КЎЛ ҚАЪРИДАН ҚАЙТГАН МУҲАББАТ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
КЎЛ ҚАЪРИДАН ҚАЙТГАН МУҲАББАТ
ҳикоя
У уйча ёнидаги ўриндиққа чўккан кўйи кўлга термулади... Деярли ҳар куни шу; қаршисидаги манзарадан кўз узмайди...
Тақдир уни ёлғизлик комига ирғитган.
Ҳеч кими йўқ.
Ташландиқ...
Одам-а? Одамнинг ҳам ташландиғи бўларканми? У хасу чўпмидики, иқитқи ё чиқитқига айланса?
Кишилар унга қисмати қора деб ачинишади.
Ёзиқни ёзғирмоқ ниятимиз йўқ.
... Она шўрлик ўз ҳаёти эвазиги бу бахтсизни дунёга келтирди. Омонқул туғилган онда қазо қилди. Бола отаси ва бобоси қўлида қолди.
Кўп ўтмай дарбадарликни даври даврон деб билгувчи отанинг йўли очилди. Кетди. Бир гўрларда – тубканнинг тубида томир урди. Қишлоқдан изини ҳам, юзини ҳам ўчирди. Ўрисми, чулчитми, ишқилиб, яна бир жувонмаргни топиб палак отди.
Она армонда, ота зормонда қолган бу дунёда бола энди чин етим бўлди – биргина бобосининг қўлида қолди.
Бобо шу норасидани оёққа қўймагунча тупроққа кирмасилигини Худодан сўраб ёлвораверди. Яратган сўраганини севгувчи, чин ният эт, бергувчидир. Бобо узоқ яшади. Омонқул институтга киргани ҳақидаги хушхабарни эшитгач, наввос сўйиб элга ош берди. Биринчи курсни тугатгач, набирасини чақириб, рози-ризолик сўради, ҳаётдан ҳам, Оллоҳимдан ҳам ризо бўлиб, Омонқулни Оллоҳимга омонат қилиб, юзда табассум, юз ёш ила юзлашиб чархи дунни тарк этди.
Омонқул еру осмон орасида муаллақ қолди. Дунё ҳувуллади. Дунё увиллади. Ёлғизлик ёвдан ёмон, кўнглингни қуритиб кўкайингни чиритади.
Бироқ, бироқ... Тақдир осмонидан тўкилган севги ёмғирлари унинг қалбида ҳаётбахшлик туйғуларини жонлантириб юборади. Дил чаманзори гуллар очди, севги чечаклари барқ уриб, муҳаббат гуллари чайқалди. У севги билан тўқнашди. Қалбини Расида тобе этди. Ҳа, шу норасида умрида Расида тугаллик ва бахт тимсолига айланди. Ҳаёт йўли ёришди. У севди. Севади-ей, севди. Бошқа бир дунёнинг завқу шавқи оғушида қолди. Кун ҳам шу, ой ҳам шу – Расида! Етимлик етти букиб, ҳаммадан ҳам меҳр кўравермаган йигит учун қизнинг биргина табассуми, эркалиги ва меҳрибонлиги оламнинг чексиз муруввати бўлиб туюларди.
... Тиббиёт институтининг учинчи курс талабалари ўша давр русми- росамадига мос ўлароқ ётоқхона ошхонасида комсомолча тўй қилишди. Етим тўй дейишга тил бормайди. Ўша оқшом давра тўрида қур тўккан Омонқул ва Расида гўё ерда эмас, худди оққушлар, йўқ, фаришталар каби етти қат осмонларда парвоз этишарди.
Омонқул қишки ўқув таътили пайтида Расидани қишлоғига олиб келди. Бобосидан мерос боғ ва кенг-мўл томорқа четидаги ихчамгина уйга киришди. Таътилни шу ерда ўтказишди. Қўноқлик пайти ҳар куни уй ёнидаги кўл бўйига чиқишади. Балиқ овлашади, қуёшнинг кунчиқардан қип-қизариб чиқиши, борлиқ шовуллаган шуъла ичра ғарқ бўлиши, ойнадай тиниқ кўл сатҳи оловтус олиб, қип-қизил осмоннинг кўл қаърига сингиб кетишини томоша қилишади.
– Осмон кўлда чўмилаяпти, – дейди Расида жилмайиб.
– Осмон кўлни севиб қолган. Кўл қаърига муҳаббат чўкиб бораяпти, – дейди Омонқул.
– Қаранг, еру осмон алвон ранга бўялиб, кўл билан осмон бирикиб кетгандай, энтикади Расида.
– Бу муҳаббат ва бахт ранги, осмон кўлда ўзини кўргани каби инсон ҳам муҳаббат шуъласида ўзини топади, – дейди Омонқул.
– Сиз врач эмас, шоир бўлишингиз керак, аслида, – кулади қиз.
– Сен эса оқ халатли фариштам, ҳам илҳом париси бўласан, – жилмаяди йигит.
Қиз унинг кўксига бош қўяди. Кўзлари қаърига бепоён шафақтус осмон сингиб кетган каби қорачиқларидан ловуллаган севги оташи отилади гўё. Ким билсин, Омонқулга шундай туюлади.
Кунинг қувноқ ўтса, йилинг қанот қоқади – бир пасда ёз остона ҳатлади. Галдаги имтиҳонлардан омон-эсон ўтиб олган Омонқул ҳамда Расида қишлоққа, Оққул бўйидаги бобо ҳовлига кетишга ҳозирлик кўришарди. Ижара уйнинг пастқам эшиги очилиб остонада озғин, миттиқад жиккакдеккина кампир пайдо бўлди. Ҳовлида идиш-товоқ чаяётган Расида бир зум тош қотди. Сўнгра кампиршо томон ўқдай отилди.
Супада ёнбош тортиб китоб ўқиётган Омонқул бу манзарани кўриб, худди мультфильмдаги сичқон томон югуриб бораётган мушук тасвири хаёлида жонланди. Беихтиёр жилмайиб ўрнидан турди-да, қайнонасига пешвоз чиқди. Омонқул кампирнинг қўлидаги бозортўрвани олиб, гандираклаб кетди. Бунча оғир бўлмаса, шу ҳолига қандай кўтариб келдийикин-а?
Супада чой ичишди. Момо қизига синчков- синчков термилиб қўяди. Унга нимадир дегиси келади. Расида эса хурсанчилигидан ўзини қўярга жой тополмайди. Пойтахтдан уч юз чақирим наридаги шаҳардан қизи ва куёвини йўқлаб келган онасидан кўз узмай жилмайгани - жилмайган. Омонқул уларни холи қолдириш лозимлигини, кампир қизига нимадир демоқчи-ю, бироқ, ийманаётганини ҳис қилиб, соқол қиртишлаш баҳонасида ўрнидан турди. Ошхона олдидаги сув қувур жумрагини бураётиб қайнонасининг татарча сўзлагани қулоғига чалинди:
– Син але йукли тугел иденме?
Минем онегем булерге телим...
Омонқулнинг ич-ичидан оғриқ турди. Уч ой олдин ҳам келиб шу гапни қўзғовди. Қизига қачон фарзандли бўласизлар, мен ҳам набира кўришни истайман, деб арзи ҳол қилаяпти яна. Омонқул сув қувурини ёпиб шаҳд билан ичкари уйга кириб ўзини диванга ташлади. Ўзини ожизу натовон сезди. Ташқарига чиқишга, кампирни юзига қарашга ботинида куч тополмади. Анчагача ўз ёғида ўзи қоврилди. Ётди. Бир оздан сўнг хонага Расида кирди:
– Сизга нима бўлди? Нега иҳраяпсиз? Тобингиз қочдими?
– Бошим оғрияпти.
– Ойим кетаман деяпти. Хайрлашиб қўйинг.
Кампирни кузатишгач, Расиданинг ҳам қиёфаси тунд тортди. Супа четига омонат қўниб эрига сўз қотди:
– Ойим Қримга кетмоқчи. Ота-онамнинг қабри шу ёқда, болалигим ўша ерда кечган, кўплаб қариндошларимиз ҳам Қримга кўчишаяптийикин. Ойим сизлар ҳам борсангизлар, янаям яхши бўларди, деяпти.
– Майли, сессия тугасин, бир айланиб келамиз. Қора денгизни ҳам кўрамиз.
– Ойим бутунлай кетмоқчи. Бизга ҳам Қримга кўчинглар, деяпти.
Омонқул ҳангу манг бўлиб эсанкираб қолди:
– Эсинг жойидами?
– Жойида!! Икки баробар жойида. – Расида ўрнидан шаҳд туриб уйга кириб кетди. Лаҳзада чарақлаган осмонни булут қоплагандай бўлди – Омонқулнинг ичидан нимадир чирт этиб узилиб кетди – дили хира тортди.
Орадан икки ҳафта ўтиб, кампиршо яна пайдо бўлди. Бу гал овозини баландлатиб гапирди. Қайнона қуёв орасидаги сирли парда ҳам сидирилиб тушганди.
– Ўқишларингни Қримда ҳам давом эттираверасизлар, – деди ичкари уйдан чиқиб ҳовли томон йўл олган Омонқулга.
– Ҳеч қачон! Бу гапни бошқа айтманг! – Зардаси қайнаган куёв оёғи остидаги йилим офтобани зарб билан тепиб юборди ва ташқарига чиқиб кетди.
Кампир унинг гап-зардасини “Бошқа бу ерга келма!”, деб тушунди.
– Айтмасанг ҳам келмайман. – Шанғиллади унинг ортидан. – Лекин қизим ҳам мен билан кетади, билиб қўй!
Омонқулнинг ўқиш жойига ҳарбийдан қоғоз келди. Хизматга чақиришди. Комиссарликка борди. Кейинги ой кетасан, яқинларинг билан хайрлашиб кел, – дейишди.
Ким билан хайрлашади? Яқинлари борми? Кими бор? Биргина Расидадан бошқа кими бор? Ҳеч кимга унинг қаерга кетиб, қаердан келаётганининг умуман қизиғи йўқ. Бир ҳисобга яхши бўлди. Икки йил хизматга кетса, Расида ҳам онаси билан Қримда яшаб туради. Бу ерларда бир ўзи нима қилади. У шўрлик ҳам етим ўсган. Унинг ҳам отаси онасини тишлаб аллақаерларда саргардон бўлиб, диму-дарс йўқолиб кетган. Бироқ, Расиданинг суянадиган онаси бор. Омонқулга: “Онам билан иккингиз менинг қанотларимсизлар...”, дегувчи эди баъзида.
Фурсатини топиб ҳарбий чақирув ҳақида Расидани воқиф этди. Қиз эшикка суяниб анграйиб турди. Ич-ичидан қўзғалган титроқ зарби бўғзида портлади – кўзларидан ёш сизди. Сўнгра ўкириб йиғлаб юборди.
– Мен-чи?! Мен нима қилай? Мен энди нима қиламан?! – У титраб қақшаган кўйи эшикни муштлаб йиғлади. Омонқул уни бағрига босди. Аъзойи тани титраб, кўзларидан ёш сиза бошлади.
– Мен сени бутунлай ташлаб кетмаяпман-ку. Ахир... Ахир... Армияга ҳамма боради. Икки йилда бурчимни бажариб келаман. Тинчлан. Йиғлама!
– Мен... Мен нима қилай?
– Сен... Сен майли, онанг билан Қримга жунайверасан. Ўйлаб кўрдим. Хизматдан сўнг ўзим сизларнинг ёнингизга бораман. Сени олиб келаман.
... Ҳарбийга кетди. Пешонасига Афғон урушида икки йил ўқ ёмғири ичида жон сақлаш ёзилган экан. Деярли ҳар куни қон кечиб, ўлим нафасини туйди.
Тақдир Омонқулга сон-саноқсиз ўликларни кўргани ва ақлдан озаёзгани, энг муҳими, ўзин кўрсатиб қўйиш – тақдир деган тушунча борлигини англатиши учун ҳам омонлик берди. Қисмат қўли унинг пешонасига “Омонқул” деб ёзганди.
Урушдан урушни олиб қайтди. Одамови ҳардамхаёл. Сокинликка сиёғи сингимай қийналди. Қримга жўнади. Расида йўллаган мактублардаги манзил бўйича борди. Энди унга қаерда яшашнинг фарқи йўқ эди. Кимсасиз оламда кимсасиз кимсанинг борми кимсага кераги?
Унинг умиди ҳам илинжи ҳам энди биргина Расида. Ҳаётига шугина инсон нур беради, уни ўйласа, қалби бироз таскин топар, ҳар ҳолда нимагадир керак эканлиги, ўзи ҳам кимгадир талпинаётганини англаб қолади. Шу илинж - илдиз. Норасида дунёнинг Расидаси! Бу дунёда ушлаб турган ягона куч-қудрат ҳам Расида! Йўқса, бу думалоқ ер юзидан йўқлик ўпқонига қулаб тушиши мумкин.
Топди. Расиданинг манзилини топди. Очиғи, хавотирда эди, бирор кор-ҳол юз бердимикан, деган ўйда ваҳимага тушганди. Чунки, урушдалиги пайти кейинги олти ой давомида ундан хат олмаганди. Хат ёзган, албатта хат ёзади, унинг хатлари казарма хат қутисида тахланиб ётгани ҳам чин. Омонқулнинг ротаси Октябрдан то Март ойигача, деярли олти ой казармада бўлмади. Панжиерга чегарадош Алихили тоғларида жанг қилишди. Унинг ўзи ҳам ярадорларни хавфсиз ҳудудга олиб қайтаётганда, оғир яраланди - тиббиёт взводи машинаси минага тушди. Омонқулни Баграмдаги ҳарбий госпиталга жўнатишди. Шу ерда бир ой ётди. Ўзига келгач, Расидага ёзган мактубини почта вертолёт келса, бошқа ярадор жангчиларнинг хати билан бирга олиб кетишлари мумкинлигини билди.
--- Вертолёт қачон келади?, - сўради ҳамширадан.
--- Худо билади. Душман тоғларга жойлашиб олган. Вертолёт тугул, самолётлар ҳам учолмаяпти-ку...
Вертолёт келди, шу вертолётда ўз мактуби билан бирга Омонқулнинг ўзи ҳам аэродромга учди. Ҳарбий юк самолётида уйга қайтди.
... Мана, Расиданинг эшиги олдида турибди, кўзлари тиниб кетаяпти, эшик тепасида осилган 25 рақами гир-гир айланаяпти, икки бешга, беш иккига, икки - беш, беш - икки...
Қалтироқ тутган қўллари, не-не ярадорларнинг ёриқ ва ўйиқ таналаридан ўқ ҳамда темир парчаларини суғуриб олганда титрамаган қўллари қалтираяпти. Не бир даҳшатларни кўриб тош қотган кўзларида ёш сизаяпти, ўлим қаршисида сесканмаган қалби қинидан чиққудек депсинади, бўғзида тош қадалган. Ҳозир эшикни Расида очади, ўкириб юбормаслик учун энтикиб нафас олади. Эшик очилиши ҳамоно Расидани маҳкам қучади, кўксига бош қўйиб, борлиғига сингиб кетади, майли, ўкириб йиғлайди, майли, Расидадан уялмайди, ахир у севгани, уни соғинган, бу дунёда унинг борлиги, уни деб тирик қолгани учун йиғлайди.
... Эшик шарақлади. У лаҳзада кўзларини юмди, юраги зарб билан уриб, ҳолсизланди.
Эшик очилди. У бўсағада йўғон бўйнига сочиқ ташлаб олган, юзи сарғиштоб, кўккўз бир барзангини кўрди.
- Кемга кира?, - деди у татарчалаб ва ажабсинди.
- Менга Расида керак эди!
- Кем син?, - лаҳзада юзи қизариб, бурун катаклари пир-пир учди остонадаги девкелбатнинг.
- Омонқулман, - эсанкиради йигит.
- Ул ўлде. Ул инде юк. Мене шул! (У ўлди. У энди йўқ. Тамом!)
Омонқулнинг кўз олди хира тортди, борлиқ гир айланиб, силтаниб кетди ва деворга суяниб қолди.
- Н... н.. нима деяпсан? Нега ўлади? Н-нега?!, - ўкириб юборди ўғлон.
- Хезер, бар, югал!!! (Кет энди, йўқол!), - Эшик шарақлаб ёпилди.
У деворга суянган кўйи, ерга чўкди. Бир нуқтага маънисиз тикилиб, қотиб турди. Нафаси бўғилди. Қўшни хонадон эшиги тарақлаб, жиккаккина кампир чиқиб келди. Кўзлари қизарган, аллахиёл бўлиб, деворга суяниб ўтирган Омонқулга қараб маст-аласт бўлса керак, деб ўйлади-да, ғудраниб, қўл силтаб, уфф тортди.
- У ўлди..., - деди Омонқул кампирга маъносиз қараб.
- Улде. Ул кута ял итсен. (Жойи жаннатда бўлсин). - Кампир унга энди ҳайратомуз бир қараб қўйди-да, зинадан пастлади.
Омонқул қандай қилиб кўчага чиққанини, қай томонга гандираклаб кетаётганини англамас, унинг бошига бу гал чиндан ҳам осмон қулаб тушганди. У Қрим кўчаларида елкасига ағнаган осмонни кўтариб тентирар, олис-олисларга йўқ бўлиб, йўқолиб кетишини хоҳлар, айни дам қаерга боришни ҳам билмас эди. У энди чин маънода етим, муҳаббати етим этган эзғинди бир кимсага айланганди. Хаёлига келган фикр шу бўлди: "Саша, Саша Ивановнинг ёнига, Олтойга кетаман..."
Кечки пайт поезд елкасини осмон босиб турган одамнинг дарди ҳасратларидан зўриққан каби чинқириб, шимол томон йўл олди.
У Олтойда икки йил яшади.
Тақдир тиғларидан азоб тортаётган қалб жароҳатига вақт табиби малҳам бўла бошлаган кезларда, хаёлининг бир бурчагида киндик қони тўкилган маскан соғинчи мавж урар, айниқса, бобосидан қолган ҳовли, пастқам кулба, осмоннинг бир четига туташиб кетган кўл, сув юзида акс этган шафақ авжи, кун ботарда қўр тўккан тоғ, узумзорни кесиб ўтган қишлоқ йўли, эгаларига ўхшаб кетадиган уйлар... бари-бари кўз ўнгидан ўтарди.
У қишлоққа қайтди. Ёлғиз ўзи яшай бошлади. Ўқишни тиклаш хаёлига ҳам келмасди. Қонни кўришга тоқу тоқати йўқ. Икки йил ярадорлар ичида гангигани икки юз йилга татирди. У қондан қўрқиб қолганди. Тиббиётга қайтишга юраги бетламасди.
Кун бўйи ҳовли ёнидаги тўзғин харакка чўккан кўйи кўлга термулади. Кўзлари кўл сатҳида қотиб қолади. Худди кўл ичидан аллақандай мўъжиза юзиб чиқадигандай...
У энди қишлоқ кўчаларида пайдо бўлса, одамлар ўзини олиб қочишарди. Уст- боши увада, афтадаҳол, эзғину тўзғин Омонқулнинг қўйнида ё униқиб кетган шимининг чўнтагида ярми бўшаган вино шишаси бўларди.
Ҳайҳотдай томорқа--- бобосидан мерос ҳовли бўм - бўш, на бир гиёҳ ўсар, дов- дарахтлар шох ташлаб, қўра-оғилхоналар ҳувиллаб ётарди. Омонқулга ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ эди.
Шу боиски, ўн беш ўрам томорқадан қўшниси Раҳим ака фойдаланади. Эвазига ош- овқати, еб- ичиши, киярга эски-туски бўлса ҳам кийим-кечаги шу ҳамсоянинг ҳисобидан. Раҳим ака нураган қўра ва оғилхонани тиклади, ичига қўй-молини солди. Боғни парвариш қилди, кўчатлар экди. Омонқулнинг ризолиги билан ҳовлининг бир бурчагида кенжа ўғли учун тўрт хонали шиферли уй қурди. Омонқул энди Раҳимнинг оила аъзосига айланди. Омонқулга бунинг ҳам қизиғи йўқ. У ахир бутун ер юзига сиғмаяпти-ку, Раҳимнинг оиласисиз қолибдими, фақат манови кўл, эски харрак бўлса бас. Бир коса ёвғон, бир бурда нон етади. Кўп нарса керак эмас. Кўлга термулиб ўтирса, ҳеч ким ҳалал бермаса бас...
...Орадан йиллар ўтди. Йиллар кечди. Йиллар учди... Омонқул йилларки ўз кулбаси ёнида Раҳимнинг кенжа ўғли Собирбой тиклаб берган суянчиқли мустаҳкам ўриндиқда кўлга термулиб кун ўтказди.
Омонқул кексайди. Кулба шўрлик ҳам нурайман, деб турган маҳали Собирбой икки хонали, бир айвонли жуда кўркам ва ихчам бошпана қуриб берди. Деворлари оппоқ, ҳатто томидаги ёпинчиқлари ҳам оппоқ бу бино худди кўлга қараб сузиб бораётган оқ кемага ўхшарди. Агар кимки нарги қирғоқдан қараса, қишлоқ четига туташган кўл юзида оппоқ кема сузиб юрибди, деб ўйларди. Боласи тушмагур уйчани худди шу андозада тиклаган эдики, қишлоқдагилар бу "ҳашамат" ни “Омонқулнинг оқ кемаси”, деб аташар, Оқ кема капитани Омонқул эса ленинкепкани бостириб, кўлга кўз тиккани кўз тиккан эди. Лаблари пир пир учиб, ким биландир гаплашиб ўтирар, мижжасида ёш томчилари титрарди. Кўлнинг алвон юзасида айни қуёш ботаётган паллада оқ харир либоси қирмизи тусда товланган Расида пайдо бўларди, айни шу маҳалда, шом олди талош палласида сув юзида Расидани кўрарди.
- Яхшиям Сен борсан, Расида. Сенинг борингга шукр, Расида, - дерди Омонқул.
- Сиз ҳам борсиз, Сизни соғиндим, Омонқул, - дерди Расида.
- Мен ҳам жон-жонимдан соғиндим, Сени соғинганим учун ҳар куни йўлингга термуламан.
- Мен ҳам Сизни кўргани келавераман. Ҳар куни ёнигизга шошиламан. Сизни кутаётганингизни биламан, Омонқул.
- Сен ўлмагансан-а, Расида?!
- Ҳар куни сўрайсиз-а? Қўйинг энди бошқа сўраманг. Ахир ўлган бўлсам Сизнинг олдингизга келрмидим?...
- Сен ўша-ўшасан. Мен қаридим Расида...
- Сиз қаримайсиз. Биз қаримаймиз, Омонқул.
Омонқулнинг кўз ёшлари жимирлаб кўлни тўсиб қўяди. Расида ғойиб бўлади. Ҳар куни аҳвол шу – шомталош палласила Омонқул уни кўради. Кўз ёшлари шўриш этган юзини кафти билан силаркан, кўнглида бир енгиллик ва сокинлик уйғонади. Бошқа оламнинг унга кераги йўқ – у шу олам учун, шомталош вақти Расида билан кўришиш, у билан суҳбатлашиш учун яшаяпти. Расида ўша йигирма ёшида, қадди-басти тик, навқирон ва гўзал палладаги дуркун алфозда намоён бўлади.
- Бово, овқат олиб келдим. Яна йиғлаяпсизми, қуёш ботди, юринг уйга, - дейди Раҳимбойнинг невараси.
Омонқул, олтмиш ёшнинг нари берисида бобо бўлиб қолган Омонқул қаршисида турган болакайга ҳардамхаёл термулади.
- Юрақол болам, юр, - боланинг ортидан эргашади.
- Бовожон, Сиз кўлга қараб кўп йиғлайсиз-а? Нега йиғлайсиз?
- Билмасам болам, билмасам.
- Бово, Сиз танк ҳайдаганмидиз урушда? Танкдан отгандир сизам-а?
- Сўраб нима қиласан болам...
- Отам бовонг уруш азобидан қутулолмай шуйтиб қолган дейди... Уруш азоби нима у, бова?
- Энг ёмон азобдир-да, болам.
Омонқул тугунча кўтарган болакайнинг ортидан юриб ўз уйчасига киради. Бола овқатни қолдириб ғойиб бўлади...
Ноябрь оёқ узатмасдан кун совиб кетди. Қиш эрта келди. Қор ёғди. Изғирин. Омонқул кўл бўйидан қайтиб келиб, тўшакка чўзилди. Юраги безовта бўла бошлади. Осмон булут кунлари ҳам у кўлга термулишни канда қилмас, бундай пайтда Расида рўй кўрсатмаса, кўл атрофини бирпас айланар, яна ўриндиқда ўтириб, кунботарга кўз тикар, Расида билан ботинан, тил-забонсиз суҳбатлашар, беихтиёр яна мижжаларида ёш сизарди.
У ҳали барвақт бўлса-да, уйқуга чоғланди. Уйқу қаёқда, юраги қинидан чиққудай безовта бўла бошлади. Анчагина тўлғониб ётди. Уйча эшиги очилиб, остонада бир қучоқ ўтин кўтарган болакай пайдо бўлди.
- Бово, шундай совуқда кўл бўйида нима бор? Шамоллаб қоласиз-ку. Ҳозир чой қайнайди. Онам қайнатма шўрва қилди. Ҳозир оп келаман.
Қўшни бола олиб чиққан шўрвани татингач, манглайи терлади. Бола дамлаган чойни ичиб, ўраниб ётди. Туш кўрди: кўл усти ойнадай сип-силлиқ, музлаган. Совуқ. У кўлнинг қоқ ўртасида турибди. Кўл қаърида гўзал ва навқирон Расида пайдо бўлди, қўллари билан музни уриб, жон талвасасида тўлғониб, ташқарига чиқишга уринаяпти. Омонқул жон ҳолатда чўккалаб, иккала қўлини ҳам болғамушт қилиб музни ура бошлади. Расида ҳамон тўлғонар, энди боши билан музга урилар, муз ости, кўл қаъри қонга айланиб қолганди...
Омонқул уйғониб кетди. Тонггача мижжа қоқмади. Саҳар пайти қўшниси Раҳимбойдан ортган пўстинга ўраниб кўл қирғоғига чиқди. Анчагача тентираб юрди.
Кун совуқ, осмон олачалпоқ. Кунчиқар қизариб, тўзғин булутлар оловтусга кира бошлаган маҳал уйга қайтди. Болакай тахлаб қўйган ўтинни чўян печга солди. Печ олов олди. Совуқ суяк суягига ўтиб кетган экан, тентираб юриб сезмабди. Вужуди қалтираб човгум қайнашини кутмай тўшаги устига пўстакни ҳам ташлади-да, эгнидаги пўстинни ечмасдан ўринга чўзилди. Бош-оёқ кўрпага ўранди.
Чошгоҳда уйғонди. Барака топсин, болакай дастурхон ёзиб, чой дамлабди. Сочиққа ўралган косадаги овқатни бобосининг ёнига қўйиб, печга кўмир ташлаётган экан.
— Бово, бовожон... Сизни бир одам излаб келди. Кинога туширадиганми, театр қўядиганми, шундай бир одам экан. Хуллас, Сизни кино қилишса керак. Танкдан отгансиз-ку-а, бово?
Омонқул чалама-чатти сўзлаётган болакайга ҳайрон тикилди. Туйқус асаби ўйнаб, юзлари жимирлаб кетди.
— Қаерда у?
— Бизникида.
— Бор, бориб айт! Мени йўқ де. Бовом анча бўлди ўлиб кетганига де.
Бола гарангсиб турди-да тайсаллади:
— Ундай деёлмайман.
— Дейсан!!!
Омонқул ўқрайди. Ич-ичидан оғриқ туйди: “Энди шуларга эрмак бўлувим қолувди...”
Ўзини ҳақоратлагандай сезди. Аввал ҳам бир ёзувчими, мухбирми келиб бошини гаранг қилганда йўлини кўрсатиб қўйганди.
Бола довдираган кўйи уйчадан чиқиб, томорқа адоғига қараб кетди.
- Ассалому алайкум!
Уйчага меҳмоннинг ўзи кириб келди. Айвон эшиги олдида тик турган алфозда Омонқулга синчиклаб тикилди. Эгнини деворга суяб ўтирган Омонқулнинг энсаси қотди:
- Ва алайкум ассалом!
- Сизни излаб келувдим. Кўлни кўрсам дегандим.
Омонқул бу одамни сурбет деб ўйловди, йўқ, юзига синчиклаб боқувди, чеҳрасида алланечук жозиба ва илиқлик туйди. Кўнглидаги озурдалик тарқади. Унга қизиқсиниб қаради.
- Ана кўл, бемалол, бораверинг,---чарслиги устун келди.
Баланд бўй, қошлари қалин чеҳрасида самимият балқиган қадди басти келишган меҳмон қоп-қара катта кўзларини юминқираб жилмайди:
- Сиз хурсанд бўласиз, фақат кўл бўйига чиқайлик.
Омонқул унга эргашди. Меҳмон кўлга узоқ термулиб турди:
- Д-а-а, м-м-м-м, да-а-а-а!
Айнан ўзи! Красота! Айнан ўзини чизган эканда! Ҳақиқатданам жуда гўзал! Ҳатто Сизнинг кулбангиз, мана бу тоғ, узумзор, йўл, уйлар, уфққа туташ кўл! Айнан шуларни чизган!
Меҳмон ўзига ҳайратланиб қараб турган Омонқулга боқиб жилмайди, яна катта қора кўзларини хиёл юмди. Юзидан нур таралаётгандай бўлди. Омонқулнинг кўнглида илиқлик ўти ёнди. У ҳам жилмайди.
- Чиройли – а? Чиндан чиройли...
- Ҳа, гўзал! Дарвоқе, мен ўзимни сизга таништирмабман. Исмим Валижон. Режиссёрман. Сизни яхши биламан, Омонқулсиз. Мендан ёшсиз барибир. Афғонда бўлгансиз. Яна кўп нарсаларни биламан.
Омонқулнинг энди жахли чиқди. Афғонни гапирди, демак, бу ҳам шу уруш ҳақида кино-пино қилса керак.
-Хўш, нимани биласиз? – деди тутоқиб.
Режиссёр яна жилмайди:
-Жаҳлингиз тезлигини ҳам биламан. Сизга Қримдан салом! Расида хоним салом йўлладилар.
Омонқул ҳеч нарса англамай карахт бўлиб турди:
-Тушунмадим.
-Мен Қримга бордим. Расида хоним сизни сўради. Биз Қримга спектакль олиб бордик. Гастролга. Оддий чўпон ҳаёти ҳақидаги спектакль. Рассомимиз сизлар ёнингиздаги анови, қўшни қишлоқда туғилиб ўсган экан. Дикорацияга мана шу манзарани танлабди...
Омонқул турган жойида бир қалқиб кетди. Бомба портлагандай бўлди, гўё ярадор ва ўликларни ташиган оғир жанглардан сўнг содир бўладиган ғувиллаш бошида азоб бера бошлади. Туш кўраётганга ўхшарди. У қаршисидаги меҳмонни эшитмасди. Росиданинг исми қулоғига чалингани ҳамона ботини ағдар-тўнтар бўлиб, оёғидан мадор кетди. Қирғоқдаги харсанг устига чўкди.
-Ни-ни-нималар деяпсиз?, - ҳансиради.
Режиссёр чўнтагидан қўл телефонини олиб экранини очди-да, Омонқулга кўрсатди.
-Қаранг, бу Росида хоним иккингизнинг талабалик пайти тушган сувратингиз. Ўша ёқда бу расмни унинг ўзи телефонимга ташлаб берди. Сизни ўлган деб юраркан. Рассомимизга раҳмат айтинг! У сизни билареан. Айтдим-ку, Сизга қўшни қишлоқдан деб, ўша айтди. Омонқул амаки кўл бўйида яшайди деб. Буни эшитиб Расида хоним ҳушидан кетишига оз қолди. Тўпалон бўлиб кетди...
Омонқул ҳеч нарсани эшитмасди. Боши ғувиллар, қулоқлари том битган. Телбанамо аҳволда режиссёрга бемаъно тикилиб ўтирар, тагидаги тошнинг совуқ эканлигини ҳам сезмас, муз қотиб турарди. Фақат, фақат у тирик, Расида тирик, деган бир ўй хаёлида милт-милт этар, гоҳ ёнар, гоҳ ўчар, у чиндан ҳам туш кўряпман, деб ўйлар, бошига кирган оғриқ батамом карахт қилиб ташлаганди.
--- Тобингиз қочдими?, - режиссёр уни ўрнидан тургизмоқчи бўлди, – юринг, уйингизга қайтайлик. Қолганини ўша ерда гаплашамиз.
Ҳаётнинг не бир тўфонлари-ю, бўронлари, азоб-уқубатларига дош берган, жони тошдан ҳам қаттиқ Омонқулнинг қалби, ҳа, ҳамиша қайғу ва кулфатлар зарбига дош бериб келган, дунёнинг бор жабру-аламлари сиққан шўрлик қалбида шодлик ва қувонч, хушхабар ва ёруғ мужда ҳам жой эгаллаган эди.
Унинг қалби яхши хабарни кўтара олмаётганди, нима қилсин, бундай ҳолга кўникмаганди. Зимистонлик ичра нур инганди-да. Унинг кўнглига нур оғирлик қилаётганди. Шунақаси ҳам бўларканда-а? Ҳа, бўлар экан-ку!..
Жон қўшниси Раҳимбойнинг ҳамшира қизини етаклаб келган болакай, сўнгра Тўйчи қассобникига югурди. Пой қадами эзгу келган меҳмоннинг иззати Раҳимбой панжи қўйини олиб келиб қўлювғич осилган устунга боғлаб қўйди. Раҳимбойнинг ҳамшира қизи Омонқулнинг томирига укол юборди, қон босими ошган экан. Дори-дармон бериб кетди. Омонқул ўзига келди, ичидаги жами оғриқлар қайғулар чўкиндисидан халос бўлганди, гўё, онадан қайта туғилган каби чеҳра-ю чиройига сокинлик ёйилди. Ўзини қўярга жой тополмасди. Болакайнинг бовожон, сиз ўтиринг бу ишларни ўзимиз қиламиз, дейишига ҳам қарамай Тўйчи қассобнинг атрофида ўралашиб у-бу нарсага қарашган бўларди. Раҳимбой қўшни Қудрат сартарошни чақиртирди – болакай ғизиллаб бориб уни олдига солиб суриб келди. Омонқулнинг соч-сақолини эпақага келтиришди. Раҳимбойнинг борига шукр, уйидан тоза усти- бош олиб келди, Омонқулни кийинтиришди.
Э-э-эй Омонқул, Омонқул! Шу кунлар ҳам бор экан-а, Омонқул?!
- Хуллас, Қримдаги театрда спектакль қўйдик. Ўзбекистонда яшаб, ўз юртига қайтган татарлар ҳам кўп эди. Зал лиқ тўла. Спектакль тугагач, чиройли, қадди басти во-о-о, жудаям чиройли, гўзал бир аёлни бошлаб келишди. Шу ердаги катта шифохоналардан бирининг раҳбари экан у
- Уккаар-а, зўр эканда-а?,-гап қистирди Қудрат сартарош.
- Ўчир овозингни! Гапни бўлмасдан буйтибгина ўтир, - жеркийди Тўйчи қассоб.
- Хуллас… Хуллас, аёл мендан кўлни, умуман, дикорацияни, яъни, саҳнадаги расмни сўради.
Ҳақиқийми, реал манзарами шу?, деб сўради. Рассом ҳам бирга борганди. Рассомдан сўрадик. Ҳа, ҳақиқий Олтиндаланинг тоғ олди Мўминқул қишлоғи манзараси, айнан ўзи, деб жавоб берди. Шунда аёл тош қотиб қолди. Мен бу жойга борганман, мен бу жойни биламан, деди.
- У уккаарнинг аёли! Шундай дебдими –а?,-- яна орага суқилди Қудрат.
- Ҳой, қиссанг-чи, қисииииб ўтир, гапни гапга қўш ахир! --Тоғай мироб Қудратга ўқрайиб қарайди.
- Хуллас, хуллас ўша аёл мени ва рассомни шошилинчда ишхонасига олиб кетди. Хизмат машинасида кетяпти, ув-ув йиғлайди. Мен ҳам рассомимиз ҳам ҳайрон.
- Уҳҳ, уккаарей, шундай нарса-я, шундай аёл йиғлайди денг, - Қудрат яна гапга аралашди.
- Хуллас… Хуллас аёлнинг ишхонасидамиз. Аёл Тошкентда икки йил институтда ўқигани, Омонқулга турмушга чиққани, шу қишлоққа келгани, кўлни кўргани, кейин Қримга қайтгани, Омонқул Афғон урушига кетгани, Омонқулдан хат келмай қўйгани, Тошкентда ишлайдиган танишидан Омонқул ҳақида сўраб-суриштиришини илтимос қилиб ялиниб ёлворгани, бир куни таниши ҳам Қримга қайтгани, Омонқулни афғонда ўлгани ҳақидаги хабарни олиб келганида, аза очиб, юм-юм йиғлаганини айтиб берди. Расида ўша танишига турмушга чиқади. Икки йил яшагач, эри автоҳалокатга учрабди.
Ихчам уйчанинг чоғроқ хонасида тўпланган қўни-қўшнилар режиссёрнинг гурунгига ҳангу-манг бўлиб ўтиришар, печкага яқин жойда деворга елка тираган Омонқул эса эси оққан кўйи бир нуқтадан бош кўтармасди.
- Кейин нима бўлди?- ҳовлиқади Қудрат.
- Худо хоҳласа, агар ўлмасам унинг қабрига бориб зиёрат қиламан. У яхши кўрадиган кўлни ҳам кўраман. Бобосининг ҳовлиси, жуда гўзал уйи бор эди. У қишлоқдан узум олиб келарди.Тойпи деган узум бўларкан, шундай ширин узумки, бунақаси ҳеч жойда йўқ... Кейин улар майиз ҳам қилишади. Бунақанги майиз дунёда йўқ, - деди аёл.Шу маҳал рассомимиз ўрнидан сапчиб туриб кетди:
- Ким дедингиз? Ким? Омонқул афғонни айтяпсизми? У тирик-ку! Тирик. Ўтган ойда ҳам қишлоққа борганимда балиқ овига чиқувдим, Омонқул афғонни кўрдим. Уйининг олдидаги ўриндиқда қимир этмай кўлга термулиб ўтирарди. Бечора озгина ҳалигиндақа, одамовироқмией, ўзи билан ўзи бўлиб қолган.
Рассомнинг бу гапидан сўнг аёл тугул мен ҳам карахт бўлиб, тош қотдим. Бечора аёлни қўяверинг, ўзини йўқотиб, из-из йиғлайди, бир маҳал рассомни қучиб, дағ-дағ титраб, сўрай бошлади: “Чиндан ҳам у тирикми, ўлмаганми, тирик бўлса нега хабар олмади, нега мени сўраб келмади, нега, нега, нега?” Хуллас, аёлнинг хонасида қиёмат қўпди.
Уни базўр тинчлантирдик. Ўзим ҳам бўларимча бўлдим. Роса эзилдим. Акамизни яхши кўраркан. Менга тайинлади, бориб ўз кўзингиз билан кўриб, менга хабар беринг, иложи бўлса, видеоқўнғириоқ орқали мени унга улаб беринг, деб илтимос қилди. Афсус, сизларда интернет ҳам ишламаскан.
Уй ичи сукунатга ғарқ бўлди. Ҳамма жим. Меҳмон жилмайди:
- Яна бир сюрприз бор, - деди режиссёр. Буни аёл келганида биласизлар. Шундай гаплар.
Ҳамма жим. Бир маҳал Омонқул ўрнидан шаҳд билан туриб кўчага отилиб чиқди-да, кўл томонга югурди. Шу даражада қаттиқ уввос тортдики, осмон қоқ ёрилиб, кўл устини қоплаган музлар тарсиллаб-тарсиллаб чилпарчин бўлиб, синиб кетаётганди, гўё. Омонқулнинг ичидаги тош-метин музлар ҳам шу ўкирик зарби билан ташқарига отилиб чиқаётган, акс-садоси ҳув Вахшувор тоғларига бориб урилаётганди. Қудрат сартарош қулоқларини беркитиб олди. Уйчадан чиқиб қўшнилар кўл томон югириб бораётган, дунёнинг даҳшатли чинқириғига айланган Омонқулга тикилиб қолишганди.
Орадан икки кун ўтиб қишлоқ аҳли Қрим томонлардан келадиган аёлни, шу қишлоқнинг гўзал келини Расидани кутиб олишга ҳозирлик кўрарди. Қудрат сартарошга эса Валижон режиссёрнинг: " Яна бир сюрприз бор, уни аёл келганида кўрасизлар, бу сир, айтолмайман, Расида хонимга сўз берганман...", - деган гапи тинчлик бермасди.
“У-у-у уккаарди ули, айтмади-я, яна нима сюрприз экан?.. "
Қудрат сартарош шу савол ғамида тўлғонаётган, аҳли қишлоқ оғзида Омонқул афғон ва қримлик Расиданинг исми айланаётган, Раҳимбойнинг кенжа невараси – Омонқулнинг жон соқчиси эпчил болакай атайлаб мактабга бормай, йўл қараган, кейинги кўрган-эшитганлари тушми-ўнгми ҳамон англолмай иккиланаётан Омонқул ўзини қўярга жой тополмай турган паллада олис ўлкадаги Расида Тошкентга учиш учун икки дона авиачипта буюртма берди. Бири ўзига, бири эса жонжигари, қирқ ёшнинг нари берисидаги ёлғизгина ўғли Омонжонга. Дабдурустдан Тошкентга учиш сабабини тушунолмаган Омонжон онасига қўнғроқ қилди:
- Тинчликми? Нега менга олдинроқ айтмадингиз? Қизларимга Сочига олиб бораман деб, ваъда берувдим. Индинга келинингиз Земферанинг ҳам туғилган куни-ку.
- Ҳамма ишингни тўхтат!. Эртага учамиз. Отангни кўргани борамиз...--- Онаси йиғларди.
Ҳа, айни дамда, Қримда онасидан бу хабарни эшитган Омонжон ҳам эсдан оғар даражада гангиб қолганди. Қўлтелефондан эса ҳамон онасининг йиғиси эшитиларди…
07.11.2022 йил, Тошкент