БОЛАЛИКДАГИ ҚОР


 Зулфия МЎМИНОВА
БОЛАЛИКДАГИ ҚОР

Ака томда қор курар эдик,
Куфлаб – куфлаб қизарган қўлни.
Хурсанд эдик, кулдирар эдик,
Томда туриб ердаги элни.
Томда туриб гап отар эдик,
Отлиққа ҳам, пиёдага ҳам.
Қизиқ – қизиқ гап сотар эдик,
Пули каму зиёдага ҳам.
Момоларни янги олинган,
Келинчакка ўхшайди, дердик.
Этагини эртак солинган, 
Беланчакка ўхшайди, дердик.
Бу гаплардан ўтган ҳар момо,
Севинарди, эриб кетарди.
Тугунидан майизу ҳолво,
Парвардалар бериб кетарди.
Иккаламиз кулишсак бирдай,
Том бўлгиси келарди толлар.
Ўтар эди кўкраги қирдай,
Тулпор минган сервиқор чоллар.
Боболарнинг эртакларида,
Сут қайнаган булоқлар кетди.
Момоларнинг этакларида,
Қор ёғмаган қишлоқлар кетди.
Кетиб қолди болалик беғам,
Эргаштириб энг бой бозорни.
Энди ўзи курар томлар ҳам,
Ўз бошига тўкилган қорни.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот