ЗЕБУННИСО БЕГИМ


Шаҳодат Исахонова       

 З  Е  Б  У  Н  Н  И  С  О      Б  Е  Г  И  М

   Тарихий фожиали драма
          
   Б И Р И Н Ч И    С А Ҳ Н А
 
  Биринчи  кўриниш
   
   Муҳташам Лаъл кўшки этагидаги ишкомда ток новдаларини хомток қилаётган боғбон йигитнинг қулоқларига турли созлардан таралаётган сеҳрли оҳанг ва жарангдор қўшиқ урилиб, беихтиёр овоз келган томон қарайди. Қўшиқ айтаётган хонанданинг овози шу қадар кучли ва оҳанграбо эдики, у на фақат кўшкни, балки, еру осмонни ларзага солганича, атрофга ёйиларди. Кўшк ўртасида, оққушлардай ҳаволанганича, рақсга тушаётган раққоса қизларнинг билак ва тўпиқларига тақилган нафис қўнғироқчалар танбуру уднинг, қўшнайу сурнайнинг гоҳ жўшқин, гоҳ маҳзун  ноласига жўр бўлганича, юракларни ўртар даражада энтиктирар, давра атрофида қалдирғочлардай тизилишган  канизак қизларнинг оппоқ, нозик бармоқчаларидан чиқаётган  чапак саси эса томирлардаги қонни баттар жўштириб, туйғуларни жунбушга келтирарди.
Сарой боғига туташ узумзорда икки боғбон йигит хомток қилаётир. Бири Жай Сингх, иккинчиси янги келган боғбон Оқилхон Розий. У ҳатто тушида ҳам кўрмаган паривашларнинг гўзал даврасига биринчи бор дуч келгани боис, кўзларига ҳайрат қалқиб,  нигоҳлари беихтиёр, худди қуёш нурлари каби ток япроқлар оралаб, кўшк томон сизади.
Жай Синг: - Аларга қараш мумкин эрмас... Кеча амир нима деб огоҳлантиргани ёдингдин чиқдиму?! Бирортаси кўриб қолса, нақ калланг кетадур-а?!... 
Оқилхон Розий: (шошиб кўзини пана қилади ва норози оҳангда) - Қарамаётирмен, тинглаётирмен... Қўшиқнинг гўзаллигини, овознинг жарангдорлигини қара?! Бул хонанда ким бўлди эркан? Кщп хонанда халфаларни биламен, лек, бул сасни эшитмаганмен... 
Жай Сингх: - (елка қисади) Саройда маликамизнинг қўшиқчи халифалари талайгина, бирортаси бўлса керак. 
Оқилхон Розий: - Даҳшатли тарзда гўзал овоз... Бул каби ўйноқи ва идғом сасни эшитмаганмен... (у яна кўшк томон бўйлайди) 
Жай Сингх: - Қарама деётирмен, сенга! Нима бало бошинг иккитами сенинг?
Оқилхон Розий - Орада қанча масофа бор... Бунинг устига  япроқларнинг қалинлигини қара, қизлар тугул, ҳатто кўшк ҳам кўринмаётир... 
Жай Сингх: (ўзи ҳам беихтиёр, кўшк томон кўз ташлайди) - Кўринадирму кўринмайдирму, аҳамияти йўқ, сен қарама... Худо кўрсатмасун мобода... (беихтиёр уҳ тортади) Э, э, гап халтамни очма, яхшиси ўгитимга қулоқ сол, аларга кўнгил қўймоқ, ўзингни оташга отмоқ бирлан баробар... Мен киби, қуруғига куйиб кул бўласен, холос.
Оқилхон Розий : (кўзлари чақнаб, Жай Сингхга ўгирилади) - Нима? Нима сен...  Сен бирортасини севиб қолдингму?
Жай Сингх (яна уф тортади) - Севиб қолиш ҳам гапму, жинни бўлдим...
Оқилхон Розий: - Кимни севдинг? Маликаниму?
Жай Синг: (дардини тўкишга одам топилганидан қувониб, унинг қаршисига ўтириб олади) – Гапингни қара, маликани севишга ҳаддим бор эрканму?  
Оқилхон Розий: - Нега ҳаддинг бўлмасун? Севги одам танламайдур… Маликаму чўриму юракка фарқи йўқ-ку... – ( у эътироз билдираркан, яна кўшк томон ўғринча бўйлайди) 
Жай Сингх: - Лекин алар учун фарқи бор... – ( у кўрсатгич бармоғини лабига текизиб, янаям паст овозда шипшийди) - Аларни биз эрмас, бизни алар танлайдур...
Оқилхон Розий: (эътироз билдиради) - Йўқ, мен бундай ўйламаймен... Агар мен кимгадир ошиқ бўлсам... Ул машуқамга мени танлатар эрдим...
Жай Сингх: (кўзлари ола-кула бўлиб кетади) - Иштаҳанг, зўр-ку, маликани севиб қолсанг ҳамму?  
Оқилхон Розий: - “Кимгадур”га малика кирмайдурму? –  (йигит хаёлан ширин энтикади ва  қўлидаги қайчини ерга забт билан суқади) – Мен Мажнундай севсам, ул албатта Лайлим бўладур!  
Жай Сингх: - Унда аниқ бошинг кетадур! (Оқилхон ҳозироқ маликани севиб қоладигандай Жай Сингхнинг юраги орқасига тортиб, овози ваҳимали товланади)
Оқилхон Розий: - Севсам ва ул қиз мени ҳам севса, биргина бошимни эрмас, жонимни ҳам нисор этурмен, анга! (Оқилхон сўзларкан, юзларида табассум ўйнаб, кўзларида юлдуз чақнайди)
Жай Сингх: - Э, э, дўстим... ( у суҳбатларини биров эшитаёгандай хавотирланиб, ўрнидан сапчиб туради ва яктагига илашган хасларни қоққанича, овозини пасайтиради) – Йўқ, йўқ, бундай журъат менда йўқ... Севги учун ўлмоқ... Бул фидойилик менга тўғри келмайдур. Менинг бул дунёдин орзу ва умидларим кўп! Майли, севгим ва ул гўзал севгилим юрагимда қолақолсун! Ҳа, бул “дунёи қўтир, устида ўтир” деганлари, шундай. Аслинда, биз қайда-ю малика бирлан канизаклари қаерда? Сен ҳам бул кўкнори хаёлларни каллангдин чиқариб ташла! Чунки бир ўзингнинг бошинг кетса майл-кўя, синглинг бечора Рамунинг ҳам умрини хазон қиласен... Синглинг Раму малика Зебуннисога яқинлиги учун бу ерга хизматга ўтдинг, йўқса, Қизил қалъада ишлаш ҳар кимга ҳам насиб этмаслигини ўзинг биласан-ку?! Маликамиз ҳукмдоримизнинг энг севимли қизлари... Аларнинг гапини ҳатто ҳукмдоримизнинг ўзлари ҳам қайтармайдур. Шул боис, жуда диққатли бўл! 
Оқилхон Розий: - Хавотирланма, менинг алар бирлан ишим йўқ, шунчаки, гапингга яраша жавоб бердим, холос... (кулади Оқилхон РОзий ва ердан қайчисини олиб, ишида давом этади) Мен мусиқани яхши кўрамен, холос, мусиқа менинг жони-дилим... (у хиргойи қила бошлайди)

 Иккинчи кўриниш

Кўшк. Қизлар ҳамон ўйинни давом эттиришмоқда. Мусиқа садолари янада баландроқ эшитилади. Давранинг тўрида ўтирган малика Зебуннисо бегим ёнидаги қизга шивирлайди.

Зебуннисо бегим: (қулоқларини бекитганича) - Раму, қулоқларим битиб қолай деётир... 
Раму: - Машшоқларга айтайинму, мусиқани тўхтасинларму, маликам? (канизак қиз сергак тортиб, Зебуннисо томон ўгирилади)  
Зебуннисо бегим: - Йўқ, қизларнинг рақсини бузма, алар яйраша қолишсин! Биз шовқиндин нари кетиб, бироз айланиб келамиз...
- Жоним билан, маликам… (канизак қиз ўрнидан қўзғаларкан, Зебуннисо бегимнинг ҳолатини ўзича тахмин қила бошлайди) “Демак, кеча қўлини сўраб келган Панжоб шаҳзодаси маликага ёққан, ҳозир ўшал йигит ҳақинда мендин фикр сўрайдур. Мен нима десам эркан? Гўзаллигини, кўркамлигини айтишим мумкин. Гап-сўзлари ҳам рисоладагидай”. (Йўл-йўлакай малика беражак саволларига жавоб излаганича, унга эргашди Раму)
Улар гулзор оралаб, боғ томон юришди. Гулзордаги гуллар шу қадар ранг-баранг ва антиқа эдики, унга тушган нигоҳ ҳайратидан юрак беихтиёр, энтикарди. Зебуннисо бегим анвойи бўй таратаётган гуллардан бирини узиб, ҳидлаганича, йўлида давом этади. 
“Гап бошлашга уёлаётир, ўзим сўрасаммикин...” маликанинг сукутидан энди ичи қизий бошлайди канизак қизнинг. “Лекин олдинги сафаргидай хафа бўлиб қолса-чи... Йўқ, яхшиси, индамаганим маъқул...” 
Зебуннисо бегим: - Нега жимсен, Раму, нечундир бугун севгилингдан сўз очмаётирсен? Ул йигит ҳамон араздаму? (қўлидаги гулни канизак қизнинг димоғига тутганича, гапида давом этади Зебуннисо бегим) – Қара, мана бул гулнинг иси қандай  хушбўй, жаннатдаги гулларданмикин-а?
Раму: - Оҳ, ростдин ҳам жуда ёқимли... (канизак қиз димоғига урилган ҳиддан боши айлангандай чайқалди. Лекин маликанинг Оқилхон ҳақидаги сўроғини жавобсиз қолдиради.) 
Зебуннисо бегим: - Нечун Оқилхонинг ҳақиндаги саволимга индамаётирсен, Раму...  Шунчалик қаттиқ койиган эрдингму? 
Раму: - Койимадим...  (қизариб кетади канизак қиз) - Сарой қонун-қоидасини тушунтирдим ва ҳали-вери унга турмушга чиқолмаслигимни айтдим, холос. 
Зебуннисо бегим: - Сен жуда хоҳласанг... Унга тегишинг мумкин... (Зебуннисо бегим шундай дегани билан гапи оҳангидан канизагининг эрга тегишини ўзи ҳам истамаётганлиги сезилиб турарди)  
Раму: - Мен турмушга чиқиб кетсам сизга қийин бўлмасмикин? – (ўсмоқчилайди канизак қиз)
Зебуннисо бегим: - Сенга-чи, ўзингга Оқилхонсиз яшаш оғир эрмасму? 
Раму: - Менга иккингизсиз ҳам яшаш мушкул, лек... Сизни ташлаб кетишни ҳам тасаввур этолмаётирмен... Неча йиллардин бери бирга яшаганим учунму сизга жуда ўрганиб қолган эрканмен. Фақат ўрганиб эрмас, суяниб ҳам қолибмен... Балки эрта-индин турмушга чиқсангиз, соҳибингиз ўз хонадонига менинг боришимни истамас ва мен сизсиз яшашга мажбур бўлиб, кўникармен, ўшанда...
Зебуннисо бегим: - Худди менга аталган куёв бўсағада тургандай “эрта-индин” дейишингни қара?! (кулди Зебуннисо бегим) Менинг турмушга чиқишимни кутсанг, ўзимга ўхшаб қари қиз бўлиб қоласен! 
Раму: - Астағфируллоҳ денг... – (ирим қилиб, ёқасига туфлайди канизак қиз)  Фаришталар омин дейишмасун, маликам! Мен кечаги Панжоб шаҳзодаси сизга ёққандир деб ўйлаган эрдим. Нима бўлди? Ул шаҳзода ҳам ёқмадиму? 
Канизак қизнинг хаёлидан “Шундай келишган ва кўркам, бунинг устига шаҳзода йигитнинг нимаси ёқмади экан” деган фикр ўтганича, маликага ҳайрон тикилди. 
Зебуннисо бегим: – Ёмон йигит эрмас, гўзал, ўқимишли, билимли... Гап-сўзлари жойинда... Лек, сен айтганингдек, мана бул ерим жиз этгани йўқ... (Зебуннисо бегим ўнг қўлини чап кўкраги устига қўйганича, бошини сарак-сарак қилади)  
Раму: - Вой, ўзим ўргулай сиздин, менинг гўзал маликам... (канизак қиз маликани дугонасидай эркалаб қучоқлайди ва пешонасидан ўпади) Мен кимману менинг гапим не бўлур эрди. Тилимга келганини айтган бўлсам керак-да! Кўнглингиз кеча жиз этмаган бўлса, эрта жиз этар, балки кейинроқ ёқар... турмушга чиққач, севиб қолганлар қанча?
Зебуннисо бегим: - Йўқ, сенинг севгинг бошқа, Раму... Сен Оқилхонинг ҳақинда гапирганингда, кўзларинг ёнадур... Юзларингни, кулгуларингни ўшал дам ўзинг бир кўрсанг эрди... Биламен, жуда чиройлисен, лекин ул дам бошқача гўзалга, оққушлар каби малоҳатли,  латофатли бир ҳилқатгами, фариштагами айланасен, мусаввир бўлганимда ўшал дамдаги ҳолатингни чизиб кўрсатар эрдим. Менимча, бул чин севгининг қудрати! Ўзим ҳали чин севги ул ёқда турсин, оддий севги қандай бўлишини ҳам билмаймен. Фақат ўшал севимли Капурингни тасвирлаётганингдаги ҳолатингдин тасаввур қиламен, халос. Кеча мен ҳам ул шаҳзодани кўргач, гапларингни эсладим ва менинг ҳам қўлларим сеники киби музлаб, лабларим титрашини, ёноқларим ўтдай ловуллаб, гапларимдин адашиб қолишимни, сўзлари қулоқларимга хуш ёқиб, ҳушумни йўқотишимни ва у ҳам мени кўргач, ҳайратланишини, ҳеч бўлмаганда гўзал лутфлар билан мулозамат қилишини кутган эрдим... Ишонасанму, на вужудим, на қўлим, на лабим ҳеч бири қилт этмади. Унинг сўзлари ҳам қулоғимга жуда оддий бўлиб эшитилди, оғзидан чиқаётган калималари оғаларимнинг гапларидин фарқ қилмади... Ёки мени ёқтирмаганидин шул ҳолат юз бердимикин-а?! 
Раму: - Оҳ, ўзимнинг оқила, доно маликам, гўзалларнинг гўзали, ул шаҳзода сиздай қизни ёқтирмаслиги мумкинму? Ҳуснингиздин фаришталар ҳам лол қоладур! Бул қадар гўзал чеҳра, ғунча лаблар, юлдузлар киби чақноқ кўзлар, камон қошлар...  
Зебуннисо бегим: - Қўй, ошириб мақтама, Раму! Мен мақтовларни ёмон кўришимни биласан-ку! Лекин гапларинг рост бўлса, демак, ўзимнинг юрагим тош эркан... Сен андиша қилмай, ростини айт, мен шунчалик совуқманму, музманму?! (изтиробли оҳангда унинг гапини бўлади Зебуннисо бегим)
Раму: - Оҳ, менинг меҳрибоним... Оҳ, менинг фариштам... (канизак қиз шундай деганича, маликанинг гул тутган қўлларини кафтига олиб, ўпади) Оҳ, менинг хушовоз булбулим! Ҳаммамизга меҳрли, раҳмдил ва шундай гўзал шеърлар ёзган маликамнинг юраги тош бўлиши мумкинму? Ҳеч ҳам ундай эрмас! Ҳамма гап кўнглингиз тусаган чин  ҳамроҳни учратмаганингизда... Мана кўрурсиз, уни албатта учратурсиз ва уни мен Оқилхонимни севганимданда кўпроқ ва ёниб севарсиз! У ҳам сизни менинг Оқилхонимдек, йўқ, унданда қаттиқроқ яхши кўрадур, маликам!
Зебуннисо бегим: - Негадир ишонгим келмайдур... (лоқайдгина кулади Зебуннисо бегим нигоҳлари маҳзун тортиб)
Раму: - Мен ҳам бир вақтлар шундай деб ўйлаганмен, кимдир мени ёниб севишига ишонмаганмен... 
Зебуннисо бегим: - Ростданму... (Зебуннисо бегимнинг нигоҳи боши узра айланаётган гўзал капалаклар тушиб, хаёли бўлинади ва бирдан гапидан тўхтайди) – Айтгандай, Раму, аканг ишкомдаги юмушларни ўрганиб олдиму? Хомток қилишга қийналмаётирму? 
Раму: - Аградаги “Ром боғ”да ишлаганлиги учунми унчалик қийналмади, шекилли... (негадир қизариб кетган Раму маликадан кўзларини олиб қочади)  Жай Сингх тажрибали боғбон-ку, у ҳам кўп нарсаларни ўргатди. Ҳозир унга қўшилиб балодай хомток қилаётир... 
Зебуннисо бегим: - Радханинг севгилиси Жай Сингхму?
Раму: - Ҳа, ўша... Лекин ҳозир уларнинг орасидан ола мушук ўтган...
Зебуннисо бегим: - Севишганларнинг орасидин ҳам ола мушук ўтар эрканму? (эътироз билдирди, бош чайқаганича, Зебуннисо бегим қатъий) Мен севишганлар ҳеч қачон бир-бирларидин аразлашмайдур ва севган одамининг кўнглини заррача оғритмайдур деб ўйлар эрканмен! 
Раму: - О, о, бунинг иложи бормикин, маликам... 
Зебуннисо бегим: - Нечун бўлмасун? Шоҳ Жаҳон бобом бирлан Мумтоз Маҳал бибимнинг севгиси қандай бўлганлигини биласан-ку! (эътироз билдирди Зебунисо бегим)
Раму: - Биламен... Лек аларнинг муҳаббатига ўхшаган муҳаббат ҳар кимга ҳам насиб эта бермайдур, маликам...
Зебуннисо бегим: - Сенга насиб этди-ку, Раму, ношукур бўлма! Мен сизларнинг муҳаббатларингизни бобом ва бибимнинг севгисига ўхшатамен. Ва ўзим ҳам бибим киби севилишни орзу қиламен! Менинг ҳам севгилим худди бобом киби менсиз  яшай олмаслигини орзу қиламен! Мен унга бибим киби бир дунё, бир-биридин гўзал, паҳлавон, жасур ва меҳрибон  болалар туғиб берамен! Болаларим... – Зебуннисо бегим “Болаларим...” (деганда овози титраб, маҳзун тус олади ва чиройли чеҳрасига қайғу соя солганича, бодом қовоқлари уюлиб, ингичка, қалам қошлари чимрилади, ёноқларига қон тепиб, қизаради, лаблари аламли бурилади) Лек... Менинг болаларим бир-бирига меҳрибон, оқибатли ака-укалар бўлишадур! Алар қиблагоҳим ва амакиларим киби тахт талашмайдур. 
Раму: - Оҳ, маликам... Қўрқитиб юбордингиз... Бул гапларни биров эшитмасун... 
Зебуннисо бегим: - Оҳ... Раму, бул даҳшатли кунларни Худо ҳеч кимнинг бошига солмасун! Сен ҳатто тассаввур ҳам этолмайсен... Уни сенга сўйласам, қўрқиш ул ёқда турсин, даҳшатидин юрагинг ёрилиб ўлишинг тайин... Оҳ, менинг жасур ва муштипар ҳазрати бобожоним... Жаҳон Шоҳи... Ўз фарзанди қўлинда банди бўлган бобом?!
 

Ҳаётининг бу қадар терс эврилиши Шоҳ Жаҳоннинг ҳатто тушига ҳам кирмаган эди. Бир минг олтмиш еттинчи ҳижрий, ўн еттинчи зулҳижжада дорул-хилофот Шоҳжаҳонободда ғозий, соҳибқирони сонийнинг дардга чалиниши салтанат тамойилларини остин-устун қилиб юборди. Тўнғич ўғли Доро Шукуҳни тахтга қоим бўлиши эса ҳамма нарсани баттар қориштириб ташлади.  Ўз субаларида, яъни, вилоятларида Олий ҳазратга тобелик мақомида, худди тулкилардай думин қисиб, итоатда юрган шаҳзодалар бирдан шерваччаларга айланишиб, тахтга эгалик қилиш пайига тушиб қолишди. Бу пайтда салтанатга тобе ерлар бўлинган бўлиб, Кобул, Панжоб, Мултон, Деҳли, Агра, Оуд, Аллоҳобод, Бихар, Бенгал, Молва, Ажмир, Гужарот, Берар, Хандал, Аҳмаднагар, Орисса, Кашмир, Синд, Бидор, Гулканд каби йигирма бир субага айланган  эди ва ҳар бир субада бир шаҳзода сабадор (ҳоким) эди.

                    ИККИНЧИ   САҲНА

                    Учинчи кўриниш

 Икки навкар йигит дарвоза олдида соқчиликда туришиб, суҳбатлашаяпти.
  
Биринчи соқчи: - Ўгайни ўгай дейиш мумкин, лекин туғишганларни нима жин урган, билмаймен... Қаранг, бир-бирлари бирлан ғажишаётган мана шул ака-укалар бир ота-онанинг боласи-я... 
Иккинчи соқчи: - Йўғ-ей, (ҳайратланади иккинчи соқчи йигит ва гапимизни ҳеч ким эшитмаяптими дегандай атрофга хавотир аралаш қараб олади) Волидалари биттаму?
Биринчи соқчи: - Ҳа-да, ҳаммалари малика Аржуманд бонунинг болалари. Шўрлик ўн учта туққан эркан, ўн тўртинчисинда ўзи ҳам, бола ҳам нобуд бўлган.
Иккинчи соқчи: - Ёмон қовуннинг уруғи кўп бўлади дегандай...
Биринчи соқчи: - Ҳа, шўрлик малика шул ёмон қовуннинг уруғини кўпайтирамен деб ўлган-кетган.
Иккинчи соқчи: - Яхшиям вақтинда ўлган эркан, ўлмаганида,  ҳозир бул аҳволни кўриб, жинни бўлур эрди... Бул шаҳзодаларнинг ҳаётига ўлай агар ақлим етмайдур. Ҳар бири бир вилоятнинг субадори, яъни, ҳукмдори бўлса?! Егани олдида, емагани кетинда! Шаҳона саройлар, қасрлар, йўқ нарсанинг ўзи йўқ... Ҳамма нарса керагидан ортиқ, еттимас, етмиш пуштигача етадур. Биз бечоралар қорнимиз тўйиб, кунимиз ўтганига мастмиз.
Биринчи соқчи: - Ҳа, нимасини айтасиз, дўппимизни осмонга отамиз! ( йигит қуёш юзини куйдирмасин учун девор соясига сурилди) Офтобнинг қасдлашганини қаранг, нақ чўғ сочаётганга ўхшайдур!
Иккинчи соқчи: - Чўғмас, аланганинг ўзи! Шул иссиқда ҳам урушни тўхтатишмаганига қаранг, падарига лаънат! Уч ой кутса-ку, ҳаво муътадиллашар эрди... 
Биринчи соқчи: - Бундай пайтда бир кун ҳам масалани ҳал қиладур-да! 
Иккинчи соқчи: - Икки йилдин бери ҳал бўлмаган бул можоро бир кунда ҳал бўлур эрканму? Соҳибқирони сонийнинг оғирлашиб қолган дейишган эрди, икки йилдин бери болаларининг бахтига ўлақолмади, бечораям?! Ўзи ростдан ҳам касал эрканму? Ёки... Баъзилар айтганидай, уй зиндонидамикин... 
Биринчи соқчи: - “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” деганларидай... Яхшиси, эшит-у, кавлама... Зиндонбандму касалму тахтда ўтирмаганидин кейин нима аҳамияти бор?! Бул бошбошдоқликларга қараганда жилов қўлидин кетган! 
Иккинчи соқчи: - Мен ҳеч тушунмадим, бугун қатл этилган тўнғич шаҳзода Доро Шукуҳ валиаҳд эркан аслинда, тўғриму? Шоҳ Жаҳон ҳазрати олийлари касал бўлгач, ўзлари ани тахтга қоим қилган эркан шундайму? 
Биринчи соқчи: - Шундай... Шундай...
Иккинчи соқчи: - Шундай бўлгач, бул тахт талашувининг не кераги бор эрди? Тинчгина субадорликларини давом эттиришса бўлмасмиди? Кўпни хоҳлаб, озидин ҳам қуруқ қолишадир-ку, бул аҳволда? 
Биринчи соқчи: - Қуруқ қолиш ҳам ҳалво, ана, тахт талашган икки шаҳзодаиининг жони кетди-ку?!
Иккинчи соқчи: - Шуни айтаман-да! Лекин шул билан энди қолганлари тинчишармикин ёки... 
Биринчи соқчи: - Ўлганда тинчишадур! Қудратлироғи қолгунича менимча шул аҳвол, янаям Оллоҳ биладур, (елка қисади) Баъзан озчилик кўпчиликнинг устидин ғолиб келиши ҳақинда ҳадис бор. Ҳарқалай подшоҳзода Мурод Бахш бирлан Доро Шукуҳ йўлдин олиб ташланди-ку. Шаҳзода Шоҳ Шужонинг ҳам куни битишига саноқли кунлар қолдиёв. Подшоҳзода Муҳаммад Султон қўшинлари  анинг кетига тушганига бир ойдин ошди. Бечора қочиб қутилаётир... Менимча Аврангзеб мирзо энди тахтда қоим қолса керак...
Иккинчи соқчи: - Валиаҳд Доро Шукуҳ мирзони динсизликда айблашиб қатл қилишгани ган ростму? Нима, ул мусулмончиликка қарши эрдиму?
Биринчи соқчи: - Астағфируллоҳ, ул шаҳзода ҳам мусулмон эрди. Лекин ҳинд урф-одатларига мойилроқ деб эшитганмен. Ул мирзо бувиси, соҳибқирони соний Шоҳ Жаҳоннинг волидалари малика Манматининг қўлинда тарбия топган эркан. Малика машҳур ражпутлар сулоласининг маликаларидин саналадур. 
Иккинчи соқчи: - Ҳа, гап бул ёқда эркан-да! (бош чайқайди)
Биринчи соқчи: - Менимча бул айблов ҳам бир баҳона. Аларнинг боболари Бобуршоҳ ва Акбаршоҳлар бошқа динларга тақиқ тариқасинда қарамаганлар, бағрикенглик қилишган. Ҳатто Акбаршоҳ тўртта диннинг энг сара амалларини бирлаштириб, янгича, дунёвий дин яратган эркан. Лекин инсонлар ўз эътиқобларидин кечишлари осон эрмас-ку?!  
Иккинчи соқчи: - Ҳа, одил подшоҳлар ҳақинда гап кетса, менинг ҳам бобом нуқул ана шул икки подшоҳни мақтар эрди.  
Биринчи соқчи: - Лекин ғозий Шоҳ Жаҳон ҳазрати олийлари ҳам ёмон подшоҳ эрмас эрди. Ўтиз йилдин бери кўп яхши ишлар қилаётган эрди. Фатиҳпур Секридаги биноларни қаранг, қандай гўзал!
Иккинчи соқчи: - Биргина Тож Маҳалнинг ўзи анинг кимлигини айтадур! Аградаги бул муҳташам иншоот Шоҳ Жаҳонга қўйилган ҳайкалдур! ( у пешонасини ушлаганича осмонга қарайди) Менинг бошимдин иссиқ ўтаётир, сувга тушиб келмасак бўлмайдур, қоним қайнаб кетадур! Ўрнимизга йигитлардин чақирайлик! 
Биринчи соқчи: - Мен ҳам энди айтмоқчи эрдим, бир мазза қилиб келайлик... (кетишади) 
 

                    УЧИНЧИ    САҲНА

                    Тўртинчи кўриниш

Шоҳ Жаҳон сақланаётган қалъа. Зебуннисо бегим ва канизак Раму уни кўргани аробада келишади. Соқчилар Рамуни ичкарига киритишмайди. Зебуннисо бегимнинг қўлида тугунча. У бобоси ҳибсда сақланаётган уй зиндонига киради. Хона жуда оддий. Тўрда тўшаклар. Шоҳ Жаҳон эшик ёнида, пойгоҳга мўк тушганича, оқ матога ўралган аллақандай нарсага пешонасини қўйиб, алланарсаларни шивирлаб, йиғламоқда. У Зебуннисо бегимнинг келганини пайқамайди.
Зебуннисо бегим: - Ҳазрати бобожон, бул қовун сизга! (у қовунни бир чеккага қўяди) Янги шеърларимдин ҳам келтирганмен... Камчиликлари бўлса, ёки ёқмаса, тўғрисини айтасиз, мени аяб ўлтирмайсиз, ҳўпми, ҳазрати бобожон!
 Бобоси бош кетаради-ю индамайди. Унинг пешонасидаги қонни кўриб, Зебуннисо қўрқиб кетади ва бобосининг ёнига тиз чўкиб, ўтиради.
Зебуннисо бегим: - Ҳазрати бобожон... Пешонангиз нечундир қон... 
Шоҳ Жаҳон: - (Шоҳ Жаҳон пешонасини силайди ва қонни кўради) Ҳа, манглайи шўр бобонгизнинг пешониси ҳам қон бўлмиш...
Зебуннисо бегим: - Э, э... Бул тугунда не бор? (у беихтиёр, тугунга қўл узатади)
Шоҳ Жаҳон: - Тегманг! (бобоси тугуни қучоқлаганича бақириб юборади) Ул менинг болажоним! Ул менинг дилбандим... Кўзларимнинг нури... Мумтоз Маҳалимдин қолган ёдгорлигим... Валиаҳдим... Доро Шукуҳим...
Зебуннисо бегим: - (у беихтиёр, ўрнидан туриб, жон ҳолатда ўзини орқага ташлайди) Оҳ, бобожон... Доро Шукуҳ... Амаким ҳазратлариму? Нечун?
Шоҳ Жаҳон: - Қўрқманг қароғим... Энди Доро Шукуҳимнинг ҳеч кимга зарари тегмайдур... Энди ул фақат ухлайдур... 
Зебуннисо бегим: - Ҳазрати бобожон... Ҳазрати амакимни ким бул аҳволга солмиш?
Шоҳ Жаҳон: - Ким? (у Зебуннисо бегимга истеҳзоли тикилади) Оҳ, қароғим... менга кимлигини айтишадурму? Мен киммен? Мен бул ерда бир маҳбусмен, холос.Энди менга ҳеч ким ҳеч нарса айтмайдур... Энди мен йўқ одаммен...
 Зебуннисо бегим: - Қиблагоҳим биладурму?
 Шоҳ Жаҳон: - Қиблагоҳингиз? (яна пичинг билан) Ҳа, ҳазрати олийлариму? Оҳ, Оллоҳим... Қайси бармоғимни тишлай? (у аламли кўзларини шифтга тикади) Мумтоз Маҳал? Оҳ, менинг гўзал, оқила севгилим! Келдингму? Қандай хабар топдинг менинг фариштам? Ҳа, оналар ҳар ерда ҳозиру нозирдур... Аларнинг юраги ҳамма нарсани сезадур... Қара, не қисматки, Доро Шукуҳимизни ҳам шул куйга солмишлар... Мана шул болаларни деб ёшгина жонингни қурбон этган эрдинг-а?! “Бўлди, шунча фарзанд етадур, сен ўзингни ҳам ўйла, сен ҳам яшашинг керак” деганимда “Йўқ, аларсиз ҳаёт зулматдур, алар бизнинг чироғимиз, алар  биздин сўнг, бир-бирларининг суянч тоғлари, тиргаклари бўлишадур, бир-бирларининг оғирини енгил, ғам-андуҳларини бўлишадур...” деб ният қилган эрдинг! Қара, нима бўлди? Алар суянч тоғи эрмас, ортимиздин урилган ханжар, умримизга эгов, бир-бирига эрса ёв, жонларига кушанда бўлишди, севгилим... Оҳ. Айтсам тилим, айтмасам, дилим куядур... Юрагинг ёнмасин деб сендин ҳаммасини яширган эрдим. Энди айтмасам, ошкор этмасам бўлмас... Сенга айтмоғим ва сен билмоғинг керак... Мени банди этганига чидаган эрдим... Эндиги кургуликларни кўтаришга юрагим дош бермайдур... Бул қабоҳатларнинг бариси сен суйган Аврангзеб мирзонгнинг иши...Бечора Мурод Бахшингни банди этгани етмагандай, ани ўшал зиндонда бўғиб ўлдиртирмиш... Шоҳ Шужонгни тирик дейишаётганига ишонма. Менга беришган хабарларга кўра, ани ҳам оиласи бирлан қароқчилар тўдаси талаб, қатл этган эрмуш. Бугун эрса, Доро Шукуҳингнинг бошини менга совға тарзида юборишибдур... Оҳ, фариштам, сен яхшиям ўлиб қутулган эркансен... Йўқса, бул қабоҳатларни кўриб, ақлдин озар эрдинг! Мен ҳам соғманму йўқму билмаймен, ақлим қоришиб кетмиш... Бул кунимдин ўлганим яхшироқ эрди... Астағфируллоҳ...Ўзига ўлим соғиниш еки маҳв этиш динимизда ширклиги боис, гуноҳдин қўрқуб, бул кўргуликларга чидаб ўлтирибмен... Йўқса... Бир қулоч арқону, бир томчи оғу бирлан барчасига нуқта қўяр эрдим... Астағфируллоҳ...
Зебуннисо бегим: - Оҳ, ҳазрати бобожоним...
Зебуннисо бегим чидолмайди, йиғлаб чиқиб кетади.

                ТЎРТИНЧИ САҲНА

                Бешинчи кўриниш


Бобосининг ёнидан дили хуфтон бўлиб чиққан Зебуннисо бегим, извошчи йигитга отасининг саройига боришини айтди...
Деворлари қизил харсанг тошлардан тикланган, қуш учса қаноти етмайдиган баланд, қуббалари булутлар билан бўйлашадиган Лаъл қалъа саройи дарвозаси олдида одамлар қайнарди. Уймалашган одамларнинг юзлари изтиробли, кимдир бақирар, кимдир қўлларини пеш қилганича, ёнидаги одамнинг қулоғига нималарнидир шивирлар, кимдир соқчининг қаршилигигига қарамасдан сарой томон боришга уриниб, темир дарвозани ҳассаси билан урарди. Узоқлардан аллақандай мунгли мусиқа овози ҳам келади. Сарисининг бир бурчини юзига ёпиб олганича, озғингина соқчига нималарнидир тушунтираётган икки аёлдан бирининг кўзи Зебуннисога тушиб, унинг ёнига югуриб келади. Одмигина кийиниб олган аёлни Зебуннисо танийди.  
Хуррам бегим: - Маликам, мени танидингизму, амакингиз Доро Шукуҳнинг завжаси Хуррам бегиммен... Шаҳзода Сулаймон Шукуҳнинг волидаси...  (аёл ўғлининг номини атайлаб, қўшди. Чунки болалигиданоқ бобоси Шоҳ Жаҳоннинг истаги билан Зебуннисо бегим иккаласи “бешик кертти” қилинган шаҳзода Сулаймон Шукуҳ унга қайлиқ ҳисобланарди) Амакингиз ни қатл қилишганини эшитдингизму? (Зебуннисо кўзига ёш олиб, бош ирғайди. Сиздин ўтиниб сўраймен, қиблагоҳингиз... Ҳазрати олийларининг ёнларига киришимга ёрдам беринг! (аёл кўзларидан ёш оқизганича, ҳунграб йиғлай бошлади) Биз кетамиз, узоқларга кетамиз. Фақат... Болаларимга тегишмасун... Аларни ўлдиришмасун! Ҳамма нарсамиз сизларники... Саройлару мол-дунё, ҳамма-ҳаммаси... Бир бошимиз омон қолса бўлди... Ўтиниб сўраймен, сиздин... Ёнларига киришимга ёрдам беринг...
(Зебуннисо бегимга кўзи тушган соқчи навкарлардан бири дарров Хуррам бегимни четга итариб ташлаб, унга йўл бўшатди)
Зебуннисо бегим: - Малика Хуррам бегимни танимадингизму?! (соқчининг қилиғидан жаҳли чиққан Зебуннисо бегим унга зардали қараш қилди) Малика қиблагоҳимнинг ҳузурларига киришлари керак эркан! 
Соқчи навкар: - Маликам, ҳазрати олийларининг ҳузурларига ҳозир ҳеч кимни киритолмаймиз. Доро Шукуҳнинг маликаларига эрса, кириш қатъиян маън қилинган!   (уларнинг гапин эшитгач, шу томон юрган баланд бўйли соқчи, ўнг қўлини қиличи сопидан олмай. Унинг чап энгагида тиртиға борлиги учун бир юзи кичикроқ кўринарди)
Канизак: - Тузимиз кўр қилсун, ҳаммангизни, иккиюзламачилар! (бақириб юборди маликанинг ёнида турган чўзинчоқ юзли бодом қовоқ канизак, қошларини эгар қилиб) Кўр бўлмасангиз рози эрмасмен!
Хуррам бегим: - Жим бўлинг, энди... (яна йиғлаганича, унга ялинди малика Хуррам бону) – Ўтга ёғ қуяётирсиз... 
Канизак: - Ўтга ёғ қуяётган бўлсам, бизни ҳам ўлдира қолишсун! Бул кунимиздин ўлганимиз яхши! (канизак хезланиб, баланд бўйли соқчининг ёнига борди ва юзини пана қилиб турган сарисини учини туширди) Мени ҳам киритмайсанму?
Соқчи навкар: - Сениму?  (соқчи истеҳзоли гапириб, бир қадам орқага чекинаркан, қиличини ярим суғуриб, яна  жойига шарақлатиб тиқади) Сени кирит десалар ҳам киритмасмен! Жонимга текканинг етар, шаллақи! Сендин қутилтирган Аллоҳга шукр! Яхшиям битта чувринди канизак эркансен! Фалокат босиб малика-палика бўлиб қолганингда борму, бошимизда нақ ёнғоқ чақар эрдинг-а?! Мана бул чандиғимни ким солгани эсингдан чиқдиму?
Йигит шундай деб чандиғини силаб қўйди. 
Канизак: - Ўшанда чандиқ қилмасдин каллангни олишим керак эркан, аслинда...  (канизак аёл соқчининг юзларига нафрат билан тикилди) Эсизгина, мен эрса, сен аблаҳга раҳим қилиб ўлтирибмен...
Соқчи навкар: - Раҳм қилиб эрмас, умидвор бўлиб дегин... (масхаромуз кулди баланд бўйли соқчи)
Хуррам бегим: - Вой, ўлмасам... Уят ҳам яхши гап... (йиғлаётгани ҳам эсдан чиқиб, қотиб қолди малика Хуррам бону ва аёлнинг қўлидан тортади) Мен нима ғамдаману сизнинг гапираётган гапларингизни қаранг...
Канизак: - Туҳмат қилаётир... (жеркиб ташлайди аёл)
Соқчи навкар: - Туҳмат? Тилингга эҳтиёт бўл, ростдан ҳам туҳмат қилсам уйинг куядур-а?! (баланд бўйли соқчи навкар аёлнинг бехос ташланиб қолишидан чўчидими ҳар эҳтимолга қарши ундан янаям узоқлашди) Зиндондаги оч йигитлар ичига ташласам, мен қилмаган ишни алар жон деб бажаришадур!  
Иккинчи соқчи: - Ҳай, ўйин-ўйиндин ўт чиқмасун яна! (у баланд бўйли соқчи навкар ва канизакнинг овози баландлашаётганидан хавотирга тушиб, Зебуннисонинг ёнига келди)  Маликам, сиз қиблагоҳингизнинг ёнларига бемалол киришингиз мумкин. Мен кузатиб қўямен. 
Зебуннисо бегим: - Малика Хуррам бону ҳам киришлари керак... 
Иккинчи соқчи: - Узр, киритолмаймиз! Ҳазрати олийлари қиблагоҳингизнинг махсус фармони олийлари бор!
Ноилож қолган Зебуннисо бегим бир аёлга ҳамдардлик билан қарайди.
 Зебуннисо бегим: - Хаотир олманг, маликам, сизнинг арзингизни қиблагоҳимга етказурмен!
Хуррам бегим: - Оллоҳ рози бўлсин, сиздин, маликам! Дуо қилурмен!

            ТЎРТИНЧИ   САҲНА

            Олтинчи ўриниш

Аврангзеб саройи йўлакларида қоровулликда турган соқчилар ҳар кунгидан кўпроқ эди, ҳаммаларининг юзларида, қарашларида ҳадик аралаш ҳушёрлик сезилиб турар, баъзилари ҳатто, қиличларини ялонғочлаб олган эди. Зебуннисо бегим саройга киради. Саройда қиблагоҳининг ёнида аммаси Жаҳон Оро бегим билан нотаниш бир киши ўтирган бўлади.  
Аврангзеб мирзо: - Келинг, менинг гўзал ва доно қизим! (тахтда ўтирган Аврангзеб мирзо қизининг юз ифодаси изтиробли эканини сезади ва кўз қири билан қаршисидаги кишига “бизни холи қўй” дегандай, имо қилади. Жаҳон Оро бегим қолади) Не юмуш бирлан келдингиз, ой қизим?
Зебуннисо бегим: - Қиблагоҳим...
Аврангзеб мирзо: - Энди ҳазрати олийлари деб мурожаат қилмоғингиз лозим...
Зебуннисо бегим: - Ҳазрати олийлари, бобом Шоҳ Жаҳон ҳазратларининг ҳузуридин келаётирмен...
Аврангзеб мирзо: - Икки ҳафта бурун борган эрдингиз-ку?! (қизининг гапини бўлди Аврангзеб мирзо ва Жаҳон Оро бегимга ўгирилади) Бориш-келишларни қаттиқроқ назорат қилиш керак эгачим.
Жаҳон оро бегим: - Қиблагоҳим Зебуннисо бегимни кўргиси келган эркан... Сўзларини қайатаролмадим, узр сўрайман, олампаноҳ!  
Зебуннисо бегим: - Кимдир ҳазрати амаким Доро Шукуҳнинг бошини... (отасининг саволини жавобсиз қолдирганича, гапида давом этди Зебуннисо бегим)
Аврангзеб мирзо: - Давлат ишларига аралашишга ҳали ёшлик қилурсиз, ой қизим... Сал вақт ўтсун, Жаҳон Оро аммангиз каби ўзим сизни ҳам маслаҳатга чақирамен, доно қизим... (қизининг гапидан ранги оқариб, авзои бирдан ўзгарган Аврангзеб мирзо овозига жиддий тус беради) 
Зебуннисо бегим: - Мен оғангиз ҳақинда гапираётирмен, ҳазрати олийлари...
Аврангзеб мирзо: - Мен ҳам оғамиз хусусинда жавоб бераётирмен... Маслаҳатим ақлингиз етмаган ишларга бурнингизни суқманг ва менинг қаҳримни келтирманг! (ўрнидан турмоққа шайланган Аврангзеб мирзо тахт тутқичини чангаллаганича, қўзғалиб қўяди) Истеъдодингизни ҳисобга олиб, мушоира мажлисларига киришингизга рухсат этдим. Билурсиз аммангиз Жаҳон Оро бегимдан бошқа ҳеч кимга, ҳатто сингилларингизга ҳам бул имтиёз берилган эрмас...  
Зебуннисо бегим: - Дарбоза ёнинда амакимнинг маликалари Хуррам бегимни ҳам кўрдим... (Зебуннисо бегимнинг овози титраб, кўзларига ёш қалқди) Сизнинг ёнингизга қўйишмаётир! Ул бечора “Ҳамма нарсадин воз кечамен, фақат болаларимга тегишмасун...” деб ялинди менга... 
Жаҳон Оро бегим: - Мен ҳам кеча кўрган эрдим, олампаноҳ, сўзлаш мавридин тополмаган эрдим, мурувват қилсангиз бўлур эрди.
Аврангзеб мирзо: - (жаҳон Оро бегимга) Бул нарсаларни олдинроқ ўйлашлари керак эрди... Сўнгги пушаймон, ўзингга душман, дейишадур... Энди кеч... Ҳозир алар салтанат душманлари ҳисобланадур... Бузғунчиларга эрса, шафқат қилинмайдур! (Зебуннисога қараб) Сизнинг бул сўзларга эрса, ҳали ақлингиз етмайдур. Шул боис, бул нарсаларга бошингизни қотирманг... Кейин... Сулаймон Шукуҳни ҳам энди ўртага солишмасун. Қўлидан бит ўлмас шаҳзодасининг қайлиқлиги битди... Ўзингиз ҳам бир вақтлар “менга ёқмайди...” деганингиз эсингиздаму? Кўнглингиз истаган шаҳзодаги турмушга чиқишингиз мумкин... Фақат сизга муносиб шаҳзодага... Зинҳор базинҳор сизни яхши кўришимни суиистеъмол қилмайсиз деб ўйлаймен! Тўғриму, эгачим?... (Жаҳон Оро бегим бош ирғаганича, индамай ерга қарайди) 
Зебуннисо бегимнинг эсига отасига айтган гапию қиблагоҳидан олган жавоб тушади.
 (хаёлий саҳна кўриниши) 
У ўшанда волидаси Дилрас бону бегим билан Доро Шукуҳларнинг Шоҳжаҳонободдаги саройига меҳмонга борган эди. Доро Шукуҳ Шоҳ Жаҳоннинг валиаҳди саналгани боис, унинг бош ўғли Сулаймон Шукуҳ отасига бирор фалокат етса валиаҳдликка даъвогарлик қилувчи биринчи шахс сифатида бобосининг фармойиши берилган эди. Шунданми, сарой аъёнларию ака-укалари ҳам ёш Сулаймон Шукуҳга нисбатан айрича муносабатда бўлишар, гарчи улар ўз муносабатларини очиқ-ойдин намоён этишмасада, юзларидаги ифодалардан, сўзларининг оҳангидан сезиш мумкин эди. Ўша куни боғда ўйнаб юрган қизалоқ қайлиқ Зебуннисо бегим билан энди тўққиз ёшга кирган шаҳзода Сулаймон Шукуҳ ўртасида бехосдан низо чиқади. Низонинг сабаби Зебуннисо бегимнинг қўлидаги олмалар бўлади. Иккита қип-қизил олмани кўрган шаҳзода Сулаймон Шукуҳнинг ҳам олма егиси келиб қолади. 
Кичик шаҳзода: - Олмаларингиз яхши эркан, ширинму? Менга ҳам берасизму!
Қизалоқ Зебуннисо) - Ҳозир... (шошиб қолган Зебуннисо бегим олмаларни тишлаб кўргач, биттасини шаҳзодага узатади)
Кичик шаҳзода: - Мен тишланган олма емаймен! (қайлиғининг қилиғидан жаҳли чиқиб кетган шаҳзода олмани унинг қўлидан олиб отиб юборади) Сиз... Сиз қизғанчиқ қиз эркансиз! Мен сизни энди маликам демаймен!  
Қизалоқ Зебуннисо: - Мен қизғанчиқ эрмасмен! (йиғлаб юборади унинг гапларидан дили оғриган Зебуннисо бегим алам билан) Сиз эрса...  Ақлсиз шаҳзода эркансиз...
Кичик шаҳзода: - Нима? Менму? Мен ақлсизманму? (у жаҳли чиққанидан муштларини тукканича, бақириб юборади ва отабегига тезликда волидасини чақиришни буюради. 
Жанжал хабарини эшитган икки онаю канизаклар юракларини ҳовучлаб, олдинма-кетин югуриб келишади. Йўл-йўлакай ўғлининг отабегидан воқеа тафсилотини эшитган Хуррам бегимнинг жаҳли чиққанидан юзлари қизариб, нафаси бўғилганча, ҳансирайди.
Кичик шаҳзода: - Волидам... Сиз... Сиз “қаллиғинг” деганингиз мана бул Зебуннисо бегим мени, шаҳзодангизни “ақлсиз эркансиз” деди... Энди Зебуннисо бегимингиз менинг қаллиғим бўлмайдур!  
Хуррам бегим: - Нима? “Ақлсиз шаҳзода” деди? (кўзларининг пахтаси чиққудай бўлиб бақириб юборади Хуррам бегим ва Зебуннисо бегимга ўгирилади) Қандай журъат этдингиз валиаҳд шаҳзодамизни бундай сўзлар бирлан ҳақорат қилишга? 
Қизалоқ Зебуннисо бегим: - Аввал ўзлари мени “қизғанчиқ” деди! (яна йиғлай бошлайди Зебуннисо бегим)
Кичик шаҳзода: - Чунки сиз қизғанчиқлик қилдингиз!  (ер тепганича такидлайди шаҳзода)
Қизалоқ Зебуннисо бегим) - Мен қизғанчиқлик қилганим йўқ... (овози қалтираб чиқди Зебуннисо бегимнинг) Олмани нега тишлаганимга сизнинг ақлингиз етмади!
Кичик шаҳзода: - Кўрдингизму, волидам, сизнинг ёнингизда яна “ақлингиз етмади” деётир! Ахир мен тишланган олмани емаймен-ку, тўғриму?! (қайсарлик билан ўзиникини маъқуллайди шаҳзода)
Хуррам бегим: - Унда ўзларига сиздин кўра ақллироқ шаҳзода топа қолишсун! (ўғлининг ёнини олади Хуррам бегим Зебуннисо бегимнинг волидаси Дилрас бону бегимга киноя аралаш қараганича, баттар қизишиб) Сафавийлар сулоласидин келин қилмасам ўлиб қолмасмен!
- Шаҳзодамиз ҳақ, маликам... (Зебуннисо бегимнинг волидаси Дилрас бону бегим. Унга Хуррам бегимнинг гапи оғир ботиб, қизариб кетса ҳам ўзини босиб, хижолатлик билан қизи Зебуннисо бегимни койийди) Олмани нега шаҳзодамизга тишлаб бердингиз? Тишламасдин беришингиз керак эрди. Ахир бул қилиғингиз хунук ва одобсизликка кирадур!
 Қизалоқ Зебуннисо бегим: - Мен... (Зебуннисо бегимнинг оппоқ, думалоқ юзлари дувва қизаради, қоп-қора кўзларининг узун киприклари пирпирайди) Ахир... Шаҳзоданинг ўзлари мендин “ширинму” деб сўради. Мен олманинг қай бири ширин эрканлигини билмаймен-ку?! Шунинг учун мен уларга... Ширинини бермоқчи эрдим...
Оналарнинг ёнидаги канизаклар беихтиёр, кулиб юборишади. Дилрас бону бегим кулгуси қистаса ҳам ўзини тутади. Хуррам бегимнинг эса барибир жаҳли ёзилмайди, қовоқларини уйганича, индамай, ўғлини етаклаб, нари кетади) 
Зебуннисо бегим ўша куни аразлаб, ўзларининг шарафига ташкил қилинган зиёфатдан кетиб қолди ва нега эрта қайтишганларини сўраган қиблагоҳига шундай жавоб берди: 
Қизалоқ Зебуннисо бегим: - Қиблагоҳ, шаҳзода Сулаймон Шукуҳингиз менга ёқмади, мен унинг қаллиғи бўлмаймен... 
Аврангзеб мирзо: - Қаллиғингиз сизга эрмас, бизга ёқиши керак, ой қизим! (дейди қизининг бу гапига жавобан Аврангзеб мирзо таъкид билан)
Хаёлий саҳна тугаб, яна Аврангзеб мирзо, Жаҳон Оро бегим ва Зебуннисо бегим саҳнасига ўтилади. 
Аврангзеб мирзо: – Гапингиз тугаган бўлса сизга рухсат, доно қизим ва яна бир маслаҳатим, йўқ, талабим бор, энди ҳазрати бобонгиз ҳузурларига ҳам камроқ боринг! Сиз энди ҳукмдор подшоҳнинг қизисиз, субадорнинг эрмас. Ким дўст, ким душман ажратиб олмоғингиз керак. 
Зебуннисо бегим: - Амакимиз бошини бобомизга юбориш бул шафқатсизлик ахир? Амаким душман эрмас, ул сизнинг оғангиз-ку?!
Авранзеб мирзо: - (жаҳл билан ўрнидан қалқади) Бобонгизнинг касаллигидин фойдаланиб, биз, ака-укалар бирлан бир оғиз маслаҳатлашмасдин тахтга ўтириб олишини тўғри деб ўйлайсизму? 
Зебуннисо бегим: - Ахир, амаким валиаҳд шаҳзода эрди-ку!
Аврангзеб мирзо: - Валиаҳдни болаликда эрмас, улғайиб, ўзининг кимлигини намоён этгач, иқтидори, ақли ва салоҳиятига қараб белгилаш керак. Доро Шукуҳ оғам эрса, масхаробознинг ўзи эрди-ку! Ани менинг фармоним бирлан эрмас, уламоларнинг фатвоси бирлан қатл қилишибдур. Эгачим, сиз яхши билурсиз, оғам Доро Шукуҳ олампаноҳ бобомиз Акбар мирзо ўз замонларида жорий қилинган “Дини илоҳий”ни тарғиб қилур эрди. Тўрт диндан иборат қоришиқ дин бўлурми ҳеч замон? Ахир бул журъат мусулмончилигимизга путур етказадир-ку?!
Зебуннисо бегим: - Ҳазрати бобом бул қатлни душманлик, адолатсизлик деб баҳоладилар...
Аврангзеб мирзо: - Астағфируллоҳ! Кўраётирмисиз, эгачим, энди қизимни ҳам менга қайраётир! Ҳузурига юборишингизни маън қиламен! Қариб, мияси суюлган қиблагоҳимиз ўзини ўйлаб, оғам Доро Шукуҳни тахтга ўтқазганини булар қаердан билсин?! Чунки анинг валиаҳд сифатинда ўз фикри йўқ эрди тўғриму, эгачим? Қиблагоҳимизнинг айтганини бажарадурган шаҳзода эрди... Энг қизиғи, оғаларим Шоҳ Шужо бирлан Мурод Бахшга қарши уруш очган валиаҳд ўғлонини Шоҳ Жаҳон мақомини олган қиблагоҳимиз қувватлаб ўлтирибдур, тўғриму, эгачим!
Жаҳон Оро бегим: - Билмадим... Тушунолмадим... Ҳеч бирингизни тушунмоққа ақлим етмай қолди... Сиздай дин пешвоси... Сиздай адолат ҳимоячиси томонидан қилинаётган бул ишларни ҳам ақлимга сиғдира олмаётирмен... Сиз даъво этаётган барча далиллар шундай улуғ подшоҳни, энг даҳшатлиси қиблагоҳимизни, волидаи муҳтарамамиз хотирасига қурилган “Тож маҳал”дай кўркам иншаот учун қоралаб, зиндонбанд қилишдек жазони оқлай олармикин?! 
Аврангзеб: - (Жаҳон Оро бегимга) “Тож маҳал”га сарфланган харажатларнинг қанчалигини биласизму? Салтанат хазинисини совуришга ҳеч бир ҳукмдорнинг ҳаққи йўқ!
Жаҳон Оро бегим: - Бир куни бул бино юртимизнинг кўрки бўладур, афсуски ул замонлар биз бўлмаймиз... Балки ўшал замонлар оқни оқ, қорани қора дейишар?!
Аврангзеб мирзо: - Келинг, мен бирлан яна тортишманг, эгачим.., Оғамиз Доро Шукуҳ бирлан ўртамизда воситачи бўлганингизни қадрлаймен. Ҳар бир жигар шундай бўлиши керак. Лекин хатолардан ҳам кўз юммаслигимиз керак. Хато қилган ўз жазосини олиши керак! Қилаётган ишларим учун мени қоралашдан энди тийилинг... Йўқса ўртамизда яна ўтиб бўлмас даҳшатли жарлик пайдо бўладур... 
Жаҳон Оро бегим: - Мени авф этинг, олампаноҳ иним, асабларим чарчаган...
Зебуннисо бегим: - Демак... Демак, Хуррам бегимнинг гаплари чин эркан-да?! Уларнинг болаларини ҳам... Ўлдирасизму? уларга раҳмингиз келмайдиму?
Аврангзеб мирзо: - Мана бул тахтга ўшал Доро Шукуҳ оғамиз ўлтирганинда... (Аврангзеб мирзо тахт ушлагичларини икки қўли билан муштлади) Мени ҳам, сизларни ҳам, ҳаммамизни ўлдирар эрди, хонумонимизни куйдирар эрди, энди билдингизму?
 Зебуннисо бегим: - Бўлиши мумкин эрмас! Йўқ! Мен ишонмаймен! Мен истамаймен!! Мен подшонинг қизи бўлишни хоҳламаймен!!  
Зебуннисо бегим хонадан отилиб чиқади...

                БИРИНЧИ    С А Ҳ Н А

                Еттинчи кўриниш

Боғда Зебуннисо бегим ва канизак Раму сайр қилиб юришипти. Зебуннисо бегим шеър ўқийди. Аллақерлардан хиргойи овози эшитилади. Хаёли бўлинган Зебуннисо бегим ҳайрон бўлиб, ашула келаётган томонга қулоғини тутади ва Рамудан сўрайди.
Зебуннисо бегим: - Раму, эшитаётирмусен, кимдир қўшиқ куйлаётир?! Қара, овози жуда гўзал эркан... Фақат оҳанги маҳзун... Э,э, қара, сўзлари... Менинг ғазалимнинг сўзлари-ку... Ким айтаётган бўлиши мумкин?
Раму ҳам энди қўшиққа эътибор билан қулоқ тутди ва негадир бирдан ранги ўзгарди.
Раму: - Ҳа, уми, менимча, Оқилхон... (қизариб кетган Раму шошиб, ишком томонга қарайди) 
Зебуннисо бегим: - Оқилхон? Сенинг Оқилхонингму? У ашула ҳам айтадиму? (ажабланди Зебунисо бегим) У бизнинг қалъада нима қилаётир? 
Раму: - Йўқ... Акам Оқилхон... (каловланади Раму) 
Зебуннисо бегим: - Аканг Оқилхон? Акангнинг ҳам исми Оқилхонму? Мошалло, бунча яхши... (майин жилмаяди Зебуннисо бегим) Ҳар куни севгилингнинг исмини истаганингча эшитар экансен, нақадар бахт!
Раму: - Узр, маликам... (Раму бесаромжонланганича, ўша томонга юра бошлайди) Акам ҳали сарой қоидаларини унчалик билмайдур! Ҳозир огоҳлантирамен... 
Зебуннисо бегим: - Нимани огоҳлантирасен? (ҳайрон бўлади Зебуннисо бегим) 
Раму: - Бул ерда қўшиқ айтиш мумкин эрмаслигини...  (Раму шундай деганича, қадамини тезлатди) 
Зебуннисо бегим: - Тўхта, Раму, ҳалал берма, ахир у менинг ғазалимни хиргойи қилиб айтаётир, наҳотки сен бу қўшиқни эшитмаган бўлсанг? 
Раму: - Қасам ичишим мумкин, маликам... Ахир менинг умрим кўпроқ саройда ўтади-ку, ыаердан эшитаман. (Раму жойида тўхтаб, ўнг қўлини кўксига қўйганича, аллақандай ҳаракатлар билан нималарнидир ифодалашга ҳаракат қилади) Тўғри, унинг қўшиқ айтишини биламен, лекин сизнинг қўшиқларингизни куйлаганини  эшитмаган эрканмен.
Зебуннисо: - Тўхта, унда мен ҳам борамен! 
Раму: - Йўқ, йўқ, сизга мумкин эрмас, маликам! (қўрқиб кетган ва ташвишга тушган Рамунинг юзлари баттар қизариб, жон-жаҳди билан эътироз билдиради) Сизни ишкомда кўришса, акамни жазолашадур! Кейин менга ҳам гап тегадур. Жай Сингх жаноблари қаттиқ тайинлаган. Ортиқча гап-сўз чиқишини истамаймен! 
Раму: - Хавотирланма, Раму, Жай Сингхга ўзим тушунтирамен. (кўнглида ғазалини оҳангга солган ижрочини кўриш иштиёқи туғилган Зебуннисо бегим унинг гапини бўлди( Менинг ашъоримни қўшиқ қилиб айтаётган йигитни, менинг гўзал Рамумнинг акасини кўрмаслигим мумкинму?! Ундин ташқари сенинг аканг, менинг ҳам оғам бўладур! Қўшиқ айтишидан у ҳам сен каби жуда гўзал бўлса керак? Айтгандай, у неччи ёшда?
Раму: - Йигирма иккида шекилли... (дудуқланади маликанинг боришини эшитиб, кайфияти баттар бузилган Раму)
Зебуннисо бегим: - Ўз акангнинг ёшини аниқ билмайсанму? (ажабланганича, лабларини буриб кулади Зебуннисо бегим) 
Раму: - Биламен, йигирма иккида...  (ҳамон довдирайди Раму)
Зебуннисо бегим: - Мендин икки ёш катта эркан. (деди Рамуга эргашганича, Зебуннисо бегим ) Уйланганму?
Раму: - Йўқ... (баттар каловланади Раму)
Зебуннисо бегим: - Қаллиғи борму? (ҳазил оҳангида сўраёди Зебуннисо бегим)
Раму: - Қаллиғи... – (Рамунинг оппоқ юзлари дувва қизариб, катта-катта мовий кўзларининг  киприклари пирпиради. Унинг қаттиқ ҳаяжонланаётганини ҳаракатлари сотиб қўймоқда эди) Тўғриси, аниқ билмаймен, маликам... 
Зебуннисо бегим: - Аниқ билмайсен? Товба, бири боғдин, бири тоғдин қилиб бераётган жавобларингга сира ақлим етмаётир? (ҳайронликдан Зебуннисо бегимнинг ингичка, қора қошлари чимрилиб, бошини чайқайди) – Мен акаларимнинг завжаларидин тортиб канизакларигача, ҳаммаларини биламен! Исмларини ҳам айтиб беришим мумкин. Сенинг эрса битта аканинг бор Битта аканинг ҳам ҳаётини билмаслик, уят! (дашном берган бўлади Зебуннисо бегим)  Кўрдингму, демак, ўзим бормасам бўлмас эркан...
Зебуннисо бегим яқин орада ишком томонга ўтмаган эди. Одам бўйи кўтарилган ёғоч сўрилардаги новдалар қизларнинг сочидай таралган, хомток қилиниб, бачки шохлари ва япроқлари юлинган токларнинг гулдан чиққан ғўрали бошлари кўзга ташланиб қолган эди.    
Ўзлари томон келаётган қизларни йигитлар аввал пайқашмайди. Оқилхон ашула айтаётгани учун оёқ товушини ҳам, малика билан Рамунинг овозини ҳам эшитмайди. Яқин келишганидан кейингина Жай Сингхнинг нигоҳи уларга тушади.
Жай Сингх: - Ўчир, овозингни! (шошиб қолган Жай Сингх Оқилхон томон бўйлаб ва ердан кесак олиб, унга қарата отади)
Оқилхон: - Жай, жиннимисен?  (кесак зарбидан жони чиқай деган Оқилхон пешонасини ушлаб уқраяди) Кўзимни чиқаришингга сал қолди. Хайрият тегмади, йўқса, бир кўзли қароқчидай дунёдин хотинсиз ўтар эрдим.
Жай Сингх: - Галварс, тескари ўгирилиб, ерга қара! (буйруқ оҳангида шивирлади Жай Сингх, қизлар томонга ишора қилади) - Малика келаётир!
“Малика” сўзини эшитган Оқилхоннинг табассумли юзлари бирдан жиддий тортиб, беихтиёр, уларга орқа ўгирганича, кўзларини пастга олади. 
Зебуннисо бегим: - Ассалому алайкум, йигитлар! – биринчи бўлиб салом берди Зебуннисо бегим аввал Жай Сингхга қараб, бош ирғаркан. 
Иккала йигитлар: - Ва алайкум ассалом, маликам! (олдинма-кетин алик олишади. Лекин Капур “маликам” сўзини айтмайди. 
Зебуннисо бегим: - Чарчамадингизму? (Зебунисо бегим Жай Сингхга мурожаат этаркан ўғринча нигоҳ билан орқаси ўгириғлик Оқилхонга ҳам кўз ташлаб олади. Оқилхоннинг бўйлари баланд, елкалари қорувли, қоп-қора жингалак сочлари бўйнига тушиб турарди) Қўшиқ куйлашларингизга қараганда, чарчамагансизлар.   
Жай Сингх: - Бизнинг ёшимизда чарчаш уят, маликам, (ерга қараганча жавоб қайтарди Жай Сингх ва миқти гавдасига сал торлик қилиб турган олачалпоқ кўйлагини тўғрилаган бўлди.  У тескари ўгрилмаган, лекин маликанинг ҳурмати учун тик қарашдан тийилмоқда эди. Сарой аъёнларидан тортиб хизматкорларгача ҳарам аёлари билан очиқ юзда гаплаша олишар эди) Фақат... бир оз одобсизлик бўлди... Биз сизнинг боғда эканлигингиздин бехабар қолдик, узр сўраймиз... 
Зебуннисо бегим: - Қандай одобсизлик, биз ҳеч нарсани сезмадик? (ҳайрон бўлади Зебуннисо бегим)
Жай Сингх: - Сизнинг боғда эканлигингиздин бехабар қолибмиз, шул сабаб Оқилхон дўстимиз хиргойи қилиб...
Зебуннисо бегим: - Қўшиқ айтиш одобсизликка кирмайдур. (деди яна Оқилхон томон юзланаркан Зебуннисо бегим ва нигоҳи билан Рамуга “давом эт” дегандай ишора қилади) Аксинча, ашула бизга ёққани учун уни тинглашга келдик-а, Раму?
Раму: - Ҳа, Оқилхон...  (ҳаяжонланаётган Раму гапидан адашгандай бир Жай Сингхга бир Капурга қараганича, каловланади) Аға... Овозингиз маликамга жуда ёқди... Айтган қўшиғингизнинг сўзи ҳам уларники эркан...
Оқилхон: - Ташаккур... (у бошини ердан кўтармайди) 
Зебуннисо бегим: - Бундин буён сиз мен бирлан бемалол гаплашишингиз мумкин, мен рухсат берамен, Оқилхон! (дейди Зебуннисо бегим таъкид оҳангида) Раму менинг энг яқин дугонам, унинг акаси менинг ҳам оғам бўладур...
- Миннатдормен, маликам... (дейди яна Оқилхон ва оҳистагина Зебуннисо бегим томон юзларини буради, лекин кўзлари ҳамон ерда эди)
Унинг чеҳраси чиндан ҳам гўзал эди. У Раму каби оқ бўлмасада, буғдойранг юзлари иссиқ, қошлари қоп-қора, узун, қалин киприклари ерга қараган кўзларини тўсиб турарди. Қайчи тутган ўнг қўли жароҳатланган шекилли, боғлаб олган эди.  
Зебуннисо бегим: - Қўшиққа мусиқани ким ёзган, билсам бўладиму? – дейди Зебуннисо бегим вужудида аллақандай илиқлик туяркан)
Оқилхон: - Мусиқаси ўзимники... (дейди Оқилхон ҳамон бош кўтармай) 
Оқилхон кўзларини ерга қанчалик қаттиқ қадамасин уни ўзига бўйсундиролмайди, маликага қараш иштиёқи устун келиб, беихтиёр, ярим очиб-юмади. Биргина ана шу лаҳзанинг ўзи ғазалларини ўқиб, унинг тарифини эшитганидан бери, бир марта кўришни ва бир лаҳза унинг овозини эшитишни орзу қилгани малика Зебуннисо бегимнинг гўзал чеҳрасини юрагига нақшлаш учун етарли бўлади. Қаршисида осмондан тушган сирли фаришта тургандай қўл-оёғи бўшашади. Унга кўзи тушган Зебуннисо бегимнинг ҳам ақли шошади. Йигитнинг юзи, кўзи, ҳатто овози ҳам таниш эди. “Уни қаерда кўрган эрдим...?” деган савол кечади кўнглидан. 
Зебуннисо бегим: - Қўшиқнинг оҳанги менга маъқул бўлди. У ғазалнинг мазмунини янада бўрттирибдур. Лекин менинг ғазалимни сизга ким берди? Чунки уни ҳали девонимга киритган эрмасмен. (дейди Зебуннисо бегим хаёлида чарх ураётган “Уни қаерда кўрган эрдим” деган саволга жавоб изларкан)  
Оқилхон: - Устозим Мирзо Бедил бериб эрдилар... 
Зебуннисо бегим: - Мирзо Бедил? (Зебуннисо бегим саволга жавоб топгандай бўлади. “Демак, у шоир, унга мушоираларда кўзим тушган бўлиши мумкин” дейди ўзига-ўзи ишонч билан) - Шоир эркансиз-да?
Оқилхон: - Шундай десак ҳам бўладур... (дейди Оқилхон бу гал ўғринча эмас, бошини кўтариб, маликанинг юзига кўз ташлаб оларкан)
Зебуннисо бегим: - Нега, “Шундай десак бўладур” деётурсиз? (дейди Зебуннисо бегимга Капурнинг жавоби ёқиб. Хаёлида ҳамфикр, ҳаммаслак топилгандай кўнглида ғалати бир туйғу ҳис этади)  Шеърларингизнинг яхшилигига шубҳангиз борму? 
Оқилхон: - Шубҳам-ку йўқ, лек, сизнинг даражангизга етишимга ҳали анча қовун пишиғи бор... 
Зебуннисо бегим: - Биласизму, ўта камтарлик ҳам манманликка кирадур! (ҳазил аралаш жилмаяди Зебуннисо бегим) Майли, шеърларингиздин берсангиз даражангизни билиб оламен. Рамудин бериб юборсангиз бўладур. Балки, фурсат топиб, мушоира ҳам қилурмиз. Устозингиз келганларинда сизни ҳам таклиф қилишларини айтамен. Мен сизга айтсам, Мирзо Бедил ҳазратлари менинг ҳам устозим бўладур. Мусиқадин ким сабоқ берган?
Оқилхон: - Мусиқа устозларим иккита. (дейди Оқилхоннинг ҳам чеҳраси бирдан ёришиб) Маҳмуд Муродбахш ҳазратлари Аллоҳ раҳматига қовушгач, аларнинг шогирдлари Алан Човушга шогирд тушганмен. 
Зебуннисо бегим: - Алан Човуш? (Зебуннисонинг овозида фахрланишга ўхшаган самимий бир ифода бор эди) Алан Човуш замонамизнинг буюк бастакори. Менинг ҳам ғазалларимга куй басталаган...
Оқилхон: - Биламен, (бу сафар Оқилхоннинг қизларникига ўхшаш бежирим лабларига табассум ёйилади) Ўзим ҳам ўшал ғазалларингиздин учтасини куйлаймен...
Зебуннисо бегим) - Ана халос... (ҳайрати ошган Зебуннисо бегим Раму томон ўгирилиб яна койиган бўлади) Нега менга бу ҳақда айтмагансен, Раму? 
Раму: - Мен... Ҳалиги... (унғайсиз аҳволга тушган ва бунинг устига сарой одамларидан бирортаси келиб қолишидан хавотирланганича, жон ҳовучлаб ўтирган Раму жавобга сўз излаб қизариб-бўзаради)
Оқилхон: - Мен уйда кўп бўлмаймен, маликам, Раму ҳам кўпинча, саройда қоладур...  (Рамунинг ўрнига жавоб берганича, унинг жонига оро кирди Оқилхон) 
Зебуннисо бегим: - Чолғу асбобларидин қай бирини чаласиз? (дейди ҳамон ҳайратини яширолмаётган Зебуннисо бегим) 
Оқилхон: - Танбур ва торни яхши чаламен. Лекин найдин мақтанолмаймен, рисоладагидай чалишимга озроқ фурсат бор... (хижолат чеккандай жилмаяди Оқилхон) 
Зебуннисо бегим: - Танбур менинг ҳам жони-дилим... (ёш қизлардай қувониб кетди Зебуннисо бегим) Лекин мен яхши чаламанму йўқму, ҳозирча аниқ бир нарса деёлмаймен, сизни эшитиб кўргач, солиштириб, айтишим мумкин...
Радха: - Раму, қаердасизлар? (узоқдан канизак қизнинг овози эшитилади) Сизлардин хавотир олишаётир!
Раму: - Ҳозир... (қайтишга баҳона топилгандан қувониб кетган Рамунинг маликага гапиришга журъати етмай, Оқилхонга “гапни тугатақол” дегандай ишора қилди) Оқилхон... Бизни чақиришаётир... 
Зебуннисо бегим: - Майли, шеърингизни кутиб қоламан... Лекин танбур чалишингизни синаб кўрамен... (дейди Зебуннисо бегим хайрлашаркан) Хоҳласангиз, танбурингизни олиб келишингиз мумкин... Лекин менинг созим ҳам ёмонмас...
Зебуннисо бегим кетатуриб, Жай Сингхга тайинлайди. 
Зебуннисо бегим: – Шогирдингизнинг қўли ярадор эркан, табибга кўрсатинг.
Жай Сингх: - Ярадор эрмас, маликам, қайчи қавартмаслиги учун боғлаб олган! (таъзим қилиб, шоша-пиша изоҳ беради Жай Сингх) Ўзим айтанмен...
Зебуннисо бегим: - Шундайму, унда яхши... (бош ирғайди Зебуннисо бегим ва кетар чоғи Оқилхонга яна бир бор беихтиёр, кўз ташлаб олди)
Оқилхон: (малика ва Раму узоқлашгач) - Жуда ваҳима қилган эрдинг, Жай, маликанг жуда оддий ва самимий бир қиз эркан-ку?! (дейди ва қўлидаги қайчисини пушталарга отганича, ерга ўтириб олади) – “Малика” десанг менинг кўз ўнгимда димоғи осмон бир ҳурлиқо гавдаланган эрди... Шоҳжаҳонободдаги маликаларни кўргансан-ку, аларнинг важоҳатидин оёғинг қалтирайдур... Бул маликангнинг ҳатто кўйлаклари ҳам Рамуникидин фарқ қилмас эркан?!
Жай Сингх: - Ҳа, ростдан ҳам малика қиблагоҳлари Аврангзеб ҳазрати олийларига ўхшаб жуда одми кийинадур... Лекин маликалар ичинда энг ақллиси ва иқтидорлиси шул малика... Қуръони каримни етти ёшинда ёд олган эркан. Ёдлагани майли, аёллар ичинда ҳозирча, биринчи бўлиб, Қуръони каримга тафсир ёзган. 
Оқилхон: - Биламен, “Мунис ал-арвоҳ” бирлан “Зеб ан-нишоат” асарларини ўқиганмен.
Жай Сингх: - Атиги беш нусхадан кўчирилгани учун ҳали бизга ўқиш навбати теккани йўқ-ку. Сен қаердин олиб ўқий қолдинг? Ҳа, Радха бердиму? 
Оқилхон: - Йўқ, устоз Бедил Мирзо бериб эрдилар!
Жай Сингх: - Ҳа, шул боис ҳам, ҳазрати олийларининг бул қизларига эътиқоди жуда катта. Ҳатто машварату мушоираларда қатнашишларига рухсат берган. Бошқа қизлари маликалар Бадринисо бегим, Зийнатнисо бегим, Зубдатнисо бегим ва Меҳринисо бегимлар ҳам ақлли ва ўқимишли. Лекин алар сарой тадбирларида қатнашишмайдур. Фақат... 
Оқилхон: - Нима фақат? 
Жай Сингх: - Гулламайсанму?
Оқилхон: - Товба, бирор гапингни гуллаганманму? Айт, ичимни қиздирмай!
Жай Сингх: - Фақат ашула айтишини ёқтирмайдур...  
Оқилхон: - О,о, малика қўшиқ ҳам айтадирму?
Жай Сингх: - Айтиш ҳам гапму? Булбулни уёлтирадур!
Оқилхон: - Йўғ-ей? Одамнинг ишонгиси келмайдур...Уларни қандай қилиб эшитиш мумкин?
Жай Сингх: - Эшитдинг-ку, ҳозир!
Оқилхон: - О, шул ашулани айтган малика эрдиму? Кимнинг овози десам, шунинг учун чайналган эркансан-да! Ҳа, чиндан ҳам даҳшат! Ўликни тирилтирувчи овоз...
- Ҳазрати олийлари бирор ёққа кетсалар, малика куйлайдур. Омадли эркансен, ҳам қўшиғини эшитдинг, ҳам суҳбатлашдинг. Малика ҳеч ким бирлан бу қадар очилиб гаплашмас эрди... (елка қисганича, ҳайронлигини яширмайди Жай Сингх) Балки Рамунинг акаси бўлганинг учун шундай муомила қилгандур. Балки, қўшиғинг ёққанидин... Сен ҳам анойи эрмассен шекилли, вақтини топиб, айнан маликанинг шеърига басталанган қўшиғингни айтганингни қара, нима бало, келаётганини кўрган эрдингму? 
Оқилхон: - Ток баргларининг панасинда бировни кўриб бўладирму? (Жай Сингхнинг гапидан жаҳли чиқади) Бунинг устига мен маликани танимасам. Қўшиғим эрса шунчаки тасоддиф холос...
Жай Сингх: - Тасодифми йўқми, лекин, нишонга урдинг! (нимагадир шаъма қилгандай таъкид билан гапиради Жай Сингх) Фақат бу муносабатларнинг яхши ва ёмон томонларини ҳам билиб қўйганинг яхши...
Оқилхон: - Яхшиси нимаю ёмони нима, тўғриси, мен билмаймен, сен билсанг, ўргат... 
Жай Сингх: - Ўргатсам... Эшит... (Жай Сингх айтсамми йўқми дегандай бир лаҳза мулоҳаза қилиб тургач, сўнг, гапида давом этади) Маликадин қанча узоқ юрсанг, бул яхши томони. Маликанинг эътиборини қозонмоқчи бўлсанг ёки ўзинг боғланиб қолсанг бул ёмон томони. Ана шул икки нарсадин тийил. Булар сенга яхшилик келтирмайдур... Малика шул пайтгача ҳеч бир шаҳзодага кўнгил қўймаган. Яна бир нарсани билиб қўй, тегадиму йўқму аниқ билмаймен, лекин раҳматли амакиси Доро Шукуҳнинг ўғли Сулаймон Шукуҳга “бешик кертти” қилинган. Шаҳзодаю маликзодалардан келаётган совчиларнинг эрса сон-саноғи йўқ. Бунинг гапиришимнинг сабаби сенинг ҳам, маликанинг ҳам кўзларинда бир ўт кўрдимки, бул яхшилик аломати эрмас. Тенглик бўлмаган жойда эрса фалокат қўпадур... Соғ бошингни савдога қўйма дейман-да!
Оқилхон: - Ваҳима қилма, ҳеч нарса содир бўлмайдур! (унинг гапини бўлади Оқилхон)
Жай Сингх: - Айтдим-қўйдим... (Жай Сингх шубҳали нигоҳи билан уни таъқиб қилганича, ишига уннайди ва шу томон келаётган Рамуга кўзи тушади) Ана, синглинг Раму келаётир...
Раму: - Оқилхон… Сенда гапим бор... (ишком оралаб келаётган Раму уни имлаб чақирди) – Сенга бир гап айтмоқчи эрдим...
Оқилхон: - Нима гап, тинчликму? (ҳайрон бўлган Оқилхон тез-тез одимлаб унинг олдига боради.
Раму: - Ҳалиги... (Раму гапни қандай бошлашини билмай каловланди. Юзлари қизариб, ҳаяжондан овози товланади) Хафа бўлмайсанму?
Оқилхон: - Нега хафа бўлишим керак? (жиддийлашади Оқилхон) 
Раму: - Мен нотўғри қилдимму деб ўйлаётирмен... 
Оқилхон: - Нимани нотўғри қилдинг? Тушунтириброқ гапир!
Раму: - Сени бул даргоҳга ишга чақириб... (Раму кўнглида туғилган шубҳани очиқ айтолмай чайналди) Мен сени ўзимга яқинроқ бўлсин деб...
Оқилхон: - Хўш, бунинг нимаси ёмон? 
Раму: - Оҳ, Оқилхон, ишқилиб, бошинг балога қолмаса эрди... (Рамунинг ғунча лаблари бурилиб, қуюқ, қайрилма киприклари пирпирайди)  
Оқилхон: - Бошим нега балога қоладур, ўлай агар, гапингдан бирор нарсани англаётган бўлсам?
Раму: - Билмадим, боя иккалангизга қараб негадир, юрагим увушиб кетди... 
Оқилхон: - Жайга ўхшаб, сен ҳам ваҳиманинг уясини ютибсан, шекилли... (Рамунинг ишорасини энди англаган Оқилхон, энди жаҳл билан унинг гапини бўлади) Хавотирланма, ҳеч нарса бўлмайдур...
Раму: - У сени яхши кўриб қолса-чи?
Оқилхон: - Э,э, ҳали фол очиш ҳунаринг ҳам борму? (бу сафар кулиб юборди Оқилхон) 
Раму: - Кулма, Оқилхон... (овози титрайди Рамунинг. У кўз ёшларини кўрсатмаслик учун кафтлари билан юзларини яшириб олди) Иккалангизнинг ҳам кўзларингизда ғалати бир ифодани кўрдим... Яхшиси малика бирлан учрашмаганинг маъқул... 
Оқилхон: - Ким учрашаман деди? (яна жиддийлашади Оқилхон) Қаердин олаётирсен бул гапларни?
Раму: - “Фурсат топиб мушоира қилурмиз...” деганларини эшитмадингму?
Оқилхон: - Маликаларнинг “фурсат топиб” дегани, ҳаводаги гап, менинг кўнглим учун шунчаки айтди-қўйди. 
Раму: - “Танбур чертишингизни синаб кўраман...” дегани-чи? Буям шунчаки гапму? Унда “Танбурингизни олиб келишингиз мумкин” деганларини қандай тушунмоқ керак? Мен ростдин ҳам қўрқиб кетаётирмен... 
Оқилхон: - Раму... Сен, яхшиси ишингга бор... (Оқилхон кўзларини ундан олиб қочиб, қўл силтайди) Бошингни беҳуда гаплар бирлан оғритма... 
Раму: - Оҳ, Оқилхон... Кошки беҳуда бўлса эрди... (Раму бошқа гапиролмайди, ортига шарт ўгрилганича, чопиб кетади)  
Оқилхоннинг қулоғи остида эса Рамунинг гаплари қайта жаранглай бошлади. “У сени яхши кўриб қолса-чи...”              

                    ТЎРТИНЧИ   С А Ҳ Н А                    

 Саккизинчи кўриниш

Аврангзеб мирзо саройи. Девон аҳли мушоирага тайёргарлик кўрмоқда. Девонхонага Мирзо Бедил билан бирга Оқилхон кириб келишади. Улар саломлашишади.  
Девон беги: - Ва алайкум ассалом, Бирзо Бедил, хуш кўрдик! 
Мирзо Бедил: - Хушвақт бўлинг!
Девон беги: - (Оқилхонни кўриб) Э,э, боғбонимиз ҳам мушоирага ташриф буюриптиларму? Ўзлариям шнавандаларданму дейман-а?
Оқилхон: - Шундай, шундай...
 Девон беги: - (Мирзо Бедилга) Мирзом, бугун ғазалларнинг янгисидин эшитар эрканмиз-да?!
Мирзо Бедил: - Бугун янги шоиримиз, бизнинг яна бир шогирдимиз бирлан танишиб, ғазаллардин гўзал ғазаллар тинглайдурмиз.
Девон беги: - Иншшоаллоҳ! Ўзингизга гап йўқ, шоири замон. Демак, шогирдларингиз ҳам зўр бўлиши керак... Янги шоиримиз ҳали келмадиларму? Исмлари ким эркан, аларнинг?  
Мирзо Бедил: - Рўйхатда бўлиши керак, Оқилхон Розий...
Девон беги: - Оқилхон Розий? (бир қўлидаги рўйхатга бир Оқилхонга қараб, ҳайратланади) Э,э,э, ўзимизнинг янги боғбонимиз Оқилхон Розийму, машооллоҳ, ўзлариям шоирларданму? 
Оқилхон: - Шундайроқ...
Девон беги : - Менга яна Худо берар эркан, Сизнинг ҳам мақтангизга, яъни, шеърингизнинг сўнги бандига пайванд боғлар эрканмен...
Оқилхон: - (хижолатлик билан) – Менинг ғазалимгаму?.. (хижолат чекади)  Сиз киби машҳур шоирнинг пайванд боғлашингиз мен учун шарафдур!
Девон беги: - Эшитаётирмусиз, Мирзо Бедил, демак, биз ҳам сиз киби машҳур шоир эрканмуз ва мени ҳам танишар эркан!
Мирзо Бедил: - Э,э, сиз на фақат машҳур шоир, балки даҳшатсиз, девон беги!
Девон беги: - Шундай деб туринг, Мирзо, туяга “ҳа” деган мададдай сизнинг мақтовингиз бизга мадад-да! 
Бедил Мирзо: - Шогирдимиз Оқилхон  Розий мирзо на фақат боғбон, балки хассос шоир, истеъдодли бастакор, қувваи ҳофизаси бетакрор ҳофиз ҳамдур...
Девон беги: - Ҳофиз дейсизму?! О,о, ҳофизлар менинг жону-дилим... Ҳа, қулоғимга ҳам Оқилхон Розийнинг қўшиқлари ҳақинда нималардир чалингандай бўлиб эрди... Маликамиз Зебуннисо бегимнинг ҳам бир қанча қўшиқларини айтар эркансиз-а, офарин! Бугун дилимиз бир яйрар эрканда-а?
Бедил Мирзо: - Иншаоллоҳ! (Улар ичкарига йўналишмоқчи бўлишади)
Девон беги: - (Бедил Мирзога секингина) Мирзом, бир лаҳза сабр эта билурмусиз, икки оғиз маслаҳатли гапим бор эрди...
Бедил Мирзо: - Бажонидил, девон беги, (у Оқилхондан орқада қолади) қулоғим сизда!
Девон беги: - Ўзингиз зўр шоирсизу бироз соддалигингиз бор-да, Бедил Мирзо, кўнглингизга олмангу гапнинг индаллосини айтсам, боғбон боғбонлигини қилиши керак-да...  Тўртта шеър ёзгани бирлан шоир бўлиб қолмайди-ку тўғриму? Ҳар кимни етаклаб келиб, зарилму сизга!?   
Бедил Мирзо: - Оқилхон Розий мирзо менинг энг яхши шогирдларимдин биридур, ижоди жуда юксакда!
Девон беги: - Э, э, осмонда бўлмайдирму? Менга қаранг, бир ҳақиқатни айтай сизга, шогирдман деганларингизнинг авлиёси ҳам кўзини сиз ўлтирган мансабга тикадур! Мени айтди дерсиз. Тилингизга эҳтиёт бўлингу, лекин шул гапим ёдингизда турсун... Бул боғбон ҳали кўп ҳунар кўрсатадур, ажабланманг, шогирдингизда гап кўп... Маликамиз Зебуннисо бегим анга талай марҳаматлар қилаётган эрмуш. Диққат этмасангиз, устоз сифатинда куйиб қолишингиз ҳам ҳеч гап эрмас... Гапларимнинг тузини англагандурсиз...        
Бедил Мирзо: - Унчалик англамадиму, лек, англашга ҳаракат қиламен...
Девон беги: - Яна бир нарсадин огоҳ бўлингки, бул гапим ҳаёт-мамот масаласидур ва сиизга айтиб қўймоғим лозим... Қулоғингизга чалиндиму йўқму, билмаймен, бош вазиримизнинг ўғлонлари ҳам маликамизга оғиз солганлар... Шул боис...  
Бедил Мирзо: - Йўқ, эшитмаган эрканмен, лек...
Девон беги: - Инкорга ҳожат йўқ. Бул масалага бошқа қайтмаймиз. Мен гапирмадим, сиз эшитмадингиз...  Хулоса ўзингиздин... 
Бедил Мирзо: - Мақул... 
Ичкарига кириб кетади. 

                    БЕШИНЧИ   С А Ҳ Н А
                    Тўққизинчи кўриниш
 
Эрон шазодаси Фарух мирзонинг одамлари уч кундан кейин яна совчиликка келишди. Бу сафарги совға саломлар панжоб шаҳзодасининг совға-саломидан ҳам кўп ва хилма хил эди. Қимматбаҳо тошлар билан безатилган тақинчоқларни кўрган канизак қизларнинг кўзлари ҳавасдан ёниб, юраклари тўхтаб қолай дейди. Улар бири олиб, бири қўйиб, тақинчоқларни роса  мақташади. Ҳатто бармоқларига, қулоқларига тақиб кўришади. Хонага Зебуннисо бегимнинг аммаси, малика Жаҳон Оро бегим кириб келиши билан канизаклар чиқиб кетишади.
Жаҳон Оро бегим: - Бунча гўзал тақинчоқлар! Воҳ, тиллақошларнинг кўплигини!! (у сандиқчадаги тиллақошлар томон юради ва қўлига олиб кўра бошлайди) Бир, икки, уч, тўртами? Вой, Худойим, ҳаммаси олмос кўзлиму?! Оҳ, жигарим, дунёдаги энг гузал ва энг бахтли қиз эркансиз! Бахтингиз ҳам гўзал булсун! Мен бечорага қурумсоқ поччангиз нима юборганини айтайму? 
Зебуннис бегим: - Сиз учун қимматли нарса бахтингиз эрмасму, малика аммажон? Менимча, севган кишисига турмушга чиқиш қизлар учун чинакам бахт ҳисобланса керак...     
Жаҳон Оро бегим: - Тўғри, лекин, севги бирлан бирга мана шундай гўзал ва қимматли совғалар ҳам бўлса тешиб чиқмас эрди! (шарақлаб кулади ва тиллақошлардан бирини тақиб, ойнага қарайди) Менинг ҳам ҳозир ёш бўлгим, қайтадан келин либосини кийгим келаётир! Сиз нега қараб турибсиз, тақиб кўринг-чи! (у тиллақошлардан бирини олиб узатади.)
Зебуннисо бегим: - Малика аммажон, мен ҳали қатъий бир қарорга келганим йўқ, шул боис, бировнинг нарсасини тақиб кўролмайман, узр...
Жаҳон Оро бегим: - Нима? Тушунмадим... Менимча қатъий қарорни фақат олампаноҳимиз берадур! (тиллақош узатилган қўли ҳавода қолган аммасининг авзои бирдан ўзгаради) Сиздай ақлли малика ўйлаб жавоб бераётирмисиз? Кимсан сафавийлар шаҳзодасининг қўлини рад этиш... Дилингизни оғритишимни истамасангиз гапларимни ўйлаб кўринг, ақлсизлик қилманг!
Зебуннисо бегим: - Сафавийлар шаҳзодасига рад жавобини бериш ақлсизликка кирадурми?
Жаҳон Оро бегим: - Ақлсизликка кирмаслиги мумкин, лекин сиздай ақлли маликанинг жавоби эрмас! Фарух мирзо оддий шаҳзодалардан бўлганида, гапириб ҳам ўлтирмас эрдим. Ул шаҳзода валиаҳддур! Шаҳзодамизнинг қиблагоҳлари Аббос иккинчи Эрон заминида қандай ҳукмдор мақоминда эрканлигини тасаввур қиласизму? Бул танлов на фақат олампаноҳ қиблагоҳингизнинг, балки, барчамизнинг танловимиздур! 
Зебуннисо: - Қизиқ... (истеҳзоли кулди) Қарор қабул қилинган бўлса, мендан изн сўрамоққа не ҳожат?
Жаҳон Оро бегим: - Шариатда...
Зебуннисо бегим: - Шариатда... (унинг гапини бўлади Зебуннисо бегим) Қизнинг ихтиёри ҳам, танлови ҳам инобатга олинган. Лекин сиз ҳам қиблагоҳим каби ҳар ишда шариатни, мусулмончиликни пеш қилиб, амалга келганда эрса, ўз хоҳишингизга бўйсунишимни талаб қилмоқдасиз холос.
Жаҳон Оро бегим: - Астағфируллоҳ! Бул гаплар қиблагоҳингизнинг қулоғига етса борму, иккимизнинг ҳам бошимиз кетади-я?! Оллоҳ, ўзинг сабр бер! Куёв танлашда нега бу қадар қайсар бўлдингиз-а? Ёшингиз ўтиб кетаётганини наҳотки сезмасангиз?
Зебуннисо бегим: - Ўзингиз “Ўтирган қиз ўрнини топар, шошмаган қиз тенгини” дегансиз...
Жаҳон Оро бегим: - Ҳазилга бурманг, мен ҳазилни ёмон кўраман...
Зебуннисо бегим: - Малика аммажон, сиз, раҳматли волидаи муҳтарамам вафотидан кейин бизга она ўрнида бўлдингиз. Барчамизга бирдай меҳр бердингиз, бирдай севдингиз, онамиз йўқлигини ҳис қилдирмадингиз... Сиз каби меҳри дарё она, жигар бул дунёда йўқдур балки... Сиздан кўп нарсаларни ўргандим, сабоқ олдим. Эсингиздаму, ҳар гал сўзингизнинг охиринда “Бошингга қилич келса-да, тўғрисини сўзлагин...” дер эрдингиз... Шул боис, сўзларим қалбингизни қирса-да, узр сўраб, тўғрисини айтамен, шаҳзода Фарух мирзо ҳар томонлама мукаммал бўлиши мумкин, лекин менинг танловим эрмас...
Жаҳон Оро бегим: - Нима? (овозини баландлатди малика) Астағфируллоҳ! (у бир лаҳза жим қолади) Ўзинг тўзим бер, Эгам... Мени  қўрқитманг...
Зебуннисо бегим: - Наҳотки, менинг танловим сизни шунчалик қўрқитса, малика аммажон? 
Жаҳон Оро бегим: - Оҳ, пошшо қизим, сизнинг танловингиз бизникидин айрича бўлса, на фақат қўрқитадур, балки... Ҳатто, айтишга ҳам қўрқамен... Худо кўрсатмасун, танловингиз қиблагоҳингизга ёқмаса, барчамизга кулфат келтирадур, сиз буни англамаётирсиз... Тўхтанг, шаҳзода Фарух сиз бирлан кўришмоққа рози бўлмагани учун аччиқ қилаётирмусиз? Шундай бўлса, янглишурсиз. Қиз бирлан кўришмоқ уларнинг русуминда йўқ. Оҳ, барчасига қиблагоҳингиз айбдор... “Қиз болани бунчалик эркалатиб бўлмайдур” деб неча маротиба сўйладим, мана оқибати...
Зебуннисо бегим: - Танловга эркаликнинг нима алоқаси бор, малика аммажон? Балки эркалик қилишим бордур, лек тантиқ эрмаслигим аниқ...
Жаҳон Оро: - Ҳозир сиз бирлан тортишмоққа на кучим, на асабим етадур... Бундай жавоб бергандин кўра, бошимга гурзи бирлан урганингиз маъқулроқ эрди. (у бир пас жим қолади) Бўлган ишнинг бўлгани, ўсал касалнинг ўлгани яхши деб бежиз айтишмаган экан. Майли,  танловингизни айтинг-чи, ўлсам биратўла ўлақолай...
Зебуннисо бегим: - Жаҳл устинда турибсиз... Балки кейинроқ айтарман...
Жаҳон оро: - Бошга тушганни кўз кўрар, юрагимни ўйнатмай, тезроқ сўйланг, ким эркан ул шаҳзода? 
Зебуннисо бегим: - Ул йигит шаҳзода эрмас, оддий шоир... Касби боғбон...
Жаҳон Оро бегим: - Астағфируллоҳ! О, Яратган эгам, ўзинг сабр бер! Ўйлаб гапираётирмусиз, ёхуд ҳазил қилаётирмусиз? Сиздай олий насаб малика оддий бир боғон йигитга... Бўлиши мумкин эрмас! Шоираи замон, оқилаю доно деб кўкларга кўтарган маликамиз айтаётирму шул гапларни? Тўхтанг, боғбон деётганингиз ҳалиги Рамунинг акаси эрмасму мободо? Қулоғимга ҳам аллақандай гап-сўзлар чалингандай бўлган эрди. Бунинг устига сабоқ олиш баҳонасинда ишкомга ҳам кўп бораётган эрмушсиз... Тамбурни балодай чалаётган эрдингиз-ку? Ўшани назарда тутаётган бўлсангиз эртагаёқ уни ҳам, синглиси  Рамуни ҳам бул даргоҳдин йўқотамен!
   Зебуннисо бегим: - (қўрқиб кетади) Сиз миш-мишларга эрмас, менга ишонинг, волидам. Оқилхон мусиқадин сабоқ бераётир, холос. Лекин бир нарсани билишни истаймен, оддий боғбоннинг умр йўлдоши бўлиш мусулмончиликка тўғри келмайдирму? 
Жаҳон Оро: - Мени тилимдин тутманг, пошшо қизим... Мусулмончиликка демадим, салтанатимиз мақомига тўғри келмайдур! Чунки қиблагоҳингиз куёвликка номзоднинг феъл-атворидин тортиб, савияси, мансаби, даражаси, барча-барчаси қандай бўлишини сизга тушунтирган, тўғриму?!
Зебуннисо бегим: - Тўғри! Мен ҳам барчасини тушунганмен, малика аммажон! (кулиб, қўлини кўксига қўяди) Лекин сизни бахтиёр этган, оқшомлари менга сўйлаб берганингиз муҳаббат бечоранинг қисмати нима бўладур?...
Жаҳон Оро бегим: - Сиз мени ажалимдин бурун ўлдирмоқчимусиз... Бундай қарор учун олампаноҳ иним сизни эрмас мени дорга осадур! Чунки, сизга мен тарбия бера олмапман. (кўзига ёш олади) Демак, меҳнатларим ҳавога учибдур! (бир лаҳза жим қолади) Йўқ, йўқ, мен бирлан ётиб ёқалашсангиз ҳам бунинг сира иложи йўқ... Ёзда қор ёғиши, ҳатто туянинг думи ерга тегиши ҳам мумкин. Лекин бул орзунгиз чўпчакдин бошқа нарса эрмас...
Зебуннисо бегим: - Демак, менинг келин бўлишим ҳам чўпчак эркан...
Жаҳон Оро бегим: - Астағфируллоҳ! Товба денг... Бошқа гапирманг... Ҳозир... Шул топда ўлиб қоламен... (ўзини елпиганича, эшикка қарайди) Ҳай, ким бор, менга сув келтиринг!
 
                    БИРИНЧИ   С АҲ Н А

                    Ўнинчи кўриниш


   Куйлаётган Оқилхон Розийнинг кўзлари узоқдаги шарпаларни илғаб, танбур тутган қўллари беихтиёр, бўшашди.
Оқилхон Розий: - Кимлардир шу томон келаётир, маликам... (дейди нафаси ичига тушиб) Навкарларга ўхшаётир... Ҳазрати олийлари эрмасмикин? 
Зебуннисо бегим: - Хавотирланманг, қиблагоҳим табибларнинг тавсияси бирлан Лоҳурга кетганлар, соқчи навкарлар бўлиши мумкин... (дейди орқаси ўгириғлиги учун хотиржамлик билан жавоб бераркан Зебуннисо бегим) Уларнинг алмашиш пайти етгандур... 
Оқилхон Розий: - Лекин... Улар соқчи навкарларга ўхшамаётир. (уларни диққат билан кузатаётган Капур эътироз билдиради) Уст-бошлари мавкиби хумоюнники киби. Бунинг устига сони ҳам анчагина... 
Оқилхон Розийнинг овозидаги аллақандай хавотир энди Зебуннисога кўчади. У орқасига ўгриларкан, ранги бирдан оқаради. 
Зебуннисо бегим: - Оҳ, Худойим... (Зебуннисонинг юпқа лаблари титраб, овози базўр чиқади) Оҳ, Тангрим... Чиндан ҳам қиблагоҳим... Келишларига анча кун бор эрди. Мен нима қилиб қўйдим...
Оқилхон Розий: - Биз ҳеч нарса қилганимиз йўқ-ку?  (унинг юзидаги даҳшатни ҳис қилган Капурнинг ҳам вужудида энди қўрқув уйғонади ва ўзини тутишга уриниб, хаёлига келган гапни тилига чиқаради) Сўроқ савол қилсалар “мен сизга танбурдин сабоқ бераётган эрдим” деб тўғрисини айтамен...
Зебуннисо бегим: - Оҳ, Оқилхон... Бул гапингизга қиблагоҳим ишонадур деб ўйлайсизму? Раму бўлганда ҳам бошқа гап эрди. Раму нега бунча узоқ қолиб кетди, билмадим... Тез қайт деб тайинлаган эрдим-а?! Сув келтириш шунчалик қийинму? Ёки сиз бирор нарса дедингизму? 
Оқилхон Розий: - Мен? Нима дейишим мумкин? Менимча, бекорига ваҳима қилаётирсиз? 
Зебуннисо бегим: - Сиз қиблагоҳимнинг феълини билмассиз... Ўлдирадур... Ўзим ўлсам, рози эрдим...
Оқилхон Розий: - Ўлимга лойиқ иш қилганимиз йўқ-ку, маликам?! 
Зебуннисо бегим шунчалик қўрқиб кетган эдики, Оқилхон Розийнинг гапини эшитар ҳолатда эмасди. У талвасага тушганича, атрофга кўз югуртирар ва уни яшириш учун хавфсизроқ жой ахтарарди. Лекин баланд деворлару дарахтлардан бошқа пана жойнинг ўзи йўқ эди. Зебуннисо бегимнинг кўзи боғнинг этагидаги қатор дошқозонларга тушгач, хаёлига келган фикрдан таскин топгандай бўлди.
Зебуннисо бегим: - Оқилхон... (Зебуннисо бегим қўлларини чўзганича, дошқозонларга ишора қилади) Тезроқ... Тезроқ бориб, яширининг!
Оқилхон Розий: - Менму? ( ҳайрон бўлган Оқилхон бир дошқозонларга, бир Зебуннисога қараганича, борарини ҳам, бормаслигини ҳам билмай, довдирайди) Сиз-чи? Сиз нима қилурсиз?
Зебуннисо бегим: - Мен... Мен балки ўлармен... (Зебуннисонинг кўзларидан дувиллаб ёш оқа бошлайди) – Энди... Қиблагоҳим мени соғ қўймаслиги мумкин...
Оқилхон Розий: - Йўқ, йўқ, унда мен ҳам бормаймен... Биз бирга ўламиз! Қўрқоқ киби яшириниб олмоқ мен учун номус, мен мардона туриб ўлмоқни истаймен!
Зебуннисо бегим: - Йўқ, Оқилхон, сиз тирик қолишингиз керак! Ўтиниб сўраймен, сиздин! Илтижо қиламен! (Зебуннисо бегим нотўғри гапириб қўйганини англаб, тузатишга уринади) Йўқ, мен сизга бошқа нарса демоқчи эрдим, яхши англатолмадим. Қўрққанимдин ақлим қоришиб кетмиш... Олампаноҳнинг менга раҳми келадур... Ул менинг қиблагоҳим... 
Оқилхон Розий: - Мен ҳам ҳазрати олийларини адолатли ҳукмдор деб биламен. Бизнинг гуноҳимизни сўраб-суриштирмасдин жазолашига ишонмасмен...
Зебуннисо бегим: - Оҳ, сиз қиблагоҳимни мен билганчалик билмассиз... (Зебуннисо бегим шарпаларнинг янаям яққол кўриниб қолганига кўзи тушиб, уни шоширади) Ул менинг қиблагоҳим... Ул мени яхши кўрадур... Сиз эрса... Мен учун тирик қолишингиз керак... Мен... Мен сизсиз... тушуняпсизми, Оқилхон... Мен... Сизни... Айтишим жуда оғир... Лек сизни... яхши кўраман... 
Оқилхон Розий қотиб қолади. Қулоқларига ишонгиси келмай, Зебуннисога қайта тикилди. Ўзи қачонлардан бери ҳар лаҳза хаёлан такрорлаган ва айтмоққа чоғланган сўзни Зебуннисо унга бир сония ичида, ҳатто, ўйлаб ҳам ўтирмасдан айтишини у ҳеч қачон тасаввур этмаган эди. Юрагидаги қўрқув ўрнини аллақандай бир куч эгаллагандай, вужуди ҳаприқди. Энди эътироз  ортиқча эди...
Оқилхон Розий: - Мен ҳам сизни жоним қадар севамен... (дейди ва шахдам қадамлар билан дошқозонлар томон юради)
Оқилхон Розий дошқозон ичига кириб, қопқоғини ёпади. Зебуннисо бегим ҳаяжон ва қўрқувдан қалт-қалт титраганича, отасининг келишини кузатади. Аврангзеб мирзо унга қаҳр билан бир кўз ташлайди-да, Оқилхон яширинган қозон устига чиқиб, навкарларга буюради.
Аврангзеб мирзо: - Ўтин келтиринг!
Зебуннисо бегим: - (қўрқиб кетади ва жон ҳолатда) – Қиблагоҳим... Сиз янглиш англадингиз... Бул қадар мудҳиш жазога лойиқ гуноҳи йўқдур, унинг! 
Аврангзеб мирзо: - (кинояли) Қизиқ... Гуноҳсиз банда қозонга яширинадирму?
Зебуннисо бегим: - Уни мен... Сизнинг қаҳрингиздин қўрқанимдин... Оҳ, қиблагоҳим... Оқилхон Розий менга танбурдин сабоқ бераётган эрди...
Аврангзеб мирзо: - Қизиқ... Сизга сабоқ бермоқ боғбонга қолибдирму? Саройдаги устозларингиздин ҳам аъло эрканму?
Зебуннисо бегим: - Устозим Мирзо Бедил...
Аврангзеб мирзо: - (жаҳл билан) Мирзо Бедил тавсия қилди деб фузалолар машваратига киритган эрдингиз... Мирзо Бедилни рўкач этиб, шуаролар мушоирасига қўшдингиз... Боғда ёлғиз қолиб сабоқ олмоқ ҳам Мирзо Бедилнинг маслаҳатиму? Керак бўлса, Мирзо Бедил ҳам жазосиз қолмайдур...
Зебуннисо бегим: - Гуноҳсиз одамга жабр қилманг, олампаноҳ... Ҳазрати олийлари... Сиз адолатпарвар ҳукмдоримизсиз...
Аврангзеб мирзо: - (пичинг билан жилмаяди) – Мен на фақат адолатпарвар ҳукмдормен... номуспарвармен ҳам... 
Зебуннисо бегим: - Биз томондин номусга дахл қилувчи номуносиб бирор бир ҳолат юз бердиму, ҳукмдорим?   
Аврангзеб мирзо: - Олий насаб маликамизнинг номаҳрам бир боғбон йигит бирлан боғда ёлғиз қолиб, куйлаб ўлтиришини яна қандай баҳолаш мумкин? 
Зебуннисо бегим: - Ҳукмдорим... Биз ёлғиз эрмас эрдик. Аксига олгандай, синглиси Раму сув келтирмоқ учун ҳозиргина кетиб эрди... 
Аврангзеб мирзо: - Яхши баҳона эркан. Сув келтирмоққа бошқа одам қуриб қолган эрдиму? Янаям қизиқлиги, шундай катта боғнинг қоровули, ютеҳдорлари, қароли, боғбонлари қаерда? Ҳаммаси ўлганму? Қирон келганму?
Зебуннисо бегим: - Бир қошиқ қонимдин кечинг, олампаноҳ... Жаҳл устинда янглиш қарор берманг... Адолатли ҳукм чиқармоғингиз учун ҳеч бўлмаса, шариат пешволари бирлан маслаҳатлашмоғингизни илтижо қилурмен...
 Аврангзеб мирзо: - (жаҳл билан) – Нима? Шариат пешволари бирлан? Пошшо қизим, билиб олинг, шариат менман! Ҳукмни ҳам мен чиқарамен! (навкарга) Ўтин қала! 
Зебуннисо бегим: - Унда мени ҳам қўшиб ёқинг, ҳукмдорим! Гуноҳсиз бир жоннинг ўлимига сабаб бўлганимдин кўра, менинг ҳам ўлганим яхши! 
Аврангзеб мирзо: - Мана энди боғбонга жонингиз нега ачиётганининг сабаби аён бўлмиш... Демак, миш-мишлар бежиз эрмас эркан! Гапларимнинг маъносини тушунгандурсиз... Майли, айтганингизча бўлсун... Тушунг, қозонга... (Зебуннисо бегим Оқилхон яширинган қозон томон мағрур юради) Йўқ, сиз, нарги қозонга боринг! Аслинда, бундай номуссизликдин кўра ўлган ҳам афзалроқ...
 Зебуннисо: - Фақат... Бул қилмишингиз давронингиз тарихи зарварақларига энг қабоҳатли ва уятли аммалларингиз тариқасинда ёзилишидин қўрқамен, қиблагоҳим... 
Аврангзеб мирзо: - Сиз менинг эрмас, ўзингизнинг қилмишингиз ҳақинда ташвиш чексангиз яхшироқ бўлур эрди... 
Зебуннисо бегим: - (осмонга қараб) Оҳ, Оллоҳим... Еринг қаттиқ, Ўзинг узоқ, дард тинглагич додхоҳинг эрса йўқдур! Мен додимни кимга айтай? 
У отаси кўрсатган қозон томон юради. Соқчи йигитлардан бири унга раҳми келиб, қозонга тушишига ёрдам бермоқчи бўлади.
Зебуннисо бегим: - (мағрур қиёфада) Керак эрмас, ўзим тушамен! 
Капур тушган қозоннинг тагига ўт ёқилади. Бир пасдан сўнг, Зебуннисо бегим кирган қозоннинг қопқоғини очишади. Ўрнидан турган Зебуннисо бегим жон ҳолатда Оқилхон тушган қозонига қарайди ва нима бўлганига ақли етиб ҳушидан кетади...

                    БЕШИНЧИ    С А Ҳ Н А
                    Ўн биринчи  кўриниш
                    
  Радха кирганида Зебуннисо бегим тўшакда ётарди. Унинг оппоқ, кулча юзлари янаям оқарган, қоп-қора қорачиқлари қовоғига ботганиданми кўзининг таги кўкиш кўринарди. Юпқа, бежирим лабларига қўрқувдан тошган учуқлар ҳалиям тузалмаган, қовжираб, пўст ташлай бошлаган яралари гапиришига ҳалал берарди. Канизак қиз Радха унинг мадорсиз қўлларидан тутиб, ўпди.     
Радха: - Маликам, соғлиғингиз яхшиму?
Зебуннисо бегим: - Раму келмадиму? (у Радханинг саволини жавобсиз қолдирганича, бетоқатлик билан Рамуни сўроқлайди) 
Радха: - Бугун Раму бечоранинг севгилиси Оқилхоннинг мотам маросими, қирқи эркан... Тугаши билан етиб келишга ваъда берди...
Зебуннисо бегим: - Нима? ( у беихтиёр, сесканчли оҳ тортади ва ранглари баттар оқарганича бошини чангаллайди) Оҳ тангрим!? Акасининг вафоти етмагандай шурликнинг севгилиси Оқилхон ҳам ўлибдирму? Қачон ва не сабабдин ўлмиш?
Радха: - Рамунинг акси ўлмаган... У тирик... Боғбонимиз Оқилхон Розий... (Радха оғзидан чиқиб кетган гапининг даҳшатини беихтиёр, туйаркан, Зебуннисо бегимнинг қўлларини ўпа бошлайди) Оҳ, малкам, мен нодонни кечиринг... Айтмоқчи эрмас эрдим... Бехос оғзимдин...  
- Нима? (қовоғига ботган кўзлари ҳайратдан олайган Зебуннисо бегим қулоқлари туйган гапга ишонарини ҳам, ишонмаслигини ҳам билмай донг қотади) Ақлинг жойиндаму сенинг? Боғбон Оқилхон Розий...  У Рамунинг севгилиси эрмас, оғаси-ку, ахмоқ қиз!
Радха: - Ҳа, мен ахмоқни... Мен бефаросатни кечиринг, маликам, сизга айтмоқчи эрмасдим, бехос оғзимдан чиқиб кетмиш... (Радха Зебуннисо бегимни қучоқлаганича, йиғлаб юборади) Оҳ... тангрим! Ўзинг мадад бер! Оёғим тортмаган эрди-я!? Гапингизни икки қила олмадим...
Зебуннисо бегим: - Бас... Оқилхондин гапир... (тоқатсизланиб бақириб юборади Зебуннисо бегим) Капур... Менга ҳаммасини тушунтир...
Радха: - Худо ҳаққи, мен ҳам боғбон Оқилхон Розийни Рамунинг оғаси деб ўйлар эрдим. Бу гапни Рамунинг бувиси айтмаганинда ўзим ҳам ҳеч қачон ишонмас эрдим, маликам... 
Зебуннисо бегим: - Оҳ... Ишонмаймен... Гапирма... (жон ҳолатда қулоқларини беркитади Зебуннисо бегим ва юзларини тескари ўгиради) 
Шу пайт эшик очилиб, оқсоч аёл кўринди ва орқасда турган Рамунинг эшик оғасидан ичкарига кириш учун изн сўраётган овози эшитилди. Қўрқиб кетган Радха Зебуннисо бегим ҳам эшитиб қолмасин учун оқсоч аёлга “Раму келганини маликага айтма...”деб шивирлайди-да, ўзи Рамунинг ёнига отилиб чиқади.
Радха: - Раму, кет, тезроқ кет! (Радха жон ҳолатда Рамунинг қўлидан тортиб, уни йўлак томон судрайди ва қулоғига ваҳима аралаш, шивирлайди) Йўқса, бугун фалокат юз берадур! Мен кечир, Раму, мен севгилинг Оқилхон Розий аканг эмаслигини бехос гуллаб қўйдим...
Раму: - Оҳ, Тангрим, айтдингму? Ахир ўзим айтмоқчи эрдим-ку! Лекин, йўқ, мен кетолмаймен, Радха, мен маликамни кўришим керак... (қатъиян бош чайқайди Раму) Бор ҳақиқатни унга ўзим айтишим керак...
Радха: - У ҳозир сени ўлдириб қўядур! (кўзлари ваҳимали чақчаяди Радханинг) Унинг авзоини кўрсанг эрди, даҳшат! Менинг гапимга қулоқ сол, бугун уйингга кет! Алами босилгач, келасен! Ўзингга ўлимни сотиб олма, жоним!
Раму: - Ҳозир мен ўлимга ҳам розимен, Радха! (кўзлари ёшга тўлади) Менинг қўрқадиган ҳеч нарсам қолмади! 
Радха: - Оҳ, Рамугинам, ўзингни тиғга ураётирсен... (дугонасига ичи ачиган Радха бошини сарак-сарак қилади) Айтганингга кейин пушаймон қиласен, лекин кеч бўладур...
- Мен учун ҳамма нарса кеч бўлди, Радха, биргина ҳақиқат қолди уни ўзим айтишим керак...
Радха зиппа орқасига қайтади.
Зебуннисо бегим: - Тинчликму, Радха, нега чопиб чиқдинг? (ўгрилганича, эшикдан кираётган Радхадан сўрайди Зебуннисо бегим)
Радха: - Маликам... Раму келган эркан... Кирмоққа изн сўраётир...
Раму номини эшитган Зебуннисо бегимнинг вужудига титроқ кирди. Ранги қув учиб, ўрнидан  турмоқ учун тирсакларига таянганича, қаддини кўтармоқчи бўлди, лекин танасида жон йўқдай ўзига бўйсунмайди, қимирлашга мадори етмай, жиққа терга тушганича, бошини яна ёстиққа ташлайди. Бир лаҳза шу алпозда ётади. Қайғуга қўшилган рашк унинг вужудини қайта жароҳатламоқда эди...
Зебуннисо бегим: - Оҳ, Тангрим... Раму... Чидолмаймен... Йўқот, Йўқот уни, Радха! Даф бўлсун!
Радха: - Хўп бўлади, маликам, ҳозир айтамен! (эшик томон юради) 
Зебуннисо бегим: - Тўхта, Радха, майли, кирсун... (дея олади хаста овозда лаблари титраб) 
Раму: - Маликам... (Раму ичкарига кираётиб) Зебуннисо бегимга яқинлашишни ҳам, яқинлашмасликни ҳам билмай, эшик ёнида  тўхтаб қолади. Кўп йиғлаганидан унинг овози ҳирқираб, базўр чиқади) Менинг меҳрибоним…
Зебуннисо бегим: - Меҳрибоним? (Зебуннисо бегим азбаройи ғазабланганидан қаддини қандай кўтарганини ўзи ҳам сезмай қолади. Лекин оёқлари қалтираб, тиз чўкканича, деворга суянади) Оҳ, Яратган эгам! Сен айтаётирмисан, шу сўзларни? Уёлмасдан, қизармасдан айтаётирмисан-а? Меҳрибонингманму... Меҳрибонингга раво кўрдингму, шу кунларни? Мен ахмоқ эрса, ишонибмен сенинг сўзларингга! Сенинг ёлғон севгингга! (Зебуннисо бегим чўккалаб олганича, ер муштлайди) Мунофиқ... Хиёнатчи... Ёлғончи...   
Раму: - Ёлғон эрмас... Уни жоним қадар... 
Зебуннисо бегим: - Жонинг қадар? Қасамхўр! Олчоқ!! Сен ҳеч қачон севмагансен, Капурни? (Зебуннисо бегим ёстиғини олиб, Раму томон отади) Жонинг қадар севганингда, жонингни менга бермас эрдинг! Сен Оқилхонни яхши кўрганингда, уни ажалга рўбару қилмас эрдинг! У ўлмас эрди... У ёнмас эрди... Оҳ ... Оқилхон... Азизим... Нега сен мени севдинг-а? Мени севмасанг ҳам майли эрди... Тирик юрсанг, сенинг нафасингни туйсам, бул фоний дунёда сенинг борлигингни ҳис қилсам шунинг ўзи етар эрди, менга... 
Раму: - Маликам... 
Зебуннисо бегим: - Оҳ, гапирма, Раму... Мен ўлишни истаймен! Унингсиз яшашни истамаймен! Унингсиз ҳаётнинг қизиғи қолмади менга... Энди ҳеч кимга ишонмаймен! Ҳеч нимага ишонмаймен... Уни сен ўлдирдинг! Уни сен бахтсиз этдинг! Уни ҳам, мени ҳам, ўзингни ҳам сен бахтсиз этдинг! Сен сотқинсен! Сен хоинсен! Йўқ, сен иблиссен! Сен уни нега менга бердинг, Раму? Нега бердинг, айт! Ахир сен менга “Севгилим мени севади, жонидин ортиқ кўради” деган эрдинг-ку?! Қайноқ бўсалари ҳақиндаги сўзларинг ёлғонму?
Зебуннисо бегим титраб-қақшаб ўзини ёстиққа ташлайди.
Раму: - Ҳаммаси ёлғон! Ҳаммаси менинг орзуларим, ширин хаёлларим эрди, маликам...
Зебуннисо бегим: - Яна менинг кўнглим учун мунофиқлик қилаётирсен, Раму! Оллоҳ жазонгни берсун сенинг!
- Маликам... Мен қасам ичишим мумкин... Мен уни севар эрдим... Лек Оқилхон...
Зебуннисо бегим: - Қасам? – (Зебуннисо бегим алам ичида бақирди) Кимга қасам ичасен? Менгаму? Энди кимга керак қасаминг? Қасаминг уни тирилтирадиму? Менинг куйган юрагимга таскин берадиму, қасаминг?
Раму: - Мен бир оғизгина бўлса ҳам гапирай, маликам, мени тинглашингизни истаймен... (Рамунинг кўзларидан шашқатор ёш оққанича, Зебуннисо бегимнинг қаршисига чўкади)
Зебуннисо бегим: - Ярим оғиз ҳам тинглашни истамаймен! Сени кўришни ҳам, исмингни аташни ҳам  истамаймен! (тескари ўгрилди Зебуннисо) Энди бул даргоҳга қадам қўйма... Энди бул даргоҳ сенга ҳаром... Кет... Мана шул қўлларим бирлан бўғиб ўлдирмасимдин, кўзимдин йўқол... 
Раму: - Маликам... Ҳеч бўлмаса, мана шул хатни ўқиб кўришингизни истаймен... (у қўлидаги хатни Зебуннисо бегимга бермоқчи бўлади) 
Зебуннисо бегим: - Хат? Хатинг бирлан, ёлғон-ёшиқларинг бирлан қўшмазор бўл! Ўзинг ҳам, хатинг ҳам керак эрмас, менга! Йўқол! 
Раму: - Бул мактуб меники эрмас, раҳматли Оқилхонники эрди... Ўқиб кўрсангиз ишонарсиз сўзларимга...
Зебуннисо бегим: - Нима? Оқилхонники... (хатни оларини ҳам, олмаслигини ҳам билмай, қотиб қолади. Сўнг, унга қўл чўзади ва ўқий бошлайди. Раму секингина чиқиб кетади) Оҳ... Капурим... 
Оқилхон Розийнинг овози: - “Синглим, Раму! Мен сенга ҳамиша “синглим” деб мурожаат қилганмен ва чиндан ҳам сени синглимдай кўрганмен. Мен сенга ҳеч қачон яхши кўрувчи йигитнинг муносабатини қилмаганмен. Шул сабаб, сенинг “севги” ҳақиндаги номангга ва унда битилган фикрларингга эътироз билдирсам, кўнглингни қирувчи сўзлар билан жавоб ёзсам, мени айбламайсен деган умиддамен. Биламен, менинг бу сўзларимни эшитиш сен учун ҳозир жуда оғир, лекин сени умидлантирувчи бошқа бирор сўз айтишим ҳам номардликка кирадур... Оғанг каби акангни кечир, Раму...”    
Зебуннисо бегим: - Оҳ, Оқилхон... Оҳ, менинг кўнглим султони... Жонимнинг жони... Гумон қилганим учун сен ҳам мени кечир... 
Зебуннисо бегим юрагининг туб-тубида нимадир узилгандай, оҳ тортади ва қўлларини эшик томон чўзганича, ёнидаги Радхага илтижо қилади.   
Зебуннисо бегим: – Радха, уни қайтар! Рамуни чақир! 
Радха югуриб чиқиб кетади ва орқасига қайтган Раму қўрқа-писа бўсағада тўхтайди. 
Зебуннисо бегим: - Раму... Меҳрибоним... Севгилимдан қолган ёдгорим... (Зебуннисо бегим титроқ қўлларини ёйиб, у томон қучоғини очди) – Мени... Бахти қаро маликангни кечир... Кел... Сен ҳам мени ташлаб кетма... 
Раму: - Маликам... 
Зебуннисо бегим: - Фақат гапирма... Гапирма, жоним, Раму... Йиғла... Бул дунё дастидан, қотиллар дастидан фарёд қил... Менинг Оқилхоним учун, ўз отаси томонидин бахти қаро қилинган маликанг учун йиғла, азизим...

                ТЎРТИНЧИ   С А Ҳ Н А

                Ўн иккинчи кўриниш 

 Сарой. Аврангзеб мирзо тахтда. Атрофида мулозимлар. Чап ёнида Зебуннисо бегим ўтирипти. Аврангзеб мирзонинг таъби негадир хира. У ҳар-ҳар замонда Зебуннисо бегимга ғалати назар билан кўз ташлаб қўяди.
Бахтовархон хос доруға: - Ҳазрати олийлари рухсат берсалар, машваратни давом эттирурмиз. (Аврангзеб мирзо “давом эт” дегандай ишора қилади) Ҳаммамизга маълумки, қардошимиз, Бухоро волийси Абдулазизхон Маккаи Муаззамни зиёрат қилиш ниятинда умид Каъбасига йўл олиб эрдилар. Аллоҳнинг иродаси бирлан Ҳақ раҳматига қовушганлари ҳақиндаги хабар қулоқларимизга етмиш. Яратганнинг Ўзи жойларини жаннатлардин ато этсун... Шул важҳдин бир ойдин бери салтанатимиз пойтахтинда меҳмон бўлиб турган биродаримиз, Бухоро волийсининг хос вакили Миржалолиддинбекни юртига йўлчи этмоқ мажбуриятиндамиз. Хос меҳмон Миржалолиддинбекка Оламгир ҳазрати олийлари улуғларнинг салафларига нисбатан ниёзмандлик инояти ва эҳтироми ила олий хилъат, тилла дастали ханжар, гўшпич, олтин суви юритилган паҳунчи ва минг рупия ақча ҳадя марҳамат этдилар! 
Миржалолиддинбек: - Бухоро волийси, Аллоҳ раҳматига қовушган раҳматли Абдулазизхон ҳазрати олийларининг вакили сифатинда кўрсатилган бул юксак эҳтиром ва қимматбаҳо совғалар учун чуқур миннатдорчилик билдирамен, улуғ ҳукмдор! (у таъзим қилади)  
Эшикдан девон беги мўралайди.
Девон беги: - Улуғ ҳукмдорим! Шошилинч хабар бор... (у меҳмонлар томонга қараб жим қолади)
Аврангзеб мирзо: - (ёнидаги Бахтовархон хос доруғага) Меҳмонларни кузата билурсиз...
Хос доруға меҳмонлар билан чиқиб кетади. 
Аврангзеб мирзо: - Сўйланг, қандай хабар эркан?
Девон беги: - Ҳазрати олийлари, Оламгири жаҳон, бир гуруҳ ожизалар арзга келмушлар.
Аврангзеб мирзо: - Кимлар эрмуш ул ожизаи нисолар ва не эрмуш арз-додлари? 
Девон беги: - Аларнинг аксарияти маликамиз очган мадрасанинг толибалари эрмуш. Алар яқинда эълон этилган фармони олийингиздаги “Боши очиқ қизлар ва бева аёллар турмушга чиқишлари шарт ва мажбурдур, бул қарордин бўйин товлаганлар, мамлакат ҳудудидин бадарға қилинадур ёхуд бир умрлик зиндон азоби бирлан жазоланадур” дейилган бандига қарши эрмушлар. Қарор ислоҳ қилинмаса, ўзларини ёқиш бирлан норозилик изҳор этмоқларини билдирмоқдалар!
Аврангзеб мирзо: - Маҳрамсиз, билганларини қилиб, номаъқулнинг нонини еб юрмоқлари маъқул эрмушму? Малика Зебуннисо бегимни ҳузуримизга чорланг!
Девон беги чиқиб кетади ва бир лаҳза ўтмай, Зебуннисо бегим киради.
Аврангзеб мирзо: - Толибаларингиз исёнидин хабарингиз борму?
Зебуннисо бегим: - Ҳазрати олийлари! Бир қошиқ қонимдин кечинг... Бул фармон олий борасинда мен ҳам ўз фикримни билдирай...
Аврангзеб мирзо: - Жинсдошларингизнинг норозилигини ёқламоқчимусиз?
Зебуннисо бегим: - Аёл сифатинда ва инсон сифатинда аларнинг фикрларинда жон бор, арз-додларига қўшиламен! 
Аврангзеб мирзо: -  “Қўшиламан”дегандин кўра, бул фикр мендан чиққан эрди, алар қўшилишаётир” десангиз тўғрироқ бўлур эрди... 
Зебуннисо бегим: - Тўғри, ҳазрати олийлари! Чунки фармони олийда зикр этилган қонун-қоидалар менга ҳам тегишли...
Аврангзеб мирзо: - Шундай, давлат қонунлари ҳаммага баробардур... Маликалар ундан мустасно, деган жойи йўқ. Шул боис, сиз ҳам турмушга чиқиш борасинда бир тўхтамга, яъни, тўғри қарорга келмасангиз, сиз ҳам киндик қонингиз томган тупроқлардин мосуво бўлмоғингизга тўғри келадур ёхуд ғазалларингизни бир умр зиндоннинг совуқ деворларига ўқирсиз ва қўшиқларингиздин фақат олмахонлар баҳраманд бўлишадур...
Зебуннисо бегим: - Ҳазрати олийлари, аёл ҳам инсондур, аёлда ҳам кўнгил бордур... Кўнглим истамаган одамга турмушга чиқолмасмен...
Аврангзеб мирзо: - (жаҳли чиқади) Бул сафсатани кўп бора эшитганмен, қайтармоғингизга ҳожат йўқдур!  
Зебуннисо бегим: - Зоти олийлари, уламоларимиз чиқарилган бул фармони олийда баён этилган жазонинг Қуръони каримда зикр этилган тақиқ амаллар бирлан муштараклиги борасинда далил келтирганларму?
Аврангзеб мирзо: - Ажаб? Фармони олийнинг тўғрилигига шубҳангиз борму? 
Зебуннисо бегим: - Асло, улуғ ҳукмдорим, бироқ фармони олийда зикр этилган амаллар аёлларга нисбатан ўта шафқатсизлик ҳисобланадир...
Аврангзеб мирзо: - “Аёлдан подшо чиқса, эчкининг юнгини икки қирқадур” деган мақолни эшитганмусиз? 
Зебуннисо бегим: - Эшитганмен, ҳазрати олийлари, мантиқли жавобим ҳам бор, лекин сўйламакдин тийиламен холос, шаккоклик қилмаймен...
Аврангзеб мирзо: - Балли... Тил кесилмоққа жаҳд этганидин кўра,  тийилмоғи яхшидур... “Саводсиз ожизаларга сабоқ бермоқ керак, аларнинг маърифат кўзи очиладур” деб эрдингиз. Аларнинг кўзи очилиш ўрнига тиллари ўн икки қарич ўсибдурму?!
Зебуннисо бегим: - Ҳазрати олийлари... Илмсизлик инсонлар ўртасинда тафовут ҳосил қиладур. Тафовут эрса қарама-қаршиликка олиб келадур. Шул боис, йигитдур, қиздур илм олмоқлари қарз ҳам фарздур. Зеро Ҳақтаолло Қуръони каримда “Иқра” каломини бекорига уч бора қайтартирмаган. “Нисо” сураси, 32 оятинда “Эркакларга ҳам, аёлларга ҳам ўз касб-корларидин бир насиба бор, деб марҳамат қилинган. Бобоколонимиз Амир Темур ҳазратлари ҳам илмни қадрлаганлар. “Илм барча бунёдкорлик, яратувчанлик, ақл-идрок, донишмандликнинг асосидир ва ўргатувчи мураббийсидур”деганлар...
Аврангзеб мирзо: - Бул сўзларни қайтармоққа ҳожат йўқ, бул калималар бизга ҳам ёд бўлиб кетган. Фақат бир нарсага тушунмаётирмен. Нечундир бизнинг ислоҳатларимиз кейинги пайтларда сизларнинг, яъни, ўз фарзандларимнинг ғашингизга тегаётир... Рофизийлар ва зиммийларга солинган жизия солиғига ҳам биринчи бўлиб сиз ва инингиз қарши чиқдингиз. Итоати вожиб фармони олийга амал қилмасдин ахмоқлик ва бузғунчилик йўлини тутаётган, куфрони неъматларига нисбатан нонкўрлик қилаётган, хом хаёллар ила ҳалокат чоҳи томон кетаётган ёвуз ниятли олчоқ тоифанинг тегирмонига сув қуяётган ўшал жаҳолатнишон жигарларингиз томонда эрмасмусиз мободо?   
Зебуннисо бегим: - Астағфируллоҳ, қиблагоҳим!  
Аврангзеб мирзо: - Тахтга кўз тикаётган бўлсангиз, марҳамат, ўтиришингиз мумкин, мен сизлар учун жонимни берамен... Аммо бул тахтни бахт деб ўйласангиз хато қилурсиз... 
Зебуннисо бегим: - О, о, менинг меҳрибон қиблагоҳим! Шоҳ Жаҳондай улуғ ҳазрати бобомни, амакиларимни, жигарларимни бир-биримиздан айирган, бегуноҳ одамлар жонига зомин бўлаётган бул тахтга мен нечун кўз тикай?! Андин нафратланамен! Ани кўргани кўзим йўқдур! Яйловларда юрган чўпонларнинг тош ўтовлари-ю ғарибу юпун элимнинг хас-ҳашак ёпилган чайласи, етиму есирларга, кимсасиз бандаларга бошпана бўлаётган дарахтлар сояси мен учун тахтдин, мана бул шаҳона саройлардин аълороқдур!
Эшикбон ичкарига мўралайди.
Эшикбон: - Бир қошиқ қонимдин кечинг, олампаноҳ. Жудоҳпурдин шошилинч ва ташвишли хабар келмиш! Шаҳзодамиз Муҳаммад Акбар мирзо...
Аврангзеб мирзо: - Кирсун! 
Хабарчи: - (тиз чўкиб ер ўпади) Олампаноҳ, бир қошиқ қонимдин кечинг!
Аврангзеб мирзо: - Сўйла...
Хабарчи: - Шаҳзодамиз Муҳаммад Акбар мирзо бир ҳовуч сарой аҳли бирлан биргаликда ақлфармолик саройидан четланиб, итоатсизлик ва исён камарини боғлаганича, надомат ва шармсорлик батқоғига ботгани борасинда мудҳиш муждалар келтирмоқ чекимга тушганидин пушаймонмен... (Зебуннисо қўрқиб кетади ва бесаронжом бўла бошлайди) 
Аврангзеб мирзо: - Астағфируллоҳ! Шаҳзоданинг раҳнамолари ким эркан?
Хабарчи:  - Асосийлари Хўжа Манзур, Маҳрам Када, Қозоқхон Гвалёр, Қиличхон ва Муртозоқули Олур... Алар ратҳворлар билан бирга ёвуз Сабанҳо мулкига борган ва анинг илтифотига сазавор бўлган... 
Аврангзеб мирзо: - (девон бегига) Тезда амирларни чорланг, ҳазор бор астағфируллоҳ... Бул балони даф этмоқ чорасини кўрунг! Шаҳзодани ер осидан бўлса ҳам топтириб, ҳузуримга келтиринг!(девон беги чиқиб кетади, у хабарчи томон ўгирилади) Давом эт...  
Хабарчи: - Бир қошиқ қонимдин кечинг... Оламгири жаҳон... (у гапиришга журъат этолмай иккиланиб қолади) Бул муждани сўзлагунча тилим кесилгани яхши эрди!
Аврангзеб мирзо: - Сўйламасанг ҳам тилинг кесиладур, гапир!
Хабарчи: - О, олампаноҳим, (у яна Зебуннисо бегим томон қўрқибгина қараб олади ва қўйнидан бир мактуб олиб, Аврангзебга узатади) Яхшиси... ўзингиз ўқинг...
Аврангзеб мирзо: - (уни ўқийди ва жаҳли чиққанидан ўрнидан туриб кетади ва Зебуннисога қарайди) Сизлардин умидларим кўп эрди... Афсус... Афсус... “Ўзингникилар ўзагингни узади...” деганлари демак, шундай эркан... Мактубнинг маъносига қараганда талаба  қизларизнинг исёнига ровиш қилган ҳам, авбош Муҳаммад Мирзомизнинг тегирмонига сув қуйиб, тел берган ҳам ўзингиз эркансиз-да, пошшо қизим?! Сабримни синаганингиз етадур! Энди сиз учун икки йўл қолди, биринчиси шаҳзода Фарухга келинликка рози бўлиб, Эронга кетасиз, иккинчиси-зиндон! Сўзимдан қайтиб қолмасимдан, танланг!
Зебуннисо бегим: - Сизнинг марҳаматингиз қандай бўлишидан қатъий назар, мен учун фарздур, қиблагоҳим... (у бошини мағрур тутади) Танловим зиндон...
Аврангзеб мирзо: - (соқчиларга) Олиб чиқинг! 

                ТЎРТИНЧИ   С А Ҳ Н А

                Ўн иккинчи ўриниш

Аврангзеб саройи. У тахтда ёлғиз. Опаси, малика Жаҳон Оро бегим шум хабарни эшитгач, йиғлаганича кириб келади.
Жаҳон Оро бегим: - Оҳ, Оламгири жаҳон! О, олампаноҳим! Суйган қизингизга, оқилаи доно, шоираи замон, донишманд маликангизга шундай аянчли қисматни раво кўрдингизму? 
Аврангзеб мирзо: - (қовоқларини уйганича, жеркиб ташлайди) Бул қисматни мен эрмас, анинг ўзи танламуш!
Жаҳон Оро бегим: - Ҳақ сўзни айтмоққа шул қадар мудҳиш жазо равому?
Аврангзеб мирзо: - Қизиқ... Қизимни ҳақ деб ўйлаётирмусиз? Мен ноҳақлик қилаётирманму? 
Жаҳон Оро бегим: - О, олампаноҳим... Уни ҳақ сўз айтмоққа сиз ўргатгансиз... Шул боис, анинг айрича, ноҳақ сўзлашини тасаввур этолмаймен! Ҳали ўн гулидин бир гули очилмаган ғунчамни жувонмарг қилманг... Анинг фарзандларини кўрмоқ умидинда қандай орзулар қилганингизни, нелар деганингизни эсланг! Жаҳлга эрк берманг! Ёлборамен, ўтиниб сўраймен сиздин! Билурсиз, мен Зебуннисо бегимга ўз фарзандларим каби меҳр берганман. Шул боис, бундай аччиқ ғамни кўтаролмаймен, ўлиб қоламен...
Аврангзеб мирзо: - Анинг гуноҳи оғир... Сизга айтишмадиму? 
Жаҳон Оро бегим: - Ҳамма талқон ютган киби оғзидин сўз чиқмайдур! Сиз, айтинг, мен билай! Не эрмуш гуноҳи? Турмушга чиқишдин бош тортганиму? Агар гуноҳи шул бўлса, эртагаёқ уни ўзим узатамен! 
Аврангзеб мирзо: - Маликангиз қўл урган гуноҳи кабр олдинда турмушга чиқишдин бош тортиши ҳолво бўлиб қоладур! Ул оқилаи дононгиз иниси, калтабин шаҳзодамиз Муҳаммад Акбар бирлан тил бириктириб салтанатимизга қарши бош кўтармоққа журъат этибдур!
Жаҳон Оро бегим: - Зебуннисо бегимму? Бўлиши мумкин эрмас! Ишонманг, олампаноҳим! Бул душманларимизнинг навбатдаги иғвоси! Пошшо қизингиз бундай қабоҳатга қўл урмайдур! 
Аврангзеб мирзо: - Биз шундай деб ўйлаймиз... Биз шундай умид қиламиз. Лек алар... (Аврангзеб мирзо ёнидан қоғоз чиқариб, Дилрас бону бегимга узатади) Улар шайтоннинг васвасасига учишадур... Мана, ўқиб кўрунг!
Жаҳон Оро бегим: - Оҳ, Яратган эгам... Ўзинг сабр бер... (хатни ўқиб, хонадан отилиб чиқиб кетади)

                    БЕШИНЧИ    С А Ҳ Н А

                    Ўн учинчи кўриниш

Жаҳон Оро бегим Зебуннисонинг хонасига йиғлаб, кириб келади. Унинг ёнида соқчилар. Канизак қизлар кийимларини йиғиштиришаяпти) 
Жаҳон Оро бегим: - Оҳ, менинг маликам.... Оҳ, менинг фариштам... Оҳ менинг оқилаи доно шоирам... Юрагимнинг қўри, кўзларимнинг нури, хушовоз булбулим... Қандай қилиб, сиздай донишманд бир қиз бул қадар мудҳиш жиноятга қўл урдингиз? 
Зебуннисо бегим: - Мен ҳеч қандай жиноятга қўл урмадим, малика аммажон. Инимиз шаҳзода Муҳаммад Акбарнинг маслаҳат сўровига жавоб бердим, холос... 
Дилрас бону бегим: - Ким киму қиблагоҳингизга, пуштипаноҳингизга, ўз салтанатингизга  қарши бош кўтармоқ... Оҳ, ўшал бузғунчи инингиз Муҳаммад Акбар ёлғон сўзлар бирлан авраб, ақлингизни заиф, кўзингизни кўр қилмиш? Нечун анинг сўзларига ишондингиз? Қиблагоҳингизни ўйламадингизму?
Зебуннисо бегим: - Қиблагоҳим инимга нисбатан ноҳақлик қилаётир...  
Дилрас бону бегим: - Сиз зиндон нелигини англаётирмусиз? Қуёшсиз, нурсиз, инсонларсиз, меҳрсиз  бир харобада ётмоқ, гулдай умрингизни йигирма йил ёлғиз ўтказмоқ...
Зебуннисо бегим: - Қисмат, маликам... Ҳеч ким қисматдин қочиб қутулолмайдур... Лек... сиз хавотир олманг, мен ёлғиз эрмасмен... Севгилим Оқилхоннинг руҳи хаёлимни ҳеч қачон тарк этган эрмас, ул ҳамиша менга йўлдошдур... У бир лаҳза ҳам мени ёлғиз қолдирган эрмас...
Жаҳон Оро бегим: - Оҳ, менинг гўзалим, оҳ, менинг оқилам, донишмандим... Ҳеч бўлмаса, мени, яқинларингизни ўйланг...Илтижо қиламен! Олампаноҳимиздин кечирим сўранг! Йиғлаб, ёлборинг! У сизни жонидин ҳам яхши кўрадур! Кўзларингиздин оққан ёшга юраги дош бермайдур, афв этадур! Ул мактубни “мен ёзмаганмен, туҳмат қилишган...” денг. Гуноҳ бўлса-да, ўшал машъум мактубга эга топдим! Ўтган йили зиндондан чиққан бир ҳаммол эркан. “Ёлғиз онам бор. Зиндондан чиққунимча унга қарашиб турсангиз, бўлди... деди. 
Зебуннисо бегим: - Оҳ, жоним маликам, аммажоним, йўқ, йўқ, меҳрибон волидам... Мен учун бундай гуноҳи кабрга ботманг! Мени ҳам, ул бегуноҳ йигитни ҳам бул гуноҳга шерик қилманг! Тақдирга тадбир йўқ! Мен қисматимга тик қараймен! Зеро мен Ҳақ томондамен... 
Жаҳон Оро бегим: - Бул сўзларни эшитгунча, қулоқларим кар, кўзларим кўр бўлиб қолса эрди кошки... Унда шаҳзода Фарухга хабарчи юборамен. Ҳозир олампаноҳ қиблагоҳингиз ундан ўзга ҳеч кимни тингламайдур. Барча умидимиз ундан... Шаҳзодадан бошқа ҳеч ким бизга ёрдам берололмайдур... Ҳеч бўлмаса, зиндонда эрмас, унинг саройинда бул фоний дунёнинг лаззатларидан баҳраманд ҳолда, озод, ҳур, эркин яшайдурсиз!
Зебуннисо бегим: - (кўзлари ёшланади) – Оҳ, жоним маликам, биламен Фарух мирзо яхши инсон, қариндошлиги важҳидан ҳам менга мурувват кўрсатиши мумкин! Лекин унинг мурувватига мен муносиб жавоб қайтаролмаймен... Кўриб турганингиз бул жисмим ичинда дунё лаззатларини ҳис қиладурган на юрак, на руҳ бор...  Китобнинг муқоваси каби муқовам қолган, холос. Ичиндаги барча саҳифаларим куйиб кул бўлган! 
Жаҳон Оро бегим: - Оҳ, менинг гўзал маликам, шоираи замоним, донишмандим... Раҳматли волидангиз Дилрас бегим сизни менинг қўлимга бераётиб, “Гўдагимнинг ҳаётини  сизга, Сизни эрса Оллоҳга топширдим, бир тола сочи ноҳақ тўкилса, рози эрмасман...” деган эрди. Қиёматда  Дилрас бону олдида юзимни қаро қилманг!
Зебуннисо бегим: - Жоним аммажоним, Сиз қўлингиздан келган барча яхшиликларни қилдингиз, мен мингдан минг розимен, Оллоҳ ҳам рози бўлсин, Сиздан... Шул боис, энди мени Оллоҳга топширинг! Яратган Эгамизнинг Ўзи қолганини биладур!
Жаҳон Оро бегим: - Жоним жигарим! Сиз аччиқ устида, зиндонинг маъносини англамасдан, қандай бўлишини ҳис қилмасдан гапираётирсиз! Қоронғу, зах, сичқону каламушлар ҳамроҳ бўладиган тўрт томонингиз кар-соқов девор ичинда яшашга розимусиз? 
Зебуннисо бегим: - Қанча инсон хас-хашак ёпилган чайлаларда, дарахтлар панасида яшаётган бир паллада, олампаноҳ қиблагоҳимнинг муҳташам саройи зиндонида яшамоғимнинг ўзи мен учун катта мурувват эрмасму?! 
Жаҳон Оро бегим: - (қўллари билан қулоқларини ёпади) Оллоҳим, ўзинг тўзим бер!  Оҳ, дунё, сен қандай дунёсан? Сени англамоққа на ақлим, на қурбим, на умрим етадур? Ҳар ёнда разолат, ҳар ёнда қабоҳат? Қачон адолат қилурсан?!
Зебуннисо бегим зиндонда. У қариган, сочлари оқарган, отасига мактуб ёзаяпти...
  
М А К Т У Б

Ота, бугун туш кўрдим, 
Тушимда бир қуш кўрдим,
Қанотларида онам
Иккингизни қўш кўрдим...
   
Онам менга бақарди, 
Кўзидан ёш оқарди,
Сен силардинг сочимни
Онам гуллар тақарди...

Зил эди онам дарди, 
Соғинч бағрин ёқарди,
Гул тақилган сочларим
Ота, бугун оқарди...

Оқ сочларим оқ толим,
Тарашга йўқдир ҳолим, 
Зиндонингда қаридим,
Бунчалар бўлдинг золим...

Етмасмиди куйганим, 
Дунёлардан тўйганим, 
Бир сўз демай, ўтингда
Ёнди жондан суйганим...

Ул ёрсиз қолди дунём,
Гул ёрсиз қолди дунём,
Руҳим ёнди ёр билан
Алёрсиз қолди дунём...

Оҳ... кездим ишқ бозорин,
Чекиб бор, ғам, озорин,
Лек топмадим, ул ёрдек
Кўнглимнинг харидорин...

Сен ё толе терс боқди,
Маҳбус зуннорин тақди, 
Бешигимда тилаган 
Бахтларинг сувга оқди...


Давронингга ҳайф бўлдим,
Қисматимга шай бўлдим,
Қудуқ билди “шох”ингни
Мен қамишдай най бўлдим...

Чўчган кўнглинг тўлдими?
Кечган кўнглинг тўлдими?
Ой қизингга оқ кафан 
Бичган кўнглинг тўлдими?

Ота, қаҳринг тошмиди?
Меҳринг кўзда ёшмиди?
“Маликам” деб суйганинг
Зулмингга бардошмиди?

Ё Раб, бул қандай тақдир?
Неки бўлса шоҳ ҳақдир? 
Нечун осий бандангга
Ҳар лаҳза ўлим нақддир?


                    Умр асли неча йил?
                    Мен учун бир кеча-йил...
                    Оғунгни бер, Шаҳодат                                        Шаробинг деб ичайин...

                    Ота, қаҳринг тошмиди...            

(Зебуннисо қўшиқ куйлайди)

        П А Р Д А










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот