Энг аввал онангизнинг кўнглини олинг...


   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Олий тоифали сухандон, хонанда, телебошловчи -  Шуҳрат Қаюмов билан мусоҳаба.
- Саҳнани нима сабабдан тарк этдингиз? Санъат соҳасидан кетишингиз вақтинчаликми ё бутунлайми?
- Ижодни бошлаган пайтимизда одамлар ҳаёт, оила, севги, ота-она, ёшлик, Отабек Кумушлар ҳақидаги қўшиқларни эшитишар эди. Ҳозирги вақтда эса тингловчиларнинг аксарияти ўзгариб кетишди. Миллий қўшиқларимизни эшитадиганлар саноғи камайди. Ҳозир Европа қўшиқлари урфга кирди. Қишлоқларда ҳам чет эл қўшиқларига ўйнайдиган бўлишди. Шунинг учун русча ва чет эл қўшиқларига овозимни сарф қилгим келмади. Қолаверса, биз айтган қўшиқларни одамлар эшитмай ҳам қўйишди. Авваллари мени шундай альбомларим бор эдики, битта кассетани биринчи томонида битта қўшиғимни, иккинчи томонига бошқа қўшиғимни ёзганман. Одамлар шуни қайта-қайта мириқиб эшитишган. Ҳозир ундай нарса йўқ. Қўшиқларнинг мазмуни ҳам ўзгариб кетди. Ҳозирча шу сабаб санъатни тарк этдим. Лекин санъатдан кетишимдан аввал устозим, Ўзбекистон санъат арбоби – Темур Маҳмудов бошчилигида ўрганган мумтоз ашулаларимни қайта ёза бошлаган эдим. Шу ашулани балки давом эттирарман. Ҳозирча, телебошловчилик қиламан. Лекин янги қўшиқ ёзишга ниятим йўқ.
- Ҳозирги давргача бир қанча муаллифлик кўрсатувлари ташкил этгансиз. Жумладан, «Ватанимга хизмат қиламан», «Ассалом, Ўзбекистон», «Ахборот», «Назм ва наво», «Мусиқа хазинаси», «Якшанба оқшомида», «Шеърият осмони», «Оҳанглар сеҳри», «Тасанно» мусиқий шоу кўрсатуви, «Ғазал бўстони», «Бир актёр театри», «Тараннум» маданий-маърифий кўрсатувида алоҳида ўрнингиз бор. Яна қандай кўрсатувлар олиб боришни режалаштираяпсиз?
- Ҳозир яна “Жавоҳир” деган кўрсатув кетаяпти. Ўзбекистон санъат дарғалари мероси. Ёшлар ижросида бўлаяпти. Миллийликни тарғиб қилаяпмиз. Ўзбекистон телерадиокомпаниясидаги сиз санаб ўтган барча кўрсатувларни 30 йил давомида олиб борганман.
- Онангизни хотирласак ва Она ҳақидаги қўшиғингизни муаллифи, ёзилиш тарихи ҳақида айтиб ўтсангиз.
- Она ҳақидаги энг охирги ашуламни Мунаввара Усмонова “Она, Сизсиз қийналиб қолдим” қўшиғи. Афсуски, концертда жонли ижро бўлди. Шу сабабли буни ёзиб чиқара олмадим. Биринчи ёзган она ҳақидаги ашулам Маҳмуд Тоирни шеъри билан она рукнидаги қўшиқларим бошланган. Фарзандлик бурчи, қайнона-келин, ота-она акс эттирилган қўшиқларим кўп. Аксариятига клиплар ҳам олинган. Умуман олганда, она ҳақидаги қўшиққа кўп тўхталганман. Сабаби, ҳамма фарзандларнинг бурчларини тушунтирмоқчи бўлганман. Ҳамма қўшиқларим тарбиявий аҳамиятга эга. Ҳаттоки, “Нетай” қўшиғини клипида Отабек суйса ҳам оила муқаддаслиги ғоясини илгари сурганман. Кумуш образида келган қиз айтадики: “Отабек ака, сиз оилалисиз. Сизнинг оилангизни буза олмайман. Шунинг учун бу муносабатларимизни тўхтатайлик”, - дейди. Кейин буни давоми ҳам олинди. “Сиз ўшаму” номли клип. Яна шу ғоя давом этди. Иккаласи ҳам ўлгунича муҳаббатига содиқ бўлиб қолишди. Шунга ўхшаш она ҳақидаги клипларимизда ҳам миллийлик, она қадрини илгари сурганмиз.
- Оилавий муаммолар, ажрашишлар сонининг кейинги йилларда нисбатан кескин кўпайиб кетиши, Маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкил бўлиши билан боғлиқ масалаларга муносабатингиз?
- Оила бу жуда катта масала. Бугунги кунда оилани бузилаётганини энг катта сабаби – енгилтаклик. Масъулиятни сезмаслик. Бу борада бир одамни айбдорсан, деб бўлмайди. Чунки ҳар битта оилага алоҳида ёндошиб кўриш керак. Маҳалла фаолими ёки раисими, бориб, оилани кузатиши керак. Ҳамма оилаларда ҳар хил. Бир хил оилаларда аёл, бир хилида эр, яна бир хилида эса қайнона айбдор. Лекин менинг шахсий фикрим – бу ҳамма нарсани айбдори – эркак. Эркак оилани қўлга олса бўлади. Бизда ҳам турли муаммолар бўлган. Лекин Оллоҳ идрок, ақл берган. Онани ва аёлни муросага келтиришда устозларим менга китоб бўлган. Қаерда хато қилганман. Оилада нега бунақа, деганимда, асосий айбдор ўзим бўлиб чиққанман. Яъни, она билан кўпроқ ҳисоблашиш керак ва буни аёлларимиз тўғри тушуниши керак. Негаки, она – битта. Она бошқа келмайди ва алиштириб бўлмайди. Шу сабаб, биринчи навбатда, онани кўнглини олишга, эрни ёнига келин ҳам тушиб, кўнглини олиши керак. Келин ёнига тушишиш учун эр яхши бўлиши керак. Эр тўғри тушунтирсинки, келин тўғри тушунсин. Эр онанинг ёнида хотинига кўп раҳбат қилмаслиги керак. Биринчи навбатда, онани кўнглини олиш керак. Масалан, аёл овқат пиширганда, овақтинг ширин чиқибди, хотин, дейиш ўрнига, барибир ойижон, сизникига етмабди, сизники ширинроқ чиқарди, дейиш керак. Аёлни ўзи билан ёлғиз қолганда рағбатлантириш керак.Кўпроқ онага совға бериш керак. Ўша онага берилган совға барибир келинга ёки қизига беради. Сандиққа сарпо қилиб беркитиб қўяди. Онага берилган совға доим қайтади. Она ҳеч қачон совғани еб битирмайди. Эркак киши тарози каби бўлиши керак. Бир палласида ойиси, бир палласида аёлини ушлашни билиши керак. Кейин аёлга онамга хизмат қил, онамни ҳурмат қил, дейдиган эркак ўзи ҳам аёлини шундай ҳурмат қилиши керакки, аёли эрини севиб, ҳамма айтганини қилсин. Эркак бошқарув тизимида тўғри туриши керак. Лекин бугун тура олишмаяпти. Эркаклар аёллларга муносабатни билмаяпти. Европача ҳаётга ўрганиб қолганмиз. Хотинини ҳаётим, борлиғим, жоним, деб сақлашади. Буни она кўрса кўнгли ўксимайдими? Меҳр иккига бўлиниши яхшими? Масалан, сиз бир умр яшаган ҳовлингизни битта бегона киши бўлиб олди. Ғашингиз келади. Шуни бўлиб олмасдан, ўзи ўша иккинчи бўлагига айланса, тинчлик бўлади. Мен ҳам бир куни ишдан келсам, онам: "хонимингизни чақиринг", - дедилар. "Хўп", - деб, хотинимни чақирдим. 
- Онажон, келинингиз сизга нима қилди?, - десам, - Менга гап қайтармайди, - дедилар. 
- Нега? - деб сўрасам, Онам: "Келиним ҳамма гапимга "хўп" деб турибди, - дедилар. "Ахмоқ, тентак", - десам, "Ахмоқман, тентакман" дейди. Бунингизнинг ғурури йўқми? - деган эдилар, мен айтдимки: "Онажон, унинг ғурури менман. Мен унга шундай илтимос қилдим: онамга гап қайтармай, нима десалар ҳам "хўп" денг, деганман. Келинингиз менинг айтганимни қилаяпди. Ловуллаб ёниб турган онам, ҳовуридан тушиб қолдилар. 
    Эртасига онам 180 даражага ўзгардилар. Шунинг учун қайнона ёки эр гапирганда, хотин бир оғиз гапдан қолиб, "Хўп, узр", - деса, оилада уришишлар, жанжал ва низо бўлмайди. Оила тинч бўлади. Бу деганим - аёлимнинг гапириш ҳуқуқи йўқ, дегани эмас,   унинг ҳам ўзини фикри бор. Лекин фикрини кейинроқ билдиради. Ёғга ҳам қизиб турганда бирор нарса солинса, ловуллаб кетади. Агар ўша масаллиқ ёғга қизиб кетмасдан туриб, ўзининг ўрнида таашласа, яхши бўлади. 
- Ижтимоий тармоқларда сизнинг санъаткорлар ҳақидаги фикрларингизнинг тарқаб кетиши, эътирозли фикрлар билдирилишига қандай муносабатда бўлдингиз?
- Эътирозли фикр, агар ўринли бўлса, албатта қулоқ тутаман. Лекин бугун ижтимоий тармоқларда муносабат билдирмасликка ҳаракат қиламан. Жуда кўп ҳолатларда мавзу моҳияти, масаланинг асл мазмунини тушунмаса-да, бошқа маънода талқин қиладиган одамлар ҳам бор. Ундайлар таниқли кишиларнинг ё қарши фикр билдирганларнинг ота-онасини ҳақорат қилиш даражасигача боришади. Ёши каттами, кичикми, у улуғ санъаткорми, анонимми, улар учун фарқи йўқ,  дарров онасидан сўкади. Шунақа фикр билдирадиганлар кўпайиб кетди. Шу каби салбий воқеаларга асабимни бузмаслик учун, ота-оналарга бўлган беҳурматликка тоқат қилолмаслигим туфайли ундай қабиҳ ва тубан кимсаларга муносабат билдирмайман. Ҳозирда ижтимоий тармоқ – аёвсиз сўкиниш майдонига айланиб кетди. Бўлар-бўлмас гапларни гапириб, ўзларидан блогер ясаб олади. Ачинарли жиҳати, бошқа одамлар ҳам кўп ҳолларда бунга ишонади. Бир куни ўзимга ҳам биттаси: "Сизни  яхши инсон деб ўйлаган эдим, шунақа гап эшиттим", - дейди. 
 Яқинда мени қаттиқ ранжитган бир воқеа бўлди. Бир   танишим: "Кўп қаватли уйларнинг бирида бир онахон ёлғиз яшайди, аҳволи ночор, лекин қачон мени кўрса "Шуҳратжонга салом айтинг, уни фарзандим деб биламан", деб йиғлаб, сизни дуолар билан эсга олади",-  деди. Кейин яна 3-4 мартаба менга қўнғироқ қилиб, "Онахондан хабар олиб қўяйлик",- деб илтимос қилди. Тўғриси, мени ишим кўплигидан бу гап-сўзларга бироз беэътибор бўлдим. Бир куни вақт топиб ҳамкасбимга телефон қилдим ва онахондан хабар олишга фурсатим борлигини маълум қилдим.  Уйи яқин экан. Бозорга бориб, бирор нарса олиш хаёлимизга келмабди, тўғриси. Борганимизда, "Мана, менман сиз сўраган одам", - десам, онахон бизни шунақанги кутиб олдики, мен ҳижолат  бўлиб кетдим. Мен: Э, Худо, мени шунчалик орзу қилдиртириб қўйибсан, - деб Худога шукрона келтириб, муножот қилдим. Онахон: "Ана энди ўлсам, армонсиз ўламан", - деди. Бу гапдан қаттиқ таъсирланиб кетдим. Кейин ўзимнинг қуруқ савлатим билан келганимга ўзимдан қаттиқ ранжидим. Уч-тўрт кун ўтиб, иккита нон, майда-чуйда билан онахоннинг ёнига бордим. Яна ўша ҳол такрорланди. Бизни осмонга кўтардилар. Боқувчиси йўқ экан. Битта қизлари бор экан, аммо у ҳам узатилган. Онахон майда-чуйдаларга қараб, овора бўлибсизлар-да, мен бунақа нарсаларни емайман. Эссиз, буларнинг пули анча дори-дармонимга етар эди", - дедилар. 
-Нега, дориларингиз йўқми? - десам, "Нафақам озроқ, егулик ва солиқлардан ортиб, дори етмайди, ҳечқиси йўқ, касаллигим ўтиб кетади, тузалиб қоларман", - дедилар. Шундай қилиб, онахоннинг ҳолидан хабар олгани тўрт-беш маротабача бордим. Лекин бу сафар керакли дориларини олиб бордим. Онахонга зарур дорилар унчалик ҳам қиммат эмас экан. 
   Барча машмаша ана шундан кейин бошланибди.   Кунларнинг бирида қайсидир хонадонда мени телевизорда кўриб, бири: "Бу жуда яхши инсон экан", - деса, иккинчиси: "Йўқ, бу сиз айтаётгандек одоб ахлоқи намунали одам эмас. Бизнинг кўп қаватли уйимиздаги хонадонларнинг бирида енгилтак аёл бор. Шу одам ўша аёлнинг олдига келиб қатнайди", - дебди. 
   Мен ҳақимда ижобий фикрда бўлган одам мени излаб топди ва "Шуҳрат ака, сизни яхши кўраман, мухлисингизман. Лекин сизга битта саволим бор. Фалон тумандаги, фалон уйга борасизми?, - деб сўради. Мен: "Ҳа, лекин беш-олти ой бўлди, бормай қўйдим", - десам, у "Илтимос, бошқа у ёққа борманг, бу иш сиздек обрўли одамнинг шаънига тўғри келмайди", - деди. 
- Нега? деб сўрадим ҳеч нарсани тушунмасдан. Ўша кўп қаватли уйда онахон у қаватда яшаса, бу қаватида енгилтакроқ аёл тураркан. Ўша уйга кираётганимни кўрган одамлар мени ўша аёлнинг ёнига қатнаяпди, деб ўйлашибди. Демоқчиманки, ҳаммага ҳам яхши кўриниб бўлмайди. Халқ оғзига элак тута олмаймиз. 
- Нотиқлик ва сухандонлик, қўшиқчилик ҳамда актёрлик маҳорати бўйича рисолалар, қўлланмалар ёзиш ниятингиз борлигини ва бу борада нашриётлардан бирига таклиф киритганингиз ҳақида ноширларнинг бири гапириб қолди. Китоб ёзишга жазм қилибсиз?
- Ҳозир шунинг ҳаракатдаман. Ажаб эмас, бу йили китобим чиқиб қолса. Лекин нотиқлик бўйича дунё миқиёсида русча, инглизча, туркча талайгина рисолалар бор. Китоблардан ўқиб ўрганиш қийин. Яъни назариянинг ўзигина кифоя қилмайди. Амалий жиҳатдан ҳам ўрганиш керак. Мен адабий тилда гапиришни сақлаб қолиш, тилимиз софлигини асраш, барча бунга бирдек риоя қилишини орзу қиламан. Ҳозир адабий тилда гапирадиган одамни топиш қийин. Санъаткорлар ҳам, бошқалар ҳам шундай, шева, русча сўз аралаштириб гапиради.  Корочи, да, почти каби сўзларни кўп ишлатишади, бу – хато! Нотиқлик санъати шуларни ҳам ўргатиши керак. Айрим бошловчилар менинг олдимга келиб, мендан керакли маслаҳатларни олиб, ўқиб, ўрганиб  кетишаяпди. Яна айрим бошловчиларимиз суҳбатдоши билан мулоқот пайтида "Биласизми?", -деган иборани ишлатиши менга мутлақо ёқмайди. Бу билан гўё ўзини билағону у ҳеч нарсани билмайдигандек... Биласизми... У билади! Ҳарҳолда сиз билган нарсани билишига аминман!
- Клипларингизда Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар" асарига мурожаат қилгансиз. Қодирий орзу қилган халқ бўла олдикми?
- Биз Абдулла Қодирийга, Бухорий, Темурийга хос авлод бўлишимиз керак. Ҳар ким дастлаб "Сен кимнинг боласисан? -дейди. Фалончининг, деб жавоб берамиз. Ўша фалончини таълими, одобини ўйлаб, бизни ҳам шундай тарбия кўрган деб ўйлашади. Биз аждодларимиз билан фахрланишимиз, ота онамизнинг боласимиз дейишимиз осон. Лекин биз уларга мос бўлишимиз шарт! Алишер Навоийни биз қаердан биламиз? Ёзган асарлари, Рубоийлари, у ҳақида битилган рўмону фильмлар орқали биламиз. Мирзо Улуғбек, Бобурни Пиримқул Қодировнинг асарларидан биламиз. Бу асар, романларни ичида бадиий тўқималари ҳам кўп. Мисол учун Навоийнинг ҳақиқий ҳаётини билмаймиз. Фильми ҳам сценарий асосида ишланган. Аммо биз уларни ўша ёзилган романлар, рубоийлари орқали тасаввур қиламиз. Тасаввур ва тафаккур ҳамиша ҳам ҳаққонийлик билан мос келавермас экан, демакки, биз Қодирий ва бошқа бобокалонларимиз орзу қилган авлодлар бўлиб вояга етишимиз учун, энг аввало, нутқ маданияти, ўзлигимиз, миллий фазилатларимизни қадрлашимиз ва авлодларимизга етказиб бера олсаккина, марра бизники!  
- Ибратли ва мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат, Шуҳрат ака. Ҳамиша элимиз ардоғидаги чинакам санъаткор ва сухандон бўлиб юринг! СИЗга энг эзгу тилакларимиз ҳамроҳ бўлсин!

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
2020 йил.

   Маълумот:  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон телевидениесининг олий тоифали сухандони, хонанда, телебошловчи -  Шуҳрат Қаюмов - 1969 йил 5 мартда Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрида таваллуд топган. 
   1991 йилда Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институти)нинг “Драма театри ва кино актёрлиги” факультетини имтиёзли диплом билан тугатган. У узоқ йиллар давомида қўшиқлари билан мухлислар қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Сўнгги йилларда катта саҳнани тарк этгани ҳақида маълум қилганди. У "Ўзбекистон" телерадиоканалида "Ассалом Ўзбекистон", "Оҳанграбо" ва бошқа кўрсатувлари орқали сухандонлик маҳоратини ҳам намоён қила олган чинакам сухандон ва санъаткор эди.
  Шуҳрат Қаюмов 2020 йил вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот