Фирдавсмонанд Самарқандим


 18 Октябрь - Самарқанд кунига бағишланади. 
   
  Боғи Баланд, Боғи Шамол, Боғи Дилкушо, Боғи Жаҳонаро, Боғи Беҳишт, Боғи Чинор, Боғи Нақши, Боғи Феруза, Боғ Нав, Боғи Давлатобод боғларга улашган боғлар, гулзорларга туташган гулзорлар... Олам аҳли таъвофга шошаётган Амир Темур зиёратгоҳи, Кўксарой, Регистон, Улуғбек мадрасаси, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр қадамжолари...Ўзидан нур таратиб турган осори-атиқалари билан тилсимотларни макон айлаган тилларанг ва ложувард доруссалтана, ҳадсиз музаффариятлар, қувончу-шодликлар қучган Биҳишти жаҳоним - Самарқандим.
   Олтинранг ғиштлар, мовий кошинлар, ироқи равоқлар, нақшин-нигорлар, саодат саройига етакловчи файзли йўллар, фирузаранг дарвозаларда сенинг осойишталигинг, фароғатинг тажассуми.
   Фариштали шаҳар - деб аташади сени.
   Дунё фозилларини ўзига чорлаб турган табаррук дарсхона. Самарқанд қоғозининг таърифи ер юзи орифларининг эътирофига сазовор бўлиб, кенг истиъмолга қўйилгунга қадар инсоният ҳайвон терисига, дарахтлар пўстлоқларига, тошларга, деворларга, сифатсиз анжомларга битиклар битар, афсуски, бу битикларнинг айримлари бир ёғин ёққунчалик умр кўрар эди холос. Айрим такомилига етмаган қоғозлар титилиб кетар, ҳарфларни ютиб юборар, бўёғи ўчиши билан қоғоз ҳам ўйилиб яроқсиз аҳволга тушар эди.
   Самарқандликлар ҳам сифатли қоғоз яратгунча неча марталаб уринишни бой бергандир... Тасаввур қиламан: дастгоҳ устидаги хатолар, ўлчамдаги етишмовчиликлар, қоришмалардага меъёри бузилишлар, маҳсулот камлиги, сарф-харажатларга куйиб қолишлар... Уйқусиз тунлар, самарасиз уринишларга кетган асаблар...Буларнинг барини улуғ боболаримиз енгиб ўтмишлар.
   Уларни нима бунчалик оқ қоғоз сари етакламиш?. Улар нимани тасаввур қилмиш қоғознинг ортида?. Не сеҳру-синоат боғламиш уларни бунга, қандай оҳанграбоси бордир оппоқ қоғознинг?...
  Ишонч, умид, сабу-бардош, бирлашиш, тинимсиз моддий қўллаш ва албатта бу эзгу йўлдаги руҳий қувват, илҳомбахшликдир. Энг муҳими енгилмаслик, қўл силтамаслик, орқага кетмаслик ҳамда аниқ ақлий шижоат, истеъдоддир. Ниҳоят ғалаба!. Менинг боболарим уддаламишлар бу машаққатли юмушни, менинг аждодларим олам донишмадларига асл Самарқанд оқ қоғозини биринчи бўлиб тортиқ этмишлар. 
   Ҳазрати Соҳибқироннинг улуғ изланишларидан бири “Гулшани хазойин”ни топиб Кўксарой кутубхонасини бойитиш бўлган. Халифа Усмон Қуръонини топиш учун шаҳзода Муҳаммад Султонни Басрага юборгани, аммо валиаҳд шаҳзода муқаддас китобни фақат дарагини топиб, уни Миср султони Бейбарс жаноби олийлари Олтин Ўрда хони Берка хонга тортиқ қилиб юборганини ҳақида хабар олиб келади. Шу билан бирга бир нечта нодир асарларни олиб келгани, булар: ”Саҳиҳи Бухорий”, Аз-Замахшарийнинг ”Кашшоф” номли машҳур қўл ёзмалари эди. Тағин “Мажмуат расоил ал ҳукамо” отлиғ кўп рисолалари жам бўлган хазинаси Кўксарой кутубхонасига келтирганини айтади. Ушбу рисола тарих 580 ҳижрийда Дамашқда китобот этилгани унда жами бир юз еттита рисола бўлиб, улар ичида Арасту, Ал- Фаробий, Абу Али ибн Синодек алломаларнинг асарлари бор эди.
   Яратганнинг инъоми бирла Соҳибқирон томонидан қўлга киритилган Халифа Усмон Қуръони бугунги кунда Тошкенти азимда, Хасти Имом масчитида мусулмон дунёсини нурлантириб турибди.

***

   Ҳазрати Соҳибқирон Кеш мадрасаларидан бирида ўқиб юрган пайтларда қайсидир бир китобда ўқиганини эслаб ёдда тутмишлар. Халифа Маъмун Самарқанд вилояти ҳақида сўраганида унга жавоб беришган экан: ”Самарқанд бамисли ойқўрғоннинг ўзи. Дарёси фалак қасрининг дарёси монанд, далалари эса осмон ёритқичларидай фусункор..”.
   Амир Тимур наздида ғоят ўринли таъриф. Чиндан-да далалари серҳосил, боғлари тароватли, сувлари шарқироқ маскан. Қиш фасли совуқ, баъзан қор уч қаричгача етади. Ёзлари мўътадил, баҳори ниҳоятда тароватли. Тупроғи бамисоли жаннат. Ғалланинг ҳамма туридан учрайди. Меваларини айтсангиз!. Соҳибқирон, айниқса, Самарқанднинг нашвати, муруди, анжирини яхши кўрар эди. Ул муҳтарам зотнинг яна бир одатлари қаерга борса гулларнинг уруғларини келтирар эканлар. Бир куни ишонган дўсти Муҳаммад Чуроға билан Самарқанд гуллари турларини эринмай санаб чиқибдилар. Қизил гул, гули раъно, гули нафармон, шаббўй, савсан, райҳон, ҳарам, гулхайри... саноғи ўттиздан ошиб кетибди. Гулларни, боғларни хуш кўрувчи бобомиз тақдирига боғларни, гулзорларнигина эмас бутун бир Турон заминни яшнатишдек масъулият юклатилмиш.
   Ҳазрати Соҳибқирон орзу қилган фазлу камол Самарқандда бўй кўрсатгунча орадан не-не суронли асрлар кечмиш. Самарқандни таламишлар, кўзларига қумлар сочмишлар, табаррук боши узра қилич ялонғочламишлар, шамшир ўйнатмишлар. Унинг илоҳийлигини унутмишлар, унга хиёнат қилмишлар.
   Турғунлик йиллари ўн икки ойда бир марта отажоним бизни Самарқанд зиёратига олиб келардилар. Биз ҳар йили келганимизда шаҳар чанги тўзиб ётарди. Гўзаллик тожи Регистон гўё номард, бераҳм куёвнинг қўлига тушган бахти қаро келинчакдек оламга ғамгин боқарди.
   Кўксаройда эса тинимсиз устабузармонликлар гувоҳи бўлар эдик. Тиллакори мадрасаси аянчли ўтмиш азобларини чекаётган сулув қиёфасида эди.
   Самарқанд бамисли баҳодир ўғлонларини оғир жангларга кузатган Онага ўхшарди. Ҳоқону саид ботирлари қачонлардир қайтиб келиб, унинг интизор кўзларидаги қайғу ёшларини артадигандек, ҳасратларини аритадигандек, армонларини қувончга айлантирадигандек эди, гўё. Ҳа, худди шунга ўхшаш ҳолатлар Султон Мирзо Улуғбекнинг беназир расадхонасига ҳам соя ташлаб ўтмиш. Мадҳи улиё Сароймулкхонимнинг мақбараси ичкарисидан куйинди ҳиди келарди. Ўша ёқда, ичкарида қандайдир азиз нарсам куяётгандек туюларди менга. Куйган рўмолини ҳидлаб бир меҳрибоним йиғлаётгандек бўлаверарди..
   Орадан йиллар ўтди. Зарлар оққан Зарафшон соҳилларига истиқлол баҳори келди. Она юрт осмонида Ҳумо қуши мағрур парвоз айлади. Муқаддас заминда  мустақилликнинг ҳур шамоллари эсди. Она Ватанни бахтиёр кўрмоқ учун умри жонини фидо айлай оладиган раҳбар юрт тепасига келди. Ўзбекистон ер шарининг одамлари бахтиёр яшаётган иккита мамлакатнинг бирига айланди. Биз бу музаффариятни Муҳтарам Президентимиз халқнинг маънавий-маърифий савиясини янада чуқурлаштириш учун китоб ўқишга катта эътибор қаратиш ғамхўрликларида кўрамиз. Бугун юртимизда китобхонлик учун ҳамма шароитлар мавжуд.
   Инчинун, Самарқандда ҳам ”Китоб олами” маъданий-маърифий мажмуаси иш бошлаганига  ҳали кўп бўлгани йўқ, аммо,бу даргоҳда ҳар куни беш юздан ортиқ ўқувчи китоб савдосини амалга ошираётганини ҳисобга олсак ва бу савдога ҳар куни ўнлаб янги ўқувчи қўшилаётганини қайт этсак, натижа яхшиланаётганига шак-шубҳа йўқ.
   Ҳа, Самарқанд китобга, илм-фанга, тараққиётга интилаётган, ақлу адолат гулшани. Самарқанд фақатгина усти ялтироқ шаҳар эмас, у улкан қалбли фозил шаҳар. Унда ақл дарахтлари илдиз отмиш. Унда нафосат чаманлари чечак очмиш.
   Олам аҳлининг йўллари Самарқандда туташади. Йўлларнинг бири  Соҳибқирон Амир Темир мақбарасига элтса, яна бири Ҳазрати Хизр зиёратгоҳига, Муҳтарам биринчи президентимиз Ислом Каримов мангу қўним топган қадамжога элтади. Инсоннинг сиғинар саждагоҳи қанча кўп бўлса, эътиқоди шунча кучли бўлар экан. Бизнингда бош урар муқаддас манзилимиз яна биттага кўпайди...
   Яна йўлим Самарқандга тушди.
   Ассалом, нурларга чулғанган фирдавсмонандим. Ассалом, гулларга ўралган доруссалтана. Ассалом, ҳар кун зафарият шукуҳини ҳис этаётган ворислар юрти.
   Ассалом, ҳазрати Соҳибқироним.
   Йил давомида минг турли анвойи гуллар оғушида кўраман шаҳримни. Баҳорда бориб лолалар маконига дуч келдим: қизил лолалар, қирмиз лолалар, оқ лолалар, нафармон лолалар, ҳатто қора лолалар. Бу лаҳзаларни “Самарқадда лола вақти” деб аташар экан. Ёзда минг турли фавворалар қуршовида қолдим. Бундай кунларни ”Самарқандда фавворалар вақти” деб атайдиган бўлишибди. Ҳа, кузда олмалар, анжирлар, қовунлар сайли ўтади, қишда биллур шаҳарга айланади бу муаззам  маскан.
   Самарқандим, сенга қай фаслда келмай, қай тарафдан келмай, мўъжизага дуч келаман. Шеърга, сеҳрга ошно тутинаман. Нон ҳиди, сут ҳиди келган кўйлагингни ҳидлайман. Авлиёлар эшиги бўлган остонангга бош ураман.
                                      
 ***
  Дунёни таъвофга чорлаб турурсан,
Инсонни инсофга чорлаб турурсан,
Ҳазрати Ҳизрга бошлаб борурсан,
Йўлларинг кўзимга суртай Самарқанд.

Юлдузларни ушлаб ном топганингда,
Жонларингни бериб шон топганингда,
Қўлларинг куймасму нон ёпганингда?,
Қўлларинг кўзимга суртай Самарқанд.

Азал афсонасан минг турфа бўлган,
Очилдастурхону, нон сурпа бўлган,
Миллат Отасига оқ кўрпа бўлган,
Гулларинг кўзимга суртай Самарқанд.

Сароймулкхонимсан бардошни ютган,
Келинлари хонлар, султонлар туққан,
Китоб карвонига елкасин тутган,
Чўлларинг кўзимга суртай Самарқанд.

То адолат мангу, саодат мангу,
Имону, эътиқод, диёнат мангу,
Барокат эшиги аталган ўнгу,
Сўлларинг кўзимга суртай Самарқанд.

Шоҳи Зиндам менинг шунда тирилган,
Неча бор қирилган, шунча тириган,
Тунда ўлдирилган, тонгда тирилган,
Борлиғинг кўзимга суртай Самарқанд.

Ер юзин талъати, - дея, аталган,
Шафқат салтанати, - дея, аталган,
Бу дунё жаннати, - дея, аталган,
Ёрлиғинг кўзимга суртай Самарқанд.

Нон каби ушалиб ном топганингда, 
Ботирларинг бериб шон топганингда,
Қўлларинг куймасму нон ёпганингда?
Қўлларинг кўзимга суртай Самарқанд.
                       
Зулфия МЎМИНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот