101 ЎЗБЕК БАРДОШИ


   Немис фашистлари асир тушган совет жангчилари орасидан 101 та ўзбекни ажратиб олди. Уларни узоқ очликда сақлаб сўнгра олдиларига бир дона нонни отиб юборди. Немисларнинг мақсади: оч аскарлар нон учун бир-бирини янчиб ташлаётган лаҳзаларни тасвирга олиб, дунёга кўрсатиш эди.
   Суратга олиш учун кемералар тайёр турарди.
   Аммо, улар кутган шармандали ҳолат рўй бермади. Ўзбек жангчилари нон атрофида айлана бўлиб ўтиришди. Ёши каттароғи нонни тенг қилиб барчага бўлиб берди. Охирида қўллари билан юзларини силаб қўйишди.
   Бу воқеа 1941 йил 27 сентябрда  Смоленск остонасидаги жангда мағлуб бўлган 865 нафар совет жангчиларини “Амерсфорт” концлагерига олиб келиб, орасидан 101 ўзбек жангчисини ажратиб олганда бўлиб ўтган. 
                        
Ремко    Рейдинг - Голланд журналисти.

   “Амерсфорт” концлагери ва  ўзбек мард жангчилари ҳақида 20 йил давомида тўплаган материалларидан
***
   Тошни синдиради эркак ғурури, темирни эритар эркакнинг ори. Қачонки, энг чекка қишлоқда уни мушфиқ бир она ҳар кун қон йиғлаб кутаётган бўлса. У туғилган юрт номи Самарқанд бўлса. Йигит ўн саккиз ёшда бўлса. 
   Улар асир тушган. Улар хат олиш имкониятидан маҳрум. Улар хат ёзиш бахтидан мосуво.  Аккиллаб турган немис итлари ҳатто, хаёл суришга  ҳалақит беради.  Ҳақоратлар,калтаклашлар, изғирин аёзда,тош қотиб музлаб ётган ерда ҳолдан тойгунча эмаклатишлар...  
   101 аскар, 101 ўзбек.
   Ўн саккиз ёшлисининг онаси тунлари йиғлайди:   
   Тешавой ёлғизим эсон- омон қайтгин. Мени сендан бошқа ҳеч кимим йўқ. Сен кўрар кўзимсан, сенсиз кўрман-  басирман. Зулматда қолдирма ўғлоним.
   Тешавой мендан хавотир олма. Тузукман. Бизнинг Каттақўрғонга ҳам уриш бўлаётган жойлардан етим болаларни олиб келишди. Барака топгурлар менга ҳам иккита бола беришди. Биттасини Эргаш деб чақираман, биттасининг исмини Ўлмас деб чақираман. Менга ўрганиб қолишган. Товуғим битта туғса ҳам шуларга қайнатиб бераман. Мен уларга раҳим қилсам, сенга Аллоҳ раҳим қилсин. Қишлоғимиздагилар  фронтга “тишимизнинг ковагида” асраб юрган ёнғоқ, майизлардан жўнатдик. Сизларга албатта етиб боради, биз бунга жуда- жуда ишонамиз. 
   Битта ўтинчим сен ўлма!
   Сен керак бўлса қуш бўл, сен керак бўлса аждар бўл, тулки бўл, бўри бўл, йўлбарс бўл! Ёлғиз жонингни асра. Эл юрт олдида ёруғ юзим бўлиб қайтиб кел! Дунё шунчалар адолатсиз эмас. Ахир сен ёлғизсан. Сен биттасан болам.  
***
   Бу аёлнинг боласи 18 ёшда эди.   Уришда катта ёшлиларнинг ҳаммаси уни  болам деб,қизлари борлари ҳазиллашиб куёв, - деб мурожаат қилишади. 
   Тешавой уларига муносиб ўғил, насиб этса уруш тугаса муносиб  куёв бўлишга ўзига – ўзи ваъда берар эди.
***
   101 эркак, 101 мард.
   Уларнинг биттаси 35 ёшли эди. Исми Азамат. Асли тошкентлик.
   Унинг тўртта қизи бор эди. Исмлари:  Саодат, Санобар, Сарвиноз,  Ўғилой эди. Қизчаларнинг онаси ҳар кун эрта тонгда уйғотиб, ювинтириб  Қибъла тарафга қаратиб шундай дуо қилдирар эди: Аллоҳим отажонимизни омон асрагин. Уйимизга шодлик, туянч тоғ бўлиб қайтиб келсинлар. Отам қоп- қоп ун олиб келсинлар, онам тандир – тандир нон ёпсинлар. Ҳар биримиз тўйларимизда азиз отажонимизнинг пойига бош урайлик.
   Қизларнинг онаси кечалари йиғлаб хаёлан жуфи ҳалоли билан гаплашади: Отаси яхши юрибсизми? Кўзингизга қарабгина юрибсизми?  Сиз соғ – омон қайтиб келинг. Сизсиз манави қизларни эртаси нима бўлади? Отаси йўқ сағираларни ким орзу қилади? Отаси йўқ деб, эшигимизга совчи келмаса-я. Отаси буларингиз мендан ҳам кўп сизни яхши кўрар экан. Яшириб- яшириб йиғлаб юришади. Ўғилойингиз ичикиб касал бўлиб қолди. Омоной аммамиз қўли енгил табибда, олиб борган эдим “ Азаматжоннинг оқ яктагини қизингизни ёстиғини тагига қўйиб қўйинг, ҳидласа тузалиб кетади”- деди. Яктагингизни ҳидлатиб  тузатиб олдим. Оҳ, бўйларингизга ўлай отаси, тезроққина   душманни ер ютсину уйга қайтиб келинг. Рўзғорингизга ўзингиз эгалик қилинг.
***                                     
   Уларнинг биттасини исми  Қодирали эди. Асли наманганликлик бу йигит 28 ёшлар чамаси эди.  Юриш- туришидан ажиб бир қудрат таралиб турган бу инсондан атрофдагилар қувват оларди. Қақшатқич жанглардан сўнг бир нафас тин олганда ҳам у “Биласизларми йигитлар ҳадемай фашист занғарни ер тишлатамиз, Ўзбекистонжонга қайтамиз. Ўшанда мен 10 гектар ер оламан. Ўша ерни шафтолизор қиламан. Сизларни икки марта  наманганга чақираман. Биринчиси баҳорда, шафтолизорим пушти ранг гулга бурканганида. Иккинчиси ёзнинг охирларида, шафтолиларим ҳил- ҳил пишганда. 
   Шафтолини шундоқ пўстини арчаманда  шарбатини оқизиб қўлларинга тутқизаман. О, офарин дейсизлар дўстларим. Албатта шундай қиламан. Қодирали асирга тушмасдан олдин негадир опасига шундай мактуб ёзди.
   “Опа соғ-саломат юрибсизми? Онамни асранглар. Отам ўтгандан сўнг, ўзларини анча олдириб қўйди. Опа сиздан битта илтимосим бор. Аввало мен урушдан қаҳрамон бўлиб қайтаман. Биласиз синфдошим Ойсарани севаман. У ҳам мени севади. Биз аҳду-паймон қилганмиз. Мабода, опажон мабода, буни уруш дейдилар, менга бирор гап бўлса, келинга деб аталган,  рўмолларни, либосларни сандиқдан олиб Ойсарага беринглар. Сиздан илтимос, бу гап орамизда қолсин”.  
   Мактуб  унинг опасига етиб келгандан сўнг, Қодиралиларнинг батальони асирга тушди. Алоқа узилди.
***
   101 баҳор, 101 қиш.
   Баҳор мисол бу йигитларнинг туғилиши оламга тароват бағишлади. Улар қалбларда мангу баҳор ва мангу армон бўлиб яшаб қолдилар.Улардан бирининг исми Абдуназар эди. Абдуназар шоир бўлиб сафдошлари унинг шеърларини севган ёрларига кўчириб жўнатарди. Шоир Жиззахлик эди.
   Сафдошлари уни “Шоирларнинг  зўри” деб чақиришарди.
   Гоҳи дўстлари бўйи икки метр келадиган, хушсурат бу йигитга боқиб “Шоирлар шундай чиройли бўлиши керакда” деб қўйишар эди.
***
Сени дерман, сени дерман,
Емасам ҳам бир парча нон.
Сени дерман, сени дерман,
Ўзбекистон, Ўзбекистон.

   Шоирларнинг зўрининг шеърини 101 йигитнинг бари ёд олган эди. Гоҳи – гоҳи кечалари баб- баробар шу шеърни пичирлаб айтишарди.
   Мактуб ёзилаётган куни у укаси Бекназарга мактуб ёзди:
   Мактубим кабутар мисоли учиб, етиб борсинки, ул гўзал Жиззахда мени ўрнимни билдирмай юрган меҳрибон укажонимга. 
   Ассалом Бек. Уйдагилар соғ- саломат юрибдиларми?
   Мендан онажоним, отажоним, момажоним, сингилларим: Шарапатга, Сапияга, Самияга, қўшнилар ва қариндошларга салом айтгин. Мактабимдаги ўқитувчиларимга ҳам салом айтган. Бек укажон сен энди катта бола бўлиб қолдинг. Сенга бир сир айтаман. Қўшни қишлоқдаги Шопўлат шопир биз билан бир батальонда эди. Қаттиқ жангда устимиздан намис самолётлари бомба ташлади. Самолётлардан бири Шопўлат ака бошқариб бораётган машинанинг устига бомба ташлаган. Отишмалар тугагач уларнинг машинасининг ўрнида қоп- қора кул қолди. Машинадаги аскарлар ҳам Шопўлат ака ҳам раҳматли бўлишган. Шу Шопўлат ака бир куни менга бир ҳовуч оқ қанд бериб “Шоирларни зўри манави оқ қандларни яхши кўрган ўртоқларинг билан еб ол. Менга буни бир украин кампир миннатдорчилик учун берувди.
   Шуни сенга илиндим укавой” - деб бериб кетувди. Мен батальонимиздаги  болалар билан қандларни едим. Энди менга унинг оқ қандлари қиёмат қарздек бўлиб қолди. Ука, сендан илтимос, Шопўлат аканинг уйига бир нимани баҳона қилиб нонми, мевами, сутми беринглар. Кузда уйини томини суваш ишларига ўзинг бош бўл. Сени қучиб қолувчи аканг Абдуназар.
***
   101 байрам, 101 тўй.
   Уларнинг орасида тўй бўлганига бир ой ҳам  тўлмаган Ғайбулло деган йигит бор эди. Бухоролик бу йигит қўлига олий маълумотли ўқитувчи деган дипломни олиб келиб мактабга ишга жойлашди. У  Вобкентнинг энг гўзал қизига уйланди. Қизнинг исми Санобар бўлиб ҳамшира эди. Нуриддин ҳожининг бу гўзал қизини у биринчи синф ўқувчиларини рўйхатга олиш учун борганда кўрган. Қизнинг қишлоғини Кумушкент дейдилар. Ғайбулло кўчама-кўча юриб, бу йил мактабга борадиган 7 ёшли болаларни рўйхатга олиб, туғилган гувоҳномаларини рақамидан кўчирма қилиб, боланинг уйдагиларга тушунча берар эди. Шу юришда у нақшинкор эшиклардан бирини тақиллатди. Эшикни   фақат эртакларда учрайдиган парирухсор очди. Ғайбулло қизни кўрдию нима учун келганини ёдидан чиқариб, қотиб қолди.
   Қизнинг саломини эшитмади. Ғайбулло қизга “Сиз бу ерда нима қилиб юрибсиз?”-деди. Қиз “Мен бу ерди яшайман, ҳожи отанинг қизиман. Сизга отам керакмилар?  Отам масжитга кетганлар”-деди. – Отангиз керак эмас. Мактабдан келувдим, 7 ёшли, мактабга боришга лойиқ болаларнинг рўйхатини олиб юрибман.
- Йўқ 7 ёшли укам йўқ. Энг кенжаси менман.
- Сиз нима иш қиласиз.
- Мен шифохонада ҳамшираман.
- Касал бўлиб борсак сизни топаманми шифохонадан?
- Авваламбор касал бўлманг. Тобингиз қочса келаверинг даволаш вазифамиз.
   Ўша куни ўқувчиларни рўйхатга олишга юбораётган мактаб директори “Ғайбуллобой бораверинг. Хотин- қиз ўқитувчилар эшикма-эшик юрмасин. Ўзингиз эплаб келинг. Зора, бир эшикни очсангиз, бахт қушингиз пир этиб бошингизга қўна қолса" -деган эди.Фаришталар омин дегани рост бўлсин. Ғайбуллони кайфи чоғ.
   Аммо ишлар у ўйлаганчалик осон кечмади. Шифохона бош врачи қизнинг амакиси экан. Шифохонада учрашиш иложи йўқ. Отингдан айланай Кумушкент қишлоғида бир қиз билан тўйдан олдин гаплашиш гап- сўзни кўпайтиради. Хуллас Ғайбулло қизнинг уйига совчиларнинг зўри Тўра чавондозни юборди. Тўра чавандоз иккинчи боришда ишни битирди. 
   Ғайбулло, отингдан айланай Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий таваллуд топган қишлоқ Анжирбоғда яшайди. Бир ой ичида у тўй жўнатиб куёвнавкарлари билан Кумушкентга борди. Созандаларнинг доираси ва Шоди сурнайчининг сурнайи остида оқ отда ёр- ёрлар билан Нуриддин ҳожиникига кириб боришди. Ота-оналар розилигида никоҳ ўқилди. Шодиёна тўй бўлди. Келин-куёвнинг йўлларини ёритсин учун  машъаллар ёқиб келинни Анжирбоғ қишлоғига олиб келишди. Ўша кеча  фалакда ой ҳам оламни сутдек ёритиб турди. Ғайбуллонинг кўнглида битта ташвиш –шу гўзал мени севармикин?- деган ўй. Тўй тугагач янгалар роса исми- расмини қилишди. Ойнага қаратишлар, келиннинг махсисини тортишлар, ширинликлар едиришлар. Ғайбулло бош эгиб турган келинга “Менга бир қараб қўйинг, сизга саволим бор эди”-деди. “Саволингизни айтинг” - дедию оқ рўмолини сал сургандай бўлди. Унинг жамоли олдида деразадан мўралаётган ой ҳам хижолатда эди.
   Бу бунча чиройли бўлмаса! Нуриддин ҳожи Аллоҳимдан сўраб олган фариштамикин бу!  Куёв бир лаҳза қотиб қолди ва яна ўша, қизни илк дафъа кўрганда берган саволни берди.
- Сиз бу ерда нима қилиб юрибсиз?
   Келин жавоб берди:
- Мен энди бу ерда яшайман.
   Келин енгининг учидан шойи рўмолча чиқариб куёга узатди. Куёв секин рўмолчани очди. Унда   бир- бирига қараб учаётган иккита кабутар акс эттирилган. Кабутарлар остида:
 Ғ + С . 1941 йил, 15- июнь 
деб ёзилган эди.
   Куёв рўмолчани қайта- қайта ўпар экан “Бу рўмолчани мен учун ўз қўлларингиз билан тикдингизми?-деб сўради.
   Келин “Ҳа, сиз учун ўз қўлларим билан” - деб жавоб берди.
   Куёв энди келиннинг қўлларидан ўпиш учун ўзида журъат топди.
   1941 йил 2 август куни Анжирбоғ қишлоғидан  бир гуруҳ йигитлар урушга жўнаб кетди. Уларнинг орасида қишлоқ мактабининг ўқитувчиси Ғайбулло Давронов ҳам бор эди. 
   1941 йил Бухоронинг Анжирбоғ қишлоғи аҳли азиз ўғлонларини урушга кузатишга чиқди. Кимдир қўлида чақалоғи, кимдир этагини ушлаб турган болалари билан зор қақшарди. Ғайбулло билан Санобар бир- бирига термулганча кўз ёшларини артиб улгуришмади. Ёш келин – куёв бир- бирининг елкасига бош қўйишга атрофдагилардан уялишди.
- Мени кутасизми?
- Ҳар кун, ҳар лаҳза интизор кутаман.
   Санобар қўлидаги ўша рўмолчани яна севар ёрига узатди.
   Юк машинасига чиқар экан Ғайбулло рўмолчани маҳкам сиқиб бағрига босди. Уларнинг асал ойи ҳали тугамаган эди. Улар бошқа кўришмадилар. 
***

Отингдан айланай Бухоро, 
Отингдан айланай Анжирбоғ.
Отингдан айланай Кумушкент
Отингни айтганда кўнглим тоғ.

Тушмасин ёримга ёт нигоҳ,
Ой нури рўмолин тортиб қўй.
Ҳижронда зор бўлиб йиғласа,
Кўзидан ёшларин артиб қўй.
***
   101 йигит. 101 дарё.
   Улар орасида Зарафшоннинг қирғоғида жойлашган жаннат мисол юрт нарпайлик  Мардонбек деган йигит ҳам бор. Айтишларига қараганда Мардонбек Самарқанддаги катта ўқишлардан бирини тугатиб “Янги сарой” деган қишлоғида кетаётган катта қурилишда   қурулиш  бошлиғи экан. Жуда камгап бу йигит рус тилини яхши билгани учун ҳам алоқачи эди. Мардонбек фақат алоқачи эмас, зарур пайтда ҳамма қатори жангга кирар эди. Ҳаммани ёдида бир куни оғир жанг кетди. Пулемётларнинг ўқ дориси тугаб қолди. Талофат кўп, санитарлар ярадорларни жанг майдонидан ташиш билан оввора. Барча жангчилар жуда толиққан. Шунда командир Мардонбекга қараши билан у “Ўртоқ командир рухсат этинг, мен бориб ўқ-дориларни олиб келаман”-деди. Командир рухсат берди. Алоқачи Мардонбек Юсупов душман отаётган ўқ ёмғирлари аро мўлжал сари эмаклаб кетди. Хайрият у ўқ-дорилар солинган яшикларни топди ва икки яшикни елкалари оша ипга боғлаб тортиб кела бошлади. Ўқ-дориларни олиб келаётган  Мардонбекни немислар сезиб қолиб, ўққа тута бошлади. У эмаклайди, ўқ ёмғирлари визиллаб боши узра учади. У ерга қапишиб бир нафас тин олади. Унинг қўлларидан тизиллаб қон оқади. Лабларидан тупроқ аралаш қон сизади. У уч марта вужудида жиз-жиз деган оғриқни сезди. Ҳушидан кетди.
   Тезда ўзига келди. Хайрият, тирик экан. Мардонбек яна олдинга интилади. Фашист ўқлари юбораётган ажал уни ёш жони атрофида айланади. Немислар уни ўлди деб отишни тўхтатиши билан олға интилади. У ўқ-дориларни командирга олиб келиб топширди. Санитарлар Мардонбекни ҳандаққа қараб кўтариб кетишди. Унинг қўлини, оёғини, елкасини ўқ ялаб, куйдириб ўтган эди. “Ҳеч қиси йўқ тўйгача тузалиб кетасан” - деди ҳазиллашиб санитар.
   Батальон мўлжалдаги тепаликни қўлга киритди. Немис чекинди. 
   Ярим тунда, чекка бир қишлоқда Мардонбекнинг онаси чўчиб уйғонди. Тушга ўғли кирибди. Баҳор эмиш, катта қора қузғун олти ёшли бола Мардонбекнинг бошида айланар эмиш. Мардонбек қузғунни кўрмай яшил қирда қизғалдоқ тераётган эмиш. Она боласининг бошида айланаётган қузғунга тош ота бошлабди. У бор овозда “Мардон қоч болам! Мардон яширин болам!” - дея фарёд чекармиш. Шунда Мардонбек онасини эшитибди. Қўлидаги қизғалдоқларни қузғунга отибди. Қизғалдоқларда юқорида метиндек қаттиқ эмишки, қузғунни илма-тешик қилиб ерга қулатибди.  Мардонбек “Энажон, эна қўрқма, мен тирикман”- деб онасининг олдига келибди. Негадир учта қонли қизғалдоқ  Мардонбекнинг қўлида қолган эмиш. ”Мард, ташла бу қизғалдоқларни, ташла, қара, қон тегибди” - дея она қалтираб ўрнидан туриб кетибди. Эрталаб тушини эшитган қайнонаси бу тушни таъбири яхши эканлиги тушунтирди. 
- Эна, сизни доно кампир, – деб ҳамма эъзозлайди. 
   Айтинг, Мардоним эсон-омон қайтиб келади-я. Мен усиз яшаганимдан кўра ерга ёпишиб кетай, эна.
   Келади-я, мени ботир болам, келади-я.
- Менинг Мардимни келмайди деб сенга ким айтди? Ҳали кўрасан, у қайтиб келади. Зарафшоннинг бўйида саройлар, мактаблар, боғчалар, уйлар қуради.  
   Қутли қадамимнинг ортидан юрт бўстонга айланади.
- Нафасингиздан айланай, эна.
   Самарқанднинг Нарпайида икки муштипар бир-бирини шундай овутиб тонгни оттирадилар. 
   Марднинг момоси, марднинг онаси бўлиш осон эмас.
   Уларнинг Мардонбеги 101 марднинг бири эди.
***
   101 ҳунар. 101 хазина.
   Абдурахимнинг катта бобосини ҳамма Абдукарим эшон деб ҳурмат қилишар эди. Абдукарим эшон Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўқиб келди. У масжидда домла бўлиб дин йўлида хизмат қилиш билан бирга косибчилик устахонасини ҳам юргизар эди. Эшон отанинг орзуси набираси Абдурахимни катта ўқишларда ўқитиб гедротехник қилиш эди. У ҳавас қиларди: набираси гедротехник бўлиб қайтсаю Фарғонанинг сув чиқмаган ерларига ҳам сув чиқариб, боғу- бўстон қилса. Абдукарим эшон набирасининг келажагида Аҳмад Ал Фарғонийнинг тафаккур учқунларини кўрар эди. Набираси Абдурахим бошқаларга асло ўхшамасди. У диний ва дунёвиий билимларни муваффақият билан ўзлаштира бошлади. Бобосидан  диний билимларни ўрганган бўлса, Тошкентдаги политехника институтида физика-математикадан дарс берувчи ўқитувчиси Раббимқул Норқуловдин гедротехника сирларини ўрганди. Раббимқул домласи унинг учун  донолар доноси эди. Абдурахим домласининг уйига ҳам гоҳи- 
гоҳи бориб турар, домланинг рафиқасининг исми Ойша бўлиб қайсидир мактабда дарс беришини билар эди. Куз кунларининг бирида домла иститутга келолмай қолди. Абдурахим уларнинг уйига борди. Домла шамоллаб қолганни туфайли, овози зўрға чиқарди. Аксига олиб келинойи ҳам бетоб эканлар. Абдурахим домласининг фарзанди йўқлигини эшитганди.  Уларнинг иккалови ҳам бетоблигини кўргач, бирон нима пишириш учун ошхонага кирди. “Комолон” маҳалласининг кичкинагина ҳовлисида, кичкинагина ошхона.  Чиннидек ошхонада бир яшикда шолғом, пиёз, бир идишда бешта картошка ва бир идишда ёғ турганини кўрди. Абдурахим аввал ўчоққа олов ёқиб қумғонда чой қайнатиб домла ва келинойига дамлаб берди. Сўнгра уларга тухумли шўрва тайёрлади. Ўчоққа ўтин тиқаётиб, дарвоза секин очилиб, бир қиз “Ойша опа, Ойша опа”- деб чақира бошлади. Абдурахим тезда бориб дарвозани каттароқ очди ва “Келинг, Ойша опа ҳам домла ҳам бетоб эканлар. Мен домланинг шогирдиман, уларга шўрва пишираётган эдим”-деди. “ Мен Ойша опанинг шогирдиман уларга сут ва нон олиб келувдим”- деди қиз ва ичкарига кирди. Қизни кўриши билан келинойи “Ҳа, Муҳаррамхон сенмидинг? Кел қизим”- деди. Муҳаррам сутни қайнатиб, иссиқ матога ўраб келган экан, дарҳол икки косага қуйиб домла ва келинойини ичишга ундади. Улар сутни ичиб бўлгач қиз чаққонлик билан уй ичидан чангларни артиб чиқди. Хонани енгил шамоллатиб, ҳаммаёққа исириқ тутатди. Бу орада менинг тухумли шўрвамдан татиб кўриб, озроқ туз қўшди ва тезда ошхонадан чиқиб кетди. У ўзини шундай тутдики, гўё ҳовли ичкарисига киргач мени кўрмагандек юрарди. У ошхонадан  домлалар ўтирган хонага кирдию, бир нималарни гаплашиб дарвозадан чиқиб кетди. У кетгач, мен домладан бу қиз ким? У нима иш қилади? Нега дарров кетиб қолди?”-деб сўрашга иймандим. У ҳақда эга бўлган маълумотим: исми Муҳаррам эканини билганим холос. Тушликда мен тухум шўрвани азизларимга сузиб бердим. Уларнинг қистови билан ўзим ҳам ярим коса шўрва ичдим. Кечқурин ичишлари учун шўрвадан қозонда қолдирдим. Улар билан хайрлашаётганимда ҳалиги Муҳаррам исмли қиз ўзи билан бир рус дўхтирини бошлаб келди. Мени ҳайратга солгани қизнинг рус дўхтири билан соф русчада гаплашгани бўлди. Хуллас домлам, келинойи, Муҳаррам ва врач рус тилида ноҳоятда мулойим овозда узоқ гаплашишди. Дўхтир уларни иссиқларини ўлчаётганда, юрак уришларини, қон босимларини текшираётганда ҳам ташқарига чиқиб кетмадим. Дўхтир укол бошлаётганда чиқиб турдим. Дўхтир бир нечта таблетка дориларни қолдириб, нималарнидир тайинлаб, ҳали қиз ҳам дўхтир билан чиқиб кетар экан “Сиздан илтимос уч кун уларнинг олдидан кетманг,ундан кейин ўзим келаман, уч кун тунги навбатчиликда тураман”-деди. Мен рози бўлдим. Ўқишимга бориб уч кунга рухсат олиб келдим. Кейин билсам Муҳаррам тиббиёт институтининг охирги курсида ўқиётган экан. У ўқишга кетаётиб тонг саҳарда домланикига кириб укол қилиб чиқиб кетарди.  У қушдек учиб юрар эди. У қуёшдек ҳаммага нур, ҳарорат улашиб юрарди. У бир даста атиргулдек атрофга ифор таратиб юрарди.
   Икки кун ўтиб келинойи анча тузалиб қолди. Домланинг эса қуввати йўқ эди.  Домла берган пулни тийин-тийинигача авайлаб дорихонага, бозорга чиқиб келардим. Шу орада мен домланинг хонадонида умр бўйи орзу қилган китобларни ўқишга муяссар бўлдим. Уларнинг уйидаги кутубхонада ўша пайт учун энг нархи қиммат китоблар бор эди, аммо, бу зиёлиларнинг кийимлари жуда юпун эди. Учинчи куни анча тузалиб қолган келинойи домламнинг туфлисини артаётганини кўриб қолдим. Дарҳол келинойининг қўлидан туфлини олиб “Мен артиб, мойлаб бераман”- дедиму туфлининг аҳволини кўриб қотиб қолдим. Неча йилдан буён кийилаётган бу туфлининг таги едирилиб,ямоқлари ҳам кўчиб, учи очилиб ётарди. Домлам бу туфлини  қандай кийиб юрибди экан? Туфлининг йиртиқлигини кўриб қолганимдан хижолат бўлиб турган келинойига қараб ”Менинг отам энг зўр косиб, мен ҳам косибман. Домламга деб, туфли тикиб келгандим, ҳозир бориб қариндошимизникидан олиб келаман”- деб, чиқиб кетдим. Домланинг аёли ортимдан ҳай, ҳайлаганча  қолди. Дадам “Пулга зориқсанг сотиб ишлатарсан”-деб янги тиккан  туфлиларидан бирини бериб юборган эди. Домланинг туфлисини ушлаб кўрганимда аниқ билдим ўлчам тўғри келади. Қариндошимизнинг уйидан домланинг уйигача югуриб бориб, югуриб келдим. Нафасим тиқилгудек бўлиб домланинг қошида турарканман ”Домла биз косиблар оиласимиз. Сизга мана шу туфлини илиндик. Айбга буюрмасангиз ушбу совғани қабул қилинг. Ёзги таътилда Фарғонага борсангиз бошимиз осмонга етади. Косиблигимга ишонмасангиз кўз ўнгингизда сизга махси тикиб бераман”-дедим. “Ишонаман, ишонаман аммо,  туфлини пулини қарзга деб,қабул қиламан”-деди домлам. Мен мулзам бўлиб қолдим. Мен домламни хурсанд қилолмадим, хижолатчиликдан чиқара олмадим. Сўзга нўноқман. Домламни ноқулай аҳволга қолдирганим учун йиғлаб юбордим. “Сизга совғани одамга ўхшаб топшираолмадим. Сиз менинг ожиз туйғуларимга нур сочдингиз. Бу хизматларингизни қарзи бўйнимда. Китобларга ошно этдингиз, ўз ўғлингиздек қабул қилдингиз. Сиздан илтимос, қарз сўзи ўртамизда турмасин”-деб йиғлаб юбордим. Аҳволимни кўриб домла “Майли, майли олиб кел кийиб кўрайинчи”- деди. Туфли домлам учун тикилгандек эди. Тўртинчи куни дарсга кетдим. Дарсдан сўнг хабар олгани келсам, домлам дераза олдида газета ўқиб ўтирибди. Ҳали совуқнинг заҳри кўтарилмагани учун келинойи печкага ўт қалабди. Домлам билан саломлашгач, эртага  институтга боришини эшитиб бошим осмонга етди. Ташқарида келинойим билан Муҳаррам кир ювишаётган экан. “Рухсат берсангиз, келинойимни ичкарига киргазиб юборсам, ҳали яхши тузалмаганлар, Муҳаррамга ўзим қарашиб юбораман”-дедим домламга. “Барака топ, ўзимни ҳам ичим ачишиб турувди”-деди домлам. Келинойини ичкарига киргазиб юбордим. Ўчоққа ўт қалаб сувни иситиб турдим. Оғир кирларни сувини сиқиб бериб, осишиб юбордим. “Насиб бўлса сиз катта дўхтир бўлар экансизда”- дедим Муҳаррамга. “Ҳа, насиб, сизким бўласиз?” - деди. “Гедротехник сув хўжалиги, сув узатиш тармоқлари хуллас, сув бўйича”-дедим. 
- Сув айланиб юрар экан, ўзи билан яна нималарни олиб айланади?
- Сув жуда қудратли куч, ҳамма нарсани олиб айланиши мумкин?
 - Масалан нимани?
- Масалан ойни.
- Ойни олиб туша олмайди. Ойни-я?
- Ҳа, ойни олиб тушиб ерга одамлар орасига қўйган. Унинг исми Муҳаррамой бўлиб қаршимда турибди. Сиз Фузулийнинг ғазалларидаги моҳ-ойсиз.
- Бу туришда сиз гедротехник эмас, Гулханийдек ўт ёқувчи шоир бўлиб етишасизу.
- Афсуски, шоирлик яратган томонидан менга берилмаган. Бўлса шу пайтгача билинарди.
- Менга Фузулийнинг китобини бериб тура оласизми?
- Сизга  китобни совға қиламан.
   Ўша кечаси Муҳаррамни кўчасининг бошигача кўзатиб қўйиш бахтига муяссар бўлдим. У юрган йўлни тўлин ойдек ёритиб борар эди. 
   Домлам институтга қайтди. Бизда битириш учун Давлат имтиҳонлари бошланиб кетди. Мен Муҳаррамга бермоқчи бўлган китобни олиб  домланикига борсам келинойи “Муҳаррам ҳам битириш имтиҳонини топширмоқда. Келиб қолса китобингизни бериб қўяман” дия китобни олиб қолди. Олдиндан раҳмат айтдиму институтга қайтдим.
   Июнь ойининг 22 санасида уруш бошланди. Бизни ҳаммамизни уй-уйларимизга жўнатишди. Фарғонага кетиш олдидан хайрлашиш учун домламникига келдим. “Муҳаррамой келиб китобингизни олиб кетди. Қаранг у шеър ёзар экан. Шеър дафтарини ташлаб кетди”-деди. Дафтар ҳошиясига “Муҳаррамойнинг  дил дафтари. 1941 йил, июнь.”деб ёзилган эди.
   Эртаси куни Муҳаррамни топиш учун Тиббиёт институтига бордим. Институт эмас, арининг уяси дейсиз. Кимдан сўрамайин “Битирувчилар биринчи бўлиб урушга жўнатилди”-деган жавобни олдим. Фарғонага қайтиб мен ҳам урушга кетдим. Мен унинг шеър дафтарини ёнимда олиб юрдим. Онамнинг дуолари қаторида, бу дафтар бир тоза қалб туморидек мени оловлардан омон олиб чиқди.
  Ҳа, мен ҳали қўлидан ҳам ушламаганим ўша дилдорни севиб қолган эдим. Унинг мулойим боқувчи кўзлари, тиниқ овози,ўткир ақлу фаросати, шеърлари билан қалбимни эгаллаб бўлган эди. Мен унинг ёзувларини ҳар доим кўзимга суртиб ўқир ва завқланар, қувват олар эдим.  Мен унинг шеърлари билан кучли эдим. Ота- онамнинг илтижолари ҳамда оламдаги энг ширин қизнинг ширин номалари менинг ёнимда турадию кучли бўлмайманми?
***
   Машғулотлар тугаб,биз поезда польшага жўнатилдик.
   1941-йилнинг ноябрь ойи эди. Устимиздан немис самолётлари бомба ташлаб ўтди. Тун ярмида поездимиз тўхтаб қолди. Кўз ўнгимизда ҳақиқий дўзах алангаланар эди. Биздан олдинги поезда бомба тушиб, аланга олиб ёниб ётар эди. Кун ёришганда охирги  вагонни айтмаса поезд ёниб кулга айланиб бўлганди. Ярми ёнган вагонда одамлар ярадор бўлиб қолган бўлса олиб тушишга ёрдамлашиш учун  тезликда вагонга кўтарилдик. Жароҳатланган одамларни кўтариб тушура бошладик. Биз вагондан  куйган рус аёлини олиб тушдик. У оқ халатда врач экан. Пастга тушириб сув ичигандан сўнг у   русчалаб “Мухарамку не ведили? Врачиху узбечку не ведили? –деб сўрай бошлади.
   Мен унинг устидан қора қурум бўлиб кетган оқ халатин ечиб, ёрдам қилиб ўз билганимча русчалаб: “ Узбекча врач Мухаррама в поезде была.  У русчалаб айтганларини аниқ тушундим. У сўраётган Мухарамка, менинг Муҳаррамим эмасмикин? Поезга бомба тушмасдан Муҳаррам исмли врач қизни олдинги вагонга бир аскарга ёрдам бериш учун олиб  ўтишган экан. Миямга келган совуқ фикрдан даҳшатга тушиб, тутаб ётган олдинги вагонлар томон чопиб кетдим. Қора тутун, чўғдан бошқа нарса йўқ, атрофга қараб: Муҳаррам! Муҳаррам! - дея бақириб, уни чақириб девонадек юрдим. Энди у ҳақдаги маълумотни олиш учун яна рус врач аёли томон чопдим. “Сен Мухарамкани кимисан? У яхши кўрган йигитим гедротехник деган эди”- деди. Мен бу ғамгин кўзли аёлни қучоқлаб йиғлаб юбордим. “Мен ўша бахти қаро гедротехникман.”- дедим.
   Аёлнинг ёнида иккита врачлар олиб юрадиган сўмкача турарди. Сўмкачалардан бири Муҳаррамники экан. Унинг ичидиги ҳужжатлари билан бирга мен берган Фузулийнинг китоби турарди. Китобнинг бир бурчига ҳазиллашиб:
   Сувнинг айланишидек қудратли хусусиятига кўра ерга олиб тушилган ОЙга ҳурмат билан Фузулийнинг набирасидан. 1941 йил, май деган, ёзувим турарди. 
  Шундай бақирдимки, ўша пайтда ичимга  қасоскор бўри кириб олди. Мен энди ҳеч нарсадан қўрқмасдим.
   Энди мен уруш очганлари ҳаммасини ўлдираман, мана шу сен ёниб кетган вагондек уларни ёқаман, кулларини кўкка совураман! Ўлимларни ўлдираман! Муҳаррам! Менинг Муҳаррамим. Менинг тупроққа қоришган моҳитобоним.
***
   У урушдан қайтмади. У немислар олдига отиб юборган нонга ташланмаган 101 та ўзбек бардошининг бири эди.
   Ўша йили ўзбек жангчиларининг мардлигидан ғазабланган немислар уларнинг барчасини отиб ўлдириб, шаҳар яқинидаги ўрмонга кўмиб юборган.

Зулфия МЎМИНОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот