ЯХШИЛАРИ КЎП ДУНЁ


   Бугун раҳматли онамнинг туғилган кунлари. Ҳаёт бўлганларида 67 ёшга тўлган бўлар эдилар. 
Нилуфар Жабборова.

   Мен баҳор эдим. Қалбимдаги оппоқ, пок, беғубор гул-чечакларим билан мен соддадил баҳорга пешвоз чиқаман деб ўйлабман. Баҳордан сўнг куйдиргувчи саратон, кейин хазонрез куз, танни қақшатгувчи изғиринли қиш борлиги хаёлимга ҳам келмабди.
   Баҳор бўлиб пешвоз чиққаним – саратон қучоғидаги хиёнат, мунофиқлик, нафс, вафосизлик юрагимни қон этди. Илк бор бировга сездирмай йиғладим, дунё, сен эшитдингми-йўқми, сенга нола қилдим: бунча ёмонларинг кўп, дунё...
   Саратондан сўнг хазонрез куз кириб келди бағримга. Бир-бир юлди бағримдан аввал отамни, кейин онамни... Ёмонларнинг қўли билан навниҳол жигаримнинг ҳаёт шамин сўндирдинг кузда. Армонли дунё, бевафо дунё, сен эшитдингми-йўқми, сенга яна нола қилдим:
– Бунча ёмонларинг кўп, дунё!
   Тўрт фаслни ҳам баҳор билиб, тўрт фасл ҳам баҳор бўлиб юриб, қишнинг қақшатгувчи изғиринларини сезмаган эканман, билмаган эканман. Дўст деганларим ойнинг мен учун қоронғу ўн беш кунида ғийбатни ёмғирга, қорга айлантириб бошимдан ёғдирди, маломатлар бўрон бўлиб тўкилди тепамдан. Мунофиқ дўст маломатлари тиғ бўлиб қадалди юракка. Саволларимга лол дунё, совуқ дунё, сен эшитдингми-йўқми, сенга яна нола қилдим:
– Бунча ёмонларинг кўп, дунё,
   Сендан тўйдим мен, дунё...
   ...Қишнинг заҳрини баҳор кесди. Қўнғироқ чалди баҳор қушлари. Йўқлаб келди мени минг чиғириқдан ўтган дўст қадамлари: Малоҳат опа, Умида, Бўритош опа, Тошой, Комила... Эшигимдан яхшилик соғиниб, яхшилик тилаб киради улар.
   Хаёлларим тўзғитар пардек кетма-кет телефон қўнғироғи. Симлар Тошкент билан Қарши нафасини улайди зумда.
   Ўктам овоз Кўпайсинники:
– Кўринмайсиз, тинчмисиз, опа?
   Қувноқ овоз Муҳаббатники:
– Бормисиз, опа, сизни йўқладилар Шарифа опа. “Ўзи соғ-омонми, жим кетди”, дедилар.
   Шарофат қўлимга газета тутқазди:
– Ҳикоянгизни беришибди, шу сонга, сизни суриштирди Ойдин опа, Қутлибека, Гулчеҳралар...
   Замира, Хосият, Нигора садо беради:
– Сизни кўргим келаяпти, жудаям соғиндим, опа...
   Онамдек меҳрибоним Моҳираю Феруза гўё менинг вужудимдан яралгандек талпинади мен томон. Нигоҳлари, туйғулари, ҳислари билан сўроқлайди ҳолимни. Алпларим кўз ўнгимда баҳорларни бошлаб келади. Нилуфарим баҳорнинг боқийлиги, дунёнинг гўзаллиги, умидли дунё эканлигидан сўзлаб, қўлларимдан тутиб, етаклаб кетар нурли уфқ томон.
   Уфқ томон кетар эканман, мен баралла хитоб этаяпман. Сен эшитаяпсанми, дунё?!
   Жимиб кетсам мени сўроқлайдиганларим борлиги учун адоқсиз шукрона айтаман, дунё. Яхшиларнинг борлиги, яхшиларнинг кўплиги учун яна баҳорга айланаман. Кўзимга бирам чиройли, бирам завқли кўринаяпсанки, сенга қараб кўзларим тўймаяпти. Бунча гўзалсан, дунё, сени яхши кўриб бораяпман, бир кам, умидли дунё...
   Яхшилари кўп дунё...

Сайёра ЗОИРОВА, журналист.