БИЛДИМКИ МЕН


Билдимки мен, билмаганим эрур адосиз,
Ҳақнинг чўпи қаттиқ тегар, гарчи садосиз.
Кўринмас бир заррачадан қўрқяпти, қаранг,
“Худо қани? Кўринмайди!” – деган худосиз.

Билдимки мен, шукри йўқлар ибрат учун зор,
Кимнинг қасри баланд, кимнинг каталаги тор.
Эй сизларким, чарчадингиз уйда ўтириб,
Уй қидириб ҳолдан тойган қанча банда бор.

Билдимки мен, озодлик бу энг ширин неъмат,
Жони борга жон бергандан олий марҳамат.
Қафаслару, қамоқхона ичидан боққан –
Нигоҳларда бежиз эмас армон қатма-қат.

Билдимки мен, кимда асли ваҳима, ғавғо,
Кимнинг жони кўринади кўзига танҳо.
Дунёда кўп сувсизлигу, очдан ўларлар,
Улар дарди тўқлар учун муҳиммас аммо.

Билдимки мен, одамзотда худбинлик тошиб,
Табиатга зулми кетса ҳаддидан ошиб.
Қилмишига кўра ногоҳ келганда жазо,
Тавба қилиб, Яратганни эсларкан шошиб.

Билдимки мен, билганларим айлайди хомуш,
Инсон борки мойил шунга – тез унутар – хуш.
Синов пайти талвасага тушган одамзот,
Қутулганда барин этар, афсус, фаромуш...

   Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир - Бобур Бобомурод шеъри.
  Нотиқлик санъати академияси таълим муассасаси раҳбари, филология фанлари номзоди, доцент - Раҳимбой Жуманиёзов ижросида ўқилди.