Ҳақнинг даргоҳи


Дунё, қўйнинг тўла умрлар чил-чил, 
Товоним қаварди ўтганим сайин. 
Бетизгин, беманзил ўйларим зил-зил, 
Бир кам не бор яна ўзи сендайин?..

Сен мангулик томон, мен бир ўткинчи, 
Қўй, эрмак қилмагин араз-ўчимни. 
Ногоҳ тилга кўчар дилим ўтинчи: 
– Нима қилиб қўйдинг, ўттиз учимни?!.

Пойингга йилларни хазондек сочдим, 
Гоҳ дилхуш, гоҳ дилхун лаҳзалар билан. 
Нимани англадим, не сирни очдим 
– Йўқликка узатдим ларзалар билан.

Тошбақа мисоли имиллаб гоҳ кун, 
Чақин шиддатида кечди даврлар. 
Атрофга сер солиб қарасам бугун, 
Қанча танишим йўқ... қолмиш қабрлар.

Наҳотки, ўйлайман, инсон тақдири, 
Олдиндан ҳисоблаб чийланган қарта 
– Мағлублик қисматдир азал-охири, 
Гарчи ўйналса-да фақат бир марта!..

Шундоқ ўтар бўлса ҳаёт дегани, 
Нечун ғамга ботай, нечун ирғишлай?.. 
Лекин руҳимдаги дардни енггани 
Нажот қайда? Мен жонимни бағишлай.

Нима бор, кўрсатгил, жондан-да азиз 
– Соғиниб, сиғиниб юкинадиган, 
Ранжу аламига шукр деб ҳаргиз, 
Усиз ўтган дамга ўкинадиган?!

Дунё, сир-асроринг йўқдир якуни: 
Ҳаёт – ҳижрон, ўлим – висол, зафардир. 
Билсам, яшамоқнинг бор-йўқ мазмуни 
Ҳақнинг даргоҳига илинж, сафардир.

Сирожиддин РАУФ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот