ОШИҚ ДИЛ ВАСФИ ЁХУД МАШРАБ ҒАЗАЛИГА ШАРҲ


Бу тани ҳокийнию руҳи равонни на қилай?!
Бўлмаса қошимда жонона бу жонни на қилай?!
Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак,
Иброҳимдан қолғон ул эски дўконни на қилай?!
Урайинми бошима саккиз беҳишту дўзахин,
Бўлмаса васли менга, икки жаҳонни на қилай?!
Аршнинг кунгурасин устига қўйдим оёғим,
Ломакондин хабар олдим,бу маконни на қилай?
Заррае нури қуёшдан бу жаҳон ичра тамом
Ошкора бўлмаса, сирри ниҳонни на қилай?!
Бир худодин ўзгаси барчаси ғалатдур, Машрабо,
Гул агар бўлса қўлумда, ул тиконни на қилай?!-

   Шоир Бобораҳим Машрабнинг ушбу ўтлиғ сатрлари ҳар бир ўқиган ғазалхон қалбига оташ чўғлар солади.
   Бобокалон шоир Бобораҳим Машраб 1640 йили Наманган диёрида таваллуд топди. Унинг ҳаёти қанчалик мушкулотларга тўлиқ бўлмасин,шеърлари уни элга танитди, унинг порлоқ номини абадийлаштирди.
   “Шаҳиди Карбало бўлган”, Мажнундан назар топган”, олий маънодаги қаландар шоирни ўтган асрда ўз баҳосини бермасдан,ҳаддан ортиқ эҳтиёткорлик билан сўзладилар. Машрабни ҳаётлигида эса “динсиз”, “даҳрий” деб эълон қилишди. Йўқ, у даҳрий эмас эди. Унинг оловнигор юраги, тепкиларга тўла, зарблардан таранг шеърияти ҳеч қандай қафасларга сиғмагудек залворли эди. Машраб даражасигача кўтарилган киши ўз исёни ҳароратида қодири мутлақни таниш воситаларинигина эмас, унинг ўзга сирлари билан ҳам ҳамдамлашади.

Бу тани ҳокийнию руҳи равонни на қилай?!
Бўлмаса қошимда жонона бу жонни на қилай?!

   Тан Руҳ борлиги учун қадрли. Руҳ эса ёр билан васл қурмас экан,”пучак пулга” тенг бўлиб қолади. Ёрсиз бу жаҳоннинг дил-сиёҳликлари,тахбатаҳликлари, кулгу-ғамлари ҳеч нарсадир.

Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак,
Иброҳимдан қолғон ул эски дўконни на қилай?!

   Бу байт мутаассиблар учун шоирни кофир атамоққа яхши баҳона бўлганлиги аниқ. Аммо ойнага яхшироқ қарасак-чи? Тасаввуф оламида ёр ҳаққи олий, бода ҳаққи олийга бўлган бепоён ишқ тимсоли. Агар ёр ва маҳбуба ишқи бўлмаса Ерда ибодат этиладиган, ёрга муножот этиладиган ҳар қандай Каъба эски дўкондир. Худди ана шу тимсол билан қуйидаги байтни ҳам тўғри шарҳлаш мумкин:

Урайинми бошима саккиз беҳишту дўзахин,
Бўлмаса васли менга, икки жаҳонни на қилай?!

   Агар ёр бўлсаю васли бўлмаса, ошиқ учун жаҳон (фоний ва бу дунё ҳам мислсиз ситамдир,давоси бўлмаган оғриқдир. Баъзида ошиқ ёр васлига тезроқ етишувига гумон билан қарйди, ахир ёр васлига ҳамма ошиқлар ҳам етиша олмайди-ку, кимлардир абадий ҳижронга маҳкум. Ҳижрон ва шубҳага сабаб фироқнинг етти пардали бўлишидир. Фироқ қийноқларидан эзилган, аммо руҳи тетик, умидга тўлган ошиқ ўзига тасалли ҳам топади:

Заррае нури қуёшдан бу жаҳон ичра тамом
Ошкора бўлмаса, сирри ниҳонни на қилай?!

   Ростдан ҳам марварид чиғаноқ ичидагина қадрли. Агар сир ошкор бўлса, унга интилиш, пойига йиқилиш ҳисси ҳам сўна бошлайди. Машраб бу қадар кучли тимсол ва иборалар топгани, девоналигининг сабаби ҳам кейинги байтда очилади:

Бир худодин ўзгаси барчаси ғалатдур, Машрабо,
Гул агар бўлса қўлумда, ул тиконни на қилай?!-

   Булбул(ошиқ), Гул(ёр) га етишмоқ учун муножот этади. Гул Булбулга тикан санчар экан, тикан зарби қанчалик улуғ бўлса, Булбулнинг муножоти ҳам шунчалик соҳирлашиб боради. Ахир Гул тиканларини санчаётганида Булбулга яқинлашади! Бу бахт эмасми? Бу висолнинг бир кўриниши, муждаси эмасми? Булбул Гулга етишган бўлса, тикон, яъни кулфатлар, дунё ранж-аламлари Ошиққа билинмайди. Аксинча, ҳижрон тугаётганидан далолатдай туюлади.
Ғазалнинг энг муҳим байти ушбудир:

Аршнинг кунгурасин устига қўйдим оёғим,
Ломакондин хабар олдим,бу маконни на қилай?!

   Ошиқликдан мақсад, ўзини танимоқ, ёр билан васлдир. Ломакон-бу чексизлик,арш-бу ёрнинг ўрни, макони, бунга етишмоқ ғоят душвор. Ошиқ ломакондан жой олганини билибгина қолмайди, балки бошдан кечиради, нурнинг соҳиби бўлиб, дунё кезинади. Бу ғазал орқали шоир инсоннинг қисмати орифлик бўлиши лозимлигини тушунтиради. Ошиқ туғён билан ўйнашади, дарди малҳам излайди. Шоир шарқ адабиётининг энг муҳим, бадиян йўналишларидан бири-тасаввуфнинг ёр, бода каби унсурларидан унумли, моҳирона фойдаланади. Машрабнинг адлпарастлиги уни Қаландарлик даражасига кўтарди. У чин маънода ошиқ бўлиб ранж чекди, ана шу бой изтироблар уни эл учун севимли Бобораҳим Машраб қилди. Зеро, ишқдан мурод ҳам аслида шу, яъни Инсоннинг Камолотидир.

Гуландом Тоғаева, филология фанлари номзоди.