ЖАСОРАТ ШЕВАСИ
Сирожиддин РАУФ
ЖАСОРАТ ШЕВАСИ
ВАТАННИ АНГЛАШ
Балки билмасмидик нимадир ватан,
Замин йўлиқмаса дардга дафъатан?
Дунё ортмай қолди ўзидан, ҳайҳот,
Хавотир аримас кўзидан, ҳайҳот!
Ҳар ким аравасин тортарми ўзи,
Қанча кулфат бўлса, ортарми ўзи?
Чунки дард кўринмас қаттол ёв бўлди,
Бани башар учун зўр синов бўлди.
Синовда эзгулик кўзларида нам,
Элдан чиқар экан олибсотар ҳам!
Қаллобнинг хаёли бўлди сийму зар,
Улардан алҳазар, минг бор, алҳазар!
Йўлсизлик ярашмас инсон зотига,
Эрлар қамчи босди ҳиммат отига.
Бу ҳиммат отида Ватан кўринди,
Умидга кон бўлган маъдан кўринди.
Бори эл бир жону бир тан бўлурми,
Бирлашиб енгилмас ватан бўлурми?
Жасорат шеваси бизга ёт эмас,
Ғафлатда ётмоқлик умрбод эмас.
Широқнинг қарори ахир жасорат,
Қалбларга жон берган мангу ҳарорат.
Юрт қурмоқ мерос-ку Жалолиддиндан,
Бу довруқ сас берар Ажаму Чиндан...
Ғаддор ёв енгилар, ортга чекинар,
Бир пана-пастқамга қочиб бекинар.
Ғалаба татирми тамом ўлмаса?
У тағин қайтади сабоқ бўлмаса!
Огоҳлик йўлида мудом қалқамиз,
Буюк силсилада ахир ҳалқамиз!
ДАРАХТ ҲАҚИДА
БАЛЛАДА
Дарахт бир кун қанот чиқарди,
Нафис, майин, ранго-ранг қанот.
Парвоз қилмоқ эди дил дарди,
Илдиз ердан бўлурми озод?
Йўқ, эркига қўймади замин,
Шамолларда ҳукм ўқилди.
Кўтаролмай дунёнинг камин,
Қанотлари бир-бир тўкилди.
Тақдирини ўйлади обдон,
Дил истаги қачон сўралар?
Эҳ, ҳақиқат бунчалар нордон,
Шохларида армон — ғўралар!
Сабр қилди доноларга хос,
Кўнглини шод айлади баёт.
Қаноати учун беқиёс
Ҳалво билан сийлади ҳаёт!
ОЛИЙ ЖАЗО
Ёзилажак гуноҳ ва савоб,
Озор кўрмас бесабаб бадан.
Қилмишига беради жавоб
Охиратда банда, жумладан.
Гарчи пинҳон, лекин мунтазам,
Синовдадир авом ҳам, олим.
Гўзал суврат ортидан баъзан
Юз кўрсатар ашаддий золим –
Ақл боис борлиқда устун,
Нафс туфайли шайтондан баттар.
Шундан руҳи бўлолмас бутун,
Билиб туриб боргани — хатар!
Осийлар қутулмас сазодан,
Ҳар бирига тегади улуш.
Лойиқ бўлар олий жазога
Сўзни эрмак қилган сўзфуруш!
ОДАМ ҲАҚИДА
БАЛЛАДА
Жаннат, дўзах ёнма-ён эди,
Жойлашганди кўз ила қошдай.
Одам унда ломакон эди,
Учиб тушди заминга тошдай.
Йўл босади энди тинимсиз,
Қоришсаям тупроққа тана.
Бу сафари бўлмас унумсиз –
Аён бўлар мангу бошпана.
Йўлчи деган номини оқлар,
Ҳар довондан ошаркан шаҳдам,
Туғилган кун дея ардоқлар
Ва белини боғлайди маҳкам.
Билмас олдда неча довон бор,
Бир маромда лекин ошади.
Забт этганин қайд этиб такрор,
Довон сари тағин шошади.
Омад кулиб кенгликлар аро
Баъзан боғу роғлардан ўтар.
Гоҳ дуч келар биёбон, саҳро...
Чангалзору тоғлардан ўтар.
Ҳаёт мисли жаннат ва дўзах, —
Билиб-билмай айтади одам.
Икки макон агарчи илҳақ,
Биттасига қайтади одам!
ФУҚАРО
Гоҳида сарафроз, гоҳида дилтанг,
Шу келим-кетимли оламлар аро –
Номимни сайёҳ денг ё йўлчи атанг,
Мен бир фуқаро...
Юлдузни бенарвон урган дамларим
Туннинг жамоли ҳам бўлмади қаро,
Ярақлаб кўринди кўпу камларим,
Мен бир фуқаро...
Сочлари шалола бахтим ёнимда,
Кечган ҳар дақиқа воҳ мотамсаро –
Айрилиқ жонимда, жўшган қонимда,
Мен бир фуқаро...
Баҳорга тўймасман, ёз ила аёз,
Наинки тўкин куз — бари дилоро.
Истагу тилаклар бир қулоч баёз,
Мен бир фуқаро...
Арзимас умрга бунча дабдаба,
Жонбахш базмлардан недир муддао?
Кўзларни кўр қилар мансаб, мартаба,
Мен бир фуқаро...
Хамирдай кўпчиган амалларимиз
Қисмат битигига бергайми оро?
Оқибат, тупроқмиз — фақир баримиз...
Бизлар фуқаро!
Афсус, даъватимнинг тўзғир патлари,
Танишу нотаниш қилар иддао.
Эй, кибр элининг азаматлари,
Менман фуқаро!..
СИБИР
Бепоён бағрингда бепоён сирлар,
Саркаш саволларга тилайман сабр.
Бунда урҳо-ур, деб неча асрлар
Ёвқур боболарим от сурган, Сибир!
Энасой қаърида шовқиндан фориғ,
Сокин оқаётир гўё хотирот.
Шамшир тиғи билан сўқилган тарих
Бугунги авлодга наҳот етти ёт?
Шовуллар ўрмонзор – қиссагўй шомон
Қўшиғи ўтмишга очилган эшик.
Метин саф, қудратда топган шараф-шон
Не-не салтанатга ўзингсан бешик.
Сўйлайсан, эгарда кечган силсила
Қолдирган афсона, ҳақиқатлардан.
Отлар туёғидан қўпган зилзила,
Оромин йўқотган олис кентлардан.
Сўйлайсан, юксакка ўрлаб довулдай,
Жўшқинлик бахш этиб, тинган еллардан.
“Борса гумон” йўлдан кетган ўғилдай
Тақдирнинг қўлида тутқун эрлардан.
Қайда у, вужудда бетийиқ кучи,
Дунёни бир сидра олган туркийлар?
Соддалик балоси, ғанимнинг ўчи —
Элларда эл бўлиб қолган туркийлар...
Сибир, сара сирлар, сабрлар санда,
Ботини бутунлар буни билажак.
Кечмишинг бағримни ўртаб турганда,
Неларни пичирлаб турар келажак?!.
СОНЕТЛАР
Кўзлар уммонида бетиним сузди,
Киприклар тўрига банди бўлган онг.
Вақт хаёл риштасин оҳиста узди,
Туннинг қучоғидан сирғалади тонг.
Тушлар бунёдини ҳаққушлар бузди,
Ҳаётдай рўёлар чиқармади донг.
Нурлар шалоласи анжуман тузди,
Сароблар тарқади – таралгандай бонг.
Бир дамлик руҳафзо ёлғон чекинар,
Ҳақликдан ҳайқирар ҳақиқат ҳақрост!
Ошиқнинг оҳлари наҳотки тинар?..
Йўқ, унинг қалбида армонлар ёвуқ,
Хаёлий дунёси бўлса агар ост —
Қуёш ҳам туюлар совуқдан совуқ!
* * *
Менинг тоқатим тоқ, сенинг сабринг тоғ,
Ҳижрон тамуғида вужуд қийналар.
Чимранган қошларинг бешафқат яроғ,
Пайконлар заҳмидан қондир сийналар.
Қуюндай чирпирар бир ўтлиғ сўроғ:
Ишққа зор бўлганлар қачон сийланар?
Ошиқ изтироби бўлгайми адоғ,
Бол истаб, тамшаниб лаблар ийланар.
Тақдир қисматимни беомон чийлар,
Кўзингдан ранг олган хаёллар мовий,
Сочингдек чувалиб боради ўйлар.
Висолсиз ишқ ҳақда бир замон ровий
Қўшиқми, достонми — бир нарса куйлар,
Бетийиқ шавқимни атаб самовий!..
ИШТИБОҲ
Лаҳзалар дур бўлсин деб,
Эланмадик эллик йил.
Элак элаб нонлар еб,
Эланмадик эллик йил:
— Аро йўлда шу бизми?
Азиз тутиб ҳузурни,
Омонатни билмадик.
Энди айтиб узрни,
Кўкайда куйгай ҳадик:
— Наҳот тақдирнинг изми?
Афсус, кўчган бўёғи,
Умид — элликка эллик.
Нима бўлар буёғи?!.
Қисмат қилса гар эллик:
— Бўяб улгурамизми?..
СЎРОҚ
Бахтлимисан?
Дунёда борсан,
Воҳ, борлигинг сувдаги издай.
Ўз-ўзингга тикилган дорсан,
Яшолмайсан ўзингдан безмай.
Бахтлимисан?
Юлқинади кун,
Омонат ой ва яна йиллар.
Бўлармикан бу вақт бус-бутун,
Бир мўъжиза кутасан йиллаб.
Бахтлимисан?
Нафс қурғур шуллик,
Қалб қонига қилмас қаноат.
Гар феълингга ёт эрур қуллик,
Бебақода умринг талофат.
Бахтлимисан?
Садолар тўзғир,
Вужуд ишққа бўлмади мақом –
Фироқ азоб, зулмда ўзғир,
Интиҳосиз ажаб интиқом.
Бахтлимисан?
То Маҳшар қадар,
Мангу сўроқ беради жаранг.
Мунғаясан, мунгли дарбадар,
Сим-симиллар кемтикқовурғанг!..
БИР КАМ ДУНЁ
Начора гумроҳ деб кимдир кулсаям,
Шукронам беҳисоб, кўнгил малҳами.
Гарчанд, битта номи “бир кам” бўлсаям,
Бир куни тўлади дунёнинг ками.
Тарози шайини оғар ҳар лаҳза...
Мудом ёр бўларми масрурлик тахти?
Ҳасратлар юракка солганда ларза,
Бахтиёр айлади қизимнинг бахти!
Аро йўлда қолиб ногоҳ узатдим –
Орзулар мўл эди туғилганимдан,
Чапдаст йўл олишди — мамнун кузатдим,
Энди умидворман ўғилларимдан.
Умр-ку ўткинчи, қилмасман парво,
Некбинлик мавжида тошар ҳисларим.
Шукрона айтаман мен сенга, дунё,
Камингни тўлдирар ўғил-қизларим!