ОҒРИҚЛАРГА ҚАНДАЙ ДАВО ТОПАМИЗ?


Нилуфар ЖАББОРОВА, журналист.

ОҒРИҚЛАРГА ҚАНДАЙ ДАВО ТОПАМИЗ?

   Соатлар ортидан кунлар, ойлар кетидан йиллар ўтаверади. Ўйламай қилинган биргина иш орқасида тузатиб бўлмас хатолар, ўйламай айтилган сўзлар ортида эса оғриқли қалблар борлигига аҳамият бермаймиз. Йилларга қўшилиб умримиз ҳам ўтиб кетаверади. Аммо гоҳ-гоҳида ортимизга қараб қўйиш лозимлигини, ўзимизни тафтиш қилиш кераклигини унутиб қўямиз...

«ҚИЗЛАРИМНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛАМАН...»

   Бир аёлни тез-тез кўриб тураман. Доимо икки қизини ёнида олиб юради. Онаси ишдан қайтгунича ҳамма жойни саранжом-саришталаб, мазали овқатларни тайёрлаб турадиган ёшдаги қизлар мактабдан чиқиб тўғри онасининг ишхонасига келади. Кечки пайт иш соати тугаганидан сўнггина уйга бирга кетишади. Бир куни йўлакда шу аёлни кўзида ёш билан келаётганини кўриб қолдим. “Тинчликми, опа?!” дейишим билан ўзиям роса тўлиб турган эканми, сўзлай бошлади:
– Охирги пайтда ҳамкасбларимнинг, “Бу ер боғча, мактаб бўлиб кетди”, деган таъна- дашномлар, кесатиқ сўзларини тез-тез эшитадиган бўлдим. Лекин на илож. Ўрни келганда кўзим кўр, қулоғим кар бўламан. Ишхонада қизларим билан ўтириш менгаям ноқулай. Мактабдан келиб қорни очқайди, дарс қилиши, китоб ўқиши керак. Ўсмир ёшида бўлгани учунми ўқишдан сўнг толиқади, уйқуси келади. Афсуски ишхонада уларга дам олиши учун имкон бўлмайди...
– Нега унда қизларингизни ҳар куни ишга олиб келасиз? – деб сўрадим. Аёл эса бошини эгганича узоқ турди. Кейин:
– Қизларимнинг бўйи етиб қолди. Отасидан эҳтиёт қиламан, – деди.
– Эҳтиёт қиласиз? Нима, отаси ўгайми? – дедим ҳайрон бўлиб.
– Йўқ, ҳақиқий отаси. Лекин аҳлоқи... Она-онам боши эгилмаслиги учун шу одамга беришга мажбур бўлишган. Йиллар давомида нималарни кўрмадим, дейсиз. Лекин эрим ҳеч одам бўлай демайди. Ажрашай, десам, “Ҳаммангни ўлдираман”, деб қўрқитади. Афсуски, бу гаплари шунчаки чўчитиш эмас, эримда, ҳаттоки юрак борлигига ҳам ишонмайман. У шундай шавқатсиз одам, деди.
   Сиз ўз отасидан қизларини эҳтиёт қилаётган бу аёлнинг аҳволини, қандай яшаётганини тасаввур қиляпсизми? Жамиятимизнинг бундай оғриқли дардларига қандай даво топишимиз, ҳаттоки Худонинг борлигига ҳам ишонмайдиган тубан кимсаларни қай йўл билан тарбия қилишимиз мумкин?!

СИНГАН ҚАЛБ ИЗТИРОБЛАРИ

   Ҳамшира қўлимга томчи дорини улаб қўйиши билан қўл телефони жиринглаб қолди. Телефонданми ёки гапираётган одамнинг овози баландлигиданми, нариги томондан асабийлашаётган эркакнинг гаплари аниқ эшитиларди: “Нега ҳадеб телефон қилаверасан, нима керак ўзи сенга?” Ҳамширанинг юз-кўзидан босиқлик билан жавоб қайтаришга уринаётгани кўриниб турарди:
– Олти йил давомида сизни бирор марта безовта қилмадим. Алимент тўламаслик баҳонасида ажримни ҳам чўзиб келяпсиз. Қизингиз эртага 12 га киради. Мучал ёши. У ҳар куни сизга хат ёзади, хатларининг кўплигини кўрсангиз ҳайрон қоласиз. Укаси йиртиб қўймаслиги учун асраб-авайлайди, беркитади. Ўғлингиз яқинда 6 ёшга киради. Сизни танимайди ҳам. Қизингиз туғилган кунимга ҳеч нарса керакмас, фақат дадамни кўришни хоҳлайман, деяпти. Ҳеч бўлмаса қизингизни кўнгли учун келиб кетинг...
   Эркакнинг истеҳзоли кулгани, сўнг ғўлдираниб, “Яхши, унда 100$ берсанг бораман”, деган ёқимсиз овози эшитилди.
   Ҳамшира кутилмаган гапдан қотиб қолди. “Нималар деяпсиз? Ахир...” деб гапини тугатмасидан эри: “Бўлмаса, бормайман”, деганича телефонни ўчириб қўйди...
   Бу қандай отаки, соғинчдан ўксиб ўсаётган ўз фарзандига дийдорини кўрсатиш учун пул талаб қиляпти?!
   Шу пайт аксига олиб игна ҳам томиримдан чиқиб кетди. Ҳамшира томирга қайта тушишга уринди. Қўллари асабдан титрар, кўзлари жиққа ёш. Гўёки, энди томиримга дори эмас, синган аёл қалбининг изтироб, алам, ўкинч аралаш кўз ёшлари томчилаб, сизиб кираётгандек эди...

ПАРОКАНДАЛИК

   Муаттар опа яна бошига рўмолини қаттиқ боғлаб олганича кўчамиздан шошиб ўтиб кетяпти. Кўзларининг қизарганидан билиш мумкинки, йиғлаган ёки қон босими кўтарилган. Лекин шу аҳволдаям кўчага чиқибди. Муаттар опанинг 3 та қизи бор. Ҳаммаси уйли-жойли, яхши хонадонларга келин бўлишган. Аммо отанинг ассосиз зуғум ва қийноқлар остида ўсган қизлар туғилиб, катта бўлган уйига келишни исташмайди. Шу боис онаси билан кўчада, бирор ерда ўтириб кўришишади. Муаттар опага, “Қизларингиз ҳам сизни аяшса бўларди. Бу аҳволда кўчада йиқилиб қоласиз-ку, опа”, деган эдим менга: “Қизларим ўз оиласида, ўз уйида эзилиб ўсди. Отаси қизларимга ҳеч кун бермасди. Бўйи етиб қолганда ҳам аямай урар, қизларим қўрқувдан дағ-дағ титраганича кўчага қочишарди. Кап-катта қизларни отаси кўчада қувиб, уришини кўрган, билган маҳалладаги болалар, синфдошлари қизларимга киноя аралаш қараб, масхара қилишарди. Шунча ҳаракат қилдим, лекин бўлмади. Эримнинг кўнглидаги қаҳрни, қизларимнинг юрагидаги отага бўлган нафратни сўндиролмадим. Улар ҳақиқий ота қандай бўлишини ўз турмуш ўртоқлари, қайноталари тимсолида кўришди. Кенжа қизим бир куни мени қучоқлаганича, “Онажон, фарзандларим болаликни не эканлигин ҳис қилиб ўсишяпти. Биз чекаётган изтиробларни кўрмаяпти, мен бахтлиман”, деб айтди. Майли, уйга келмаса-келмас. Муҳими тинч ва хотиржам бўлгани. Мен шуларнинг бахтидан куч олиб яшаяпман”, деди.
   Оилалардаги бундай парокандаликни кўриб куйиниб кетасан киши. Оиласини бир дастурхон атрофида жамлашни орзу ҳам қилолмаётган Муаттар опа кичик кўксида қанчалар улкан сабр-тоқат, бардошни жойлаб яшаётган экан-а?!

ЧЕКСИЗ МУҲАББАТНИНГ ЖАВОБИ

   Кўча муюлишида маҳалламиздаги Назира опага дуч келиб қолдим. Кўп йиллар аввал бошқа туманга кўчиб кетган қўшнимиз Роҳила опанинг турмуш ўртоғи вафот этганини, ҳозир таъзияга кетаётганини айтиб қолди. Роҳила опани яхши таниганим учун маҳалламиздаги аёлга шерик бўлдим. Собиқ қўшнимнинг уйига яқинлашар эканман, хаёлимдан, “Йўли анча узоқ бўлса-да, кўп қаватли уйдан кенг, шинамгина ҳовлига кўчиб ўтишган экан”, деган ўй ўтди. Ҳовли бурчагидаги аёллар билан тўла хонага кириб анча ўтирдик. Аммо Роҳила опа кўринмас, кўнгил сўраб келганларнинг олдига чиқай демасди. Ахийри кетиш учун тараддудланиб ҳовли томонга чиққан ҳам эдикки, бурчакдаги хонадан бир аёл отилиб чиқди. Дарвоза ёнида ўтирган икки йигит аёл томон югурди. Негадир мен танимаган аёл, бир йиғлаб, бир кулиб тушунарсиз ҳаракатлар қилар, ақли идрок этгандек кўринардию, кутилмаганда поезд йўналишидан чиқиб кетгандек мувозанатни йўқотар, фикрини жамлолмасди. Ёнидаги йигитлар, “Ойи, илтимос ичкарига киринг”, дея тортиқилар, титраётган аёлга ортиқча куч ишлата олмай қийналишарди. Назира опа, “Роҳилахон-ку”, демаганида қўшнимни умуман танимас эдим. Роҳила опанинг ёнига бориб ҳайратдан қотиб қолдим. Одам беш йилда шунчалик ҳам қариб кетиши мумкинми? Юзимизга бироз тикилиб турган Роҳила опа жиммм бўлиб қолди, сўнг ҳовли ўртасига бориб ўтирди-да, бошини эгиб бир кулиб, бир йиғлай бошлади. Катта ўғли онаси томон интилган эди укаси қўлидан ушлади: “Ака, қўйинг энди. Қачонгача беркитамиз”, деди. Укасининг гапидан хўрлиги келган Жасур қотиб қолди, сўнг чўкка тушганича, ерни муштлаб-муштлаб узоқ йиғлади... Кутилмаган ҳолатдаги аҳволимни тушунтириб беролмайман. Бу хонадонга аза сабаб келган эдим. Аммо мен бу ердан марҳум учун эмас, абгор бўлган оила бахтидан куйиниб йиғлаб чиқдим.
   Йўл-йўлакай хаёлимдан фақат, “Нега, ахир Роҳила опа соппа-соғ эди-ку, нима бўлган ўзи?” деган саволлар ўта бошлади. Назира опа ҳолатимни тушунди шекилли, сўзлай бошлади: “Роҳилахоннинг раҳматли эри жуда инжиқ эди. Ҳеч нарсадан кўнгли тўлмасди. Ҳар куни бир баҳона билан жанжал қилар, ичиб олган пайтлари хотинини калтаклаб, ҳовлининг ўртасига ўтқазиб қўярди. Ҳаво соввуқми, иссиқми, қатъий назар, агар жойидан жилса, қаттиқ хафа қилишини айтиб, дўқ урарди. Роҳилахон ҳовлида соатлаб қолиб кетарди. Шовқинлардан хабардор қўшнилар, маҳалла фаоллари эрига насиҳат қилишди, натижа бўлмагач, Роҳилахонга ажрашишни маслаҳат беришди. У бўлса ҳар сафар эрини ёнини олар, унинг яхши одам эканлигини, жаҳли чиқса кўзига ҳеч нима кўринмаслигини, нима бўлгандаям эрини яхши кўришини айтиб, кўнмасди. Шўрликнинг миясидаги ўзгаришлар қуёшнинг тиғида, жазирама иссиқда соатлаб қолиб кетганидан шу аҳволга тушиб ўтирибди...”
   Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Гўёки дунёни қўлида кўтариб тургандек гердайиб юрадиган Роҳила опанинг турмуш ўртоғи автоҳалокатдан вафот этибди. Аёлининг тинимсиз калтаклаб, қуёшнинг иссиқ тиғида ўтиришига мажбур қилишдан мақсади, кўнглидаги ёвуз нияти нима эканлиги ёлғиз Худогагина аён. Минг афсуски, яшашдан маъни нима эканлигини англолмаган бу одам барча азобу ситамларига бардош бериб чидаган аёлининг чексиз меҳру муҳаббатига жавобан келажакда ўз наслини давом эттирувчи фарзандларига ақлдан озган онани “туҳфа” этиб кетди...

КУЧУК БОЛАСИГА ОҚИБАТ

   Назира опа билан хайрлашгач, бекатда хаёл сурганча узоқ ўтирдим. Кўзим бекат ёнида илинган бир-биридан чиройли кучук болаларининг расмига тушди. Ундаги сўзлар эътиборимни тортди. “Инсон бўлинг! Жониворларга меҳр-оқибатли бўлинг”. Бўғзимда нимадир тиқилди. Кўз олдимда чўккалаб йиғлаётган Жасур, дадасига тинмай мактуб ёзаётган қизалоқ, онасининг ишхонасида қисиниб-қимтиниб кун ўтказаётган қизлар намоён бўлди. Хаёлимдан, “Одамлар ўз оиласига – боласига меҳр-оқибатли бўлолмаяпти-ку, кучук боласига шафқат қилармиди?! Ундан кўра болангга бир чимдим меҳр улаш деб ёзиб қўй!” деган ўйлар ўтди. Елкамни оғир юк босгандек зўрға ўрнимдан турдим, яна бир бор суратга яхшилаб қарадим. Тавба, хаёл билан бўлиб аҳамият бермабман. Кучукчаларнинг кўзлари тўла ёш эди...

«БОРАЙ ДЕСАМ, МОЗОРИ ЙЎҚ»

   Бир неча кундики ижтимоий тармоқларда Россия кўчаларида илиб қўйилган “Узбек на день. Разнорабочний 1600 руб день” сўзлари ёзилган эълонлар қизғин муҳокамага сабаб бўляпти. Бу ҳол халқимизнинг жаҳлини чиқаргани табиий. Гўёки бу сўзлар орияти ва ғурури баланд ўзбек халқига ҳақоратдек туюлди. Аммо нега биз бундай аҳволга тушдик, деган ҳақли савол туғилади. Афсус, минг афсуски бундай ачинарли аҳволга тушишимизга ўзимиз сабабчи эмасмизми?! Агар халқимиз ўртасида етарлича меҳр-оқибат, аҳиллик бўлганида эди, ичимиздаги муаммоларни бирдамликда ҳал қилганимизда, фарзандларимизнинг кўксидан итармай, тўғри йўл-йўриқ кўрсатганимизда эди бундай ҳолга тушмаган бўлармидик...
   Бир ой аввал қабристонда бир аёлни кўриб қолдим. Бир бурчакдаги ўриндиққа ўтирганча юм-юм йиғлайди, сув ичади, яна йиғлайди. Қабристонни зиёрат қилиб бўлиб ортимга қайтмоқчи эдим, яна ўша аёлга кўзим тушди. Аҳволини кўриб индамай ўтиб кета олмадим. Ёнига бориб ўтирдим. Ғамдан эзилган аёлни кузатар эканман, бир оғиз ҳам сўз айтолмадим. Бироз вақт ўтганидан сўнг, “Бу ерда кимингиз бор?”, дея олдим зўрға. У бўлса яна йиғлади. “Ҳеч кимим, ҳеч кимим йўқ бу ерда”, деди. “Унда нега келгандингиз?!” деган саволимдан сўнг аёл сергак тортди. Сўнг чуқур хўрсинди-да: “Бу ерга кўнглимга таскин топиш учун келаман”, деди. “Эрим 6 йил аввал инсульт бўлиб, чап томони фалаж бўлиб қолди. Ўзим фаррош бўлиб ишлайман. Бир фаррошнинг ойлиги нимага ҳам етарди. Қолган фарзандларим ҳали мактабда ўқишади... Катта ўғлим Анваржон мактабни қизил шаҳодатнома билан тамомлади. Ўқитувчилари ҳар гал унинг ақлли, одобли, билимли ўқувчи сифатида мақташса қувониб, ғурурланардим. “Ҳали ўғлим, бир катта одам бўлсин, қийналган кунларим унутилади”, деб ўйлардим. Ўғлим кеча-ю кундуз тинмай китоб ўқиб, олий ўқув юртига кириш учун астойдил ҳаракат қилди, аммо икки йил киролмади. Бир куни уйга тушкун аҳволда кириб келди. Нима гаплигини билсам, қўлига бирон марта китоб олишни истамаган ва дарслардан қочавериб ўқитувчиларни безор қилиб юборган иккита синфдоши бюджет асосида ўқишга кирибди. Ўғлимга, “Фақат пул берсангина кира оласан”, дейишибди. Улар айтган катта пул қаердан ҳам топардик. Топган пулимиз рўзғор учун, эримнинг дори дармонларига зўрға етиб турган бўлса. Ўғлим иш сўраб жуда кўп жойга борди. Аммо қўлида дипломи йўқлиги сабаб тайинли иш топа олмади. Айрим ишхоналар ҳеч бўлмаса талаба бўлганингизда ҳам олардик, дейишибди. Шу биргина қоғоз ҳам кўп нарсани ҳал қиларкан-да. Кейин заводга ишга кирди. Йўл кира ва тушлигидан орттирган пули ҳеч вақо бўлмасди. Маҳалламиздаги Ботир деган ўртоғининг Россияга ишлашга кетаётганини эшиб, ўғлим ҳам кетаманга тушиб қолди. Худонинг зорини қилдим, “Нима қиласан, болам, бормагин”, деб. Аммо унамади. “Ўғил бўлиб сизларга ҳеч нима қилиб беролмаяпман. Қаранг, қанча одам чет элда ишлаяпти. Мен ҳам бориб ишласам, оиламизга ёрдам бўлади. Қачонгача шундай қийналиб, яшаймиз, онажон?!”деди. Ноилож кўндим. Уч-тўрт ой ўтиб оз-оздан пул юбора бошлади. Тез-тез қўнғироқлашиб турардик. “Ойи, кўпроқ ишласам, кўпроқ пул беришар экан. Шунинг учун кўпроқ ишлаяпман”, дерди. Ўғлимнинг ишлагани сабаб ҳафтада бир килограмм гўшт сотиб оладиган бўлдик. Акаси сабаб болаларимнинг оғзи гўштли овқатга етганди... Бир куни кечки пайт ўғлим йиғламсираган овозда қўнғироқ қилди. “Онажон, уйга қайтсам дегандим. Озроқ пул жамғариб қўйганман. Яна бир-неча ойлик маошимни олганим йўқ. Энди берамиз дейишди. Ишлаётган жойимиз жудаям совуқ. Бу ердагилар “Сизлар бизнинг ҳисобимиздан бойияпсанлар, шу ердан туриб уй-жойингни тиклаяпсанлар”, деб аяб ўтиришмас экан. Пул топаётган бўлсак меҳнатимиз эвазига оляпмиз-ку. Кечаси билан ишлаганларга кўпроқ пул беришяпти. Мен ҳам кўпроқ пул топиш учун кечаси билан ишлаётгандим. Энди эса ҳолим қолмади. Суякларим қақшаб оғрияпти. Қўлимдаги бармоқларим яхши ишламаяпти. Буколмаяпман”, деди. Хўрлигим келди: “Сен ҳали шу азобда ишлаяпсанми, болам! Қайт орқангга, менга сенинг соғлиғинг керак. Шу ердалигингда ҳам кунимиз ўтаётганди-ку”, дедим. Икки кун ўтиб ўғлим уйга қайтиш учун поездга чипта олгани ҳақида хабар берди. Хурсандлигимни кўрсангиз эди. Икки йил кўрмагандим боламни. Орадан икки ҳафта ўтди ҳамки ўғлимдан хабар йўқ. Хавотир ола бошладим... Бир ой ўтиб ўғлим билан бирга кетган Ботир эшигимиздан кириб келди. Узоқ вақт гапиролмай соқовдек ўтирди. Сўнг зўрға тилга кирди. Азизжон чипта сотиб олганидан сўнг бошлиқларидан тўланмаган ойлик маошларини беришларини сўрабди. Улар эса тўланиши керак бўлган пулни ярмини беришибди. Хуллас ноҳақликка чидолмаган ўғлим тўпалон кўтарибди. Ўзларининг ҳам ҳоли шундай бўлишини тушунган ўртоқлари биргаликда норозилик билдиришибди. Тортишув муштлашувга, муштлашув пичоқлашишга айланибди. 4 киши қаттиқ жароҳатланибди. Ўғлим билан яна бир йигит пичоқнинг зарбидан ўша заҳотиёқ вафот этибди... Эҳ, онани яратмасин экан. Ўз кўзим билан кўрмаганим учун ишонганим ҳам йўқ. Россияга бораман, ҳақиқатдан ҳам ўғлим вафот этган бўлса, боламни ўзи туғилиб ўсган жойга қайтариб олиб келаман, деб ўйлаган эдим. Бормаган жойим, кирмаган эшигим қолмади. Аммо ҳеч ким ҳеч қандай ёрдам беролмади. Маҳалламиз оқсоқолига ёрдам беринг деб қайта-қайта ялиндим. У эса, “Опа, Россияга бордингиз ҳам дейлик. Бир ўзингиз нима қила оласиз? Икки киши бўлиб борсангиз ҳаражатингиз икки бараварга ортади. Чет элдан майитни олиб келиш қанчага тушишини биласизми? Қанча қоғозбозлик, ҳужжатбозлик қилиш керак. Сизга ҳозир ҳеч ким катта пул топиб беролмайди. Устига устак орадан ойлар ўтди. Энди ўғлингизни таний оласизми, йўқми, Худо билади. У ердагилар бошқа бир марҳумни кўрсатса ҳам ўғлим, деб кўтариб келаверасиз-да. Энди опа, қолган болаларингизни, тўшакка михланиб қолган эрингизни ўйланг. Ўғлингизни тақдирида шундай қайтиш қилиш бор экан. Сабр қилмай иложингиз йўқ”, деди. Оқсоқол бу гапларни шунчалар босиқлиқ билан айтдики, худдики бир қоп картошканг чет элда қолса қолибди-да, оҳангида қабул қилдим. Кейин роса суриштирдим. Ростан ҳам чет элдан одамнинг тиригидан кўра ўлигини келиши анча қимматга тушар экан. Оҳҳҳҳ, қўлим калталик қилди. Боламнинг совуқ дийдорига ҳам етолмадим. Икки йилдан бери айрилиқ доғида ёнаман. Қўшниларим қабристоннинг тупроғини кўксингизга суртинг, сўнг сувга солиб ичинг. Ана шунда ичингиздаги куйишиш сал бўлса-да босилади, дейишди. Ичимдаги ёнаётган чўғнинг азобидан ким нима деса қилдим. Аммо нима қилайки, кўксимдаги ачишиш ҳеч кетмайди, зўрайса-зўраядики, камаймаяпти. Имкон топдим дегунимча шу қабристонга келаман. Болам билан тенгдош марҳумларнинг қабрини зиёрат қиламан. “Шулар ҳам кимнингдир фарзанди эди, улар ҳам фарзанд доғига чидаяпти-ку”, дейман ўзимга таскин берган киши бўлиб... Кимга гапирсанг тақдир, тақдир дейди. Худойим бизга ҳаёт беради. Тўғри ёки нотўғри яшаш эса бандасининг қўлидаги иш. Бўлмаса, дўзах, жаннат деган тушунчалар бўлмасди. Менинг болам адолатсизлик қурбони бўлди. Ўз юртида адолат, меҳр-оқибат кўрмади. Агар олий ўқув юртига кирганида ёки шу ерда бирор ишга жойлашганида Россияга кетмаган, бу ишлар бўлмаган, болам бағримда юрган бўларди. Агар ростан ҳам боламнинг пешонасига қисқа умр битилган бўлса, ўз юртида ўзбек удумларига хос қилиб дафн этиларди... Энди кўрай десам на болам бор, тепасида йиғлай десам на қабри бор...”
   Қанчалар аччиқ ҳақиқатлар! Сиз айрилиқдан оташда ёнаётган юрагини совитиш илинжида музлатилган сувни ичаётган, асабийлашганидан титраётган бу муштипар онага қандай таскин берган бўлардингиз?! Таассуфки, мен юпанч бўла оладиган бирорта сўз топа олмадим. Дарҳақиқат, биз ҳаммасини тақдирга, қисматга ортиб қўйишга, муаммоларни ўзимиздан тезроқ узоқлаштиришга одатланиб қолганмиз. Аслида эса ечим топиш қўлимиздан келишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Афсуслар билан шуни айтиш мумкинки, чет элга ишлаётган ёшларнинг ҳаммаси ҳам тўқликка шўхликдан кетаётгани йўқ. Қанчадан-қанча навқирон, билимли ёшларимизни ўз қўлимиз билан ажал домига отаётганимизни биламизми?! Ўз оиламизда бир-биримизга оқибатли бўлолмаяпмизу, ўзга халқдан меҳр-шавқат кутишга ҳаққимиз бормикан?! Масъулиятли лавозимларда ўтирган мансабдор кишилар бевақт нобуд бўлаётган ёшларнинг руҳи ҳаққи, онаизорларнинг изтиробли кўз ёшлари олдида ўзларини озгина бўлса-да айбдор ҳис қилишармикан, адолатсизликларни виждонан таҳлил қилиб кўришармикан?!
   Ўтган йили барча курсдошларимиз йиғилишиб байрам қилдик. Даврада бир шўхроқ курсдошимиз водийлик курсдошимизни туртганича ҳазиллашиб:
– Бу ўзи бир вилоят газетасида бош муҳарриру, яна қийналган талабаларнинг контрактини тўлаб юради. Обуна йўқ пайтида ўзини-ўзи қийнагани-қийнаган, – деди. Унга жавобан курсдошим:
– Мен ҳам талабалик пайтимда контракт пулини тўлай олмай, ноиложликдан ўқишни ташлаб кетмоқчи бўлиб юрган кезларимда бир яхши инсон мурувват кўрсатиб, контрактимни тўлаб берган. Ўша пайтда узатилган нажот қўлидан кўнглим тоғдек кўтарилган. Қўлимга контракт пули тўланганлиги ҳақидаги қоғозни олганимда, кўзимда ёш билан ўзимга вақти келиб мен ҳам қўлимдан келганича инсонларга ёрдам қиламан, ўзимдек қийналган талабаларга кўмак бераман, деб ваъда бергандим. Умрим давомида шунга амин бўлдимки, имконим борича, озгина бўлса-да, кимгадир яхшилик қилган бўлсам, Худойим менга икки ҳисса қилиб эзгуликлар, ёруғликлар, ютуқлар йўлини очиб берди. Имконим бўлганида яна-да кўпроқ яхши ишлар қилган бўлардим, – деди.
   Кетма-кет ютуқлару, мукофотларга эришаётган курсдошимнинг гапларини эшитар эканман, кўнглим ёришди. Орамизда катта қалбни кўтариб юрган Инсонлар борлигидан ҳам қувондим, ҳам фахрландим. Демак, юракда чин дилдан истак бўлса яхшилик қилиш мумкин экан. Чеккадан келиб ҳеч ким бизнинг дардимизга даво топиб, оғриқларимизга малҳам бўла олмайди. Ичимиздаги дардимиз ҳам, камчилигимиз ҳам ўзимизга аён. Шундай экан давоси ҳам ўзимизда. Даво эса – бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизда, аҳиллигу иноқлигимизда. Шундай экан, ОҚИБАТ деворларини баланд қилиб кўтарайлик, азизлар.

2019 йил.
Мусаввир - Сарвар ФАРМОНОВ.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот