ГУЛГЎЗАЛНИНГ ГУЛГУН БАХТИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ
         
ГУЛГЎЗАЛНИНГ ГУЛГУН БАХТИ
ҳикоя

  Оғзим қимирладими, бас, шунинг ўзи қўшиқ дегувчининг бари жамулжам. Қаерда бўларди, Тоҳир бойнинг тўйида. Меҳмондан кўра ашулачи кўп. Майнадай ғуж-ғуж, бири қўйиб, бири олади. Ҳашаматли тўйхона тўридаги “авло” даврада ўтирган, оғзидан боди кириб шоди чиқадиган, шаллақи, шармни шамолга пуллагувчи “майнабоши”, э-ей, йўғе, қўшиғини тирноқдай келадиган матоҳ ичига уриб, қора сандиқдай овозоширгичнинг кунини туғдирадиган айтимчиларнинг онабошиси бўлиб ўтирган ойимтилланинг розилигини олиб давра ўртасида бино бўлган Гулгўзал бошқалар қатори Нозини ҳам маҳлиё этди-қўйди: ё тавбангдан, инсон боласи ҳам шунчалар гўзал бўладими-а?! Қадди-басти, сийму сиймосини, рўйи-чеҳрасини мукаммал яратган Эгам бунчалар жозибани қай бир фариштанинг дилини хуфтон этиб, унинг улушидан чегириб, бунга инъом этган экан-а, деган хаёлга борасиз. Нозининг ҳам дилида кўролмаслик ўта гуриллади. Ҳасади бесарҳад бўлиб, Гулгўзалдан кўз узолмай қолди.
  Қўшиқ тугади. Гулгўзал барчани беором этиб солланно қадам ила Нозининг рўпарасига келиб ўтирди. Қўшиқчи зоти борки, ўзларининг  юлдуз кириб, ой чиқадиган бундай давраларда дами довуччани қовурадиган бойвачча-ю, бойбичаларнинг ҳадди ҳиссасидан умид қилишади. Ҳолидан хандалик хафа хотин-халажнинг давраси эмас бу ер, қўйиб берсанг юлдузни тўғноғич қиламан дегувчиларнинг жойи бу — пулининг шаҳди билан шамолга шапати урагувчилар тўпланишади. Албатта, бундай издиҳомдан бир нималик бўлиб чиқасан. Камига кипригинг қимирласа, қирқ жони қуллуқ бўлгудай жазман-пазман ҳам орттирсанг, айшу ишратингдан Дубай дам олади.
  Гулгўзал сир бермай, димоқ-фироқ қилиб тикилган Нозини бир қарашдан оқбилагу оқсуяк, пулининг соясида сариёғи қотадиган, битиб кетган “бибигул” эканлигини англади. Эси-ҳуши учиб, хушомаднинг ҳуштагини чалиб, инжу табассум қилди. Ўртада дастурхон бўлмаганда, мушукдай суйкалиб, ялаб-юлқаб олиши ҳам мумкин эди, негаки, бундай томири бақувват, ақчаси ажинани айқиртирадиган бойхонимлар ўз атрофидаги қўшиқчи-мўшиқчи-ю, қизиқчи-масхарабозларни янгилаб туришади, уларнинг айримларининг атак-чечак пайти чеккасига ақча қистириб, учирма қилиб юборишдан ҳам завқланишади. Мушуги туғса ҳам базму-жамшид этиб, казо-казо оғиз қимирлатарларни йиғиб, ашулавозлик қилишга иштиёқи олов ойимчалар пул ҳидидан қанчалик маслиқишмасин, ўзларини санъатдан жудо, маданий оламдан мосуво қилиб кўрсатишни ҳам хоҳлашмайди.  Бойлар ёнида елпиғич қилиб галма-гал олиб юрадиган ёки гаҳ деса учиб келиб, қўлига қўнадиган, тонгу шом теварагида гирдикапалак, тўрт танганинг гадоси бўлган бу қавм саховатпеша кимсаларнинг ўтидан кириб, кулидан чиқишининг сабаби, улар истаган пайтда бу серҳадик шуҳратпарастларга елка тутиб бера олишади: концертми, телевизор ё радиоми, марҳамат, фақат уларнинг кўнглига йўл топсанг бас.
  Нози рўпарасида гулу гўзалликнинг мукаммал тимсоли, ойюз, юлдузкўз, шамшодқад Гулгўзалга суқланиб қаради. Чаккимас, диди чаккимас, ўзимга ўхшаркан. Бўйнидаги бриллианткўз тақинчоққа ҳасрат билан боқиб, бунда ҳам бор экан, деб ўйлади. Ёқут исирға, олмос тошли узуклар... Эгнидаги қимматбаҳо либосни айтмайсизми... Ёш бўлса ҳам, бало экан. Бирорта шўраматнинг шўрига шўрва тўккан шекилли, энди бунинг ўпқонига қопқон урилгунча оғзидан чиққан нарсани муҳайё қилади шўрлик, буйрагини бериб бўлса ҳам, буюртмасини бажо келтиради. Бундайларнинг доми девни қовиради. Нози хаёлида чарх урган алмойи фикрлар оғушида Гулгўзалга тикилиб қолганини сезмади, жодуси бор-да жувонмаргнинг, аёл бўла туриб менинг ҳушим учаяпти-ю, эркак зотининг эси кетиши тайин, манаман деганини авраш қўлидан келади. Бундай куйдирги ўйлар миясига қандай ўрнашиб қолаётгани, рўпарасида турган хурлиқога ҳасаду надомат қилаётганидан Нозининг хўрлиги келди. Хаёлида ўрнашган ҳасрат ғуборини ич-ичидан ўрлаган ғурур бўронлари билан тир-тўзғитиб ҳайдашга уринди. “Мен қаердаману бу елпатак қаерда. Айтар гапга қўшиқчими, ўйинчими, бир бало бўлса”. Шу қатъиятли иддао таъсирида унга кибр билан боқди. Худди шу иддаоли нигоҳ таъсирида довдираган Гулгўзал қаршисидаги бойвуччага хушомад ила илжайди:
— Опажон, мен сиз ҳақингизда кўўўп эшитганман. Мана, бугун Сиз билан учрашиш насиб қилди,—  ашулачининг эрканозлик билан таралган саси Нозига хуш ёқди:
— Нималарни эшитгансиз, мен ҳақимда?, — деди туйқус томдан тараша ташлагандай қилиб.
— Кўп... Кўп нарса. Сахий, олижаноб, бадавлат, бахтли аёлсиз. Сизга кўпчилик ҳавас қилади. Бунинг устига жудаям гўзалсиз. Қонингиз тоза-да, опа.
  Мақтовдан сариёғдай эриш хислати барча аёллар каби Нозига ҳам бегона эмасди, айниқса, унга сиз гўзалсиз, ҳатто мендан ҳам деб бир ҳурлиқо эъзозлаб тургандан кейин, нима дейсиз. Нозининг дили чароғон тортди. Гулгўзални айни чоғ яхши кўриб кетди, кўнглида унга нисбатан хайрихоҳлик, яқинлик туйғуси мавж урди: “Кел, шу қиз билан яқиндан танишай, хушрўйи хушсувратгина экан. Майли-да, лаблари пирпираса, пириллаб қўшиқ учиб чиқадиган даражага келтириш қўлимдан келади. Зора, буниси ҳам юлдуз бўлиб чарақлаб қолса...”
  Нози ўйни ўйинчой биладиганлар хилидан эмасди, етти ўлчаб, бир кесарди. Кимсан Нози Калоновна — бу атрофдаги манаман деган тадбиркордан уч-тўрт поғона баланд. Иккита заводи гувиллаб ишлаб турибди. Хорижда савдо ҳудудлари бор. Бир қўли Парижда бўлса, бир оёғи Лондонда. Москову Питерда танишлари ҳам ғиж-ғиж, ҳаммасининг этиги ялтиллаб, эгни юлтиллайди. Шундай аёл, энди қанот чиқараётган қушчага далда берса, нима бўпти. Санъат осмони кенг бўлса, ҳаммаси учаман дейди. Оллоҳим қанот бергани ҳам, бермагани ҳам, судралгани-ю, пилдирагани ҳам осмон меники бўлиши керак, деб ўйлайди. Ҳа, майли-да, қайтамга, дугонаси Дилоромхондай мақтаниб юради: “Фалончини мен юлдуз қилдим. Менинг таянчим билан тили чиқди”, — деб. Шу Дилоромхонга ҳайронсан. Шунча дов-дасткаси, обрў-эътибори бўла туриб, қанчалаб хайрия-ю, катта ишлар қилаётганига қарамай, бир тўтиқушга моддиятчи бўлганини айтиб мақтанади. Санъатнинг ошуфтасими, ишқибози, деб шуни айтишса керак-да. Кўради, манави суқсургина хонимча Дилоромнинг “юлдузи”дан анча баландда порлайди. У порламайди, лов-лов этиб ёнади. Бутун борлиқни қамаштиради. Сўнгра Дилоромхон деганлари пилдир-пис, жим қолади. Ҳа, Нози Калоновна ҳамма томонлама олдинда бўлиши керак.
  Нози Калоновна билан Гулгўзал опа-сингил тутунди. Опоқ-чапоқ. Нози бир неча бор Гулгўзалнинг тоғу тош бағридаги шовуллаб шаршара отиладиган чорбоғида дам олди. Қоянинг қоқ белидан забт билан чиқаётган сув зарраларининг жимир-жамирида ҳосил бўлган  кумуштус соҳир пардалар оғушида чайқалган боғ эндигина гулдан ариган.  Ўрик новдаларига ўрнатилган чалқайма ҳалинчакда Нози оройиш ила тебраниб, пастдаги мармар ҳовузда жимирлаб турган ўзининг оппоқ ва бўлиқ танасига маҳлиё бўлиб қараб қўяди. Лекин, тоғҳовлини зўр қилибди. Еврокўримда тиклаган икки қаватли ихчам, замонавий архитектуранинг асл намунаси бўлган томи ракетатумшуқ бино, икки четига ерчироқлар ўтқазилган,  мовий, тўқ қизил, оқ тошлар терилган йўлак бўйлаб экилган анвойи гуллар, нақшинкор кўшксупа, боғ четида оройиш ва тамаддига мўлжалланган тўқима ўриндиқлар тиркалган каттакон базмстол, биратўла теннис ва баскетболга мослаб қурилган мовий қопламали сип-силлиқ майдон... Нози қанчалаб тоғу боғ ҳовлиларни кўрган. Лекин буниси жозибаси ва антиқалиги билан уни маҳлиё этди. Агар сотса, жон-жон деб олардим, деган хаёлга ҳам борди. Шундай ҳордиқжойга дуч келсам, харид қилардим, деган маънода гапни чувалатди ҳам.
— Опа, Сиздан жонимни ҳам аямайман. Лекин Бек акам кўнмасалар керак. Бу жой у кишининг режаси асосида ишланган. Кейин, худо хоҳласа, ёзда у кишининг ўзлари бир ой таътилда шу ерда дам олмоқчилар. Мен ҳам тўй-пўй, гострол-мастролларни йиғиштириб, шу ерда қолмоқчиман.
— Бек акангизнинг диди чакки эмас. Никоҳ-пикоҳдан ўтганмисизлар, айланай?  Бек акангиз “холостой”ми демоқчиман.
— Шу... Ўтганмиз никоҳдан. Фақат иккинчи хотиниман-де.  
— Ўзим ҳам билувдим. Майли, бу ҳақда ҳеч нарса демай қўяқолинг, менга қизиғи йўқ, — деди Нози ва худди бировнинг хобгоҳига бесўроқ кириб қолган каби ўнғайсиз аҳволга тушди.
— Майли, сиздан нимасини яширай. У киши билан уч йилдан бери эр-хотинмиз десам ҳам бўлаверади. Иккита концертимга ҳомийлик қилди. Уч хонали уй, машина олиб берди. Ейиш-ичиш, кийим-кечагим у кишининг гарданида. Ҳеч кимдан камим йўқ. Сизга айтдим-ку, кейинги ойда Истанбулда концерт қўймоқчиман, Бек акам бизнесмен ҳамкорлари билан гаплашиб бердилар, улар ҳомийлик қилишади. Сиз ҳам бирга борсангиз, хурсанд бўлардим.
— Худо хоҳласа. Яхши қўзи икки онани эмади, — жилмайди Нози.
— Опа, Сиз аёл бўлганингиз билан унча-мунча эркаклардан зўрсиз, баландсиз. “Халқлар дўстлиги”да концент беришим учун ҳомийлик қилаётганингизни эшитиб, кўпчиликнинг оғзи очилиб қолди. Душманларимнинг ичи куйиб кетди, десам ҳам бўлаверади. Бек акам хурсанд бўлди. Ким  ўша аёл, деб роса қизиқиб сўради. У аёл менинг опам, бу ҳақда ҳозирча бошқалар билиши шартмас деганлар, деб Сиз ҳақангизда ҳеч нарса айтмадим.
— Тўғри қипсиз, айланай. Ҳали бу ҳақда жар солишимизга эрта. Вақти-соати келса, одамларнинг ўзлари билиб олишади.
— Опа, юринг ичкарига кирамиз. Тепадаги хонани алоҳида ўзингизга ажратиб бераман. Истаган пайтда келиб дам олаверасиз. Калитлар эшикнинг ўзида. Юринг.
Улар томи найзадор бино томон юришди. Европа қасрларига монанд қилиб ишланган залдан иккинчи қаватга олиб чиқиладиган зинапоя ёнида тақалган каттакон стол устидаги ғилдиракли шахматтус жамадонга Нози ажабсиниб қаради. Бирдан юраги депсиниб кетди, беихтиёр жамадоннинг қизил елим лента ўраб силлиқлантирилган ушлагичини силади. “Наҳотки, худди ўзи ё ўхшарканми...”, деган ўй кечди хаёлидан. Ана, жамадоннинг пастки қисмидаги қўшғилдиракдан бирига чўзма ип боғланган. Қизиқ, тасодифми бу?.. Ўхшаркан. Ё..? 
...Нози ўшанда қўшқаторли тилла тақинчоғи-ю, лама пальтосига роса ачинганди. Қизига деб олинган бриллант кўзли тўғноғич ҳам шу жамадонда эди. Алам қилди. Камида беш-олти минг долларлик нарсанинг тагига сув қуйилганидан эр-хотин бирмунча саросималаниб қолишди. Тортмадаги ўн минг доллар солинган чарм ҳамён ҳам йўқ. Нози буни эрига билдирмади. Милиса чақиришди. Топилади деб умид қилишди. 
Мана бугун... Нози беихтиёр шахматнусха жамадон ушлагичини силаб қўйди. Сир бой бермай, тепа қаватга кўтарилди. Дераза рахидаги бриллант кўзли тўғноғичга кўзи тушиши ҳамона сесканиб кетди. Аъзойи-танига титроқ кирди. Ундан кўз узмай қолди. 
— Буни Бек акам совға қилган, — деди Гулгўзал. У тўғноғични олиб шкаф тортмасига солмоқчи бўлди. Шу онда тортмадаги қўшқатор тилла тақинчоққа ҳам Нозининг нигоҳи  тушди. “Меники-ку...” Кўз олди қоронғулашди, ҳолсизланган кўйи курсига ўтириб қолди. Хаёлини бир ўй тилкалаб ўтди... “Наҳотки? Худобехабар Бек акасининг ўғирликлари эвазига кун кўраётганини бу шўрлик ойимча ҳали билмаса... Уйимга ўғирликка тушган каззоб шунинг Бек акси эканда...”
— Син... Синг. Синглим, — деди Нози иҳраб — негадир кўнглим беҳузур бўлаяпти. Илтимос, сув берсангиз.
Гулгўзал зинадан пастга югурди. Нози қўлтелефонини очиб, эрига қўнғироқ қилди. У энди ўзини бироз тутиб олган, олам тасодифига лолу ҳайрон эди.
— Дадаси, уйга қачон қайтасиз? Менми, тоғда эдим. Бир танишимникида. Ҳозир ишхонангизга етиб бораман. Жиддий гап бор. Қисқаси, ўтган йили уйимизни ўмариб кетган ўғри топилди, ҳисоб. Ҳа, тақинчоқлар, жамадон. Хўп-хўп. Ҳозир ёнингизга бораман. Бафуржа гаплашамиз. Ўғлимизни безовта этиб нима қиласиз? Анваржон Сувлисойдаги қурилиш иши билан банд. Иши бошидан ошиб ётибди.
Нози ўрнидан туриб, хона деразасини очди. Бўғзига тиқилган зил-замбил оғриқни Гулгўзал келтирган сув билан ютишга уринди.
— Опажон, тобингиз бўлмаяптими? Бироз дамингизни олинг.
— Йўқ, мен борай. Уйда зарур ишим чиқиб қолди.
— Икки-уч кун шу ерда дам оламан, дегандингиз-ку.  Кечқурун  Бек акам ҳам келадилар. Сизни таништириб қўяман.
Нозининг юрагига нимадир санчилгандай бўлди. Секин жилмайди:
— Худо хоҳласа, ҳали танишиб оламиз.
Нози боши ғувуллаган кўйи кўз олди хира тортиб ташқарига чиқди. Машинасини ёндирди. Гулгўзалнинг ўзим олиб бора қолай, ҳеч бўлмаса, Бек акамни озроқ кутинг, ўзлари шаҳаргача  элтиб қўяди, деган гапига ҳам эътибор бермади. Унинг кирди-чиқди бўлиб турган бошини туман қоплаган, бу шўрлик бош айни чоғ ҳеч бир гапни қабул қила олмасди.
Кечқурун Нози эри Тўра Каттаевич билан Гулгўзалнинг тоғ ҳовлиси эшиги ёнида пайдо бўлди. Евроқасрнинг баҳайбат кумушранг дарбозасига ўрнатилган қўнғироқ тугмасини босган бармоқларида уйғонган титроқ таъсири Нозининг юрагига ҳам кўчди. Уларга гулгун очилиб Гулгўзал пешвоз чиқди. Юз-кўзида бахт тантанаси уфуриб турган бу гўзаллик тимсоли қошида Тўра Каттаевич довдиради. Турган жойида депсиниб, ўзини қўярга жой тополмай қолди.
Гулгўзалнинг ёниқ табассумидан таралган нур дурдай оппоқ тишларига урилиб, жаранглаб садо бераётганга ўхшарди. Қизнинг сиймоси табассум жаранги бирла уйғунлашиб кетган эди.
— Воой, опажоним, келинг. Келинглар!
Гулгўзал уларни ҳашаматли ҳовлига бошлади. Бурчакдаги улкан антиқа, антиквар ўриндиқлар тиркалган кенг-мўл стол дид билан безатилган эди. Мармар ҳовуз бўйида тортилган ҳалинчакда чалқайрамон ҳолда тебранаётган кимсага Гулгўзал эркаланиб овоз берди:
— Бек ака-а-а! Бек ака-а-а-а-а! Туринг, меҳмонлар келишди.
Солланма ҳалинчакда оёғини сўлоқмондек осилтириб чайқалаётган калта иштон кийган норғул, барваста йигит охиста тушиб, меҳмонларга қаради... Қаради-ю, турган жойида қамиш ютган қурбақадай бақрайиб қолди. Аъзойи баданидаги туклари ўз танасига игна бўлиб санчилди. Бир чайқалиб, ҳалинчакка ўтириб қолди. Уни кўриб ҳангу манг бўлган Тўра Каттаевич дастлаб бўғриқди, сўнг қон босими ошиб, пешонасига қизил урди. Беихтиёр илжайди. Сўнг кўзларини чирт юмиб, бир тўлғониб, хотинига суянди. Нози карахту лол эди. Тўра Каттаевичнинг калимасини тополмай, оғир айланаётган тилидан ғулдураган товушлар тўкила бошлади:
— Ў-ў-ў-ўғ-ўғлииим... Анвар се... сееенн...
Нози базўр турган эрининг кўксига бош қўйиб ўкириб юборди:
— Ўғлиииимммммм!!!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот