АЖАЛ ЧАҚИРИҒИ


Озод МЎЪМИН ХЎЖА

АЖАЛ ЧАҚИРИҒИ
Фантастик-криминал қисса

***
Яхшилик қил –  дуо ол, у – мустажоб садодир.
Ёмонлик қил – қарғиш ол, қарғиш – даҳшат балодир. 
Муаллиф
***
“Fear the call of death!” (Ажал чақириғидан қўрқ!)
Уильям ТЕНН, америка фантаст-ёзувчиси.

***
       СЎЗБОШИ

   Ушбу ёзилган қисса тўлиқ меники эмас. Мен, аслида фақат ҳаммуаллифман. Гарчи, юқорида ижодкор сифатида ўз номим турган бўлса ҳам. Чунки, ушбу асар онгимга фикран айтиб турилди, мен ёздим ва охирида таҳрир қилдим, айрим жойларидаги номутаносибликларни тузатдим, ҳодисаларни мантиқлаштирдим. 
    Қисса  битгунча, ҳар куни, кўзимга кўринмас бир зот руҳан мени шу ишга ундарди. Қолган ижодингни, кейин, бу асар битгандан сўнг давом этдирасан, дерди. Унинг кимлигини билмас эдим. Сўрасам, бу маълумот ошкор этилмайди, деган жавобни эшитдим. Унга бўйсинар эдим. Бирор воқеанинг бошланишини ёзаётганимда, унинг қай йўсинда тугашини билмас эдим. Мен ҳеч қачон бундай тузилишдаги асарларни битмаганман. Ижодим билан таниш бўлсангиз, буни ҳис этасиз. Мени, бу жараёнда бошқараётган руҳий зот, ибодатларимни вақтида адо этишимни ҳам талаб қиларди. Акс ҳолда, қисса битмай қолиб кетади, деб огоҳлантирар эди. Мана, натижада, ушбу фантастик-криминал асар вужудга келди. У битгач, қайта-қайта ўқидим. Сатрларни синчиклаб текширдим. Умум тўлиқ асар сифатида ҳам боқиб кўрдим. Тушундимки, бу қиссага бошқа ҳеч бир воқеа, гаплар ва мулоҳазаларни қўшиб бўлмайди. Шунингдек, ортиқча туюлган қисмларни олиб ташлаш ҳам керак ҳам эмас, деган қарорга келдим. Назаримда, тугал ижод маҳсули.  
    Бўлди. Тугади. Вазифани бажардим. Яратганга минг қатла шукур! Энди, иншаолло, бошқа ижодий жараёнга ўтаман. 
    Сиз ушбу кичик қиссани ўқинг, бундаги воқеалар, тасвирлар, фикрлар ҳеч кимни зериктирмайди, деган умиддаман. Унинг айрим жойларида ўзбек адабиётига хос бўлмаган шавқатсизликлар, енгил эротик манзаралар бор. Улар асарнинг мазмуний талабларидан келиб чиқиб тасвирланган. Агар бу ҳолатлар бўлмаганда қиссанинг таъсир кучи камайиб кетади, деган ишончдаман.         
    Ўқинг, таҳлил қилинг ва хулоса чиқаринг! 
    Ло илоҳа илоллоҳ, Муҳаммад ур-Расулуллоҳ!     
      
      ***

      Бу дунёда ҳар бир инсоннинг эзгу орзулари бўлади. Улар қалбда турадилар ва яқин-атрофга маълум қилинмайдилар. Лекин, борлиқ буни билади.   
     Турғун Темир исмли қирқ яшар тадбиркор ўзбек йигитининг ҳам шу каби, ҳеч кимга маълум қилмаган бир тилаги бор эди. У, икки-уч йилдан бери, субтропик иқлимли бирор жойга боришни истарди. У ердаги қуруқлик қирғоғини улкан уммоннинг мовий  сувлари бетиним ювиб туриши ва соҳилда пальмалар қад кўтарган бўлиши лозим эди. Ва, бундай сўлим гўшада мириқиб чўмилиб, қорайиб, ҳордиқ чиқариши шарт эди.  
     У бир неча йил мобайнида ана шундай ҳолатни кўз олдига келтириб, ушбу ниятини эслаб-эслаб, ўз ишлари билан шуғилланиб юраверди. Охирги йилда,  ўз соҳасида – қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришда такомиллашиш учун илмий малакасини оширишга қаттиқ ҳаракатлар қилди. У олий маълумотли инженер эди. Фан ва техникани яхши тушунгани туфайли, мустақил равишда  билимини оширишга киришди. Кутубхоналарга бориб, интенет тармоқларидан излаб, турли махсус китобларни ўқиди, соҳасига оид мақолаларни таҳлил қилди, илғор мамлакатлардаги сўнгги технологиялар билан танишди. Етук мутахассислар суҳбатида бўлди. Ва, келгуси режаларини қайта тузиб чиқди. Хусусий корхонаси маҳсулотларини ўзининг тузган янги рецептлари бўйича ишлаб чиқара бошлади. 
    Бу маҳсулотлар бозорда ўз муносиб ўрнини тез эгаллай бошлади. Талабгорларнинг кўпчилигига маъқул тушди. “Чет элларникидан-да яхшироқ, сифати аъло, нархи арзон!”, дейишарди сотувчилар. 
     Турғун Темирнинг ишлари кескин ривожланиб кетди. Хатто, баъзида харидорлар истагини қондиришга улгуролмай ҳам қоларди. Ризқ-насибаси улуғ бўлди. Шукурлар қилди ва мавсум тугагач, ўша эзгу мақсадини кейинги ёз фаслида амалга ошириш учун зарур миқдордаги пулни ажратиб олиб қўйди. 
      Янги йилда эса, ишлари ривожи орқага томонга қараб кетишга тушди. Талабгорлар сирли равишда унинг маҳсулотларидан воз кеча бошлашди. Бошида, бу ҳолатга жуда таажжубланди. Кейин, кўп ўйлаб, жамики учрашувларию ва бошқа воқеа-ҳодисотларни таҳлил қилиб, бир сабабни, аниқроғи сабабчини аниқлади. Бу ҳолатни тузатиш учун ҳеч бир тадбир топа олмай боши қотди. Ҳозирги шароитда у ожиз эди. Лекин, борлиқ бу муаммога бирор ечим инъом этишига ишончи йўқолмаганди. Иш жараёнида кунлар ва ҳафталар ўтиб, ёз фасли кириб келди. Иссиқ пайтда уммон томон боришни режалаштиргани эсига тушди. Уни бузишни истамади. Суриштирувлари натижасида дўстларидан бири унга АҚШнинг Техас штатида жойлашган Хьюстон шаҳри яқинидаги Галвестон оролини тавсия қилди. “Сен орзу қилган шароитнинг барчаси ўша ерда мавжуд”, деди у. 
    Турғун Темир бу мамлакатга бориш учун рухсатнома олди ва хусусий корхонасининг бошқарув ишларини ёрдамчисига топшириб, оиласи билан ўша орзу қилган заминига кетди.                     
      Бу ажиб масканга – Галвестоннинг “Sea isle” (“Денгизорол”) қисмига асосан инглиз ва испан тилли мамлакатлардаги одамлар келиб, ҳордиқ чиқаришар экан. Улар учун уммон бўйига яқин ерда қатор коттежлар барпо этилган, бу, ичида барча қулайликлар мавжуд биноларда одамлар ўн-ўн беш кун яшаб, денгиз бўйларида чўмилиб, қорайиб, соғлиқларини яхшилаб, кейин ўз ватанларига қайтиб кетишар экан. 
    Хуллас, Турғун Темир ва унинг оиласи: ўзи, аёли ва икки қизи хурсанд ҳолатда ўзлари учун янгича шароитда, янгича табиат қўйнида дам ола бошладилар.        
      Улар Хьюстон шаҳрига самолётда боришди. У ерда ижарага автомашина олиб, манзилга етишди. Ўзи ҳам, жуфти ҳалоли ҳам, бироз бўлса-да, инглиз тилида мулоқот қила олишлари жуда қўл келди. Биринчи куни коттежда қолдилар – сафар чарчоқларини чиқариш керак эди. Иккинчи кун эса, соҳилга бордилар ва мириқиб, завқланиб чўмилдилар.   
    Турғун Темир, кечки пайт, овқатдан сўнг, очиқ ҳавога чиқиб, атрофдаги ўз юртига хос бўлмаган манзарани кузатиб, оҳиста юрар экан, эртага тонгда бомдод намозини соҳилда ўқишни ният қилди. Сабаби, у ҳеч қачон қаршисида чексиз уммон кучини ҳис этган ҳолда, ибодатлар адо этмаганди. Муқаддас Каъба ҳам ана шу уммон ортида.  
      Йигитни шундай қилишга ундаётган яна бир ҳолат, куннинг биринчи ярмида Атлантика уммонининг Мексика кўрфази тўлқинлари оғушига шўнғиганда рўй берган антиқа ҳодиса эди. У билардики, намоздан сўнг, инсоннинг қалби софлашади. Унга янглиш, ножоиз фикрлар келмайди. Ҳодиса қуйидагича бўлганди: У, нонуштадан сўнг, оила аъзолари билан соҳилга бориб, шўр, қуюқ, зангори сувга ўзини отар экан, ушбу улкан ҳавза унга бироз табассум қилгандек туюлди. “Ассалому алайкум, эй денгиз!”, деди у, ва тўлқин қаърига шўнғиди. Шунда, онгида “Ваалайкум ассалом, Турғун Темир!” деган хитоб янгради. “Во ажаб! Уммон мен билан гаплашмоқдами?”, таажжубланди у. “Асло, ҳайрон бўлма! Ҳақиқатдан ҳам шундай, бўтам!” деган жавоб яна онгида янгради. 
      Турғун Темирни денгизнинг ўзбек тилида фикр билдиргани ҳам ўйлантирди. “Ер куррасининг нариги томонидаги уммон бўлса, миллатим одамлари бу заминга деярли келмаган бўлсалар, у тилимизни қаердан билар экан?”, ҳаёл сурди у. Ва, бирдан тушунди: у онгимга тушунча бераяпти, онгим эса уни мен биладиган сўзларга айлантириб, қалбимга етказмоқда. Буни ментал, яъни ақлий мулоқот дейилади.    
   У денгизга бошқа сўз қотмади. Чўчиди. Сувдан чиқиб, офтобда тобланди. Унинг олдига яқинлашишган рафиқаси ва фарзандларига бу ҳақда индамади. Нима деб ўйлашади, номаълум. Бироз ўтиб, бу мулоқот унинг эсидан чиқиб кетди. Болаларининг қувнаб, қийқириб чўмилишлари, ўзларини мовий тўлқинларга уришларини кўриб, уларнинг ёнида биргалашиб денгиз оғушига кирди. Улар билан ўйнади. Офтобда тобланди. Денгиз унга сўз қотганини тасодифий ҳаёллари маҳсулига йўйди. 
    Улар пешинга яқин коттежларига қайтдилар. Тушлик қилиб, шу салқин жойда, кондиционер ишлаб турган хоналарда кечгача телевизор кўриб, интернет титкилаб дам олдилар. Биринчи кунданоқ офтобда кўп ўтириб, куйиб қолишни истамадилар. Шом тушганда атрофни айландилар.     
    Турғун Темир эртаси кун барвақт, тонг отмасдан уйғонди. Ювиниш хонасига кириб, таҳорат олди ва сувни ёмғир каби туширадиган юқоридаги жўмракдан илиқ сув оқизиб, тагида бироз роҳатланиб турди. Сўнг, оппоқ сочиққа қаттиқ артиниб, қонларини югуртириб тетиклашди. 
      Ўзи яшаётган шинам коттеждан соҳилгача яёв юрганда ўн беш дақиқалик йўл. Боради, ибодат қилади, бир-икки марта денгизга шўнғийди ва ортга қайтади. Ният шу! 
      – Нонуштагача қайтаман, – ваъда қилди у, уйғониб кетган жуфти ҳалолига. 
      Сўнг, ичидан чўмилиш иштонини кийиб, жойнамозини ва тасбеҳини халтасига солиб, кетма-кет тизилган коттежлар орасидаги кўчадан уммон сари юриб кетди.  
    Тонгги ғира-шира пайт. Қуёш ҳали чиқмаган. Аммо, уфқ орти хиёл ёриша бошлаганди. Денгиз тўлқинлари навбатма навбат, салмоқланиб келиб ўзларини қирғоққа урардилар ва кўпириб, қум узра тез ёйилиб, сўнг оҳиста орқага қайтар эдилар. Наҳор пайти тўқ кўк рангда кўринаётган тўлқинларнинг қаърида жуда улкан куч яширингани, ана шу табиий, тартибли ҳаракатдан яққол сезилар эди. Турғун Темир бу ҳолатни ярим дақиқача кузатди. Ушбу, чексизликкача ястанган шўр сув ҳавзасига завқланиб қарар экан, ундаги буюк қувватнинг нафақат зоҳирий, балки руҳий томони ҳам бормикан, деб ўйлади. 
      Соҳилда бу пайтда яккам-дуккам бўлса-да, одамлар бор экан. Кимлардир тонгги чўмилишга чиққан, кимлардир қўлларида таёқ ушлаб, қирғоқ сатҳини синчиклаб кузатиб, титиб юришибди. Улар, одатда, тўлқинлар тунда қирғоққа бирор ноёб жиҳозни итқитишган бўлишса, ўшаларни топиш умидида эринмай соҳилга борадилар. Бирор нарса топсалар керакки, бу ишларини ҳар куни қиладилар. Яхши томони, уларнинг барчалари – тонгда чўмилаётганлар ҳам, буюм изловчилар ҳам, узоқда эдилар. Турғун Темирга улар ҳалақит қила олмасдилар. Шунинг учун, бу ҳолат эътиборга молик эмас эди. 
     У, халтасини баланд пальма остига қўйди ва жойнамозини иложи борича денгизга яқинроқ, лекин қуруқроқ жойга – қум устига тўшади ва азон айтиб, ибодатга берилди. Уни адо этиб бўлиб, устки кийимларини ечди, уларни халтасига тиқди ва уммонга яқинлашиб, вужудини илиққина тўлқинлар оғушига ташлади ва сузиб кетди. Қандай ажойиб! Тана яйрайди-я! Шунда онгида яна овоз янгради.  
      – Хуш келибсан, Турғун Темир! 
      У, онгида янграган бу овозни эшитиб, беихтиёр жавоб берди.  
      – Раҳмат! Денгиз ота, сиз менга гапираяпсизми?  
      – Ҳа, сенга, бўтам!     
      – Менда илгари ҳеч қачон бундай сўзлашмаганман. Онг орқали ментал гаплашиш... жуда ғалати экан. Ассалому алайкум!   
      – Ваалайкум ассалом! Ҳайрон бўлма, сен танланган одамсан. Шу сабаб, сенга руҳан мулоқот қилиш хислати берилган. Шу пайтгача бу яширин ҳолат эди. Зарурат туғилди, у юзага чиқди. 
      Турғун Темир қирғоқдан сал узоқроққа сузиб кетган эди. Бу эшитган сўзларидан сўнг, орқа томонга қайрилиб қулоч ота бошлади. Соҳилга яқинлашганда, тўхтаб, оёқларини заминга узатди, улар юмшоқ қумни ҳис этдилар. Сув кўкрагидан келиб, чайқалиб турарди.   
      – Денгиз ота! Нега мен танланганман? – сўради у.  
      – Келгусида, сенга, жамият ривожига ижобий таъсир кўрсатадиган муҳим иш топширилади. Шунинг учун, шу кунларда сенга ёрдам беришим шарт. Чунки, сенга ўзини ошкор қилмай, ҳе йўқ, бе йўқ, душманлик қилаётган бир одам бор. У ёнига ўзига ўхшаган кимсаларни олган ва жуда маккор. Уларга бир ўзинг бас кела олмайсан. Кўмак зарур! 
      – Биламан, ўша нусхани. Кейинги пайт жуда авжга чиқди. У, йил бошида шаклланган шароитдан ва ўзи эга бўлиб қолган мавқеидан фойдаланиб, орқаваротдан, атрофимдаги мени ва менинг маҳсулотларимни ҳурмат қиладиган ташкилотларга, дўкондорларга ҳамда менинг айрим муаммоларимни ҳал этувчи кишиларга таҳдидлар қилиб ёки ёмонлаб, ишларимга тўсиқ қўймоқда. У ҳозир таъсирли амалдорларнинг биродари. Шунинг учун, ҳеч кимнинг унга ғиқ этишга ҳадди сиғмайди. У ўзига маслакдошлар излаб, бизнинг бизнесда ким қолиши керак, ким йўқолиши лозимлиги тўғрисида режалар тузиб юрибди.              
      – Нега шундай қилаётганини биласанми?  
      – Фақат тахминларим бор. Бири, илгари пайтларда, у ўз ишлари билан мақтанганда, унга етарли ҳамдлар айтмаганман. Унинг айрим фикрларига қўшилмаганман. Иккинчиси, маҳаллийчилик – менинг туғилиб ўсган заминим бошқа.
    Шу дамда, кутилмаганда, уммон Турғун Темирнинг устига каттароқ тўлқинни олиб келиб урди. Қудратли тўлқин йигитни ўз қаърига олиб, соҳил томон шитоб билан судради. У бу кучга ҳеч қандай қаршилик қила олмади. Қирғоққа урилгач, ўзини ўнглади, шўр сув оқими ортга қайтгач, сал юқорироққа бориб, қум устига ўтирди. Денгизга боқди. Онгида сўзлар янгради.  
      – Инсоният ҳаёти шундай асосга қурилган. Кўролмаслик ва гуруҳбозлик ҳамиша бўлган ва бўлади. Шайтоний ва раҳмоний кишилар ўртасидаги рақобат ҳеч қачон йўқолмайди. Ёмонликни касб қилганлар, ҳамиша ўзларини ҳақ деб билиб, бу амалларидан ўлгунларича тийилмайдилар. 
      – Мен аниқ биламан: бундайлар, охир-оқибатда ўз қилмишлари учун муносиб жазо оладилар. Бу – ҳаёт қонуни. Лекин, унинг амалга ошиш вақти одатда жуда чўзилади. Натижада, бегуноҳ одамлар жабрланиб қолаверадилар. Шу муддат қисқартирилса бўлмайдими? 
     Турғуннинг бу гапига денгиз жавоб бермади. Қирғоққа тўсатдан пайдо бўлган баланд тўлқин катта шовқин билан урилди. Унинг кўпириб, ёйилган сувлари йигитнинг оёғигача етиб келдилар. Илиқ ва шўр суюқлик унинг товонларини ювгач, ортига қайтди. Шундагина денгизнинг унсиз товуши яна онгига келди.  
      – Турғун Темир! Дарҳақиқат шундай. Бир нарсани яхши бил: ёмон одам дарҳол жазоланаверса, яхшилик тез ғалаба қозонаверса, ҳаёт жуда оддий бўлиб қолар эди. Бундай жўн тузилма борлиққа хос эмас. Олам ва жамият қонунлари ўта мураккаб. Уларни ҳар ким ҳам чуқур англаб ололмайди.  Шунинг учун, одам зотига, ана шундай ҳолларда икки йўл бор: тақдирга тан бериб, бошқа йўллар қидириш ёки ўзига қилинаётган ёмонликлар асосчисининг салбий таъсирларини йўқотиш. Аммо, ифлос кимса ҳеч қачон ўз манфур ишини тарк этмайди. Энг мақбул йўл – уни четга чиқариш, агар бу имконсиз бўлса, маҳв этишдир!     
    – Денгиз ота! Ҳозирги даврнинг тараққиёт этган кўп мамлакатларида жиноятга яраша жазо қонунлари бор. Мен уни маҳв эта олмайман. Бу ишни қилсам, қўлга тушаман ва анча йилларга қамоққа тиқиламан. Лекин, қўл қовуштириб ўтиришни ҳам истамайман. Ҳаётни бундай нусхалардан тозалаш керак. Ҳамда, унинг малайлари ҳам муносиб қасосга ҳаялламай дуч келишлари лозим.  
      Денгиз бу гапга дарҳол жавоб бермади. Турғун Темирнинг устига яна улкан кучга эга бўлган оқим йўналтирди. Йигит илгари ҳам турли денгизлар соҳилларида бўлган, аммо бундай баландликдаги тўлқинни кўрмаганди. Катта сув массаси қирғоққа шундай шиддат билан урилдики, йигитни ҳам кўмиб, уни ўтирган жойидан анча нарига судраб борди. Турғун Темир яна ўзини ўнглади. Ва, шу ерда қола қолди. Эски жойига қайтса, қайта ҳужумга дуч келиши мумкин. Яхши ҳамки, кийимлари ва жойнамози солинган халта анча нарида, пальма остида эди. Йўқса, улар жиққа ҳўл бўлардилар. Қирғоққа урилаётган кейинги тўлқинлар аввалги ҳолга қайтдилар.   
       – Денгиз ота! Нега менга ғазаб қилаяпсиз? – сўради йигит.       
       – Кўраяпсанми, қуёш чиқаяпти! Ҳар бир ишнинг, ҳар бир амалнинг ўз муддати бор. Қуёш ҳам вақти келгани туфайли, уфқдан кўтарилиб, сенга ўз нурларини соча бошлаяпти. Сен шуни қалбан тушун. Сабр қил – юксаласан, сўра – оласан! Улкан тўлқин – менинг ғазабим эмас. Балки, сўзларим ёдингда қолиши ва менда даҳшатли қудрат мавжудлигини сенга билдиришим учундир. Яхши ота, ўз фарзандининг нотўғри ишлари ёки гаплари учун панд-насиҳат қилганда, ҳеч бўлмаса қулоғидан бир чўзиб қўйиши лозим.   
    Турғун беихтиёр океан ортидан кўтарилаётган кунга боқди. У уммон тепасида сузиб юрган булутларни ажиб қизил рангга бўяган эди.  
       – Яхши, у ҳолда бироз сабр қиламан ва сўрайман! – хитоб қилди йигит. – Сиз, мана улкан қувватга эга эканлигингизни кўрсатаяпсиз. Сиздаги ана шундай куч фақат материалистикми ёки руҳий қудрат ҳам борми?  
      – Бир нарсани билгин: Ер сайёраси устки қисмининг етмиш фоизини мен ташкил қиламан. Қуруқлик кучларига қараганда, меники анча кўп. Борлиқнинг бир қонуни бор: материалистик қувват, руҳий қудратсиз вужудга келмайди. Бундай кучнинг менда мавжудлигига шак-шубҳа қилма! 
      – Ундай бўлса, менга ҳеч бир асоссиз душманлик қилаётган, нафасимни бўғаётган шахсни маҳв этиб бера оласизми? 
     – Бу мен учун осон вазифа. Бироқ, бу иш учун бутун маъсулиятни ўз бўйнингга олишингни тилингда ва дилингда тасдиқлашинг зарур. 
       Турғун Темир товуш чиқариб жавоб берди. 
        – Мен тилимда ва дилимда айтаман: Инсоният тарихи шуни кўрсатадики, душманлар маҳв этилмас эканлар, улар ўз манфур ишларини ҳеч қачон тўхтатмайдилар. Улар ҳеч қачон, бир юмалаб, яхши одам бўлиб қолмайдилар. Бундайлар албатта даҳшатли ўлим топишлари шарт! Бу ишнинг барча маъсулиятини ўз бўйнимга оламан! Уни жонли дунёдан йўқотиб беринг!  
        Шу дамда уммон тўлқинлари деярли мавжланмай қолдилар. Денгиз сукут сақлади. Бир дақиқача ўтгач, сўз қотди.  
      – Яхши. Илтимосинг қабул этилди. Мен душманинг кимлигини биламан, аммо сен унинг исмини аниқ айтишинг керак. Бу топшириқ руҳий оламда ҳужжатлаштирилади. Кейин, вақт келганда, сўроққа тутилганингда, тонмаслигинг учун.    
       Турғун Темир яна товуш чиқариб айтди.  
       – Унинг номи Исмат Поён! У даҳшатли ўлим топсин! 
       – Қабул қилдим. Натижани ижтимоий тармоқлардан биласан.                     
       Йигит ана шу сўзларни эшитгач, мавжланаётган тўлқинлар аввалги ҳолга келдилар. 
       Турғун Темир яна ҳаёлий суҳбатга ўтди.   
       – Денгиз ота, бўлдими, мен кетаверайми?    
       Ва саволига савол эшитди.  
       – Айтгин-чи, бўталоғим, душманингнинг айнан шу кимса эканлигини қаердан билдинг? Унинг ўзи келиб, сенга бу ҳақда айтмагандир?   
       – Бу, маълумот жуда кўп воқеотларни кўриш, кузатиш, одамларнинг менга бўлган муносабатлари айнан Исмат Поён билан учрашганлари ва суҳбатлашганларидан сўнг ўзгариб қолганларидан келиб чиққан қатъий хулосадир. Душманимнинг шахси аниқ! Бунга ҳеч бир шак-шубҳам йўқ.  
      – Сенга, одамларнинг фикрини эшита олиш имконияти ҳам берилган. Лекин, буни ўзинг билмайсан. Уларни эшитганингда, ўз мулоҳазаларим деб ўйлайсан. Холбуки, хулосаларинг, наинки мантиқий таҳлил маҳсули, балки ўзгаларнинг ҳаёлларини ҳис қила олишингдан ҳам келиб чиққанлар. Шуни билиб қўй ва келгусида аҳамият бер.  
      – Бу ҳолатга ўзим ҳам гоҳо-гоҳо ажабланар эдим. Энди, тушундим. Раҳмат, Денгиз ота!     
     – Энди, кетаверишинг мумкин. Бориб, оиланг билан нонушта қил. Кейин, улар билан келиб чўмил, ҳордиқ чиқар. Аммо, билиб қўй: топшириғинг натижасидан хабар бўлмагунча, сен билан мулоқот қилмай тураман.      
     – Хўп. Тушундим. Хайр!           
   Турғун Темир оҳиста ўрнидан турди. Сокинлашган уммон сари юрди. Яқинлашиб, мавжланиб келаётган тўлқинга калла ташлади. Денгиз томон ўн – ўн беш қулоч сузди ва қайтди. Қирғоққа чиққач, сочиққа артиниб, халтасини елкасига осиб, коттежи томон йўлга тушди. Бу пайтда қуёш кўтарилиб қолган, денгиз бўйида балиқхўр чорлоқ қушлар пайдо бўлиб, чуғурлашиб уча бошлагандилар.  

      ***
     Исмат Поённнинг жони дили – атрофидаги одамларни бошқариш эди. Кимки, унинг сўзларига жиддий қулоқ осмаса, унинг алоҳида буюк инсон эканлигини таъкидламаса, бу одам албатта рақибга айланар эди. Ва, иложи борича унга зиён етказишга уринарди. Агар, бирор ўзи ёқтирмаган кишига кимдир яхшилик қилаётганидан хабар топиб қолса, савобталабдан бу ишни тўхтатишини талаб қилар эди. Мабодо, у сўзига кирмаса, дарҳол ўзининг ҳадафига нишон бўлувчилар сафига қўшиб қўяр эди.  
     Исмат Поён бир пайтлар, турли мажлисларда, йиғинларда ўзининг замонабоп ва шиддатли чиқишлари туфайли кўзга кўриниб қолиб, юқори идораларга ишга чақирилган ва бир муддат у ерда хизмат қилиб, берилган вазифаларни тузукроқ бажара олмагач, шартта қувилганди. Лекин, ўша оз вақтда ҳам, ўша даргоҳдаги ўзи тенги мулозимлар билан тил топишиб, улфатчилик қилиб, таниш-билиш орттирганди. Ишдан кетгандан кейин ҳам, улар билан алоқани тўхтатмай, керагида эслаб, учрашиб, суҳбатлашиб турар эди. Шу сабаб, у бирор илтимос билан мурожаат қилса, юз-хотир, сўзлари пастроқ даражада бўлса ҳам инобатга ўтадиган бўлиб қолганди. Ва у, ушбу ҳолатни иложи борича, атрофга билдириб турар эди.  
     Юқори даргоҳдан кетқизилганларга одатда, бирор иш топиб бериладиган қоида бор. Бундай киши “Ходимлар бўлими”га чақирилади-да, сизни бошқа ишга ўтказаяпмиз, ариза ёзинг, дейилади. Деярли юз фоиз бунга рози бўлади. Лекин, Исмат Поёнга таклиф этилган жой ёқмади. Қалбидаги шайтон мағрурликка ундади. “Нима, ўзимга муносиб иш топа олмайманми?”, ўйлади у. Лекин, сўради: 
      – Бошқа таклифлар йўқми? 
      Ходимлар бўлими бошлиғи киноя аралаш жилмайди. “Баъзилар нега ношукур?”, ҳаёл қилди. Ва жавоб берди. 
      – Афсуски, топилгани шу. Ва, топшириқ шундай. Уни бузиш ҳурматсизлик бўлади. У ерда бир-икки ой ишланг, кейин истасангиз, ўзингизга маъқул жой топарсиз. 
      Исмат Поён ноилож қолди. 
     У борган даргоҳ бошиданоқ ёқмади. Бир ойга қолмай, ўз хоҳишига биноан кетди. Сўнг, ярим йил ишсиз юрди. Ниҳоят, ўзига қурилиш маҳсулотлари олди-сотдиси билан шуғилланадиган корхона очди. Асосий расмий иши – вилоятлардаги давлат ташкилотларига замонавий қурилиш моллари жўнатиш эди. Бундан жуда яхши пул топар эди. Ва, аввал айтилганидек, норасман, бозор ишларига “аралашиб”, ўзининг “буюк”лигини кўрсатиб туриш ва айрим ишларда ўртакашлик қилиб, катта фоизлик чўтал олиш эди. Имконият туғилганда, кимларнидир шантаж қилиб, пул ундиришдан ҳам ҳазар қилмасди.            
      Мана, энди, ҳозирги пайтда, Исмат Поён бор имкониятларини Турғун Темирга тўлиқ зарар етказиш, уни маънан ва молиявий янчиш учун ташлаётганди. Тадбиркор йигит эса, нима қиларини билмай, боши қотаётган пайтда, унга Денгиз ота ёрдамга келди. 

     ***
     Исмат Поён кўнглида ғалати нохушлик билан уйғонди. Ўрнидан тургиси келмади. Аммо ўзини мажбур қилиб қўзғалди ва ошхонага кириб, шаффоф деворли электр чойнакка боқди. Ичида сув бор экан. Ёқиш тугмасини босди. Уч-тўрт дақиқада қайнайди. Икки бўлак қази, бир бўлак нон ва бир пиёла кофе ичиб олиши керак. Унгача юзини ювиб олса яхши бўлади. Душга тушгиси ҳам, соқол қиртишлагиси келмади. “Қайси аҳмоқ ҳар куни тўлиқ ювиниш керак деган, ҳеч англамайман”, ўйлади у. 
      Аёли аллақачон, болаларини боғчага элтиб, ишига кетиб бўлган. Уйида ёлғиз ўзи. Энди, нонушта қилиб бўлгач, кўчага чиқиб, такси тўхтатади. Сўнг, офисига етиб олса, танасига қувват, қалбига шиддат киради. Ва фаолиятини бошлайди. Шуни ҳам айтиш керакки, унинг ўнта машина олишга маблағи етса ҳам, таксиларда юрарди. Сабаби, автоулов бошқаришга ҳеч уқуви келмаганди. Лекин, кўчада машина ҳайдаб юраверсам, қўлим келишиб қолади деб, машина ва гувоҳнома сотиб олиб, юраверганди. Бироқ, бу иш оқибатда бир тирик одамнинг ўлимига сабабчи бўлганди. Қамалмаслик учун, юқоридаги оғайниларига мурожаат қилиб, қонуний жазодан қутилиб қолганди. Шундан сўнг, бу ишга қўл силтаб, фақат кўча машиналаридан фойдаландиган бўлганди. 
     
      ***
      Йигирма беш ёшга кирган Аббос таксичилик қилиб бўлажак тўйига пул йиғар эди. 
      У мактабни ўқиб битиргач, ўзининг асл йўлини топа олмади. Институтга киришни истамади. Ўқиши аъло эмас эди. Исми-шарифини ҳам зўрға ёзар эди. Чунки, кейинги давр мактабларида асосий эътибор болаларга сифатли билим бериш эмас, ҳужжатбозликка қаратилаётган эди. Шу сабабми, унда китоб мутолаа қилишга истак уйғонмаганди. Севган машғулоти телевизор кўриб ётиш ёки собиқ синфдош ўртоқлари билан ҳангомалашиш эди. Битирув кечасидан бир неча ой ўтгач, онасининг қистови билан Чуқурсой қурилиш моллари бозорида дўкон олиб савдо қилаётган тоғасига ёрдамчи бўлиб ишга кирди. Вазифаси – пештахтада турган сотувчи йигитга сўралган маҳсулотларни дўкон орқасидаги омбордан дарҳол олиб чиқиб беришдан иборат эди. У бошланғич вақтда завқ-шавқ билан ишлади. Кейин, бундай ишдан зерикди. Маоши ҳам кўнглидагидек эмас эди. Баҳорга чиқиб, бу ердан кетишга қарор қилди. Отасига хабар қилди. 
      – Дада, дўконда югурдаклик қилиш жонимга тегди. “Аббос, уни олиб чиқиб бер!”, “Аббос, буни олиб чиқ!”, “Аббос, харидорнинг машинасига юкларни жойла!” деган сўзларни бошқа эшитгим келмаяпти.  
      – Яна бир – икки йил ишлаб, тажриба орттирсанг, сенга алоҳида бир дўкон олармидик, нима дейсан? – сўради у. 
      Аббос бош чайқади. 
      – Бозор – менинг ишим эмас экан, – хўрсинди у ва давом этди. – Дўконни юритиш осон эмас, кўрдим. Ҳужжатбозлик, текширувлар, мингта одамга минг хил муомила... Яхшиси, менга “Матиз” машина олиб беринг, кира қилиб пул топаман. Бир нечта ўртоқларим шундай қилишаяпти. Шу иш тинчроқ.  
      Отаси бир оз ўй сурди ва жавоб берди.   
      – Сенга машина олиб беришга имкониятим йўқ. Лекин, ойма-ой келишилган миқдордаги пулни топиб, машина эгасига бериб бора оламан десанг, шу усулда “Матиз” ёки “Спарк”олишим мумкин. Бу ҳолда, билгинки, эртаю кеч ишлашингга тўғри келади.  
      – Яхши, дада! Розиман. Олиб беринг!  
      – Яна қайта сўрайман, тинимсиз ишлаб, пулини тўлаб бора оласанми?   
      Аббос бироз ўйланди-да, жавоб берди.   
      – Ҳа, дада, ҳаракат қиламан. 
    Икки ҳафтадан сўнг, йигит “Матиз” машинали бўлди ва таксичилик фаолиятини бошлади. У ўзига режа тузиб олди. Эрталаб наҳорда уйғониб, ишга тушади ва пешинга яқин қайтади. Тўрт соат дам олади, сўнг яна кечки тиғиз пайтида ризқини теради. Шундай қилса, ўзига ҳам, машина эгасига тўлашга ҳам маблағ йиғилади. 
      Аббос шу ҳолатда уч йил ишлади ва “Матиз”ни ўзига расмийлаштириб олди. Энди, кейинги режаси уйланиш тўйи учун маблағ йиғиш эди. Чунки, бунга онаси ундади. 
      – Ўғлим, – деди у. – Ҳозирги даврда барча чиройли тўй қилаяпти. Машҳур хонандаларни чақиришаяпти. Сарпо-суруқларни бадастр қилишмоқда. Буларга катта маблағ керак. Дадангнинг маоши зўр эмас, шунинг учун тўйингга асосий маблағни ўзинг тўпла. Маҳалла-кўйнинг олдида кичиккина тўй қилиб шарманда бўлишни истамайман.  
      – Майли, ойижон, ҳаракат қиламан, ҳар куни ишлаб топган пулимнинг бензин ва овқатдан қолган қисмини қўлингизга олиб келиб топшираман, йиғиб борасиз! Етарли маблағ йиғилганда тўйни бошлармиз, – жавоб берди Аббос.
     Йигит яна уч йил бетиним ишлади. Ҳар куни кечки пайт онасининг қўлига топганларини бериб турди. Хаттоки, дам олиш кунлари ҳам машинасини тиндирмади. Ва, катта бўлмаса ҳам, бир чиройли тўйга етадиган маблағ йиғилган деб тахмин қилди. Ўша куни онасига сўз қотди.   
      – Ойижон, назаримда, етарли маблағ йиғилди. Энди, тўйни бошлайверсак бўлар?     
      Онаси бўзрайиб қолди. Миқ этмади.  
      – Ойижон, нима бўлди? Нега индамаяпсиз? – сўради Аббос, ажабланиб. 
      У ниҳоят жавоб берди.  
      – Болам, тўрт ой бўлди, тоғанг келиб, ишхонамни солиқчилар босишди, кўп камчиликлар топишди. Палон пул бермасам, мени қамашади деди. Ёрдам қилинг, икки ойда қайтараман деб илтимос қилди. Укамга раҳмим келди. Ҳамма йиғилган пулларни унга бериб юбордим. Аммо, ҳали ҳам унинг бир сўмини ҳам кўрмадим. 
       Энди бўзрайиш навбати Аббосга келганди. Нима дейишни билмай қолди.   
      – Болам, тоғанг пулни қайтарса яхши. Агар қайтармаса, яна бир-икки йил ишлашингга тўғри келади. Начора! Укам ахир менинг жигарим...  
      – Бундан сўнг, мен сизга бир тийин ҳам бермайман! – хитоб қилди Аббос, онасига. – Нотўғри ишлар қилиб, у пулларга яйраган тоғам, туну кун меҳнат қилиб, бесамар қолган менманми?! Мени уйлантирмай қўяқолинг, ўзим уйланаман. Она энг аввало ўз фарзандининг бахтини ўйлаши керак эмасми?  
      – Сен ҳали ўз онангга тик боқиб, дўқ қилаяпсанми? Яна шу ишингни қайтарсанг, сени оққ қиламан!
    Бу дағдағани эшитиб, Аббос бошқа бирон сўз қотмади. Индамай ўз ётоғига кириб кетди. 
    Йигитнинг ўз яхши кўрган қизи бор эди. У ҳам Аббосга кўнгил қўйган эди. Шу кунларда у севгилисига: “Анча пул йиғиб қўйдим, яқинда уйингга совчи юбораман!”, деганди. Энди, нима бўлади? Ундан аниқ қуруқ қолади. Чиройли ва оиласи ўзига тўқ бўлгани учунми, бу қизнинг харидори кўп. Онаси яқин ойларда совчиликка бормаса, илиб кетишади. Бу фикрга кўникиши керак. Ўзининг келгуси ҳаёти энди қандай бўлади, номаълум. 
      Аббос икки кун ҳовлига ҳам чиқмай, ҳеч ким билан гаплашмай, бирор овқат емай, фақат сув ичиб, бағрини заҳга бериб ётди. Олдига кирган отасига ҳам бирор сўз демади.  
       Учинчи кун эса, тонг отмасдан машинасига ўтирди-да, шаҳар кўчалари томон йўналди.  

       ***                          
    Мурод, ўн олти ёшли тўққизинчи синф ўқувчиси, ҳар куни тонг отмасдан Чорсу бозорига тушиб, савдогару деҳқонларнинг олиб келган сабзавот ва меваларини туширишга ёрдам бериб, озроқ пул ишларди, кейин шу ернинг ўзида кийимларини алмаштириб, мактабига шошарди. Сабаби, унинг отаси бундан ўн бир йил илгари аварияга учраб, ҳалок бўлганди. Онаси эса жажжи ўғли ва уч яшар қизчаси билан чирқираб қолаверганди. 
    Ўшанда тул қолган аёлнинг онгида турли саволлар ғужғон ўйнаганди: “Фарзандларини ким боқади энди? Ўз ота-онасими ёки қайнота-қайнонасими?.. Улар фақат ёрдам қилиб туришлари мумкин. Икки боласини улғайтиришдаги, муносиб тарбия беришдаги асосий оғирлик, барибир ўзининг аёл бошига тушади...”    
     Начора, кўргилик экан. Эри билан не-не умидлар қилиб, бир ёстиққа бош қўйганди. Яхши, аҳил-иноқ эдилар. Тўрт қаватли бинодан икки хоналик уй  олиб, ҳовлида турмуш кечираётган қайнона-қайнотаси ва қайнисининг оиласидан бўлиниб чиқиб, бир неча йилдан бери алоҳида яшашаётган эдилар. У ҳамиша дилида ўзининг аммасига раҳмат айтиб юрарди. Чунки, мактабни битиргандан сўнг, ота-онаси уни бирон ўқув даргоҳига киришга ундашмади. Улар, қизимиз уй ишларини яхши билади, саранжом-саришта, қўли ширин ошпаз, бирор хонадонга келин бўлиб тушса, у ернинг хизматини қилиб, яшайверади, деб тахмин қилишди. Бу фикрдан хабар топган аммаси, унга, ҳеч бўлмаса тикувчиликка ўқи, бирон касб эгаси бўл, деб, шундай жойга киришга мажбур қилди. 
      Қизнинг уқуви бор экан, ҳамма тикиш-бичиш ишларини тезда ўрганиб олди. Ўқишни битиргач, ўша аммаси бир хусусий фабрикага ишга олиб кириб қўйди. У ерда ишларни сифатли бажаргани учун, “чевар қиз” деб ном олди. Раҳбарият уни ҳурмат қила бошлади. 
      Бир куни совчилар келишди. Улар ота-онасига ёқдилар. Ва, у куёвликка номзод йигит билан учрашди. Ҳаётда мақсадлари, режалари бор инсон экан, рози бўлди. Ўзларига яраша тўй қилдилар. Ёшлар бирга турмуш кечира бошладилар. Бир неча йилда икки фарзандлик ҳам бўлди. 
    Ҳаёти бир маромда кетаётганди. Эрини, машина ҳайдашни яхши билмай, энди ўрганаётган бир ярамас, ифлос одам, бекатда турган вақтида уриб юбориб, унинг умрига зомин бўлди. Ўша одам қиёфасидаги жонзот атрофдаги ҳалқдан ҳам истиҳола қилмай, етиб келган милиция ходимларига, бу киши машинам тагига ўзини ташлади, ҳаётидан тўйган экан шекилли, деб айтибди ва сувдан қуруқ чиқишга уринибди. Аммо, барча чизмаларни қилиб, машинанинг турган ҳолатини аниқлаб, суратга олиб, гувоҳларнинг сўзларини ёзиб олган милиция ходимлари бу гапга ишонмай, холисона баённома тузишиб, уни раҳбариятга топширишибди. Раҳбарият энди бу одамга жиноят иши очай деб туришганда, бош маъсулга юқори маҳкамадан қўнғироқ бўлиб, сўкиш ва дўқ эшитилибди: “Исмат Поённинг кимлигини билмайсанми? У, бир пайтлар бизда ишлаган, у – ўта ҳурматли одам! Унинг машинаси тагига бир аҳмоқ ўзини ташласа, гуноҳкор бўлаверадими? Ўтирган амал курсинг ортиқчами? Дарҳол баённомани ўзгартир, акс ҳолда онангни учқўрғондан кўрсатамиз! Милиция ходимлигидан ҳам бадарға қиламиз!” Бош маъсул дарҳол чақириққа борган ходимларни чақириб, баённомани бошқатдан ёздирибди, гувоҳларнинг ҳаққоний гаплари ёзилган кўргазмаларни ахлатга ташлатибди.
       Шундай қилиб, Исмат Поён бегуноҳ бўлиб қолаверди. 
     Бир аҳил оиланинг бошлиғи эса бола-чақасини бу бешавқат, адолат йўқ дунёга ташлаб, Яратганнинг ҳузурига йўл олди. Унинг жуфти ҳалоли эса Чархи кажрафтор олдида ожизлик қилиб, додини фақат Оллоҳга айтди.                
   Исмат Поённи бетиним қарғади. Аёл биларди: Мутлоқ Буюк Зот нолаларини эшитмоқда, ўша ифлосни албатта муносиб жазолайди. Фақат қачон?.. Бу номаълум эди. Мавло, одатда арқонни узун ташлайди. 
    Муроднинг бугун омади келди. Юк эгалари унга яхши пул тўлашди. Ўқишдан сўнг, уйига нон, картошка, сабзи, пиёз, гуруч олиб боради. Синглиси эса дарсдан келиб, кечқурунга овқат тайёрлайди. Онаси ишдан чарчаб келади. Ҳа, деган – туяга мадор. Бундан хурсанд бўлади. Ўзи кўп дарс қилиши лозим. Худо хоҳласа, шартномасиз, текин ўқишга кириши керак. Бу ҳаётда илмий таълим олмаган одам – иш қуролисиз, кўникмасиз ҳунарманддир. 

      ***   
      Аббос тонг саҳардан уйини тарк этиб, тўғри тоғасининг уйига борди. Эшикни кеннайиси очди. Ҳовли супураётган экан. Ҳайрон бўлди.  
      – Келинг, Аббосхон! Нечук тонгдан худо ёрлақади? – сўради у.  
      – Тоғам бормилар? – базўр товуш чиқарди у.   
     – Ҳа, уйдалар. Киринг, анави ерда ўтириб туринг, ўзи уйғонадиган вақтлари бўлди. Чақириб чиқаман. 
      Йигит бу хонадонга ёшлигидан кўп келади. Айниқса, тоғасининг дўконида ишлаб юрганида тез-тез қадам ранжида қилган. Шунинг учун, уялмай ичкарига кирди ва ҳовли четидаги супага бориб ўтирди. Бироз ўтиб, юзини енгилгина ювган тоға жиянининг олдига келди. Аббос салом берди. У алик олгач, сўради.         
      – Тинчликми, каллаи саҳарлаб келибсан?   
      – Йўқ, тинчлик эмас. Сиз билан уришгани келдим! – деди Аббос. 
      Тоға буни ҳазил деб қабул қилди. Жилмайди.  
      – Ия, нима гап? Опам, поччам яхшимилар?  
      – Сиз менинг уч йил давомида ишлаб топган пулларимни икки ойда бераман деб, ойимдан олиб кетибсиз. Тўрт ой бўлибди ўшанга. Қани менинг йиққанларим? – шаҳд билан сўз қотди йигит. 
      Тоғаси бошини хам қилди. Индамай бир-икки дақиқа туриб қолди. Ниҳоят, жавоб берди. 
      – Жиян, мени тўғри тушун. Пул йиға олмаяпман. Савдо яхши эмас. Лекин, бил: уларни ебкетмоқчи эмасман. Йиғилиши биланоқ олиб бориб бераман.   
      Аббос кескин гапирди.  
      – Йўқ! Тўғри тушунишни истамайман. Сўзингизда туринг! Мен, шу бир-икки ойда уйланишим керак. Севган қизим бор. Лекин, унинг харидори кўп. Ота-онаси эса ўжар. Қизининг раъйига қарашмайди. Ўзларига маъқул жой чиқса, узатиб юборишади. Мен тез кунларда совчи юбормасам, ундан айрилиб қоламан. Беринг, пулларимни! Уйингизни сотасизми, машинангизни бозорга олиб чиқасизми, дўконингизни гаровга қўясизми – менга барибир!  
      Тоға юмшоқлик билан жиянини сабр қилишга кўндирмоқчи бўлди.  
      – Сен менга бегона эмассан. Опамнинг ўғлисан. Қўлимда ишлагансан. Ишим мураккаб эканлигини биласан. Қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган “Фанттекс” номли корхона бор. Ўзинг ишлаб юрганингда ҳам унинг шпаклевкаларини, кафель ёпиштирадлиган елимларини сотардик. Раҳбари Турғун Темир деган инсон. Пулини олишга келиб турарди. Кўрсанг, танийсан. Ўтган йили у янги маҳсулотлар: бассейн учун бўёқ, бассейн учун ишлатиладиган кафель сополчаларини ёпиштирувчи елим ва гидроизоляция ишлаб чиқара бошлади. Сифати жуда зўр эди. Туркларникидан-да яхши. Зўр савдо қилдим. Харидорлар ўргандилар. Бироқ, баҳор келиб, яхши савдолар мавсуми бошланганда, Исмат Поён исмли бир кишидан элчи келди. У айтдики, “Фанттекс” корхонаси маҳсулотларини сотмас экансиз. Хўжайин айтдилар. Таниш-билишлари қудратли. Акс ҳолда, бошингизда қора булутлар айланар экан, деди. Мен унинг сўзларини жиддий қабул қилмадим. “Нега энди, менга яхши фойда келтираётган, харидорлар ўрганган маҳсулотларни сотмаслигим, фойда топмаслигим керак? Ким ўзи у, Исмат Поён, менга топшириқ беришга нима ҳаққи бор? Рақобатчи бўлсанг, яхшироқ маҳсулот чиқар!”, деб ўйладим ва ишимни давом этдиравердим. Икки ҳафта ўтгач, дўконимга солиқчилар, прокуратура, санитария назорати ходимларидан иборат “десант” тушди. Бир неча кун давомида ҳамма ёғимни авра-астарини чиқариб, ҳужжатсиз молларни топишиб, бошқа жиддий камчиликларни аниқлаб, бўйнимга улкан жаримани илишди. “Ҳой, яхшилар! Бу жаримани дўконимни сотсам ҳам тўлай олмайман-ку, келишайлик!” дедим. Улар бир-бирларига қараб: “Яхши, унда мана бу миқдорни тўлайсиз. Бир тийин ҳам камайтирмаймиз!” деб, телефонлари экранига рақамларни ёзишди. Мен, “Майли, бир неча кунда иложини қиларман...” деганимча қолдим. Эртаси, ўша Исмат Поённинг малайи келди. “Мен сизни огоҳлантирган эдим-а! “Десантчилар” сизга икки баробар нарх белгилашди, биласизми нега? Чунки, бу миқдорнинг ярмиси Исмат акамга тегади. Тезлатинг!” деганча кетди. Бўлган воқеа шу. Энди мен нима қилай, жиян? 
      Аббос ғамгин бўлиб турган тоғасига боқди. Лекин, бу ҳолатнинг қандай бўлиши унга барибир эди.  
       – Тоға! Нима қилишни ўзингиз биласиз. Қарзни олишни ва ваъда беришни қойиллатган одам, уни қайтаришни ҳам қойиллатиши керак. Сизга бир ҳафта муҳлат. Агар, шу вақт ичида пулларимни тўлиқ бермасангиз, уйингизга тунда келиб, ҳамма ёққа ўт қўйиб кетаман. Сизнинг ношудлигингиз туфайли, мен бахтсиз бўлиб қолишни истамайман. Ўрнингизда бўлганимда, ўша Исмат Поённи овлоқ жойда тутиб олиб, қийнаб ўлдирардим. Бўлди. Гапим тугади. Бир ҳафта муҳлат! 
       Аббос шу сўзларни айтиб, ўрнидан турди ва кўча томон йўналди.             
       
      ***
      Сожида эрини жуда ҳам севадиган аёл эди. Турмуш қуришганига ўн йил бўлганига қарамай ҳамон ёш қизчалардек севгилисига талпинарди. Унинг учун оламда Ифтихор акасидан бўлак мукаммал одам йўқ эди. Айниқса, бу инсондан икки фарзандни дунёга келтиргандан сўнг, у билан бир жону бир тан бўлиб кетгандек туюлар эди. Бироқ... бир куни унинг учун бу дунё бўшаб, ҳувиллаб қолди. Оламда бир ўзи ёлғиз қолгандек эди, гўё...
      Сожида шанба куни вақтлироқ туриб, ҳафта давомида йиғилиб қолган кирларни ювишга киришди. Ифтихор акаси кеча кечқурун дўстлари билан учрашувга - “гап”га бориб, ширакайф ҳолда жуда кеч келган эди. Шунинг учун, у болалари каби, ҳамон ухлаб ётарди. Сожида эри тунда ечиб ташлаган кийимларини ҳам ювишни мўлжаллаб, қўлига олди. Улардан турли овқатлар ва яна қандайдир бегона ғалати атир ҳиди анқирди. Дўстлари билан кўришганда юқиб қолгандир, фикр қилди, Сожида. Барча майка-куйлаклар-у шимларини кир ювадиган машина қозонига тиқди. Ҳозирги даврда бундай қурилмалар жоннинг роҳати – ўзинг совун суриб, ишқалаб  кўпиртирмайсан, совуқ сувга чаймайсан, дорга осмайсан. Машинанинг ўзи бекаму кўст ювиб, қуритиб беради. У тортмасига кир ювиш кукинини солиб, қурилманинг эшигини ёпишга шайланган эди ҳамки, телефонга эс-эм-эс келганда янграйдиган мусиқали товуш эшитилди. “Вой, сал қолса, Ифтихор акам телефонларидан айрилиб қолардилар-а!”, ўйлади у ва қурилма қаъридан эрининг шимини олиб, чўнтагидан телефонни олди. Уни бир чеккага қўйиб, машинани ишга туширди. 
     Кейин, энди нима иш қилишни режалаштирганини эслашга ҳаракат қилди. Шу заҳоти шундоқ ёнидаги столга қўйган телефонга кўзи тушди. “Қизиқ, шанба куни эрталабдан ким эс-эм-эс ёзибди?”, ҳаёл қилди у ва аппаратни қўлига олиб, текширишга тушди. Эс-эм-эс мазмуни уни тахтадек қотириб қўйди: “Ифтихор ака! Кеча уйингизга яхши етиб бордингизми? Суҳбатларимиздан жуда маза қилдим, сиз-чи? Кейинги жума яна учрашамизми? Ҳозирданоқ соғинаяпман! Роҳила”. Сожиданинг вужудини даҳшат қамради. Ростмикан бу? Кимдир янглишиб бошқа ёққа юбормадими? Ахир, исм ёзилган-ку, демак янглиш эмас. Наҳотки, жонидан азиз бўлган жуфти ҳалоли хиёнат қилиб юрибди?! Бунга қандай чидайди, энди...
      Сожида оҳиста ошхонага кирди. Энг катта пичоқни олди. Уни ўнг қўлида маҳкам ушлаб, ётоқхонага кирди. Ифтихор акаси пишиллаб ухлаб ётарди. Қоқ юрагига санчсамикан? Бир зумда ўлади-қолади. Кўчадан топган Роҳиласини тарк этиб, қора тупроққа кўмилади. Ўзини эса қамашади. Икки фарзанди кимнинг қўлида қолади? Бу муҳим эмас... Йўғ-е, нега муҳим эмас? Ота меҳри, она меҳридан мосуво бўлиб улғайишади-ку! 
      Ифтихор акаси бундай инсон эмас эди. Ҳамиша: “Сожида, ёнимда сендан ўзга аёлни тасаввур қила олмайман!”, дерди. Уни, аниқ, ўша мегажин – Роҳила йўлдан урган. Бошини айлантирган, ғамзалар қилган. Эрталабдан юборган эс-эм-эс дан ҳам маълум. Акс холда, эс-эм-эс ни эркак жўнатган бўлар эди. 
      Шундай мулоҳазалардан сўнг, Сожида пичоқни ошхонадаги жойига олиб бориб қўйди. Стулга ўтириб, режа тузди. Роҳиланинг манзилини аниқлайди, ўзини топади ва сочларини юлиб келади. Ёки, яхшиси, пана жойда ушлаб, пичоқни унинг қоқ юрагига тиқади. Ўзининг изларини қолдирмайди. Барча эҳтиёт чораларини кўради. Болалари етим бўлиб қолиши керак эмас. Бугунча индамай туради. Эрига унинг хиёнатини сезганини билдирмайди. 
      Сожида ошхонанинг эшигини яхшилаб ёпди. Эрининг телефонидан унинг энг яқин дўсти Ғанишерга сим қоқди. У минг марта хонадонларига келган, Сожидага синглисидек муносабатда бўлар эди. Нариги томондан янгроқ овоз эшитилди:  
      – Ҳа, Ифтихор! Нечук барвақт қўнғироқ қилаяпсан?
      Аёл ўзини таништирди. 
      – Ғанишер ака, мен Сожидаман. Сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим. 
      Хавотирли овоз эшитилди.  
      – Ифтихор яхшими? Нима бўлди?! 
      – Ҳа, яхшилар. Ухлаб ётибдилар. Ўзимнинг бир саволим бор эди. Кечаги “гап”ингиздан соат нечада кетган эдилар, шуни билмоқчи эдим.
      Бу сўровга дарҳол жавоб келмади. Пауза сақланди. Ва товуш янгради.  
      – Ҳаммамиз қатори кетди. Сал чўзилди, ўтиришимиз.  
      – “Гап” соат нечада тугади?   
      – Унча эътибор бермабман, тахминан ўн бирларда бўлса керак. Балки, кечроқдир.  
      – Негадир ичмабдилар, ҳайрон бўлдим, – синаш учун савол берди Сожида.  
      – Ҳа, шундай бўлди, сабабини сўрамадим.  
      – Тушунарли, раҳмат! – жавоб қилди аёл ва телефонни ўчирди.       
      Тўғрисини айтмади, дўстини ҳимоя қилди, хулоса чиқарди Сожида. Одатда, уларнинг ҳар ойда бир марта бўладиган зиёфатлари, нари борса  соат ўнгача чўзилар эди. Эри соат тунги бирларда келди ва анча ширакайф эди. Ўша дамда ундан спиртли ичимликнинг ҳиди анқиб турганди. Ортиқча гапирмай, шартта ўринга қулаганди. Демак, у бешда бошланадиган ўтиришда бир-икки соатча бўлган ва у ердан чиқиб, ўша Роҳила билан бирор ресторанда кайфу сафо қилган. Кейин меҳмонхонага боришган. Бу аниқ! Энди, эрини тавбасига таянтириши ва Роҳилани ўлдириши керак. Оҳиста ётоққа кириб, ухлаб ётган Ифтихор акасининг “булбули”ни кесиб ташласамикан-а? Роса томоша бўларди-да!.. Бичилган қулга айланарди-қоларди. Ҳе-ҳе!..  
     Сожида алам билан жилмайди ва эс-эм-эс келган номерни алоҳида қоғозга ёзиб олди. Уни айни шу рақамларга алоқадор уяли алоқа оператори “Билайн”да ишлайдиган жиянига беради. Манзилини аниқлаб айтар... Эри бормикан, у мегажинни? Дарвоқе, мегажин сўзи нимани англатади? Кимдир, у – чўчқанинг урғочиси деганди. Ўша урғочининг эркагига хабар бериб, бир шарманда қилармиди... Йўқ, яхшиси, киши билмас, оҳиста нариги дунёга жўнатади! У бузуқини ажал чақирмоқда! 
  
      ***   
     Ифтихор, ўттиз беш ёшли улгуржи савдо ишлари билан шуғилланувчи, топармон йигит, бу пайтда Роҳила исмли ўзидан беш-олти ёш кичикроқ аёл билан танишганига ўн кунча бўлган эди. Улар “Бектўпи” бозорида танишиб қолган эдилар. Ифтихор, Туркиядан юборилган кийим-кечакларни шу ердаги дўконларга тарқатиб юрганди, чиройликкина харидор аёл унинг катта савдогар эканлигини ҳис этиб, унга мурожаат қилди.     
      – Кечирасиз, сизга бир илтимосим бор эди. Ана шу дўконларга топшираётган молларингизни улгуржи нархда менга ҳам бера оласизми?
       Ифтихор бош чайқади. 
       – Йўқ, ахир сиз буюм олсангиз, бир-иккита, нари борса тўрт-бешта оларсиз. Дўконлар эса юзталаб, икки юзталаб, гоҳо беш юзталаб ҳам олишади. Яхшиси, улардан илтимос қиламан, сизга энг арзон нархларда беришади. Бўладими? 
      Аёл жозибали табассум қилди. Ва, яна савол берди. 
      – Албатта, дўкондорлар олдида шундай дейсиз-да! Яхшиси, алоҳида гаплаша қолайлик. Менинг сизга улгуржи савдо бўйича таклифларим бор. Телефон рақамингизни берсангиз, кейинроқ бафуржа гаплашиб олар эдик.  
      Ифтихор шу заҳотиёқ чўнтагида ҳар дам бўладиган “визитка”сини чиқариб берди. 
      – Мархамат, мана шу рақамларга қўнғироқ қилиб, буюртма берсангиз, исталган маҳсулотларни улгуржи тарзда олиб келиб берамиз! 
      Аёл мафтункор жилмайди-да, миннатдорчилик изҳор этиб, нари кетди. 
      Бу ҳодиса Ифтихорнинг ёдидан шу заҳотиёқ чиқиб кетди. Чунки, бундай ваъдаларнинг кўпи пуч бўлар, натижа бермас эди. 
      Бироқ, ўша аёл эртасигаёқ сим қоқди. 
      – Алё, ассалому алайкум! Ифтихор ака, сизни безовта қилмадимми?  
      Йигит бу нотаниш рақамлардан қўнғироқ қилинаётган овоз кимники экан, аниқлай олмади. Ва жавоб берди.  
      – Ваалайкум ассалом! Кечирасиз, таний олмадим, кимсиз?   
     – Биз кеча “Бектўпи” бозорида суҳбаталашгандик. Улгуржи маҳсулотлар тўғрисида сўрагандим. Исмим Роҳила!                    
      – Ҳа, бўлди. Эсладим. Танишганимдан хурсандман. Мендан нима хизмат, Роҳилахон? 
      – Учрашсак, дегандим. Вақтингиз борми?   
      – Агар аниқ таклифлар бўлса, майли. Эртага пешиндан сўнг, офисга келинг!  
      – Жуда яхши, манзилингизни тушунтиринг, соат учга бораман.
      Ифтихор ўз ҳузурига ясаниб, сочларини янги турмаклатиб, пардоз-андоз қилиб, қимматбаҳо атирлар сепиб келган аёлни ўтиришга таклиф қилди. Ҳол-аҳвол сўради. Кейин, унинг муддаосини сўради.  
      – Хўш, Роҳилахон, улгуржи савдоимизга қандай таклифларингиз бор?   
      Аёл ғамза аралаш жилмайди. 
      – Ифтихор ака, улгуржи савдо-сотиқлар мени унча қизиқтирмайди. Тўғрисини айтсам, сизни яна бир бор кўргим ва гаплашгим келди. 
      Ифтихор учун бу кутилмаган гап бўлди. Нима дейишни билмай қолди. Бироқ, нимадир дейиш керак эди. Уйлангандан бери бирор бегона аёлга гап ташлаб, хушомад қилмаганди. 
      – Роҳилахон, сизни тўғри тушунган бўлсам, айтаманки, менинг оилам бор. Жуфти ҳалолимни жуда севаман. 
      Бу жавоб аёлга заррача таъсир қилмади. 
      – Ҳа, сиз тўғри тушундингиз. Менинг ҳам оилам бор. Аммо, айтишадики, ҳеч кимга билдирмасдан, бирор ёқимли одам билан учрашиб туриш, оила мустаҳкамлигига ҳам, соғлиққа ҳам фойдадир. 
      – Билмадим, – деди Ифтихор. – Ким айтган бўлса ҳам унча тўғри эмас.  Инсон ўз оиласига содиқ бўлиши лозим.    
      – Аммо, иккинчи томон содиқ бўлмаса-чи? Болаларни етим қилиб, ажрашиш керакми?  
     – Нима, эрингиз шунақами?  
     – Ҳа! У мени ҳеч нарсани билмайди, сезмайди, деган ишончда ғўдайиб юрибди, ахлат еган хўроздек, кеккайиб!    
      – Қасд олмоқчимисиз?  
      – Қасдимни олиб бўлганман. Сиз менга жуда ёқиб қолдингиз. Сиздан ҳеч нарса сўрамайман, фақат севги ва эҳтирос бўлса етади.   
      – Очиғини гапирганингиз учун раҳмат. Мен ҳам тўғрисини айтаман: сиз жуда жозибалисиз. Ким ахир шундай париваш олдида ўзини тутиб тура олади? Наҳотки, сиздек гўзал аёлни кимгадир алмаштириш мумкин?    
      Роҳила елкаларини қисди. 
      – Буни менинг эримдан, Исмат Поёндан сўранг! Ўзини жуда қудратли кимса деб билади. Ҳукмронлик қилишни, одамларни бошқаришни, ўзига ёқмаган инсонларга ёмонлик қилишни хуш кўради. Эшитганмисиз, бу номни? Бир пайтлар юқори даргоҳда хизмат қилган.  
      Ифтихор бош чайқади. 
      – Йўқ, қулоғимга чалинмаган экан. 
      У бошқа сўз қотмай оҳиста ўрнидан турди-да, кириш эшиги олдига борди ва уни қулфлади. Роҳилага яқинлаша бошлади. Аёл унинг мақсадини сезди. У ҳам ўрнидан турди ва оҳанрабодек танини йигитнинг ихтиёрига берди. Лаблар учрашишди. Нозик қўллар эркакнинг елкаларини қучдилар. Бир бақувват билак ва бармоқлар хипча белни ўзига тортди, иккинчиси эса таранг кўкракни эзди. Дудоқлар обдон ўз мазаларини бир-бирларига тортиқ қилгач, кучли одам нозик кимсани кўтариб, хонадаги диванга ётқизди...

      *** 
    Одамлар ўз ички ғайратлари бўйича икки хил бўладилар: ташаббуслилар ва эргашувчилар. Мирзакарим кейинги тоифага тегишли кимса эди. Ўзича бирор ишга ғайрат қилмас, кимдир бирор топшириқ берса, ўша ишни бекаму кўст бажаришга тиришиб, мақтовга сазовор бўлишни истар эди. 
      Исмат Поён, корхона ташкил этгач, ўзига, қўл-оёғи чаққон, буйруқ берса, уни бекаму кўст дўндира оладиган одам излади. Таниш-билишлари юборган йигитларни ишлатиб кўрди. Улар кўнглига ўтирмадилар. Реклама газетасига эълон берди. Кейинги куниёқ бир йигит кириб келди. Суҳбатлашиб кўрди. Жуда тавозеъли, тиллари бийронгина, муомилали, фикрларини аниқ ифодалай оладиган экан. Исмат Поёнга бу, йигирма беш ёшли, қорачадан келган, Мирзакарим исмли йигит жуда ёқди. Дарҳол ишга расмийлаштирди. Эртаси кундан у янги хўжайиннинг хизматида бўла бошлади.  У қаерга қандай топшириқ билан юборилса ҳам, аъло даражада бажариб келарди.          
       Мирзакарим аста-секин унинг энг яқин малайига айланди. Барча огоҳлантиришларга, пул олинишига керак бўлган жойларга уни юборар эди. 
    Аббоснинг тоғаси олдига ҳам шу йигит бориб, огоҳлантириш бериб келган эди. Тоға Исмат Поённи кўрмаган, билмаган бўлса-да, Мирзакаримни яхши эслаб қолганди. Айниқса, “тафтиш”чиларнинг “штрафи”дан сўнг келиб, асл мазмун нимада эканлигини айтиб кетганда, унинг қиёфаси онгига муҳрланган эди. Ҳар бир ёвузликнинг ўз башараси бўлади. Мирзакаримнинг афти тоғага ана шундай кўринганди. 
      Мирзакарим мактабни битиргач, профессионал машина ҳайдовчисилик ўқишига кирди. Икки йилда уни тугатди. Қўлига гувоҳнома олди. Иш қидирди ва бир идора хўжайинини олиб юриш хизматини топди. Унга “Ласетти” беришди. Вазифаси, эрталаб раҳбарни ишга олиб келади, кун мобайнида ўз хонасида ўтиради, лозим бўлганда турли ташкилотларга олиб боради, кечки пайт эса уни хонадонига ташлайди. Шундан сўнг, то чарчамагунча, машина ўз ихтиёрида. Қўшимча бензин қуйиб, одамларни манзилга элтади ва пул топади. 
    Шундай дамларнинг бирида кўриниши ёқимлигина қиз машинасига чиқди. Уйига кетаётган экан. Мирзакарим муомилани келиштириб, у билан танишиб, телефон рақамларини ёзиб олди. Гоҳо, гоҳо қўнғироқ қилиб турди. Учрашишга кўндирди. Хилват жойларда машинасини тўхтатиб, ундан қайноқ бўсалар оладиган бўлди. Бора-бора, бунга қониқмай, жиддийроқ талабларга ўтди. “Фақат, тўйдан кейин!”, хитоб қилди қиз. “Ниятим жиддий, уйланмаган номард, барибир меники бўласан!”, дея-дея, у ўз ниятига етди. Ярим йилча у билан жинсий алоқа қилиб юрди. Охири, қиз талаб қўйди: “Бўлди, совчи юборасиз ёки мен устингиздан шикоят қиламан!” Мирзакарим бундан жуда чўчиди, лекин сир бой бермади. “Фақат менга вафодор бўлсанг, ваъдамни бажараман!” деб жавоб қилди. “Мендан ҳеч бир шубҳа қилманг!”, ишонтирди қиз.                
      Мирзакаримнинг аёл зотига ўч, ўзига ўхшаб ҳайдовчилик қиладиган бир оғайниси бор эди. Уни ишга солди. Айтди:  
      – Дўстим, бир келишимли қиз бор. Бокира эмас. У жинсий алоқа қилсанг бўлади. 
      Оғайнисининг кўзлари чақнади. 
      – Менга кўнармикан?  
      – Кўндирасан-да! Сенга ўргатлуги борми? Машинангга чиқариб олсанг бўлди. Мен айтган хилват жойга олиб борасан. Аврайсан, севги изҳор қиласан, ваъдалар берасан, жуда бўлмаса куч ишлатасан. Орқангдан мен етиб бораман. Сизларни шу иш устида ушлайман. Ва, ортимга қараб кетаман. 
       – Сени тушундим. Уни қаердан топаман?   
    – Сенга унинг уйини, ўқиш жойини, у ерлардан қайси вақтларда чиқишини айтаман. Суратини кўрсатаман. Манзилингизга тез етказиб олиб бориб қўяман, деб, машинангга ўтказасан. Қолгани маҳоратинг!    
       – Яхши, келишдик!
       Бу режа амалга ошгач, Мирзакарим “шахсий” муаммосидан қутилди.   
       Энди, уйланмаслигига у қизнинг ўзи айбдор эди. Бу қиз бундан кейин қандай ҳаёт кечиради, қандай турмуш қуради, ёки ёмон йўлга кириб кетадими, бу билан умуман иши йўқ эди. 
       Бу воқеа яқин кунларда содир бўлган эди.    
    Бу дамга келиб, у ишлаб турган идора ёпилган ва тарқатилганди. Унинг вазифалари бошқа ташкилотлар бўйнига қўйилганди. Йигит ишсиз ва машинасиз қолиб, турли жойлардан иш сўраб бориб, натижа бўлмагач,  “Ипподром” бозорида савдо-сотиқ қиладиган бир оғайнисига ёрдамчилик қилаётганди. Лекин, ризқи зўр эмасди. 
       Иттифоқо, у газетада Исмат Поённинг эълонини кўриб қолди ва эртасигаёқ унинг манзилига учиб борди. 
       Шундай қилиб, бу икки киши бақамти бўлдилар. 

       ***
     Роҳила ёшлигидан жуда кўҳлик бўлиб, бир кўрган одам яна кўрсам дегудек гўзал эди. Мактабни битиргач, Маданият коллежига ўқишга кирди. Бу масканда бўлғуси мусиқачилар, хонандалар, санъатшунослар, кутубхоначилар, хореографлар, актёрлар етишиб чиқадиган маскан эди. У осонроқ бўлгани учун кутубхоначиликка кирди. Иккинчи босқичга ўтганда Ўзбекистон Телевидениесида суҳандонлик қилишни истайдиганлар учун танлов эълон қилинганини эшитди ва бахтини синаб кўрди. Ўтолмасам ҳам майли, лекин янги одамларни кўраман, таниш-билиш орттираман, ўйлади у. Лекин, кутилмаганда, уни дарҳол қабул қилишди. Сўзларни аниқ талаффуз қилар экансан дейишди. Ўқишдан сўнг, телевидениега бориб, кўрсатувларда суҳандонлик қила бошлади. Бу ишга уқуви бор экан шекилли, у иштирок этадиган дастурлар кўпайди. Икки-уч ой ўтгач, у бир юқори идоралар ходимлари иштирок этадиган зиёфатга бошловчилик қилишга таклиф этилди. Ана шу ерда у бўлгувси эри Исмат билан танишди. 
    Бу йигит бу, ўзидан етти-саккиз яшар кичик қизни фақат ўзиники бўлишини истади. Исматдан шиддат, шижоат уфуриб турар, теша тегмаган мақтовлар ёғилар эди. У Роҳиланинг ҳоли-жонига қўймади. Ишидан жавоб сўраб, қизнинг йўлларида туриб оларди, ўқишидан чиқишида ҳозиру нозир бўлиб турарди. Гуллар тутарди. Ноёб совғалар берарди. Боғларда айланишга таклиф қиларди. Охири, ўзини севдирди. Роҳила, бу уринишларга ниҳоят ижобий жавоб берди ва уйига йигитдан совчи борди. Ва, ажойиб, гижбадабанг тўй бўлиб ўтди. Куёв-келиннинг чилласи чиққач, Исмат жуфти ҳалолига телевидениеда ишлашни ман этди. “Сенинг чиройингдан бутун Ўзбекистон эмас, фақат мен баҳраманд бўлишим лозим!”, деди у. 
     Шундай қилиб, Роҳила фақат Маданият коллежидаги ўқишини давом этдириш билан машғул бўла бошлади. 
    Орадан бир йил ўтиб, қизлик бўлишди. Яна вақтлар ўтиб, коллеж ўқиши муваффақиятли тугади ва ўғиллик бўлган Роҳила, ишга кирмай, уйда бола боқиш билан машғул бўлди. Бир куни, у эрининг кийимидан аёлларнинг бегона мушк-анбар ҳидини сезиб қолди. Индамади. Фақат сўради. 
      – Исмат ака! Кеча ишхонангизда қолиб кетдингизми?  
      – Ҳа, жонгинам, юмушлар кўпайиб кетганди.  
      – Келиб, туззукроқ овқат ҳам емадингиз?   
      – Иштаҳам бўлмади, асалим!    
      – Мабодо, касал бўлиб қолмадингизми?     
      – Йўқ, яхшиман. Фақат, бошим оғриди. Ҳозир анча яхшиман.     
      – Майли, майли... Бошқа бундай юмушлар билан қолиб кетманг, оқибатда уриниб қоласиз ва бошингизда ўткир оғирлик пайдо бўлиб қолиши тайин, – деди Роҳила, тагдор қилиб.  
     Исмат Поён бу сўзларнинг замири ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Хотини маъжозий маънода бошингиздан оғир, учли шох ўсиб чиқади, демоқчи бўлганди. Буни тушунмади. Эркак кишининг бошидан шох ўсиб чиқибди, деган гап, ҳалқ орасида унинг жуфти ҳалоли хиёнатидан дарак берувчи маъжозий тушунча эди. 
      Роҳила аниқ хулосага келганди: эрида ўйнаш пайдо бўлган. Жанжал-тўполон билан нимага эришади? Иккита фарзанди бор. Ундан қасдини олиш керак. Шундан сўнг, ўйлаб кўради. 
     Роҳилага бир пайтлар телевидениедаги бир хусусий телеканалнинг раҳбари, ёши анча катта одам ишқибоз бўлиб қолганди. У, ўнг келиб қолганда, ўз ҳисларини билдириб, уч-тўрт марта учрашувга таклиф этиб, қимматбаҳо совғалар беришига шама қилганди. “Йўқ, мен оилалик аёлман, эрга хиёнат қилиш - гуноҳ”, деб жавоб берганди Роҳила. Эртаси, у, ўша одамга  қўнғироқ қилди. Гўшакдан таниш овозни эшитиб, раҳбар кимса хурсанд бўлиб кетди.  
      – Э, Роҳилахон! Бормисиз? Яхши юрибсизми? Товушингизни эшитиб, ёқимли куй эшитгандек бўлдим! – деди у.   
      – Сизда бир маслаҳатли ишим бор эди. Учраша оламизми? – сўради Роҳила.    
      – Албатта, албатта! Қачонга машина юборай? 
      – Тушликка яқинроқ. Мен бекатга чиқиб тураман. Болаларимни онамникига ташлаб, кейин сиз билан бемалол учрашишим мумкин. 
      Раҳбар бу сўзларнинг яширин мазмунини дарҳол англади ва қувончдан ёрилиб кетай деди.  
      – Ажойиб! Соат ўн иккига айтган жойингизга машина боради. Шофёрим фарзандларингизни бувисиникига ташлаб, сизни бир ресторанга олиб боради. Ўша ерда сизни кутиб оламан ва маслаҳатлашамиз!  
      – Майли, – жавоб қилди Роҳила.
      Раҳбар гўшакни қўйгач, котибасини чақирди.  
      – Мен соат 12 ларга яқин кетаман. То уч-тўртларгача бўлмайман. Сўраганларга айтарсиз! Унча муҳим бўлмаган саволлар бўйича ўринбосаримга мурожаат қилишсин. 
      – Хўп бўлади, – деди котиба.   
    Ресторанда кўп ўтирмадилар. Роҳила ноз-неъматлардан бироз танаввул қилгач, мени истаган жойингизга олиб боринг, деган мазмундаги фикрни билдирди. 
    Хусусий телеканал раҳбари билан қилинган жинсий алоқа Роҳилага унча ёқмади. Ундан қаттиқ шиддатни, кучли эҳтиросни кутганди. Кўнглидагидек бўлмади. Қайтишаётганда, унинг: “Асалим, яна қачон учрашамиз?” деган саволига бош чайқади. 
      – Билмадим, истаб қолсам, ўзим хабар бераман. Сиз мени қўнғироқлар билан безовта қилманг, эрлик аёлман, оилам бузилмасин! – деди у.      
      – Тушундим, – бош ирғади телеканал раҳбари ва оҳиста Роҳиланинг сумкачасини олиб, ичига иккита юз долларлик пул солиб қўйди. Сўнг, сўзларини давом этдирди. – Сиз мени жуда ҳам бахтли қилдингиз! 
       Роҳила шу йўл билан эридан қасдини олди. Кўнглидан бироз бўлса-да, алам кетди. Эрига бир марта бўлса-да, хиёнат қилган аёл бундай ишнинг тотини унутмайди ва яна истаб қолади, дейишади. Шунинг учунми, у , баъзан-баъзан, ўзига гап ташлаган ёқимли эркаклар билан пинҳона учрашадиган бўлиб қолди. Ва бундан асло афсус чекмас эди. Ҳис қилардики, Исмат Поённинг ҳамон ўша ўйнаши билан алоқаси бор. Хатто, унинг кимлигини ҳам аниқлади. Оилали, хунуккина аёл экан. Бундан ажабланди: нега эркаклар чиройли хотинни уйга ўтқизиб қўйиб, хунук аёл висолига  ошиқишади?
      Бир неча ой ўтгач, Роҳила болаларини маҳалласидаги боғчага бериб, ўзи ўқиган коллежга ўқитувчи бўлиб ишга кирди. Эрининг ман этишига қарамади. “Бу ер телевидение эмас-ку! Уйда ўтиравериш жонга тегди!”, деди у. Исмат Поён ноилож кўнди.  
     Бир неча йиллардан сўнг, Роҳила ўзига жуда ҳам ёқиб қолган Ифтихорни учратди. “Бу одам билан умримнинг охиригача учрашиб тураман, бошқа ҳеч ким керак эмас”, хулоса қилди у, биринчи висолдан сўнг. 

      ***
    Тоға, тонг саҳарлаб келиб, дағдаға қилиб кетган жиянидан хафа бўлмади. Аксинча, унга ачинди. Дарҳақиқат, поччаси ўз ҳаётида сердаромад йўл топа олмай, маошли ишда ишлаб, бири икки бўлмади. Унинг ўғли эса уйланаман деб, туну кун ишлаб маблағ йиғди. Бу пулларни эса, бошқа одам, яъни ўзи,  очофатларга бериб юборди ва уларни дарҳол қайтаришга ожиз. Бу ҳолатда ҳар қандай одам ҳам дарғазаб бўлади. Жиянини жуда яхши тушунади. Энди, унга ёрдам бериши керак. 
     Нима қилиш керак? Жиянининг пулини қайтариш учун на уйини, на дўконини сотолмайди – болалари катта бўлаяпти. Уларни қандай боқади? Машинаси – эски “Жигули”, уни жиддий пулга ҳеч ким олмайди. Энг яхшиси, ўша ўзини Мирзакарим деб таништириб кетган нусхани тутиб, силкитиши лозим. Пулларини тўлиқ қайтариб берсин. Акс ҳолда, уни ҳам, хўжайини Исмат Поённи ҳам қақшатиб, қийнаб ўлдиради. Чунки, улар ноқонуний бўйсиндириш ва текин пул ишлаш учун қонуний жазолаш системасини ишга солдилар. Зоҳиран – улар ҳақ. Маънан эса – ғирром. Асл жиноятчилар – ўшалардир. Аммо, ким уларни жазолайди? Улар жазоланмасалар, атрофда ёвузлик кўпая беради-ку! Бундай одам қиёфасидаги шайтонларга ёруғ дунёда жой бўлмаслиги шарт!    
    У нонушта ҳам қилмай, ишга кетди. Дўконни барвақт очди. Харидорлар ҳали сийрак. Шу пайт ёрдамчи-сотувчиси келди. Эшик қулфини у ҳамиша биринчи бўлиб келиб, очар эди.  
      – Хўжайин, бугун қуёш қаердан чиқди? – жилмайди у.  
     – Бугун кўчаларда менинг ишларим  бор. Савдо қилишни ўзингга топшираман. Бугун қопланган “Жиззах гипси” келади, туширтириб оларсан. Пулини кейинги ҳафта берамиз дейсан. Рози бўлади.     
      – Майли, хўжайин. Тушдан кейин қайтасизми? 
      – Ҳа. Дарвоқе, анавинда бизга бир йигит келиб пўписа қилиб кетганди, исмини Мирзакарим деганди, ўшанинг иш жойини биладиганлар бормикан?    
      – У йигит илгари шопирчилик қилган экан. Йигирма учинчи дўконнинг молларини ўзининг “Лабо”сида ташиб юрадиган Баҳром билан бирга ўқиган дейишди. Ўшандан сўранг. Ҳов, ана, машинаси турибди. 
      – Яхши, – деди Тоға ва кўрсатилган томонга кетди.  
    Мирзакарим эрталабдан идорага кириб келган Чуқурсой бозоридаги, ўзлари чув туширишган дўкон эгасини кўриб, ҳайрон бўлди.  
      – Оғайни, сенда ишим бор, гаплашиб олайлик! – деди у, тўқнаш келишгач.
      У Тоғани ўз хонасига олиб кирди. Тўрда жойлашган стол ёнидаги креслога жойлашди. Қаршисидаги стулга Тоға чўкди.  
      – Хўш, менга нима хизмат? – сўради Мирзакарим. 
      – Эсингдами, менинг дўконимга “десант” ташлатгандинг? 
      – Мен эмас, хўжайиним Исмат ака қилган эди.  
      – Менга фарқи йўқ, лекин сен келиб, пўписа қилгандинг. Натижада, мен палон минг долларга тушдим. Ўзимда бунча пул бўлмагани учун жиянимдан олгандим. У мендан сўраяпти, жуда зарур экан. Ўз навбатида, энди бу маблағни мен сендан сўрайман. Ўша “десант”га берганларимни сен қайтаришинг керак!
      Мирзакарим елкасини қисди. 
      – У пулларнинг ярмисини “десант”чилар ўзаро тақсим қилишган, ярмиси Исмат акамда. Менга бор-йўғи беш юзгина теккан. Сиз бу пулларни рози бўлиб бергансиз. Акс ҳолда, қамалар эдингиз. Шунинг учун, талабингиз ноўрин.  
      – Аммо, бу “десант”чиларнинг дўконимни босишини сизлар уюштирган эдингиз. Бунинг учун жавоб беришингиз керак! Агар мендан кетган ҳаражатларни тўлиқ қоплаб берсангиз, орамиз очиқ! Сизга бошқа бирор сўз демайман. 
       – Менга қаранг, дўкондор ака! Ҳеч ким сизга у пулларни бермайди. Қонунан ҳам, куч билан ҳам ололмайсиз! Агар, кўча болаларини ишга соламан десангиз, ҳозир улардан ҳеч ким чўчимайди. Исмат акамнинг юқорида таниш-билишлари жуда кўп.  
      – Одамгарчилик нуқтаи назаридан сизлар айбдорсизлар! Айбдор одам эса ўз қилмишига жавоб бериши лозим. 
       – Гапнинг пўсткалласини айтсам, сизга тақдирга тан беришдан бошқа илож йўқ! Додингизни ҳеч ким эшитмайди! Уни фақат Худога қилишингиз мумкин! 
       Мирзакарим шу сўзларни айтар экан, ўзининг қилмишларидан чирқираб қолган қиз ёдига тушди. “У ҳам додини Худога айтиб юргандир”, истеҳзо билан ўйлади у. 
       Тоға бироз сукут сақлади. Ва, сўз қотди.  
       – Оғайни, хуллас, эртага эмас, майли индинга кечки пайт олтиларгача сени ўз дўконимда кутаман. Мен сарфлаган ҳаражатни тўлиқ олиб келиб берасан. Исмат аканг билан гаплаш. Агар, келмасанг, афсусланиб, йиғлаб ялинишлар, зорланишлар қабул этилмайди. Тушунарлими? 
    Мирзакарим ҳайрат билан Тоғага тикилди. “Эси жойидами, бу одамни? Қўлидан нима келарди? Жуссаси ҳам ҳайбатли эмас. Унинг қозоқи дўқига ким чўчир экан?”  
      – Майли, мен Исмат акага айтаман. Лекин, бу гапларингиз уларга таъсир қилмайди, назаримда, – деди у.                      
      Тоға индамай чиқиб кетди. 
      У шу кетганча Чорсудаги пичоқчилар растасига борди. Битта энг зўр, жуда ўткир Чуст пичоғини сотиб олди. Рессордан қилинган деди сотувчи. Қимматлигига қарамади. Кейин, теша ва болта сотувчилар қошига борди. 
      – Менга темири пўлатдек қаттиқ, жуда ўткир, фақат гўшт эмас, суякни ҳам чопадиган қассоб болта керак! Лекин, сопи ихчам бўлсин, – деди у.
      Айни шу растадан нарида аттор қутисини ёйиб ўтирган экан. Ундан энг мустаҳкам ва узун бигиз олди. Бозордан чиқаверишдаги дорихонага кўзи тушди. У ерга кириб, бир нечта резина қўлқоп, оёққа киядиган бахиллалар ва ковид тарқалганда энг ишончли ҳисобланган, юз, лаблар ва даҳанни ёпиб турадиган ниқоблар харид қилди. Ҳозирги даврда ниқоб тақиб юриш ҳеч кимга эриш туюлмайди. Скотч ўз дўконида бор. Уни излаб ўтиришнинг кераги йўқ. Қора кўзойнаги уйда. Ҳамда, ҳарбий хизматдан олиб келган махсус пичоқ ҳам бор. Аптекачидан яна сўради:  
      – Ковид даволовчи врачлар халати, қалпоғи борми?  
      Доришунос йигит ҳайрон бўлди.  
      – Йўқ, бундай кийимлар фақат касалхоналарга берилади.   
      – Таниш-билишингиз бўлса, топиб беринг! Ҳақини тўлайман. Зарур эди. 
      – Уйингизда касал борми? – сўради йигит.   
      – Ҳа, касалхонага ётишни истамаяпти.  
      – Унда, эртага хабар олинг, илож топсам, келтириб қўяман.  
      – Хўп, унда албатта кираман. Мана сизга олдиндан пул. 
      Тоға пештахта устига бир неча мингни қўйди ва индамай чиқиб кетди.       
      У барча харидларини елкасига осиб юрадиган сумкасига жойлади. Болта сиғмасмикан деб ўйлаганди, бироқ бемалол жойлашди. 
      “Афсус, бизда тўппонча бемалол сотилмайди-да”, фикр қилди у, “Жигули”си томон йўл олар экан.    
      Кўпчилик Аббоснинг тоғаси ҳарбий хизматни десантчилар сафида ўтказганини, бу соҳадаги энг аълочи ва жасур жангчи бўлганлигини билмас эди. У парашютдан сакраш, баландликка сакраш, мерганликни, пичоқ отишларни, яккама-якка жанглар олиб боришни жуда яхши билар эди. Бу ҳолатни у барчадан, хаттоки оиласига айтмаганди. Ана энди барча ўрганган кўникмаларини ишга соладиган дам келганди. У шунингдек, душманнинг қаерига кафти билан урса, хушини йўқотади, қаерига пичоқ тиқса дарҳол ўлади, қаерига бигиз санчса қаттиқ оғриқ бўлади, қайси артериал томир кесилса, қон йўқотиб, дарҳол бошқа дунёга кетишини жуда яхши билар эди. Гапиришни истамаган одамни сайратиш усуллари ҳам унга маълум эди. 
       У машинасига ўтирди ва калитни бураб моторни ишлатди. 

       ***
      Сожида эрига ошифта бўлиб қолган ва уни йўлдан урган Роҳиланинг яшаш жойини телефон номери орқали аниқлади. Унинг уйи Лабзак томондаги “дом”да экан.  Кечки пайт, барча ишдан келадиган вақтга яқин кийиниб, боши ва юзларини қамрайдиган рўмолни ҳижоб каби ўради. Қора кўзойнак тақди. Йўлга тушди. Манзилни топиб, эшикнинг қўнғироғини босди. Уни гўзал жувон очди. 
      “Кўримликкина экан!”, ўйлади Сожида.  
      – Келинг, нима хизмат? – сўради уй хоними.  
      – Мен бир тикувчи дугонамнинг хонадонини излаб юргандим. Кечирасиз, янглишибман, – жавоб берди у.   
      – Исми нима, дугонангизни? Балки, мен танирман. Бу маҳаллада анча йиллардан бери яшаймиз! Кўпчиликни танийман! 
      Сожида ёдига келган бир номни айтди. Мактабда ўқиганда унинг ҳақиқатдан шундай исмли дугонаси бўлар эди. Ҳозир турмушга чиқиб, уйида болаларини боқиб ўтиради. Синфдошлари ичида ҳеч ким билан алоқаларини давом этдирмайди.  
       – Раъно! – сўз қотди у.         
       Роҳила бош чайқади. 
       – Бу атрофдаги “дом”ларда бундай аёл йўқ.  
       – Ўзингизнинг исмингиз нима? Жуда дилбар жувон экансиз! – деди Сожида.  
       – Исмим Роҳила! – жилмайди уй эгаси.   
       – Яхши, кам учрайдиган ном экан, майли, узр, сизни безовта қилдим. Бошқа “дом”лардан сўраб кўрарман...   
        Сожида шундай деб, орқасига қайрилаётган эди, Роҳила сўз қотиб қолди.   
       – Кечирасиз, икки-уч кунларда хабар олинг, мен қўни-қўшнилар, бошқа “дом”лардаги таниш-билишлардан суриштириб қўяман, агар шошмаётган бўлсангиз?  
     Бу сўзларни эшитган Сожида ич-ичидан қувонди. “Жуда соз! Яхшилаб тайёрланиб келаман,” мўлжаллади у ва сўз қотди.   
       – Яхши, Раъно жуда чевар!    
       – Тушундим! – хитоб қилди Роҳила ва эшикни ёпди.   

      ***
    Мурод бозорга ҳар куни тонг ёришмасдан тушарди. Бу кун эса, кечикди. Кечқурун дарс қилиб чарчабди шекилли, мўлжаллаган пайтида уйғонмади. Шунинг учун, кўп ишлардан қуруқ қолди. Борганда, кўпчилик савдогарлару деҳқонлар маҳсулотларини тушириб, жойлаб бўлган эканлар. Қолган-қутганларга қарашди. Биринчи ва иккинчи соатдаги дарсдан қуруқ қолди. Лекин, пул мўлжалидек бўлмади. “Ўзим ухлаб қолдим, айб бошқаларда эмас”, ўйлади у. Учинчи соатга боради, энди. Ташқарига йўналди. У бозорга кираверишда турган машиналарга қаради. Битта-яримтаси ола кетмасмикан?.. Кўзи “Жигули”га ўтираётган кишига тушди. “Таваккал, шу одамдан сўраб кўрай-чи!”, деган фикр қилиб, тез у томон юриб кетди. Бу пайтда машина эгаси жойлашиб, моторни ўт олдирганди. Шу пайтда унга Мурод яқинлашди. У одам бир йигитча ўзига яқинлашганини кўриб, эшик ойнасини очди.  
      – Амаки, мабодо Чуқурсой томонга кетмаяпсизми? – деган саволни эшитди.         
      – Ҳа, йўлим ўша томонга! Олиб кетайми?  
      – Неча пул бўлади?   
      – Пулинг керак эмас, ўтиравер! – деди машина эгаси. 
      Бу одам, Аббоснинг тоғаси эди.   
      Мурод хурсанд бўлиб, “Жигули” олдини айланиб ўтиб, шопир ёнига чўкди. 
      Машина жилди. 
      Бир-икки дақиқалардан кейин, Ачавот йўлига тушишганда, тоға сўради.  
      – Бозордан ҳеч нарса олмадингми? Қўлингда фақат портфель?   
      – Мен бу ерда ҳар куни эрталаб ишлайман, бироз пул топаман, кейин мактабга бораман. Онамга ҳарнав ёрдам.  
      – Даданг йўқми? Нима бўлган унга? Ташлаб кетганми? – ачиниб сўз қотди тоға.  
      Йигитча бош чайқади.  
      – Аварияда ўлган. Битта ярамас одам босиб кетган!   
      Тоға хўрсинди. 
      – Ҳа, ёмон иш бўлган экан... Кейин, ўшани жазолашдими? Сизларга пул тўлаб турибдими? Ё қамалиб кетдими? 
      Муроднинг кўзларида ўт чақнади. 
      – Қаёқда! Минисалар дадамнинг ўзини айбдор қилишди. Анави эса таралла бедод қилиб, яйраб-яшнаб юрибди.   
      – Ким у? Жуда виждонсиз одам экан!   
      – Оти эсимга муҳрланган: Исмат Поён. Катта бўлсам, албатта ўчимни оламан! Ойим уни ҳар куни намозларида қарғайдилар.    
     Тоға бир дақиқача жим кетди. Ниҳоят, сўз қотди.  
      – Мен ҳам эшитганман ўша нусха ҳақида. Жуда ифлос одам. Бу дунё уни қандай кўтариб юрибди, асло тушунмайман.  
      – Танийсизми? 
      – Йўқ, эшитганман.     
      – Айтгандай, мени Кичик ҳалқа йўлидан Чуқурсойга кетаверишдаги мактаб ёнида қолдириб кетинг!  
      – Хўп бўлади. Отинг нима?  
      – Мурод.   
      – Мурод, сенинг телефонинг борми?  
      – Бор, албатта! Ҳозирги пайтда тўртинчи-бешинчи синфда ўқийдиганлар ҳам телефон тутади. Фақат аппаратим янги эмас, эскироқ.  
      – Аҳамияти йўқ. Менга рақамларини айт. Келгусида, балки сенга иш бўйича таклифларим бўлиб қолар. Менинг Чуқурсойда дўконим бор.   
     Бу пайтда улар мактаб ёнига келиб қолгандилар. Машина тўхтади. Йигитча портфелидан блокнот олиб, унинг бир парчасига рақамлар ёзди-да, Уни тоғага бериб, “Жигули”дан тушди.   
       – Раҳмат, амаки! – деди у. 
       Тоға бошини лиқиллатиб, ўз йўлида давом этди. 
 
        ***
      Мирзакарим, пешиндан сўнг, ўзи ва Чуқурсойлик дўкондор билан бўлиб ўтган суҳбат мазмунини Исмат Поёнга етказди. У пинагини ҳам бузмади. 
        – Ўзинг нима деб ўйлайсан? – сўради у. – Чумчуқ пирр этса, юрагим шув этиб, индинга кечки пайт, сейфимдаги пулларни санаб, сендан ўша дўкончига бериб юборайми?
       Мирзакарим елкасини қисди. 
       – Сиз хўжайинсиз – ўзингиз ҳал қилинг! Мен эса, буйруғингизга мунтазир одамман. Шахсий фикримни билмоқчи бўлсангиз, бу дунёда ҳар қандай дўқларга қулоқ солаверсак, йўлбарсдек ҳайбат билан эмас, мушукдек писиб яшашимизга тўғри келади. Мен, орқаворотдан у одамни суриштирдим. Орқасида ҳеч ким йўққа ўхшаяпти.             
       – Ана шунинг учун ҳам сени яхши кўраман! – хитоб қилди Исмат Поён. – Баракалла! Иккаламиз бир хил фикрлаймиз!   
       – Демак, индамай ўз ишларимни қилиб юраверайми? – сўради Мирзакарим.  
       – Ҳа! – қисқа қилди Исмат Поён.
       Бир неча сониядан сўнг қўшимча сўз қотди.  
       – “Боливар” икки кишини кўтаролмайди!   
       – Бу, “Ишбиламон кишилар” фильмидаги иборами? – тиржайди Мирзакарим.  
       – Ҳа!.. Бу дунёда сенга нохуш бўлган кимсаларни, ўша “Боливар” лақабли от устига иккинчи бўлиб чиқишни ният қилган ортиқча одам отиб ўлдирилгани каби, пинак бузмай йўқ қилиш керак!    
     Бу сўзларни айтган Исмат Поён ҳам совуқ илжайди ва столи устидаги қоғозларга қарай бошлади. Мулоқот тугаганини ҳис этган йигит оҳиста бошлиғи хонасини тарк этди.

      ***
     Тоға бир неча кун, эрталабдан, Исмат Поён ишхонаси олдидаги кўчанинг бир пана жойига машинасини қўйиб, ўзи унинг ичида ўтириб, нусханинг соат нечада ишга келиши, қаерларга бориши, кечки пайтнинг қайси вақтида уйига кетишини кузатди. Аниқладики, унинг идорасининг тўрт-беш кишилик ходимлари соат бешда уйларига кетишар экан. Бошлиқ билан гумашта эса шошилмай, кун якунининг ҳисобини қилишса керак, ярим соат-бир соат кечроқ йўлга тушишар экан. Қоровул ҳам номигагина экан, тегишли жойига бир зарба берилса, бир-икки соат ўсал бўлиб ётади. Ва ҳеч нарса эсида қолмайди. 
     Мирзакарим билан бўлиб ўтган суҳбатдан икки кун ўтгач, ҳеч ким тоғанинг дўконига пул кўтариб келмади. У бундай бўлишини биларди. Айримлар, тўғрироғи жуда кўп инсонлар, жўшқин ва ҳалол ҳаётнинг чақириғини эмас, мудҳиш ажалнинг чақириғини афзал кўрадилар. Чунки, бу чақириқнинг устки қисми зўравонлик, алдов, ўғрилик, товламачилик ила топиладиган пуллар, ҳашаматли уйлар, қимматбаҳо машиналар ва бузуқи жононлар билан безатилган бўлади. Табиатга ҳам руҳият берилган. Зулм ва ёвузликка улар ҳам бефарқ эмаслар. Мутлоқ Буюк Зот ўзи яратган оламнинг айрим бўлакларига ҳақиқатпарварлик хислати ва улкан куч инъом этган бўлса керак. Айтишадики, Ер ҳам, баъзан, ўз қаърига дафн этилган мудҳиш кимсаларни  бағрига олишни истамай, юзага чиқариб ташлайди.             
      
       ***
       Ниҳоят, охирги кун етиб келди. Тоға бугун ўз режаларини амалга ошириши лозим. 
     Яна бир ҳолат мавжуд эдики, айни шу кунга Сожида ҳам ўз қасосини мўлжаллаган эди. У, айрим аёллар, хусусан Роҳила каби эрига қасд  қилиб, ўзга эркакнинг тагида ётиш усулини танламаганди. Нима қилади, ўз танасини булғатиб?.. Агар, бегона жононнинг ғамзаларию тузоқлари бўлмаса, жуфти ҳалоли асло йўлдан озмас эди. Буни у яхши билади. Роҳила уни ўз чиройи ва ширин сўзлари билан ром қилишга уринган. У эса кўнгли бўшлик қилган. Жуда камдан кам соғлом эркак бундай гўзал олдида ўзини тутиб тура олса керак. Лекин, эрни бошқаришни билиш керак. Уни ўз ҳолига ташлаш қўйиш, назорат қилмаслик, келгусида фарзандлари бахтига тўғаноқ бўлиши мумкин. Бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдириш – унинг феълига тўғри келмайди. У оиласига ҳуруж қилган балони йўқотса, бўлди. Кейин, Ифтихор акасини тавбасига таянтиради. Худо хоҳласа!        
     Тоға “Жигули”сида кечки пайт, соат роппа-роса бешга Исмат Поён корхонаси жойлашган икки қаватли бино яқинига етиб борди. Чиқиш эшигини кузата бошлади. Бирин-кетин, у ерда хизмат қилувчи бухгалтерлар, котибаю бўлим бошқарувчилари ишхонани тарк этдилар. Энди, фақат бўшанггина қоровул йигит, раҳбар ва гумашта қолишди. 
       Олға! Ё, Оллоҳ! Ўзинг мадад бер! 
     Тоға юзига ковид ниқобни тақди. Бурнига ним қора тусли кўзойнакни қўндирди. Қўлларига тана рангидаги аптека қўлқопларини кийди. Оёқларига шаффоф, юрганда кўзга ташланмайдиган бахилла кийди. Ёнидаги ўриндиқда ётган тизимчаси узун сумкасини олди.  Машинадан чиқиб, уни елкасига илди. Тўғри идора томон йўналди. Эшикдан кирар экан, ён томондаги, бел баландлигидаги тахта тўсиқ ортида стол-стул қўйиб ўтирган қоровул уни тўхтатди.   
    – Кечирасиз, кимнинг олдига келдингиз? Ишхонада ҳеч ким қолмади, – хитоб қилди у, қўрслик аралаш. 
    Тоға унга жавоб бермади. Индамагани маъқул. Товушини эслаб қолмасин. “Бу корхонанинг қоровулигача беодоб-а!”, ўйлади у. Мийиғида жилмайди. Лекин, бу ҳолат ниқоб остида бўлгани учун, рўпарасидаги кишига сезилмади. У тўсиққа яқинлашди-да, кутилмаганда кафтининг чети билан қўрслик қилган кишининг бўйнидаги махсус нуқтага зарба берди. У шартта қулади. Камида икки ёки уч соат беҳуш бўлиб ётади. Тоға стол ёнидаги шкафчада осиғлиқ турган калитларга қараб, асосийсини топди. Уни олиб, кириш-чиқиш эшигини қулфлади. Қоровул танасини стол тагига кўринмайдиган қилиб тиқиб қўйди. Сўнг, юқори қаватга – Мирзакаримнинг хонасига йўналди. 
    Эшикни очди. Кутганидек, у ўз креслосида ястаниб ўтирган экан. Хўжайинининг кетишини пойлаётган бўлса керак. Айрим ходимлар ўз содиқликларини ана шундай намоён этадилар. Тоға индамади. Эшикни ёпди. Калити қулф бурнида экан. Уни буради. Энди, ҳеч ким тўсатдан кира олмайди. Мирзакаримга қайрилди. У ранги сомон бўлиб, жовдираб қолди.    
      – Хўш, менинг пулларим қани? – оҳиста сўради у.       
      – Э..э... Исмат акам бермайман, дедилар... – ғўлдиради у. 
     – Унда, ўзингдан кўр. Сен раҳбаринг билан бир тану бир жонсан. Бу маълум. “Пулни бир марта қозоқи дўқ қилган ожизгина одамга бериб юбораверасизми? Сиз – йўлбарссиз-ку!”, деб маслаҳат ҳам бергандирсан?  
      – Қай... қаердан билдингиз?.. – сўради у титраб.   
      – Афти ангорингдан маълум, – жавоб берди Тоға, унга яқинлашар экан,  давом этди. – Ўзинг танла: каллангни олайми ёки юрагингга пичоқ тиқайми?  
    Мирзакарим нима дейишни билмай қотиб қолганидан фойдаланиб, Тоға яқин келди-да, унинг лунжига кучли мушт туширди. Йигит креслоси билан бирга ерга қулади. Ўзига келишга улгурмай, қўлларининг, оғзининг скотчланганини ҳис этди. Тоға уни ўрнидан турғизиб, яна креслосига ўтқизди ва қорнига кучли зарба берди. У кўзлари соққасидан чиқар даражасида олайиб, букчайиб қолди.  
       – Мен сенга агар пулларимни бермасаларинг, ўлдираман, деганмидим? 
       Мирзакарим бош лиққиллатди.  
       – Исмат акангга айтганмидинг, шуни?  
       Йигит яна имо билан тасдиқлади. 
       – Демак, виждоним пок! 
       Бу гал Мирзакаримнинг боши юқорисига оғир мушт тушди. Кўзларидан ўт чақнади.  
       – Исмат аканг ўз хонасидами? – яна оҳиста сўз қотди Тоға. 
       Йигит яна бош лиқиллатди. 
       – Яхши, сен шу ерда ўтира тур! 
      Тоға унинг оёқларини ҳам яхшилаб скотчлаб, ташқарига чиқиб кетди. У раҳбар хонасини эшикка ўрнатилган лавҳадан топди. Эшикни очди: котиба ўтирадиган хона экан, ҳеч ким йўқ. Чап томонда яна бир эшик. Унга лавҳа ўрнатилган экан “Корхонанинг генерал директори Исмат Поён”. “Ўзи бу ерда беш-олтита одам ишлайди, “генерал директор”миш!”, истеҳзо билан ўйлади Тоға.
      Хонадаги кимса, айни шу дамда темир сейфга почкаланган долларларни санаб, тахлаётган экан. Айримлар шу ишни севишади. Қўлга киритган пулларини ишончли жойга беркитишади-да, гоҳо-гоҳо уларни олиб, қайта санаб, яна жойига қўйиб қўйишади. Бундан роҳатланишади. Тоғанинг ёдига бир ибора тушди: “У ён чоп бу ён чоп! Йўллар топ, пуллар топ, доллар топ! Ҳозирги ҳаёт шунақа!” 
        Хонадаги кимса, эшигини тақиллатмай кириб келган одамни кўриб, жон-пони чиқиб кетди. 
     – Ким сизга рухсат берди, бу ерга киришга? Чиқинг хонадан! 
     – Нима, сен менга хўжайинмисан? – деди Тоға, у томон юрар экан.  
     – Кимсан ўзи? Нега хонамга бостириб кирдинг?! – сенсирашга ўтди Исмат Поён.    
     – Ўзинг-чи? Ўзинг кимсан? Нега менинг савдо ишларимга аралашасан? Турғун Темирнинг маҳсулотларини сотмасин, деб гумашталарингни юборасан? Устига устак, дўконимга текширувчилар “десанти”и ташлаттирасан? Кимсан ўзи? Ўзингни Худо деб тасаввур қилаяпсанми? Сенга нима ёмонлик қилдим? Арпангни хом ўрдимми?    
      Шундагина, Исмат Поён хонасига кирган одамнинг ким эканлигини фаҳмлади. Анави куни, Чуқурсой бозоридаги Турғун Темирнинг маҳсулотларини сотиб, чув тушган одам пулларини сўраб келди, бермасак ўлдирмоқчи, деганди Мирзакарим. Нияти жиддийга ўхшайди, тусмоллади у. Лекин, инсон ҳар қандай вазиятда ҳам қўрққанини билдирмаслиги керак.  
      – Мен худолик даъвосини қилганим йўқ! – хитоб қилди хона эгаси, тетик бўлишга интилиб ва темир сейфнинг эшигини юзига ёпди. Сўнг, Тоғага юзланди. – Нима учун келдинг?     
     – Нима учун келишимни малайинг айтмаганмиди? Белгилаган вақтимда пулларимни бермадинг. Энди, муносиб жазоингни оладиган вақтинг келди.      
     Тоға шундай деб, чўнтагида турган десантчилар пичоғини шарт олиб, ҳарбий машқларда ўрганган услубида унга ирғитди. Бу пичоқни ҳарбий хизматни тугатиб, уйига қайтаётганда ўзи билан олиб келганди. Ўшандан бери ҳужрада ётганди. Мана, энди унинг иш берадиган вақти етиб келди. Унинг учи Исматнинг ўнг кўкрагига бориб чуқур қадалди. Хона эгаси ерга йиқилди.  
      – Оҳ!.. Тегма менга! – жон аччиғида ихради Исмат. – Пулларингни бераман! Ана сейфда турибди.  
      – Шундоқ ҳам оламан, улар ўз меҳнатимга келган ва ҳалол. Ва, бундан ташқари, сен ўн йилча илгари бир одамни машинангда босиб ўлдиргансан. Унинг болалари ва хотини шу кунларда базўр яшашмоқда, уларнинг ҳақини ҳам оламан! Тушиндингми?     
     – Пулларимни ҳаммасини ол, фақат мени ўлдирма! – илтижо қилди Исмат Поён.     
     – Нега энди ўлдирмас эканман. Айтилган сўз – отилган ўқ! 
    Тоға сумкасидан скотч олди-да, Исматнинг икки қўлини бирлаштириб боғлади. Оёқларини ҳам шундай қилди. Ва, албатта, оғзини елимлади. Кўкракдаги пичоққа тегмади. Уни суғуриб олса, қон кетиш кўпаяди. Қон кўп кетса, тана тез ўлиб қолади. 
      У сейфнинг эшикчасини очди. У ерда почка-почка долларлар тахланган эдилар. Уларни сумкасидаги қора салафан халтага жойлади. Бир почкасини қолдирди. Сабаби, кейинчалик, милиция ходимлари келишса, оддий ўғрилик деб ўйлашмасин. Бу ерда интиқом мавжудлигини эҳтимол қилишсин. Бу эса, бошқаларга дарс бўлади. Ёки, оҳиста, ҳеч кимга билдирмай, уни чўнтакка уришади. Барча пуллар ўғирланган дейишади. Ва, айблари билинмаслиги учун, жиноятчини топишга кўп ҳафсала қилишмайди. 
     Тоға доллар тўла қора салафан халтани қайта сумкасига солди. Ишидан хотиржам бўлиб, кўзлари ола-кула бўлиб турган Исматнинг тепасига келди. Шартта унинг орқа ёқасидан тортганча, полда қон изларини қолдириб, танасини Мирзакаримнинг хонасига судраб олиб кирди.  
       – Оғайни, мана, сен ўта ҳурмат қиладиганинг, устозинг, “ҳайбатли йўлбарс”нинг аҳволи. Энди, қараб тур.           
      Тоға, аввалига, сумкасидан ковид даволовчи дўхтирларнинг узун салафан халатини ва қалпоғини олиб кийди. Ўзи, уларни ғижимласа, бир муштдек бўлади. Бу нарсаларни ўша, Чорсудаги аптекадан айтилган вақтга бориб, олиб қўйганди. 
     Яхши ҳимоя қобиғига ўралган Тоға аста ўз ишига киришди. Яъни, ўзини Худо қаторида ҳисоблайдиган кимсани Мирзакаримнинг рўпарасидаги деворга суяб ўтқизди. Сумкасидан ўткир Чуст пичоғини чиқарди. Дераза ёруғида жилолатди. Буни кўрган Исмат Поён сийиб қўйди. Тагида кўлмак пайдо бўлди. Бақиролмасди, оғзи ёпиқ эди. Кўксидан ҳам сизиб қон чиқиб турарди.   
     – Биласизларми? – мурожаат қилди Тоға икки бандига. – Оллоҳ айрим ёвуз бандаларини, вақти келганда жонини олиш учун, Азроилга топшириқ бериб, уларни иложи борича кўп қийнашни буюрар экан. Бу фаришта шунинг учун, уларни обдон азоблагач, жонини чиқишини ҳам даҳшатга тўлдириб, кейин ишини якунлар экан. Тушундингизми? 
    Тоға Исматга яқинлашди-да, уни типирчилашга йўл қўймай, оёғи билан босиб туриб, аввал ўнг кўзини, кейин чап кўзини ўйиб олди. Сўнг, оёғини унинг танасидан олди. Поённинг икки кўзи ўрнидан ҳам тирқираб қон оқа бошлади. Бир неча дақиқа ўтгач, у тўлғонишга тушди. У оёқларини силкитар, танасини у ёқ, бу ёққа айлантирар, бошини полга, деворга ураверар, тўлғанарди. Ҳеч жон топширай демасди. У бир неча дақиқа шундай азобларга дучор бўлди. Танасидаги жамики қон деярли оқиб бўлган бўлса-да, сокин ўлим топа олмади. Шунда, Тоға яна сумкасини титди. Ундан бигиз чиқарди.  
     – Майли, мен раҳмдилман. Ўлиб қўяқол, жуда қийналдинг! – хитоб қилди у ва бигизни Исмат Поённинг қоқ юрагига тиқди. 
     Фақат шундагина, у жавоб бериш учун илоҳий масканга кетди. Тоға энди Мирзакаримга юзланди.  
       – Кўрдингми, оғайни! Хўжайинингни нариги дунё ҳам қабул қилишни истамади. Аммо, наилож. Ер юзини бошқа булғамасин. Унга ёрдам қилдим. Хўш... Энди, сенга келсак. Сенинг айбларинг ҳам буникидан кам бўлмаса керак. Ўхшатмасдан учратмас, дейишади. Ўлиминг олдидан, бировга қаттиқ ёмонлик қилган бўлсанг, айт! Сейфдаги пуллар анча-мунча экан, ўша одамга етказаман, ҳарнав бўлса-да, ёрдам. Ўзинг ҳам нариги дунёдаги суҳбатда енгилроқ бўласан. Оғзингни очайми? 
      Кўзлари қинидан чиқаёзган Мирзакарим бош лиқиллатди. Тоға унинг оғзига ёпилган скотчни юлиб олди. Йигит энтиқиб, ҳовлиқиб сўзлай бошлади.      
      – Мен яқинда бир қизга ёмонлик қилганман. Унга уйланаман деб ваъда бериб, қониқиб юрдим. Кейин, бир ўртоғимни ишга солиб, унга ўша қиз билан қандай йўл қилиб, қаерга бориб, жинсий алоқа қилиш мумкинлигини тушунтирдим. Ўзим уларнинг тепасига бориб, ушладим. Ва, қизга айтдим: “Сен менга хиёнат қилдинг, шунинг учун уйланмайман!” Шу гуноҳ менинг бўйнимда... 
      – Вой, ҳақиқатдан ҳам бир хил... Жуда топишган экансиз? Қизнинг манзили, телефони рақами ва исмини бер. Анави, ўртоғингнинг кимлигини, отини, қаердан топиш мумкинлигини ҳам айт! 
      Мирзакарим барча маълумотларни бергач, Тоға уларни ёзиб олди. Сўнг, сўз қотди.  
      – Майли. Тўғрисини айтганинг учун, сени кўп қийнамайман. Сени соғ қолдирсам, барибир одам бўлмайсан. Пасткаш ва номардлар ҳеч қачон, бир думалаб яхшига айланиб қолмайдилар. Бу олам бундайлар учун ҳайф. Сени, майли, осонроқ ўлдираман. 
     Тоға скотчни олиб яна Мирзакаримнинг оғзини ёпди. Сумкасидан гўшт чопадиган болта чиқарди. Унинг сопи калта бўлса ҳам, тиғи узун эди.     Йигитнинг кўзи олдига олиб бориб янги жазо қуролини кўрсатди.      
      – Мана, қара, тиғи ўткир. Танангни қийнамайди. Бу билан хўжайинингни қўлларини чопмоқчи эдим, аммо кўзларини ўйиб қўя қолдим. Бошқаларнинг муваффақиятига кўз олайтиргани эсимга тушиб қолди. Қўл узишни сенга қолдиргандим. Аммо, тавба қилиб, маълумот берганинг учун, фақат бошингни оламан. Тез ва осон ўлим топасан.                           
      Тоға болта кўтариб, мўлжални олди-да, уни катта траекторияда сермаб, ёнламасига Мирзакаримнинг бўйнига урди. Бош узилиб, думалаб пастга тушди. Бўйиндан эса фаввора бўлиб, қон отилди. У тингунча томоша қилди. Худди, Алишер Навоий номли опера ва балет театри майдонидаги фонтан дейсиз. Фақат кичикроқ. Фақат сув эмас, қон юқорига интилади ва парча-парча бўлиб, пастга тушади. Жуда мароқли ва рангин томоша! Софдил инсонларнинг душманлари ана шундай жазо олишлари лозим.  
      Ниҳоят, иккала душман, мўлжаллангандек жуда қийнаб маҳф этилганди. Қонунчиларни ишга солиб, ундан тортиб олинган пуллар қайтарилганди. Асосий мақсад амалга ошганди. Тоға парчаланган, қонга беланган мурдаларга боқди. Уларга сўз қотди.  
      – Менинг сўзларим қозоқи дўқ эмас! Амин бўлдиларингми? Бегуноҳ одамларнинг тинч, бир маромда кетаётган ҳаётини бузиш – ажал чақириғидир! Буни ҳар бир ифлос ва зўравон аниқ англаши лозим. 
      Тоға шундан сўнг, эсига тушиб, Исмат Поён жасадининг ўнг кўксига қадалиб турган ҳарбий пичоғини суғириб олди. Сумкасидан яна бир қора салафан чиқариб, барча ишлатган жиҳозларини – бигизни, болтани, пичоқларни ювмасдан, қон юқлари билан унга жойлади. Уни сумкасига солди. Сўнг, оҳиста хонани тарк этди. 
     Коридордан юриб ҳожатхонани топди. У ерга кирди. Ойнага қаради. Устидаги салафан халати, қалпоғи, бахиллалари, резина қўлқопи – барчаси қон. Ниқобига ҳам қон сачраган. Ҳаммасини ечди. Сумкасидан бошқа бахилла, бошқа қўлқоп, бошқа ниқоб олиб кийди. Қонли нарсаларни алоҳида салафанга жойлади. Уларни сумкасига солди. 
    Пастга тушиб, ташқарига чиқиш эшиги олдига борди. Стол тагида ётган қоровул ҳамон бехуш. Бу яхши. Яна бир-икки соат ётади. Ўзига келгач, тепага кўтарилади. Ажойиб манзарани кўради. Милицияга хабар қилади. Улар келадилар. Бирон бир из тополмайдилар. Лекин, бир почка долларга эга бўладилар. Ва бу жазонинг ижрочисини аниқлай олмайдилар. У “осилма иш”лар қаторига киради. Вақт ўтиши билан, кўпчилик томонидан деярли унутилади.        
      Тоға калитни бураб, эшикни очди ва ташқарига чиқди. Атроф ҳали ёруғ. Ғира-шира бўлишига ҳали анча вақт бор. Бепарво ҳолатда машинаси томон йўналди. Кечки пайт бу кўчада одам кам бўлади. Борлари ҳам ўз ташвишлари билан кетмоқдалар. Ҳеч ким унга шубҳали назар ташламади. 
     Тоға машинасини ўт олдириб, Қорақамиш каналининг ўзи биладиган овлоқ жойига борди. У ерда кийимларини тўлиқ ечиб, машинасидан бошқа кийимларни олиб кийди. Барибир, қандайдир қон учқунлари ўтирган бўлиши мумкин. Криминалистлар ҳозир юксак илмий технологиялардан фойдаланидиган бўлиб қолишган. Микроскопик зарраларни ҳам топишлари мумкин. Уларга ҳеч қандай, зиғирчча ҳам имконият бермаслик лозим. Эски энгилларини, қон бўлган халату бахиллаларни ва ҳоказоларни ёндириш лозим эди. Сумкасига қаради. Унга ҳам нималардир юққан бўлиши керак. Кечки пайт яққол кўринмаслиги мумкин. Уни ҳам йўқ қилиш лозим. Машинасида бир бакалашка бензин бор эди. Олов ёқиб, унинг ёрдамида барчаси далилий ашъёларни кулга айлантирди. Сўнг, қон юқили қуролларни канал сувида яхшилаб ювди. Фақат ҳарбий пичоқни қолдириб, бошқаларини сувга улоқтирди. Бу қурол унинг учун нарса жуда эъзозли эди. Уйга борганда газ олови устида яхшилаб куйдириб олади. Ўзи ҳам яхшилаб ювинди. Машинасида олиб юрадиган тоза сочиққа артинди ва уни ҳам каналга итқитди. Пул солинган қора салафан халтадан жияни Аббосга бериши керак бўлган пулни ажратди. Қолганини “Жигули”нинг багаж бўлимига солиб қўйди.   
       Сўнг, ғира-шира бўлиб қолганига қарамай, йўлини опасиникига бурди. 
     Тоға таниш ҳовлига жилмайиб кирди. Барча уйда экан. Хонтахта атрофига ўтирдилар. Фотиҳа ўқилгач, ёнидаги пулларни чиқарди. Ва сўз қотди.  
      – Опа! Сиздан қарзга олган пулларни қайтаришда сал кечикдим, узр сўрайман. Мана, қабул қилинг. 
      Опаси жуда хурсанд бўлди. 
       – Барака топ, укам! Ўғлимнинг олдида ҳижолат бўлаётгандим. Энди, юзим ёруғ! 
       Тоға Аббосга юзланди. 
       – Мана, жиян! Энди, уйланиш ҳаракатига тушавер. Бахтли бўл! Келинникига тўй олиб боришга албатта ўзимни чақир, тўн кийиб келаман! – жилмайди у. 
       Аббос индамади. Ним табассум қилди. Тоға поччасига боқди.  
       – Почча! Тезроқ тўй қилинглар! Аббоснинг севган қизи бор экан. Бошқалар илиб кетмасин! 
       Почча ўрнига опаси жавоб берди. 
       – Менга миқ этмаганди, бу жиянинг! Жуда соз! Эртагаёқ совчиликка бораман! – жилмайди у. – Бу пуллар билан жуда бадастир тўй қилса бўлади!  
       Шундан сўнг, тоға туришга шайланди. Лекин, мезбонлар унамай, кечки овқатни бизникида танаввул қиласиз, деб олиб қолишди. Натижада, у қорни тўқ ва хотиржам ҳолда ўз гўшасига йўл олди.
       У ғизиллатиб, машинасини елдирар экан, икки ифлос нусхани муносиб жазолаб, ҳаётни улардан тозалаганига, жиянининг пулини вақтида қайтарганига кўнгли қувончга тўлган эди. Гўё атрофига фаришталар йиғилиб, унга чапак чалаётгандек туюларди.  

       ***
     Худди шу куни, худди ўша, Тоға ўз “Жигули”сида Исмат Поённинг офисига борган вақтда, яъни кеч соат бешда Сожида ҳам Роҳиланинг эшиги қўнғироғини босди. У, ўзининг бир неча кунлик кузатишларидан билардики, бу аёл ўз ишхонасидан уйига кеч соат тўртларда келади. Соат олтига яқин уйидан чиқиб, боғчага бориб, болаларини олиб қайтади. 
     Сожида ўтган галдагидек кийинган эди. Лекин, ёнидаги сумкасига, кеча Чорсуга тушиб, чархлатиб келган ошхона пичоғини солиб олган эди. Қўлларига эса чиройли ва бежирим аёллар қўлқопини кийган эди. 
      Эшик очилди ва Роҳила кўринди. Сожида салом берди.  
       – Ваалайкум ассалом! Ҳа, сизни танидим. Уч-тўрт кун илгари келиб, Раъно исмли тикувчини суриштирган эдингиз, – жавоб берди Роҳила.  
       – Ҳа, ўша аёлман. Манзилини топиб қўйган бўлсангиз, билмоқчи эдим.        
       – Мен суриштириб кўрдим. Раъно исмли чевар аёл атрофимизда йўқ экан.   
      – Вой, мен жуда узоқдан келгандим-а! Йўл қурғур жуда чарчатди. Майли, узр. Сизни безовта қилдим.          Роҳила унга синчиклаб қаради. Туппа-тузук аёл. Гап-вошлари яхши. Сўз қотди.  
       – Истасангиз, уйга киринг! Ярим соатча вақтим бор. Бир-икки пиёла иссиқ чой ичиб, уйингизга қайтарсиз.    
       Сожида ўзини ҳижолат бўлганга солди.  
       – Вой, қандай бўларкин? Бир-биримизни яхши танимасак.  
     – Асло тортинманг. Кираверинг, ҳозиргина чой дамлаганман. Иннайкегин, мен сизга бошқа тикувчининг манзилини бераман. Жуда чевар.    
       – Ундай бўлса, майли.          
      Сожида кенг очилган эшикдан ичкарига қадам ташлади. Йўлакда туфлисини ечар экан, Роҳиланинг эшикни ёпганини кўрди. Шу заҳотиёқ сумкасига ўнг қўлини тиқиб ундаги пичоқнинг сопини ушлади. Уй бекаси унга  сўз қотди. 
       – Юринг, балконга ўта қоламиз, биз одатда ўша ерда чой ичамиз.
      Сўнг, йўл бошлаш учун тескари ўгирилиб қадам ташлади. Сожида шуни кутиб турган эди. Шартта пичоқни чиқарди-да, унинг орқасига – юрак жойлашган томонга унинг учини зарб билан охиригача тиқди ва қайта суғириб олди.  
      Роҳила “оҳ!” деди-да, бир зум қотиб қолди ва чалқанча йиқилди. Ётган жойида кўзларини Сожидага тикиб, беҳолгина сўради.  
       – Не-ега?..  
       Сожида ғазаб билан жавоб берди. 
      – Бировнинг эрини йўлдан урганинг учун! Ифтихор ака учун. Ўзгаларнинг мулкига, ҳақига тажовуз қилганларни албатта ажал чақиради! Дўзаҳингга  даф бўл!     
      Роҳила бу сўзларни эшитди ва кўз олдилари қоронғилашиб, онги чуқурликка чўмди. Шу бўйича қотди. Аста-секин, жасад атрофида қон кўлмаги пайдо бўлди. Инсон танасида беш литр қон бўлади.  
    Сожида бу пайтда пичоқни оқ рўмолчага ўраб, қайта сумкасига солди. Туфлигини кийди. Қон юқмаганмикан дея, кийимларига қаради, топ-тоза экан. Эшикни қия очиб, подъездга қаради. Ҳеч ким йўқ. Оҳиста ташқарига чиқди ва кўча томон йўналди.   
      Лабзакдан сал нарироқда Анҳор канали оқади. Унинг қазилганига ўн-ўн беш аср бўлган, дейишади. Шаҳардаги энг катта ва энг серсув дарё шу. Узоқларга боради. Йўлини ўша томонга бурди. Аста юриб келиб, ана шу сув устига қурилган кўприкка етганда қадамларини секинлаштирди. Асосий йўлда машиналар кўп. Ғиз-ғиз у ёққа интилишади, ғиз-ғиз буёққа илдамлашади. Ҳозир тиғиз пайти. Лекин, Сожида уларга парво қилмади. Кўприкнинг четидаги пиёдалар йўлкасидан юриб борар экан, қоқ ўртага келганда тўхтади. Панжара орқали пастга, бетиним, мавжланиб оқаётган ҳаёт манбаига – сувга боқди. Гўзал манзара. Бу оқим ҳеч қачон тўхтамайди. Табиат шундай яратилган. Жуда ажойиб! У ана шу жозибали тасвирдан завқланиб, кўзларини ундан узмаган ҳолда, ўнг қўлини сумкасига тиқди. Ундан рўмолга ўралган ошхона пичоғини олди. Ва панжара ёриғидан уни сувга ташлади. Зум ўтмай, оқим уни ўз бағрига олганча, узоқларга олиб кетди. Маълум вақтдан кейин, пичоқнинг устидаги рўмол ички оқим таъсирида ечилади. Пичоқ эса канал тубига тушади. Кейин, ойлар, балки йиллар давомида занглаб, нураб кетади. Бу жиҳоз яратилиб, бу оламдаги ўзининг вазифасини бажариб бўлганди, охирги иши бир бузуқи, бахт ва фаровон ҳаёт ўғрисининг, оилалар парчаловчисининг фаолиятига чек қўйиш бўлди.   
      Сожида пичоқ ортидан, ҳар эҳтимолга қарши, қўлқопчаларини ҳам сувга улоқтирди ва яна юқори томон юриб кетди. Чорраҳага етгач, ўнгга қайрилиб, кўча юзига чиқди ва такси тўхтатди. Уйига йўл олди. 
       Бўлди, энди бу ҳодисани умуман эсламайди. Кимларнидир ажал чақирган бўлса, бу билан унинг иши йўқ. Унинг ўз оиласи: эри ва бола-чақаси бор. Улар учун яшаши керак. Ўз вазифасини бажарди. Ҳақиқий бахт тўғри яшайдиганларга, софдилларга ва йўлларига чиққан аблаҳларни йўқ қилишни биладиганларга берилади.   

      ***    
    Турғун Темир бир ҳафта мобайнида Мексика кўрфазида чўмилиб, офтобда тобланиб, терилари қорайди. Ора-чира машинага ўтириб, Ямайка-бич, Галвестон маркази ва Тексас-сити деган масканларни бориб айланишди. Уммон бўйидаги аттракционларга кириб яйрашди, ресторан ва кафеларда маҳаллий таомларни танаввул қилишди. Хуллас, бу маскан билан яхши танишишди. 
    Лекин, асосий дам олиш соатлари денгиз бўйида эди. Ҳар куни бир неча соатни улар шу ерда ўтказишар эди. Қизлари сувга тушиб жуда мириқишди. Айниқса, уч ярим ёшлик фарзанди белига мос чамбарак балон кийиб олганча, уммонга тушиб, олди-орқасига қарамай, қулоч отиб кетаверарди. Унга ҳамиша кўз-қулоқ бўлиб туриш лозим эди. Каттаси эса сузишни ўрганишга тиришар эди. Бир марта, хатто чўкиб кетай деди. Яхши ҳам ўзи унинг ёнроғида эди, дарҳол мададга келди. Бу ҳодисани жуфти ҳалолидан яширишди. Бу пайтда, у узоқроқда соябон тагида ўтирганди. Билиб қолса, уни бошқа сувга туширмаслиги ҳам мумкин эди. Унинг ўзи денгизда чўмилишни унча ёқтирмас, бошланишда бир-икки бор сувга тушиб, кейин соябон тагида ўтираверар эди.                           
     Шундан сўнг, Турғун Темир қизларини онасининг ёнига, соябон тагига олиб бориб қўйди. Уларга ширин газли сув ва бирор егулик – пишириқми ёки шоколадми беришни тайинлади. Ўзи қирғоққа қайтиб, келаётган тўлқин қаърига шўнғиди-да, анча узоққа сузиб боргач, тўхтади. Икки қўлини ва оёқларини ёйиб, юзини осмонга қаратиб, денгиз устида бир қанча вақт қалқиб турди. Анча тин олди. Шу пайт онгида овоз янгради. 
      – Турғун Темир, яхшимисан?
      Денгиз бир ҳафтадан бери у билан мулоқотга киришмаётган эди. Бундан қувонди ва у ҳам ҳаёлий жавоб берди. 
      – Денгиз ота, сизмисиз? Ассалому алайкум!  
      – Ваалайкум ассалом, бўталоғим! Яхши ҳордиқ чиқараяпсанми?  
      –  Раҳмат, жуда ажойиб! Ҳаммасидан ҳам бу масканнинг табиатидан завқланаяпман. Ҳаво жуда тоза. Ғир-ғир енгил шабада эсиб туради. Булутлар оппоқ ва жозибали. Қуёш нурлари уларга эрталаб ёки кечки пайт тушганда, қизғиш рангларда товланишлари кўзни қувонтиради. Фарзандларим ҳам яйрашаяпти. Ер юзида турли гўзалликлар бор экан. 
      – Хурсандман, бўтам. Сен бугун коттежга қайтганингда, ижтимоий тармоқларга кир. Бир янгилик ўқийсан. Эртага келганингда, уни муҳокама қиламиз. Келишдикми?  
      – Хўп бўлади, Денгиз ота!  
      – Борақол энди, қирғоққа чиқақол! Бугунга етади. Сен балиқ эмассан, сувда яшайдиган. Ҳавода ҳаёт кечирадиган инсонсан. Хайр!  
      – Хўп, хайр, Денгиз ота!
      Турғун Темир шу сўзни фикран айтиб, қуруқлик томон сузиб кетди. Қирғоққа чиқиб, фарзандлари олдига борди. 
      – Дадаси, узоққа сузиб кетманг, у ёқларда ястаниб ётманг, одам қўрқади, –  сўз қотди рафиқаси.    
      – Майли, – жавоб қилди у.    
      – Коттежга қайтамизми, тушлик вақти яқинлашиб қолди. Қизларимизнинг ҳам қоринлари очганга ўхшайди.   
      – Беш-ўн минут тин олай, сўнг кетамиз.
      Коттежларига қайтишиб, тушлик қилиб олишгач, Турғун Темирнинг рафиқаси болаларига ётиб дам олишни, иложи бўлса ухлаб олишни буюрди. Йигит ўрнига ётиб олди-да, айфонини ёқиб, ўзбек ижтимоий тармоқларига кирди. Янгиликларни кўздан кечирар экан, бир мақолага кўзи тушди: “Тадбиркор Исмат Поённинг мудҳиш ўлими”. Бу сарлавҳа ёнида унинг бир эски расми ҳам қўйилганди. Уни ўқий бошлади. 
     “Ўтган куни, кечки пайт, қурилиш маҳсулотлари соҳасидаги таниқли тадбиркор Исмат Поён ўз офисида ўлдирилган ҳолатда топилган. Унинг кўзлари ўйилган, танасининг бир нечта жойларига пичоқлар санчилган, юрагига бигиз тиқиб ўлдирилган. Шунингдек, унинг Мирзакарим номли референт-ёрдамчиси ҳам, марҳум жасади ёнида бошсиз ва жонсиз ҳолатда ётгани қайд этилган. Бу бино қоровулининг айтишича, хўжайинлардан ташқари барча ходимлар ишхонани тарк этганда, ковид-ниқоб кийган бир одам кириб келган ва уни уриб, бехуш қилган, сўнг юқорига кўтарилиб, айтилган хунрезликларни амалга оширган. У ўзига келганда, бинода ҳеч ким бўлмаган. Қотилнинг шахси то ҳануз аниқланмади. У ҳеч қандай из қолдирмаган. Тадбиркорнинг сейфидаги пулларни тўлиқ олиб кетган. Ушбу жиноят моддий бойлик туфайли қилинган деган ғоя – асосий тахминдир. Лекин, нега бу даражада ваҳшийлик қилингани тушунарли эмас. Бу жиноятни очиш учун ҳаракатлар бошланган. Янги маълумотлар бўлса, хабар берамиз”. 
     Турғун Темир бу ахборотни ўқиб ҳаяжонга тушмади. “Яхши, - ўйлади у. – Илтижоси ижобат бўлибди. Исмат Поён ўзидан кўрсин. У ифлослик йўлини танлади. Турли ифлос нусхаларнинг бу дунё ривожланишига салбий таъсири катта бўлади. Шу сабаб, уларнинг қай шаклда бўлмасин, ёруғ оламни тарк этишлари дуруст амалдир”.
       Йигит ижтимоий тармоқларни яна кузата бошлади. Тўсатдан яна бир шунга ўхшаш маълумотга кўзи тушди: “Икки кун аввал, Роҳила исмли, икки фарзанднинг онаси бўлган навқирон аёл ўз уйида пичоқлаб ўлдириб кетилган. Бу ишни ким қилган, қандай мақсадда амалга оширган – номаълум. Унинг яшаётган хонадонида ҳеч қандай бегона излар топилмаган. Бу ўлимнинг яна бир таажжубли томони шуки, худди шу куни, шундай пайтда унинг эри, таниқли тадбиркор Исмат Поён ҳам ўз ишхонасида тажовузга учраб, мудҳиш ўлим топган. Бу оиланинг қандай душмани бўлган? Саволлар кўп, жавоблар йўқ”.    
    Турғун Темир бу ҳолатга ҳайратланди: “Ажабо! Унинг хотини ҳам эрига мос ифлос аёллардан бўлганмикан? Ахир, бу тасодиф бўлмаса керак... Исмат Поён, унинг малайи ва хатто хотини ҳам кетибди... Майли, эртага Денгиз отадан сўрарман”. У айфонини калавоти ёнидаги тумба устига қўйди ва руҳий қониқиш ҳисси билан оҳиста, пешиндан кейинги мудроққа кетди.

       ***   
     Тоға, ўшанда, уйига етиб келгач, жуфти ҳалолига поччаси ва опасини кўриб келганини ва у ерда овқатланганини билдирди. Ваннага кириб чўмилди. Ҳарбий пичоғини ҳам бирга олиб кириб, яхшилаб совунлаб, қашлағич билан ишқалаб ювди. Бирор қон молекуласи ҳам қолмаслиги учун душдан тушаётган сув оқимига тутиб анча ушлаб турди. У ердан чиқиб, уни оташкурак ёрдамида газ олови устида ҳам роса қиздирди. Шундан кейингина уни совутиб, эски жойига қўйиб қўйди. Пулларни нима қилсам экан, деб ўйлади. Бошқа халта топди, машинаси юкхонасидаги долларларни унга солди ва ўзининг хосхонасига олиб кириб қўйди. Сўнг аёли ва фарзандлари қаторига кириб телевизорда кўрсатилаётган кечки фильмни томоша қилди. Томоша тугагач, хотиржам ўз ўрнига ётди. 
    Эртаси куни Чуқурсой бозори аҳли ўртасида ваҳимали гаплар тарқалди. “Қайсидир бир корхона раҳбарини ўлдириб кетишибди! Кўзларини ўйишибди. Ёрдамчисининг калласи олишибди. Бутун бино қонга тўлиб кетибди. Ва ҳоказо, ва ҳоказо... Тоға бу миш-мишларга парво қилмади. Хатто ёрдамчи-сотувчи унга ўлдирилган Мирзакарим ўз дўконларига бир пайтлар келгани тўғрисида сўз қотганда, “Менга нима?” деб қўяқолди. Ва, кун қизғин савдолар билан ўтди.                                                   
    Тоға эртаси куни Мирзакаримдан ёзиб олган маълумотларни кўздан кечирди. Алданган қизга ёрдам зарур, ёмон йўлга кириб кетмасин. Анави, исқирт ўртоқни эса кечиктирмай жазолаш лозим. Бунинг йўлини топади, албатта. Кейин, Муроднинг онасига маълум маблағ етказиб туриши ҳам шарт. 
       У, биринчи навбатда, Муродга қўнғироқ қилди. Йигитча дарҳол жавоб берди. 
       – Алло, ассалому алайкум!!
       Товушини таниди. 
       – Мурод, ваалайкум ассалом! Мен анави куни сени Чорсу бозоридан мактабинггача олиб бориб қўйган эдим. Эсингдами? Чуқурсой бозорида дўконим бор дегандим.   
      – Ҳа, эсимда. Соғлиқларингиз яхшими, амаки? 
      – Яхши, раҳмат. Менга қара, мактабдан чиқиб бозоримизга келгин. Сенга муносиб иш бор. Дўконим қабристон рўпарасидаги расталарда. Тоға акани сўрасанг, кўрсатишади.   
      – Хўп, албатта бораман! – деди Мурод.  
      Йигитча пешиндан сўнг келди. Тоға уни жилмайиб қарши олди. 
      – Мурод, бозордаги ишингда неча пул топасан? – сўради у. 
      Йигитча айтди.  
      – Ёмон эмас. Аммо, менда ярим кун ишласанг, бундан икки-уч баробар кўп пул ишлайсан. 
      – Бунинг учун нима қилишим лозим?  
     – Дўкон жавонларига бўёқларни, елимларни, турли маҳсулотларни тахлаб турасан. Сотувчи харидорга учун бирор нарса сўраса, ёки орқадаги омбордан ёки жавонлардан олиб узатасан. Уларни мижозлар машинасига жойлаб бериб турасан. Хуллас, шунақа иш. 
      Мурод жилмайди.  
      – Осон экан-ку! Розиман. Лекин, ойимдан ҳам сўрай, рози бўлсалар бўлди.       
      – Ҳа, рухсат сўра. Қачон айтасан? 
      – Кечқурун қўнғироқ қиламан.  
      – Яхши, келишдик. Мана бу икки юз долларни ойингга бер. Сенга ва синглингга яхши кийимлар олиб берсин. Бу ҳадя.
      Мурод таажжубланди.  
      – Нега? 
      – Бу пул сен ва оиланг учун она сутидек ҳалол. Олавер! Яхши ишласанг, бундан ҳам кўп оласан.   
      – Рози бўлиб бераяпсизми? 
      – Ҳа!
      Йигитча пулни олиб, уйига кетди. Кечқурун қўнғироқ қилди. 
      – Амаки! Ойимлар майли дедилар. Энди, эртага ўқишдан сўнг, ишга боравераман! 
      – Жуда соз! Кутаман.   
      Тоға ўзини чув туширган Исмат Поён сейфидан олинган пулларнинг бир қисмини ушбу оила учун ажратганди. Лекин, дарҳол ҳаммасини бериб юборса, шубҳа уйғониши, саволлар туғилиши мумкин. Шунинг учун, аста-секин бериб боришни мўлжаллаганди. Кейинроқ, закот дейдими, эҳсон дейдими, хуллас уларнинг барини етказиши шарт.  Мана, бугун, бу ишга тамал тоши қўйилди. 
    Тоғанинг кейинги режаси, алданган қизга маънавий ва молиявий ёрдам бериш эди. Бунинг учун, у рақамлар орқали “Телеграм”га кириб, унинг профилини топди. Ҳозир барча ёшлар шу канал орқали маълумот алмашишади. Қўйилган расмлардан чеҳрасини таниб олди. Кейин, маҳалласи олдидаги автобус бекатига эрталаб бориб, қизнинг ўқишга кетиши мобайнида гаплашишни режалаштирди. 
      – Сизга мен ёрдам бермоқчиман, – деди у, ажабланиб ўзига қараётган қизга.  
      – Ўзингиздан ўзингиз, нима деяпсиз, амаки? Менга ҳеч қандай ёрдам керак эмас.  
      – Мен сизнинг бир сирингизни биламан. Уни қаердан аниқлаганим муҳим эмас. Асосийси, сизга чин дилдан кўмак берувчи инсон бор.    
    Улар автобус бекатида турардилар. Атрофларида кўз ва қулоқли одамлар бўлгани учун, сал олдинроққа, суҳбатларини ҳеч ким эшитмайдиган масофага силжишди. Қиз бу киши ўзининг даҳшатли сирини билиб олганлигини юракдан ҳис қилди. Аста намиққан, лекин нажот сўраётган кўзларини унга тикди.  
      – Менга қандай қилиб кўмак бера оласиз? Буни ахир тузатиб бўлмайди-ку! Мени икки ифлос йигит ҳаром қилишди. Энди, қандай қилиб эрга тегаман?  
     – Ушбу пайтда, энг асосийси, сизнинг ёмон йўлга кириб кетмаслигингиздир. Энг аввало, шундан эҳтиёт бўлинг!   
     – Йўқ, ҳозирги дамда ҳар қандай йигит кўзимга балодек кўринмоқда. Анави, иккинчи ифлос, кунда кунора йўлларимга чиқиб, роса шилқимлик қилмоқда. Ўтган куни ўқишдан чиқишимда тутиб олиб, шантаж қилди. Мен билан яна ётмасанг, қанақа қиз эканлигингни атрофга ёяман, дейди.  
     – Худо хоҳласа, у бундан сўнг сизга учрамайди. Юрагингизни сиқманг. 
     – Унинг исмини ҳам билмайман. У мени машинасига ўтказиб, пана жойга олиб бориб зўрлаган. Шу пайтда, устимизга биринчи аблаҳ етиб келиб, “Сен жалаб экансан, сенга уйланмайман!”, деб кетган.           – Энди уларни тўлиқ унитинг! Ҳозирги шароитингизда уч хил йўл бор, қайси биридан кетишни ўзингиз танлашингиз керак.  
     – Қандай йўллар?  
     – Биринчиси, совчи келса, сизни турмушга беришса, тўйдан олдин бокиралигингизни тиктириб, тиклаб олишингиз мумкин. Бунда, мен бирор таниш топиб, амалиёт пулини тўлаб беришим мумкин. Лекин, бунинг бир шарти бор: ёмон йўлга кириб кетмаслигингиз керак. Бу ҳолат, барибир, юзингизда акс этади. Буни дарҳол сезаман.   
     – Иккинчиси-чи?    
     – Бирор хотини вафот этган одамга, қандай ҳодиса бўлганлигини тушунтириб, турмушга чиқиш йўли. Учинчиси эса, сизни ҳақиқатдан севадиган йигит бўлса, ундан ҳеч нарсани яширмай, оила қуришдир.  
     Қиз индамай қолди. Озгина ўйлади. Сўз қотди.  
     – Сизни тушундим, амаки. Раҳмат! Булар ҳақида яхшилаб ўйлайман. Кераклигини танлайман.   
     – Яхши, лозим бўлганда менга қўнғироқ қилинг. Албатта, ёрдам бераман. Тўйингизга катта тўёна ҳам мендан!   
     Тоға унга телефон рақамлари ёзилган бир парча қоғозни узатди. 
     – Нега бундай қилаяпсиз, амаки? Сиз кимсиз?
     Тоға жилмайди. 
     – Мен ифлос одамларни ёмон кўрадиган, яхши инсонларга ва жабрдийдаларга ёрдам беришни қасд қилган одамман. Исмимни билишингиз шарт эмас. Одамлар мени “Тоға” дейишади. Хайр! Вақт келганда, албатта қўнғироқ қилинг!              
      Қиз ҳам табассум қилди.    
      – Раҳмат, амаки! 
      Тоға ортига ўгирилди-да, узоқда турган машинаси томон юриб кетди. 
      Шу куни у ҳайдовчилик қиладиган иккинчи ифлосни топди. Миробод туманидаги ишхонаси олдида, хўжайиннинг амрини кутиб, пашша қўриб ўтирган экан. Тоға ўз машинасини узоқроққа, бир пана жойга қўйиб, унга яқинлашди.  
      – Оғайни, мени Қорақамишга олиб бориб қўйинг! Жуда шошаяпман. Икки карра кўп пул бераман!  
      – Хўжайиним чақириб қолса, нима дейман? Йўқ, бошқа машина тута қолинг!  
      – Қидириб кўрдим, ҳеч ким унамаяпти. Олиб борасиз-у, қайтасиз! Уч ҳисса кўп тўлайман. Жуда шошаяпман!    
      – Хўжайин роса сўкади-да! Майли, балки улгурарман. Балоним ёрилиб қолди, дерман. Беш ҳисса берасиз!  
      – Оғайни, тўрт ҳиссага рози бўлинг! 
      – Истасангиз шу. Ана кўча тўла машина. Кутинг, кимдир олиб бориб қўяр.  
      – Майли, бўпти, келишдик.  
      Тоға олди ўриндиққа ўтирди. 
      – Қаёққа? – сўради ҳайдовчи.  
      – Қорақамишдаги бозорча олдига. 
      Ҳайдовчи “Ласетти”сини ўт олдирди. Уни буриб, катта кўчага, ундан эса кичик ҳалқа йўлидаги катта трассага ўтиб олди ва ғизиллаб юриб кетди. 
      Тоға бу гал ҳам юзига ковид-ниқоб, кўзига ним қора қўзойнак тақиб олганди. Шунингдек, қўлларига рангсиз резина қўлқоп кийган эди. Янги сотиб олган осма сумкасига ўзи севадиган ҳарб пичоғини ҳам солиб қўйган эди. Ҳайдовчи унга назар ташлаб, сўз қотди. 
      – Тақсир, ковид камайиб кетганига анча бўлди. Ҳали ҳам эҳтиётингизни қилаяпсизми?        
      – Ҳа, ифлосликдан, турли зарарли микробу бактериялардан ҳазар қиламан, – жавоб берди Тоға ва сўради. – Дарвоқе, сизнинг исмингиз Усмон эмасми? 
      Ҳайдовчи бошини лиқиллатди. Тоға яна сўради. 
      – Мирзакарим исмли ўртоғингиз борми? 
      – Бор эди. Бир неча кун илгари ишхонасида кимдир ўлдириб кетибди. Жанозасига бориб келдим. Сиз уни танирмидингиз? 
      – Ҳа, яхши билардим. Бир суҳбатимизда Усмон исмли ўртоғим бор, палон жойда ишлайди, деганди. Ўша жойда турганингиз учун, Усмонмикансиз деб тусмолладим. Тўғри чиқди, тахминим. 
      Ҳайдовчи тўғрига қараганча машинасини бошқарар экан, жавоб берди. 
      – Ҳа, уни Оллоҳ раҳмат қилсин. Яхши йигит эди. Биз бир-биримизни қўллаб-қувватлардик. Учрашиб турардик.    
      – Уйланганмисиз? – сўради Тоға.   
      – Йўқ, – бош чайқади ҳайдовчи.       
      Бу пайтда улар кетаётган Кичик ҳалқа йўлида машиналар оқими катта тезликда ҳаракатланар эди. Унинг ушбу қисми четларда одам юрадиган тротуарлар йўқ. Сабаби, унинг бир томони темир йўл излари, иккинчи томони катта ташкилотлар деворлари жойлашган. Шу дамда, Тоға билагидаги соатга қаради ва ҳайдовчига сўз қотди.  
      – Оғайни, мени шу ерда қолдира қолинг. Борадиган жойимдан барибир кеч қолибман.     
      Машина тўхтади. Ҳайдовчи унга боқди. 
      – Неча пул берай? – сўради Тоға.   
      – Биз Қорақамишгача келишганмиз. Унинг кираси йигирма минг бўлса, беш баробари юз минг бўлади. 
      – Ахир, Қорақамишга етиб бормадик-ку!   
      – Барибир, келишилган нархни берасиз! Камига рози эмасман. 
      – Майли, юз минг бўлса, юз минг-да, – деди Тоға ва сумкасини очиб, ундан пул олишга тараддудланаётган, тимирскланаётган  кишидек ҳаракат қилар экан, ёнларидан ғизиллаб ўтаётган машиналар томон қараб, сўз қотди. 
      – Оғайни, анави “Кобальт”ни қаранг, янги тури чиқибдими? 
      Ҳайдовчи бу гапга учиб, ўша ёққа боқди. Тоға эса сумкасидаги севимли ҳарб пичоғини тез чиқариб, уни Усмоннинг чап кўкрак қафаси пастидан юқорига карата кескин, охиригача тиқди. Ва сал айлантириб, суғириб олди. Бунда тиғ юракка киради ва унинг пайларини, томирларни кесиб, турли тўқималарга қон ҳайдалишини тўхтатади. Натижада, уларга қондаги кислород етиб бормайди. Инсон вужудидаги қизил суюқлик тери ёриғидан ташқарига интилади. Танадаги ҳаёт фаолияти тез ва батамом тўхтайди.  
      Ҳайдовчи жон аччиғида сўз қотди.  
      – Оҳ! Единг-га! Нима учун? 
      – Бир ожиз қизни зўрлаганинг, унинг келажак ҳаётини бузганинг учун! Ўртоғинг билан дўзаҳда учрашарсан...  
      Бу гапларни у эшитишга, тушунишга улгурдими-йўқми, билинмади. Афти буришиб, қотди-қолди.      
       Тоға эгнига қон тегмаслиги учун, пичоқни тез қора салафанига ўраб, сумкасига тиқди ва эшикни ёпиб, бамайлихотир машинани тарк этди. Бу “Ласетти”нинг орқа ва ён ойналари қорайтирилган эди. Хўжайинлар буни севишади. Шунинг учунми, ушбу ҳолат атрофга оддий ҳол бўлиб кўринди: машина тўхтади, йўловчи пулини тўлаб тушиб кетди. Ҳеч ким ҳеч қандай шубҳага бормади. Ҳайдовчи шу кўйи ўз ўриндиғида ухлаб ётгандек, ўз қонига беланиб қолаверди. Машиналар ғизиллаб, у ёқ ва бу ёққа елишда давом этавердилар. Тоға сал наридаги ўтиш жойидан кўчанинг нариги томонига йўналди. Ва, такси тўхтатиб, ўз “Жигули”сини қолдирган жойи томон кетди. 
      Бу “Ласетти” то кечгача трасса четида тураверди. Ҳайдовчининг телефони жиринглашлари жавобсиз эди. Хўжайини уни излаб сўкинарди. Ниҳоят, у милицияга қўнғироқ қилди, машинасининг рақамларини айтди. Йўл-патруль хизмати ишга тушиб, уни топди. Ва, тезкор гуруҳни чақирди. Улар эса бу жиноят бўйича ҳеч қандай из топа олмадилар. Қизиғи, ҳайдовчининг чўнтагидаги пулларга тегилмагани эди. Одатда, бундай ишлар шунинг учунгина қилинар эди.      
      Тоға, кечки пайт, уйига борганда, ҳарб пичоғини яна яхшилаб ювиб, қуритиб, тоблаб жойига қўйиб қўйди. Келишида, ниқобу қўлқопларни кўча юзидаги ахлатхонага ташлаб юборганди. 
      Кийимларини алмаштириб, юз-қўлини ювиб, дастурхонга келди. Бугун чўзма лағмон экан! Хамир овқатни жуда севади. У лағмонга аччиққина лозижон қўшиб, иштаҳа билан танаввул қилди. Сўнг, бутун оила телевизор кўришга тутинди. Тоғанинг тез уйқуси келди. Шунинг учун, барвақтроқ бўлса-да, ўрнига ётди ва пишиллаб ором ола бошлади. 
       У бугунги кундаги вазифаларини аъло даражада бажарганди.  

      ***  
      Ифтихор шанба куни ҳам ўз офисига бориб, пешинга қадар ўтирар эди. Бу пайтларда буюртмачилар, таъминловчилар ёки бошқа бировлардан албатта қўнғироқ бўлар, уларга муносиб ва тўғри жавоб бериш шарт эди. Бундай масалаларни фақат ўзи ҳал этиши лозим эди. У эрталабдан уч киши билан суҳбатлашди. Энди, ижтимоий тармоқларга кириб, янгиликлар билан танишмоқчи бўлган эди ҳамки, айфони мусиқа чалди. 
       – Алло, ассалому алайкум, эшитаман!    
       – Ваалайкум ассалом! Мен милиция тезкор гуруҳи раҳбари Давронов бўламан. Сиз ким бўласиз? 
       Бошқа кимса бўлганда, у албатта, бошқача жавоб берган бўлар эди. 
       – Мен Ифтихор Бахтиёровман. Улгуржи савдо корхонаси раҳбариман.  
       – Ифтихор ака, сиз Роҳила Поёновани танийсизми?  
       Йигитнинг юраги шиғ этди ва алдаш ноўринлигини ҳис қилиб, тўғри жавоб берди.      
       – Ҳа, танийман.  
       – У ҳолда, ҳозир зудлик билан Юнусобод районининг тезкор пунктига, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат билан етиб келишингизни сўрайман.  
       – Тинчликми? Нима гап ўзи?  
       – Келганингизда айтамиз. Постдаги милиционерга Давронов олдига келдим, десангиз, хонамни кўрсатиб юборади. Тез етиб келинг! 
       Ифтихор ташқарига чиқиб, “Малибу”сига ўтирди ва айтилган манзил сари йўл олди. Унинг бошида минг хил ҳаёл ғужғон ўйнар эди. Роҳилага қўнғироқ қилиб, қизиқсинмикан? Йўқ, уни биласанми, деб сўрашаяпти, демак бир кори ҳол рўй берган. Қани, борсин-чи...
       Капитан Давронов уни жиддий қиёфада қарши олди. Рўпарасига ўтиришга ундади. 
      – Мен сизни ҳозир сўроқ қиламан. Ҳар бир айтган сўзингиз баённомага ёзилади. Шунинг учун, аниқ ва ёлғон аралаштирмай жавоб беришингиз лозим! Тушундингизми?   
      Капитан, аввалига Ифтихорнинг тўлиқ исми-шарифи, яшаш манзилларини суриштирди. Сўнг, сўроқни бошлади. 
       – Сиз, Роҳила Поёнова билан охирги марта қачон кўришгансиз? 
       – Ўтган ҳафтанинг жума кунида.    
       – Саккиз кун бўлибди-да?  
       – Ҳа, шундай. 
       – Кеча, кечки пайт 17:00 дан 19:00 гача қаерда эдингиз?  
       – Ўртоқ капитан, нима гап ўзи? Менга тушунтириш беринг!   
       – Сиз, аввал берилган саволга жавоб қайтаринг, кейин айтаман. 
       Ифтихор гап мағзига тушунолмай сўз қотди.  
       – Кеча, Туркиядан ҳамкорларим келишган эди. Бутун кун улар билан овора бўлдим. Кечки пайт “Эфенди” ресторанида овқатландик. Борганимизда соат бешга яқинлашган эди. Анча суҳбатлашдик. Сўнг, тахминан соат етти-саккизлар орасида мен уларни меҳмонхонага олиб бориб қўйдим. Бугун улар ўзлари шаҳримиз бозорларини кўришмоқчи бўлишган. Улар билан ёрдамчим бирга юрибди.                     
       – Буни ким тасдиқлай олади?
       Ифтихор елкасини қисди.  
    – Ким?.. Ёрдамчим, туркиялик меҳмонлар, ресторан официанти. Менимча, шулар. Энди, чақирилишим сабабини айтасизми?    
      Милиция тезкор бўлими капитани унга тикилди. У жуда ўткир психолог эди. Одамлар қачон ёлғон гапиради, қачон ростини сўзлайди, жуда яхши ҳис қилар эди. Ифтихорга ишонди. Сўз қотди.  
      – Кеча, ўша сиз танийдиган Роҳила Поёнова ўз уйида пичоқлаб ўлдириб кетилган. У аёлнинг барча телефон орқали қилган алоқаларини текшириб чиқаяпмиз. Сизга куннинг биринчи ярмида сим қоққан экан. Нималар ҳақида гаплашдингиз? 
       Йигит бу ўлим ахборотидан даҳшатга тушди. Оғзидан ушбу сўзлар чиқиб кетди.  
        – Шундай гўзал аёл-а! Вой... Оллоҳ раҳмат қилсин...
       Шу гапидан бироз ўнғайсизланди. Ва жавоб берди. 
       – Ўртоқ капитан, менинг ушбу гапларимни баённомага киритмаслигингизни илтимос қиламан. Биз иккимиз бир-биримизга ёқиб қолгандик. Яқинда учрашишни бошлагандик. Ўтган ҳафтадаги жумада висолимиз яхши ўтганди. Бу гал ҳам учрашамизми деб қўнғироқ қилганди. Мен кун бўйи, кечга қадар ҳам ҳамкорларим билан биргалигимни айтиб, бу ҳақда бошқа кун гаплашайлик, дегандим.  
      – У эрлик, оилалик аёл бўлган. Сизнинг ҳам хотинингиз бор. Шундайми? 
      – Ҳа. Шунинг учун, бу ҳолат сир бўлиб қолишини истардим. Илтимос қиламан.  
     – Буни ўйлаб кўрамиз, Бахтиёров.   
     – Иложи борича ёрдам беринг, командир!           
     – Сизни тушундим. Менга ёрдамчингизнинг исми-шарифини ва телефон рақамини беринг. Ва,охирги савол: қачондан бери учрашиб юргансиз Роҳила Поёнова билан? 
      – Танишганимизга икки ҳафта бўлганди-ёв!    
      – Тушунарли. Унда, сизга чиқиб кетиш учун рухсатнома ёзиб бераман. Керак бўлиб қолсангиз, чақиртираман. Лекин, аввал мана бу кўргазмага “Ўз сўзларимдан ёзилди”, деб қўл қўйинг.    
      – Ўртоқ капитан, чақиртирманг, қўнғироқ қилинг, ўзим етиб келаман. Хотинимни жуда севаман. Унинг хафа бўлиб қолишини истамайман. 
      Йигит шундай дегач, олдига қўйилган кўргазмани синчиклаб ўқиб чиқди. Тўғри ёзилганига ишонч ҳосил қилиб, тагига ўз қўлини қўйиб, фамилиясини ёзиб берди.   
      – Мана, мархамат!
      Давронов ҳужжатга бир кўз югуртирди-да, рухсатномани узатар экан, хитоб қилди.   
      – Ифтихор ака, мана олинг! Сизга рухсат, энди кетаверинг!
      Ифтихор чиқиб кетгач, капитан сал наридаги стол-стулда ўтирган лейтенантга сўз қотди. 
      – Кўрдингми! Ҳа, эркак-а, эркак! Хотинингни шу қадар севар экансан, нима қиласан, ўйнаш тутиб?
      Лейтенант мийиғида жилмайди-қўйди. Жавоб бермади.  Капитан ўз сўзларини давом этдирди.   
      – Сенга топшириқ: унинг ёрдамчиси билан қўнғироқлашиб, ушбу  Бахтиёровнинг айтилган пайтда қаерда бўлганлиги тўғрисидаги маълумотни ҳужжатлаштириб кел! 
      Ифтихор тезкор гуруҳга сўроқ бериб чиққач, бегона жононга илакишганига мингдан минг тавба қилди. Бундан сўнг, ҳеч қачон бундай ишни такрорламасликка ичида қасам ичди. “Ҳа, онам айтган эдилар, ўғлим бизларга ҳаром ёқмайди, ҳалол бўлгин, деб. Бизнесида ҳамиша ҳалол иш қилади, афсуски шахсий ҳаётда бу ҳолатни бузди, хатога йўл қўйди. Ишқилиб, Сожида хабар топмасин-да. Акс ҳолда, унинг олдида юзи шувит бўлади”. 
      Йигит ана шундай ўйлар қамровида ўз офиси томон йўл олди. 
        Сожида кечки пайт ранги ўчинқираб келган эрига ҳайрон бўлиб боқди. 
      – Ифтихор ака, нима бўлди? Нега жуда толиққандексиз?    
      – Чарчадим, шекилли. Икки кундан бери туркиялик ҳамкорлар билан овораман.   
      – Ундай бўлса, аччиққина шўрвани танаввул қилиб, кетидан аспирин ичиб, ўралиб ётинг. Бир терласангиз, эрталабгача яхши бўлиб қоласиз.       
      Ифтихор ётоғига кириб, кийимларини алмаштириб чиқди-да, ваннага кириб, яхшилаб совунлаб, юз-қўлларини ювди. Ошхонага қадам ташлаб, овқат сузаётган хотинига сўз қотди.   
       – Сожида!    
       – Лаббай, дадаси!  
    – Мен сени жуда яхши кўраман. Умримнинг охиригача, сўнгги нафасимгача сен билан бирга бўламан!  
       Аёл жилмайди.  
       – Бугун нима бўлди, сизга? Тинчликми?  
       – Ҳа, тинчлик. Фикрларимни билдирай дедим-да.  
       – Майли, ўтиринг жойингизга. Ҳозир болаларни хонасидан чақираман. Жамулжам овқатланамиз.
       Сожида шундай деди-да, ичида ўйлади: “Мана, эри тавбасига таянибди, шекилли. Ҳойнаҳой, анави мегажиннинг телефонидан унинг рақами чиққан ва у милицияга бориб, кўрсатма бериб келган. Бундан кейин, Худо хоҳласа, оиласи мустаҳкам бўлади”.       

       ***
   Турғун Темир эртаси кун яна бомдод намозини денгиз бўйида ўқишга аҳд қилди. Тонг ёришиш арафасида қирғоққа етиб борди. Ўтган сафардаги каби, сув билан пальма ўртасидаги қумликка жойнамозини солиб, ибодатини адо этди. Сўнг, ўз вужудини Мексика кўрфазининг илиқ тўлқинлари бағрига берди. О, қандай ажойиб! Тана яйрайди-я! Нақадар оромбахш шўр сув! О, қандай нашидали дамлар! Бундай роҳатдан унинг душманлари маҳрумдирлар. Балки, улар, ҳозирга қадар нариги дунёда, гуноҳлари кўп бўлганлари учун, Мункар ва Накирга жавоб бераётгандирлар.   
     Турғун Темир гоҳо-гоҳо, фақат ўзи учун шеърлар битиб турарди. Шу пайтда унинг ёдига икки назмий сатри келди: “Сен ўзингни «зўрман!» дема, Сендан зўрроғи бордир. Сен ўзингни «борман!» дема, Сендан борроғи бордир...” Ҳа, жўжани кузда санаган маъқул, дейишган машойихлар.  
    У қулоч отиб, уммон томон сузди. Чарчагач, тўхтади ва одатича, чалқанча ётганча, қўл-оёқларини ёйиб, юзини осмонга қаратиб, сув юзида қалқиб,  дам ола бошлади. Ва, ҳаёлан салом берди.  
      – Ассалому алайкум, Денгиз ота!   
      – Ваалайкум ассалом, бўталоғим! Бомдодни менинг қошимда ўқиб, яхши иш қилдинг-да! Энди, сен қирғоққа чиқ. Бемалол суҳбат қурамиз. 
      – Хўп бўлади, Денгиз ота!
      Йигит замин сари сузиб кетди. Сувдан чиқиб, қуруқ қум устига ўтирди . Бу дамда уммон томондан, миллион йиллардан бери нур таратаётган, Ер куррасидаги жонли ҳаёт жараёнини таъминлаётган Қуёш, ўз заррин нурлари билан атрофни ёриштира бошлади. Турғун Темир дилида сўз қотди.      
     – Денгиз ота! Мени эшитаяпсизми?  
     – Ҳа, бўталоғим. Хуллас, буюртманг амалга оширилди. 
     – Бунинг учун катта раҳмат! Ёруғ олам икки-уч ифлосдан тозаланибди. Бунга хурсандман. Лекин, бир савол берсам майлими? 
     – Ҳа. Менда ҳар қандай саволга жавоб бор.  
     – Мени бу ишнинг қандай қилиб, яъни қай усулда ижрочига, ёки ижрочиларга бу шавқатсиз топшириқни бажариш илҳоми берилгани қизиқтираяпти.  
     – Бўтам, олам қонунларини тўлиқ ҳис эта олиш оддий инсон онги учун мушкулдир. Лекин, айрим буюк файласуфларга, улуғ тасаввуф вакилларига шундай имконият берилганки, улар кўп воқеъликларни, ҳодисаларни, уларнинг сабаб ва оқибатларини тушунтириб бера оладилар. Бироқ, барча жиҳатларни тўлиқ мушоҳада эта олмайдилар. Чунки, бу қонуниятлар одам учун сирриётдир. Сен бир нарсани бил ва буни тарғиб эт: Кимки, ўз ҳаёти мобайнида атрофдаги одамларга, жамиятга муттасил ёмонлик қилиб бораверса, у ўз ажалини тезлаштирган ва уни чақирган ҳисобланади.  Инсонга буни тушинтириш қийин. Айримлар ўз тақдирим олдиндан белгиланган, деган ақидага ёпишиб олишган. Бундан ўн икки аср илгари юртдошинг, бобокалонинг Имом Мотуридий аниқлаганки, одам тақдири икки бўлакдан иборат. Бири, Яратган Зот томонидан белгилангани, иккинчиси банданинг ўз ҳаракатларидан келиб чиқувчисидир. Инсонга танлаш имконияти берилган. Шунинг учун, айрим ижодкорлар руҳий илҳом келган дамларда жуда тўғри сатрларни битишган. Масалан, “Тақдирни қўл билан яратур одам, Ғойибдан келажак бахт бир афсона!” Эшитганмисан?        
      – Ҳа! Биламан. Ғафур Ғуломники.  
    – Яна бир буюк тасаввуф таълимоти алломаси Боязид Бистомий деганки: “Эй, инсон! Ҳаётдан талабингни улуғ қил! Озига кўникма. Сенда шундай ақл бовар қилмас имкониятлар борки, уларни тасаввур ҳам қила олмайсан!”  
      – Денгиз ота! Сиз буларни қаердан биласиз? – ажабланди Турғун Темир. 
      – Ер замини борки, мен борман, бўтам. Менинг улкан ва кучли руҳим бор, у ўз қаърига барча инсоният билимларини жо эта олади. Ҳамда қудратли қувват бор: айрим жараёнларга, агар у ҳақиқат учун хизмат қилса, сезиларли таъсир эта олади.     
      – Демак, сизнинг руҳингиз кимларнингдир онгига туртки берган ва улар бу ишни амалга оширишган. Тўғри тушундимми?  
    – Ҳа, тўғри. Лекин, ажал чақирганлар ўз хатти-ҳаракатлари билан шундай шароитни пишириб етилтириб турган эдилар. Улар буни борлиқдан, ўзлари англамаган ҳолда, сўраб турган эдилар. Бунга ўзлари айбдорлар. Жазога нолойиқ кишиларга нисбатан ижобият томонидан ҳеч қачон бундай тажовузлар амалга оширилмайди. 
      – Англадим. Лекин, бу ишни қилган кишилар қўлга тушишлари ва қаттиқ айбга мубтало этилишлари мумкин-ку!  
     – Менинг руҳим уларга эҳтиёт чораларини қўллашни ўргатиб турди. Улар беихтиёр шундай қилдилар. Ва, милиция ходимлари онгига ҳам таъсир кўрсатдимки, уларда ҳам бу “жиноят”ларни очишга кучли рағбат пайдо бўлмади.  
      – Аммо, сизнинг таъсирингизда буйруғингизни бажарганлар бу ишларидан кейинчалик изтироб чекиб, қийналмайдиларми?      
      – Йўқ. Улар бамайлихотир яшайдилар. Маълум вақт ўтгач, бу ишларини тамоман унутадилар. Вақт келганда илоҳий жавоб ҳам бермайдилар. Бу ишнинг  жавоби менинг ва сенинг бўйнимизда. Тайёрмисан, жавоб беришга?  
       Турғун Темир бошини лиқиллатди.  
       – Ҳа! Нақшбандия таълимоти ғояларидан келиб чиқиб айтаманки, тўғри иш қилдим. Бу оламни ёмон одамлардан тозаладим. Бу эса ижобий амал. 
       – Неча кундан кейин кетасан? – сўради Денгиз ота. 
       – Уч кун қолди. Тўртинчи кун қайтиш учоғига чиқамиз. 
       – У ҳолда уйингга яхши етиб ол. Оқ йўл тилайман. Биз бошқа гаплашмасак керак. Мен билан суҳбатлашишни истасанг, бомдод намозидан сўнг, дуоларингни ўқиб бўлгач, мени чақир, руҳим олдингга етиб боради. Иннакегин, бир маслаҳатим бор.  
       – Айтинг!  
      – Сенинг ишлаб чиқарган маҳсулотларингни ўз дўконида кенг кўламда сотадиган одам бор. Чуқурсой бозорида. Унга кейинги даврда “Тоға” деб мурожаат қилишади. 
      – Ҳа, биламан. Жиянини ишга олгандан кейин, ҳамма ўша йигитга муқояса қилиб, Тоға деб айтишга ўрганиб қолганди. Унинг номи ўша-ўша Тоға бўлиб кетганди. 
      – Ҳа, ўша инсон билан бақамти ишла. Унинг дўконига Мурод исмли мактаб ўқувчиси ҳам келиб, ишлаб, баҳоли қудрат ризқ топаяпти. Сен ўз фаолиятингдан олган даромадларингдан бир қисмини ўша йигитчанинг оиласига эҳсон қилиб тур. Ўқишга кираман деса, ёрдам бер. Унинг отаси йўқ. Бунга ҳам Исмат Поён сабабчи бўлган. Сенинг ишларинг бундан кейин кескин ривожланади. 
      – Хўп бўлади, Денгиз ота!   
      – Майли, бўтам, хайр!  
      – Кечирасиз, бир саволим бор: Исмат Поённинг фарзандлари тўлиқ етим бўлиб қолишибди. Уларнинг тақдири қандай бўлади?  
      – Уларни хотинининг синглиси ва куёви ўз бағриларига олишмоқда. Улар жуда ҳалол ва тўғри яшайдиган одамлар. Жиянларини яхши тарбиялашади.   
      – Тушундим. Раҳмат. Ва яна бир савол: менга айтган эдингиз, сен – танланган одамсан, келажакда бир муҳим иш топширилади, деб. У қандай топшириқ ва қачон берилади? 
      – Сабр қил, бўтам. Бунга вақт келганда, албатта айтилади. Бунинг мавруди ҳали келмади. Биз сенга муваффақият йўлларини очиб бердик. Фақат, тўғри ва ҳалол яша. Асло хато қилма, янглишма. Кўпроқ тасаввуф соҳасидаги китобларни ўқи, бу таълимотни яхши ўрган. Маълум даражага чиққанингда, онгингда яна кимдир келиб, мурожаат қилади. Шунга тайёр бўл!   
      – Хўп, Денгиз ота! Айтганларингизни бажараман. Хайр!         
      Турғун Темир ўрнидан турди. Бироз ўйланиб турди. Кейин, улкан ва чексиз шўр сув ҳавзаси сари одимлади. Йигит уммон томондан соҳил сари интилаётган бўй баробар тўлқинларнинг яқинлашиб келганининг ўртасига боши билан шўнғиди. Уммон уни оғушига олди ва думалатиб, қирғоққа чиқариб ташлади. 
    У бошқа сувга тушмади. Аста-секин, пальма тагидаги осма халтаси олдига борди, ундан оппоқ сочиқни олиб, артинди. Ва кўксига “Fear the call of death!” (Ажал чақириғидан қўрқ!) деб ёзилган футболкасини кийиб, коттежига, оиласи билан нонушта қилишга кетди.  

                                                                 Андовер, АҚШ. 8 декабрь 2022 – 19 январь 2023.

   Муаллиф ҳақида: Озод МЎЪМИН ХЎЖА (Озод Пўлатович Мўминов) - 1952 йилнинг 12 ноябрь куни Тошкентда туғилган.
   1970 йил мактабни тугатган. Шу йили Тошкент Давлат Университети Физика факультетига ўқишга кирди ва уни 1975 йили битирди. Шу вақтдан ВНИИПромгазнинг Ўрта Осиё филиалида инженер ва илмий ходим сифатида фаолият юритди. 1980 йилдан то 1990 йилгача Ўзбекистон Фанлар Академияси Физика-Техника илмий-текшириш институтига ўтиб, илмий тадқиқотлар олиб борди. Изланишлари асосида физика-математика фанлари номзоди диссертациясини ёқлади. Ихтиролар қилган. Улар катта иқтисодий фойда келтирганлари собиқ иттифоқнинг ихтирочиларга бериладиган медалига сазовор бўлган.
  Шу йиллар давомида адабиётга қизиқиб фантастик ҳикоялар бита бошлади. 1987 йилда “Хиёбондаги уч учрашув” фантастик ҳикоялар тўплами, 1989 йилда “Мен – робот” китоби, 1990 йилда “Энг доно от” китоби (таржима асар) босмадан чиқди. Шу йилларда унинг айрим асарлари Россия, Украина ва Қозоқистон матбуотида таржима қилиниб нашр этилди. 
  1992 йилда “Буюк Амир Темурнинг ёқути” тарихий асари “Шарқ юлдузи” журналида ва 1993 йили алоҳида тўпламда чоп этилди.
   1997 йилда “Бир йигит ва уч қиз ҳангомаси” ҳажвий ҳикоялари тўплами босмадан чиқди. 
  2004 йилда “Сардор “Бешагачский” – тоза ўғри” криминал қиссаси китоб ҳолида чоп этилди. 
  2006 йилда “Ваҳдат ул-ҳақойиқ” фалсафий трактати чоп этилди. 
  2007 йилда Ўзбек адабиётида илк бор криминал триллер жанрида ёзилган ““Ойжамол” чойхонаси”асарини чоп этди. 
   2006 йилдан Ўзбекистон тарихидаги ноёб хислатли инсонлар ҳаётига қизиқиб, уларни ўргана бошлади ва 2008 йилда буюк Баҳоуддин Нақшбанднинг устози ҳақида “Ҳазрат Сайид Амир Кулол” номли тарихий воқеаномалар асарини ёзиб тугатди. 2010 йилда бошқа бир бухоролик ноёб инсон ҳақида “Хўжа Муҳаммад Паррон” деб номланган тарихий воқеаномалар асарини битди. Бу асарлар 2012 йилда чоп этилди.
  2015 – 2020 йилларда “Буюк Амир Темур ёқути” (тарихий ва фантастик асарлар тўплами), “Коинот оқимлари” (фантастик роман, Айзек Азимовдан таржима),“Бир томчи раҳмат” (рисола, Абулҳасан Ҳарақоний ҳақида), “Мукофот ва қасос” (фалсафий рисола), “Шайх Зайниддин – олим ва валий” (тарихий қисса), “Мен биламан, севаман сени” (шеърий тўплам) ва “Тарих денгизи” (тарихий асарлар тўплами) ва "Лабиринт" (фантастик ҳикоялар) китоблари чоп этилди.
  Ёзувчи ҳозирги кунларда тарихимизда ўтган алломалар ва тасаввуф вакиллари ҳаётлари ва фаолиятларини акс этдирувчи асарлар битмоқда.        
  Озод Мўъмин Хўжа 1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмаси аъзоси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот