БИР ҲОВУЧ НУР ҚЎШГАН ИСМИМГА ХАЛҚИМ…


ЯХШИЛАР ЁДИ
БИР ҲОВУЧ НУР ҚЎШГАН ИСМИМГА ХАЛҚИМ

    Чинакам катта истеъдод эгаси бўлган шоирларнинг асосий мавзуларидан бири Ватан мавзусидир. Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиеванинг ойдин шеъриятининг жозибали оламига бўйлаганимизда она диёримизнинг кечаги куни ва бугуни кўз ўнгимизда жонланади. Шоира кўнглида тўлқин урган сатрлар гоҳида алангадек шиддаткор, гоҳида гулдек нафис ва латифдир. Устоз шоира тошу тупроқдан сўз очадими, деҳқон ёки боғбон ҳақида ёзадими, шодлигу аламдан куйлайдими – сатрларининг ҳар қатимида ажиб бир меҳр жилмайиб тургандек бетакрор манзаралар кашф этади.
  Ойдин Ҳожиеванинг “Бухоро”, “Юрагингда”, “Қарз”, “Сирлашув”, “Наврўзнома”, “Саломнома”, “Ватан”, “Фахрия”, “Сизга”, “Гулдаста”, “Ёдгорлик” каби ўнлаб шеърларида элу юртга бўлган оташин муҳаббати, шовуллаган боғлар, пурвиқор тоғлар, дарвозаси қулф кўрмаган ҳовлилар, тош кўчалару бошига оқ лайлаклар ин солиб қишлаган азим минорлар тимсолида талқин қилинади. Шоира муаззам Ватан боқийлигини дунё каҳкашонида ўз сўзи, ўз ўрни ва ўзлигини намоён этиб келаётган эли билан мустаҳкам бирликда кўрсатади ва бу ҳақиқатни сатрларига жо этади.
     Шоиранинг “Қарз” деб номланган шеърида:

Дардинг олайин, тупроқ,
Сендан қарзга ботганман.
Ҳовучингда болбулоқ,
Шарбатларин тотганман...

– дея она тупроққа муқаддаслик рутбасини берган бош омил унинг асл фарзандлари эканини англатади. Бир сўзида Ватанни отам деб алқаса, бир сўзида уни тупроқ кечиб юрган беғубор болага менгзайди:

Оқшомлари хаёлчан,
Саҳарлари бир ҳалим.
Тупроқ йўлда сарпойчан,
Ўйнаб юрган Ватаним!

   Ватан – бу шунчаки жўн сўз, оддий тушунча эмас. Ватан – бу жамиятнинг қувончлари, юрак оғриқлари, одамларнинг дарду ташвишларидир. Ойдин опанинг шеърлари ҳам ўзига ўхшайди: элини сева-сева, куйлай-куйлай унинг қадрини оширар экан, уни танимаганларга танитар экан, албатта, юрти ҳам ўзига муҳаббатли фарзандини қадр этади. Устоз ҳаётлигида халқу ҳукуматдан бирдай эъзоз кўрди. Юртимизнинг қайбир гўшасига борса, ойдин байт айтиб кирган давралари шоирани тўрга ўтқазди, минбарларга таклиф этди, қучоғини гулларга тўлдирди. Юрт равнақи, адабиёт ривожи йўлида қилган меҳнатлари муносиб тақдирланиб, “Ўзбекистон халқ шоири” унвони, “Элу юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланди. Бу қадр бугун – шоира вафот этгандан сўнг ҳам давом этмоқда. Ойдин Ҳожиева ижоди давомида тўлиб-тошиб куйлаб ўтган юртимизнинг тароватли гўшалари – Бухоро, Навоий кенгликлари, Маликчўл ёвшанлари, сўфитўрғайлари, Зарметан, Кармана, Тавоис, Бўстон, Ванғози табиати, бетакрор одамлари шу кунларда оналик меҳри, оталик интиқлиги билан ўз фарзандини соғинаётгандай... Бу соғинч, бу қадр улар ташкил этган, этаётган хотира давраларида намоён бўлмоқда.
    Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида Навоий вилоятида Ойдин Ҳожиева хотирасига бағишлаб ўтказилган “Бир ҳовуч нур қўшган исмимга халқим” деб аталган адабий-маърифий анжуманда юқоридаги фикрлар бот-бот тилга олинди. Вилоят ҳокими ўринбосари Яшин Душанов, Қизилтепа тумани ҳокими Улуғбек Файзиев, вилоят маънавият ва маърифат маркази раҳбари Акром Муқимов ва бошқа хотира даврасининг ташкилотчилари, шоиранинг сафдошлари, дўстлари, шогирдлари, қариндош-уруғларини чорлаб тузган бу маърифий анжуманда Ойдин Ҳожиева билан боғлиқ йиллар ва йўлларни кўздан қочирмасликка ҳаракат қилинди. Қизилтепа туманининг хушҳаво Бўстонида устоз шоира яшаган хонадонга ташриф буюрар эканмиз, яқинлари соғинч, фахр билан сўзлаган ёдномаларида устоз яна майин табассуми, кумушдай товушлари билан даврамизга қайтгандай бўлди. “Оқсарой” мажмуасида ёзилган эҳсон дастурхони, Шарқ дунёси чексиз эҳтиром билан ҳурмат кўрсатадиган улуғ шайх Боязид Бистомий зиёратгоҳида ўқилган тиловатлар, буларнинг ҳаммаси барчамизга азиз бўлган “қадр” тушунчасининг қийматини яна бир неча баробар юксалтириб юборди, десам ҳақ гапни айтган бўламан. Менинг назаримда, кун бўйи кўнглимиз кўзгусида устоз шеърияти, ҳаёти, улар билан орамиздаги ришталарга боғлиқ хотиралар уйғонди, уйғонаверди.
  “Саодат” журнали таҳририятига келган илк куним кечагидек ёдимда. Бош муҳаррир билан юзма-юз бўлиш илинжида борганимни билган котиба:
– Опа ҳозир бир йиғиндалар. Бироздан кейин келиб қолар. Вақтингиз бўлса кутиб туринг, бўлмаса бошқа куни келарсиз, – деди. Ўша пайтларда ишлаётган хизмат жойимда бўш вақтим бўлмай, кўнглимдаги ижод билан боғлиқ ниятларни бир четга суриб қўйиб яшаш жонимга теккан эканми, кутдим.
   Бош муҳаррир хонасига кириб борганимда жуда ҳаяжонда эдим. Ўсмир ёшимда “Гулхан” журналига бир-икки шеъримни юбориб, жавоб олганим, ҳуснихат билан битилган мактуб якунида “Ойдин Ҳожиева” деб битилган имзо, хатни ўқиб севинган отам анча пайтгача: “Ҳалиги хатни олиб чиқинг, қизим”, деб яқинларимизга суюнчилаб юргани бир-бир хаёлимдан ўтди.
    Опа билан суҳбатимиз самимий кечди. Қаерларда ишлаганим, ижодим, оилам тўғрисида гаплашдик. Шундай эл назаридаги шоира билан юзма-юз суҳбат қуриб ўтирганимга ишонгим келмасди.
– Шунча йил таълим тизимида ишлабсиз, қаламингиз чархланиши учун кўпроқ ёзиб туришингиз керак эди. Назм бўлимига яхши бир ижодкор керак. Майли, эртага мана шу мавзуда бир мақола қоралаб келинг, – деди опа очиқ чеҳра билан. Берилган вазифа жуда осон кўринди. Ҳаётимизда ҳар куни учрайдиган оддий мавзу эди. Аммо тунни тонгга улаб ёзганларимдан ғижимлаб отганим кўпроқ бўлди. Аста-секинлик билан янги муҳитга ўргана бошладим. Кунларнинг бирида раҳбаримиз хонасига чақириб, бир табиатсевар оила аъзолари билан суҳбатлашиб, мақола тайёрлаш кераклигини айтди. Йўлга тушдим. Мўъжазгина хонадондаги турли қушларни кўриб, ҳайратим ортиб борарди. Тўти, қумри, булбул, майна ва яна ўнлаб қушларнинг турлари бор эди. Наздимда, яхшигина гурунг бўлди. Оила бошлиғи камтар инсон бўлиш баробарида ўзига яраша феълли одамлиги кўриниб турар, ортиқча савол-жавобга ҳам тоби йўқдай эди. Айтилган мақола икки кунда тайёр бўлганидан қувониб, устознинг ҳузурига шошдим. Ёзган материаллар опанинг назаридан ўтиб чиққунга қадар ҳаммамиз ҳам ҳаяжонда бўлардик. Устоз мени чорлаб:
– Мунаввархон, мақолани ёзишга бироз шошибсиз, чамамда. Икки-уч саҳифада ёзилган сўзлар орасидан жонли мисол топа олмадим. Қайта ишланг, – деди вазминлик билан.
– Борини ёздим, қаҳрамоним бироз инжиқ одам экан, бошқа бора олмайман, опа, – дедим.
– Ўзингиз ўйланг, ҳатто хориждан турли қушларни олиб келиб ўзбекча саломни ўргатган, уйида, қафасда булбулни сайратган одамдан нега ўқувчини ҳайратга соладиган нимадир ёзиб олмайсиз, қайтиб боринг, – деди қатъият билан. Бироз ранжидим, ўша хонадонга қайтиб боргандан кўра ариза ёзиб ишдан кетмоқчи ҳам бўлдим. Лекин унда ижод билан боғлиқ орзуларим нима бўлади? Иложсиз яна ўша уй эшигини тақиллатдим. Дарвозасини очган уй бекасига дардимни айтдим. Ёзганимда жон йўқ эмиш. Қушларнинг номини, еган донини ёзибман-у, сўзга жон беролмабман, дедим.
   Аёли билан бўлаётган суҳбат асносида бу эшикка бошлаб келган заруриятни ҳис қилди, шекилли, қаҳрамонимиз секин сўз бошлади:
– Бир жуфт сайроқи булбулни чакалакзордан тутиб келдим. Тўрга илиниши жуда қийин кечди. Уйга олиб келгач, улар сайрамади. Дон берсам емасди, сув берсам ичмасди. Бир сас чиқармай кўзимга мўлтираб туришаверди. Болаларим билан ҳар мақомга йўрғалаб кўрдик, бўлмади. Бир куни хотиним ошнинг зирвагини тайёрлаётган эди, бир ишга андармон бўлгани учун қоврилаётган зирвак тирс-тирс этиб қозонга ёпишиб қолибди. Шунда бирдан иккиси ҳам сайраб юборди. Бири қўйиб, бири шундай сайрардики, еру кўк булбулнинг навосидан рақс тушарди, гўё. Кейин қушларни тутиб келган соҳил бўйидаги чакалакзорга йўл олдим. Ўша ердаги овозларни тасмалаб, кейин эшитиб кўрдим. Тўлқинланиб оқаётган сувга тегиб турган қамиш, буталар япроғидан чирсиллаган овоз чиқаркан. Булбулларни сайратиб юборган саснинг худди ўзи. Чакалакзор, тўқайда бўлса ҳам ўша Ватанини севган, қўмсаган бу қушларни қафасдан озод қилдим. Қушлар ҳам одамга ўхшайди. Кимдир юртдан бир қадам олис кетса, юраги ўртайди, соғиниб ер бағирлайди. Кимдир туғилган тупроғига тош отади.
     Мақолам чоп этилган кун кўнглимда байрам бўлди.
    Устоз шоира Қутлибека Раҳимбоева билан бир хонада ўтириб ишлардик. Опамнинг ҳазили билан айтганда: “Куннинг энг ҳузурли дақиқалари – тушлик пайти”да кўнгил ёзардик. Баъзан ҳазил-ҳузул авж пардага чиқар, қаҳқаҳамиз ҳам шунга яраша бўлса керак, бир гал Ойдин опам аста юриб хонага кирди.
– Секинроқ кулинглар, қизлар. Бу бинода биз ёлғиз эмасмиз. Ён қўшнимиз “Гулистон”да ҳам тўла одам. Улар нима дейди. “Саодат”нинг қизлари ҳаммага ўрнак бўлиши керак. Қувонсангиз мен ҳам хурсандман, аммо ҳар ишнинг меъёри яхши, - деди. Ўзлари айтганидек, жуда сокин эдилар. Қувончу шодлик қўша келган кезларида ҳам ҳайқирмайди, қайғуларини, ҳасратини кўрганга тўкиб солмайди. Кўнглидаги бори сим-сим сатрларга силқийди. Тонгдан туҳфалар олиб, шом шуълаларига тутган устоз шоиранинг яхшию ёмони, бахтию армони – ҳамма-ҳаммаси сизники, уники, бизники ҳамдир. Ўзи айтганидек, бу оламда барча топган яхшиликларида дўстларининг ҳиссаси бор:
     Бирор ноҳақ сўздан бағри қон бўлган кезларда ҳам йўлларини тўсган тўғонни ўз қисматим деб билади. Ўзидан ўзини излай бошлаган шоира ҳаргиз бировларни қалқон қилмаслигини пичирлаб айтади.
   Шоира битикларида сўздан-сўзга улканлашиб борган иборалар такрор-такрор келаверади. Ушоққина уруғда довқур чинорларнинг салобати яширингани каби сатрлар қатига она юрт, Ватан муҳаббати мужассамлашган.
Кўнгилда эзгулик ниҳолларини ўстириш, келгуси насллар қалбида ҳаётга муҳаббат уйғотиш ҳар кимнинг зиммасидаги буюк бурч эканлигини Ойдин опанинг залворли шеърияти ўзига хос латиф бир шевада сўйлайди.
Ибратли шеърият соҳибаси Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева 81 ёшларида бу фоний дунёни тарк этдилар. Умрлар бор, поёнига етгач, изидан фақат ўзининг фарзандлари йиғлаб қолади. Умрлар бор, поёнига етгач, қўшниларининг юраги эзилади, кўзи ёшланади. Устоз шоиранинг чин дунёга сафари ҳаммамизга билинди. Узоқ йиллик заҳматлари сингиган, ҳар сатрига кўз нури, қалб қўри тўкилган “Саодат” журнали жамоаси опа тикка юрганларида ҳам, шароит тақозоси билан сиҳатларида муаммо бўлганида ҳам уларнинг ёнида бўлдик. Охирги кунларида ҳам рози-ризоликларига эришдик. Тақдир тақозоси билан хорижда яшаётган қизи Малоҳат ҳам кейинги йилларда ўз уйидан кўра онасининг ёнида кўпроқ бўлди. Кўнгли не тиласа, оғзига тутди. Керагида дўхтирига чопди, ўзининг оёғи етолмаган пайтда ёнига қаровчи тайинлади. Устоз Иброҳим ака, ўғил-қизлари – ҳаммаси опага парвона бўлишди. Кетиши ҳам иззат-икромли бўлди.
   Ҳаёт қонунлари шундай экан, келмоқнинг кетмоғи муқаррар. Лекин изингда ёруғ хотиралар қолса, инсонлар сени эслаганда ёдномалар кўнглига ойдин сувратлар солса… Бундай кетишда ҳам ибрат бор.
   Биз – ўз даврида шоирадан меҳр кўрган издошлари ҳали узоқ йиллар Навоийда, Қизилтепада ўтган хотира анжуманлари каби қадр давраларида устоз шоиранинг унутилмас сатрларини ёд айтиб юрамиз:

Чинни пиёлангиз кунгурасида,
Битилган муҳаббат байтиман, балким.
Танглайим кўтариб тонг кўрасида,
Бир ҳовуч нур қўшган исмимга халқим.

Мунаввара УСМОНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
2023 йил.










Изоҳлар 1
  1. Ойдин опажоним! Адабиётга шеърсевар қалбларга ойдин ёғдулар билан кириб келган устозимиз! Турли вилоятларда яшовчи шогирд қизларини бошини қўшиб, кўрсатувларга олиб чиққан, эшиттиришларга ва матбуотга ишониб тавсия қилган меҳри дарём! Чарчамасдилар сира. Кийим бошимиздан тортиб, одобимизгача эътибор қилардилар. Болаларимнинг ҳаммасини номма ном биладилар. Уйимда бир неча бор меҳмоним бўлганлар. Нозик таъб, хуш феъл, камтарин, сипо, меҳнаткаш опажоним.
    1975 йил эди. Ўзбекистон МКнинг биносида Зиёлилар йиғилиши бўлди. Мен Хатирчида математика фани ўқитувчиси эдим. Тошкентга делегация билан етиб келиб, меҳмонхонага келиб жойлашдик. Ойдин опага қўнғироқ қилиб, хабарлашдим. Ҳозироқ уйга келинг,дедилар.Рухсат беришмаска,десам,
    "эрталаб вақтлироқ келинг, уйга" дедилар. Ҳовлиқиб, бордим. Суюниб кутиб олдилар. Тезликда ойна олдига ўтқазиб, сочларимни турмакладилар. Оёғимга янги, қошиқдеккина туфлисини кийдирдилар. Костюмимни бўлади, дедилар. Менинг маърузамнинг маъсулиятини тушунтирдилар. Тезроқ боринг, кечикманг, деб тайинладилар. Опажоним, онажоним каби эшикка кузатдилар. Бундай ҳолатлар жуда кўп бўлган.
    Ҳамма ижодкор қизлар йўлга тушиб олгунимизгача опанинг синчков нигоҳларини ҳис қилиб яшадик ва ҳозир ҳам. Опа каби меҳрибон устоз, чин дўст топилавермас экан... Опажон, севимли устоз, ўзбекнинг катта шоираси умрингиз узоооқ бўлсин. Иброҳим ака билан қўша қаринг. Болаларингизни роҳатини кўринг!

Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот