ЭС
ЭС
Ҳикоя
...Бунга дудланган балиқнинг алоқаси йўқдир – кеча кечқурун еса бир туюр еб, устидан ярим стакан қайнаган сув ичди, холос. Абдимўмин роса манзират қилсаям ўзини тийди: имтиҳондан ўтиб олайлик, кейин; балки пиво билан қўшиб урармиз. Буни эшитиб кўзлари чақнаб кетган ҳамхонаси лаб-лунжини йиғиштиролмай қолди; афтидан, пиво деса ўзини томдан ташлайдиганлардан. Аммо шу болага тан бериш керак: энсангни қотирганча, пиёла-пиёла чойни ҳўриллатиб ичган кўйи телевизор қаршисида тонгга қадар қимирламай ўтириб чиқади; баъзан, эрталаб бадрафхонага боришни унутиб қўйса ё эринса ҳам кун бўйи ўша томонга қадам босмай юраверади... Балки нонушта чоғи ичган бир пиёла чойи сабабдир. Бироқ тонг саҳарда бирор нима емаса бўлмасди, ахир шу билан тушгача оғзига ушоқ ҳам ололмайди.
Хўш, институтга икки автобус алмашиб, бир соатда етиб келди. Лекин қабул комиссиясидагиларнинг “Соат олтида шу ерда бўлишларинг шарт!” деб ваҳима қилганлари, унинг бекатдан бу ёғига “Кечикиб қолмай-да ишқилиб!” дея оёғини қўлга олиб чопганлари бекор экан: айтилган вақтдан чорак соат ўтиб кетган бўлишига қарамасдан, ҳали одам кам эди.
Ниҳоят соат еттидан бошлаб абитуриентларни сафга тиза бошлашди. Назир гуруҳи рақами ёзилган тахтачани кўтариб олган новча қиз ортига келиб турди.
Бир соатлар ичида гуруҳдагиларнинг тахминан ярмидан кўпроғи йиғилди. Узун бўйли, енгли кўк кўйлак кийиб, бўйнига суратли бейжик осиб олган, ингичка мўйловли асабий домла тинмай у гуруҳдан бу гуруҳга ўтар, болалар сонини текширар, давоматдан кўнгли тўлмаётган бўлса керакки нуқул уҳ тортиб, норози тарзда тўнғиллагани-тўнғиллаган эди. Домла ёнидан шошиб ўтаётган маҳал Назир унинг бейжигига кўз ташлаб, катта ҳарфларда ёзилган фамилияни ўқишга улгурди: “Джаббарав”. Демак, Жабборов.
Тўққизга йигирма дақиқача қолганда гуруҳларни ичкарига киритиш бошланди. Икки соатдан ортиқроқ тик туриб, оёқлари, бели увишиб-оғриб кетган бўлса-да, ҳали Назирнинг кайфияти кўтаринки эди. Илло, у қайта-қайта сўраб-суриштириб, аниқ билиб олган: ҳозир биринчи текширувдан ўтиб дарвозадан киришади, кейин, иккинчи текширув ва хоналарга – бу жараённи бошдан ўтказиб бўлган талабалар “аудиторияларга” дейишарди оғизларини тўлдиришиб – олиб кириш олдидан тез анави жойга ўтиб келишга изн беришади.
Бироқ... камбағални туянинг устида ҳам ит қопади, деганлари рост шекилли: айнан Назирнинг гуруҳидан кимдир кечикаётган эди. Ҳамма кириб кетди, фақат Жабборовни баттар ғазаблантирган кўйи шу гуруҳда битта абитуриент етишмасди.
Ахийри узоқ кутилган абитуриент чопиб етиб келди ва қутуриб кетган, уриб юборгудай важоҳатдаги домла қаршисида зўр бериб ўзини оқлашга тушди: такси, “пробка”... Бироқ Жабборов унинг баҳона-сабабларини эшитиб ҳам ўтирмасдан, абитуриентларни шиддат билан ичкарига бошлади.
Гуруҳ аъзолари иккинчи текширувдан ўтиб, бино кириш эшигига яқинлашишди ва ана шунда Назир даҳшат билан дамо-дам соатига қараётган Жабборов ҳаммани бирданига имтиҳон ўтадиган бинога олиб кириб кетаётганини кўрди. Ваҳоланки... Бунга дудланган балиқнинг алоқаси йўқдир – кечқурун еса бир туюр еб, устидан ярим стакан қайнаган сув ичди, холос. Эрталабки бир пиёла чой... Балки ҳаяжонланаётгани сабабдир... Йўқ, бунга шамоллаган чап буйраги айбдор. Мана, ҳозирдан ачишиб оғрияпти. Ўша, ўтган қаҳратон қиш акаси билан далага яхоб суви қўйишга чиққанида куни билан титраб-қалтираб юравериб, совуққа олдириб қўйган буйраги. Ичингга бир қошиқ суюқлик тушса бас, тўғридан-тўғри ташқарига чиқариб юборишга шошадиган буйраги...
Хайрият, бадқовоқ Жабборов биринчи қават йўлаги бошида тўхтади, яна бир бор соатига қаради, сўнг, йўлакдан кўз узмай эълон қилди:
– Беш минут кутамиз. Жим!
Ҳолбуки, шусиз ҳам ҳамма нафасини ичига ютганди.
Беш дақиқа, уч юз сония... Кўп нарсага улгурса бўлади, кўп нарсага... Назир бу сониялар ўзи учун сўнгги имконият эканлигини ҳис қилди. Кейин, хонага кириб кетишса, уч соат ташқарига қўйишмас экан. Уч соат-а!..
Ваҳимадан дир-дир титрай бошлаган Назир бир қадам олдинга чиқди.
– Домла...
Жабборов ўгирилди.
– Нима дейсан? – деди у ўшқириб.
– Мен... бориб келсам...
– А? Қаёққа? Катта холангнинг уйигами?
Абитуриентлар сафида пиқирлаган кулги овозлари эшитилди, аммо Назир ҳозир бунга эътибор берадиган аҳволда эмасди.
– Ҳожатхона...
Жабборов бужмайиб қолган абитуриентга қаршисида ғаддор халқ душмани тургандай адоқсиз ғазаб ва нафрат билан, тириклайин ғажиб ташлагудай ўқрайиб қараб, бақирди:
– А? Нима деб минғирлаяпсан? Бундай ўзбекчалаб гапир!
Айтган сўзимни тушунмади деб ўйлаган Назир жон алпозда:
– Туалет... – деди.
– Шу пайт қистаб қолдими? – Жабборов ғижиниб атрофга аланглади: – Ўтиб кетибмиз-ку... Бир камим энди сенларнинг орқаларингдан памперс кўтариб юришим қолувди. Безразмеридан...
Домлага ёқмоқ қасдидами кимлардир зўр ҳикмат эшитгандай ошкор хушомадли ҳи-ҳилашди.
– Менга қара, бола! – ўдағайлади Жабборов. – Тест “Эс 332”-хонада бўлади. Уқдингми?
Ҳеч нарсани уқмаган бўлса-да, Назир шошиб бош ирғади.
Жабборов таъкидлади:
– “С” эмас, “эс”. Эслаб қолган бўлсанг мингга қўйиб бешинчи қаватга югур! Ана зина. Кейин учиб учинчи қаватга туш. “Эс-332”-хонага. Марш!
Назир уч ҳатлашда зинапояга етиб келди ва икки-уч пиллапояни бир қилиб сакраган кўйи юқорига чопди. Иккинчи қават... учинчи... тўртинчи... ва-ниҳоят... Аммо бу нимаси? Бино тўрт қаватли эди. Юқорига олиб чиққан зина берк эшикка тақалиб тугарди; ён томондаги кир деразадан том кўриниб турибди...
Назир зина тутқичига беҳол суяниб қолди. Наҳотки... наҳотки домла адашган бўлса...
Шу сонияда... Назирнинг димоғига пешоб иси урилгандай бўлди. Наҳотки... Йигит шошиб атрофга аланглади. Ҳеч ким кўринмади. Улгуради... Назир қўлини шими занжирига юборган маҳал бирдан тўхтаб қолди. Йўғ-э... Қишлоқда минг қистаса ҳам одамларнинг уйи ёнида тугул, томорқасида ҳам бу ишни қилмаган банда шундай жойда... Ўқийман деб келиб... олий маълумот оламан, маданиятли одам бўламан деб келиб... Домла адашган, тўртинчининг ўрнига бешинчи деб юборган...
Назир пастга отилди ва тўртинчи қаватнинг кимсасиз узун йўлаги бўйлаб йўрғалаб кетди. Эшиклар... эшиклар... аммо биронтасида ўша белги йўқ...
Адойи тамом бўлган Назир орқага чопди ва учинчи қаватга тушдию, йўлакда ҳеч ким кўринмагач, биринчи дуч келган эшик рақамига қаради: “С-302”. Унда “эс”и қаерда экан? Ўнгдамикан, чапдамикан?
Назир “эс” ҳарфли хонани қидириб кетди. Аксига олиб, йигитни баттар ваҳимага солган кўйи ҳамма эшикларда фақат “с” ва яна “с” эди. Тополмаса нима қилади? Ё шунинг ўзи “эс”микан?.. Йўғ-э, ахир, у ўқиган алифбода “с” ҳарфи “s” билан белгиланарди-ку... Демак, ё ҳақиқатан “эс” ё бўлмаса “es”ни топиши керак...
Ахийри ҳозиргина ўзи ўтган йўлак адоғидан пилдираб келаётган домлага кўзи тушган Назир нажот фариштасига пешвоз чиқишга шошгандай шу томонга югурди.
– Ҳой бола, ҳалиям юрибсанми кар қўйдай тентираб? – олисданоқ дўқ урди Жабборов. – Мен сенга “Эс 332”-хонага кел дегандим-ку. “С” эмас, “эс”! “Эс”! Ўзбекчалаб айтгандим-ку, галварс!
Йигит вазиятни тушунтириш учун оғиз жуфтлади, аммо улгурмади: домла унинг билагидан маҳкам чангаллаб олиб, диконглатиб судраб кетди.
– Барибир қишлоқилингга борасан-да! – бутун йўлакни бошига кўтариб ўшқирди Жабборов. – Сендайларга ўқиш ҳам ҳайф! Институт ҳам ҳайф!
Назир то ўзини ўнглаб, бир оғиз гапиргунга қадар домла “С-332” деб ёзилган эшикни очди ва йигитни ичкарига итариб киритиб юбораркан:
– Шу группадан! – деди ва лол-карахт аҳволдаги абитуриент ортидан эшикни тарсиллатиб ёпди.
Доска ёнида ўтирган уч домладан бири Назирдан фамилиясини сўради, сўнг, қоғозига қараб текшириб кўргач, унинг жойини кўрсатди. Назир маст одамдай гандираклаб бориб ўтирди.
Қолгани тартиб бўйича кечди. Қабариқ кўзойнакли оқсоч домла имтиҳон варақларини тўлдириш тартибини узоқ, эринмасдан тушунтирди. Оёқларини бир-бирига маҳкам қисиб ўтирган Назир бу орада анави жойга камида тўрт маротаба бориб-келишга улгуришини чамаларди. Ё ҳалиям рухсат сўраб кўрсамикин... Йўғ-э, ўзи кечикиб келган бўлса...
Бир домланинг таклифи билан ҳовлида гуруҳ рақами ёзилган тахтачани кўтариб турган новча қиз шошилмасдан, тошбақа қадам билан доска ёнига чиқди ва баайни тақдири ҳал бўлаётгандай узоқ, жуда узоқ ўйланиб тургандан сўнг махсус қутидаги конвертлардан бирини шошмасдан суғуриб олди. Шундан кейингина тест саволлари ёзилган қоғозлар тарқатилди.
Саволларни очиб ҳам кўрмаган Назир қўл кўтарди.
– Нима гап, йигитча? – меҳрибонлик билан сўради оқсоч домла.
Хижолатдан юзининг лавлагиси чиқиб кетган Назир ўрнидан турди.
– Анави... – у мақсадини тушунтириш учун чиройлироқ, адабийроқ сўз қидириб каловланди: – мен... шамоллаб келсам дегандим...
Ҳа, Назир айнан шундай деди. Зеро, у ўтган йили уйларига келган бир шаҳарлик меҳмон шундай деганини ўз қулоғи билан эшитганди.
Домла Назирга диққат билан тикилди:
– Яъни, нима демоқчисиз, марҳамат қилиб аниқроқ айтсангиз.
Фикрини тушунтиролмаганидан баттар ўсал бўлган Назир очиғига кўчди:
– Ҳожатхонага бориб келсам...
Кимлардир яна пиқирлаб кулиб юборишди, қизлардан бири юзини чимчиди, “Вой ўлай...” деб қаттиқ шивирлади, шу қадар қаттиқ шивирладики, уни бутун аудитория эшитди.
Оқсоч домла ўрнидан турди.
– Йигитча! – деди у айтаётган сўзлари ҳақлигига заррача ҳам шубҳа қолдирмайдиган ўта жиддий оҳангда. – Мен етти йилдан бери тест имтиҳонларида қатнашаман. Бу йиллар ичида сизга ўхшаган муттаҳам ўйинчиларнинг, эҳ-ҳе, қанчасини кўрмадим, қандай муғомбирликларига гувоҳ бўлмадим, айтаверсам бир китоб бўлади. Лекин айтиб қўяй ва бу гапимни қулоғингизга қўрғошиндай қуйиб олинг ва шерикларингизга ҳам етказинг: сизга ўхшаганлар шохида юришса, биз баргида юрамиз! Буни қандай эплагансизлар, билмайман, аммо бошқа нарсани аниқ билиб турибман: шеригингиз ҳозир ҳожатхонада кутаяпти. Сиз борасиз, у ҳаммасини ечиб беради, қайтиб келасиз, беловойга кўчирасиз, тамом-вассалом! Шу билан талаба бўлдим, деб ўйлайсиз-да. Адашасиз, йигитча. Қаттиқ адашасиз! Токи бу ерда мен бор эканман, бундай алдам-қалдамга асло йўл қўйилмайди! Асло! Токи мен бор эканман, сиз ҳақиқий билими бор абитуриентнинг ўрнига талаба бўла олмайсиз. Ҳеч қачон! – Ўз сўзларидан ўзи мутаассир бўлган домла “қулт” этиб ютинди ва титроқ товушда мурожаатида давом этди: – Шунинг учун, йигитча, шеригим билан қўшилиб шарманда бўлмайин десангиз, жимгина ўтиринг. Акс ҳолда ҳозирнинг ўзида баённома тузиб, сизни аудиториядан ҳайдаб чиқариб юбораман! Менга деса танкангиз ректор бўлмайдими, фарқи йўқ! Мен имтиҳонда ҳақиқат ва адолат тарафдориман ва то ўлгунимча шу тамойилларимга содиқ қоламан!
Қолган икки имтиҳон олгувчи кекса домлага ҳайрат ва ҳавас билан қараб, унинг ҳар бир гапига чапак чалиб юборишдан ўзларини аранг тийиб туришарди.
– Ҳозироқ ўтиринг, йигитча ва бевосита ўз вазифангизни бажаришга киришинг! – дея ҳаяжонли чиқишини тугатди домла. – Лекин билиб қўйинг, сизни алоҳида назоратда тутаман, агар бирон шпаргалка ёки сотка-потка ишлатадиган бўлсангиз, шу заҳоти сиз билан хайрлашамиз.
Ўз илтимосининг бунақанги талқинга учраши етти ухлаб тушига қирмаган Назир ноилож жойига қайтиб ўтирди. Энди тест саволларига тезроқ жавоб қайтаришдан ўзга чора қолмаганди.
Қовуғи тўлиб кетганидан кескинроқ ҳаракат қилишга ҳам чўчиётган, бостириб келаётган ваҳимадан миясида оғриқ турган Назир кўз олдида ҳарфлари чаплашиб кетаётган саволларга қарар, бироқ уларнинг маъно-мазмунини илғаб олишга қийналарди... Барибир уриниш керак. Ўзини чалғитиши керак. Ишлаш керак...
Ў, вақт, бунчалар ўтишинг қийин сенинг...
Букчайиб қолган Назир тишини тишига босганча бир амаллаб юзтача саволнинг жавобини белгилаб чиқди. Йўқ, энди ортиқ чидаб бўлмайди...
Назир ўрнидан турди, кўзойнагини пешонасига кўтариб олганча ўзига синчков қараб турган оқсоч домланинг ёнига эҳтиёткорлик билан қадам босиб борди. Шуни тошпирса бас, кўчага... кўчага...
Жавобларни узатаётган маҳал Назир ҳатто гапиролмади, оғзини очса нимадир содир бўладигандек эди...
Кекса домла қоғозларни олди, кўзойнагини тушириб, уларни диққат билан кўздан кечирди.
– Ҳм-м... Черновойларсиз ишладингизми?
“Қилт” этолмай турган Назир кўзларини юмиб очди. Домла кейинги саволини берди:
– Нега?
Ортиқ чидаб бўлмасди. Назир яна бир сониядан сўнг, эҳтимол сониянинг мингдан бир бўлаги ичида ўзини абадул абад шармандаи шармисор этадиган ҳолат содир бўлишини ҳис этди. Ўқиш... ўқишлари ҳам бошидан қолсин! У жон-жаҳди билан тишларини тишларига босди, қўлларини мушт қилиб тугганча бирдан оғирлашиб кетган, нимаси биландир сув лим тўла кувини эслатаётган ўнг оёғини аранг кўтариб эшик томон бир қадам ташлади ва шу ҳолида, оёғи ўз-ўзидан тойиб, бути йирилган одамдай аввал ерга ўтириб қолди, сўнг, бутун вужудида даҳшатли оғриқ ҳис этган кўйи “гуп” этиб полга қулади...
Бу йил ҳали куз адоғига етмасидан бурун, ноябрь ойининг ўрталаридаёқ қиличини яланғочлаб қиш кириб келди. Ҳаммаёқни оппоқ қор босган шундай кунларнинг бирида ўртоғим Файзулла қишлоққа, тустовуқ овига таклиф этиб қолди.
Икковлон қишлоқдан икки-уч чақирим наридаги зовур бўйида тизза бўйи қор кечиб анча тустовуқ отдик. Овга қизиқиб, овулдан узоқлаб кетибмиз, бир пайт қарасам, яйдоқ дала ёнидаги теракзор ичига қурилган пастак пахса уй мўрисидан тутун чиқаяпти. Яхшилаб разм солсам, яқин-атрофда симёғоч йўқ, демак кулбага ток келмаган. Бундан тўрт-беш йил бурун ҳам шу атрофга овга чиққандик, аммо бу уйни кўрганимни эслолмадим. Қизиқиб, сўрадим:
– Бу Том тоғанинг кулбаси кимга тегишли?
Файзулла бепарво қўл силтади:
– Э, бу анави бор-ку, қишлоғимизни шарманда қилган Назир, ўшаники.
Нимадир ёдимга тушди, ҳайрон бўлдим:
– Қанақасига шарманда қилади?
Ўртоғим ёқтирмайроқ жавоб қайтарди:
– Одамнинг гапиргисиям келмайди. Хуллас, олти-етти йилча бўлиб қолди-ёв, имтиҳон пайти қўрққанидан иштонини ҳўллаб қўйган бола-да. Ўшанда қанча гап-сўз бўлувди. Уялганидан чидай олмай, охири уйиданам чиқиб кетди, шу ерда яшаяпти. Теракзорга қоровул бўлиб олган. Барибир биров қизини бермаганидан кейин... тўғриям қилди-да. Эр етиб қолган укаларигаям жой керак эди...
Эсанкираб қолдим:
– Мен бошқача эшитгандим-ку. Имтиҳон пайти қовуғи ёрилиб кетиб, қони заҳарланган, дўхтирлар бир ўлимдан асраб қолган дейишганди.
Файзулла елка қисди:
– Билмасам. Менам эшитганимни айтяпман.
– Бир олдига кириб чиқмаймизми?
– Э, қўйсанг-чи! Одам иси ёқмай қолган унга. Атай йўқлаб борсанг ҳам, эсидан айрилган одамдай тумтайиб, ердан кўз узмай ўтиргани ўтирган. Айби бор-да... – Шундан сўнг Файзулла на ачиниб ва на ҳаттоки бефарқ оҳангда, балки ошкор ғижиниб, ғашлик билан қўшиб қўйди: – Эссиз одам...
Бирдан кайфиятим тушиб кетди, ов завқи ҳам татимай қолди. Файзулланинг “ҳой-ҳой”лашига ҳам қарамасдан қишлоққа қайтдиму, шу куннинг ўзида шаҳарга жўнаб кетдим...
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ.
Манба: «Жадид» газетаси.