ЎТИНЧ


Жоним, мени алда, севдим, деб алда,
Дунёга сиз учун келдим, деб алда.
Бир илинжим қолди, ҳеч бўлмаганда -
Ишониб яшайин алдоқларингга.

Бу ёлғон дунёнинг ёлғони ширин,
Жонингни бир малак олғони ширин,
Томчининг қўйнида уммон яширин,
Дил қонимни томиз тирноқларингга.

Ишқ бу изтиробнинг кўзидир маҳзун,
Ошиқлар кўнглига ташийди афсун,
Титраниб тоқатлар ўқисин таҳсин,
Йўлимни туташтир қийноқларингга.

Кокилинг, кўзларинг, қоматинг, илкинг,
То бошдин оёғинг - бу менинг мулким.
Билсанг, дунёларни беришим мумкин -
Сенинг бир жилмайиб қўймоқларингга.

Бу дунё кўҳнадир, бу дунё кекса,
Дарди қувонч бўлгай чидаса, чекса,
Армоним йўқ эди, лабларим тегса -
Бармоқларим теккан бармоқларингга.

Ҳозирча буларнинг барчаси хаёл,
Ҳали жавобини топмаган савол.
Битта ўтинчим бор, келмаса малол -
Рози бўл, тушимга кирмоқларингга.

Ориф ТЎХТАШ шеъри.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР ижросида ўқилди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот