Ҳаётга муҳаббатли Ҳаётхон опам…


    Кўнгил ‒ охири кўринмас тубсиз қора туйнук эмас. Унинг бир томони ёп-ёруғ шуълалар ошёни, нурга макон.  Дунё эшигидан киргувчидан кўра чиқгувчилар кўп. Шу боисмикан, унинг ҳар қарич тупроғини табаррук деб биламиз.
    Инсон ‒ икки дунё бандаси. Туғилиш бор экан, демак ўлим – ҳақ, муқаррар. 
    Ундан ҳеч ким қочиб қутулолмайди.
  Чархи кажрафторнинг бевафолигини қаранг, қалбида сўздан дур, ҳар бир эзгу ишдан нур, ҳикмат излаган, кўнгилларга қўр бўлган, ижод завқи юрагини лим тўлдирган яна бир азиз инсонимиз –Ҳаётхон Ортиқбоевани Яратганнинг ҳузурига йўлладик. Кечадан буён юрагим ҳувуллаб қолди, қалбимда ғалаён, кўз ёшларим тийилмайди... 
   Адабиёт майдонида бағрини очиб, опадек елкасини тутган Энахон Сиддиқовани йўқотганимизга ҳали кўп бўлгани йўқ.  Энди Ҳаётхонимнинг қайтмас бўлиб кетгани оғриқли бўлди. Бир ойлар чамаси опани уйига йўқлаб бордик. Бироз ҳолсизлигини айтмаса, ташрифимиздан жуда қувонганди. "Саодат" журналида берилган туркум шеърларини ўқиб беҳад хурсанд бўлганини айтиб, бизга дуолар қилганди. Қайтар чоғимиз, “Опа, тезроқ оёққа туринг, юбилейингизни катта тўй қилиб ўтказамиз, биз сизни яхши кўрамиз”, деганимда, “Ўша гўзал кунларга омонликда етайлик”, деб юзига табассум югурганди. Бугун эса бизни тарк этди. Файзли хонадонига таъзияга бориб, уларнинг нурли чеҳралари ўзига ўхшаган синглиси, меҳрибон, жонкуяр қизларига ҳамдардлик билдирдик. Ўғил-қизлари, набиралари, шогирду яқинлари – ҳамманинг дилидан ўтаётган бир сўз бор: “ЯХШИ ИНСОН ЭДИ...” 
    Заҳматкаш устознинг умри ҳамиша эл орасида кечди. Ёзган асарларида, айтган сўзларида, босган қадамларида, ўзига ярашган тароватларида ҳам Ватан суратию сийрати бор эди. Меҳр, саодат бор эди. Ҳаётхон опамиз бизни жисман тарк этди, холос. 
    Уйларига яқин бўлган қабристонга кириб, у ерда мангу қўним топган устозимизнинг руҳига тиловатлар қилдик. Дуоларимизда доим ёдга олишимизни айтиб, ортга қайтарканмиз, умр ғаниматлигини, бир-биримизни боримизда қадрлашимиз, эъзозлашимиз, йўқлашимиз жуда зарурлигини уққандек бўлдик. Яхшиларнинг ёдида, ҳатто тупроғида ҳам сабоқ бор экан... Ўтганларнинг охиратлари обод, маконлари жаннат бўлсин, илоҳим! 
                                                                     
    Мунаввара УСМОНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «САОДАТ» журнали Бош муҳаррири.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот