ЎЛИМ ВА МУҲАББАТ


Меҳринисо ҚУРБОНОВА

ЎЛИМ  ВА   МУҲАББАТ
Ҳикоя

- Гўрковга беш-олти сўм ортиқча пул беринглар, қор ёғаяпти, қаҳратонда қабр қазиш қийин...
- Онажон!
     Ҳой, менга қара, нега тепамдан кетмай туриб олдинг? Нега бунча  ҳўрпаясан, тавба қилдим, тавбалар қилдим...Бу  нима балоси-а?  Кўзимни юмишим билан тепамда бойўғлига ўхшаш бир нима хўрпайиб туриб олади, кўзларимни очишим билан йўқолади. Нари тур, кейин келарсан. Болаларимнинг ҳаммаси шу ерда. Фақат кичкина қизим узоқда, йўлга тушган. Шуни кўрай, кейин кетсам ҳам майли...
- Онажоним!
- Ташқарида қор ёғаяпти, эй Худойим, болаларимга жуда қийин бўлади-да...
- Меҳрибоним  онам...
- Билиб турибман, ўлганимдан кейин ҳаммаларинг тўпланиб йиғи-сиғини бошлаб юборасизлар. Майли, ичларингда йиғлаб туринглар, лекин уввос тортманглар. Отинойи айтди, марҳумга оғир бўларкан, илтимос, айтганимни қилинглар. Барибир барчамизнинг кетар жойимиз ўша ёқку! Кўп одамларнинг бу борада онги йўқ, неча замонлардан бери кузатаман: “Вой отам, вой онам”, деб овозини борича бақиради  марҳумнинг ортида қолганлари. Ўзим ҳам гумроҳ бўлганман, отам ва онамнинг ортидан тинмай қабристонга борганман. Тепасида йиғлаб ўтирганман.
- Бақириб йиғламасак,  тўпланган хотин-халаж онасига ачинмабди, отасини ўлганига куймабди, деб таъзияхонада ҳам ғийбатни бошлашади. Ғамгусорим онам, йиғламай  бўладими? 
- Мен ўзбек тилида гапираяпман, бақирманглар, шовқин қилманглар, майлими? Художон, умрим давомида бировни хафа  қилмасликка ҳаракат қилдим, кимнидир  кўнглини ранжитган бўлсам узр сўрадим. Эримни юзига тик қараб, жанжаллашган  бўлсам, ота-онамни, фарзандларимни хафа  қилган бўлсам, мени кечир! Онажон, яна келдингизми, озгина кутиб туринг бораман, оғриқлар жонимни суғуриб олаяпти. Бу  дунёнинг оғриқларидан ўлиб-ку қутуларман, у ёқдаги азобларга чидай оламанми? Отанг тепамга  келиб олган, юр,  кетамиз, дейди. Кетмаяпти. “ мендан розимисиз,” деб сўрадим. Мингдан минг розиман, деди.
- Онагинам, ҳали узоқ  яшайсиз...
- Ёлғон гапирма. Қандай  ўлмаслик мумкин, қани айтчи? Ҳеч бўлмаса ўлаётганимда  ёлғон гапирманглар, болаларим. Э, отаси, яна келдингизми? Бораман, бораман, озгина қолди. Анави, нима бўлса ҳўрпайиб тепамда туриб олган. Ўн кундан бери томда нимадир тапиллаб юради, ажалмасми у?
- Бизни қўрқитманг, она, қўрқитманг.  Ажал томнинг тепасида нима қилади? 
- Қоронғиликдан  қўрқардим. Энди қўрқмайман, онам ўша ерда экан. Отанг ўша ерда экан.  Руҳлар ёнгинамизда туришар экану биз билмас эканмизда, тавба қилдим, тавбалар қилдим...  Мени  ёшимга кирганларнинг армони борми, болам... Нима, ўлаётган битта менманми? Улар ёруғликнинг ичида туришибди. Эй Худойим, билиб билмай қилган гуноҳларимни ўзинг кечир! Укангга айтинглар, ўлганимдан кейин дастурхонларни тўлдириб ташламасин. Ҳаммаёққа оппоқ дастурхон ёзинглар,  янги, топ-тоза  кўрпачалар  тўшанглар, одамлар қаерга борса, биринчи навбатда озодаликка қарайди. Кир, ёғ босган дастурхондан таом ейишга одамлар жирканади. Ўзим ҳам қаерга борсам, озодаликка қараганман. Сингилларингга айт, вижи- вижи қилмай ҳаммаёқни  йиғиштиришсин!
- Ҳаммаёқ тоза, онажон она, безовта бўлманг! Умрингиз узоқ бўлсин. Ҳали тузалиб кетасиз...
- Ёлғон гапирма! Қимматбаҳо уколларни урдириб, мени умримни узайтираман десаларинг, менга яна азоб берган бўласизлар, эшитаяпсизларми, азоб бераяпсизлар. Жоним азобда қолди, нега тушунмайсизлар? Тезроқ кетай!
- Онажон, яшашингизни хоҳлаймиз!
- Менинг ҳаётим сизларнинг қўлингиздами? Гуноҳга ботманглар. Ҳамидани ёлғизлатманглар. Манзура қизим, сен каттамсан, сени Худодан тилаб-тилаб олганман. Уч йил туғмадим, қайнонам кун бермади. Ўғлига хотинингни калтакла, уйдан кетсин, дерди. “Бу жуда тўла хотин, ажраш, туғмайди, ҳаммаёғини ёғ босган” дерди. Худо  раҳм  қилди. Ҳар уч  йилда ўнта бола туғдим, битта қизим саккиз ойлигида оламдан ўтди. Ҳамидам тўққиз йил яшаб фарзанд кўрмади. Кўрсатмаган табибимиз, кўрсатмаган дўхтиримиз қолмади. Менинг ичим тўла бола экан, ўнта туғдим, биттаси ўлди. Лекин қизим фарзанд кўрмади. Эри яхши кўрарди, фарзандли бўламан деб бошқасига уйланди. Бу -Худойимнинг  иши, нима қилса ўзи билади, биз ожиз бандалармиз. Ҳамидани кўп жойлардан сўратишди, лекин умрини менга бағишлади, ёш гўдакни парваришлагани каби менга қаради. Ҳамидани ёлғизлатманглар. Мендан кейин шунга қийин бўлади-ёв...
- Ундай деманг, онажон, ёлғизлатмаймиз, хабар олиб турамиз...
- Ҳеч дунёга тўймай  кетаяпман, болаларим. Бу  ҳаётга келиб сабр қилишдан бошқа  нарсани билмадим, не не азобларни тортдим, лекин барибир ҳаёт жуда чиройли экан. Адолатни тўйгинасини кўрсам ҳам майли эди. Ҳар биттангни дардингни ўзимга олдим, тунлари ухламасдан болаларим бахтли бўлишсин, уларнинг дардини менга бер, ҳарқанча бўлса  кўтараман, дердим. Ана, ана, яна отанг келди! Нега келдингиз? Ҳали боришимга вақт бор шекилли? Устингизда ҳалиям сариқ пўстинми? Уни аллақачонлар лўлиларга бериб юборган эдим-ку!
- Онажон, кўзларингизни очинг илтимос! Қанақа пўстин?
- Эслайсанми-йўқми, отангни ёшлигида сариқ пўстини бор эди. Шуни қиш бўйи ечмай неча замонлар кийиб юрди. Ҳар ювганимда янгидек очиларди. Тушимга нуқул шу пўстинини кийган ҳолатда кўринади. Отанг ўлгандан кейин лўлиларга бериб юборган эдим. Болам, хафа бўлмагину шу  отангга сира кўнгил қўйолмадим. Биринчи   муҳаббатимни унута олмадим сира, Тангрим кечир мени...
- Биринчи муҳаббатим дейсизми? Сира айтмагансиз?
- Ўн етти ёшда эдим, уйимиз олдидан катта анҳор оқиб ўтарди. Ҳар куни иккита челак кўтариб  сув олгани чиқардим. У пайтларда одамлар ариққа  ахлат тугул, ҳатто чўп  ташлашмасди, гуноҳ саналарди. Одамлар шу анҳорнинг сувини тинитиб ичишарди. Бир куни  сув  бўйига чиқсам...бир отлиқ турибди. Сочларим этагим билан баробар, отлиқ ер остидан менга тикилиб қолди. Юрагим жиз этди. Ортимга ўгирилаётган эдим, эски челак бериб туринг, отимни суғорай, деди. Мен челакларимдан бирини унга тутқаздиму уйга чопиб кириб кетдим. Ортимдан тикилиб турганини сезганим учун юрагим гупиллаб ура бошлади. Дарвозанинг ортида кутиб турдим кетишини...Бу гупиллашнинг ортида   шу чоққача ҳеч  қачон  қалбимга киришга улгурмаган  ёқимли тўлқинланиш бор эди ва бу   бутун бошли ҳаётимда бошқа содир бўлмади.Ташқарида челакнинг тақирлаган товуши, отнинг енгил бир кишнаб олиши  ва  эгаси олиб келган челакдаги сувни хўриллатиб ичишлари, барча-барчаси диққат назаримда эди. Бир маҳал  қадам товушлари яқинлашиб, отлиқ дарвозани енгил чертди. Мен очмадим. Уни кўргим, чиройли кўзларига яна бир боққим келди, аммо юрагим гуп - гуп урганича жим туравердим. Қадамлар тез эмас, жуда секин узоқлашаверди. Мен бўлсам  унинг  қадам товушлари узоққа кетишини сира хоҳламас, бошим аллақандай телбанамо ҳиссиётлар оғушида  тебранар эди. 
- Уни яна кўрдингизми? Отам эдими у?
- Йўқ, отанг эмас у одам. У  яна бир неча марта келди. Анҳор бўйига келар, мен унга челакни тутар ва яна шу ҳолатда дарвоза тагида у  отини суғориб кетгунича ўтирар, бахт ва муҳаббат оғушида сармаст одамга айланиб қолдим. Биз нималарнидир жуда қисқа гаплашардик, жуда тез хайрлашардим, чунки отам ишданми, бозорданми келиб қолса борми, бошимда калтак  синишини билардим. Отам биз қизларига жуда қаттиққўл эди. Ўша сирли йигит баъзида ёнида ўрта бўйли, кўзлари қисиқроқ, қалин сочлари устига эски телпагини бостириб олган ошнаси билан келар, у биз  гаплашиб турганимизда узоқдан   кулимсираб кузатиб турар, бу менга сира ёқмасди.  Кунлардан бирида...у  менга...
- Нима деди?
- “Эртага уйингизга совчилар келади”, деди. Лекин кайфияти жуда тушкун эди, мен ҳайрон бўлдим. “Илтимос, йўқ деманг, мени кечиринг” деди. Нега кечирим сўраётганини англамасдан, ортидан қараб қолдим. Шундай  қилиб, барибир ичимда унга етишмоқни ўйлаб қаттиқ ҳаяжонда эдим. Совчилар эртаси куни тушдан кейин келишди. Онамнинг ўша йигит билан гаплашиб юрганидан бироз хабари бор эди, лекин отамга билдирмадик.Чунки йигитлар билан гаплашиб юрибсанми, деб мени қийин-қистоққа олиши турган гап. Совчилар бир неча марта келишавергач ота-онам фотиҳа қилишга рози бўлишди. Чимилдиққа  киргизишганида ҳаяжондан қалт-қалт титрардим. Дунёдаги энг бахтли, энг гўзал келинчак мен эдим гўё, ҳозир шаҳзодам келади-ю қўларимдан тутади ва биз узоқ-узоқ гаплашамиз. Аммо менинг хаёлимни буткул ўғирлаган шаҳзодам келмади, мен уни чимилдиқда кўрмадим. Чимилдиқда бошқа инсонни, сени отангни кўрдим...
- Нима? Нималар деяпсиз?! У ҳалиги шаҳзода...йўқ, у номард қаёққа  кетди?
- У номард ўртоғи билан келиб юрганида, уям мени ёқтириб қолган. “Тўй қилишга ҳеч вақонг йўқ, мени юрагимдан урди, ошна, мен совчи юборақолай” деган. Номард ошиқ шунга кўнган.
- Вой-дод! Бу қанақаси бўлди? Нега бизга ҳеч қачон сўзлаб бермагансиз? Муҳаббат тарихингизни ҳеч қайсимиз билмаймиз. 
- Болам,  буни муҳаббат тарихи деяпсанми? Сароб экан бу муҳаббатим. Нега бизга айтмадингиз, деяпсан. Негадир мени ёмон кўриб қоласизлар, деб айтмадим. Ёш бўлгансизлар, тушунмайди, деб ўйлаганман, айтиш шарт эмас, дегандирманда. Дод солиб йиғладим, “Қани фалончи ака, нега мени алдади, чақиринг ўзини, кетинг, сизни кўргани кўзим йўқ” деб  бақирдим.“Узоққа кетган, ҳали бери қайтмайди, дод солишдан фойда йўқ, йиғлама эй  қиз” деб бақирди отанг бўлмиш. Яна бир нафратланган томоним- кайфи ҳам бор эди бунинг.  Хуллас,   йиғлаганимни эшитишиб, амма келди, янга келди, хола келди. Онам бечора олдимга киришга мажбур бўлди. “Шарманда бўлмайлик болам, нима бўлса бўлди, яшаб кетавер шу билан, пешонангда битилгани шу экан. Отанг бу  гапларни эшитса, у  дунё, бу дунё сени ҳам, мени ҳам тинч қўймайди” ” деб кўндиришга тушди. Мен шарманда бўлишдан қўрқиб, жим бўлдим. Мендан бахтиқаро, мендан хароб одам йўқ эди назаримда. Йиғлай-йиғлай ихтиёримни  шу инсонга топширишга мажбур эдим.
- Тақдирда, онажон...Ўзингиз бошимизга ташвиш тушса ҳамиша шундай дейсиз-ку?
- Шундай болам, шундай...Майли, тақдиримдан мингдан минг розиман. Бошимдан яхши-ёмон кунлар ўтди. Отанг билан яшаб шунча фарзанд кўрдим.
- Ўша...қочоқ инсонни яна учратдингизми?
- У  мен учун энг олчоқ, энг ёлғончи, энг катта нафратга лойиқ инсонга айланди. Кўрдим, аммо кўрмасликка олдим. Мен учун муҳаббат тарихи ўша жойида якун топган эди, қизим. Мен бошқа муҳаббатнинг ўзини ҳам, расмини ҳам кўрмадим. Мени кечир, нималар деб алжирадим-а?..
- Онажон, ундай деманг, менинг онажоним...
- Сув бер! Сув, фақат сув бер. Ҳаммаси тўкилиб кетаяпти. Бир қултуми ҳам томоғимни намламаяпти. Болам, мендан рози бўлинглар. Мен энди кетаман, ана, тепамда кимлардир, нималардир турибди. 
- Онажоним, қўрқитманг, сизлар яхши фарзанд бўлдинглар, неча ой, неча кунлардан бери тепамда туриб, хизматимни қилдинглар. Сизлар менинг меҳрим, муҳаббатимсиз, жоним, жаҳонимсиз...
- Онажон, онажоним, бизларни ташлаб кетманг...

***

     Ажабо, беш ойдан бери оёғи синиб,  белларида ётоқ яра тошган, оғриқ билан қаттиқ курашиб ётган онажонимнинг юзлари нурли эди, қошлари ёшлигидагидек  янада қорайиб, катта гавдаси анча озиб, хипчага тортган, шунча пайтдан бери бир томонга қийшайиб қолган оёғи эса биров атайлаб тўғрилаб қўйгандек  ўз жойига  тушган эди. Юзларидаги хотиржамлик ҳеч биримизни ҳайратга солмай қўймади. 
     ...Тонгда туш кўрдим. Сочлари этаги билан баробар дўндиқча челагини анҳордаги сувга ботираяпти. Узоқдан қоронғуликда бир отлиқ кўринди. Отининг териси қоронғуда ҳам ялтиллаб кўринади, отлиқнинг чуқур хўрсингани  ва йиғи аралаш инграган овози қулоғимга чалингандек бўлади... 

Манба: "Ижод чашмаси" журнали. 2023 йил №9 сон.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот