Дунёни лол қолдирган санъаткорлар сулоласи


   Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек циркининг асосчиси - Карим Зарипов (1893-1960)нинг хотирасига бағишланади.

Уйни қидириб…
 
     Бу воқеа XIX асрнинг тўқсон тўққизинчи йилида бўлган эди. Бир куни олти ёшлик Карим Тошкент вокзалига яқин кўчалардан бирида адашиб қолади. Кўчанинг икки томони иморат, аммо уларда бирон кимса кўринмас; гўё Тошкентдан ҳамма кўчиб кетгандай эди. Бу жимжитлик Каримнинг юрагига ваҳима солар ва у қўрқиб атрофга аланглар, “ойи!” “ойи!” деб йиғлар эди.
     Шу пайт рўпарадаги муюлишдан ёшгина бир жувон кўриниб қолади. У паранжи ёпинган бўлса ҳам, юзи очиқ эди. Жувон йиғлаётган Каримни кўриб, кўчани кесиб ўтади ва меҳрибонлик билан:
-  Ҳа, ўғлим? Нега йиғлаяпсан? – деб сўрайди.
    Бола:
-  Адашиб қолдим… -  деганича яна “ойилаб” йиғлайверади.
-  Ойинг қаерда?
-  Уйдалар.
-  Уйинг қаерда?
-  Қашқар маҳалласида.
-  Менга ўғил бўласанми? – дейди аёл меҳрибонлик билан.
    Карим жавоб бермайди. Нотаниш жувон унинг қўлидан ушлаб, йўлга тушади. Кўп ўтмай, улар вокзал буфетига кириб кетадилар. Бу ердаги меҳмондорчилик Каримда хотинга нисбатан ётлик ҳиссини йўқотиб, ишонч уйғота бошлайди. Бироқ “менга ўғил бўласанми?” деган сўз боланинг ёдига тушиши билан лабларидаги жилмайиш йиғига айланади, у яна ўзининг : “ойи-ойи”сида давом этади. Аёл:
- Йиғлама, йиғлама, мен шу ердаман-ку, сен билан бирга кетябман-ку,- деб овутиб, уни перронга олиб чиқади.
- Мана бу поездни кўрдингми? Ҳозир шунга тушамиз, - дейди аёл. Бир неча дақиқадан сўнг улар вагонга чиқадилар. Поезд йўлга тушади. Карим поездни биринчи кўриши эди. Вагонда ўтириб, ойнадан липиллаб ўтаётган манзараларни томоша қилиш унга жуда гаштли туюлганидан, у дераза ёнидан сира кетмасди. Ниҳоят, вагоннинг бир текисда аллалаши Каримни уйқуга олиб кетади.
    Аёл болани уйғотганида тонг отган эди. Поезд тўхташи билан улар вагон эшиги олдига келадилар. Баланд бўйли бир одам уларни кутиб олади. Улар сўрашиб турганларида, перрондаги тиқилинч Каримни бир четга суриб кетади. Кўп ўтмай перрон бўшаб қолади. Унда на ҳалиги аёл, на новча киши кўринар эди.
    Ким билсин, хотин Каримжонни Тошкентдан Хўжандга олиб кетар экан, мободо фарзандсиз бўлса, уни ўзига асранди ўғил қилиб олишни хаёлига келтиргандир. Хотиннинг бу қилмиши уни станцияда кутиб олган эркакка маъқул бўлмай, болани станцияда қолдириб кетган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Акс ҳолда, улар болани, албатта, топиб олар эдилар.
    Йиғи Каримнинг яна ажралмас ҳамроҳига айланди. Бир оз ўтгандан сўнг, Станция биносидан бир ориқ рус киши чиқиб, уни етаклаб йўлга тушди ва атрофи тахта билан билан ўралган бир сарой олдида тўхтади. Бу керосин омборхонаси бўлиб, унга катта-кичик бочкали аравалар кириб чиқарди. Рус киши бир аравакашга нимадирлар деди. Карим нотаниш сўзлардан фақат “Хўжанд” деган сўзни тушуна олди. Аравакаш Каримни аравага ўтқазиб олиб, отига қамчи босди. Йўлни хийла узоқлиги ва аравакашнинг камгаплиги Каримни кўп диққат қилди. Арава шаҳарга кириб келди. Аравакаш Каримни тушириб, нимадирлар деди. Бироқ бола уни тилига тушунмай, ҳайрон бўлиб тураверди. Шунда аравакаш ўзбекчалаб: “Мана, “Гўза бозорга” келдик, бу ёғини ўзинг топиб оларсан”, - деди-ю, жўнаб кетди.
   Каримнинг кўзларида яна ёш пайдо бўлди. Йиғлаганча расталар бўйлаб юриб кетди. Шу пайт қаёқдандир сурнай товуши эшитилди. Карим йиғидан тўхтаб, қулоқ солди ва бола гўё ўз уйини топгандай қувониб кетди. Чунки уларнинг Қашқар маҳалласида ҳам бешик тўйларида худди шундай сурнай чалинарди. Бола сурнай чалинаётган жойга югуриб борди, бироқ унинг умиди пуч бўлиб чиқди. Сурнай Қашқар маҳалласидаги таниш ҳовлиларнинг бирида эмас, балки тамоман бегона бир гузарда чалинарди. Бироқ болалар Қашқар маҳалласидагидан ҳам кўп эди. Карим ҳам уларга қўшилишиб олди. Қий-чувлардан қулоғи битган самоварчи тожикчалаб “рав-рав” деб болаларни ҳайдай бошлади. Болалар унинг ҳайдашига ҳам қарамай, жойларида туравердилар. Шунда чойхоначи катта хумдан ёғлоғи билан сув олиб, болаларга сепа бошлади. Улар бир оз узоқлашдилар. Карим эса жойида тураверди. Чунки у сурнайчидан Қашқар маҳалласини сўрамоқчи эди. Самоварчининг дағ-дағасидан қўрқди шекилли, у ўпкасини тутолмай йиғлаб юборди. Бу аҳволни кўрган сурнайчи (уни Жумабой сурнайчи деб аташарди) машқни тўхтатиб, боланинг олдига келди ва:
- Хўш, ўғлим, нега йиғлайсан? Кимни йўқотдинг, - деб сўради. У “ҳўнг-ҳўнг” йиғлаганча, уйи Қашқар маҳалласида эканини айтди. Сурнайчи масала нимада эканини дарров англаб, бу ер Хўжанд шаҳри эканлигини, Қашқар маҳалласи эса, Тошкент деган шаҳарда эканлигини болага мулойимлик билан тушунтирди ва уни ўзи билан уйига олиб кетди. Ёш болани бундан сўнг ижод ва меҳнат кутарди. Карим Зариповнинг санъатдаги ҳаёти ана шу сурнайчи хонадонида бошланди.

Мактаб

     Ҳозирда биз мактаб деганимизда кўз ўнгимизда ёшларга билим ва ҳунар ўргатадиган ҳашаматли бинолар, ёруғ синфлар намоён бўлади. Бироқ биз сўз юритадиган мактаб, аввалги пайтлардаги санъат мактаби бўлиб, умумий тартибдаги мактаблардан тамомила фарқ қиларди ва у машаққатлар, хавф-хатарлар, хўрликлар билан тўлиб тошган эди. Шунингдек, бу мактаб остонасига қадам қўйган кимса унинг муддатини ҳам, бошланиши ва охирини ҳам тасаввур қилолмасди. Бундай мактаб ёш Каримжоннинг қисматини санъат дунёси билан боғлади, у турли ҳомийлар ва хусусий манфаатдор шахслар эшигида дарбадар кеза бошлади.
  Инқилобдан аввал Туркистонда ўзбек санъатининг театр ва цирк сингари тури профессионал жиҳатдан бирмунча тарқоқ ва аянчли аҳволда бўлиб, театр ва цирк ташкилотлари йўқ эди. Аммо шуларга қарамай, халқ санъати турли таъқибларга ҳам чидаб, яшаб келар ва ўз анъаналарига эга эди. Халқ санъаткорлари эса уюшма-уюшма бўлиб ишлашарди. Бу уюшма корхона деб аталарди. Корхонанинг оқсоқоли бўлиб, у барча ишга раҳбарлик қиларди.
      Карим Зариповни ўз ҳимояси ва ўз тарбиясига олган Жумабой  сурнайчи ҳам илгарилари корхона бошлиғи бўлиб “синган” ва ҳозир уни тиклаш орзусида юрган бир созанда эди. Бироқ, тарқалиб кетган санъаткорларни қайтадан уюштириш ва бирлашмани аввалги ҳолига келтириш учун Жумабой акада имконият йўқ эди. Шунинг учун ҳам у ўз ўғиллари ҳисобига кичкинагина гуруҳ ташкил этиш режасини тузиб қўйди.
   Жумабой аканинг ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги Жўрабой исмли ўғли уста ноғорачи ва сурнайчи эди: шунингдек, чилдирмани ҳам дуруст чаларди. Кенжа ўғли Боқижон эса раққос эди. Аммо Жумабой ака Боқижонни муаллақчи ва иложи бўлса кўзбойлоғич ёки ҳуққабоз қилмоқчи эди. Лекин Боқижон кўпроқ муаллиқчиликни ёқтирар ва уни доим машқ қилиб юрарди. Жумабой ака Каримжонни ўз паноҳи ва тарбиясига олар экан, уни Боқига шерик қилиб қўйишни мўлжаллади. Каримжон ҳам Боқи сингари биринчи навбатда муаллақчиликни ўрганишга киришиши лозим эди. Шундай қилиб, икки навқирон бирга машқ қила бошладилар. (Боқи Каримжондан беш-олти ёш каттароқ эди.) Улар муаллақчиларнинг ўйинларини томоша қилишар ва уйга келиб, кўрганларини амалда бажариб кўриш учун уринишарди. Жумабой ака билганича уларга ёрдам берар ва ёш болаларнинг ҳаракатларини кузатиб турар, ҳамда қалтис ва оғир ҳаракатларни эҳтиёткорлик билан бажаришга, аввал кўпроқ машқ қилишни маслаҳат берарди. Масалан, у болаларга биринчи навбатда ёғоч оёқда юриш ва унинг устида ўйин тушишни ўрганишни тавсия қилди. Бу гавдани тута билиш ва мувозанатни тўғри тутишни ўрганишнинг бирдан-бир тўғри йўли эди. Бироқ қолган нарсаларнинг ҳаммасини болаларнинг ўзлари ўрганишлари лозим эди. Бўлажак санъаткорлар эрталабдан-оқ ишни ёғоч оёқда юриш ва унинг устида рақсга тушишни машқ қилишдан бошлардилар. Каримжон бундан ташқари рақс санъатини ҳам ўрганарди. Болалар ёғоч оёқдан сўнг муаллақчиликни машқ қилишга ўтдилар. Аввал улар машқларнинг биринчи ва иккинчи босқичини: чалқанчасига энгашиб, қўлни ерга тираш, гавдадан “ишком” ҳосил қилиш ва ерда ётган тангани тил билан олишни ўргандилар, Ундан кейин яна шу “ишком” ҳолати қайтарилиб, оёқни аста кўтариш ва текиc қилиши лозим эди. Шундан сўнг юқоридаги ҳолатни сақлаган ҳолда, икки қўлда давра бўйлаб, айланиб чиқилар эди.
    Меҳнат шароити ниҳоятда оғир эди. Жумабой сурнайчи бўлса болаларни томошабин олдига олиб чиқишга ошиқар ва уларни тезроқ ўрганишга ундарди. Фақат болалардаги санъатга бўлган иштиёқгина бу қийинчиликларни бир қадар енгиллатаётгандай туюларди. Улар бир-бирларига қизиқиб ишлашар ва икки орада “ким ошди” мусобақаси қизиб кетар эди.
    Жумабой ака Боқининг уста муаллақчи бўлишини ва Каримжондан бир поғона юқори туришини хоҳлаши турган гап эди. Аммо унинг орзуси амалга ошмади. Чунки Боқининг иши олдинга силжимасди.  У ёғоч оёқ  устида рақсга тушишни ҳарқалай дуруст ўрганиб олган бўлса-да, муаллақчиликни яхши эгаллай олмади. Сабаби: Боқи жисмоний заиф ва бир кўзи ожиз ҳам эди. Тиришқоқ бола қанчалик машаққат чекмасин, мақсадига эришолмади.
     Ишга зўр ҳавас билан киришган Каримжон мусобақада ғолиб чиқди. Энди у чидам ва қизиқиш билан яратган биринчи  машқларини тезроқ томошабинларга кўрсатишга ошиқарди. Ниҳоят, у кутган кун ҳам етиб келди.
     …Бозор куни эди. Хўжанд узоқ - яқиндан келган одамлар билан тўла бошлаган.
    Тасодифан бошланган карнайнинг “ғат-ғати”, ноғоранинг “така-туми” ва сурнайнинг чўзиқ, ёқимли садоларини эшитиб, томошабинлар тезроқ йиғила бошладилар. Уларни йиғиш учун бошланган машқ тугади. Каримжоннинг навбати эълон қилинди. Яна машқ бошланди. Қўқон арава ғилдираги устида баланд ёғочга ўрнашиб олган Каримжон “пилдиллаб” ўйинга тушиб кетди. Бу ўйиндан кейин чилдирма жўрлигида муаллақчилик бошланди. Баъзилар “Барака топ, митти ўғлим” деса, баъзилар “Бирон фалокат бўлиб, майиб бўлмаса яхши эди”, деб қўйишарди. Муаллиқчилик тамом бўлгач, қийқириқ ва чапаклар бошланди. Ёш санъаткордан мамнун бўлган халқ созандалар олдига ёзилган сурп қийиқчани танга ва чақалар билан тўлдириб юборди. Каримжон ниҳоятда хурсанд, гўё дунёда ундан бахтлироқ бола йўқдай эди.
    Муваффақият ёш санъаткорни илҳомлантириб юборди. У халққа тез-тез кўриниб, одамларни ва айниқса, болаларни қойил қолдиришни истар, Жумабой ака эса, озми-кўпми тушган чойчақадан хурсанд эди. Чунки, кейинчалик Зарифовнинг эслашича, Жумабой ака ўша йиллари анча қийналиб қолган эди. Ўзининг икки ўғли ва сайёҳ созандалардан ташқари корхонанинг доимий аъзоси йўқ эди. Хўжандда Жумабой акадан ташқари Абдукарим миҳтар ва Авазмат оқсоқолларнинг кучли корхоналари бўлиб, майда корхоналарни тез-тез “синдириб” туришарди. Жумабойнинг корхонаси ҳам “синиб”, эндиликда эса бир оз оёққа тура бошлаганди.
     Каримжоннинг қобилияти Авазмат оқсоқол эътиборини ўзига тортди. Оқсоқол чолғучилик ва ашулачиликни билмас, фақат бошлиқ вазифасини ўтар эди. Унинг ака-укалари эса корхонага чолғучи сифатида аъзо эдилар. Созанда ва ўйинчилар ичида Тожи раққос деган машхур ўйинчи йигит ҳам бор эди. Маросим ва йиғинларда унинг ўйини халққа кўп манзур бўларди.
   Бу вақтлар Хўжанднинг маданий ҳаётида Фарғона водийсининг санъаткорлари катта ўрин тутиб, уларнинг қароргоҳи Авазмат оқсоқолнинг корхонаси ҳисобланарди. (корхона Авазматнинг ташқари ҳовлисида жойлашган эди). Шу сабабли Авазмат оқсоқолнинг Хўжандда обрўси анча баланд эди. Ана шунинг учун ҳам у Каримжонни сўратганда, Жумабой сурнайчи унинг гапини “иккита” қила олмади. Шу билан Каримжон янги ҳомий қўлига ўтди.
   Хўжанддаги учинчи корхона Абдукарим миҳтар қўлида бўлиб, ташкилий жиҳатидан Қизиқчилар театрига, айниқса, циркка жуда яқин турарди. Корхонанинг доимий аъзолари Абдукарим оқсоқол (сурнайчи), Мирайим (симдорчи), Мирбува (муаллақчи), Ҳайдар (қизиқчи), ака-ука Исо ва Мусолар (қизиқчилар) ва яна бир кўзбойлоғич ҳамда муаллақчилардан иборат эди. Бу корхона репертуари цирк репертуари ва унинг дастурини эслатарди. Томоша қўйиладиган жой чодирдан ясалган цирк шаклида бўйра билан ўралиб, эшик олдида “кассир” турар эди. “Зал”га шолча ёзилар, (баъзида шолча вазифасини ўт-ўлан ўтарди), томошабинлар эса чордона қуриб ўтиришарди. Томоша аниқ дастур асосида олиб бориларди.
    Кўрсатиладиган томошалар халқни жуда қизиқтирар, қизиқчилик томошалари эса кўпинча халқ турмушидан олинар эди. Бу жиҳатдан корхона қизиқчилари репертуаридаги “Сурат кўрсатиш” қизиқчилиги ўзига хосдир. Шуни айтиш керакки, қизиқчилик саҳна кўринишлари қатъий матнга эга бўлмай, кўпинча жонли импровизация асосида олиб борилар эди.
    Қизиқчилик томошалари халқ цирки ва унинг репертуарига кўп жиҳатдан яқиндир. Қизиқчилик санъатидаги томошалар ҳажмининг кичиклиги, мавзусининг долзарблиги, ўткирлиги уларнинг цирк санъатида катта ўрин олишига имкон берди. Шунинг учун ҳам қизиқчилар ижодини халқ цирки фаолиятидан ажратилган ҳолда текшириш тўғри бўлмайди. Аксинча, қизиқчилик театри ўзбек цирк репертуарида ҳам ўзига хос профессионал қизиқчилик жанрининг шаклланиши ва такомилланишида асосий омиллардан бири бўлган.
   Қизиқчилик томошалари цирк кўнгилочар ўйинлари орасида кўрсатилганда, ҳудди профессионал цирк репертуаридаги қизиқчиликка ўхшар эди. Абдукарим миҳтар корхонасидаги қизиқчиликлар ҳам худди ана шундай ярим профессионал цирк қизиқчилигидан иборат эди. Шу сабабли Абдукарим миҳтар корхонасини ярим профессионал цирк труппаси деб аташ мумкин. Чунки дастур томошалари профессионал цирк ўйинларига жуда яқин бўлиб, томошаларнинг ташкилий томонлари ҳам чодирли циркка кўп жиҳатдан ўхшаб кетар эди.
     Бу вақтларда ёш муаллақчи Каримжон Абдукарим миҳтар корхонаси томошаларини севиб қолади. Шундан сўнг унда, бу корхона аъзолари билан бирга ишлаш ва уларнинг ҳунари-ю санъатини ўрганиш фикри туғилади. Марайимдан симдорда ўйнашни ўрганиш, айниқса Ҳайдар қизиқ санъати сирларини билишга интилиш иштиёқи Каримжон қалбига сира тинчлик бермайди. Каримжон корхона аъзоларидан уни ҳам ўзларига қўшиб олишни сўраб, илтимос қилганда, улар рози бўладилар, аммо Авазматнинг юзидан ўта олмайдилар. Ҳайдар қизиқ ёш Каримжон учун меҳнатини ҳам, вақтини ҳам аямас, қизиқчилик ва симдор санъатини ўргатар ва муаллақчилик санъатини такомиллаштиришда унга ёрдам берар эди.
    Ҳайдар қизиқ ва Мирайим симдорчини Каримжоннинг биринчи малакали ўқитувчилари деса бўлади. Чунки улар Каримжон санъатини ўстиришда жуда кўп меҳнат қилдилар, ёрдам бердилар. Шундай қилиб, Каримжонга биринчи марта қизиқчиликни ўргатган киши Ҳайдар қизиқ бўлди. У ёш муаллақчида қизиқчиликка зўр қобилият борлигини пайқади ва уни тарбиялашга киришди. Марайим симдорчи, муаллақчи ва қизиқчи учун симдорда ўйнаш санъатини эгаллаш лозимлигини маслаҳат қилди; шунингдек, Каримжоннинг бу санъатга интилишини эътиборга олган ҳолда, унга ўз санъатини ўргата бошлади.

Биринчи  гастроль 

      Каримжон Авазмат ихтиёрида бўлса-да, Марайим корхонасининг аъзолари боланинг тарбиясига катта эътибор бердилар. Айниқса, Ҳайдар қизиқ унга катта қизиқиш билан қарарди. 
    Ҳайдар қизиқ Каримжоннинг ёши, бўйи ва имкониятига қараб репертуар танлаб, “Чопон бола”, “Ёғоч  полвон” ва “Сурат кўрсатиш” қизиқчилик пьесаларини ўргатади. “Чопон бола” қизиқчилигида бир чопон ерга ёзиларди. Унга белбоғ боғланиб, дўппи кийдириларди. Қизиқчиликда қатнашадиган асосий артист – қизиқчи “бола”нинг отаси ролини ижро этарди. Артист “бола”, “оёқларини” оёғининг бармоқлари орасига қистириб, икки “қўлидан” ушлаб даврага чиқиб келарди. Ота ва “бола” орасидаги суҳбат асосан импровизация асосида боради. “Чопон бола” тилидан ҳам отанинг ўзи гапирар эди. Каримжон ҳам бу қизиқчиликда ота ролини бажарар эди. Унинг даврада пайдо бўлишининг  ўзи кучли кулгуга сабабчи бўларди. Чунки ўн ёшлар чамасидаги Каримжон қизиқчилардаги ота ролида ниҳоятда кулгили кўринарди.
    “Ёғоч полвон”да курашга ишқибоз бир киши ўз “полвон”ига тарафдор қидирарди. Топилган тарафдор эса курашнинг шартлари устида узоқ баҳслашарди. Ниҳоят, амалга ошган курашда тарафдор полвон ғолиб чиқарди. Бу қизиқчилик кулгили, ўткир халқ ҳазили ва мутойибаларга ғоятда бой эди.
   “Сурат кўрсатиш” қизиқчилиги Хитой сайёр томошачиларига тақлидан яратилган эди. Лекин пьесанинг мазмуни ва шакли мутлақо бошқача эди. Асосий воқеа сурат кўрсатувчи билан сурат кўрувчи ўртасида ўтарди. Сурат кўрувчи “аппаратга” мўралаб, “кўрган нарсаларини” нима эканлигини сўрарди ва сурат кўрсатувчи уни “тушунтирарди”.
    Бу қизиқчилик ҳам эркин импровизация асосида кўрсатилар эди. Унда сатира катта ўрин эгаллар эди. Масалан, Каримжон қатнашган бу вариантда Қўқон хонлигининг қулаши ва Худоёрхон ҳақида ўткир ҳажвлар бўлган.
     …Каримжоннинг Ҳайдар қизиқ қўлида тайёрлаган номерлари халққа кўрсатса бўладиган ҳолга келди. Унинг пьесаларидаги ролларни бажариши Авазмат оқсоқолга ҳам ёқиб тушди. У йигитчани “обрў олувчилар” қаторига қўшиб қўйди.
   Авазматни Туркистоннинг барча шаҳарларида яхши танишар эди. Кунларнинг бирида унинг номига машҳур самарқандлик Мирайим бой (Мирайим тойча)дан хат келади.  У хатда Авазматдан ўғлининг “суннат” тўйига санъаткорлари билан етиб келишини илтимос қилган эди. Авазмат ўн тўрт созанда билан Тожи раққос ва Каримжонни олиб, Самарқандга жўнатди. Бу – ёш санъаткорнинг биринчи “гастроли” эди. Тўйда Каримжон Ҳайдар қизиқдан ўрганган қизиқчилик пьесаларини кўрсатиши лозим эди.
   Мирайим бойнинг дабдабали тўйига Туркистоннинг бир қанча шаҳарларидан созандалар, ҳофизлар, қизиқчилар, масхарабозлар тўпланган эди.
    Бой, шаҳарнинг чеккасида катта улоқ беради. Келган санъаткорларни ҳам шу ерга тўплайди. Базмга жуда кўп одам йиғилади. Каримжон даврада “полвон” (“Ёғоч полвон” қизиқчилигида) билан бел олишган замон қийқириқ ва чапаклар ҳамма ёқни тутиб кетди. “Сурат кўрсатиш”да эса қийқириқ яна ҳам авжига чиқди. 
    “Гастрол” муваффақиятли ўтди. Кулги, чапак ва олқишлар Каримжонга катта мукофотдек туюлди. Лекин уни иккинчи мукофот кутарди. Кичкина – митти артистнинг санъатига тан берган Мирайимбой Каримжонни ҳам ўз ўғлининг “Суннати”га қўшиб юборди ва бир сидра сарпо ҳам кийдирди.
     Бу саховат ўткир зеҳнли болани қаттиқ ўкситди. У, ота-онасини қайтадан қўмсай бошлади. Ҳадеб хархаша қилаверганидан Авазмат оқсоқол уни тезда Хўжандга қайтиб келиш шарти билан Тошкентга жўнатди…
   Уйидагилар Каримжонни топилишидан бутунлай умидларини узиб қўйишган эди. Қанча қидиришмасин, фойдаси бўлмади. Шу сабабли, ҳатто уни ўлдига чиқариб, фотиҳа ва худойиларини ҳам ўтказиб юборишган эди. Унинг қўққисдан келиб қолиши, уларга дунё-дунё қувонч бағишлади…
     Каримжон учун ота-она қучоғида яшаш қанчалик ширин бўлмасин, энди у санъат ва меҳнатсиз тура олмас эди. Шунинг учун Карим Хўжандга қайтиш учун ота-онасидан рухсат сўрайди. Фарзандининг аҳди қатъийлигини кўрган ота-она, унга ноилож рухсат беришади.
    Каримжон поездга ўтириб, тўғри Абдукарим миҳтар корхонасига келиб тушади. Авазмат оқсоқол унинг қарори қатъийлиги англагач, ёш санъаткорга аввалги устозида ишлашга қаршилик кўрсатмайди. Йигитча яна турли-туман машқларни ўрганишга киришиб кетади. У қизиқчилик, ёғоч оёқ ўйини, муаллақчилик билан бир қаторда, симдорда ўйнаш санъатини ҳам мустаҳкам эгаллашга интилади.
     Гарчанд симдорда ўйнашни ўрганиш учун кам вақт сарф этиладиган бўлса ҳам, уни ўрганишда Каримжон кўп қийинчиликларга учради. Қийинчиликнинг сабаби - унинг ҳаддан ташқари ёшлиги эди. Ёш симдорчи дор устида туриш ва юришларни тез ўзлаштирса-да чиғириқда шакллар ясаб, айланиш учун ҳали қўли кучсизлик қилар эди. Машғулотлар жараёнида кўпинча қўли чиғириқдан сирғалиб чиқиб кетар эди.
     Лекин боладаги интилиш ва ирода ҳамда Марайим сингари симдорчиларнинг қунт билан ўргатиши ёрдамида асосий қийинчиликлар енгиб ўтилди. Кўп ўтмай Каримжон симдорда эпчиллик билан ўйнайдиган, бежирим ва чиройли шакллар ясаб, ҳаракат қиладиган бўлди. Шу орада Холмирза мингбоши ўз шуҳратини ошириш мақсадида катта базм берадиган бўлиб қолди. Чақирилган санъаткорлар қаторида марғилонлик Юсуф қизиқ ва унинг шериклари ҳам бор эди. Абдукарим миҳтар корхонаси ҳам тўйга қатнашиши керак эди. Каримжон кўрсатилиши лозим бўлган томошаларнинг ҳаммасида: симдор ўйинларида, муаллақчиликда, ёғоч оёқ ўйинларида, “Чопон бола”, “Сурат кўрсатиш”, “Ёғоч полвон” қизиқчиликларида қатнашар эди.
  Юсуф қизиқ бошчилигидаги қизиқчилар “Келин тушди”, “Заркокил”, “Кетмон тилаш” ва “Атторлик” қизиқчиликларини кўрсатишлари керак эди. Юсуф қизиқ баъзи ижрочиларни Хўжанддан ёллагани учун аввал репетиция ўтказиши керак эди. Юсуф қизиқ машқ пайтлари Каримжоннинг қобилятига алоҳида эътибор беради ва “Атторлик”  қизиқчилик пьесасидаги оғача ролидан бирини бажаришини илтимос қилади.
   “Атторлик” қизиқчилигида беш-олтита қизлар тўйга боориш учун бир ерга тўпланишади. Улар ниҳоятда хурсанд. Икки қиз чилдирма чалиб, қўшиқ айтиб турардилар, қолганлари эса ўйинга тушардилар. Шу вақт узоқдан атторларнинг овози эшитилади ва борган сари яқинлашаверади. Ниҳоят, улар кириб келадилар. Ҳар бир аттор молни ўтказиш ниятида ўзиникини мақтаб, шериклариникини ёмонлайверади. Натижада, атторлар ўзаро келишолмай, жанжаллашиб, уришиб кетадилар.
    Шунчаки қараганда, бу қизиқчилик оддий кулгили саҳнадек кўринади. Бироқ, асарни ижро этиш пайти мавжуд тузумнинг камчиликларидан, амалпарастлардан, алдамчиликлардан, қаллоблардан кулинар, уларнинг қилмишлари фош қилинар эди. Лекин буни амалга ошириш эса қизиқчиликларнинг маҳоратига, имкониятдан фойдалана олишига боғлиқ эди. Юсуфжон қизиқ труппаси Хўжандга келганида сайлов эндигина тугаган эди. Шу сабабли артистлар базм пайти сайловдан ўтолмай қолган бир мингбошининг ҳам ўтирганини кўрадилар ва “жар солиш” вақтида атторлар тилидан “сайловдан ўтолмай қолган мингбошининг уруғи кетди” деб қичқирадилар. Изза бўлган мингбоши секингина жўнаб қолади.
   Каримжон Юсуф қизиқнинг шуҳратини ва ярим профессионал циркни вужудга келтиришда Абдукарим Миҳтарга кўрсатган ёрдамини эшитган эди. Шунинг учун ҳам у Юсуф қизиқнинг таклифига хурсандчилик билан рози бўлади. Шу тариқа Каримжон билан Юсуф қизиқ ўртасида ижодий ҳамкорлик бошланади.

Баракали  йиллар

     ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Туркистонда циркчилик ҳаракати анча жонланди.
     Илгарилари ўзбек маданияти, шу жумладан ўзбек цирк санъати Хитой, Афғонистон, Эрон цирки, маданияти билан муносабатда бўлар ва ана шу мамлакатлардан цирк усталари, созандалар ҳамда ашулачилар келиб турар эдилар.
    Ўрта Осиё Россияга қўшилгандан кейин эса, ўлка маданияти рус ва европа халқлари маданияти билан алоқа қила бошлади.
    Ўрта Осиё Россияга қўшиб олингач, бу ерга рус маданияти билан бирга, рус цирк санъати ҳам кириб келди. Сайёр труппалар билан бирга, Тошкент ва шунга ўхшаш йирик шаҳарларга баъзи антрепренерлар (хусусий цирк эгалари) бутунлай кўчиб кела бошладилар. Натижада цирк учун махсус бинолар вужудга келабошлади.
   Ўзбек циркчилари орасида тарқоқликдан қутилиш ва труппаларга уюшиш учун ҳаракат кучайиб кетди. Натижада бошланғич даврларда қатор тўдалар вужудга кела бошлади. Йирик шаҳарларда эса доимий бинога интилиш ҳам тобора дадилроқ сезила бошлади. Аммо, эндигина бирлашиб келаётган маҳаллий тўдаларнинг аъзоларида доимий бино тиклаш ва уни циркка мослаштириш учун маблағ йўқ эди. Шунинг учун бу мақсадда бошланган баъзи ҳаракатлар ярим йўлда қолиб кетар ва кутилган натижани бермас эди.
     Доимий бинода цирк ташкил этиш учун бошланган ҳаракат кун сайин кучайиб борди.
     1902 йили Тошкентнинг Эски шаҳарида (Чорсудаги собиқ чой саройида) Баратбой бир саройни циркка мослаб жиҳозлайди ва труппа ташкил эта бошлайди. Баратбой асли қўқонлик қизиқчилардан бўлиб, “ёғоч от”да, чиғириқда ўйнар ва шунингдек, муаллақчилик ва масхарабозлик ҳам қиларди. У Тошкентда ташкил этган шахсий циркига қўқонлик Комил қизиқни, Одил симдорчини, Исоқни, афғонистонлик Саид қиличбоз сингари санъаткорларни таклиф этади. Ёш Каримжон ҳам Хўжанддан қайтиб келиб, шу циркка ишга киради.
     1903 йилда мулла Муршид раҳбарлигида ўн кишидан иборат афғонистонлик созанда ва ўйинчилар Туркистон шаҳарларида томошалар кўрсатиш учун Тошкентга келдилар. Улар дастурни бойитиш учун Каримжонни қизиқчилик репертуари билан вақтинча ўзларига қўшилишни таклиф этадилар. Каримжон рози бўлади ва улар билан Туркистоннинг кўплаб шаҳарларини айланиб чиқади. Унинг қизиқчилиги халққа манзур бўлди. Шундан сўнг Каримжон “Карим қизиқ” номи билан танила бошлади.
     Кўп ўтмай ўзбек циркчилик ҳаракатида тарихий аҳамиятига эга бўлган катта воқеа юз берди. Кўзга кўринган цирк намоёндалари бирлашган ўзбек цирк жамоасини вужудга келтиришга киришадилар. Бу ишга Муллабой Мансуров бошчилик қилади. Мулллабой Мансуров илгарилари Тошкентда қовунфурушлик қилар ва бозорда бир чархпалак – айлантиргичи ҳам бўларди. У ана шу чархпалак қошида қўғирчоқбозлар, қизиқчилар томошаларини уюштирар ва келиб кетувчи – сайёр циркчиларга ҳам ташкилий ишларда ёрдамлашарди.
  Труппани ташкил этишда фарғоналик қизиқчилар ҳам фаол қатнашардилар. Айниқса, жонбозлик кўрсатганлардан бири машҳур қизиқчи Юсуфон Шакаржонов бўлди.
    Труппанинг цирк артистлари Муҳаммаджон, ака-ука Раҳмон ва Парзин Абдухалиловлар, Мақсуд қори, Шароф, Муҳаммад (чаққон) Хўжаев, Муллабой Мансуров, Мажид гаранг, Карим Зарипов, Қодир Муҳсин, қизиқчилардан Юсуф қизиқ, Ортиқ қизиқ ва Собир қори, Аширмат ва Кенжабой исмли икки сурнайчидан иборат эди.
    Муллабой Мансуров труппада бош раҳбар, Мажид гаранг кассир ва Зонсов исмли арман йигит хўжалик ишини бошқарар эдилар. Цирк кўчма чодир тарзида бўлиб, труппа аъзоларининг жиҳозлари, кийим-кечаклари, жониворлари ҳисобига ташкил топганди. Шундай қилиб, Карим Зарипов янги ташкил этилган катта ўзбек циркчилар жамоасининг энг ёш аъзоларидан бири бўлиб қолди. Янги ташкил топган миллий труппанинг ҳаёт-мамоти, ривожи ва камолоти унинг репертуарига боғлиқ эди. Чунки у вақтларда Ўзбекистон ҳудудида рус сайёр циркчилари иш кўрар, четдан ҳам бир неча ўнлаб сайёр труппалар келиб турар эди. Юпатов, Жиганов, Борги, Баранский, Макаров, Поспелов, Федоров сингари сайёр циркчилар шулар жумласидандир.
    Шароит ҳар бир цирк артистидан кўп жанрларни билишни талаб этар, бу эса қатор қийинчиликлар туғдирарди. Шу сабабли ёш Каримжон олдида ҳам катта-катта вазифалар турарди. У симдордаги ўйинига қизиқчилигини бирлаштириб, Парзин Абдухалилов билан иккови юмористик трюк тайёрлашади ва қўш чиғириқда ўйнашни ўрганади. Шундай қилиб, симдор ўйинига қўш чиғириқни ҳам қўшиб, фаолият доираларини кенгайтиришади.
    Муаллақчиликни чопиб бораётган от устида кўрсатишни ўрганиш Каримжондан жуда кўп меҳнатни талаб этди. У тайёрланиши лозим бўлган “От устида ўн бешлар” томошасида энг нозик ва қалтис ҳаракатларни бажариши, яъни чопиб бораётган отлар устидаги тикка турган одамлар елкасида турли шакллар ясаши керак эди. Эпчил Каримжон қийинчиликларни матонат ва чидам билан енгди. Шундай қилиб, у дастурнинг бештасида банд бўлиб олди.
  Ўзбек цирк артистлари ҳам муаллақчиликни тақлидий тарзда бир қанча турларга бўладилар ва такомиллаштирадилар. Бу тақлид тўғридан-тўғри эргашиш эмас, балки ўзининг ўзига хос хусусиятларига эга эди. Чунончи, Каримжон билан Парзин Абдухалиловнинг симдордаги ўйинлари ёки “от устида ўн бешлар” сингари томошалари чавандозлик ва дорбозликнинг миллий анъаналарига маҳкам суянган эди.
     Ўша даврларда рус цирки билан муроса қилиш мақсадида уларнинг айрим вакилларини ҳам жамоага қўшишга мажбур бўлишади. Рус циркининг ўзбек циркига таъсири унинг ўзига хослиги ва миллий хусусиятларига путур етказмади, ўз анъаналарини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.
    Труппанинг репертуар томошалари тайёр бўлгач, гастрол дастури тузилади. Улар биринчи томошаларини Тошкентда бошлаб, сўнг Марғилон, Андижон, Наманган, Қўқон ва Самарқанд шаҳарларига ўтадилар. Бу гастролнинг биринчи даври эди. Жиддий ва мураккаб сафар ҳали олдинда эди. Орадан бир оз вақт ўтгач, жамоа Туркистон, Авлиёота, Пишпак, Тўқмоқ ва Қашқарга томон узоқ сафарга отланди. Энди ўзбек труппасининг довруғи тез тарқала бошлади. Ҳамма ерда уларни катта эҳтиром ва қизиқиш билан кутиб ола бошладилар.
    Биринчи маротаба ташкил топган, кучли ва қизиқарли репертуарга эга бўлган миллий труппани томошабинлар катта қувонч билан кутиб олиши табиий эди, албатта. Зўр муваффақият ва катта даромад баъзиларни шошириб қўйди. Раҳбарларнинг ташкилотчилик қобилиятининг бўшлиги ва баъзи артистларнинг биргаликда ишлашга майллари бўлмаганлиги сабабли, яхлит труппа бир оз вақт ўтгач, майда труппаларга (1908-1909) бўлиниб кетди.
  Лекин у тез тарқагани билан ўзбек цирк тарихида ва профессионал труппага интилиш ҳаракатини кучайтиришда катта аҳамиятга эга бўлди. Бу труппа тарқагандан сўнг, ўз ҳолича цирк очишга ҳаракат қилган кўпчилик шахслар ҳам муваффақиятсизликларга учрадилар, аммо энди улар ўз хатоларини тушуниб етдилар. Фақатгина Р. Абдуҳалилов кичкинагина труппасини зўр машаққатлар билан сақлаб қола билди.
   Биринчи труппа тарқалиб кетгандан кейин К. Зарипов катта қийинчиликларга дуч келди. У Туркистон ҳудудига келиб кетувчи сайёр труппаларда ишлай бошлайди. Бу труппа хўжайинлари иложи борича кўпроқ даромад олишга интилишар, иш шароити билан қизиқмас эдилар. Шунга қарамай, К. Зарипов бу труппаларда ишлаган йилларда кўп нарсалар ўрганди. Аммо кўрган ва кузатганларини амалга ошириш учун унда имконият бўлмади. У кирган труппаларнинг қизиқчилик ва муаллақчилик томошаларида ўзининг эски репертуари билан қатнашар, сайёр труппалар эса кўпинча тайёр дастур билан келар эдилар.
   1912-1913 йилларда аввал тарқаб кетган ўзбек труппасини қайта тиклаш учун ҳаракат бошланди. Р. Абдуҳалилов труппани ортиқча қийинчиликсиз тўплашга муваффақ бўлди. Чунки биринчи труппанинг тарқаган аъзолари эндиликда жуда қийналган бўлиб, уларни тўплаш анчагина осон бўлди. Унга Кристинциндан ташқари ҳамма артистлар қайтиб келадилар. Карим Зарипов ҳам тикланишнинг биринчи кунларида-ёқ труппасига қайтди. Ўроз ва Султон сингари чолғучилар жамоасига янги аъзо бўлиб кирдилар. Шундай қилиб, труппа қайтадан тикланди.

Узоқ манзил

    1914 йилнинг ёзи… Ўзбек цирк труппаси қайтадан уюшиши билан-оқ, репертуарни тайёрлаб, узоқ сафарга отланди. Бориладиган жой жуда олис – Хоразм эди. Бунинг устига ҳар кимдаки бор маблағга асбоб-ускуна, кийим кечаклар олинган эди. Труппа бир амаллаб Чоржойга етилб келади ва йўл харажатларини қоплаш мақсадида шу ерда бир неча кун томошалар кўрсатади. Бироқ, тушган даромад харажатларни ҳам қоплай олмади. Натижада, жамоа кема ёллаш имкониятидан маҳрум бўлди. Шундан сўнг бир эски сол сотиб олинди. Бу солни ҳам жамоанинг ўзи бошқаришдан бошқа иложи йўқ эди. Унга бутун аслаҳа ва жониворларни ортиб, жамоа йўлга чиқди. Йўлда уларни азоб-уқубатлар кутар эди…
   Амударё бўйлаб сузиш ниҳоятда оғирлашади. Негаки, жамоадагиларнинг бирортаси ҳам умрида сув саёҳати нима-ю, кема бошқариш нималигини билган эмасдилар. Сув тўлқини ҳадеб солни қирғоқ қумига чиқариб ташлар, улар белларидан сувга ботиб, солни яна туширар ва бир-икки соат ўтмай, бу манзара такрорланаверарди.
     Шу зайлда масофанинг учдан бир қисми босиб ўтилмасдан-оқ, озиқ-овқат тамом бўлиб қолди. Сув йўли тўрт ёки беш кунлик бўлиб, озиқ овқат ҳам шунга яраша олинган эди. Дарёда икки кунлик очликдан кейин, ўткинчи қайиқдаги йўловчилар артистларга бир пақир ун ташлаб кетадилар. Ундан қилинган атала кўпчиликка ҳеч нарса бўлмайди. Очлик ва йўл азоби билан қийналган труппа 13 кун деганда Тўрткўлга етиб келади. Артистлар бир оз ўзларига келгач, циркнинг чодир биноси қад кўтарди. Бошланган томошаларнинг довруғи Тўрткўлнинг олис-олис қишлоқларигача етиб боради. Ким отда, ким эшакда, ким яёв Тўрткўл томон оқиб кела бошлайди. Труппанинг иш режаси эса мўлжалдан четга чиқади, сабаби ҳар куни уч марта: икки марта кундузи ва бир марта кечқурун томоша кўрсатишга тўғри келарди.
   Труппа катта мувоффақиятларга эришди. Дастурда фақатгина мўъжизали цирк томошаларигина бўлмай, улар олдидан мақомлар, катта ашула ва Фарғона яллалари ижро этилар ва кечки томошалардан кейин кино қўйиб бериларди. Дастурдаги қизиқчиликлар эса қувноқ ва мароқли эди.
    Томошабинлар чодир ичида биринчи томошани мароқ билан кузатишар экан, чопиб бораётган яланғоч отлар устидаги тик туриб борувчи артистларнинг елкаларида чирпак бўлиб айланаётган, мўйлови сабза урган таниш йигит санъатини завқ билан томоша қиладилар. Бу йигитни улар чодир олдида ашулачиларга жўр бўлаётганда ҳам кўрган эдилар. Унинг қобилиятига баъзилар тасанно ўқир, баъзилар эса тақдиридан хавотирланиб, юзларида ярим қўрқув ва жиддият аломатлари кўринарди. Аммо у томошасини тамомлаши билан ёш йигитнинг санъатидан ва вазифасини эсон-омон тамомлаб олганидан хурсанд бўлиб роса олқишлашарди. Бироздан сўнг Каримжон от устида эмас, қизиқчилик кийимида пайдо бўларди. Яна бирмунча фурсат ўтиб, баланд чодир шифтидан сал пастдаги қўш чиғириқда икки йигит кўзни тиндириб юборгудек пириллаб айланади. Ундан сакраб симдорга ўтиб, унга икки қўли билан осилиб айланиб, иккинчи симдорга сакрайди. Буларнинг биттаси яна ўша таниш йигит – Каримжон эди.
   Томошанинг охиридаги қизиқчилик тугаши билан, Юсуф қизиқ келганларга сиҳат-саломатлик тилаб, томошага келганлари учун ташаккур изҳор қилар экан, томошабинлар Юсуф қизиқни ўраб олишар ва бояги таниш йигитнинг мўъжизалари сабабини сўрашар эди. Шунда Юсуф қизиқ: “Карим омади келган йигит, пири кучли” деб жавоб берар эди.
   Юсуф қизиқ савол берувчиларга бу мўъжизаларнинг сири тинимсиз меҳнатда, машқда, жасоратда ва қизиқишда эканлигини беш-олтита сўзда тушунтира олиши қийин эди, албатта.
    Труппа Тўрткўлдан Урганчга боради. Мўлжалдаги бир ҳафта ўрнига 3 ҳафта томоша кўрсатиб, сўнг Хивага ўтишади.
   Кўҳна Хоразмнинг қадимий шаҳарларидан бири - Хиванинг дарвозасидан ичкари кирилиб, бозорга етар-етилмас, Юсуф қизиқ ҳамроҳларига қараб: “Ҳаммангиз қулоқ солингизлар. Чодирни тиклаймиз-у, бир нафар карнай-сурнай билан жар солиб, кетма-кет “Лазги”, унга “Фарғона ялласи”ни улаймиз, хонаси шундай. Ундан кейин “Ушшоқ”ни олиб, “Катта ашула” билан тугатамиз”, - деди,  деб эслайди Карим Зарипов.
   Юсуф қизиқнинг фикри ҳаммага маъқул бўлади. Тез орада шаҳарнинг бозор майдонида чодир қад кўтаради. Дастур Юсуф қизиқнинг режаси бўйича давом этади.
    Карнай ва сурнайнинг тантанали чақириқ садоларини эшитиб, томошабинлар тўплана бошлайди. Ўйин ва ялла бошланганидан кейин чойхона ва расталарнинг томлари одамга тўлиб кетади. Ашулачилар “Ушшоқ”қа ўтган ҳам эдиларки, қўққисдан чиққан қий-чув, дод-фарёд ҳамманинг эътиборини бўлиб юборди. Бозор ёнидаги бир ҳовлидан хоннинг мулозим ва миршаблари бир қизни судраб олиб чиқиб, отга ўнгарадилар. Қизнинг ота-онаси эса, дод-фарёд кўтариб йиғларди. Улар қизини олиб, кўздан ғойиб бўлгач, оломон бир оз тинчийди.
    Карим Зариповнинг айтишига қараганда, қиз бир камбағалнинг арзандаси бўлиб, ҳаддан ташқари гўзал экан. Буни эшитган хоннинг ўғли қизни ўғирлатиб кетган ва бир қанча кундан сўнг олиб келиб ташлаган. Шаҳзоданинг воқеадан хабардор бўлган хотини бу сирни хонга етказган. Хон қизни тутиб келишни буюрган ва бояги мулозимлар қизни зўрлик билан олиб кетганлар. Сўнг у қиз бечорани хоннинг бола-чақали ўғлига кўз олайтирганликда айблаб, майдонда ўз сочи билан бўғиб ўлдирганлар.
     Бу воқеа Хива халқининг ғазабини қўзғайди. Аммо на чора, хонликлар даври учун бу каби ишлар одат тусига кириб қолган эди. Норозиликлар эса кун сайин ошиб борар эди. Бу ҳолатни циркка келган томошабинлар кайфиятидан ва айниқса уларнинг труппа дастурига бўлган муносабатидан ҳам очиқ сезиш мумкин эди. Энг аҳамиятлиси шундаки, дастурдаги қизиқчилик пьесалари катта муваффақият қозониб, халқ уларни алоҳида диққат билан томоша қиларди. Бу пьесаларда меҳнаткаш халқнинг ҳаёти тасвирланар, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, зўравон ва золимларнинг кирдикорлари кулги йўли орқали фош этилар эди.
   Каримжон қизиқчилик маҳоратини эгаллаш учун озмунча меҳнат қилмади. У Юсуф қизиқнинг: “Бўш вақтинг бекорга кетмасин. Дам олганда шундай дам олки, бундан ҳам ҳордиғинг чиқсин, ҳам машқ қил”, деган фойдали ўгитларга амал қилди. Буни кўрган қизиқнинг ҳам Каримжонга эътиқоди ошиб, у билан бирга вақтларида ва дам олиш кезларида тақлиддан турли топшириқлар берар ва кўнгилдагидек бажарганда “қаҳ-қаҳа” отиб, ҳузур билан куларди. Кўпинча бундай машқлар труппа дам олаётган пайтларда кулги ва ҳазил учун ўтказилар эди.
    Ёш санъаткор ўзининг қадимий маданияти билан шуҳрат қозонган Хоразм халқига машҳур чавандоз, муаллақчи, қўш чиғириқчи цирк артистигина эмас, балки уста қизуқчи сифатида ҳам танилди.
   Труппа Хивада ўз томошаларини тугатгач, кичик кема билан Чоржой томон йўлга чиқди. Қайтишда жамоа манзилга унчалик қийналмай етиб келди.

Бухоро амири ҳузурида
   
   Труппа узоқ сафардан қайтишда Бухорога қўнди. У уч-тўрт кундан сўнг, Тошкентга қайтиши керак эди. Бироқ амирнинг мирохунбошиларидан бири труппадаги қизиқчиларни бир неча кунга қолишини ва амирнинг боғида томошалар бераётган Соколовскийнинг рус цирк труппаси билан бирлашиб, қизиқчиликлар кўрсатишини сўрайди. Хоннинг бу мулозимини Ёвқочди мирохунбоши деб аташар эди. Карим Зариповнинг айтишича, амирнинг маданий-маиший ишларини шу одам ташкил этар экан.
   Юсуф қизиқ, Ортиқ, Собир қори, Карим Зарипов, Чаққон Хўжаев ва Қодир қизиқлар бир неча кунга қоладилар. Труппанинг қолган қисми Тошкентга жўнаб кетади.
     Бухорога, шу жумладан амир саройига ҳар йили қатор цирк труппалари келиб кетарди. Ёз ойларида амирнинг Хайробод, Сарим Султон ва Олчиндаги боғларида ёзги цирк бинолари тикланарди. Шу жумладан ўзбек цирк труппаси ҳам бир неча бор амирга томошалар кўрсатган эди. Бу сафар амир саройида фақат қизиқчиларгина қолишди.
   ХХ аср бошларида амирликнинг ўзида махсус цирк артистлари йўқ бўлиб, фақат амирлик ҳудудига гастролга келган труппаларни ёллаш билан қаноатланиб келинар эди. Шунинг учун ҳам саройда тахта ва чодирдан ишланган ёзлик цирк биноси сақланар эди.
   Сарой учун томошалар кўрсатиши лозим бўлган труппа дастурини мирохунбоши кўздан кечирар ва лозим бўлса, унга баъзи ўзгаришлар киритар эди. Цирк томошаси саройдаги мавжуд оркестрнинг мусиқаси билан намози шом ўқиб бўлингач бошланарди. Ўйиннинг бошланишидан аввал сарой аҳли томоша жойига йиғилиб, амирни кутарди. Аввал томошагоҳдан баландроқ ишланган даричали иккита хонанинг бирига вазир кириб келарди. У амирнинг яқин орада келишидан дарак бўларди. Ҳамма ўрнидан туриб, вазирга таъзим қилгач, амирнинг келишини кутиб, тик турарди. Иккинчи бўлма даричасининг очилишидан амирнинг келгани маълум бўлиб, томошагоҳдагилар қуллуққа бош эгардилар. Шундан сўнг томоша бошланарди.
     Аммо бутун ўйин давомида сарой аҳлларининг икки кўзи амир бўлмасида бўларди. Чунки улрнинг ҳар бир ҳаракати амирнинг авзойига боғлиқ эди. Амир илжайса, улар кулишар, агар амир енгилгина чапак чалиб қўйса, улар томошагоҳни бошларига кўтарар эдилар. 
     Карим ака ўша пайтларни эслаб: “Биз ўша вақтларда амирнинг циркига томоша кўрстиш учун эмас, томоша кўриш учун борар эдик. Амир гўё ўргатувчи цирк артисти-ю, унинг сарой аъёнлари ўргатилган жониворлар эди. Бундан ҳам мароқли томошанинг бўлиши мумкинми?”, - дейди.
   Лекин Амир ўтирган хона даричасининг “ҳикмати” бу билан тугамайди. Томоша кўрсатилаётган вақтда даричанинг беркилиб қолиши ҳам мумкин. Шундай қилинганда, амирга томошанинг ёқмагани тушунилади. Ундай вақтларда цирк артистлари айбдор ҳисобланиб, одат бўйича, шу кечанинг ўзида юкларини аравага ортишлари лозим эди. Кўпинча бундай аҳволга ижодлари ҳаққоний йўналишда бўлганлар тушиб қолишарди. 
   Шу ўринда қуйидаги воқеа эсга тушиб кетади. Ўзбек цирк труппасининг қизиқчилари ёзги сарой циркига келган кунларининг эртасига амир тушки дам олиш вақтида уларни чаақиртиради. Қизиқчилар ишни “пул қисташ” қизиқчилик пьесасини кўрсатишдан бошлайдилар. Пьеса тугар-тугамас амир Юсуф қизиққа қараб: “Юсуф, Газиянни чақир!”, - дейди. Ундан сўнг Ортиқ қизиққа “Сен Цирковни чақир!”, - дейди. Газиян ва Цирков Соколовский труппасидаги масхарабозлар бўлиб, санъатлари суюқ, қалтис ва маъносиз эди. Улар хон ястаниб ётган шийпоннинг олдига югуриб келиб, таъзим қилиб кетганларидан кейин, ҳар иккаласи “Сен нимани биласан? деб ўзаро баҳслашар ва “Мен мана буни биламан” деб қўлларидаги иккитадан кўтариб олган ликобчаларини бошларига уриб, синдирадилар. Ундан сўнг Газиян “Мен мана буни биламан” дейди ва ўзини ҳовузга ташлайди. Цирков эса “Сен ҳеч нарсани билмас экансан”, - дейди ваа ҳовузга калласи билан шўнғийди. Ҳовузнинг пастлигидан у боши билан балчиққа санчилиб қолади. Газиян билан Каримжон уни тортиб олишадм. Бу “сакрашдан” ва “мароқли” ҳодисадан амир “хохолаб” кулади ва Цирков билан Газиян ўн газдан бахмал ва бухоро амирлигининг медаллари билан мукофотланадилар. Бу мисолдан саройда қайси савия ва йўналишдаги цирк санъатининг тақдирланиши аниқ кўриниб туради.
    Хоразмдан қайтишда Тошкентга ўтиб кетаётган труппа, Эски шаҳардаги “Кўмир сарой”га чодирни тиклаб, рўза ойи ва Қурбон ҳайит арафасида катта томошалар кўрсатиш учун ҳозирлик кўриб туриши керак эди. Тайёргарлик тугагунча Бухорода қолганларнинг ҳам етиб келишлари лозим эди. Шундай бўлди ҳам.
   Рўза томошаларининг бошланишига қадар қолган вақт ичида труппа томоша дастурларини янгилаш ва уни цирк санъатининг кураш тури билан бойитиш сингари тадбирларни кўришга қарор қилади. Бунчалик катта тайёргарликдан бошқа мақсад ҳам бор эди: рўза ойини Тошкентда ўтказгач, труппа Еттисув ва Қашқарга бориши керак эди. Қашқарга бундан ўн йил илгари сафар қилинган эди. Шу муносабат билан Карим қизиқ ҳам каттагина тайёргарлик кўрди. Цирк дастурига кураш ҳам киритилиши сабабли, у ёшлигида ўйнаган “Ёғоч полвон” ва “Чопон бола” қизиқчиликларини қайтадан тайёрлади ва уларни кураш томошасига боғлади. Ундан ташқари, Карим Зарипов трамплинг симдор ва қўш чиғириқ томошаларини юқоридагиларга бирлаштиришга ҳаракат қилди. У трамплиндан сакрар ва ҳавода шакл ясаб, симдорга ўтар ва ундан қўш чиғириққа сакрар эди. Албатта, у илгарилари ҳам трамплинда, симдор қуёш чиғириқда усталик билан ўйнар эди, бироқ уларда ҳавода шакл ясаб айланиш йўқ эди. Қолаверса, трамплиндан сакраганда, от устидаги пирамидалар тепасидан ошиб ўтар эди-да, ерга тушарди. Янги томошада эса, тортинадиган мосламага тушиши керак эди. У шу оннинг ўзида қўш чиғириққа сакраб осилиши шарт эди. Буларнинг ҳаммаси ниҳоятда эҳтиёткорлик ва аниқликни, ирода ва эпчилликни талаб этар эди. Карим Зарипов олдига қўйган мақсадига эришди, қийинчиликларни енгди.
   Труппанинг бошқа дастурлари ҳам тайёр бўлди. Жамоа кураш дастурида иштирок этиш учун косонлик Ғаффор полвонни таклиф этди. Мақсад - томошабинга цирк курашчиларининг қудратинигина кўрсатиш эмас, балки бунда халқ орасидаги полвонларни жалб этиш ҳам эди. Курашнинг шарти қуйидагича эди: халқ полвонларидан кимки Ғаффор полвонни йиқитса, йигирма сўм мукофот оларди, акс ҳолда, яъни тарафдор йиқилса,  у албатта, ҳеч нима тўламасди. Труппанинг бу сингари тадбирлари циркка томошабинни кўпроқ йиғиш билан бирга, томошабинни цирк санъатига, жасоратга ва мардликка чақириш учун ҳам хизмат қилди.
    Труппанинг дастури белгиланган мўлжалга, яъни рўзанинг бошларида тайёр бўлди.     
   Кўп ўтмай, томошалар ҳам бошланиб кетди. Кун бўйи илиқликдан дармонлари қуриб, ниҳоят кечки ифторликка аранг етган ёки куни бўйи “кўза” бўлса ҳам, меҳнатдан ҳориган томошабинлар ажойиб цирк дастурини кўриб, бир оз ҳордиқ чиқарар эдилар.
    Труппа Тошкентда томоша кўрсатиб бўлгач, Етти сув томон йўл олди  ва йўлда Чимкент, Авлиё ота сингари қишлоқ ва шаҳарларда тўхтаб, томошалар берди. Бу шаҳарларнинг аҳолиси труппани биринчи маротаба кўраётганлари йўқ эди. Улар шу жамоанинг томошалари билан 1905 йилда ҳам танишган эдилар. Бироқ ҳозирга труппа аввалгидек эмас, анча ривожланган ва чиниққан, дастур ҳам пухта, пишиқ ва катта эди. Карим Зарипов у вақтларда эпчил ва тиришқоқ ёш бир санъаткор эди; ҳозир эса ҳаётда ҳам, санъатда ҳам балоғатга етган йигит. Томошабинлар ўзларини тамомила янги труппа билан учрашгандек ҳис этар эдилар.
    Труппа сафарни давом эттириб, Каркидан Тўқмоққа, ундан Пишпакка ўтиб, Ғулжага томон йўл олади. Ҳамма ерда томошабинлар труппани яхши кутиб оладилар. Аммо сафар тугаб, Тошкентга қайтишда жамоа ниҳоятда қийналади. Қиш кириб, йўлни қор босган ва ниҳоятда совуқ эди. Тоғ йўллари беркилиб қолганлиги сабабли, труппадагилар навбати билан йўл очар ва бу йўлдан юкли отлар етакланар эди. Ҳаракатсиз узоқ туриб қолишга тўғри келгани туфайли, уч-тўрт от совуқдан ўлади ва юкларни миниладиган отларга ортиб, артистлар пиёда қоладилар. Бундай қийинчиликлар цирк жамоаси ҳаётида кўп учраган бўлса-да, бу галгиси уларни ниҳоятда ҳолдан тойдиради. Бир амаллаб Тошкентга қайтиб келишгач, қиши билан томоша кўрсата олмайдилар.     
    Шу билан ўзбек цирк труппасининг ўша даврдаги узоқ сафарлари тугайди. 1916 йил ғалаёнлари инқилобга улашиб кетади. Бу давр ичида Карим Зарипов Тошкент, Фарғона водийси, Самарқанд ва Бухородан четга чиқмайди. Каримжон ёшлигидан катталарнинг ишини қилди, уларнинг орасида бўлди, ўшалар билан яшади, ишлади. У онасининг болам, деб эркалашига тўймасдан-оқ, унинг олдига меҳнат кўндаланг бўлди ва меҳнат ижодга уланиб кетди. У санъатни ва ўз касбини ниҳоятда севди ва бу севги артистга куч бағишлади. Каримжон мақсадга эриша олишга бутун вужуди билан ишонади ва бу ишонч уни улғайтирди. Карим Зарипов улғайган сари янада баландроқ парвоз этишни хоҳлади. Бу парвоз манманлик ёки кибр-ҳаво эмас, балки ижод ташналиги эди. У тинмай ижод қилишни истар, лекин ҳаёт унинг истакларига қарши турар эди. Шунинг учун ҳам у, ўзини кўчма чодир ичига сиғмаётгандай туюлар, артист унга аччиқ қилиб, “кўк гумбазига қўш чиғириқ осиб, унда парвоз қилгудек” эди. Лекин шароит унинг елкасидан босаётгандек… Ҳақиқатан ҳам шундай эди. Каримжон ўзи истаган ҳаёт ҳали олдинда ва унга эришиш учун курашмоқ керак эканлигига ишонарди!
  Туркистон ҳудудида қонли жанглар борар, Бухоро ва Хива хонликлари эса охирги кучлари билан иттифоқчиларга қарши турмоқда эдилар. Айниқса Бухоро амири шўроларга қарши катта куч тўпламоқда эди. 
    Бу вақтда ўзбек цирк труппаси уч қисмга бўлиниб иш кўрар эди. Қизиқчилар группаси циркчилардан ажраб чиқиб, Юсуф қизиқ рахбарлигида Марғилонга келади, бир группа цирк артистлари ҳам Раҳмон Абдуҳалилов бошчилигида қишлоқларга чиқиб кетадилар. Карим Зарипов билан Чаққон Хўжаев эса Когонга боришади.
    1918 йилда бир неча цирк труппалари бирлашиб, Когонда “Кооператив” номи билан цирк ташкил этадилар. Карим Зарипов ҳам шу труппага киради. Циркка аввалги цирк биносининг эгаси Говорин раҳбарлик қилади. Янги “Кооператив” цирки жойлашган бинонинг усти лой том бўлиб, томошагоҳга тўққиз қатор ўриндиқ қўйилса ҳам анчагина кенг, 500 ва гоҳо 600 киши томоша кўра олар эди. Ўша пайтда цирк дастури қуйидагича бўлган.
    Баяновский қизиқчиликлари, Гапановларнинг акробатика ўйинлари (Нарвон ва ҳаракатдаги от устида), ака-ука Карл ва Фердинанд Гафтлар ҳамда уларнинг хотинлари Шура ва Сара Гафтларнинг ҳавода учиш томошалари ва турли ҳаво машқлари кўрсатилар эди. Карим Зарипов жонли акробатик пирамида ва чавандозлар устидан, трамплиндан сакраш машқларини бажарар эди. Каримжон ва Муҳаммад чаққон  циркнинг асосий қизиқчилари эди. Ижро этиладиган қизиқчиликлар, ўзбек циркидаги кўпдан бери кўрсатилиб келинаётган эски қизиқчиликлар эмас, балки ўша давр воқелигини акс эттиришга бағишланган ҳамда эски рус цирк программасидан танлаб олинган баъзи қизиқчилик томошаларидан иборат эди.
   Чунончи “Омонат касса” номли қизиқчилик дастурида шўро ва Америка омонат кассалари бир бирига таққосланар эди. Бу қизиқчиликдан ташқари К. Зарипов ва Чаққон Хўжаевнинг репертуарларида “Буфет”, “Иблис”, “Учар гилам” сингари қизиқчиликлар ҳам бор эди. Кўрсатилган қизиқчиликлар рус ва ўзбек тилларида олиб борилар эди, бу халқлар дўстлиги ва байналминалчилик ғояларини тарғиб қилишдаги дастлабки куртаклар эди.
   Эр-хотин Ильичинскийлар “Елкадаги нарвон” акробатик ўйинини кўрсатар эдилар. Илъичинский кичик чиғириқда ҳам ўйнар эди. Кристинстин хотини ва Клеопатра исмли қизи билан симдорда ўйнар эдилар. Ундан ташқари, Клеопатра думалаб бораётган шар устида тик туриб, найрангбозлик томошаларини ҳам кўрсатар ва онаси Кристинцина эса ҳаво чиғириқда ўйнарди. Соболевский уч қизи (Мотильда, Элла, Катя) ва икки ўғли (Володя ва Боря) билан от устида жокейлик ўйинини кўрсатар эди.
    Говорин бўлса ўз оиласи билан икарайслик ўйинини – яъни, узун ёғоч устида тик турган одамни ияги ва пешонасига қўйиб мувозанатда сақлаш ва турли бошқа томошаларни кўрсатарди.
   Карим Зарипов қуйидагича ҳикоя қилади:
    “Хоннинг Когондаги лашкарбошиси ҳам мени танир эди. Шундай қилиб, Чаққон Хўжаев билан Бухороий шарифни “Худо бехабарлар касофати”дан сақлаб турувчи юқоридаги таниш саркарданинг ҳузурига бордик. Билмайман, у зерикиб ўтирган эканми ёки бизни кўриши билан кўз юмгандек тез ўтиб кетган осойишта кунлари, қизиқчилик ва турли цирк ўйинларини ястаниб олиб томоша қилган оромбахш тунлари ёдига тушиб кетдими, у ҳарқалай, бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Бироқ, у тезда ўзгарди ва яна жиддийлашди. Ҳали-ҳали кўз олдимдан кетмайди: у бизга жой кўрсатди-ю, соқолини лабига чимдаб, менга:
-  Қизиқ, - деди.
-  Лаббай, тақсир, - деб жавоб бердим мен.
-  Қалай, замонларни қизиғини кўряпсанми? – сўради у.
-  Қизиғини эмас, бузуғини кўриб, ҳузурингизга келдим, - дедим шунда мен.
-  Қандай экан? – деб у жилмайди-да, менга тикилиб тураверди.
 Мен: - Жуда бўлмағур экан, - деб жавоб берган эдим, у: 
- Бўлмағур эмиш, мутлақо ярамасдир! Айниқса сенга ўхшаганларга жабр, - деб ўшқирди-да, яна қўшиб қўйди: - Бизни сояи давлатимизда тамаддингни кўриб юра бер, шўролар қўлида аҳволинг вой бўлади, буни унутма!
     Амирликда ҳарбий тайёргарлик катта эди. Лашкарлар учун янги қароргоҳлар ва турли қурол-аслаҳа омборлари қурилмоқда эди. Уруш қуроллари келтирилмоқда эди. Карим Зарипов ва Чаққон Хўжаев шаҳарнинг ҳарбий ҳаёти билан икки кун давомида танишдилар. Учинчи куни Шўркўлда армиянинг уруш машқлари ўтказилажаги ҳақида буйруқ бўлди. Бу ҳақда Карим Зарипов шундай дейди:
     “Ҳақиқатдан ҳам, эртасига Шўркўлга катта қўшин тўпланди, Бу тепаликка тикилган чодирга мусиқа садолари остида Олимхон келиб тушди. Бу манзарани биз узоқдан кузатдик. Ҳарбий машқнинг эртасига биз мироҳурбошининг олдига келиб, “Тақсир, бола-чақамиз Когонда эди, олиб келсак ва паноҳингизда умр кечирсак, - дедик. У бизга извош берди ва бир одам қўшиб, кўчириб келишни буюрди. 
     Карим Зарипов Бухородан Когонга қайтгач, цирк коллективи Термиз, Чоржўй ва Каркидаги аскарларга цирк томошалари кўрсатиш учун гастрол сафарига ҳозирлик кўради. Қизиқчи жамоа билан аввал Термизга келди. Бироқ шаҳарда шароит ҳаддан ташқари оғир эди. 
    Лекин цирк томоша бошланмасдан-оқ, ҳужум бошланади ва шаҳар яна қамалда қолади.
  1919 йилнинг ёзида цирк труппасини иккига бўлиниб, ярмини Самарқандга ва ярмини Карим Зарипов бошчилигида Фарғонага юборадилар.
     Цирк труппаси Фарғонага келганда Жалолобод ва Ўш вақтинча қўлга олинган ва Андижонни қамал қилишга киришишган эди. Аҳвол оғир эди. Партия ва давлат ташкилотлари циркни ҳавфли шароитда фронтга юбормасликка қарор қиладилар ва цирк биносида аҳоли учун томошалар кўрсата бошлайди.
     Ёз фаслининг охири ва кузнинг бошларида бир группа артистлар билан Карим Зарипов Еттисув фронтига жўнайди. У Пишпакда Раҳмон Абдухалилов билан учрашади. У ўзбек труппасидан ажралиб чиққандан кейин, ўз таъсирида бўлган тўдани кичик цирк ҳолига келтириб, Еттисув районларида томошалар кўрсатиб юрар эди. Карим қизиқ труппаси Абдухалилов труппасига қўшилиб, қишлоқларда кеч куз ойларигача цирк томошалари кўрсатади. Ноябр ойида Зарипов ҳарбий комиссариатининг топшириғи билан Олмаота циркига ўтади ва укаси Мирза Зарипов билан қизиқчилик дастурларини олиб боради. Олмаотада қишки цирк биноси бўлмаганидан, циркка ўхшатиб тахтадан бино қурилади ва томи кигиз билан ёпилади. Бино совуқ бўлишига қарамай, ҳар куни томоша зали аскарлар ва аҳоли билан тиқ тўлар эди.
     Карим Зарипов уйғур ва ўзбек ҳаваскорларидан тўгарак ташкил этади. Тўгарак аъзолари жадид драматурги А. Бадриддиновнинг “Жувонмарг” пьесасини тайёрлайдилар.
   Бу йиллари К. Зариповнинг ижоди ҳам илдам одимлар билан ривожланади, такомиллашади ва юксалади. У кўпроқ чавандозлик ва от устидаги муаллақчилик билан боғлиқ бўлган машқлар устида ишлади.
     Карим Зарипов чавандозликни ва от устида одамлар ташкил этган пирамида тепасидаги гротеск машқларни ёшлигидан ўрганишга киришган ва уларни биринчи ўзбек цирки труппаси янги ташкил этилган йилларда-ёқ ижро этган эди. Бироқ, унда ҳар бир шаклни яратишда ва ижро этишда бадиийлик, цирк санъатининг талабларига хос гўзаллик ва енгилликлар етишмас эди. Тўғрироғи, улар чаққонлик билан бажарилган жисмоний машқларини эслатар эди.
     Цирк санъатининг турли мураккаб машқларида томошабинларга эстетик мароқ берадиган бадиийликка эришиш ниҳоятда оғир ишдир. Бунинг учун йиллаб тинимсиз меҳнат қилмоқ лозим. Аммо, артистнинг тинимсиз меҳнати ва интилишларининг ўзигина мақсадга етказа олмасди. Чунки санъатни эгаллаш учун мактаб ва устоз бўлиши керак. Карим Зарипов илгарилари ана шу имкониятдан маҳрум эди. Ўша вақтларда кўп устозлар санъатларини серҳаракат, серзавқ Зариповга ўргатишни истаганлари билан кўпинча имконият, шароит бўлмасди; шунинг учун ҳам, яхши деганда, санъатнинг жисмоний ва механик томонинигина ўргата олар эдилар. Ҳақиқатдан ҳам, машқларнинг бадиийлиги устида артистнинг ўзи бош қотиришига тўғри келди ва ниҳоят, у “Кооператив” циркида бу бадиийлик устида астойдил ишлашга киришди. Энди шароит ҳам, имконият ҳам анчагина пишиб етганди. Биринчидан, Карим Зарипов йиллар давомида муаллақчиликнинг ҳамма турларини, унинг жисмоний ва механик томонларини яхши эгаллаб олди; навбатдаги вазифа унинг бадиий томонларини ўзлаштириш эди. Иккинчидан, “Кооператив” циркида санъат усталари кўп эди ва Карим Зарипов улар билан доимо бирга эди. Шароит оғир бўлишига қарамай, у артистлар Зарипов билан ишлашга ва ўз санъатларини жон диллари билан унга ўргатишга вақт топар эдилар. Ҳатто ўргатишни улар ўз бурчлари деб билардилар.
   Санъаткор бу эришган муваффақиятлари билангина чекланиб қолмади, цирк қизиқчилигида ҳам катта ютуқларни қўлга кирита борди: профессионал цирк клоунада санъатини ўрганди. Бу ҳол артистнинг йигирманчи йиллардаги фаолиятида – профессионализмда юқори босқичга кўтарила олган цирк клоунадасининг яхши томонларини ўзбек миллий профессионал цирк қизиқчилигига усталик билан татбиқ эта билишида кўринди.
     1919 йилда Карим Зарипов ҳаётида катта воқеа юз берди. У кўзга кўринган тошкентлик Муллажон қизиқнинг қизи Муборакхонга уйланди ва икки ёшнинг ҳаётида бахтиёр кунлар бошланди. Муборакхон Карим Зариповнинг ижодда ҳам, оила ҳаётида ҳам фикрдоши, маслакдоши бўлиб қолди. Ана шу пайтлардан бошлаб очиқ ва қувноқ Муборакхон паранжида циркка борадиган ва репетицияларни томоша қиладиган бўлди.
   Карим Зарипов Олмаотадан Тошкентга келгач, “Всерабис” иттифоқи қошида янгидан ташкил этилаётган Давлат сайёр циркига ишга киради. Бу цирк Юпатовнинг собиқ шахсий биносида очилади (Ҳозирги Тошкент давлат цирки ўрнида) ва уч бўлимдан иборат катта дастур тайёрлайди. Карим Зарипов мазкур дастурда қизиқчилик томошаси билан қатнашади.
   Цирк 1922 йилгача ишлаб, сўнг яна шахсий тўдаларга бўлиниб кетади. Циркнинг биноси эса Хизирков ихтиёрига ўтади ва у труппа ташкил эта бошлайди. Зарипов ҳам кичик труппа тузади ва Эски шаҳарнинг Вилоят кўчасида чодирли цирк очади. Унинг дастурида асосий ўринни қизиқчилик томошалари ташкил этарди.
     Каримжон 1922 йилнинг охирига келиб труппани яна тарқатиб юборади ва санъатни халқ орасида кенг тарғиб қилишда, хотин-қизлар озодлиги ишларида фаол иштирок эта бошлайди. Масалан, у 1923 йилда Эски шаҳардаги Кўкалдош мадрасасида очилган Давлат киносининг ташкилий ва ташвиқий ишларига раҳбарлик қилади. Ундан ташқари Карим Зарипов кичик труппа тузиб, унга хотин-қизларни жалб этиш ишларини олиб боради ва қизиқчилик санъатини янада мукаммал эгаллашда давом этади.
     1924 йилнинг куз пайтлари Тошкент кўчалари деворларида қуйидаги афишани ўқиш мумкин эди.
     “1924 йил 23 сентябрдан (пайшанда кунидан) бошлаб От ўйин!
    Эски шаҳар, Чорсуда Бокудан келган машҳур байналминал от ўйинлари, йигирма кишидан иборат от ўйинида бениҳоят кўз кўрмаган қизиқ ўйинлар кўрсатилади. Ҳамда бу ўйинда бутун Туркистонда қизиқчилик билан шуҳрат топган машҳур қизиқ Каримжон ҳам иштирок этади. Мазкур ўйинчилар хориждан келган артистлардир. Ўйинлар ҳар куни соат тўққизда бошланур.
     Билет баҳоси икки сўмдан йигирма тийингача.”
     Юқоридаги эълон рус, хитой, озарбайжон ва ўзбек цирк артистлари уюшиб ташкил этган Эски шаҳардаги цирк афишаси эди. Карим Зарипов ҳам шу циркда қизиқчи сифатида ишларди. У бир неча кулгили сатирик ҳикоялари билан бир қаторда “Заркокил” ва “Келин тушди” халқ қизиқчиликларини ҳам томошабинларга кўрсатарди ва “Кафе шантан” номли пантомимада иштирок этарди.
     Карим Зарипов Бухорога келган кунларда Зинковский цирк очиш тараддудида эди. У Зариповни ўз циркига киришга таклиф этади. Каримжон иккиланиб ўтирмай, рози бўлади. Карим Зарипов бола-чақаси ва укаси Мирза Зариповни олиб келиш учун Тошкентга жўнайди.

Эр-хотин қизиқлар

   Шарқ аёли, айниқса, ўзбек аёли у вақтларда санъаткор бўлиб халққа кўриниш у ёқда турсин, номаҳрамдан юзини беркитади, кўчада паранжига ўралиб юрарди, бутун умри ичкарида ўтарди.
    Муборакхон Зарипова бу борада жасорат кўрсата олган аёллардан бири бўлди.
   1925 йилнинг эрта баҳори. Қирларни чечак, боғларни бинафша ва кўкатлар қоплаб, табиатда баҳор, кўнгулда ёшлик, боғларда эса чаман фасли бошланди. Қалдирғочлар ҳам фируза осмонни “яллага” тўлдирардилар. Бухоронинг “Кўк бозоридаги” чодир циркидан кўтарилаётган гулдурос кулги қушларнинг чуғурлашини ҳам босиб кетар эди. Бу кулгининг сабабчиси Муборакхон Зариповадир. У бутун цирк майдонига биринчи бор қадам қўйган куни; Карим Зарипов билан “Довюраклар” қизиқчилик томошасини кўрсатмоқда эди. Бу кулги ва олқиш ҳақиқатдан ҳам ёшроқ, чиндан шўхроқ ва жўшқинроқ эди. У ўзбек аёли тарихида бошланган баҳорни улуғларди, биринчи ўзбек цирк артистини қутларди.
   Ўзбеклар ўғил ота касбини эгалласа “ота оғил” ёки “эр ўғил” дердилар. Ундан ташқари “Ота касбини эгаллаган хор бўлмас”, деган мақол ҳам бор эди. 
    Замонлар ўзгариб, мана бугун Муборакхон Зарипова ота касбини эгаллади. Эгаллаганда ҳам ундан ўзиб кетди. Муборакхон давр аёли бўлди. У хотин-қизларга нисбатан “ожиза” ва “заифа” нуқтаи назаридан қаровчи тушунчаларни йўққа чиқарди. Чодир циркда кўтарилаётган кулги аёл қудратини улуғлаш ва қудрат ўз тақдирини ярата олишини намойиш қилиш эди.
     Муборакхон Зарипованинг циркка кириб келиши осонгина амалга ошмади. Авваллари у репетицияларни куни билан ўтириб кузатар, мароқ билан томоша қилар ва ўрни келганда “танқид” ҳам қилиб қўяр эди. Шундай вақтларда Карим Зарипов: “Қани, ўзинг қилиб кўрсат”, - деб ҳазиллашар, бироқ Муборакхон турмуш ўртоғининг олдида ҳам бировларнинг ҳолатига киришга юраги дов бермасди.
   Аста-секин у эрига маслаҳатчиликдан амалий ёрдамчиликка ўта бошлади. Карим Зарипов эса Муборакхонни цирк артисти қилиб тайёрлашга қаттиқ аҳд қилган ва кундан-кунга уни ижодий доирага яқинлаштиришга ҳаракат қиларди. Ниҳоят, Муборакхон циркка қатнашишга қарор қилди ва аввал Тошкентдан бошқа жойда чиқаман деб шарт қўйди. Улар шартга биноан беш ойлик тўнғич Ҳакимжонни олиб Бухоро циркига келишди. Ижодий иш ана шу ерда бошланиши керак эди. Муборакхон Зарипованинг дебюти шундай қилиб Бухоро циркида бўлди…
      Цирк санъати томошабиннинг яқин иштирокида кўрсатилади. Унинг гир атрофини томошабин ўраб олади. Муборакхон ҳам ана шу халқ қуршовида санъатини намойиш қилар, аммо кўчада ҳамон паранжи-чачвонда юрар; уни тамомила ирғитиб ташлашга юраги дов бермас, қандайдир андишалар унинг қўлидан тутаётгандек туюларди. Шунинг учун маслаҳатлар ҳам унга ҳадеганда кор қилавермасди…
     Зинковскийнинг цирк коллективи жуда кичкина бўлиб, дастурда асосан тўрттагина томоша бор эди. Чунончи: от ўйнатиш (Якубовский бажарарди), акробатика ва қўш чиғириқ ўйинлари (Карим ва Мирза Зариповлар бажарарди), қизиқчилик (Карим Зарипов ва Муборак Зарипова бажарарди) ва эр-хотин Зинковскийлардан иборат эди.
   Тошкентдан кучли дастур билан Хизирков труппаси келади ва “Лаби ҳовуз”га чодир тикиб, томошалар бошлайди. Мағлубиятни олдиндан сезган Зинковский чодир, икки гилам ва икки ўргатилган отни ташлаб қочиб кетади. Сабаби, у артистлардан қарз эди. Икки ўргатилган от Карим Зарипов ихтиёрига ўтади.
    Зинковский аҳволидан хабар топган Раҳмон Абдуҳалилов Карим Зариповни ўз труппасига таклиф этади. (Бу вақтларда у Қаршида эди) Зарипов рози бўлади ва хотини билан йўлга тушади. Эр-хотин Қарши вокзалига келиб тушар экан, у ерда қизиқ воқеа юз беради. Муборакхон перронда паранжи ёпиниб ўтирар, Карим Зарипов эса вагондан отларини тушириш билан овора эди. Ҳаш-паш дегунча Муборакхоннинг атрофини бир тўда одамлар ўраб олиб, унинг паранжисини томоша қила бошлайди. Негаки, бу ерлик хотинлар одатда паранжи эмас, желак ёпинишар эди.
    Карим Зарипов ишларини битириб келгунича, Муборакхон атрофидагилар янада кўпайган эди. Аввалига Карим ака ҳайрон бўлади ва одамлар орасидан Муборакхоннинг олдига бир амаллаб ўтиб олгач, масала нимадалигини тушуна бошлайди. Аёллар гоҳо желак остидан қўлларини чиқариб, паранжини ушлаб кўришарди.
   Қизиқчи овозини барала қўйиб: “Хоним, ошиғингиз олчи-ку, юзингизни кўрмай туриб, томошабинларингиз шунчалик ўраб олишибди”, - дейди. Муборакхон кулиб юборади. Атрофдагилар ҳам унга қўшилишиб кулишади. Шунда Карим Зарипов: “Ўртоқлар, бола-чақангизнинг тўйини кўринг, бизни ўз ҳолимизга қўйинглар”, - дейди. Аммо ҳеч ким қимирламайди. Шундан кейин у Муборакхонга: “Хоним, агар иш шундайлигича давом этаверса, атрофингиздаги томошабинларингиз кўпайиб, мени четга суриб ташласалар, унда жамолингиздан маҳрум бўлиб қоламанми, деб қўрқаябман”, - дейди. Яна кучли кулгу овози кўтарилади. Муборакхон ҳам паранжининг ичида қотиб-қотиб кулар эди. Буни  сезган Карим Зарипов: Энди, ҳамон шундай бўладиган бўлса, жамолингизни вақти-ғаниматда кўриб ола қолай!”, - деб Муборакхоннинг бошидан паранжисини тортиб олади ва одамларнинг устидан орқага ирғитиб юборади. Кулги яна кучаяди. Муборакхон ҳам қотиб-қотиб куларди…
    Паранжи мангуга улоқтирилган эди. Ҳазил-ҳазил билан бошланган иш чинга, тантанага айланди. Хотинларнинг юзларини кўриб бўлмаса-да, улардаги ҳурсандчилик, шодликни пайқаб олиш осон эди. Томошабин тарқайвермагач, Карим қизиқ бир бўхчадан чилдирмани олади-да, Муборакхон билан бирга тайёрланган қизиқчиликдаги бир қўшиқни бошлаган эди, Муборакхон унга қўшилади.
Асака боғининг шамоли
Лўм-лўм Мамажон-эй.
Кўринди қизчанинг жамоли,
Бўйнида маржон-эй.
Кўринса қизчанинг жамоли,
Вой жоним, вой-дод, дўст бегим, войдод-эй.
Бошида дурра рўмоли,
Бўйнида маржон-эй.
    Қўшиққа ўйин уланди. Беш-олти йигит билганларича ўйин туша бошладилар. Муборак ва Каримжонлар олиб келинган аравага чиқиб, ялла бошладилар. Ўйинчиларнинг сони кўпайди. Икки аёл бошларидаги желакларини улоқтириб, улар ҳам сафни тўлдирди. Муборакхоннинг паранжи ташлагани катта ибрат бўлган эди. Эр-хотин артистлар тушган арава шоду хуррамлик билан шаҳарга ёр-ёр айтиб киришди …
     Раҳмон Абдуҳалиловнинг цирки Қарши мадрасаларининг бирида жойлашган эди. Карим қизиқчи келганидан сўнг тузилган ва тайёрланган цирк дастури қуйидагича бўлди:
     “Комик озодлик” деган ўргатилган отлар ўйини ва шу сингари от билан боғлиқ томошалар – Р. Абдуҳалилов ижросида кўрсатиларди. Малюгин ва Бартонлар мусиқали қизиқчиликлар кўрсатар эдилар. Карим ака муаллақчилик томошаларини ҳамда Муборакхон билан майдонда қизиқчиликлар кўрсатарди. Парзин Абдуҳалилов бошчилигида симдор ўйини ижро этилар эди.
     Цирк Қарши шаҳридаги томошаларини тугатиб, Шаҳрисабзга ўтади ва дастурга янги тайёрланган “Маскарад” номли пантомима киритилади. Зарипов бу труппа билан бошқа туманларда томошалар кўрсатгач, Тошкентга қайтади.
    1928 йилда Тошкентда “Қизил Шарқ” давлат сайёр цирк труппаси тузилиб, Карим Зарипов унга раҳбар қилиб тайинланади. Бу вақтда қишлоқда жамоа хўжалиги учун курашнинг қизиб кетган вақти эди. Труппа ана шу қайноқ ҳаёт қучоғида иш кўради, тинимсиз ишлайди; Тошкент вилоятининг туманларида томошалар кўрсатади. Кундузи қизиқчи ва мусиқачилар ўйин-кулги билан пахта карвонларни манзилга кузатишар, кечқурун эса туман ва қишлоқ марказларида кечки томошалар кўрсатишар эди. Карим Зариповнинг шу пайтлари яратган қизиқчилик томошалари замонавийлик, долзарблик жиҳатидан, айниқса, диққатга сазовордир. Бу қизиқчиликларда ҳаётимиздаги иллатлар ҳажв остига олинар, анқов ва текинхўрлар фош этилар, ҳаётда учраб турадиган хунук иш ва одатлар қаттиқ танқид қилинарди. “Эшон ойим ёки тиш доктори”, “Ким қандай?” сингари қизиқчиликлар шулар жумласидандир.
  “Эшон ойим ёки тиш доктори” қизиқчилигида хотин-қизлар озодлигининг душманлари, ғийбатчилар, бўҳтончиларнинг кирдикорлари очиб ташланади. Тиш оғриғига учраган Эшон ойим, ўзини дарддан халос қиладиган одамни топиб келишни буюради. Тош доктори келади. Доктор Эшон ойимнинг оғриган тиши қолиб, тилини суғуриб олади. Чунки бу тил кўпларни заҳарлаган ва ҳаёт ёстиғини қуритган эди. Суғурилган тил “тилга кириб” гуноҳнинг ҳаммаси Эшон ойимда эканлигини ва ўзи ҳам бу оғиздан қайси йўл билан қутилишнинг иложини қилолмай юрганини ва ниҳоят, тиш доктори уни ана шу оғиздан халос этганлигини айтиб, доктордан миннатдор бўлади.
   “Ким қандай?” қизиқчилигида эса, мактабнинг “бу эшигидан кириб, наригисидан чиқиб кетувчи” баъзи тутуриқсиз ёшлар, якка хўжаликнинг текинхўр ва муттаҳам вакиллари ҳажв қилинади. Масалан, илғор колхозчи аёл билан якка хўжалик бўлиб пахта эккан бир деҳқон шундай мунозара қиладилар:
     Колхозчи хотин. Бизнинг колхозда хотин-қизларимиз бу йилги пахтанинг ҳар гектаридан қирқ центнердан оқ олтин берадилар.
    Якка хўжалик.  Ҳа-ҳа-ҳа… Сизлар қирқ центнердан берган бўлсангиз, мана камина мулла акангиз эллик центнердан дўндираб ташладилар.
     Колхозчи хотин. А?
     Якка хўжалик. Ҳа!
     Колхозчи хотин. Ҳеч-да, Ишонмайман. Қандай қилиб ахир?
   Якка Хўжалик. Мана қулоқ солинг. Мен, мен якка хўжалик бўлиб пахта экканман. Мен эккан пахтанинг атрофида колхознинг пахтаси ҳам бор. Кундузи ўзимнинг пахтамни тераман, ойдинда колхознинг пахтасини. Шундай қилиб эллик центнердан пахтани қотирдим”
     Юқоридагилардан ташқари “Оқлар офицери” “Пахта бериш” номли қизиқчилиги ҳам кўрсатилар эди.
  “Қизил шарқ” сайёр труппасининг таркибида ака-ука Мадалиевлар (қўш чиғириқчи), Акром Юсупов (симдорвоз). Назармат каби халқ қизиқлари, ҳамда созанда ва ўйинчилар ҳам бор эди.
     Карим Зарипов раҳбарлигида Тошкентдаги ўзбек сайёр цирк труппаси 1930 йилнинг ноябригача, яъни Ўзбек давлат цирки ташкил топгунга қадар иш кўрди, халқ орасида цирк санъатини фаол тарғиб қилди. Бу нарса ўзбек миллий циркчилиги билан боғлиқ бўлиб, унинг устига Карим Зарипов йигирманчи йиллар давомида унумли иш олиб борди. Аввало шуни айтиш керакки, репертуарни яратиш билан бирга, миллий цирк қизиқчилигини такомиллаштириш, унга тугал профессионал қиёфа бериш, халқ театри томошалари билан цирк қизиқчилигини яқинлаштириш лозим эди.
     Юқоридаги вазифаларни бажаришда Карим Зарипов ўзбек халқ санъати анъаналарига содиқ қолди. У ҳар бир яратилган цирк қизиқчилигида ўзбек халқ театрига хос руҳни сақлашга ҳаракат қилди.
    Ўзбек халқ театри қизиқчилик, аския ва ҳикоячилик жанрига бўлинади. Карим Зарипов бу уч жанрларнинг ҳаммасида ҳам ижод қилган.
     Карим Зариповнинг йигитманчи йиллардаги фаолияти ниҳоятда мазмундор эди. Артистнинг изланиш йиллари ва ижоди эса миллий цирк қизиқчилигининг шаклланиш даврига тўғри келди.
     Ана шу йиллар орасида Муборак Зарипова ҳам бир умрга цирк артисти бўлиб қолди. Энди у томошабиннинг салобатидан чўчимайдиган бўлди. Цирк майдонини эса қизиқчи ўзиники қилиб олди.
     1930 йил  ноябрь ойида Тошкент давлат цирки ташкил этилиб, Карим Зариповнинг “Қизил шарқ” труппаси ҳам шу цирк ихтиёрига ўтди.
  Тошкент давлат цирки Ўзбекистон циркчилик санъатининг маркази бўлиши ва барча қобилиятли санъаткорларни бирлаштириши лозим эди. Цирк ташкилий жиҳатдан қатор сайёр труппаларга эга бўлиб, шаҳар ва қишлоқ аҳолисига ҳизмат қилиши ва вақти-вақти билан яна ягона коллективга бирлашиши лозим эди.
     Тажрибали Карим Зарипов янги давлат циркини яратишда фаол иштирок этди. Миллий цирк бўйича кадр танлаш ва бирлаштириш ҳам унинг зиммасига тушди. Артист машҳур халқ санъаткорлари: дорбозлар, қизиқчилар, қўш чиғириқчилар ва шу сингариларни цирк майдонига тортди. 1931 йилдан бошлаб Муборакхон Зарипова яна Карим Зарипов билан қизиқчиликларда қатнаша бошлади.
     1930 йилдан Карим Зарипов ижодида яна бир янги хусусият кўрина бошлади. У отларни дрессировка қилишга – ўргатишга киришади. Карим Зарипов болалик чоғларидан от ўйнатувчи артистлар билан ёнма-ён ишлади. Айниқса, от ўйнатишда тажрибали артист Раҳмон Абдуҳалилов билан кўп пайтлар бирга бўлди. Отни ўргатиш ва ўйнатиш санъатини ҳам асосан ўшандан ўрганди. Артист биринчи марта ўргатган оти “Самарқанд” лақабли қора байир эди.
   Одатда қора байир наслидаги отлар қизиққон ва шўх бўлиб, тажрибали ой ўйинчилари ҳам уни зўр машаққатлар билан ўргатадилар. Карим Зарипов ҳам бу қийинчиликларга учради. Бироқ ўз олдига қўйган мақсадини кўнгилдагидек амалга ошира олди.
     Маълумки, қора байир ўзбек чавандозлигининг миллий ифтихоридир. У халқ достонларида мадҳ этилади. Эр йигитнинг, Ватан арслонининг дўсти ва кўмакдоши сифатида тасвирланади. Карим Зарипов “Самарқанд” саманини ўргатар экан, катта мақсадни назарда тутган эди. У ўзбек чавандозлиги асосида қора байирларда “Чавандоз йигитлар” номли катта атракционни тайёрлаш ҳаракатида эди. “Самарқанд” отини ўргатиш эса Карим Зариповнинг катта ишга тайёргарлигининг бошланиши ва дастлабки мустақил тажрибалари эди. Бу вақтгача, у от билан боғлиқ мураккаб томошаларда иштирок этиб келган бўлса-да, отни ўргатиш билан сира шуғулланган эмасди.
   Ўзбекистон давлат цирки тез ривожланади ва кенгаяди. Унинг Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Фарғона шаҳарларида бўлимлари очилди. Ўзбекистон цирки Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикалари миқёсида катта ва кўзга кўринадиган жамоага айланиб ривожланди ва қардош республикларга ҳам гастроллар уюштириб туришди. Карим Зарипов ҳам бу гастролларга қатнашган эди. Артист бу пайтлари сайёр цирклардан бирининг директори бўлиб ишлади. Шу вақтларда Карим Зарипов репертуарида қизиқчилик, ўргатилган от томошалари ва муаллақчиликлар бор эди. Ундан ташқари, артист “Чавандоз йигитлар” аттракционини тайёрлашга киришди…
    1937 йилда Москвада ўзбек санъати ва адабиётининг биринчи анжумани ўтказилди. Карим Зарипов анжуманда халқ театрининг вакиллари билан қизиқчи сифатида қатнашди. Унга қадар ўзбек цирки анжуманга борган эмасди. Анжуман кунлари халқ ва ҳукумат Карим Зариповнинг цирк санъатидаги хизматларини юқори баҳолади ва унга Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган артист фахрий унвони берилди.
     1937 йилнинг охирларида Тошкент давлат цирки Бутуниттифоқ марказий цирк бошқармасининг ихтиёрига ўтди. Карим Зарипов ана шу кундан бошлаб катта жамоага,  кенг даргоҳга қадам қўйди…

Зариповлар оиласи

   Ватанимиз осмон сингари бепоён. Карим Зарипов ана шу бепоён ўлканинг жуда кўп шаҳар ва қишлоқлари, туманларида бўлган. Уни танийдиган томошабинлар эса сон-саноқсиз. Бу, албатта, ижодкор учун катта бахтдир.
    Карим Зарипов бутуниттифоқ циркига муносиб совға билан кириб келди – ёшлигидан цирк санъатини ўрганган фарзандлари Ҳакимжон ва Холидахонни циркка узатди. Ўн тўрт ёшли Ҳакимжон ва ўн бир яшар Холидахон 1938 йили цирк майдонига илк ижодларини намойиш қиладилар. Улар Карим Зариповнинг “Чавандоз йигитлар” аттракционининг дастлабки ниҳоллари эди. Аттракционни тайёрлашда ота-болалар ниҳоятда кўп ишладилар. Чавандозлар гуруҳининг бошқа аъзолари ҳам Карим Зариповнинг ёш шогирдлари эди.
    Дастурда асосий ўринни унинг оила аъзолари – рафиқаси Муборакхон, фарзандлари Ҳаким ва Холидалар эгалларди. Энди цирк афишалари ва газета эълонларида “Зариповлар” ёки “Зариповлар оиласи”деган жумлалар пайдо бўла бошлади. Карим ва Муборакхон Зариповлар тарбиялаб етиштирган ёш истеъдодлар ижодларининг дастлабки нишоналари билан халқ муҳаббатига сазовор бўладилар. Ҳакимжон ҳамда Холидахоннинг келажаги албатта цирк билан боғлиқ бўлиши шу йилларда-ёқ аниқ кўрина бошлади. Цирк майдонига янгигина кириб келган Ҳакимжон отаси сингари мураккаб машқларни ижро этиб, томошабинлар диққатига сазовор бўла бошлаган эди. Масалан: цирк муболағани, абжирликни, усталикни жуда ёқтирарди. Кўрсатилиши лозим бўлган томошалар ўз номларини камдан-кам оқлайдилар ва ифодалай оладилар. Кўрсатилаётган дастурда исми жисмига мос тушган ягона томоша бор. Биз Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артист – Карим Зарипов бошчилигидаги “Жасур йигитлар” труппасини назарда тутамиз. От устидаги акробатика цирк санъатининг энг қалтис турларидандир. Карим Зарипов ва унинг гўдак ҳамкори бу санъатни аъло даражада эгаллаганлар деб ёзган эди Қирғизистоннинг марказий газетаси. Тилга олинган “Гўдак ҳамкор” Ҳакимжон эди. Ҳакимжон ижодини шарҳлашни бошқа газеталар ҳам давом эттирди:
     “Унинг (Карим Зариповнинг) ўн беш ёшлик ўғли Ҳаким, - деб ёзади “Қирғизистон” газетаси – от устида чавандозлик ўйинини кўрсатадиган артистдир. Ёш Ҳакимжоннинг от устидаги ўйини ҳаммада ҳам зўр таассурот қолдиради. Уни чопиб бораётган отнинг биқинида чирмашиб бораётганини кўраётган бўлсангиз, у бир зумда отнинг устига чиқиб олади. Ундан сўнг пастга томон энгашиб, боши билан ер узра судралади ва эпчиллик билан яна чопаётган арғумоққа миниб олади. Ёш Ҳакимжон ижросида бу сингари ўйинларни бир неча турини кўрасиз…”
     Ҳақиқатдан ҳам, Ҳакимжон тайёрлаган трюклар хилма-хил эди. Бироқ, ўша даврларда-ёқ унинг ижоди ягона бир қоида асосида ривожланмоқда эди. Чаққон ва шиддатли ҳаракатлар Ҳакимжон ижодининг сифатлайдиган белгилардан эди. Ана шу жиҳат артист ижодида сўнгги йилларда ҳам ривожланиб ва такомиллашиб борди.

Атамаларга изоҳ:

   Труппа (олмон тилидан олинган бўлиб, Truppe) — актёрлар, хонандалар, мусиқачилар ва шу каби санъат вакилларининг доимий фаолиятда бўлган ижодий гуруҳига нисбатан ишлатиладиган халқаро атама.

   Муаллақчилик — цирк санъати жанрларидан бири. Ўзбек циркининг (акробатика машқларидан иборат бўлган) анъанавий турларидан, тана харакатлари билан чиройли шакллар ясаш санъати. Муаллақчилик санъатига оид илк маълумотларни ўрта асрларда яратилган адабий манбаларда учратиш мумкин. Муаллақчилар одатда бозор майдонларида, карвонсаройларда, чойхоналарда 2—3 киши бўлиб томоша кўрсатганлар. Улар орқа ва ён билан камалак шаклида сакраш, икки қўлда, бир қўлда, бошда муаллақ туришдан бошлаб мураккаб ўйинларга ўтишган. Масалан, енгилроқ, чаққонроқ муаллақчи шеригининг турткиси билан ҳавода 2—3 марта ўмбалоқ ошган, айланиб у елкадан бу елкага қўнган, шерикларининг оёғи, қўли, боши, елкасида муаллақ турган, 3-ўйинчи бир-бирига пайванд бўлиб ғилдираган. Муаллақчилик машклари катта дорда, симдорда, чиғирикда, чопаётган от ёки туя устида ижро этилади. Миллий цирк санъатида «бесуяк» Муаллақчилик жанри кенг тарқалган. Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида, хусусан Бухоро ва Хоразмда муаллақчилар «зангбоз» деб аталган. Улар оёқларига кичкина қўнғироқча — «занг»ларни боғлаб, Муаллақчилик машкларини ижро этишган, пичоқ билан рақсга тушишган, оғзидан олов учқунларини пуркашган. 

   Карима ЗАРИПОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Карим Зарипов номидаги Республика Эстрада ва цирк коллежининг директори, доцент.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот