НОЗИ...НОЗИГУЛ


Қўчқор НОРҚОБИЛ

НОЗИ...НОЗИГУЛ
Ҳикоя

  Бостирма томондан кампирнинг гулдураган овози келди:
— Эгамбой-у-в, Эгамбой! Эгамбойу-у-в.
  Пешайвонли уй дарчаси шарақлаб очилди. Дарчадан яланғоч гавдасини белигача чиқарган бўз йигит жаҳл билан ўшқирди:
— Ҳ-а-а! Нима дейсиз?
— Турдингма-а, болам?! Турдингма?
— Каллаи саҳарлаб қишлоқни бошингизга кўтарасиз-а. Одамга уйқу бермайсиз!..
— Отали олти тўйди, энали етти тўйди, болам. Сенлар ухлайверасан-а?
— Эна-а-а! Сизга нима зарил-а? Нима зарил?! Итга тиним бор, қушга тиним бор, Сизга тиним йўқ...
  Дераза эшиги шарақлаб ёпилди. Бостирма томондан кампир нимадир деб ўдағайлади. Даҳлиз эшиги очилиб, Эгамбой ташқарига чиқди. Ҳовлидаги тол танасига ўрнатилган юзқўлювғич чумбилига шарақлатиб-шарақлатиб уриб, ҳовучига сув олиб юзини ювди. Супада чўзилиб ётган акасига ҳам ҳавас, ҳам ҳасрат билан қаради: “Бунинг жони жону, бизнинг жонимиз бойимжон”. Сарви келин қўлидаги челакни даранглатиб нимадир, деб тўнғиллаб ўтиб кетди. Буям жимгина ўтмади: “Сира овози ўчмайди-я...”. Шу маҳал бузоқ чўзиб мў-ўлади. Сарвар ичида сўкинди. Кимга айтди. Бузоққами? Бузоқ бунинг гапидан кейин мў-ўлади-ёв. Энамга айтди. Энамга!
  ... У боши лўқиллаб оғриётганини ҳис қилди. Кўкда юлдуз хира нур сочаяпти. 
  “Уни ҳам худди шу юлдуз каби йўқотиб қўйганман. Қанча уринмай тақдир уни мендан юлқиб олди...”. Ич-ичини куйдириб, бўғзини шиша синиқларидай тилиб ўтган шу сўзлар беихтиёр сокин тонг бағрига санчилганда, Сарварнинг  кўкка тикилиб толиққан нигоҳидан бир томчи ёш сизиб, ёноғини куйдирди. У оғир ютиниб нигоҳини юмди. 
  Ўша пайтлар ҳам тонглар худди мана шундай сокин отарди. Борлиқ гўё сутга чўмилиб уйғонарди. Боғлар шундай титроқли ва сирли эди. Боғ этагида анови девор анча пастқам ва ғариб кўриниб турибди, шарқираб сув тошиб оқаётган катта ариқ ҳам кичрайиб қолгандай. Лекин тонгнинг отиши, борлиқнинг сокинлик ичра тўлғониб ҳаётга пешвоз чиқиши ўша-ўша. Орадан шунча йиллар ўтибди. Тонг жозибаси сира ўзгармаган. 
  Сарвар яна ўша йигирма уч йил олдинги сўнгги учрашувни эслади. Нозигул билан учрашган, ўша тақдиридаги энг бахтли лаҳзани, ҳаёт дарёсини бошқа ўзанга буриб юборган тонгни ёдга олди. 
  ...Нозигулларнинг ҳовлисига туташиб кетган Холли калнинг боғидаги дов-дарахт борки, бошини еб мева солган. Шафтолилар ларзон юкдан  қарс-қарс синиб, ер билан битта бўлиб ётибди — ҳузурини ер кўраяпти. Олмаларнинг эгик шохлари боғни оралаб ўтишга йўл бермайди. Боғ ичидаги шудринг инган йўнғичқазорни оралаб ҳовлиқиб келаётган Сарварнинг кўзи адоқдаги Нозигулга тушди. Юраги ўйнаб, ҳапқириб кетди. Нозигулми шу?! Қизни кўрмаганига икки йил бўлди. 
  Қиз ўгирилди. Сарвар бир зум тош қотиб турди. Қизнинг тиниқ табассум порлаган ёниқ чеҳрасига, қарашига дош беролмади. Юраги тўхтаб қолаёзди. Каловланди.
— Нози...
— Салом, Сарвар. Яна кечикдингиз, — қиз қўлини узатди. Сарварда жон қолмади. Қизнинг бармоқлари кафтини куйдириб, вужудини қалтироқ босди. Қизнинг порлаб турган оҳу кўзларида кишини эсдан оғдирар бир куч бор эди. 
— Соғлиғинг яхшими, Нози? Ўзгариб кетибсан. 
— Ўзингиз-ку, икки йилдан бери хорижлик бўлиб, кўринмай кетдингиз.
— Ўтган йили келганимда водийга кетган экансан.
  Қиз кулимсиради:
— Нима қилай? Ўқишга киролмадим. Роса сиқилдим. Кейин Фарғонадаги холамникига кетдим. Қишлоқдагиларнинг кўзига кўрингим келмади. 
  Қиз қўлидаги оғзига оқ сурп тўсилган толсаватни Сарварга узатди. Сарвар қиз узатган саватни олди. Ух, бунча зил-замбил бўлмаса.
— Нози, бу нима?
— Узум. Сурха, оқ кишмиш, туятиш. Сизга деб тердим.
— Нози, ҳалидан бери шу зил-замбилни кўтариб турганмидинг. Қўлларинг толиб кетибди-ку-а, Нози?
— Нима бўпти.
— Ҳалиям эсингдами?
— Эсимда... Сизга боғимиздан узум териб олиб берардим.
— Узуминг сурха, оқ кишмиш, туятиш бўларди. Унда сен кичкина эдинг.
— Унда сиз ҳам болакай эдингиз.
— Сочларинг қўнғир-қўнғир, патила эди.
— Сизнинг эса бошингиз доимо тап-тақир, сочингиз олинган бўларди. 
— Нози, боғларингдаги ўша узумлар ҳалиям борми?
— Бор. Шу узумлар ўша токларнинг ҳосили.
— Нози, сен буларни мен учун олиб келдинг-а. 
— Ҳа...  
— Мен сенинг боғингга ўзгалар қўл чўзишини хоҳламайман. Сениям, ўша боғингниям ҳеч кимга бермайман.
— Чиройли гапирасиз, барибир шоирсиз-да. 
— Чин гапим, сендан айрилмайман...
— Айрилсангиз-чи?
  Қиз ялт этиб қаради. Қизнинг юрак тубидан бир нидо отилиб чиқди. Қиз беихтиёр оғзидан чиқиб кетган шу сўзни бемаврид айтиб юборганини ҳис этиб, бир сесканиб тушди. Энди кеч эди. 
— Айрилмайман. Қасам ичаман, сени менга раво кўрмаган бу дунёда тоқ ўтганим бўлсин!
  Қиз йиғлаб юборди. Икки қўли билан юзини тўсиб йиғлади.
— Ундай деманг. Ундай деманг. Қасам ичманг...
— Мен айтадиганимни айтдим, Нози.
  ...Сарварнинг ўрнидан туришга мажоли етмади. Боши орқага тортиб оғрияпти. Ёш қирқдан ошгандан сўнг ҳар қандай тўю ҳашам, дабдабаю асъасалар оғирлик қиларкан. Кечаги йиғинда ўзиям ҳаяжонини босолмади.
  Тадбир эрталабдан бошланди. Дастлаб мактаб боғида қишлоқдошлар билан учрашув бўлди — ёзувчи Сарвар Сардор ижодига бағишланган адабий йиғин. Сарвар катта шаҳарларнинг улкан анжуманларида кўп қатнашган, анча-мунча ижодий учрашувларнинг кўрки бўлиб савлат тўккан, қолаверса, ўз ижодидан ҳам хижолат тортадиган жойи йўқ. Бироқ кечаги қишлоқдошлари, синфдошлари билан бўлиб ўтган учрашувда ўзини ўнғайсиз сезди, негадир одамлардан уялиб кетаверди. Бу содда ва самимий, меҳнаткаш кишилар қаршисида ҳаёт ҳақида бадиий гап айтишга тили бормади, улар ҳузурида ғўддайиб туриши ўзига эриш туюлди. Ўла-а, Толстой ёки Чеховмисан, кимсан, ҳеч бўлмаса Шукур Холмирзаевмисан дейдиган одам йўқ. Болалиги мана шу одамлар орасида кечди. Нимани ўрганган бўлса, шулардан ўрганди, шулардан топди, нимани ёзган бўлса шуларда кўрганини ёзди. Элчилик-да, яхшисиям бор, ёмониям. Бу одамлардан ўтиб бир нарса деб бўладими? Туманнинг раҳбари ҳашува гаплардан нарвон ясаб Сарварни юртнинг фахр-ифтихорига менгзади. Вилоятдан келган вакил “особый истеъдодлар қатори”да турган, пойтахтда ижод қилаётган ҳамюртига зарчапон кийгизди. Хонаки хонандалар Сарварнинг ҳурмати “классика”дан куйлаган бўлишди. Хуллас, бир йўқлаб келибсиз, деганларидай бу олқишу замзама Сарварга ортиқчадай туюлди. Айниқса, йиғиндаги қишлоқдошлари орасида синфдоши Норсулувни кўриб ўзини қўярга жой тополмай қолди. Бунга нима бор бу ерда? Қарип қопти. Ҳей йиллар шундай қизниям қаритибди. 
  Илжайиб туришидан ҳамон ўша йўргакда теккан касаллиги — бетгачопарлиги қолмаганга ўхшайди. Ёмон қилиқ йўғонни йўнар... Бети қаттиқ қиз эди. Юзингда кўзинг борми демасди-я. Нега бунча илжаяди. Ўрнидан туриб савол-павол бериб қолса-я? Мен сирингни биламан, дегандай маъноли қараяпти.
  Ё ўзига шундай туюлаяптими? Шунча йиллик дарди-ҳолнинг иссиғи энди кимни ҳам иситарди. Бу шаддод эчкининг эсига эски гаплар тушаётганга ўхшайди. Кўзини узмай илжаяди-я... 
  И-и-и, ўрнидан тураяптими? Ҳа, гапирмоқчи? Эй Худо, ўзинг шарманда қилма.
Норсулув ўрнидан шаҳд туриб, сўз қотди: 
— Ассалому алайкум, синфдош. Сиз бизнинг пахримизсиз. Кўп китоблар ёздингиз. Раҳмат ҳаммаси учун. Ватанга, халққа, эл-юртга бўлган севги-муҳаббат ҳақида чиройли гапирдингиз. Лекин инсонга бўлган севги-муҳаббат ҳақида нима дейсиз?
Давранинг у ер-бу еридан енгил кулги шабадаси эсди. Уҳ, ёмон қилди. Бехато урди. Сарвар бир чайқалиб тушди. Норсулувга норизо қиёфада кўз ташлаб қўйди, сўнг юзида ясама табассум қалқди. Нималардир, деб мужмал жавоб берди. 
  Сарвар билан Нозигулнинг тилга кўчмаган муҳаббат юкини синфдош-партадош Норсулув ҳам кўтариб юрди. Лекин бировга чурқ этмади, сир сотилмади. Мард экан, танти экан. Шақир-шуқур бўлгани билан оғзи маҳкам экан. Барибир Норсулув бу икковига хайрихоҳ эди. Бугун ўша юкнинг ҳиссасини чиқармоқчи. Ўчини олмоқчи. Нима десангиз денг аёл аёл экан-да! Ҳеҳ. Норсулув, Норсулув! Нима қиласан эски дардни қўзғаб. Эл-юртнинг ичида пичинг қилишинг шартми? Ёлғиз қолай, юзимга тарсаки ур, ғинг, десам ўлай агар, Норсулув!
  Хайрият тадбир яхши ўтди. Йиғин тугагач одамлар орасидан ажралиб, ўзи томон келаётган Норсулувни кўрди. Сарварнинг юраги шиғ этди. Ўзини кўрмаганга олди. Ҳоким билан алланималарнидир гаплашиб, гўёки ҳардамхаёл алфозда машина орқа ўриндиғига ўтириб жўнаб қолди.         
  ...Тонг янаям ёришди. Ерни ёстиқ, осмонни кўрпа қилиб чалқайрамон чўзилиб ётишни ўзига эп кўрмади. 
  Ўрнидан шаҳд туриб ярим яланғоч ҳолда ҳовли этагига қараб кетди. Ичи ёниб, тутади. Бўғзига нимадир тиқилди. Ҳовли адоғида шарқираб оқаётган боғариққа ўзини ташлади. 
   Ариқдаги тез оқар сув унинг дарди-ҳасратини олиб кетаётганга ўхшарди. Бироқ юрак тубида чўкиб ётган бу дарди-ҳасратдан уни дунёнинг ҳеч бир мўъжизаси халос этолмасди. Бу дард биргина Яратганга ва ўзига аён эди. 
  Бу дард Нозигулдан бошланиб, Нозигулда тугайди. Бу дарднинг бошиям, ўртасиям, охириям Нозигул эди...
  Тоғ елкасига минган офтоб шуъласи ёйилган тонгги осмон гувоҳ. Сарварнинг қалбини жизғанак этган армон ўти кундалик ғимир-симир қошидаги қишлоқ одамларига бегона эди. Аҳли қишлоқ билгани шу: Бу савдойи шунча обрў-эътибори билан бўйдоқ. Одамови. Қирқдан ошдики рўйи-рўзғорининг тайини йўқ...
  Кечаги тўйда ҳам дастлаб жин чалгандай, бир нарсага йўлиққандай бўлиб ўтирди. 
  Синфдоши Ином инжиқ тўйга чақиравериб қўймади. Тўрт-беш марта одам юборди. Охири хотинини етаклаб ўзи келди. Писанда қилди: “Сен энди катта жойларга борасан. Бизлар бир панадаги пақир, беткайдаги тақир бўлсак...” Бошқа гапларни ҳам гапирди. Мулзам қилди. Бораман деди. Инжиқ бунинг сўзини олди, кейин кетди. 
  Инжиқ тумандаги газ идоранинг каттаси. Дами ўткир. Қишлоқдошларга кундуз куни уйида тўй берди. Нуфузлилар туман марказидаги ресторанга, кечки базмга айтилди. Одмилар олдидан ўтишга ҳайиқадиган якка-ю ягона ҳашаматда Инжиқ тўй бермай  ким тўй берсин...
  Сарварни тумандан узилиб, бу ерга оёқ босмаганига анча бўлганди. Бир пайтлар ит адашмайдиган бундай жойларнинг бунчалар дову-дасткаси баланд бўлиб шаҳармисан шаҳарга айланиб кетгани ҳайратини оширди. Тошкент дейсизми, Европа дейсизми бемалол келиб томоша қилаверсин — кам жойи йўқ. Ай-ей, олтинсойликлар Парижда ўтирибсан-а, уккағарди уллари дейдиган кимса йўқ. Сарвар тўйга бироз кечикиб келди.Унга остонада Ином инжиқнинг ўзи пешвоз чиқди. Девори тилларангнақш сароймонанд ресторанда меҳмон гавжум. Ином инжиқ Сарварни кенг мўл рестораннинг алоҳида казо-казолар учун ажратилган махсус хонасига бошламоқчи бўлди. Сарвар ичкарига ҳатлаб ўтиши ҳамоно остона ёнида, давра четидаги узун стол атрофидагилардан бир неча киши ўрнидан туриб унга қараётганини сезди. Ана, кимдир қўл силтаяпти.
— Эй-ей, булар синипдошлар, танидингма? Синипдошларга ҳам отделний жой қилдик. Энди тўпланишаяпти. Сен уларга эътибор берма, қани ҳайда, тўрга ҳайдайбер, особий жой бор... Ҳоким, прокурор, начальник милиса, солиқнинг бошлиғи, яна вилоятдан келган катталар бор. Сени кутишаяпти.  
  Сарвар базмхона этагида, остона ёнида тузалган стол атрофидагиларга минг бир ҳижолат гирдобида боқди. 
— Нима деяпсан? Ахир синфдошлар йиғилган экан, мен ҳам уларнинг ёнига бораман. Улар нима деб ўйлашади? 
— Қўй, буларди. Катта одамсан. Катталарга қўшил. Кутишаяпти.
  Сарварнинг жаҳли чиқди.
— Мен тўйга келдим. Қайси даврада ким билан ўтириш ўз хоҳишимда.
  Ўн йил бир синфда ўқиган бўйинсалар орасида якка моховга айланиб турмаслик учун босиб-босиб ичди. Кейин... ўйинга чиқди. Ўзича нималарнидир гапирди, нутқ ирод этди. Лекин кўпчилик унга кўнгли ярим одамга қарагандай қаради. Синфдоши Собир худди бир гуноҳ иш қилгандай узрхоҳликка ўхшаш оҳангда гапирди: “Ошна, рўзагача ўғлимни уйлантирай, девдим. Тўйга, албатта, кел”. Бир ҳафтадан кейин Майсара қизини узатаркан, уникидаям тўй, таклиф қилди. Анорхол набирали бўлибди. Хуллас, ҳаммаси кап-катта одамлар. Биргина бу... Барибир шаддод Норсулувнинг қўлига тушди. У кенг мўл тузалган узун стол тўрида ўтирган Сарварнинг ёнига келиб илжайди:
— Қани қадаҳларга қуй, синфдош. Сен билан битта ичайлик. Эрим ҳайдаворса, сеникига бораман.
  Сарварнинг ичидан қиринди ўтди: “Уялмайдиям, уккағар”...
  Сарвар ноилож пиёлаларга ароқ қуйди. Норсулув бир сипқоришда пиёлани бўшатди. 
— Ишлар қалай, Норсулув. Қара-я, йигирма беш йил ўтибди. Ҳеч ким ўзгармабди, деярли, — мижғовланди. Тезроқ даф бўлсайди, деб ўйлади.
— Ҳа, сенам ўзгармагансан. Писмиқлигингча қолибсан.
— Ҳа, энди.
— Бориб Нозини кўрдингми?
  Сарвар ўтирган жойида бир сесканиб тушди. Ичидан бир нима чирт узилиб кетгандай ботинида оғриқ туйди. Базўр ўзини қўлга олди.
— Нега Нозигул келмади? — деди бепарволикка уриниб.
— Сени деб келмади...
  Норсулув Сарварга маъноли зеҳн солди. Сўнг уф тортиб бош чайқади-да, стол адоғига бориб ўтирди. Шовқин-суронда буларнинг орасида не бир гап-сўз бўлиб ўтганини бошқалар пайқамади. 
  Сарвар ўлардан бери, қолардан нари бўлди. Ичи куйиб кетди. Ичидаги алам ўти тутуни кўзидан ёш бўлиб сизди. Лиммо-лим пиёлага қўл чўзди. Сўнг бўм-бўш пиёлани дастурхонга тўнкариб, столга у-бу егулик олиб келиб қўяётган синфдоши Тўхтани имлаб чақирди. 
— Нима опкелай, ошна, яна қуяйми? — Тўхта унинг ёнида эгилиброқ турди.
— Ўтир. Ҳа, ёнимга, бу ерга кел. 
  Тўхта бу мулозаматдан анграйиб турди:
— Нима гап? 
— Нега Нозигул келмади? 
— Эй-ей, ошна у одамовироқ бўп қолган. Тўй-томошаларга боравермайди? Биласан, биздан икки синф олдин ўқиган Чори кантужга, афғонда хизмат қилган Чорига тегувди. 
— Буни гапирма, биламан.
— Биласан. Чори унга уйлангандан кейин ўзини осиб қўйди. Калласи кетганакан бечоранинг. Нозигул бир қизи билан қоп кетди. 
— Буни биламан... Нега бу ерга келмади, деяпман... Айтмовдингларми?
— Сабр қил. Айтувдик. Шахсан ўзим бориб айтдим. Шундай, ёзувчи ошнамиз ҳам келади, буйтиб ўтирма, Нозигул, сенам энди, дову даврадан қолиб юрма, деб айтдим. Қизинг қўрқса, қизингниям оливол дедим. Қизи билан иккови отаси Ҳайдар бобонинг чолдеворида, яшаяпти. Эшитгандирсан, Ҳайдар бобоям ўтган йили қазо қилди.
— Ҳайдар бобоям ўлдими? Буни эшитмаган эканман, ошна. 
— Ҳа, энди. Эртага бир фотиҳага бориб қўй. 
— Бораман, ошна, бораман. Бирга борамиз, менга қара, Нози... Нозигул эриникидан кеп қўйивдими?
— Ҳей, одамлар, одамлар-а! Чори кантужнинг ота-онаси ўғли буйтиб ўлгандан кейин Нозигулга кун бермади. Боламни вос-вос қилгансан, деб келин бечорани кўчага ҳайдаб солишди. Уяммас-буяммас, Чори кантуж яшаган ҳовлини Нозигулга бергиси келмади. 
Сарвар ўкириб юбораёзди. Пиёлага ичимлик тўлатиб қўйди. Тўхта иккови бир запда кўтаришди.
— Ошна, Нозигул ғалатироқ бўп қолган. Баҳорда томорқадаги боғни бузиб беринг, деб чақирди. Узумга қарайдиган эркак бўлмаса қийин-да. Картошка-мартошка экиб тирикчилик қиламан дегандир... Бордим. Боғига трактор солдим. Боғнинг охирги жўягидаги уч туп токни оп қолди. Булар сурха, оқ кишмиш, туятиш, дейди. Буларни бузманг, буларнинг эгаси бор, деб ток тепасида увиллаб йиғлади. Қўрқиб кетдим. Бузмасам, бузмадим, деб жўнавордим. Ўзимам роса эзилдим. Қандай қиз эди. Тақдири ўйилган экан-да, ошна. 
  Сарвар кўксини столга бериб, дастурхонга бош қўйди. 
  Амир билан Тўхта Сарварни суяб, даврадан олиб кетишди. 
  ...Сарвар ариқ бўйида чўккалаб ўтирди. Тезоқар сув билан бирга болалик хаёллари ҳам қўшилиб оқаётгандай гўё. Ўшанда тўртинчи синфда ўқирди. У пайтлар ариқ анча катта эди. Нозигул билан мактабдан бирга қайтаётиб, мақтангиси келди. 
— Нози, сен кўприкка боравер. Мен турбадан ўтаман, — деди катта ариқ устидаги йўғон сув қувурга оёқ қўйиб.
— Мен ҳам сен билан ўтаман, — деди Нозигул тумшайиб.
— Сен қиз боласан, йиқилиб тушасан.
— Унда сен ҳам кўприкка юр, — Нозигул ялингандай бўлди. Қизнинг ялиниши Сарварга хуш ёқди.
  Сарвар қувур устида дор юриш қилиб бир амаллаб ўтиб олди. Нозигул нариги томонда қолди.
— Энди мен ҳам ўтаман.
— Кўприкка бор.
— Йўқ, ўтаман!
— Унда сумкангни бўйнига осиб олиб, турбага ўтириб ол, эшак мингандай қилиб ўтир-да, олдингга силжийвер. 
  Нозигул эшакка мингандай қилиб қувурга ўтириб, олдга интила бошлади. Қувурнинг қоқ ўртасига келганда эгнидаги сумкаси бир томонга оғиб мувозанати йўқолди. Энгашиб қолди, базўр ўзини ўнглади. Эгнидаги сумкаси сувга тушиб кетди. Сарвар қўрқиб кетди. Чинқириб юборди:
— Нози... Кўзингни юмиб ол-да, бу ёққа қараб юравер... Силжи. Силжисанг-чи.
Қиз қўрқиб кетди. Кўзини юмиб, қувурда ўтирган алфозда силжий бошлади, қирғоққа базўр ўтиб олгач, дағ-дағ титраб, йиғлаб юборди: 
— Сарвар, энди мени отам билан энам уриб ўлдиради, — деди ҳиқиллаб, — сумканг қани деса, нима дейман? 
— Ўйлама, мана, менинг сумкамни ол... Икковиям бир хил-ку. Китобларимниям ол. Нима қипти, янги дафтар тутасан.
— Сен-чи! Сен нима қиласан?
— Мени қўйвер, бир гап бўлар.
— Яхшилигинг учун сенга нима қилай, Сарвар, айт. Нима десанг, хўп дейман!
— Менга ҳеч нарсанг керакмас.
— Яхшиси, сенга сурхо, оқ кишмиш, туятиш узум олиб келайми, кечқурун. Ахир, сизларнинг боғингиз йўқ-ку, тўғрими?
— Майли, мен шу узумларни яхши кўраман.
— Буни биламан, ўзинг айтувдинг.
  Улар боғ адоғида, мана шу ерда хайрлашганди. Шу-шу Нозигул Сарварларникига дам-бадам сурха, оқ кишмиш, туятиш узуми оп келадиган бўлди. “Хола, Сизга энам бериб юборди”, — дерди Ойдин момога. Аслида, узумларни у Сарвар учун келтирарди... Қиз бола-да, ўзига пухта-пишиқ эди. Уйида энасига Ойдин холам узум сўровди, дерди.
  ...Ойдин момо ҳовлида куймаланиб юрарди. Сарвар энасининг юзига тик қарашга ботинолмади. Супа четига омонат чўкди. Кампир келтирган сутни кўнгил учун пуфлаб-пуфлаб ичган бўлди. Беҳузур бўлди. Кечаги заҳар-заққумдан кейин сут ичиб бўларканми? Ичбурама бўлиб ўлмасам эди, деган хаёлга борди. Ноилож, яна икки-уч қошиқ ичгандай бўлди. Эна шўрлик жавдираб қараб турибди. 
— Эна, бўлди. Совуб турсин, кейин ичаман. Совуган сут яхши, фойдали.
— Ол, ғилминдидан ол! Ол, болам! 
— Хўп эна, хўп. Кейинроқ ерман. Ҳозир юқорига, Ҳайдар бовоникига фотиҳага бориб келсам, девдим. Бово ҳам ўтиб қолган экан-а. Билмабман эна, — деди дастурхондан кўз узмай.
  Эна ўғлига ажабсиниб боқди:
— Ҳайдар бовонинг ўлганига бир йил бўлаяпти. Орада Қирмиз амманг, Сори бовонг, Қодир тоғанг ҳам ўтди, болам. Ажаб қиласан, шуларникига ҳам кириб ўт. Фотиҳа қарз айланай.
— Хўп, эна, хўп!
  Ота уй эшигидан Сарвар илк бор қатъият билан кўчага чиқди. Энди ён-теваракдаги одамлар, кўзига тик қараб уларнинг турли-туман тусмол гапларига қўл силтаб, қишлоқда мағрур бош кўтариб юришга аҳд қилди. Ичидан шундай бир таскин отилиб чиқди: — “Ҳеч кимнинг олдида тилинг қисиқ эмас, одамлардан ўзинг бездинг, одамлардан ўзинг олислашдинг. Аслида, сен ўзингдан ўзинг қочдинг, ўзингдан ўзинг бездинг. Дадил бўл, бир қарорга келмасанг, кейин кеч бўлади, бир умр аросат гирдобида қолиб кетасан”...
  ...Сарвар Ҳайдар бовани эслади. Овози осмонни ёрарди-я, баковулнинг. Ўшанда, Ҳамид чавандознинг тўйида Сарварнинг бошига осмон қулаб тушганини бу бақироқ баковул қаёқдан билибди дейсиз. 
— Ҳа-о-о-й-й, аҳли воҳа-а-а! Сурхоннинг беш полвонига давранинг бешта жойидан томорқа бериб, елкасини ерга урган душанбелик Тойир полвонга талабгор борми? — гулдиради баковул.
— Бор! Бор! — Чори контуж отилиб чиқди. — Мен талабгор!
— Баковул бир сесканиб тушди. Чорига шаҳдингдан қайт, дегандай қараш қилди. Даврада сукунат. Энди кеч эди... Чори даврага чиқди. Ҳайдар баковул овозини баралла қўйди: 
— Эй-е-ей халойи-и-и-йиқ!! Тингла-а-а-а, халой-и-иқ!!! Менинг жон ошнам Турдибойнинг ўғли Чори полвон элнинг ори учун қурга чиқди.
  Даврадагилар қий-чув қилиб Чорини  қўллаб-қувватлашди. 
— Халойи-и-и-иқ! — баковул наъра тортди.  
  Ҳамма жим. Тўйхона аҳли жон қулоғини баковулга тутди. Тумонат одамнинг диққати-борлиғи баковулнинг оғзига маҳтал.
— Халойи-и-и-иқ! Жон ошнам Турдибой полвон ўғли Чорибой учун қизимга уч марта оғиз солди — совчи юборди... Қиз ўқисин, ҳали эрта деб қайтарганим ҳам чин. Шу боис орадан ошначилик ҳовури кўтарилиб Турдибой араз уриб юрибди... К-е-е-е, ошна!.. Агар боланг шу полвонни йиқитса, қизимни берганим бўлсин... Эртагаёқ совчи юбор...
  Ҳалойиқ гуриллаб-гуриллаб Ҳайдар баковулни олқишлади. Сарварнинг кўзи қоронғи, дунёси зимистон тортди. Боши айланиб кетди... 
  Шуни кутиб турган эканми, Чори полвон душанбелик Тойирни қарсиллатиб йиқитди. Бутун қишлоқ олқишлади, воҳа олқишлади, Чори контуж элнинг ардоғи бўлди, элнинг арзандаси бўлди.  
  Сарвар куйгандан куйди. Осмон паст, ер қаттиқ бўлди, дунё тор келди. Дунёнинг кенглиги оёғидаги кирза этикча бўлмай қолди. Осмон паст, дунё тор келса йигитнинг жони азобда қолганини кўринг экан. Боғ адоғидаги бедазорга бағрини бериб ётди. 
  ...На Нозигул ёрилди, на ундан биров кўнгил сўради. Қиз бола нимаям дерди. Дарди ўзи билан кетди. Севгиси ўзи билан кетди. Армони ичида қолди. Ҳафта ўтмай тўй бўлди... Тўйнинг эртасига Сарвар саҳармардонда йўлга ошиқди. Уйдагилар билан ҳам ҳайри-хушни насия қилди. Тошкентга йўл олди. Қишлоқ этагида синфдоши Тўхтага дуч келди. 
— Саҳарлаб йўл бўлсин! Борасанда шу шаҳрингга! Кеча тўйда кўринмадинг?
— Касалман. Боролмадим.
— Синфимиздаги зўр қиз кетди. Қовуннинг яхшисини ит ейди дегани шу бўлса керак, — минғирлаган Тўхта Сарварнинг кўзлари ёшланганини кўриб каловланди... — Нима бўлди? 
— Касалман, дедим-ку.
— Сен қачон уйланасан?.. Тўхта томдан тараша ташлади. — Бу дейман, шаҳардан зўрини топгандирсан-а?
  Сарвар ўзини тутолмади. Тўлиб турган эди. Зор қақшаб Тўхтага ўшқирди:
— Мен энди ҳеч қачон уйланмайман. Қасам ичаман!
  Қасам ичди. Оғзидан оғир гап чиқди. Буни бир Тўхта билди, ўзи билди. Пойидан оқиб ўтаётган катта ариқ билди, бошдаги тонгги осмон, оёғи остидаги ер билди — борлиқ билди. 
  Шу-шу Сарвар ҳамиша Нозигулнинг ёди билан яшади, Нозигулнинг армони билан яшади. Нозигулнинг алангаси бошқа гулнинг муҳаббатини Сарварнинг қалбига яқинлаштирмади. 
  Сарвар метин эди. Сўзида қаттиқ турди. Қасамни бузмади. Бу дунёнинг нозу-ишваларига қўл силтади — ёшлик муҳаббатининг оғушида яшайверди...     
  ...Раҳматли Ҳайдар бобонинг йўл четидаги отам замонида қурилган пастқамгина кулбасига яқинлашганда, Сарварнинг юраги қинидан чиққудай бўлиб гупиллаб ура бошлади. Беихтиёр қадамини секинлатди. Бобонинг томорқасини ўраган пахса девор омонатгина бир аҳволда мунғайиб турибди. Қаттиқроқ тикилсанг қулаб тушгудай. Бир пайтлар бу девор анча баланд ва ваҳимали кўринарди. Бу девордан ошиб ўтишнинг ўзи бўлмасди. Сарвар болалик чоғида бу девордан неча-неча бор ошиб ўтиб бобонинг узумзорига ўғирликка киргани, бу ўғирликка Нозигул ҳам шерик бўлганини эслади. “Сарвар, энди мен ҳадеб сенга узум олиб беролмайман. Энамга Ойдин холам узум сўраяпти, деяверишга уяляпман. Кеча бир сават узум олиб сеникига жўнатсам, энам жеркиб берди. Холангга айт узум еса, ўзи кеп, боғдан териб кетаверсин. Сени ғизғизон қилиб бўзчининг моккисидай югуртирмасин, деди. Узум егинг келса, девордан ирғиб ўтавер. Мен уйдагиларга қараб тураман...”. Шуларни ёдга оларкан, Сарварнинг кўнгли бузилди. Тўкилай деб турган девор оша ҳовлига қаради. Ҳовлида белурди бўлиб ёввойи ўт-ўлан ўсиб ётибди. Сарвар беихтиёр шавқи-табиий бир куч билан девордан сакраб ўтди. Ўт-ўланни оралаб томорқа адоғига қараб юрди. Не кўз билан кўрсин, қаровсиз томорқа адоғида уч туп ток пуштага бағир ёзиб, тарвақайлаган сербарг новдаларида ғиж-ғиж узум ҳосили тонгги офтоб нурида товланиб турарди. Болаликдаги ўша уч туп қадрдон узум — сурха, оқ кишмиш, туятиш... Новдада қип-қизил, ёқутдай ёниб турган туятиш узумидан бир шингил олиб доналаб оғзига солди. Беғуборлик давридаги ширин бир таъмни туйди. Уч туп ток тепасида чўнқайиб бобонинг кулбасига қаради. У томонга юришга юраги бетламади. Узум тепасида туриб, бобонинг руҳи-покига қуръон тиловат қилди... Ўрнидан руҳи тетик ҳолда қўзғалди. Шу пайт ўт-ўлан оралаб ўзи томон келаётган бўй етган қизга кўзи тушди. Юраги тўхтаб қолаёзди. Турган жойида чайқалиб кетди. Рўпарасида бундан йигирма уч йил аввалги, ўн саккиз ёшли Нозигул келаётган эди. Ҳа, ўша Нозигул. Фақат кўйлаги капалакгул эмас, кўйлагининг гули бошқа, бошида алвон эмас, мовий дурра. Сочининг бир тутамлиги, қўлидаги сават ўша-ўша. Юлдуздай порлоқ кўзлари, сутга чайилган тиниқ ва ёниқ чеҳраси ўша-ўша. Йўқ, Нози ўзгармабди. Нози ҳамон ўша маъсума севги ёшида қолиб кетибди. Сарвар карахт бўлиб қотиб тураверди. Қиз яқинлашди. Чеҳрасида ўша ним табассум:
— Ассалому алайкум, Сарвар амаки. Яхши юрибсизми? Нега уйга ўтмаяпсиз.
  Қиз қўлидаги саватни ток бошига илди. Ақл-ҳушидан айрилиб турган Сарварга синовчан термулди. 
— Сарвар амаки, мени танимаяпсиз-а? Мен Нозигул ўртоғингизнинг қизиман. Сарвараман. Онам сиз ҳақингизда кўп гапириб берган. Яқин дўст бўлгансизлар-а? Ҳамма китобларингизни ўқиб чиққанман. Яқинда телевизорда кинонгизни ҳам кўрдик. 
Сарвар ҳеч нарса эшитмасди, ақли-ҳуши учган кўйи қизга термулиб турарди. 
— Сен... Сен... Нозигулнинг қизимисан...
— Ҳа.
— Онанг қаерда? 
— Уйда. Сизни девордан ошиб ўтганингизни кўрди, онам. Негадир ҳовлига чиққиси келмади. Қўлимга саватни бериб, амакинг келди. Бир сават узум териб бер, деди.
  Сарварнинг димоғи ачишди. Кўзидан қайноқ ёш шовуллаб оқа бошлади. Бир зумда бутун борлиқни, ёнидаги қизни ҳам унутиб, кулба томон юрди. Қадамлари тезлашди, югура бошлади. Бўғзига нимадир тиқилиб югура бошлади. Ҳаллослаган кўйи лойсувоқ кулбанинг кемтик эшигини очиб ичкарига кирди. Кичик даҳлизга туташ хона ўртасида ўтирган Нозигул телбанамо ҳолда анграйиб қолди. Сочларига оқ оралаган, бироқ чеҳраси аввалгидай ёниқ, нигоҳлари порлаётган Нозигул ўрнидан туриб кетди. Сарвар Нозигулга бир баҳя бемажол боқиб турди-да, сўнг ичкари кириб ўзини Нозигулнинг оёғи остига ташлади. Аёлнинг тиззаларини қучиб, ўксиниб-ўксиниб йиғлади. Тўлиб-тўлиб йиғлади. Елкалари силкиниб-силкиниб, оҳ уриб йиғлади. Ўксиб-қақшаб, юрагида бор дарди-ҳасратни Нозигулнинг пойига тўкиб солди:
— Мени кечир, Нози... Нози... Мен сени унутолмадим, Нози. Сени, деб яшадим, Нози. Сени деб яшайман, Нози... Юр, мен билан юр... Сени опкетаман, қизингниям бирга опкетаман, Нози. Ахир, мени яхши кўрардинг-ку, Нози. Ахир, сени яхши кўрардим-ку, Нози! Менга турмушга чиқ, Нози! Ишон, Нози, бу қарорга келгунча неча бор ўлдим, неча бор тирилдим, Нози. Мени ноумид қилма, ишончимни сўндирма, Нози...
Сарвар аёлнинг тиззаларини қучиб, қалбидан отилган дарди-ҳасрат вулқонини тўхтатолмасди.
  Нозигул унинг бошини силади. Кўз ёшлари сел-селоб бўлиб овоз чиқармай йиғлади. Тақдир тошлари тегавериб тош қотган қалбида бир нур милт этгандай, қалбига ҳароратли бир нур югургандай бўлди. Сарварнинг қаршисида тиз чўкиб, унинг қўлларини юзига суртди. 
— Сарвар, мен чарчаганман, Сарвар. Чарчаб кетдим, Сарвар. Мен ҳам сени яхши кўраман Сарвар... Лекин...
—   Жим гапирма, Нози. Жим бўл!
  Улар бир-бирига термулиб туришди. Сўнг... Нозигул Сарварнинг кўксига бош қўйди. Қўлида узум тўла толсават кўтариб бу манзарага  ғайришуурий тикилиб турган бўй етган Сарвара ниманидир англагандай бўлди, толсаватни остонага қўйиб, кўчага чопиб чиқиб кетди.
  Сарвар уйга пешиндан сўнг келди. Ўчоқдаги оловга ғўзапоя ташлаётган Ойдин момога жилмайиб қаради. Момо ҳайрон бўлди.
— Эна, эна... бир гап айтайми?
— Тинчликми, болам?
— Эна, амакиларим, қариндош-уруғларга айтинг. Мен уйланаман.
Ойдин момо кутилмаган хабардан эсанкираб қолди. Бошидан гарди рўмоли тушиб кетди. Қўлида косов, ўчоқ четига ўтириб ўғлига паришонхотир тикилди:
— Гапинг чинма, айланай болам... 
— Чин, эна, чин.  
— Кимга уйланасан?
— Нозигулга, эна... Нозигулга!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот