ШЕЪРИМ БОРАДИ...


ШЕЪРИМ БОРАДИ...

Устозим — Ўзбекистон халқ шоири  
Ойдин Ҳожиевага бағишлайман 

Меҳрингиз шеър билан этганда изҳор, 
Менинг ёш кўнглимда кўз очган баҳор, 
Тангримдан ўтинчим, Сиз чекманг озор,   
Ўзим бормаган кун шеърим боради... 
Сиз дейсиз, шеър келтир, мўл келтираман, 
Даста-даста қизил гул келтираман, 
Гулга қўшиб ёниқ дил келтираман, 
Ўзим бормаган кун шеърим боради... 
Сатрларда ёрқин сўзлар тўқиймиз, 
Яна давраларда шеърлар ўқиймиз, 
Кўнглимизда зарра алам йўқ деймиз, 
Ўзим бормаган кун шеърим боради... 
Энтикиб ўқиймиз бир-биримизни, 
Бахт билан безатиб қалб қўримизни, 
Дийдор-ла поклаймиз шууримизни, 
Ўзим бормаган кун шеърим боради... 
Устозим, катта боғ янглиғ яшнарсиз, 
Саксондан, юз ёшдан ошиб яшарсиз, 
Муборак кунларга қадам ташларсиз, 
Ўзим бормаган кун шеърим боради... 
Келмоқда Устозим, дўстлар сийларга, 
Саловотлар айтиб, қушлар сийларга, 
Муқаддас, ўтнафас сўзлар сийларга, 
Ўзим бормаган кун шеърим боради...

2020 йил
Фароғат ХУДОЙҚУЛОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот