Чўмилган ва кўмилган кучук


   Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида, Орифжон ота хонадонида таваллуд топганман. Мендан катта Қундузой опам ва мендан кейинги Мавлонжон укамнинг умри қисқа экан, бир ёшга ҳам тўлмай вафот этишган. 
   Дадам: “Тузукроқ врачлар бўлганида, опанг ва уканг ўлиб кетмасди, сен ўқиб шифокор бўлишинг керак”, деб қулоғимга қуявергач, “Зўр врач бўламан” деб, ҳаммага сўз берганман. 
   Жарроҳ бўлишни роса хоҳлардим. Фақат мендан жарроҳ чиқармиди? Йўқ! Чунки, қурбақаларни “операция” қилиш амалиёти, жон талвасасида типирчилаётган жониворлар ва тушларимда тирилган арвоҳларининг қўрқитишлари билан ниҳоясига етган. Бечораларнинг ичида нима борлигига қизиққан эдим. “Юраги қандай уради, жигари қанақа, ўпкаси борми, буйраги қаерда, нима учун ва қандай ваққиллашади?" - деган бир дунё саволларга жавоб топгим келганди-ю, жарроҳлик қилиш учун отнинг калласидек юрак ва совуққон қалб кераклигини болалигимда-ёқ англаб етдим. 
   Ноилож, тиббиётдан илк сабоқларни “Здоровье” журнали ва ҳамшира бўлиб ишловчи ойимнинг китобларидан ўрганишга мажбур бўлдим. Уйимизда каттагина “Анатомия атласи” бор эди. Унда одамнинг ичак-чавоғидан тортиб, калла-почасигача рангли тасвирларда берилганди. Баъзан ўзимдан кичкиналарни ётқизиб, тана аъзолари ўрнини фломастер билан чизгач, китобдаги тасвирлар билан солиштирар эдим. Қайси томир қаёққа боради, нима вазифани бажаришини тушунтиришимга соатлаб вақт кетар, укаларим эса ҳиқиллаганча ухлаб қоларди.
   Фақатгина назариядан қониқмай, амалиёт билан ҳам шуғулланиб турар эдим. Анча-мунча қаноти синган чумчуқлар, оёғи лат еган мушук, бўкиб қолган бузоқларни даволаганим ёлғон эмас.
   Бир сафар сойдан чала ўлик ҳолда топилган сувсарни “реанимация” қилиб, сўнг киндигимдан қирқта укол олганман. Умуман олганда ит, мушук ва бошқа “тўрт оёқли беморларим миннатдорчиликларини тишлаб "изҳор қилишар", мен эса ҳар доимгидек ”яйраб” укол олардим. 
   Эҳ, шундай бўлса-да, анча жониворларни ҳаётга қайтарганман. 
   Аммо меҳрибонлигим туфайли заҳарланиб ўлган Жек лақабли кучугим анчагача тушимга кириб юрган. Ҳар сафар “опажон, керосинда чўмилтирганингиздан кўра, бургалаб юрганим яхши эдику!”, - деб юрагимни эзаверарди...

Муаззам ИБРОҲИМОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот