримда. Опа менга ўтиришни таклиф қиларканлар, авваламбор, кўринишимни, кийинишимни бир сира мақтаб, ўртадаги "масофа"ни қисқартирмоқчи бўлдилар, чамамда. Айниқса, "айнанай сиздан" деган лутфлари эса мени бутунлай сеҳрлаб қўйди. Мен уларни яхши кўриб қолдим! Чунки аяжонимнинг ҳам ҳар икки гапнинг бирида "айланай сендан" деб суйишларини эслаб юрагим "жизиллаб" кетди...
   Давлат арбоби, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва "Саодат" журнали бош муҳаррири Ҳалима Худойбердиевани бошқа расмий вазифаларидан ташқари, ёш ижодкорларнинг ғамхўри, шунингдек "Опа" сифатида танидим!
   Ҳалима опа шундай баланд мансабда бўлсалар-да, биз билан "дугона" эдилар. Ҳатто оиламиздагилар бн ҳам қариндошдек муомала қилардилар. Турмуш ўртоқлари Мавлон ака Умрзоқов билан (қанчалик давлат ишларида банд бўлишмасин) туғилган кунларимизда биз шогирдларни йўқлаб, кўнглимизни кўтаришарди. Ҳатто турмуш ўртоқларимиз ҳам уларга жонажон ука, болаларимиз эса "эркатойлари" бўлиб кетишлари бизга катта мадад эди. Ҳа, улар шундай "кичиккўнгил" инсонлар эдилар...
   Ҳалима опамнинг ҳаммадан ажралиб турадиган фазилатлари- ёш истеъдодларни тан олар, уларнинг юксалиши учун йўл очар, қўлдан келса моддий ва маънавий томондан қўллаб- қувватлардилар.( Ҳозир бу мақолани ўқиб турганларнинг кўпчилиги Опанинг бу яхшиликларини ўз ҳаётида кўрган инсонлар... ) Ҳатто вилоятларнинг улкан стадионларида, кенг майдонлар, далалар, корхона, илмгоҳларда ўтказиладиган ижодий учрашувларда навбатни аввал бизга бериб, кейин ўзлари шеър ўқирдилар... Бу ҳам устознинг бағри кенглигидан далолатдир...
   Иш жараёнидами ёки бошқа жойдами Опанинг ходимларга овозларини кўтариб гапирганларини ёки танбеҳ берганларини, биров ҳақида ёмон гапирганларини кўрмаганмиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам, камчилик ёки хатолик бўлса, аввал ўша одамнинг яхши томонларини айтиб, кейин вазминлик билан хатони тузатиш йўлларини тушунтирардилар. Шу боис ҳам уларнинг атрофида истеъдодли ижодкорлар гуруҳи тўпланган эди. Ва бу гуруҳ кейинчалик қаерда ишлашмасин, Ҳалима опамнинг охирги нафасларигача уларга содиқ қолди, ёнларида бўлди...
   Ўзбекистон Халқ шоири Ҳалима Худойбердиеванинг юксак ижодлари, шеъриятлари ҳақида кўп ва хўп ёзишган. Улар ҳақидаги хотираларимни мухтасаргина ҳикоя қилдим...Ҳали айтилмаган гапларимиз дил қатида. Мен шу ўринда яқинда нашрдан чиққан "Жоним фидо" китобимда ёритилган мақолани ҳам эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдим.
   Ҳалима опамнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин! Яқинларига сабр тилаб,

САНОБАР ФАХРИДДИНОВА, шоира.