ЁПИҚ ОДАМЛАР


Ботиржон ЭРГАШЕВ

ЁПИҚ ОДАМЛАР
 
  Ижтимоий тармоқлар таъсири ортган сайин ўзига яширин ном қўйиб, чаённингми, илоннингми расми билан профил очган кимлиги номаълум одамлар кўпайиб кетди. Улар орасида яхшилари ҳам кўп, бироқ яширинча ном остида Ватанига, ҳамюртларига ҳеч қандай асоссиз "тош" отадиганлари ҳам талайгина.
 Ана шундай тоифалардан ғашланиб, бир шеър ёздим, вақт ажратиб ўқисангиз фақат хурсанд бўламан.

Интернет олами бугун биринчи,
Унинг доми тубсиз, таги йўқ чуқур.
Уни деб бузилди кўпларнинг тинчи,
Унга кирганларда бўлмагай ҳузур.

Чунки унда сиз бор – ором ўғриси,
Ҳаром ош топасиз, ошайсиз унда.
Сиз одам эмассиз асло, тўғриси,
Фитна-фасод бўлиб яшайсиз унда.

Мушуксиз ва лекин шер деб номлайсиз,
Ижтимоий тармоқ саҳифангизни.
Қоронғу қалб билан тонгни шомлайсиз,
Билмайсиз инсоний вазифангизни.

Метин асабларни ейсиз  беркиниб,
Шаънлар устидадир сизнинг қадамлар.
Очиқ гапиряпман дейсиз беркиниб,
Эй, “очиқ” гапирган “ёпиқ” одамлар!

Мардона қилмайсиз бирор бир ишни,
Қаҳратон қалбингиз баҳорни қишлар.
Сиз нафсга қариндош, шайтонга қўшни,
Сизга тегишлидир энг тубан ишлар.

Пана-пастқамларда пусиб ётасиз,
Хавотир босади туну кун зилдек.
Ватанни ватаним, дея сотасиз,
Онасин хўрлаган бадбахт ўғилдек.

Кўнмайсиз яхши-ю ёмонга бирдай,
Борига шукр деб, айта олмайсиз.
Кунингиз имиллаб ўтади йилдай,
Мардларча ортга ҳам қайта олмайсиз.

Ўтди карвонингиз энди бу дамлар,
Бутунмас сиздаги ўттиз икки тиш.
Эй, очиқ гапирган ёпиқ одамлар,
Сизгамас бизларга очиқ гапириш.

Эзгулик томонга боқмайсиз қиё,
Аксинча яхшилик кўксига муштсиз.
Номингиз яширин, нонингиз риё,
Шумликни кўпчитар хамиртурушсиз. 

Элингиз шаънини булғаб эҳтимол
Ерпарчин қад билан бўлмоқчисиз тоғ.
Бу юрт Ер юзига ярашган бир хол,
Сиз унинг юзига бўлмоқдасиз доғ!

Омад тиламайман, чунки ўтмайди,
Қабоҳат ҳаққига қилинган дуо.
Эй, очиқ гапирган номи йўқ дайди,
Сиз бор бу интернет бошларга бало.

Сизлар асли шаклан одамга ўхшаш,
Ер кўтариб юрган бир бенаф юксиз.
Ўчган кул атамас ўзини оташ,
Шерман, деб миёвлаб юрган мушуксиз.
2021 йил.

БЕЧОРА ЗОТЛАР...
   Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов: “Пичоқ – ошпаз қўлида иш қуроли, қотил қўлида ўлим қуроли” дея лутф қилган эди. Чиндан ҳам, қўли гул ошпаз пичоқ ёрдамида минг хил мазали таомлар тайёрлаб, одамларни хушнуд қилса, нобакор кимсалар у билан ўзгалар жонига қасд қилиши, бировларнинг ширин ҳаётини барбод этиши мумкин.
   Кўпинча интернет ҳақида гап кетганда устоз адибнинг ана шу ибратли гапи ёдимга тушади. Чунки кимлардир ушбу глобал ахборот тармоғидан эл-юртга фойдаси тегадиган эзгу мақсадлар йўлида фойдаланса, баъзи кимсалар уни фисқу фужур, туҳмат ва иғво майдонига айлантиришга уринади. Одамлар орасида ўринсиз ваҳима, асоссиз миш-мишлар тарқатишга тиришади...
   Афсуски, инсониятнинг интернет деб аталмиш буюк кашфиёти бугун пичоқ каби яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам хизмат қилмоқда. Интернетдаги турли ижтимоий тармоқларни кузатар эканман, негадир баъзи инсонлар ҳаётимизнинг яхши томонларини, мамлакатимизда юз бераётган ижобий ўзгаришларни кўришни истамаётгандай туюлади. Улар кун бўйи “ахборот тарқатиш” даъвоси билан халқ орасида фитна ёйиш, фасод уруғини сепиш билан андармон бўлишмоқда. Бундай шахсларнинг интернет саҳифаларига жойлаётган фикр-мулоҳазаларини ўқисангиз, кайфиятингиз тушиб, юрагингиз сиқилади. Чунки улар юзта яхши ишингиз қолиб, битта-яримта арзимас камчилигингизни бутун дунёга дўмбира қилишдан орланмайди. Ватандошингиз, тилдош ва миллатдошингиз бўла туриб, сизни, мени, ўз юртини дунё ҳамжамияти олдида беобрў қилишдан тап тортмайди. Шунинг ортидан бола-чақасини боқади, қорнини тўйдиради. Улуғ шоиримиз айтганидек, улар “тунларни улаб тонгларга хато қилишингни кутарлар”. Мабодо сизу биздан хато тополмаса, йўқ жойдан ўзлари тўқиб-бичади. Туҳмат қилиш, бўҳтон ёғдиришдан уларнинг виждони заррача қийналмайди!
   Ҳаммамиз ҳам оддий инсонмиз, ҳеч биримиз хато ва камчиликдан холи эмасмиз. Бироқ бизнинг мақсадимиз эзгу – юртга сидқидилдан хизмат қилиш, Ватанга наф келтиришни дилга тукканмиз. Зотан, ҳаммаси кўнгилдаги ниятга боғлиқ. Уларнинг бадбин фикр-мулоҳазаларини ўқиркансиз, шунча даъво-дастакларига яраша, тош босадиган бирон таклифи бормикин, деган савол пайдо бўлади сизда. Таассуфки, бу саволингизга ҳам жавоб тополмайсиз. Сабаби оддий: камчиликларни бартараф этиш ва мамлакат ривожига ҳисса қўшиш, юрт корига камарбаста бўлиш уларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган, аксинча, уларнинг тирноқ орасидан кир қидириш, ўзгалар олдида ўз ватанини ёмонотлиқ қилишдан бошқа мақсади йўқ.
   Энг ачинарлиси, ижтимоий тармоқларда баъзи ишонувчан, соддадил юртдошларимиз уларнинг “қармоғи”га илиниб, ҳаёти издан чиқаяпти. Улар ўзларининг адашиб, мудҳиш хатога йўл қўйганини кечроқ англашаяпти... Майли, ҳечдан кўра кеч яхши дейишган, нима бўлганда ҳам хатосини тушуниб етганининг ўзи катта гап.
   Куни кеча яна бир фитнагар кас ижтимоий тармоқ орқали гўёки юртдошларимизга мурожаат қилиб, “Ўзбекистонда ундоқ бўлаяпти, бундоқ бўлаяпти, раҳбарлар унақа қилаяпти, масъуллар бунақа қилаяпти” қабилидаги хом-хатала ва асоссиз фисқу фужурларни овоза қилишга уринди. Бундай таги пуч сафсаталарга қолдирилган изоҳлар билан танишганимда аксарият ҳамюртларимиз унинг найрангига учмасдан, холис ва ҳаққоний фикр билдиришганидан хурсанд бўлдим. Ҳатто, баъзи ўринларда одамлар ўзларининг рад этиб бўлмайдиган мулоҳаза ва ҳаққоний фикрлари билан ўша кимсани “мот” қилиб қўйишгани эътиборимни тортди.
   Гуруч курмаксиз бўлмаганидай, фасодгўйларга хайрихоҳлар ҳам йўқ эмас. Эътибор берсангиз, уларнинг кўпчилиги аноним профиллар, эҳтимол, ўша кимсаларнинг гумашталари ёки ўзлари бўлиши мумкинлигига ишонч ҳосил қиласиз.
   Қисқаси, четда — қай бир овлоқ ерларда биқиниб олиб, ўз юртига туҳмату бўҳтон тошларини отиш орқали одамларнинг асабини бузаётган, ўз ёлғонлари билан тинч-тотув яшаётган халқимизнинг турмушини издан чиқаришга уринаётган кимсаларга инсоф тилаймиз. Зотан, уларнинг бундай қилиғи на худога, на бандасига хуш келмаслиги аён ҳақиқат. Билъакс, жонажон Ўзбекистонимизнинг ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида ўзини сафарбар деб билган мардларга ҳамиша омад кулиб боқади, уларнинг йўли очиқ, юзи ёруғ бўлади. Яхши инсонларнинг юзидан ёғилган нурдан кўнгиллар ёришади. Барчамиз ҳамиша нурга, эзгуликка интилиб яшайлик, азизлар!

“Ҳақ омад берган-ла олишманг”, ҳайҳот,
Ўйлаб, топиб айтган нақли бутунлар.
Шахмат тахтасига ўхшар бу ҳаёт,
Бунда ғолиб бўлар ақли бутунлар.

Бахт томон отланган бу отлиқ халқни,
Ёмонотлиқ қилган пиёда каслар.
Қачон фарқлайсизлар шириндан талхни,
Найранги шайтондан зиёда каслар?

Мардликдан сафсата сўқийсиз такрор,
Лек мардлик томон бир қарадингизми?!
Элим, деб тин билмас ҳақиқий Сардор,
Сиз элнинг кунига ярадингизми?!

Бунча ғаламиссиз, бечора зотлар,
Тушунинг, битгандир сафарларингиз?!
Бизга омад тиланг, чекмай фарёдлар,
Шу бўлгай энг буюк зафарларингиз!

Айтинг, бу Ватанга не тиладингиз,
Барбодлик, вайронлик, касоддан бошқа?!
Гапни қуруқ гапга хў-ў-ў-ўп уладингиз,
Бирор корингиз йўқ фасоддан бошқа!

Агар мард бўлсангиз, отамга ўхшаб,
Бир бора далалаб, кетмон беринг, денг.
Эй, сиз, текин ошдан ялтираган лаб,
Умрингизда бир бор ҳалол луқма енг!

Дилингиз жиловин тутган нафсингиз,
Ва лекин тилингиз сўзлар қоридай.
Буқаламун мисол сертус лафзингиз,
Қалбингиз тандирнинг мўрикоридай.

Ҳақнинг ҳифзидадир ақли бутунлар,
Яратган уларни сийламай қўймас.
Сиз ҳақда шундай дер, нақли бутунлар,
“Йиқилган ҳеч қачон курашга тўймас!”

2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот