Сафар дафтаридан...
Зилола Хўжаниёзова
Сафар дафтаридан...
Питер илҳомлари
Ҳамон сийратингда маҳобат, виқор,
Гар асрлар ўтар, чир айланар Ер.
Буюклигинг ўша, вақт майли бекор,
Қаршингда сармастман, муҳташам Питер.
Қуёшни келтирдим кафтимда тутиб,
Тунд осмонинг ёрит шимолий пойтахт.
“Чексиз илҳом, шону шарафга тўлиб...”1
Пушкин сенда топди бахтсизликдан бахт.
“Қишки сарой” қалбим айлади мафтун,
Оқ мармар ҳайкаллар –жонланган афсун.
Есенин шеъридай ёруғ ва дилбар,
Шоир ўғлинг суйиб куйлаган шаҳар.
Нева қирғоғида эсган шаббода,
Димоғимга майин урилар яна.
“Улуғвор ва совуқ табассум”2 ила,
Ҳар кўчангдан дардли боқади Анна3.
Қай манзилга элтар кафт ёзуқларим
Лек яна дилимда дийдорга бор аҳд.
Билсанг Петербургнинг “оппоқ тун”лари,
Менинг юрагимни эта олди мавҳ.
“Ёзги хиёбон”инг ёди фусункор,
Шоир юрагимда яшайди абад.
Улуғвор гўзаллик, ҳашам бетакрор,
Сенга таъзимдаман буюк Петроград!
Жазм этдим шаънингга айтмоққа бир сўз,
Сени дилдошимдек суйдим мен ахир.
Қумсамоғим тайин васлингни шаксиз,
“Хайр дўстим энди, дўстгинам хайр”4.
—————————————
1 А.С. Пушкин сатри
2 Анна Ахматова сатри 3 Анна Ахматова
4 Сергей Есениннинг сўнгги шеъридан.
Санкт-Пртербург. Россия
Октябрь 2024 й.
***
Белорусь хотиралари
Илк бор меҳмонингман, аммо қадрдон,
Ҳар гўшанг меҳрли, ҳар манзил таниш.
Муаззам Свислочь, ям-яшил ўрмон
Бағридан сизади аламли хониш.
Юрагимга энар армонли бир ун,
Кўксингда ухлайди ўтмишдан долға.
Сукунат овозин тинглайман маҳзун,
Ногоҳ бобом саси келади, «Олға!»
Брестда ётганлар руҳлари уйғоқ,
Аланга ичидан чинқирар Хатинь.
Олисда бонг урар дардли қўнғироқ,
Бош эгиб оққайин жим олади тин.
Сенга таъзимдаман, музаффар тупроқ.
Шууримга инган ҳисларим маъюс.
Бобомнинг оловқалб, тўпори бироқ,
Ғур ёшлиги сенда қолган Белорусь.
Меҳрим тушди абад, муқаддас замин,
Эй бағрикенг ўлка, мусаффо осмон.
Ҳар гўшанг меҳрли, нимангдир таниш,
Илк бор меҳмонингман, аммо қадрдон...
Минск. Белорусь
Декабрь 2021 й.
* * *
Ям-яшил юртларда бахтли эмишсиз,
Тонгда кабутарлар келтирди хабар.
Менинг муштоқ дилим кезади ҳиссиз,
Ҳижрон боғларида телба, дарбадар.
Бедорман – ўйларим, ишқим сиз билан,
Яшайман ишониб аҳдларингизга.
Соғинч гирдобида хазонман, хасман,
Тўкилгим келади кафтларингизга.
Гарчи бунда баҳор, мен суйган апрель,
Юрагимга сиғмас унинг кулгуси.
Оппоқ туйғуларим, ширин ҳисларим
Сиз-ла туғилгуси, сизсиз сўлгуси.
Ёмғир эзиб ёғар, сиз кетган кундан,
Менга ҳамдард бўлди, бир он тинмади.
Хавотир изғиган, фироқ тунида,
Шивирлашдик, кўзга уйқу инмади.
Яна кипригимда янги тонг отди,
Илҳақ кутаяпман ёруғ бир хабар.
Келмайсиз, наздимда минг бир йил ўтди,
Ахир, уч кун ўтиб қарийди сафар.
Ям-яшил юртларда бахтлимисиз сиз,
Менсиз кунларингиз ўтарми шодон?
Кўксимда бир қучоқ соғинч гуллари,
Сўлиб қолмасидан қайтинг, бегижон.
Ям-яшил юртларда бахтлимисиз сиз...
Хўжанд. Тожикистон
Апрель 2020 й.
***
Яссавий мақбараси пойида
Эсимдадир у чоғлар бир гўдак эдим,
Боқиб маъно уқолмасдим кўзингиздан.
Дунё деса – ҳалинчакни тушунардим,
Минг бир ҳайрат туяр эдим сўзингиздан,
Момо, менга ҳикмат сўйланг Султонимдан1.
Бу кун қалбим, шууримда ўзга дунё,
“Ҳақ” деганим ботиний нур, комил зиё.
Узлат ичра сингиб борар мунглиғ садо:
“Жону дилим Ҳаққа фидо қилдим мано”,
Момо, менга ҳикмат сўйланг Яссавийдан.
Асли ўзи ҳалинчакдир дорилфано,
У ён ўткинч, бу ён бақо, ўрта уқбо,
Оби гилдир яралганим ҳам етганим,
“Ҳақ йўлида туфроқсифат бўлдим мано”2,
Момо, менга ҳикмат сўйланг Султонимдан.
Танам ичра руҳим мулзам, рўйим сиёҳ,
Тубанлиғда тиловатдин топдим паноҳ.
Зулумотда зоҳир бўлди зоҳид ногоҳ,
Пайғом келур сакинатдин, билҳамдуллоҳ,
Момо, менга ҳикмат сўйланг Яссавийдан...
-----------------
1. Султоним – Хожа Аҳмад Яссавийнинг
халқ ичидаги номи.
2. Яссавийнинг “Ҳикматлари”дан.
Туркистон. Қозоғистон.
Май 2021 й.
* * *
Мунаввар тонгларда тингладим бир сас,
Кузак боғларида тоза бир насим.
Кўҳна Ахси узра кезар бир нафас,
Бобурмирзо битган ғазалдай азим.
Машрабдан сўз айтдим юрагим нолон,
Ё раб, куйиб жону жаҳоним ўртар.
Куй бирлан эшилиб ошиқ дил гирён,
Ишқ ўтидин-ки хонумоним ўртар.
Бу юрт қадим тупроқ, муқаддас гўша.
Авлодлар қалбида ғурурдир ордир.
Ҳар манзили сўлим, бетакрор, ўша
«Намонгоннинг олма анори бордир».
Она юртинг қанча севсанг, шунча кам.
Унга бахшида эт, жон ила танни.
Ибрат ҳаётидан олганим ибрат:
Маърифат дунёга бўйлар Ватанни!
Ашъор битдим сенга, зўр илҳомланиб.
Шоирман, Ишқ деган бир ватанликман!
Гар меҳмонингман лек, меҳрим товланиб,
Мен ҳам бир машрабинг, наманганликман.
Мунаввар тонгларда тингладим бир сас...
Наманган.
Ноябрь 2022 й.
***
Агар йўлингизга боқсам нигорон,
Мезонимда эсиб баҳорий насим.
Ғариб боғларимга ярашиб алвон,
Сиз билан гул-гулзор келгай, азизим...
Кўзингизда бир чўғ, сирли маъно бор,
Не тилсим, англамоқ азоби азим.
Ширин хаёлларга этиб гирифтор,
Сиз билан сир-асрор келгай азизим...
Умид бу – қақраган саҳрога нажот,
Хастага дармону, дилларга тўзим.
Тушми бу ўнгимми, чинми – хаёлот,
Бахт демиш бир тумор келгай, азизим...
Умримнинг меҳмони жунунваш фасл,
Худога қасам-ки, ёниб севгум жим.
Ғамлар захобидан зада кўнглимга,
Сиз билан навбаҳор келгай, азизим...
Қарши
Октябрь 2023 й.
Муаллиф ҳақида: Зилола Хўжаниёзова 1973 йилнинг 16 июнида туғилган.
“Юрагимда бир гул ўсади”, “Дил шеваси”, “Кўнгилга йўл”, “Соғинч шивирлари”, “Ҳулво” (Туркияда), “Аксиома”, “Кел, эй дўст” (Озарбайжонда) шеърий тўпламлари ҳамда “Публицистика ва ёшлар сиёсий идеали”, “Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик назорати”, “Оила – тарих ва тараққиёт силсиласида” номли илмий-публицистик рисолалари нашр этилган.
Шеърлари турк, инглиз, рус, қозоқ, озарбайжон ва тожик тиларига таржима қилиниб, хорижий матбуотда нашр этилган.
Зилола Хўжаниёзова “Улуғбек” жамғармаси мукофоти совриндори. “Ватан учун яшайлик!”, “Аёлга эҳтиром”, “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” Республика танловлари ғолиби.
Президент Фармони билан Давлат мукофоти – "Шуҳрат" медали соҳибаси.
Ҳозирда ҳам республика ва хориж матбуотида ўз ижоди билан фаол иштирок этиб келмоқда.
Ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси тасарруфидаги Агентликнинг “Миллий стандарт” журналида бош муҳаррир лавозимида иш фаолиятини олиб бормоқда.