Мусофирдан пул сўраманг


Рамазон АШУРОВ

Мусофирдан пул сўраманг

Пул сўраманг Россияда юрганлардан,
Совуқларда бир оёқда турганлардан.
Ҳақ бўлиб ҳам ноҳақликни кўрганлардан,
Пул сўраманг Россияда юрганлардан.

Баъзан тунни, кундуз билан алмашади,
Ватан, дея юлдуз билан гаплашади.
Келгинди, деб қора лойлар чаплашади,
Пул сўраманг Россияда юрганлардан.

Ҳар бир куни, ҳар бир туни хатарлидир,
Азоблари мусофирга етарлидир.
Қўл “кир”лари бир кун келиб кетарлидир,
Пул сўраманг Россияда юрганлардан.

Тел қилади қишлоғида юрганларга,
Пул юборса уни эслаб турганларга,
Қуруқ қайтса лабларини бурганларга,
Пул сўраманг Россияда юрганлардан.

У ҳам инсон уйларини соғинади,
Яшаш учун кимларгадир сиғинади,
Фарзанд учун у бечора йиғинади,
Пул сўраманг Россияда юрганлардан.

Уйга қайтса бутун қишлоқ босиб келар,
Совға бер, деб қовоғини осиб келар,
Балки зўрға келганингни қайдан билар,
Пул сўраманг Россиядан келганлардан.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот