ОЛАМ ТЕСКАРИ АЙЛАНМАЙДИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ


ОЛАМ ТЕСКАРИ АЙЛАНМАЙДИ

Қисса


Мен тақдирга ишонмайман, деган одам айни фалон кун, пакун вақтда шу гапни айтишининг ўзи ҳам унинг тақдир китобига аввалдан ёзиб қўйилганини билмайди-да. Қаёқдан билсин?!

Инсон ўз пешонасидаги битикларни ўқий олмайди. Агар шунга саводи етганда эди, бу ҳаётни ўзгартиришга уриниши гумроҳликдан бошқа нарса эмаслигини тушуниб оларди. 

Бу ҳаётга нега келдинг?

Жавоб йўқ.

Нега кетасан?

Жимлик...

Шу аҳволингда ҳаётни ўзгартираман дейсан?

Нима, ҳаётни Сен яратганмидинг? Уни сен барпо қилмагансан, ҳаёт бағридаги бани-башар, жамики тириклик тақдирига ҳам дохил қилолмайсан. Чунки сен ўз ёзиғингни ўқий олмайсан. Уни ўз измингга сололмайсан-ку...

Кичик бир чанг зарраси, қумурсқанинг мўйлови учидаги ғубордан ҳам нимта-нимта одамлар йиғилволиб, ниманидир муҳокама қилишаяпти. Самоват айвонида бу машваратни кузатиб турган икки малак, тубандаги гуруҳ музокараси, айтган гапига юзи қизармаётган бу сурбетларнинг алжирашлари, пинҳоний режаси Яратганга етиб бормасин, дея жонҳалак қанот ёзиб тўсқинлик қилишар, ҳар иккиси самоватни кўкси билан тўсиб муаллақ турар, қанотлари ломакон қадар кенгайиб борар, тубсизлик қаъридан отилиб келаётган ёвузлик уруғидан униб чиққан макруҳ сўзлар эса курраи заминни қоқ иккига бўлиб ташлайдиган даражадаги улкан тиғга айланиб, самовотга кўтарилиб шўрлик фаришталарнинг кўксига санчилар, қанотларига қадалиб азоблар эди. Бироқ Парвардигор ҳаммасидан воқиф эди. Ердаги гуруҳнинг муддаоси — иблис қутқуси — улар ўзлари яшаб турган маконга ўт қўйишмоқчи. Нуқтадай жойда минг бўлакка бўлиниб яшаётган қавмнинг ҳуши айниган. Ел бузган елкасига иблис ўтирган одамлар курраи заминнинг бошқа бир тубкасидаги аҳоли бошига қирғин солмоқчи. Улар шуни маърака-мажлис қилаяптилар. Турли хил ажал аслаҳалари, ядро қуроллари ҳақидаги гаплар, кўз кўриб қулоқ эшитмаган қиёмат-қирғиннинг иси келаётган бу даврада ҳарбий иборалар жарангламоқда. Одам боласининг ўз тақдир соҳилларини ўпириб чиқишга уринаётган тошқин каби қутириши кўк тоқидаги малакларни ҳам даҳшатга солди.

Малаклардан бири чидай олмади. Тубанга шўнғиди. Нима қилиб бўлса ҳам бу олдамларни ўз фикридан қайтаришни ўйлаб, ер томон чексиз тезлик билан учиб келарди. Фаришта қанчалаб қат-қат осмонларни юксакда қолдириб, тубандаги биринчи осмонга ўтиши ҳамоно кўринмас шаклга кирди. У пастликда ястанган уммон тепасида бироз турди-да, қуюқ булут босган қанотларини оҳиста, беозор силкиди. Шу лаҳзада улкан шаҳарлар узра шиғиллаб ёмғир қуйди. Фаришта пастдаги шаҳарлардан биридаги ўша машваратхонага йиғилган одамларнинг айримлари ташқарига ҳайратланиб қараганини англади. Кутилмаганда ёмғир қаёқдан келди. Шаррос қуяяпти. Ҳозиргина қуёш чарақлаб чиқиб турувди. Мамлакат миқёсида об-ҳавога масъул шахс йиғиннинг охирги ўринларидан бирида ўтирган экан, нима қилишини билмай типирчилаб қолди. Стол тагига энгашиб кириб ўз идорасига қўнғироқ қилди. “Нима гап? Ёмғир қаёқдан келди? Нега жимсан? Икки ҳафта ҳаво очиқ бўлиши керак эди-ку? “Биз ҳам ҳеч нарсани тушунмаяпмиз. Синоптик қурилма ҳозир ҳам мамлакатда қуёшли кун эканлиги, ёмғир йўқлигини кўрсатиб турибди-ку...”, деган жавобни эшитиб, ақлдан озаёзди. Фаришта гувиллаган шамол тўс-тўполони авж олиб шаррос ёмғир ичида қолган шаҳардаги машваратхона деразасига безовталаниб қараб қўяётган одамчалар қалбига ёруғ нур улашиш учун анча пайтгача ҳавода қимир этмай турди, сўнг уларнинг кўнглига илоҳий нур етиб боришига шамол билан ёмғир тўсқинлик қилаяпти, халал бераяпти, деб ўйлади. Сўнг... Сўнг уларнинг қалб йўли аллақачон бекилиб қолганини сезиб қолди-да, вужуд-вужуди титраб, борлиғи ларзага келди. Не бир аҳволга тушган фаришта машварат уйидаги юзлаб одамчалардан бири иккиланиб тургани, унинг ҳали ёқилиб улгурмаган қалб йўлида ҳаёт нури оқиб турганини ҳис қилди ва шу ҳолатда унинг туйқус теварак-атрофни унутиб, унинг нигоҳини қидириб топди. Шунда эзгуликка ҳайрихоҳ кимса кўзларидан унинг тақдир китобидаги битикларни уқиб олди ва бу тошқин оломон одамчалар ичида ўзини асрашга уринаётган одамнинг тақдир китобида осмондагилар нуқта, деб атайдиган ернинг яна бир бурчида шифохона ойнасидан ташқарига қараб турган инсоннинг исмини ҳам ўқиди. Улар ҳаётидаги маълум пайтдаги тақдирдошлик ҳиссини фаришталик илоҳияти ила англаб етди.

У қалби тамғаланган бу одамчалар йиғинига илиқлик олиб киришни Парвардигорга қолдириб, илкис бурилди. Шунда фариштанинг сўл қаноти пасайиб, уммон сувини елпиб ўтди. Шаҳар тошқин ичида қолди. Машварат тўхтатилди. Фавқулодда ҳолат юз берди. Шаҳар кўчаларидаги одамлар саросимага тушиб, ҳар ёнга тўзғиб кетди. Биноларни сув босди. Шамол аралаш урган ёмғир бўронга айланиб, илдизи ожиз айрим дов-дарахтларни таг-томири билан қўпориб ташлар эди. Осмон илоҳи қайтиб кетаётиб, Дунёдуннинг бор бурчагида ана ўша шифохона дарчасига назар солди. Нигоҳи ичкарида тўшакда ётиб тундлашган осмонга қараб, ёмғир ёғишини жон дилдан хоҳлаётган хаста аёлнинг кўзлари билан тўқнашди. Ва аёлнинг тақдир китобида дунёнинг чекка бир қисмидаги машварат хонадан ҳовлиқиб чиқиб, таги ўйилиб челаклаб ёмғир ураётган осмон остида тошқин ҳамла қилаётган шаҳарда эс-ҳуши учиб, уйига шошилаётган Ник Адамс исмини ўқиди! 

Пойтахтдаги казо-казолар даволанадиган шифохонанинг учинчи қавати деразаларидан ҳам осмонга бўй чўзган ўрис дарахтларнинг майда тиллабаргларни учириб, кўкка совураётган куз шамолининг самони қоплаган қуюқ кулранг булутларни тўзғитиб юборишига мажоли етмади. Дарахтлар новдаларидан юлқинган тиллабаргларнинг тўзони чирпирак бўлиб учар, гўёки борлиқни хазонрезлик шивири тутган, самодан тиллабарглар ўйнаб ёғаяпти, дейиш мумкин эди. Ташқаридаги бу гўзал манзара — мусаввир куз чизган жонли суратга боқиб аёл ёнидаги палатадошига юз буриб жилмайди:

— Ҳозир ёмғир ёғади. Кузнинг биринчи ёмғири! — У тўшакда ётган кўйи деразага маҳтал термулди. 

— Ишқилиб биз томонда ёғмасин-да, — зорлангандай бўлди ҳамхона. Сўнг ўрнига тумшайиб ўтириб олди-да, қўшиб қўйди, — ҳали нариги ҳовлимиз битмади. 

— Синглим, шкафдан халатимни олиб беринг, — аёл оғир қўзғалиб, деворга суянди.

Краватда ўтирган ҳамхона таажжуб тортиб, ўрнидан турди. Кенг------- пахмоқ халатни аёлнинг елкасига ташлади, дераза ёнига суяб келди.

— Ҳозир ёмғир ёғади, — шивирлади аёл, — ёмғирни томоша қилайлик.

50 ёшдан ўтган, обрў-эътибори жуда юксак (буни ҳамхона шифохонадаги врачлардан тортиб, ҳамшира-тамшираларгача унга иззат-икром кўрсатиб, муомала қилишидан сезиб қолди) Сора Алиевнанинг айни дамда ёш боладай эркалик қилиб, шу ҳолида деразага олиб бор, ёмғирни томоша қиламан, дейиши эриш туюлди. “Опа, сидирғагина ўтиринг, кўнглингизга ёмғир сиққанига ўлайми?...” дейишига оз қолди. Шундай, демоқчи ҳам бўлди, тилини тишлаганинг сабаби, опа уйқусизлик пайтида бит-битлоқ ҳамшира опанинг таъриф-таснифини жойига қўйиб гапириб берувди, опа мамлакатда таниқли жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор, юзлаб шогирдлари бор. Хуллас, машҳур врач. Шунинг учун опани, келди-кетдилар ҳам чарчатиб қўяяптимикин. Охири, бош шифокор опанинг олдига ҳаммани ҳам қўяверманглар, деб топшириқ берибди. Палатадан одам оёғи бироз узилгани ҳам шундан, лекин кеп-кетиб туришипти, ҳаммаси азза-базза одамлар.

Шундай экан, довруқли дўхтирга “опа соғлиғингизни ўйлаб, жим ётинг, деб бўларканми...”.

Аёл дераза раҳига тирсак қўйди, кафтларига ияк тираб, ташқарига кўз солди. Гувиллаган шамол ҳам ҳолсизланиб қулагандай бўлди, туйқус борлиқ сукут ичида қолди. Базўр нафас олаётган аёл ботинида, аниқроғи, жигаридаги оғриқни ҳис қилди. Ёмғир исёнини кўксида зўрға ушлаб турган осмон чодирини ердан кўтарилган шовқин, ҳеч бўлмаса, биргина тиқ этган товуш тилка-пора қилиб юбориши муқаррар эди, гўё. Лекин борлиқ ўлик сукут оғушида, ўша тиқ этган товушнинг ўзи йўқ. Аёлнинг аъзойи-бадани қалтиради. Пешонасини совуқ тер босди. Қорайиб бораётган осмон тоқида нимадир ялт этгандай бўлди. Чақмоқ, деб ўйлади аёл. Ҳозир осмон қасирлаб кетади. Бир... икки... уч... Жимлик. Аёлнинг кўз олди қоронғилашди, атроф зимистон тортди, ҳеч нарсани кўрмай қолди. Бироқ қуюқ булутлардан ҳам олисларда, баландда тобора юксалиб бораётган доирасимон нур унинг хаёлини ёп-ёруғ этди, у кўнгил кўзи орқали самоватдаги абадий шуълани кўрди, унга талпинди. Аёл шу нур томон парвоз қиларди, қулоқлари остида ёмғир томчиларининг нимагадир дераза ойнасичалик чирсиллаб, урилаётгани элас-элас эшитилиб турарди.

Ҳали ўз маконига қайтиб кетмаган фаришта чуқур-чуқурлардан, тубанликдан ўзи томон келаётган аёлни кўрди. Самога кўтарилган сари аёлнинг аъзойи-бадани нурланиб, шаффоф тортиб борарди. Само элчиси дарҳол шамолни чақириб, ҳовучингни оч, деди. Шамол ҳовучини очди. Фаришта унинг ҳовучини нурга тўлдирди.

— Тез уч! Тезроқ ел! Ҳовучингдаги нурни аёлга ичир. Ортига қайтариб юбор, — деб амр этди. 

Аёл навқирон гулгун яшнаган ёшлик чоғига қайтгач, ҳаддан зиёд гўзал эди. Шамолнинг ҳаваси келди. 

— Қўй, индама. Келаверсин. Қара қандайин гўзал, гуноҳсиз — нур бўлиб учаяпти. Ўзинг билан бирга олиб кетақол. 

— Йўқ. Ўзим билан олиб кетолмайман. Бу менинг вазифамга кирмайди. Шундоғам бесўроқ ерга яқин келиб, одамларнинг майда-чуйда ишларига аралашганим учун Парвардигордан оладиганимни оламан. ...Шамол пастга, тубандан учиб келаётган аёл томон шўнғиди.

Ёмғир томчиларининг нимагадир, дераза ойнасигами чарсиллаб урилиши эшитиларди. Аёл базўр кўзини очди. Ташқарида ёмғир шаррос қуймоқда эди. 

— Ишқилиб, биз томонда ёғмасин-да. Янги ҳовлимиз битмаган, — ёзғирди ҳамхона.

Аёл ўзига келиб-келмай карахт аҳволда пичирлади.

— Синглим, ёмғирда ивиб кеттим. Шамол ичирган сув ичимни куйдириб боряпти. 

Ҳамхонанинг эси чиқиб, эсанкираб қолди. Тик оёқда туриб, алаҳсиётган одамга илк бор дуч келиши эди. Чиндан ҳам аёлнинг аъзойи-баданидан худди ҳаммомдагидай буғ чиқар, иситма зўридан пахмоқ халати остидаги кийимбоши жиққа ҳўл бўлиб кетганди. Ҳамхона нималардир, деб эмранаётган аёлни бир амаллаб суяб турди-да, жон уҳмида қичқириб, ҳамширани ёрдамга чақирди.

Фаришта енгил тортди. Бироқ унинг қанотларига ҳамхонанинг “ишқилиб биз томонда ёғмасин-да. Янги ҳовлимиз битмаган”, — деган илтижоси юк бўлиб осилиб турарди. Фаришта нурли ҳарир қанотларини кенг ёзиб, унга назар ташлади. Ҳамхона айтган ўша “биз томон”, деган жойни топди. Сўл қанотини билинар-билинмас қилиб, оҳиста силкиб қўйди-да, ўз маконига парвоз қилди. “Биз томон”нинг осмонини қоплаган булутлар шамол зарбига дош беролмай, тарқаб кетди. “Биз томон” қуёш нурларига чулғанди. Туман марказига туташ қишлоқнинг четида биринчи қавати ернинг ости, иккинчи, учинчи қаватлари устида қад ростлаган ўттиз хонали уйнинг қимматбаҳо томи ярқираб турарди. Ўн беш, йигирма чоғли мардикор эса ҳовли йўлакларига бетон ётқизиш билан овора эди. 

Бир ҳафтадан кейин ҳовли тўйи ўтказишни ният этган Тўра ғурбат бирпасда кун очилиб кетканидан қувонди. Агар уч, тўрт кун ичида ёғин-сочин бўлмаса, ҳовлидаги майда, икир-чикир ишларни ҳам тугатиб олишади. Хотини ҳам шу хонадан чиқади. Қасрдатиб зиёфат беради. Дўст-душманнинг ичида ўзини яна бир кўрсатиб қўйгани ҳам яхши-да. Ҳовли тўйи баҳонасида аккам-дуккамга берган тўёна пулларини ҳам йиғиб олади. Нима қипти, бергандан кейин олиш керак-да. Пул зиён қилмайди. Дунёда ҳамма нарсанинг оғири бор. Лекин пулнинг оғири йўқ.

Ботир ғурбат ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиганлар тоифасидан. Ҳамма нарсани — мансабни ҳам, обрўни ҳам пул билан сотиб олиш мумкин, деб ўйлайди. Ҳатто инсоннинг тақдирини ҳам пул ўзгартиради, инсон ўз тақдир китобини пулга сотиши ёки сотиб олиши мумкин, деб ўйлайди. Агар у ўзи қураётган мана шу қасрнинг умри давомида ҳамма хонасига кириб чиқиши учун вақт тополмаслиги ҳам мумкинлигини англаб етганда эди, умуман, одам боласи учун бунча кўп хоналарнинг, бундай дов-дастанинг ўзи мутлақ ортиқчалигини пайқаганда эди, ўзининг еб тўймас касалга йўлиқаётганини тушуниб қоларди. Шунинг учун ҳам инсон инсон-да, — ўзининг фожиасини англамайди. Нафснинг майда яраси маддалаб кетса, эҳтиёж ўпқонга айланади. Бу дунёнинг барча қирғин-баротлари, урушлари ана шу ўпқонни тўлдириш эвазига содир бўлмоқда. 

Фаришта қат-қат осмонлардан юқорига учиб ўтаётиб, пастликка — ерга яна бир қараб қўйди. Ботир ғурбатнинг тақдир китобининг қайсидир бандларига кўз ташлади. Фаришта “ердаги ҳаёт бунчалар мураккаб, одамлар тақдири бир-бири билан шунчалар чамбарчас боғланиб кетган”, деган ўйга келди. 

Ажал чангали чанг солиб турган бемор Сора Алиевна анчадан бери бундай оромбахш уйқу оғушида ҳузур топмаган эди. Аёл узоқ ухлади. Ҳамшира дамба-дам палатага кириб, ундан хабар олиб турди. Бўлим бошлиғи икки марта унинг томир уришини текшириб кўрди — бир маромда. Бош шифокор дунёга довруғли дўхтир, ўз соҳасининг пири бўлган академикни бошлаб келди. Аёл ҳамон ухларди. Академик беморга синчиклаб назар солди.

— Безовта қилманг. Ҳаммаси яхши. Ваҳимага ўрин йўқ. Кутилмаган мўъжиза юз бераётганди, гўё. Аёлнинг юзига қон югуриб, тиниқлашган чеҳрасини ўлим шарпасининг мискин сояси тарк этганди. Бош шифокор туйқус миясига келган ўйдан бир сесканиб тушди: “Ўлим олдидан инсон соғлом ҳолига бир қайтиб олади, деган гап наҳот рост бўлса”. Зукко академик унинг хаёлидаги кечинмани англаб, бош чайқади.

— Хавотир олманг. Ҳаммаси яхши. Ҳамкасбимиз танасига ёпишган дардни руҳий қудрат, ботиний муолажа билан енгиб ўтаётганга ўхшайди. 

Ҳамхона эса гоҳ ҳеч нарсадан бехабар ухлаётган беморга, гоҳ унинг тепасида нималарнидир муҳокама қилаётган шифокорларга хавотир билан қараб қўярди. У хонадагилар беморнинг дераза ёнига боргани-ю, оқибатда зўриқиб йиқилгани, алаҳсиб хушидан кетганини, бунда ўзининг ҳам иштироки борлиги, сабаби деразага қадар суяб борганини шифокорлар сезиб қолишидан чўчирди. Ҳамширанинг оғзи маҳкам экан. Мум тишлаб турибди, чурқ этмади — чақимчилик қилмади.

Шифокорлар хонадан чиқиб кетишди. Ҳамхона ўзини уйқу оромига топширган Сора Алиевнага узоқ тикилиб турди. Аёлнинг чеҳрасига табассум инди, сўнг кўзларини очди, жилмайиб қўйди, дераза томон оҳиста юз бурди.

— Ёмғир ёғаяптими?

— Опа-ей, ёмғирингиз ҳам бор бўлсин-а. Ёғаяпти. Ёғаяпти. Шу ёмғирни, деб ўтакамни ёрдингиз-а. Озгина қолди-я, хайр-хўшни насия қилиб кетворай, дедингиз.

Аёл ҳамхонанинг бегидир гапларига яна мулойимгина кулиб қўйди.

— Менга қаранг. Сиз менга косада муздек сув тутдингизми?

Ҳамхонанинг юраги шув этди. Уни яна ваҳима босди:

— Вой. Жон опа, қўрқитманг. Нима бало, яна алаҳсираяпсизми? Ишқилиб, бирор нарсага йўлиқмадингизми, опа? 

Сора Алиевна тўшакда ўзини ўнглаб, ёстиқни белига суяб, яримбел бўлиб, ўтириб олди. Ҳамхонага синовчан тикилди. 

— Сизнинг исмингизни ҳам сўрамапман. Бўларимча бўлиб, ўзим билан (у ўлим билан, демади) ўзим олишиб ёттим, шекилли... 

— Ҳа... Кўп алаҳсирадингиз... Бугун яхши. Анча яхшисиз... Ҳа-я, исмим Барно. Сизнинг исмингиз Сора опа. Келди-кетди одамлардан билиб олдим. — деди Барно соддалик билан. Яна қўшиб қўйди — Ўзингиз ҳам катта дўхтир экансиз.

Сора Алиевна бош ирғаб жилмайди. Сўнг яна деразага кўз ташлади.

— Ёмғир чиройли ёғаяпти... Мен энди соғайдим, Худога шукур, соғайдим, — деди оҳиста. — Қизиқ, анчадан бери туш кўрмай қўйгандим. Ҳозир туш кўрибман. Тушимда ўғлим — Ёдгорим отаси билан бирга тез оқардарё қирғоғида турганмиш. Отаси ўша 25 ёшида эди. Мен дарёда, тип-тиниқ тезоқар дарё сувида оқиб бораяпман, денг. Улар қирғоқда туриб, менга қўл силкишади. Кейин... уйғониб кетдим. Аъзойи-баданим куйиб-ёниб қақшагани учун дарё сувини туш кўргандирман, эҳтимол. 

— Опа, тиниқ сув яхшилик аломати. Яхши туш кўрибсиз.

— Ким билсин. 

— Опа... Бир нарса сўрасам... 

— Хўш.

— Ўғлингизни исмини Ёдгор, дедингиз. Болангиз қорнингиздаги пайти эрингиз вафот этганмилар? 

Сора Алиевнанинг вужудини титроқ босиб, лаблари пирпиради. Ботинида алланечук оғриқ қўзғалгандай бўлди, бироқ шу лаҳзада ички бир қатъият, ҳаётга ташналик туйғусининг лаззатли шавқи руҳиятига кўтаринкилик бахшида этди. Боши тип-тиниқ, вужудини кемириб, ич-ичини дард оловида ёқаётган оғриқ азоби қаёққадир чекинган. Уни бу ҳаётвандлик кайфиятига мосу хос тарзда ташқарида шивирлаб ёмғир ёғаяпти. Дунё кузнинг намгил нафаси оғушида. Ҳаётнинг энди майда-чуйда дарди ҳасратларини этагидаги чангдай қоқиб, ҳайё-ҳут, деб қўл силкиш керак, вассалом. Сора Алиевна ҳамхонасининг юзига тик қаради.

— Йўқ. Эрим ўлмаган. Аллақаерлардадир юргандир ҳам.

— Опа... Жон опа, мени кечиринг.

— Ҳеч қиси йўқ. Майли, сизга гапириб бера қолай. Очиғи, бу мавзуда сўз очишни сира-сира хоҳламаганман. Бугун... бугун негадир, гапиргим келди. Қизиқ, тамомила бошқача одамга айланиб бораётганга ўхшайман. Хўш, чалғимасдан, сизга бор ҳақиқатни гапириб бераман, чунки тинкамни қуритган оғриқ юки ҳамон юрагим тубида чўкиб ётибди. Эшитинг...

Сора Алиевна бошидан кечирган ўша олис хотиралар ҳақида сўзлаб, нотанти ҳаётнинг хиёнатлари, тақдир зарбалари билан яна бир бор рўбару келгандай бўлди. Барно ҳам унинг бошдан кечирган кунлари борасида мубҳам тасаввурга эга бўлиб, қандай қилиб опанинг кўнглини кўтариш ҳақида ўйларди.

— Номардлик қипти-да.

— Ким билсин. Эҳтимол, орзу-мақсади, ўй-режалари барбод бўлгани учун у шундай қилгандир... Мен энди унга керак бўлмай қолган эдим-да, — Сора Алиевна оғир тин олди.

Жондорга жола қилсанг ҳам номардга нола қилма. Бебурдлик қалбини қанчалик ўт азобида куйдирмасин, Сора ўшанда унинг ортидан эргашмади, чўк тушиб ялиниб ёлвормади. Палаги тоза гул кўлмакдан сув ичмайди.

Сора тиббиёт ўқув даргоҳида ўқирди. Йигит қишлоқ хўжалик институтида таҳсил оларди. Қизнинг отаси йигит ўқийдиган олийгоҳнинг ректори эди. Онаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг бирида юқори лавозимда ишларди. Йигитнинг отаси ўша пайтлар Олтиндаланинг номи чиққан хўжалигини бошқарарди. Раис, ўғли ёлғиз эди. Отанинг якка ёлғиз таянчи, суянчи, насли-насабининг давомчиси. Раис ёлғиз ўғлининг келажаги учун ҳеч нарса, ҳеч бир ғов тўсиқдан қайтмас, сув келса симириб, тоғ келса кемирар эди. Ўқиш давомида донгдор хўжаликнинг довруқли раиси сифатида тўппа-тўғри ректорнинг хонасига кириб келаверарди. Эшикни ректорнинг ўзи очарди, чунки меҳмоннинг икки қўли банд бўларди. Олтиндаланинг катта бир хўжалигидан топган-ўмарганини Тошкентга, аниқроғи, ректор амакининг уйига таширди. Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш, уч кўрган қариндош, тўрт кўрган қуда-қондош. Ректор ота рози, ҳуқуқшунос опа разо-ю-рамзада. Яхши-да, кимсан, фалончи раиснинг яккаю ёлғиз арзандаю дармондаси! Бунинг устига “Одам қилинг, шугина кўз қорамиз Тошкентда қолсин...”, деб бош эгиб турибди. Данғиллама ҳовли ҳам олиб бериб, ёлғиз ўғлини буларга қўшқўллаб топшираяпти. Ичкуёвдан нима фарқи бор! Сора-чи, Сора? Сора ота измида, она раъйида эди. Муҳими у, куёв бўлмиш билан учрашганди. Сиртида сиртлоннинг салобати бор. Бироқ ичи... ичини билмади. Ичида не гап билмадим, деган эди, онадан балога қолди: “Тентаклик қилма! Ёлғиз ўғил бўлса ҳам бизнинг ёнимизда қолаяпти. Сени ўша Олтиндаласига судраб оп кетиб, даласига тиқиб қўйса нима қилардинг!” Онанинг гапи жўяли. Отанинг гапи уяли. Майли, деди. Рози бўлди. Буёғи тўй. Раиснинг ҳам боши осмонда. Кимсан, ўша даврда мамлакатнинг етук кадрларини тайёрлаб берадиган ўқув даргоҳининг ректори, янаям айтса, фалончи-писмадончиевнинг туғишган укаси билан қуда бўлаяпти. Энди унинг олдида райкомиям, юрак бўлса, обкомиям зириллайди. Олтиндалада бошланган тўй Тошкентда давом этди. Тўйнинг зўри Тошкентда бўлди. Тўғри-да, куёв шаҳарда қолаяпти-ку, қайнотанинг кенг қаноти остида обдон яйрасин, амал-памални ҳам пойтахтда эгаллагани яхши-да. Катта шаҳардан учган барг ҳам қишлоқнинг дарахтига оғирлик қилади. Барибир пойтахт, деган номи бор. Ҳа, энди бирор вазифалик ишга ўтиб қолса, кўринг, Олтиндаланинг уруғидан тортиб жупкарчи- жўриғигача соясига салом беради. Хуллас, ёлғиз ўғил, ёлғиз қиз оила қуришди.

Манфаатнинг миси, миннатнинг иси чиқади, барибир. Манфаат пойдевори устига қурилган оила иморати мўрт бўлади. Турмушнинг шунчаки эсган шамоллари ҳам қулатиб юборади.

Бироқ Соранинг ҳаётида қисмат довули ўкирди. Бу шунчаки шабада эмас эди. Тўйдан кейин етти ой ўтар-ўтмас иқбол қуёшини қайғу тўзони қоплади. Унинг ота-онаси — ректор ота, ҳуқуқшунос она Водийдан қайтаётиб автоҳалокатга йўлиқиб ҳалок бўлишди, Сора бу ҳаётда муаллақ қолди. Суянч тоғлари қулади. Ўзига куч-қувват бериб яшнатаётган муқаддас илдизларини аллақандай бир куч рўйи замин қаъридан суғириб ташлади. Ана шундай тўзон-тўфонли чоғда амакиси фалончи фалончиевичнинг ҳам тегирмони тескари айланди. Уни ишдан олишди. Москвадан келган терговчилар бўйинга ўн йиллик умр ўлчовига зомин бўлажак жиноят юкини осишди. Энди ким қолди? Соранинг суянчи у эди. Ёлғизгина у.

Бир куни раис ота келди. Ҳовлига боши кириб кети қайтди. Ўғилни четга имлаб чақирди.

— Бу қарғиш урган хонадон менинг ҳам, сенинг ҳам бошингга бало бўлмасин. Тамом, бу ерда яшашинг шарт эмас! Ҳаммаси тугади. Касофати ўзларига урган бўлсин! Энди келажакни ўйла! Олдимга туш, кетдик! Нима? Бунинг хотин бўлгани гўр бўлармиди? Ажраш. Биров билиб, биров билмасин! ЗАГСга ариза бериб кетамиз.

Бу гапларни Сора эшитди. Жони жаҳони зимистон тортди. Ўзини базўр тутди. Музтар, нотавон ўғил отанинг йўриғида йўртанглаб, ғинг демай, олдига тушиб кетаверди. Олти ойлик гумонаси билан Сора қанд зардоб ютиб қолаверди.

Тақдир уқубат гардобига улоқтириб юборган Сора ўғил кўрди. Ёдгор, деб исм қўйди. Ёдгор ёшига етар-етмас Сора уни онасининг синглиси,яъни ўз холасига қолдириб, ҳарбий врач сифатида Афғон урушига кетди. Ҳасрат имлосида битилган тақдир китобининг кейинги саҳифаларида рўшнолик акс этганига унинг ақли етмас, дунёда бахт-саодат борлигига энди ишонмас эди. Нима бўлган тақдирда ҳам бу ерлардан олис-олисларга кетишни, ўқ ёмғирлари ичида жон олиб, жон бериб яшашни афзал билди. Бирор дайди ўқ ўлжасига айланиб, ўлиб кетишни ҳам истади. Сора юрак қаърида ётган ўша дард - достонини илк бор ҳамхонаси Барнога айтди. Балки бугун ажал остонаси олдидан қайтиб келгани, ҳаёт яна кўзига гўзал ва сержилва кўрингани, қалбида яшашга иштиёқи ёниб, тириклик чечаклари ниш ура бошлагани учун шундай қилгандир...

— У жуда пасткаш, ифлос одам экан, — деди Барно. Ниҳоят кўнглида алланечук оғриқ тўлғоғини ҳис қилиб.

 Мен ундан ажралганим учун хафа эмасман. Бу ҳодиса вақтида рўй берганига тақдирга шукр қиламан. Мени бошқа нарса қийнайди. Агар одам боласи мансаб, обрў-эътибор, бойлик йўлида муқаддас тушунча оиласидан ҳам воз кечишга қодир бўлса, у бу ёруғ дунёда бошқа ҳамма нарсани оёқости қилишга, керак бўлса, ота-она, Ватан, деган тушунчаларга ҳам хиёнат қилишига ҳам қодир бўлади. Ватанни ҳам сотиб юбормайдими? Дунёдаги улкан фожиалар нафс балоси комида тўлғонган бебурд ва очофотларнинг иши-ку. Ер юзидаги улкан фожиалар одам балосининг бир-бирига қилган машъум муносабати, хиёнати эвазига содир бўлмаяптими? Улкан фожиалар аслида шу хиёнатлардан урчимайдими?

Барно жим эди. Барно ҳайрону лол қотган эди. Барно бундай гапларни умри бино бўлиб эшитмаган эди. Бойлик ва мансаб-мартаба ҳақида бундай гапларни тинглаб, шўрлик жувон гандираклаб қолди. Юзи оқарди, кейин дув қизариб кетди.

— Мен ўша ёқда, афғонда кўп нарсаларни англаб етдим. Инсоннинг лаҳзалик ҳаёти бу дунёнинг барча мартаба-ю сийловларидан авло экани, яшаш, тириклик, қуёшни кўриб туриш, ёмғирлардан завқланишнинг ўзи инсонга берилган энг улуғ неъмат экани, тинч ва осойишта ҳаёт одам боласининг бахт-иқболи саодати эканини ҳис қилдим. Кобулдаги марказий госпиталга америкалик бир журналистни олиб келишди. Бояқиш ўзича ҳаётни ўрганаман, деб афғонга сандироқлаб келиб қолган экан. Мен унинг чап кўкрак қисмига санчилиб қолган ўқни олиб ташладим. Ичкарига кириб кетган ўқ юракни тилкалаб ўтишига оз қолганди. Журналист рус тилида яхши сўзлар эди. Ким билсин, балки жосусдир. Хуллас, у икки ҳафта ўтиб госпиталдан чиқиб кетаётиб менга бош эгиб таъзим қилди-да, қўлларимни ўпди. Кўзларидан ёш сизди.

— Ҳаётимда содир бўлган барча катта-кичик воқеалар, яхши-ёмон ҳодисалар, ғам-аламли кунларни чархнинг ҳазили, шунчаки майда гаплар, деб ўйлай бошладим. Уруш менга бу дунёнинг икир-чикирларига қўл силташни ўргатди. Одамзотнинг барча қилгуликлари, пасткашликлари, уруш фожиаси олдида ҳеч нарсага арзимай қолади. Ўзингизни асранг. Мен умримнинг охиригача тинчлик учун курашаман ва бу йўлда ҳамиша сизни ёдга олишга ҳаракат қиламан, деди. Унинг исми Ник эди. Ник Адамс.

...Самоват тубида бу суҳбатни эшитиб турган икки фаришта бир-бирига маъноли қарашди.

— Уларни айни дамда бир-бирини ўйлаб турганини, бир-бирини ёдга олаётганини ўзлари сезишаяптими, — деб сўради ҳали ерга яқин келиб кетган фариштадан шериги.

— Йўқ. Улар буни билмайди. Қара, анави Ник Адамсга қара!

Машваратхонадан бир алфозда уйига етиб келган Ник сув босган ҳовлидан ақл хуши учган кўйи чопиб ўтди-да, ўзини ичкарига урди. Уй ичи ҳам сувга тўлган. Хотини ҳали қайтмабди. У сув кечиб у ёқдан бу ёққа ичкарилади. Шунда ярим белигача пўртанада қолган шкаф устидаги бароқ мушукчага кўзи тушди. Мушукча Никка зорлангандай бўлди.

— Бизнинг савдойиларча дунёни қўрқитиб таҳликага соламан, тобе қиламан, деган қуюшқондан чиқиб жазава солишимиз, жаҳонни уруш жари ёқасига олиб бориш даражасидаги телбаликларимиз учун Парвардигорнинг қаҳрини қўзғатганимизни англаб етмаётганга ўхшаймиз, — деб ўкинди.

Сўнг ўша шкаф устидаги бароқни сувратга олдида, ёғоч пиллапоядан юқори кўтарилиб ёзув хонасига кирди. Компьютерни ёқди. Интернетга сув ичида қолган мушукча сувратини жойлаб, бояги машваратхонага хат жўнатди. “Жаноб, раҳмингиз келсин. Уруш бошламайлик. Одамлар, болалар, ҳамма-ҳамма хонавайрон бўлади. Анави мушукчанинг мунг-озорли кўзларига қаранг. У бизларнинг гуноҳларимиз эвазига шу аҳволга тушди. Бу дунёда ҳеч нарса жавобсиз қолмайди, жаноб! Бу фалокатлар беҳуда эмас. Ҳали вақт бор, ўйлаб кўринг! Ҳа, мен тинчлик учун курашаман! Уруш оловидан омон чиққан куним, бир гўзал аёлга сўз берганман. Умрим охиригача тинчлик учун курашаман деб! Унинг исми Сора! Тинчлик учун курашаман, Сора!..” 

Ник Адамснинг ушбу электрон хати бир зумда дунёга тарқаб кетди. Жаҳоннинг барча телеканаллари Ник Адамснинг суврати тагида ушбу хатини титр қилиб бериб, турли хил шакл-шамойилда шарҳлаш билан овора эди.

— Ана жувон телевизор пултини қўлга олди. Телевизор қўймоқчи-ми, — деди биринчи фаришта.

— Ҳа, шундай, — деди ерга яқин келиб кетган фаришта.

Қайсидир телеканал дунё янгиликларини бермоқда эди. Экранда фалокат юз берган шаҳарнинг сув тошқини ичида қолган хонадонларининг бирида шкаф устида бир амаллаб жон сақлаб турган мушукчанинг тасвири. Тасвир тагида шундай ёзув бор. “Уруш вайроналари ичида болалар бундан ҳам кўра даҳшатли ва аянчли аҳволга тушадилар. Раҳмингиз келсин!..” Телеканал ушбу ҳайқириқ муаллифнинг сувратини намойиш қилди. Сора Алиевна қизғиш жингалак сочли, кенг пешона, юзида табассум иниб, кўзойнак остида нигоҳлари чақнаб турган бу одамга узоқ тикилиб турди. Кимгадир ўхшатди. Эслолмади.

— Ўлсин. Ҳамма томонда уруш, қирғин, фалокат, — Барно телевизорни ўчириб қўйди.

Сора Алиевна ташқарига қаради. Ҳамон ёмғир ёғмоқда. У мўъжиза рўй бериб, тузала бошлаганига энди мутлақо амин бўлди. Айни дам ўрнидан туриб дераза ёнига бориш, шифохона саҳнидаги кузги боғни томоша қилишни жуда-жуда истаётган эди. Бироқ ҳамхонасининг бу гал айюҳаннос солиб юбориши, шифокорларни яна безовта қилиб қўйишини ўйлаб, кўзларини юмди. Шу чоғда ҳамкасбларига ҳар лаҳзада тузалиб, кучга тўлиб бораётганига ишонтира олмасди. Чунки бундай ўзгариш ҳали тиббиёт илмида кузатилмаган.. Кутилмаганда аёлнинг соғлиги ўнгланиши тиббий назария ёхуд тажрибаларга мутлақо зид ҳодиса эди.

Уни уйғу элитган экан, қўл телефоннинг жиринглагани уйғотиб юборди. Барно ким биландир шанғиллаб гаплаша кетди:

— Алло, нима? Нима бўлди? А? Яхши эшитмадим. Хўп, Хўп. Бугун келмайсизми? Болалар яхшими? Ҳовли нима бўлди? Яхши! Бизда ёмғир ёғаяпти. Ҳа-а, худога шукр, қуёш чиқиб турибди, денг. Яхши, мендан хавотир олманг. Хўп майли.

Барно ҳамхонаси томон ўгирилиб, уни уйғотиб юборганидан ҳижолат тортди.

— Опа, узр... Хўжайиним телефон қилди. Эртага келаркан. Бугун ишим бор деди. 

...“Биз томонда” туман марказига кетаётган Ботир ғурбат асабий ҳолатда қўлтелефонни чўнтагига урди. Ўзига ўзи ғўлдиради:

— Ҳей, энағарди қизи. Кайпанг! Гапнинг бош-охирини тушунмайди. Мен нима дейману қўбизим нима дейди. Буниям эси-дарди ҳовли тўй. Кўнглимга қил сиғмай турганда, кетимга кетмон уриб, чилдирма чалади, энағарди қизи.

Ботир ғурбатнинг койинган пайтлари, жиғи-бийрони авжида. Нима фалокат бўлиб энди туман прокуратурасига чақириб туришибди. Газанда Чехип чол ёзиб берибди. Ҳамма томонни хусусий қип, еб тугатди, қишлоқнинг таъмирласа бўладиган икки юз тонналик сувминорасини ҳам кесиб кетди. Хазорбоғ каналининг тагида қурилиш идорасининг талон-тарож этиб атайлаб банкрот қилиб тугатди, деб ёзибди чаён чол. Қишлоқдаги клуб билан кутубхонани ҳам ўғлининг номига расмийлаштириб ўрнига қассобхона, дўкон, кафе-бар қуриб олгани ҳам четда қолмабди. Ёмонни, Сувлисой ўрмон хўжалигининг тоғ ён-бағридаги уч гектар ердан арчазорни кесиб, пуллаб юборганидан ҳам хабари бор экан...

Бу атрофда унга ҳеч ким миқ этолмай келаётувди. Мана шу қари қирчанғи Чехип чол бош кўтарди. Шуни деб боласи тенги прокурорнинг олдида кеча бўларича бўлди. Бугун яна чақирибди. Машқи баландга ўхшайди мишиқининг. Раҳматли отаси Раис бовага ҳам ўхшаб кетади, чап қошини учириб, ўнг кўзини қисиб қараши Раис Бованинг ўзи! Кеча қаршисида шу келбату салобати билан довдираб қолди, терлаб кетди. Ҳе-ей, мансаб отидан тушсанг, қашқир ҳам, кучук ҳам талайверар эканда. Туманнинг раҳбари бўлиб юрган пайтларида шимидан тушган чангга кўрпа тўшайдиганлар саф тортиб турарди. Ундан сўнг вилоятда ўғит-дорининг каттаси бўлган кезлар ҳам дами дарёни тоширадигандай бутун қишлоқ аҳли бир оғиз сўзига маҳтал бўлгувчи эди. Бугун-чи, бугун уни кўрганлар ўзлари панага олишади. Кўриб-кўришмайдилар гўё. Ботир ғурбатнинг ичи, аъзойи бадани алам ўтида қоврилаяпти Айниқса, прокурор чақиргандан бери ҳаловати ҳавода, чақир тикон устига йиқилгандай минг бир азоб нишига нишон.

— Кўзинг ўйилгур Чехип чол. Юзингда кўзинг борми демади. Сен ҳеч қачон давлатни ўйламагансан. Давлатни ҳам ютадиган ўпқонсан деди... Аламини олди, бойўғли. Барибир ичида заҳари занглаган экан, энағарди, ижирғаниб қўйди ўзича.

Ботир ғурбат ёшликда ўша воқеани эслади.

Ўнинчи синфни тугатиш арафасида. Ҳамма баҳолари беш. Кимсан фалон раиснинг ўғли. Раис бова чап кўзини қисиб, ўнг қошини учирса борми, мактаб-пактаби, ўқитувчи-мўқитувчиси билан... Бироқ рус тили ва адабиёти фанидан иш чатоқ эди. Қайсар Қоржов малим Ботирга отанг Боботоғни кўтариб турган бўлса ҳам ўзинг билган баҳонгни оласан. Манманлик майиб қилади бола, деди заҳархандалик билан. Қоржов қайсарни раис уйига чақиртирди. Шотирлари муаллимни шипиллатиб суриб келишди. Сўрида девдай бўлиб ўтирган раис қўлининг учкинаси билан кўришди.

— Ботирбойди биласиз. Ёлғиз болам. Шу боланинг эртаси, менинг ҳам эртам бўлади малим! Кўнгли ўксимасин, олтин медаль олмоқчи бўп турибди. Шу ўрис тилингизни ўрганиб олар... Баҳосини қўйиб беринг... Кейин, Говтўда томондан ўн беш сотих ер бераман, ҳовли-повли тиклаб олинг, малим! Шўйтинг, бўйтиб болани хапа қилманг?

Сўри ёнида яп-янги “Жигули”ни ювиб-артиб турган Ботир бу гапларни ўз қулоғи билан эшитди. Отасининг салмоқли гап-сўзи болани тўлқинлантириб юборди. Қоржов малимга қараб юз ифодасида кинояли жилмайиш пайдо бўлди.

— Узр, раис бова. Ўғлингиз, шу, шу рус тилини, рус адабиётини умуман билмайди, ўқимайди, ўқимаган. Ҳеч бўлмаса Чеховнинг бир нарсасини айтиб бер, десам, қўл силкиб жойига ўтириб олди.

Раис мийиғида кулди:

— Чехип ким у?

Муаллим қип-қизариб кетди.

— Шундай деган катта ёзувчи бор.

— Ҳим-м-м! Нима қиласиз? Беш қўясизми?

Муаллим раиснинг юзига тик қаради.

— Йўқ. Ўғлингиз икки баҳога ҳам билмайди. Майли. Сизнинг ҳурматингиз учун уч қўяман.

Шундай деб ҳовлидан чиқди-кетди. Раис ҳангу-манг бўлиб қолаверди.

— Энағар Чехип, мен сенга ҳали кўрсатиб қўяман!

Шу-шу раис бова унга Чехип, деб отми, лақабни қўйди. Раис айтгач бошқаларда жон қоладими, бошқалар ҳам уни Чехип деб чақирадиган бўлишди.

...Ботир ғурбат прокурор ҳузуридан бўларича бўлиб чиқди. Йўл четида анчагача эгаси урган маймунга ўхшаб шумшайиб турди. Бетимнинг қаттиқлиги болтани кемтик қилади, деб ноқис ўйлаган экан. Кетига муз ургандай бўлиб яхлаб ўтирибди энди. Фаромуш алфозда прокурор билан бўлиб ўтган воқеани эс-хаёлидан ўтказди. Аъзойи бадани қалтираб, кўкрак қафаси сиқила бошлади. Нафас олиши ҳам бинойидай эмас. Оғир. Кўкси оғир. Кўз олди жимирлашди. Ўзини зўрға тутиб дўконга кириб газсиз сув олиб ичди. “Тўхта, бир бошдан эслайин, қаерда бефаҳмлик қилдим”, — ўйлади у.

Кирди. Тўрда прокурор ўтирибди. Худди раис бованинг аччиқланганига ўхшаб чап кўзини қисиб, ўнг қошини учирди. Ботир ғурбат аллахаёл бўлиб кетди. Хуллас, ундан-бундан алжираб, ён чўнтагига қўл солиб ҳам кўрди. Конверт жойида. Кейин... Прокурорга хизмат-пизмат бўлса қилишини, атагани ҳам бор эканлигини писанда қила бошловди, прокурорнинг ажинаси отланиб қолди. Ўрнидан сапчиб туриб, қўли қора телефонга қараб югураётувди, бу ҳам ўрнидан туриб ялиниб-ёлворишга тушди. Унинг олдида тиз чўкиб жоврай кетди. Прокурор ўзини босиб олди. Лекин қаҳрини босолмади.

— Сур бўтдан. Ҳозир тиқиб қўяман. 

Ботир жон ҳолатда эшикка югурди. Қочиб чиққан жойи мана шу ер! Энағарди боласи, тиқадиган жойига тиқиб қўйишига озгина қолди. Одамларчиликдан узоқда экан, падарлаънат! Ҳечқиси  йўқ. Эртага Тошкентга кетаман... Сенинг суробингни Тошкент орқали тўғирлайман.

...Кузнинг яна бир тонги отди. Олам кўз ёриши олдидан кузак боғлари қирмиз ёғдулар оғушига чўмди. Барно ўрнидан туриб пардани суриб, деразанинг бир қанотини қиялатиб очиб қўйди. Кечаги ёмғир тинган,

Намчил боғлар узра тортилган куз чойшаби шуъласи дов-дарахтлар баргига жилва берар, борлиқ оқариш олдидан тўлғониб, чулғониб туради. Об-ҳаво илиқ. Очиқ дераза қанотидан хонага кузнинг баҳорийми, наҳорийми ҳавоси кезади. Барно ҳамхонасига кўз ташлади. Сора Алиевна уйқу аралаш нимадир деб алаҳсигандай бўлди. Сўнг кўз очиб Барнога қаради. Оғир хўрсинди. Шифтга тикилиб турди. Яна ғалати туш кўрди. Тез оқар дарё. Дарё қирғоғида қийғос гулга кирган сершоҳ улкан дарахт бор эмиш. Ёдгор шу дарахтнинг бир шохига чиқиб олиб, ўтирганмиш. Ўғлининг отаси Ботир эса қўлидаги болта билан дарахт танасига болта ураяпти, уни қулатмоқчи. У болта сермаганда дарахт бир чайқалиб қўяди. Сора бор овозда, қичқириб йиғлаяпти, лекин овози чиқмайди. Олисда кимдир қўлида оқ байроқ силкитиб, улар томон югуриб келаяпти. Сора таниди, бу ўша Ник Адамс эди. У дарахтга яқинлашиб, нималардир деб бақирар, дарахтни айланиб югурар, уни кесаётган одамни шаштидан қайтаролмас эди. Нимадир тарақлаб уйғониб кетди...

Дераза қанотини қия очаётган Барнони кўрди. 

Сора Алиевна анчагача шифтга тикилиб ётди. Барно унга чурқ этмади. Сора Алиевна вужудига дармон қайтиб, танаси қувватга тўлганини ҳис қилди. Ўрнидан туриб, севиниб таранди. Ўзига оро берган бўлди. Ойнага ҳам қаради. кўзлари тубида порлаган ажиб сеҳрни кўрди. Мийиғида кулиб қўйди. Бир оздан сўнг нонушта қилди.

Пешинга яқин кун яна қовоқ уйди. Осмонни булут қоплади, кузакнинг асаби таранглашди. Узоққа чўзилмаган эзғин сукунатдан сўнг ёмғир қуя бошлади. Худди кечагидай. Куз боғи ёмғир қамчилари ичра титради. Сора Алиевна табиатни бу мукаммал жонли ижодига маҳлиё бўлиб термуларкан, хона эшиги тақиллаб, ичкарига ўғли — Ёдгори кириб келганини ҳам пайқамади. Жойидан дик этиб турган Барно қаршисидаги келишган, хушчақчақ, басавлат, катта тим қора кўзлари порлаб турган, вужудидан йигитликнинг шаҳди-шижоати ёғилиб турган ўғлонга бирзум маҳлиё бўлиб, тикилиб, ҳамон дераза ёнида ташқаридан кўз узмаётган Сора Алиевнага қаради:

— Опа Сизга... Сизга меҳмон келди.  

Сора Алиевна дераза ортидаги ажиб гўзаллик сеҳридан узилиб, ўғли томон ўгирилиб, унинг бағрига отилди.

— Болам, болажоним. Соғ-омонмисан... ишларинг яхшими? Бораман, деб телефон ҳам қилиб қўймадинг. Мен... Мен... Соғман... Соғайдим, соппа-соғман, болам.

Аёл ўғлининг кўксига бош қўйиб, қалбида оналик меҳри ва ғурур-ифтихори тошиб, кўз ёш тўкарди. Ўғил ҳам онасининг оёқда тик туриб, қарши олганлигидан ўзида йўқ шод эди.

Ёдгор курсига чўкди. Сора Алиевна ўғлининг қалин тим-қора сочларини силаб, пешонасидан ўпди. Ўғлининг абадий соғинч ўтидан олға чиққан меҳр илоҳасига жовдираб қараб турарди. Аёл ўлим чангалида дард билан жон олиб, жон бериб олишганда, энг аввало, ўғли билан  хайри-хўшлашиб, сўнг бу дунёдан рози-ризолик сўраб қўйганди. Бугун, бугун эса жони-танига куч ёғилиб, яна ҳаётга қайтди. Парвардигорнинг амри-карамига ишонмасдан иложинг йўқ. Табобат танг қолган ҳолатда беморга қайта жон бағишлаш ҳам фақат Яратганнинг қўлида. Шунинг учун мана мен деган аҳли арбоб, ўз ишининг устаси бўлган шифокорлар ҳам оғир хасталик олдида боши гангиб, “энди бу ёғи Оллоҳдан, шифоси Оллоҳдан. Худодан сўрашдан бошқа иложимиз йўқ.”, деб тақдирга тан беришади. Машҳур жарроҳ Сора Алиевнага тиббиёт тузалмас дард ташхисини қўйиб, икки кунлик умри қолди, деган хулосага келган эди. Беморнинг икки кун ичида хасталикни енгиб ўтиши эса чиндан ҳам мўъжиза эди. Шунинг учун ҳам унинг соғайиб кетгани ҳақидаги оламшумул гап шифохонадан ташқарига чиқиб, ҳатто вазирликкача оёқлади. Мамлакат шифокорларининг каттаси ҳурматли вазирга ҳам етиб борди.

“Оллоҳ шифосини берибди”, — деб қўйди вазир жаноблари ҳам. Ва столи устидаги кечагина қайсидир хорижий давлат элчихонаси орқали келган Ник Адамс, деган таниқли арбобнинг қалин муқовали хотира китобини қўлга олди. Элчихона томонидан ушбу китобнинг машҳур шифокор, афғон уруши қатнашчиси Сора Алиевнага етказилиши сўралганди. Китоб муаллифи уни узоқ йиллар излагани ҳақида ҳам қайд қилиб ўтилганди. Вазир Сора Алиевнанинг ана кетди, ман кетди бўлиб ётганидан хабар топгач, индамай қўя қолганди. Аёлнинг оёққа турганини эшитиб, ёрдамчисини чақирди.

— Ма, манави китобни олиб шифохонага бор. Танийсан, Сора Алиевна ётибди у ерда. Бош шифокор Насима Жалиловнани ҳам ўзинг билан бирга олиб, опани кўриб,шуни унга бериб қўйинглар. Мен ўзим кечқурун хабар оламан.

Ёрдамчи чиқиб кетгач, вазир енгил тин олди. Кўнгли хуш тортди.

Хайрият-эй, қарз қиёматга қолмади.

Айниқса, дийдор қарзи қиёматга қолмаса, неча-неча йиллардан бери орада тикланган изтироб, ўкинч девори қулаб тушиб тақдир китобининг барҳақлиги, ер юмалоқ эканлиги аён бўлиб, бир-биридан олисда инсонларнинг тўқнашиб туриши, бу тўқнашувнинг айнан бугунга тўғри келганига нима дейсиз? Ҳа, олам тескари айланмайди. Ер ҳам...

Дийдор ҳам қиёматга қолмади...

Фарзанди атрофида минг айланиб, минг ўргилиб гиргиттон бўлаётган Сора Алиевна бугун, айниқса, ёшлик завқ-шавқига тўлиб, чеҳраси гулгун яшнаб, бир гапириб, ўн кулар, гоҳида ёлғиз таянчи ва суянчи Ёдгорига ишга берилиб ҳориб-чарчаб, озиб-тўзиб қолмаслигини айтиб, кўз ёш ҳам тўкиб оларди. Ҳамхона Барно эса ўттиз ёшга етиб-етмаган, баодоб, вазмин ва босиқ ўғлонга боқиб кўнглининг алланечук жойига титроқ тушди. Уни қачонлардир қаердадир кўргандай бўларди. Сўнг оний ҳолат ўрнини қалбдаги меҳр ва ҳавас тўлқини мавжлантирди. Шундай ўғлонни отасиз тарбия қилган Сора опага ботинида ҳамду сано айтар эди.

Шу маҳал хона эшиги шаҳд билан очилиб, тасур-тусур қилиб, гурсо-гур қадам ташлаб Ботир ғурбат кириб келди. Барно атрофдагилардан ийманган кўйи қараб қўйди. Ана, бизнинг хўжайин ҳам келдилар, — деди оҳиста.

Сора билан ўғли ўрнидан туриб, кенг келбат, дароз, қирғий нигоҳ, юзи бироз чўзинқираган, чўзма-чуқур ияк кишига кўз ташладилар. Ботир ғурбат   уларни кўриши ҳамоно сесканиб тушди. Беихтиёр ортга тисланди. Ҳангу манг бўлиб қолган Ёдгор чап кўзини қисиб, ўнг қошини учирди. Ранги оқариб, ботин-ботинида оғриқ турган Ботир ғурбат туман прокурори Ёдгор Алиевични бу ерда кўраман деб хаёлига ҳам келтирмаганди. Гандираклаб  чайқалди-да, четдаги курси қирғоғига базўр суяниб қолди. Ҳеч нарсадан бехабар Барно эрининг дабдурустдан шаштидан тушиб, талмовсираб-ҳолсизланиб қолганига ҳайрон бўлди.

 — Сизга нима бўлди, дадаси? Келинг... қўлингиздагини столга қўйинг.

Барно Сора Алиевнанинг  афтодаҳол Ботир ғурбат томон қадам ташлаб, лаблари пичирлаганини кўрди.

— С...и...из. С...сиз?!

Аёл оғир хўрсиниб, сўнг ўғлига қаради-да, ҳаво етишмаётган каби чуқур-чуқур нафас ола бошлади. Кўзларини чирт юмиб, ҳолдан тойган каби крават четига ўтириб қолди. Ботир ғурбат гунгу карахт аҳволда, авзои-бадани титраб-қақшаб Сорага бир нафас термулиб турди, соч толалари гўёки минг-минглаб ниналарга айланиб ўз бошига санчилгандай бўлди. Оғриқдан юзи жимирлаб ичидан иҳроқли мунг келди, оч биқинига сузги еган эчкидай ожиз овоз чиқарди, сўнгра мувозанатини йўқотиб, гурсиллаб йиқилди. Қўлидаги у-бу нарсалар ерга тушиб сочилди, шарбат, шишалари чил-чил синди. Чинқириб эри томон отилган Барно ақли-ҳушидан айрилиб уни ўрнидан турғизмоққа уринарди. Хонага навбатчи шифокор ва ҳамшира югуриб киришди. Ҳамшира Барнони ўзига келтирмоқчи бўлиб стол устидаги идишдан сув олиб юзига сепди. Билагига тинчлантирувчи укол санчди. Шифокор тили-забонсиз бақрайиб ётган Ботир ғурбатнинг томир уришини аниқлади, кўйлаги ёқасини бўшатиб чап кўкрак қисмига эндоскоп қўйиб юрагини текшириб кўрди.

— Инфаркт! Югир, тезроқ бўл, замбиларава келтиринглар, — деди ҳамширага.

Бирзумда хонага замбиларава олиб киришди. Сора Алиевна жойидан оғир қўзғалди. Ҳамон тош қотиб, анграйиб турган ўғлига оҳиста сўз қотди:

— Болам бор, дадангни кўтар! Дўхтирга ёрдамлаш. Даданг у. Сенинг даданг, болажоним. 

Сора Алиевна мадори-мажоли қуриб кроват четига ўтирди-да, юрак бағри ўртаниб,  мушти билан тиззаларига уриб-уриб, унсиз йиғлар экан, ҳануз ўзига келолмай тик қотиб турган ўғлига шундай деди:

— Болам, ер барибир юмалоқ экан. Қисмат китобини Яратганнинг ўзи ўқий олади, болам. Олам тескари айланмайди.

Ташқарида ёмғир эзиб ёғарди. Булут қоплаган тубсиз осмоннинг бир бурчида фалакнинг нигоҳи каби милтиллаб турган икки ҳовуч нур аста-секин олислашиб, сўниб борарди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот