ОНА ТИЛИМИЗ БИЛАН ТИРИКМИЗ! ЎЗБЕК ТИЛИ БИЛАН!
Шу пайтгача она тилимиз равнақи борасида халқимиз миннатдор бўладиган қонун лойиҳалари муҳокамага қўйилмаган, қарорлар чиқмаган эди. Тўғри, унгача ҳам ўзбек тилида сўзланган, давлат тили сифатида қадрланган. Аммо одатий баҳс-мунозаралардан фарқли ўлароқ, бугун она тилимизга эътибор берилаётгани ўзбек тили миллатнинг тақдири, ўлмас ва тирик нафаси экани, бу ҳақида фақат бугун долзарб бўлгани учун эмас, балки келгуси авлодлар учун ҳам барҳаётлигини таъминлаш зарурлигини англатди. Энди бутун кучимиз, билимимизни рус тили ёки бошқа тилларни муҳокама қилишга эмас, ўз она тилисини ич-ичидан туядиган авлодларни қандай тарбиялашга сарфласак, мўлжални бехато олган бўламиз. Болаларимиз ўз она тилисида саводи чиқмаса, дудуқ бўлиб қолиши, бу "дудуқланиш" ҳатто ўз исм-шарифини отамерос тилида ёзишдан маҳрум қилиши, бу манқуртликка чора йўқлигини тушунтириш йўлларини излашимиз лозим. Ижтимоий тармоқлардаги тил борасидаги барча баҳс-мунозараларни босиқлик билан кузатдим. Менда шундай савол туғилди: нима, она тили фақат уч-тўртта шоир, ёзувчи, олим ёки ўқитувчига керакми?.. Савдо ходимлари, тадбиркорлар, спортчилар, санъаткорлар-чи? Ёки уларга халқ тилини мукаммал билиш, адабий тилда сўзлаш ёки "реклама"ларни ўзбек тилида ҳавола этиш уятми? Тил ҳам тирик ҳиссиёт. Халқдан куч олмаса, ўлади. Баъзи муносабатларни ўқиб, тилимиз ёмон аҳволга келиб қолганига амин бўлдим. Мана, қанча урушлардан омон қолган, бошқа тиллар сиқиб чиқарганда ҳам яшовчан, мустамлака даврида ҳам тарихларга кўчган "кўплаб тиллар бешигини тебратган ўзбек тили!" Мен ўз тилига бефарқ, ёнидан ҳиссиз, бепарво ўтаётганларни тилимиз душманлари, деб биламан. Ўзбек тилини ҳимоя қилиш учун қаҳрамонлик кўрсатадиган вақт келди. Она тилида сўзлаган, ҳурмат қилган, равнақи йўлида ўз ҳиссасини қўшган, хорижда яшаса ҳам ўз тилига содиқ қолган инсонларни; у арбобми, тадбиркорми, санъаткорми, деҳқонми, қатъи назар, шу миллатнинг зиёлиси сифатида кўрсатиш керак. Бундан ўз она тилисини билмаганлар, жавобгарликка тортилганлар уялсин. Эски даврлардан хато ахтариб ёки мақташдан на маъни, на заруриат бор. Она тилимизга меҳр-муҳаббатимиз қандай бўлса шундай, бўёқларсиз, кимнидир "нуқтаи назар"ига суянмасдан, озод одам, янги даврнинг одами сифатида муносабат билдиришимиз керак. Ўзбек тили нафақат ўзимизда, жаҳонда ҳам етакчи тиллардан бири саналишига ҳақли. Тарих ғилдираги тўхтамайди. Ўттиз йилга яқин она тилимиз ҳақида қайғурдик, келгуси авлодни ҳам тилимиз чигалликлари гирдобига улоқтирмайлик.
Шу яқин кунларда она тилимизга бўлган эътибордан ғурурланиб бир шеър ёзгандим. Ижозатингиз билан ҳавола этишни лозим билдим.
2020 йил.
БУЮК ШАРҚ ТИЛИ
Менинг она тилим, тиллари ўтмас,
Сенга ошиқ дудуқ шоирларингни.
Ёнингда туриб ҳам бир сўзга ташна
Ўтиб кетаётган шотирларингни.
Ишонгим келмайди -- шу тилда Лутфий
Бир султон кўнглини лутф этмиш эркин.
Олти юз йилдирки, Навоий юртга
Толе сўраб чиқар шу тилда ҳар кун.
Не тил билан айтай -- Насимийнинг ҳам
Товонидан сўймиш шу тилга осиб.
Не кўз билан кўрай -- Паҳлавон Маҳмуд
Китоб жавонида қолмиш чанг босиб.
Она тилим,
тилим бўлган тилимни
Йўлма-йўл, эшикма-эшик дарбадар,
Не-не сарбадорлар, не-не султонлар
Олиб ўтмиш Шарқдан Оврўпа қадар.
Менинг она тилим -- буюк Шарқ тили,
Ўтрор тили, бутун Осиё тили.
Ўзбеклар тилидир, туркийлар тили,
Кўҳна ва янги Афросиёб тили.
Олтой тилидир, Энасой тили,
Ошиқлар сўйлашган Хуросон тили.
Занжирбанд шер каби наъра тортган Алп,
Тарихдан нишона сосон тилидир.
Чиғатой тилидир -- дўғалар еган,
Азалдан битилган ирфон тилидир.
Темур бирлаштирган бир туғ остида
Туронга айланган Турон тилидир.
Жон берган, руҳ берган ҳар бир сўзига
Қайтмас ҳақиқатдан куйганлар тили.
Қаерга борса ҳам бош эгмасдан тик
Она тилисини суйганлар тили.
Қасрларда битмиш тарих тилидир,
Асрлардан келган салафлар тили.
Оламда ягона туркий заминда
Тилини соғинган халафлар тили.
Менинг она тилим тиллар онаси,
Ўзбекча сўйлатган Пушкинни ҳатто.
Бу тилда Фаустни кўтарган кўкка,
Зардуштга танитган Ҳақни бехато.
Қошига бир жавҳар ахтариб келган
Жаҳон шоирларин маҳлиё қилган.
Сеҳру ифорига боғланиб қолган
Қанча мавлоларни авлиё қилган.
Бешиги бор уйда янграган бу тил,
Гўдаклар куч олиб чопган бу тилда.
Аҳмад Яссавийнинг бир байти билан
Туркистон ўзини топган бу тилда.
Она тилим, кечир, шундай қудратли
Тилинг бўла туриб нолаларингни.
Тушунмай чуғурлаб юрган ҳали ҳам
Тилсиз қолган дудуқ болаларингни.
Энди юз ганж билан тикламиш ҳайкал
Чечан шоирларинг сўзлар тизиб жим.
Суяклардан садо берар овозинг
Менинг она тилим,
онажон тилим.
Алмаштириб бўлмас сени ҳеч қачон
Бўғиб бўлмас кўкдан келган зиёни.
Нажот келтир замин сўнгига қадар
Эзгу номин билан кўтар дунёни.
ИККИ ЎЗБЕК СЎЗЛАШСА
ИККИ ЎЗБЕК СЎЗЛАШСА, ўзбеклигига ҳамма ҳавас қилса, она тилимизга бундан ортиқ баҳо бериб бўладими?..
Таҳририятда суяги қотган қаламкашлар яхши билади: оддий сўзда "ҳ"нинг "думи" ёки "ў" нинг "қалпоғи" тушиб қолса, ҳафта давомида бутун жамоанинг тер тўккани-ю, тонггача навбатчиликда туриб, газета чиқаргани зое кетади. Газетада биргина хабар қанча мухбир, таҳрирчи, мусаҳҳиҳ, муҳаррирларнинг "ички нигоҳи" (чиғириқ)дан ўтади. Бу цензура эмас, журналист халққа тарқатаётган материаллар пухта, ишончли, юқори савияда, халқчил (равон) бўлиши керак. Ҳар бир босма нашр морфологик, орфографик, синтактик жиҳатдан тегишли ташкилотлар томонидан ҳам таҳлил қилиб борилади. Ҳамкасблар орасида дастлаб газетада иш бошлаб, телевидение, радиога ўтиб кетганлар қанча! Ўзини илмга урганлар-чи?.. Аслида, бирор кўрсатув бошловчиси ёки олим бўлиш осонми? Илм - игна билан қудуқ қазиш билан баробар.
Ҳар йили она тили байрами арафасида таҳририятга шоир, ёзувчи, олим, ўқитувчи, китобхонлардан кўплаб мақолалар келади. Шоир, ёзувчиларнинг қораламаларига қалам теккизмасдан ўтказиб юборасан. Жонингни ҳалқумга келтирадигани айрим олимлар мақоласи... Шундай мураккаб илмий тилда ёзилганки, қайта-қайта ўқисанг ҳам ҳеч нимага тушунмайсан. Ўтган йили шунга ўхшаш ҳаммуаллифликда ёзилган олимларнинг мақоласини икки марта қайтардим. Учинчисида илмий ишидан парча келтирди. Нима қилай, бошқа қораламалардан саводли ёзилгани учун тўғри бош муҳаррирга олиб кирдим. Муҳаррир ўша заҳоти ёнига чақириб: "Қизим, буни қанақа савия билан кўтариб кирдингиз?.. Олимлигига қараманг, жиддий таҳрир қилинг. Тўғри, ҳамманинг нуфузли нашрга кўрингиси, юқоридагилар назарига тушгиси келади. Илмий унвонлари, мукофотлари, қайси уюшмага аъзолиги -- ҳамма-ҳаммасини мақоласининг тепасидан берамиз. Аммо ярим қоғоз бўлса ҳам одам тушунадиган тилда ёзиб келсин. Илмий ишидан юлиб олинган бу тарқоқ парчалар сизга, менга, таҳририятга, тилга ҳурматсизлик-ку!" Бу тарсаки бошқа ишларингда дарс бўлади.
Гапни минг марта чайналган афиша қоғозларидаги имловий хатолар, русийзабон ўзбек болаларининг нутқидаги "чучук"ликлардан бошлаб, вақтингизни ўғирламоқчи эмасман. Эътиборингизни фақат икки воқеага қаратмоқчиман. Моҳира шундай дейди: "Россияда ишлаб юрганимда, автобусда кутилмаганда синфдошимни учратиб қолдим. Биз ўзбек тилида йиғлаб, сўзлаша бошладик. У ҳам икки йил ҳеч ким билан ўзбекча гаплашмабди. Ўрис кампирлар ҳайдовчидан автобусни тўхтатишни талаб қилди. Бизга: "Сизлар Россиядасиз. Нега ўзбекча гапираяпсизлар? Қани, тушинглар", деди. Шунда мен ўз тилларида жавоб бердим: "Биз қонунга зид ҳаракат қилмадик. Ўз она тилимизда сўзлашаяпмиз. Руслар Улуғ Ватан урушида ўзбекларни оғаларимиз, деган. Энди ярим йўлда тушириб қолдирасизми?.."
Улар жим бўлишди...
Иккинчи ҳаётий манзарага ҳам куласиз, ҳам йиғлайсиз...
"...шағдан кевотувдим. Ўрис момойни занғарлар туновотганини кўрдим. Қўлимдаги бел даста билан айлантириб солдим. Тумтарақай бўлди. Подвалга кириб такияга бошимни қўйувдимам, милиса овози келди. Момойи маккор погонлиларга сотибди. Геройлик қипсан, сани телевизордан кўрсатамиз. Гапир, деб обдастанинг жумрагидай бир нарса тутди. Ерга қараб ўтиравердим. Русчада унча йўқман. Гапимни таржима қилиш учун рус тилини яхши биладиган юртдошларимиздан чақиришди. У ҳам ўзбек бўла туриб, сўзимни тушунтириб беролмади. Охири момойни қандай ҳимоя қилганимни журналистларга имо-ишора билан тушунтирдим..."
Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади: Она тилимиз қачондан бери бир-биримиз тушунмайдиган даражада аянчли аҳволга келиб қолди?.. Қўлимда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг "Фан" нашриёти томонидан 1994 йилда 50 минг нусхада чоп этилган ўзбек халқ иборалари тўплами турибди. Наҳотки, шу китоб академиклар назаридан ўтган бўлса?.. Китобдаги айрим иборалар шарҳини келтираман:
1. Ичидан пишган. Хоразм қовунлари, лалми тарвузчалар кўринишидан кўримсиз, хамакдай туюлса-да, аслида ичидан пишган бўлади. Инсон ҳаётига кўчирилганда, жуда пишиқ, қипчагар, муғомбир, ишнинг кўзини биладиган, билгани ичида одам маъноларини англатади. Ичидан пишган -- кетидан қариган иборасининг муқобилидир.
2. Тили бир қарич. Ҳеч кимга гап бермайдиган, сўзамол, маҳмадона одамга нисбатан ишлатилади. Кўпроқ аёллар, келин ёки қайноналарга, қуда-андаларга, маҳалланинг хотин-қизларига нисбатан қўлланилади.
3. Қўлини ювиб қўлтиғига артди. Тасаввур қилинг, бир танишингиз тўй-маъракада сизга рўпара келиб қолди. Сиз тўй эгасининг яқини сифатида хизматдасиз, танишингизнинг қўлига сув қуймоқчи бўлдингиз, у бунга қарамай жумракни буриб, ўзи қўл ювди. Сиз шошиб елкангиздаги сочиқни унга тутдингиз. Ошнангиз сочиқни олмай, сиздан узоқлашиб бораркан, йўл-йўлакай қўлини чўнтагига, қўлтиғига артиб кетди... Менинг бундай дўстим йўқ, деди. Муқобили: "ҳафсаласи пир бўлди", "воз кечди", "қўлини силтади", "орани узди"...
Бу китобни ота-оналар фарзандларим ўқисин, деб сотиб олади. Юздан ортиқ халқ иборалари кирган. Шарҳларда эса на илмий кузатув, на жиддий таҳлил бор. Китобдаги айрим ибораларни қўллаган одам беихтиёр "Пул-пулни топади, аҳмоқ кетмон чопади" дегандек маломатга қолиши ҳеч гап эмас. Олимлик нисбаси ҳар кимга ҳам берилавермайди. Неча асрлар чиғириғидан ўтган халқ иборалари қанчадан-қанча тарихий асарларимизда юксак маҳорат билан фойдаланилган. Наҳотки, шоир, ёзувчилар ижодидан намуналар келтириб, тилимиздаги жўнликни йўқотишнинг иложи бўлмаса?.. Нашриётларимизда сўз исрофгарларини қалам пулемёти билан отиб ташлайдиган муҳаррирларимиз қолмаганми?.. Тил ҳақидаги илмий рисолалар, луғатларимиз жуда кам ва қашшоқ... Тилга ортиқча "юк"ламалар юклашни кераги йўқ. Илгари адабиёт, матбуот, санъат "тили"ни олимдан тортиб, оддий деҳқон, сувчигача тушунган. Ақли ожизимча, она тилимиз сакта, расмий, жўн ва зерикарли мулоқот манбаига айланиб қолмасин. Икки ўзбек яйраб-яйраб, жўшиб-жўшиб сўзлашса, ўзбеклигига ҳамма ҳавас қилса, она тилимизга бундан ортиқ баҳо бериб бўладими?..
Адиба УМИРОВА