ОИЛА - ИНСОН БАХТИНИНГ ФАБРИКАСИ


  Бугунги суҳбатдошимиз психология фанлари номзоди, доцент - Феруза АКРАМОВА. 

- Феруза опа, психология ўта мураккаб, инсон руҳияти билан боғлиқ, турли руҳий вазиятларда кўмак беришга ихтисослашган соҳа. Аммо, бугунги кунда сохта психологлар кўпайиб бораётгандек. Психология ўқув курсларида бир ой, нари борса олти ой ўқиб, "бир юмалаб" психолог бўлиб қолишаяпти.

- Ҳозирги пайтда Ўзбекистонимиз замон билан ҳамнафас кетаяпди.  Инсонларда ҳаётга, яшашга қизиқиш ҳар доим бўлган, бўлади ҳам.  Шу шиддат ортидан муаммоларга ҳам дуч келиши табиий.  Фаолият ёки ҳаёт билан боғлиқ муаммолар бўлади. Шундай пайтда инсонлар психологларга эҳтиёж сезишади.  Ана  шу борада, сиз айтганингиздек, ёмғирдан кейин пайдо бўладиган қўзиқорин каби психологияга оид қўзиқоринлар ҳам, афсуски, кам эмас. 

     Президентнинг 2018 йил 3-февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги тарихий фармони бизга эълон қилинди. Мана шу фармонда оилаларга шунчаки ёрдам бериш эмас, балки илмий-амалий ўрганиб чиқиб, кейин уларга мазмунли илмий қўлланмаларни беришимиз назарда тутилган. Бу ҳолатда ҳар бир оиланинг бир қатор муаммолари чуқур ва изчил ўрганилади.  Шунда амалиётдаги психологларга мурожаат қилишса, улар ўзларича, жиддий бўлмаган маслаҳат беришади.  Бу орқали улар иқтисодий жиҳатдан  ўз манфаатларини кўзлаш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Талай хусусий психологик марказлар бор.  Лекин битта ёмон томони - уларнинг кўпчилиги психологик кўмакка муҳтож кишиларга ёрдамни таҳлил қилиб беришга қодир эмас. Шундан сўнг улар малакали психологларни излаб қолишади.

     Менинг амалиётимда ҳам шундай ҳолатларга дуч келиб тураман. Масалан, бир йигит оиласининг фикрига қарамасдан, оилали аёлга кўнгил қўйиб, "шунга уйланаман", - дейди.

-Уйланмаган йигитми?

- Ҳа, уйланмаган йигит. У жувон бизнинг ўзбек менталитетимизга хос бўлмаган аёл. Ўша йигитнинг онаси психологдан ёрдам сўраб, мурожаат қилади.  Илми етарлича бўлмаган "психолог":  "мен сизга ёрдам бераман", - дейди-да, ўғлининг ҳам келишини тайинлайди. Лекин ўғлига бошқача маслаҳат беради. "Сен чиндан ўша аёлни севсанг, албатта ўша аёл билан яшашга ҳақлисан, урф-одатлар эскилик сарқити, муҳаббатинг йўлида кураш" қабилидаги баландпарвоз, кинолардаги гапларни айтади. Онасига эса: "мен ўғлингизни бу йўлдан ва фикридан қайтараман", - дейди. Иккита одамга икки хил  гапираяпди.  Бунақа психологлариннг мақсади қандай йўл билан бўлмасин, фақатгина пул топиш, мижозлардан мўмай пул ундириш.  Пировардида, она ўғлига ва ўзига нисбатан психолог ғирромлик қилаётганини билгач, олдимга келди ва вазиятни тушунтирди. Биринчи галда бу аёлни тинчлантиришга ҳаракат қилдим.  "Бугундан эътиборан ўғлингизга яхши гапларни гапирасиз. Ўғлингиз билан урушишингиз, талашишингиз шарт эмас. Унга қорни тўйган пайти дўстона муносабатда бўлиб, тақдирига бефарқ эмаслигингиз, ҳаёти сиз учун жуда муҳим эканлигини қайта-қайта айтиб, шу сўзларни қулоғига қуйинг", - дедим. Она тинчлангунга қадар ўз ўғли кўзига бало-қазодек бўлиб кўринаётганди.  Оқибатда, она ўз ўғли билан дўстона гаплашгани учун, ўғил ўз хатосини англаб етди ва ҳавас билан оила ўртасидаги фарқни тушуниб, она-бола муносабатлари ўз ўрнига тушди. Айтмоқчиманки, ҳозирги пайтда психологлардан нотўғри маслаҳат олаётганлар ҳам бор. 

- Оила марказингизда ажрим муаммоларини бартараф қилишга мўлжалланган  муайян тадқиқотлар ўтказилаяптими? Қандай дастурлар ишлаб чиқилаяпти?

- Энди сизга айрим тадқиқотлар ҳақида гапириб бермоқчиман. Марказимизга олимлар, психология фанлари докторлари келишади. Улар билан биргаликда психологик, ҳуқуқий жиҳатлар, қадриятларимизни қайта тиклаш борасида салмоқли ишлар олиб борамиз. 

     Энг аввало, бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлиб турган ажримларни ўргандик.  Ажрашишлар сабабларини ўрганганимизда, аксарият ёшлар, ҳали 5 йиллик ҳаёт тажрибасига ҳам эга бўлмасдан туриб, ажрашишга тўғри келаётганларини кўрамиз.  Бунинг негизи ва илдизини ўргандик, таҳлил қилдик. Бунинг асл сабаби, ёшларимиздаги биринчи омил - уларнинг оила қуришга тайёр эмаслигида.  Улар 5 йил яшаб туриб, ёнларида 2-3 та болалари бўлиб туриб, ажрашишга қарор қилишяпди. Иккинчиси – ёшларимизнинг олдида бўлган катталар аралашуви устувор эканлиги кўриниб турибди.  Учинчиси - улар ўзларининг характерларини ўрганмаганликларида.  Тўғри,  яна бошқа айрим нарсалар ҳам бор. Жумладан, хиёнат,  бепуштлик ва ҳоказолар шулар жумласидандир.  Биринчи қилган ишимиз ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласини кўриб чиқдик.  Бу борада фақат қизларнигина эмас, йигитларни ҳам оилавий ҳаётга тайёрлаш керак, деган қарорга келдик ва махсус тайёрланган сўровнома, психологик тестлар ва воситалар ёрдамида биринчи галда қизларимизга мурожаат қилдик. 1400 та қизни  оилавий ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари ўрганилди. 1400 та қиз ҳақида гапирадиган бўлсак, кейинги пайтда ёш оила қураётган 17 яшар қизларни қайнона, қайнота билан муносабатга киришишга тайёрмисиз, келинлик вазифасига тайёрмисиз, деган саволни қўйганимизда,  мана шу саволнинг ўзида 80 % лари "мен қайнона, қайниота билан муомала қилишни билмайман", деган жавобни олдик.  Иккинчиси, сиз келинлик ролини қандай тасаввур қиласиз, келинлик роли сиз учун қанақа? - дейилганда, фақатгина ўзига қараш ёки уй юмушларини бажариш, деб жавоб беришаяпди 68 % лари. Ноилож вазиятларда ўзингизни қанақа тутган бўлардингиз? - дейилганда, "билмайман" деганлари 88 %.

      Ҳарбий тизимда хизмат қилаётганлар Ватанни ҳам, оилани ҳам жиддий тушунади, қани уларни ҳам ўрганиб кўрайлик деб, йигитларга тадқиқот объекти сифатида қарадик.  Икки тоифа ҳарбийларга аҳамият қаратдик. Биринчиси,   бир ойлик аскарлик ҳизматига кетаётганлар ва икки-уч йил курсант бўлиб ўқийдиганларни ўргандик. Натижалар эса кескин фарқ қилди. Оила психологиясини ўқиётган курсантларда, ўқишга жиддий киришган курсантларда оила ҳақидаги тасаввурлар етарли эмас.

     "Сиз уйланишга тўғри келганда, қанақа қизга уйланган бўлардингиз? - деб сўраганимизда, бир ойлик аскарлар "онамга маъқул бўладиган, чиройли, ёш, онам билан тил топишса бўлди", - дейишди. Курсантлар эса: "мен шундай қизга уйланишим керакки, бу қизнинг фазилатлари, хислатлари, оилага муносабати, сабр-иродаси кучли бўлсин", - дейишди.

     Кейинги савол эса "Агарда оилада низолар бўлса, онангиз билан келин орасида жанжал, келишмовчиликлар юзага келса, қанақа йўл тутишни маслаҳат  берардингиз?" -  деб сўраганимизда, аскарлар: "Ўзлари эплашади", - дейишди. Курсантлар эса "Менга мурожаат қилишларини жуда ҳам ҳоҳлайман ва ўзим бу борада бажонудил ёрдам бераман", - деган жавобни айтишди.

       Фарзанд тарбиясида ҳам худди шунақанги кескин фарқ бор. Бир ойлик аскарлар: "Фарзанд тарбияси фақат аёлларнинг вазифаси",  дейишса, курсантлар: "Ўзимнинг зурриётим бўлгани учун Фарзандим тарбиясига жиддий қарайман. Ҳатто хизматдан кеч қайтган пайтимда, ухлаётган пайтида ҳам келаман-да, албатта унинг пешонасидан ўпиб қўяман", - дейишди. Яъни  ўғлим бўлса ҳам, қизим бўлса ҳам мен ўзимнинг оталигимни кўрсатаман, деяпди.  Шунақанги кескин тафовутларни кўрганимиздан кейин, улар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказдик. Қизлар 1400 та бўлса, йигитлар эса  500 дан зиёд. Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятига бордик.

     Ёш оилаларни тайёрлаётган пайтимизда, уларга оила психологияси, ҳуқуқи, оиладаги иқтисодий қонунлар, диний талаблар ёки маънавий жиҳатдан ўрганиши керак бўлган билим ва тушунчаларни ўргатдик.

     ФҲДЁ идораларига ариза бераётган йигит ва қизларнинг  300 нафари билан учрашдик. Оила қуриш остонасида турганлардан эшитиб билдикки, улар тасаввурида оила фақат тўйдаги ҳашамдор нарсалардан иборат. Уларга қонуний ва ҳаётда ёзилмаган қоидалар борлигини, олдин бир-бирини яхшилаб билиб олишлари зарурлиги, феъл атворини билиши шарт бўлиши борасида тавсиялар бердик. Одамларнинг феъл-атвори бирга яшагандагина яққол кўринади. Шу мақсадда ФҲДЁга ариза бериб, оила қураман деган ёш келин-куёвлар учун инновацион мактабини ташкил қилдик.  Ёш келин-куёвлар инновацион мактаби учун 16 соатлик дастур ишлаб чиқилди ва бу ерда оила психологияси, оила маънавияти, оила қадрияти, оиланинг иқтисоди деган 16 соатдан иборат дастурни жорий қилдик ва уларга  уролог, хуқуқшунос, дин, имом ҳамда врачлар сингари мутахассисларни йўлладик.

- Бу инновацион мактаб қаерда очилди ва у пулликми ё истаганлар бепул таҳсил олиш ҳуқуқига эгами?

- Мазкур мактаб ўтган йилнинг Сентябр ойида Тошкент вилоятининг  Паркент туманида 1- маротаба очилди.  Бугунги кунга келиб, Республикамизда бундай мактаблар сони 93 тага етди. Биринчи галда улар учун махсус дастурлар ишлаб чиқдик. Иккинчи галда молиялаштириш оила маркази томонидан бўлди, яъни бепул таълим бериш ташкиллаштирилди. Энг яхши нарса қилингани - директоримиз - Тошмуҳаммедова Дилором Гафуржановна ёрдамида ён дафтарча яратилди.  Бу қанақанги ён дафтарча? - деган савол туғилиши мумкин. Ихтиёрий пайтда қўлда олиб юриладиган кичкина китобча яратдик. Мазкур китобчада ҳар хил қоидалар бор.  Оилада жанжал бўладиган пайтда нима қилиш керак, турли вазиятларда қандай йўл тутиш зарур ва ҳоказо. Шу китобча, яъни ёндафтарчаларни инновацион мактабда сабоқ олаётганларга эсдалик сифатида бердик.  Ҳозирги пайтда шунақа инновацион мактабларда ўқиганларнинг сони Республикамиз миқёсида 1000 дан ошиб кетди. Улар билан суҳбатлашиб, амин бўлдикки, барчаси ўз ҳаётларидан мамнун. Тадқиқотларимизнинг натижаси билан ҳам танишдингиз. Жорий йилнинг охиригача ҳамма ҳудудларда шунақа мактаблар очилиши режалаштирилган. Яқинда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида ҳам очилди. Тошкент вилоятининг ҳамма туманларидаги 22 та ҳудудида ва Қорақалпоғистон,  Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарёда ҳам очилишида шахсан ўзим ҳам иштирок этдим. Ёшлар инновацион мактабларимизга мурожаат қилишганидан кейин ва оила учун  зарурий билим ва кўникмаларни олишгач, уларда ҳаётга нисбатан ишонч туғилди. Яъни, оиланинг муқаддас эканлиги ҳақида тушунчалар шаклланди.

- Мазкур мактаблар ФҲДЁ қошида ташкил қилиндими?

- Афсуски, йўқ. Оила марказининг махсус жойларидагина ташкил қилинди. Аслини олганда, Сиз таъкидлаганингиздек, ФҲДЁ қошида ташкил қилиниши керак эди. Бу нарса хотин-қизлар қўмитаси раҳбариятига боғлиқ. Улар учун оила сабоқлари муҳим, бизга эса ёш келин-куёвларга мўлжалланган инновацион мактаб зарур.

     Боя таъкидлаб ўтганимдек,  Ёндафтарни 2018 йилда яратган бўлсак,  Ўзбекистонда 1-марта менинг муаллифлигимда "Оила энциклопедияси" яратилди ва 10 000 нусхада чоп этилди. Қомус ёшларимизга бепул тарқатилмоқда. Умуман олганда, энциклопедия мутахассислар томонидан ёзилган.

     Галдаги иккинчи лойиҳамиз оилалар билан ишлаш, уларга ёрдам беришга қаратилган. Бунинг учун мониторинг олиб боришимиз зарур. Улардаги ҳолатлар, ноқобил оилалар қанча, низоли ҳолатлар нечта, ибратли ва ноқобил оилалар қанчалигини аниқлайдиган лойиҳамиз бор. Шунга кўра, хизмат ташкил қилиш учун алоҳида  гуруҳимиз фаолият юритади. Улар  оилаларни аниқлаб, ўрганиб чиқишади. Республика бўйича оиладаги фарзандлар сони, ёши, муаммоли вазиятлар ўрганилади ва ҳоказо.

     Мониторинг натижаларига кўра, айрим ҳудуд, баъзи вилоятларда қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ, ногиронлик ҳолатлари ёки ёш оила қуриш туфайли юзага келган муаммоларнинг кўплиги аниқланди ва шунга қараб, уларнинг аҳволи, саломатлиги, қариндошларнинг орасида қуриладиган оилалардан туғилган болаларнинг ўлим кўрсаткичи ва ҳоказолар ҳисоблаб чиқилди ва бундай ҳолатлариннг олдини олиш учун дстурлар ишлаб чиқдик.

     Учинчи тадқиқот - хотин-қизлар ва ёшларни турли ёт ғоялар ва турли салбий ҳолатлардан асраш масаласи. иллатлар домига тушганлар, кўп ҳолларда, ёшлар саналади. Уларни ҳимоя қилиш масаласини олдимизга вазифа қилиб қўйдик ва бу ерда психологлар, маънавиятчилар зарурий тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда амалий чораларни қўллашмоқда.

     Интернетга муккасидан кириб кетиб ёки турли телефонларга банди бўлиб қолганларнинг оиласи тарбияга қай даражада аҳамият беришаётганлиги диққатимизни тортди. Негаки, ажралишларнинг анчагина фоизи телефон орқали юзага келмоқда.

     Тўртинчиси, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин бир йилу тўрт ой ичида Конституциямиз яратилди. Бош Қомусимизнинг алоҳида жиҳати - оилага бағишланган бўлим ва моддалари бор. Оила кодекси эса 1998-йил яратилган. Бу ҳуқуқий масалалар бугунги замонда долзарблигини бирмунча йўқотиб, ҳозирги замондан сал орқада қолаяпди. Хусусан, алимент тўлаш масаласи шулар жумласидандир. Оила марказимизда оила ҳуқуқини яратиш деган бўлим бор. Ҳуқуқий жиҳатдан тажрибали профессорларимизни бу масалага жалб қилдик. Уларнинг ёрдамида йигирмадан ортиқ такилифлар қонунчилик палатасига киритилди. Хусусан, боланинг ҳуқуқлари, ота-оналарнинг алимент масаласи ёки уй-жойга эгалик ҳуқуқи кабиларга алоҳида эътибор қаратилиши шарт! Инчунун, шунақанги нарсалар туфайли ҳам ажримлар кўпайиб кетади. Оилада жанжаллар, мулкий масалалар, алимент низоси борасидаги таклифларимиз инобатга олиниб, жорий қонунларимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мақсадга мувофиқ бўларди, деган фикрдамиз. 

     Аёлми, болами, эркакми, ким бўлишидан қатъий назар, барчаси Ўзбекистон фуқароси. Уларнинг оиладан ажраб кетмаслигини таъминлаш - долзарб масала.

      Қатор йиллар давомида ўзимга ҳам мол-мулк низолари борасида жуда кўп мурожаатлар бўлган. Айримлар қизини уйига қайтариб олиб келганидан кейин, қуда тараф келиннинг мол-мулкини, хусусан, мебелларини беришмаган. Икки-уч боласи билан қайтиб келганлар бор.  Уларга ҳеч қанақа  уй, ҳатто бир хоналик уй ҳам беришмайди.

     Бешинчиси, Ўзбекистондаги оилаларда ижтимоий-демографик муаммоларни ўрганиш. Бундай муаммолар жудаям кўп. Фарзанд кўриш масаласи, аҳолини, йигитларни ёки қизларнинг саломатлигини асраш, оила қургандан кейин уларни уй-жой билан таъминлаш кабилар шулар жумласидандир.

     Долзарб мавзулар илмий-амалий жиҳатдан ўрганиляпди ва кўплаб олимлар бу муаммони ҳал қилиш чораларини ишлаб чиқиши учун жалб қилинган. Уларнинг ҳар бири шу мавзуларни ўрганиб, тўпланган тадқиқот натижалари ва маълумотлар Вазирлар маҳкамасига топширилади. 

     Оила, бу - олий қадриятимиз! Лекин қадриятларимиз қотиб қолган урф-одатлардангина иборат бўлмасдан, замон билан ҳамнафас бўлиши - давр талабидир! Токи, Ўзбекистонимизда чин маънодаги бахтли инсонлари бор оилалар кўпайсин! Озод Шарофиддинов: "Оила, бу - инсон бахтининг фабрикаси", - деган эди. Бахтли инсонларнинг мамлакати бўлишимиз учун оилаларни илмий-амалий равишда ўрганиб чиқсаккина, уларга назарий ва амалий тавсияларни беришимиз осонроқ бўлади. 

     2000 га яқин оилалар  яраштирилгандан кейин, 3600 та бола етимликдан асраб қолинган. Ҳар битта оилада 2-3 тадан фарзанд бор. Энди шундан келиб чиқиб, бу кўрсаткич орқасига нолларни қўямиз. Ҳозирги пайтда уларнинг кўрсаткичи анча юқори. 37000 га яқин бўлган болалар энди етим эмас, ота-онасининг бағрида. 

     Ажралишларни ўрганиш натижасида ўзим ҳам битта методика яратдим. Бу услуб "Ажралишнинг олдини олиш методикалари" деб аталади. Бу ерда кимлар биландир гаплашасиз, бирор нарсаларни ибрат қилиб кўрсатасиз.  Кимгадир муайян ва таъсирли воқеаларни кўрсатиб берасиз. Шундай мавзуларга бағишланган, ниҳоятда кўп оилаларга алоқадор бўлган махсус роликларимиз бор.  Ажралмоқчи бўлган оила вакиллари уларни кўриш ва эшитиш орқали керакли маълумотни олгач, уларда бу ниятларидан қайтиш  истаги пайдо бўлади. Ажрашишга қарор қилганлар ёки ажрашиб бўлганлар билан юзма-юз гаплашганимизда, уларнинг 41 % агарда менга ўша пайтда шу нарсалар тушунтирилганда эди,  оиламдан икки дунёда ҳам ажралмасдим, деган иқрорларини айтишган.  Демакки, ҳар бир инсон  орзу-умидлар билан оила қурар экан, ажрашишни ният қилмайди, аммо ҳаётнинг айрим таъсиротлари туфайли шунга мажбур бўлишади.

     Мамлакатимизда маҳалла идоралари, яраштириш комиссиялари ва ҳоказолар бор.  Буларнинг ҳаммаси битта мақсад - оилаларни сақлаб қолиш масаласига қаратилган. 

- Илгари мактабларда ҳам "Оила" фани ўтиларди. Айни вақтда айрим ўрта махсус таълим муассасаларида бу фанлар сони қисқартирилганини қандай изоҳлайсиз?

- Чиндан ҳам, энг ёмон жиҳати, шу фанга ажратилган 40 соатлик дастурни қайсидир  коллеж, лицейларда 20-30 соатга туширишди ва у ерда мутахассис бўлмаганлар дарс ўтишаётгани ачинарли ҳолат. Яна айримлари  бу соҳани охирги босқичда ўқитиладиган қилиб қўйишди.  Уни таниш-билишчилик ёки қайсидир бошқа фан ўқитувчисига беришди. Амалиёт даврида берилгани учун кўп болаларимиз "Оила психологияси"ни ўқишмади ҳам ҳатто.  Шахсан ўзим бориб таълим дастурини ўрганганимда, шунақанги ҳолатларга дуч келдимки, оила сабоқлари бизнинг мактабларда, хусусан, ўрта мактабларда фан сифатида ўргатилмаяпти. Фақат коллеж ва лицейлар учун ўтилмоқда, бироқ у ҳам чала. Энди умумий таьлим, яьни мактабларга "Оила этикаси ва психологияси" фанини киритиш тўғрисида халқ таьлими вазирлигига таклиф берилган. Якин орада "Оила психологияси ва этикаси" таълим дастурига киритилади, деган умиддамиз. 

- Оилаларимиз тинч-тотув бўлсин! Ажримлар сони кескин камайишига муносиб улушингизларни қўшасизлар ва ижобий натижаларга эришасизлар, деган умиддамиз!

 

Суҳбатдош - Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.

2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот