ДОҚЁНУС


Адиба УМИРОВА

ДОҚЁНУС
Ҳикоя 

   Чиройда тенги йўқ бу хилқатнинг назари буюк эди. Узун сочлари икки ёнига тушиб, бўлиқ кўкрагини ёпиб турарди. Кўзлари шағамидан таралган нур юракларга кириб борарди. Қадим севгининг вафодор сиймоси сифатда ҳамма уни жаннатдан тўғри чиқиб келганига шубҳаланмасди. Унга фақат Ҳақ эгалик қилиши мумкин, чиройи ва назокати илоҳий,  асло ювуқсиз қўллар билан боғлиқ эмасди. Унга ҳар хил ёлғонлар,  кўролмаслик,  ёмонликлар, ердаги худолар,  фиръавн*лар ҳам ўз таъсирини ўтказолмас, ёруғ келажагига ҳеч қандай алдовлар раҳна сололмасди. Виждонини барча нарсадан устун қўяр, ҳатто юлдузларни ҳукумат кучи билан порлайди,  деб юрганларнинг ҳам бирор марта илоҳага назари тушса, дунёда Худодан бошқа ҳукмрон йўқлигига ишонтирарди. Уни кўплар Бокиралик илоҳаси, деб чақирарди. Қанча аёллар унга ҳавас билан қарар,  оналар қизларини туғилгандан унга атар,  қизлик шаънини сақлаш, турмушга узатгунча, никоҳдан кейин Аллоҳ йўлида хизмат қилиши учун ундан дуо оларди. Унинг севгисида ҳеч қачон иккиланиш бўлмаган, муҳаббати билан Ийсо Масиҳ*дек ўликни тирилтирар,  қўриқловчи халоскори найза,  қилич эмас, Ҳаё эди. Ғурури ва нафсониятини яксон қилмоқчи бўлган эркаклардан фақатгина ҳаё билан ҳимояланарди. У эндигина ўн тўққизда,  балким қизлик чоғимда учратганим учун кўзимга атиргул ёки олма гулидек нафис кўрингандир,  ҳозир ўтиндек ёниш, яшаш ва  сўниш ёшидаманки, уни ичимдан кимдир суғуриб олгандек хумори тутганда кечалари иҳраб-сиҳраб чиқаман, фақат ўйлайман: энди уни қачон ва қаердан топаман?.. Ундан туғилган болаларнинг илиги тўқ, норғул ва ўктамлиги билан Фаришталар юртида донг таратганди. Бирор юмуш билан Садум*  шаҳридан ўтганда ҳам Бокиралик илоҳасига хирс билан қарашга бирорта эркакнинг ҳадди сиғмасди. У ҳамма бокираларга устозлик қилар, уларнинг доно таянчи эди. Бирор жойга кетса, ўрнига доим битта ишончли ёрдамчисини сайлаб қолдирарди. Улар ҳаммаси Бокиралик илоҳасини ҳимоялашга қасамёд қилган,  агар қасамни бузса  исноддан ўлишга ҳам рози эдилар. У оппоқ кийимда кечаси кўчага чиқса, ҳатто ит, мушуклар ҳам либосининг ёрқин рангидан қўрқиб қочарди. Мен уни охирги марта шаҳар касалхонасида хўрланган аҳволда кўрдим.  Оломон  Азозил*га эргашиб Бокиралик илоҳасининг поклигига шу қадар шубҳа уйғотгандики,  у ҳақидаги гап-сўзларни майдалаб чайнаб турли уйдирмалар тўқиб чиқарганига беихтиёр ўзингиз ҳам ишониб қолардингиз. Ҳар кўрганда Худони ёдга соладиган бу малаксиймо қандай қилиб одамлар назаридан қолиб шунчалар аянчли аҳволга тушганига фаҳмим етмаса-да, унинг ўлими ичимдаги Худонинг тугаб бораётганини эслатарди. Мен энди нимага итоат этишни билмай, ваҳшийлик, қувғинлик,  маддоҳлик ва ифлослик догмаларининг  ҳайқириқлари ва писмиқликлари орасида ўзимни буткул йўқотиб қўйгандим. Ҳар доим ичимдан қуйилиб келадиган мунгли кўз ёшлар, ижод столимдаги газета тахламларидан унинг ёруғ юзини ахтарардим. Ҳурсиз газеталардан эса семиз амалдор амакилар, шаҳар ҳокимлари,  чалла муллалару чала олимларнинг ялтироқ суратлари тиржайиб турарди. 
   Эркакми,  аёлми фарқи йўқ, Бокиралик илоҳаси ёшликда ҳамманинг қалбида бўлади, аммо хиёнат ва сотқинлик билан чиқишолмайди, у танани тарк этганда бутун вужудни оғриқ босади, сўнгра оғриқ ҳамма нарсамизни тортиб олади, борлиғимиз сувда эриган дорилар ва тунги санчиқлар маконига айланади. Сал шамол турса ҳам орзулар шамоллаб қолаверади, ниҳоясиз азоб-уқубатлардан кўр бўламиз,  кўрлик алал-оқибат бизни тириклай жаҳаннамга итаради. Мен ҳар қандай ўлимни табассум билан кутиб олишга кучим етади, лекин номуссиз ҳаётга чидолмайман, орсизликни кечиролмайман, юзсизликни кўтаролмайман,  бари чидамсизликлардан Бокиралик илоҳаси бутун олиб чиқиши,  у билан бирга майсаларнинг енгил нафасидан баҳра олишни,  шамолларни тинглашни, ойдин тилаклар билан тонгларни қарши олишни хоҳлардим. Кундуз ҳамма ёнимдан қўлини бигиз қилиб ирганиб ўтса-да,  кечаси ўзимнинг кўзимга тик қараб,  виждоним олдида бошимни эгмай қониқиш билан айниқса, ички овозда баланд: Ҳа, мен назари пастлар қаршисида улкан кўз ёшларимни майдаламайман!.. Уларга азоб-уқубатларим, оғриқларим барибирмасми?.. Баъзида юракдан қувнаш ёки ниманидир исботлаш учун ўз йўллари,  майдонлари,  минбарларини ҳам бўшатиб беришади: нима,  қафасингдан чиқмайсанми, яйрамайсанми, кулмайсанми,  кўнглинг тусаганини қил, қани, югур, қочмайсанми?..
   Ахир, мен ҳам Бокиралик илоҳасидек Яратган ҳукмидаман-ку, қафасни бузмоқ керакми?.. Мен ҳеч кимдан қарздор бўлишни истамайман,  бундай олижаноб ҳимматлар ёш болаларга асқотади,  менга ёрдам берадиган битта имдод бор эди,  у ҳам Худо билан кетди!
   Шаҳарда ҳамма нарса бузишга мўлжалланган. Шовқин-сурон,  тарақ-туруқлардан бошингиз айланади, шу қадар одам бижғиб кетганки, юзлаб илоҳалар ўлган билан ҳеч кимнинг иши йўқ, ҳатто хотирамиздан кўтарилиб улгурган. Лекин Бокиралик илоҳасига нимамиз биландир боғлиқмиз. Шу савол кўп ўйлантиради: У аслида борми,  йўқми?.. Нега келиб-келиб Доқёнусга ошиқ бўлди. Доқёнус ким ўзи?.. Ҳавода ҳам аччиқ сигораси ва  шайтон суви*нинг ўткир ҳиди уннаб қолган. Қадимми,  ҳозирми?... Аёлларни ўзига тортадиган қандай сеҳри борки, барча унга интилади. Нега у қолдирган яра ва оғриқларни даволаб бўлмайди?.. У осмондан тушганми, йўқса, нега пастга тушмайди, эслаганда қонимизни иситма ва қалтироқ босади. Буни англолмасдан Бокиралик илоҳасининг ҳам сочи оқарган, ўттизда қош,  киприклари тўкилиб битган, қирқи қийилмай мункиллаб қолганди. Юрагинг қари бўлса,  яшашга қийналасан, умуман, юракдан қариш керак эмас,  Азизлар!.. Афсус,  ўзим ҳам юракдан қариганман,  битта шоҳона устунлигим Бокиралик илоҳасидан кўп яшаганимми?.. Бу ахир,  жуда кўпдир,  жудаям кўп шундайми, дўстлар, шуям инсофданми?.. Ғалатилигим учун урушманг,  ақлсизлигимдан ғазабланманг, бу ғаройиб Фаришталар юртида ёлғиз ўзимни гуноҳкор сезиб Бокиралик илоҳасига боқаман:  
-- Эй,  бахтсиз Доқёнуснинг қизи, йиғлаб кўнглингни бўшат,  қани,  бу кўз ёшларинг билан айбингни юволсанг!.. Азоб чекаётганларга қара,  ҳар томчи  кўз ёши учун сендан қасос олади. О,  менинг кичкина фариштам, олти ёшингдан тарбиямга олганман. Кўнгил кўчасидаги қанча Доқёнусларни кўргансан ва тушунгансанки,  булар вайрона уйларнинг вайроналари...  Сал тегсанг устингга гупиллаб йиқилади. Сени ҳам шу деворлар босиб қолади.  Энди мени чақирма,  Илоҳангни жони сенда эди,  уни асролмадинг,  афсусдаман!.. 
    Авваллари унинг ҳар бир сўзини қулоғимга сирғадек тақиб олардим,  энди эса қизиғи йўқ, у оламдан ўтди, унга ҳеч ким ачинмади, ҳикояни бошлаб қўйиб қандай тугатишни билмай қолгандек ўзимнинг ҳам бошим қотган,  наҳотки,  шу билан ҳаммаси тугаса?.. Ақллироқ ва донороқ сўз айтганим билан у тирилиб келадими?... Ё уни сунъий тирилтириш учун орангиздан бирорта ноёб қаҳрамонни танлашим керакми?... Кейин унинг елкасига ватанпарварликнинг энг шармандали, сийқа юкини, бокираликнинг ёлғон сўз билан ясатилган жасадини ортайми, қонида йўқ покликни танасига сўзлар занжири билан улаб чиқайми?.. Айтинг,  сизга қай бири маъқул?.. Ўлганларни тирилтиришми ёки тирикларни ўлдириш?.. Бокиралик илоҳаси ердан кўтарилганда ичимдаги Худо ҳам яраланганди, у қандай қиёфада эди: Маъбудами ёки фаришта?.. Қачондир ҳаётимдан иссиқ қордек ёғиб ўтди-ю, юрагимда жизиллаган изи қолгандек.
   Азиз ўқувчим,  Сиз осиёликми,  европаликми, барибир ҳаммамизнинг хотимамиз бир:  жаннатлик ёки дўзахликмиз! Унгача ўз қобиғимизда безаган дунёни миямиздаги ахлат қутида ташиб юрамиз. Бу ахлат яшиклар кимнингдир узоқдаги даҳшатли хотираларини эслатиб туради, ўлгандан кейин кўпикдек гирдобдан чиқариб ташлайди.  Бокиралик илоҳасидан кейин жаннат эшиги ёпилгандек, юрак ичидан қулфланиб қолгану ўзига ҳам очилмасдек, усиз бахт уйғонмасдек, юлдузлар нур сочмасдек, дунё чироғи ўчгандек, мағрурлик сингандек, тонгдаги нурлар олтиндан бўлмас, майсалар ярқирамас, дарё шовқини эшитилмас, буларнинг ҳаммаси кўзимизга кўринмасди. Худо раҳмдиллик билан бокиралик меҳварини асраб қолишга анча ҳаракат қилди, лекин одамлар буни истамади,  кучли оёқлари тагида нимжон ва хаста юрагини эзиб ташладилар. У ўзига озгина жисмоний дам бериш учун еттинчи фалакка кўтарилиб кетди, пастда эса қўрқинч ва зулмат оралаб ола-була кемирувчилар авлоди қолди. Бу каламушлар айланиб ичимизга кириб олар,  хавфли бурилиш билан йўлда нима дуч келса ҳаммасини кемириб ташлар,  орзу, умидлар, фикрларни қанча ғажиб ташласа, бақувват тишлари шунча чархланиб бораверарди. Ҳатто қабристон ёнидан ўтса,  ўликлар кафанини судраб чиқадиган даражада очкўз ва ёвуз эди. Чақалоқлар ҳидини туғилмасдан олиб, пана-пастқамларда ўлжасини пойлаб ётарди. Бешикда бурни, қулоғи ва бошидан каламуш тишлаб олган болалар улғайганда ҳам ким нима деса,  шуни орқасидан эргашиб кетаверадиган  суяксиз ҳашаротлар эди. Уларни бундай оғир зулмдан ўзингга тортиб: 
-- Сен одам зотидансан! Тирик одамсан. Сенга Яратган қалб берган. Нега ҳеч нарсани кўрмайсан, эшитмайсан?.. Кармисан,  соқовмисан,  телбамисан? Қачон маишатпараст қабилангдан юқорига интиласан,  ахир, сен нурдан яралгансан! Ҳатто жаҳаннамни ҳам ақл-идрок бошқаради,  у ерда сен сиғинган илоҳларнинг Шоҳи ҳукмдор. У ҳар жойда шоҳдир. Барча шон-шарафлар тахти устида ўтиради. Ҳамма ер Унинг салтанати. Унга менинг ҳам, душманимнинг ҳам сўзи ўтмайди. Сен кутган Исрофил* ҳам Унинг овози билан куйлайди,  -- десанг ҳам барибир у сени одам ўрнида кўрмайди. Бокиралик илоҳаси ўз авлодларини бунча майда ҳашаротларга айланиб кетишини қайдан билибди, уларга энг ишончли шогирди Нимфа*ни раҳнамо этиб тайинлади.Таърифлаб бўлмас даражада чиройли, ўлмас кулгулари билан ўзига тортар, қўнғироқ соч бу қизга зўрға ўн саккиз ёш берардингиз. У бутун башариятни азоблар чангалидан қутқариш учун келгандек, аммо ҳайвоний кўринишда жунлари ҳурпайиб турган оломонга яқинлашишга қўрқарди. Йўлида қанчаси ит бўлиб ҳурганларни эшитар, бу итлик уларнинг азалий одати, шу билан кўпларнинг бошларини қотириб шон-шарафга эриштирар, итдек боқиб сўнг еб тугатарди. Нимфадан олдин ҳам яшалган бу саҳнада виждон фақат мунгли қўшиқларда янграр,  севги ва чарчамас меҳнатни фақат шоирларгина ҳурмат билан қаламга олар, аслида ҳамма нарса қимматбаҳо буюмдек баҳоланган заминда севги ночор ва хорликда, ибодатлар ҳам икки хил  -- жойнамозда Худо, ҳаётда шайтон ҳамроҳлик қиларди. Халқлар на Бокиралик илоҳаси, на Нимфага эргашар, орқасини аямай креслода ўтирган устозларини алқарди. О, булар менинг халқим, деб айтиш осон,  авом халққа айлангунча юлдузларга етиб борардингиз,  юлдузлар ҳам олис, улар осмон учун шунчаки безак, халқдан эса ўзингизни олиб қочишга кучингиз етмасди. Бу оломон назарида Худо ҳам дунёни зериккандан ўйнаб-кулиб яратиб қўйгандек, айшу ишратга тўла зиёфатлар марҳамат дарёсидан бир томчи, жаннат бу дунёнинг ўзида ҳар хил кўринишда берилган ва буларни ўз вақтида яшаб қолиш одамлар қабиласининг ўлмас шиори эди. Бу ерда ваҳший ҳайвонлар кўп, Нимфа ўзининг учқур отида югурар,  қанотлари шамолга урилиб йиқилар, ҳансираб-ҳансираб бирданига нафаси ичига тушиб кетарди. Доқёнус Нимфага атрофидаги шанғи хотинлардан бири сифатида қарар, мағрурлик билан шоҳона кўз ташлаб ўзига бўйсундиришни истарди. Бу қиз даладаги пичанлар орасида ўсган бир тоза гул эди, гўзаллигини кўриб Доқёнус севиб қолди,  афсус ва оҳ,  шундай қизил гулга қавмидагилар: 
-- О,  нозик она Биби Марям* давомчиси, сен мени эшитаяпсанми?  Энди эшитасанми? Доқёнуснинг нафаси нимага тегса, ўша нарса бирдан сўлиб қолади. Исми тилга олинганда балиқлар чидолмасдан сувдан чиқиб кетади, чумчуқлар ғазабнок чуғурлашни бошлайди, тунги чаккалакзорни маймун,  қўнғир айиқлар ҳам тарк этади. Сен бизнинг номусимизсан. Доқёнус шундай ошиқки, кўрган юпка ортидан қувиб юради, тугатади ва ўлдиради,  -- деса ҳам Нимфанинг қулоғига гап кирмасди, барига тупуриб кетишга кучи етмасди. Кўкраги остида кўтариб юрган болада Доқёнуснинг туганмас қони оқарди. Кўчага чиқса ҳамма ундан юз ўгириб: 
-- Қарғишларга қолган  Нимфа келяпти, Қочинглар,  қадами теккан жойга бало ёғилади,  -- деб бир-бирига пичирлар, шундай пайтда Нимфани оламни бузиб бақиргиси келар,  девонага ўхшаб гоҳ олдин,  гоҳ орқага юрар, у эшикдан-бу эшикка югурар, афсус,  уни ҳеч ким эшитишни истамасди. У жазирамада қуриб қолган табиатдек меҳр сувига муҳтож, истаган одам зўрлаб хўрласа ҳам оёғи остига тўкилар даражада кучсизланиб қолган, баҳорда яна беорларча гуллаб берар, йўқ,  бу сиз узган гул эмас, қони ичида ғунчадек қотиб қолган исён эди. Бу алдовсиз дунёда фақат о, менинг маишатим, деб гуллар ҳидидан маст,  бир оёғи гўрда бўлса ҳам қанча Нимфаларни қаритиб тирикликдан ортиғи билан ўз ҳисобини олган Доқёнусларгина бахтиёр яшарди. Унинг наҳси Нимфа қорнидаги болага урди, дунёдаги нимжонлик ва маймоқлик шу митти гуноҳ туғилгандан кейин бошланди. Доқёнуснинг бу жажжи маймоқ қўл, оёқчаларга қарашга кучи етмай,  бошқа шаҳарга кўчиб кетганди. 
    Ҳар бир одам ичида ўзидан катта дев яшайди, уни ўзимиз билмаган ҳолда кўринмас занжир билан боғлаб қўйганмиз, занжирдан бўшаб кетганда, эплаб олмай қоламиз. Орқасидан югурамиз, ушлашга қўрқамиз, аввал итоаткор қулдек хизматимизни қилса, энди ҳар нафас биз унинг хизматкорига айланамиз. Қачонки,  Худо ўртага тушмаса,  ўз-ўзимизга ёрдам беролмайсиз. Нимфа ўша ҳайвоний хирс билан пошнаси тагида эзиб ташлаган жаннатга қайтгиси келар, энди у биҳишт қайда, қайтиб борганда ҳам дарвозасидан киролмасди. Дунёда табиийликни биргина гуноҳ ўзида сақлаб қолган, ичимизда қуртдек бижирлаб ётибди,  у шу қадар ширинки,  маймоқ елкаларини силаб-сийпаб тўймайсиз,  бошида мукофот бергандек қувонтиради, кейин бирдан ҳаётимизни жаҳаннамга айлантиради.Нимфадан кейин одам зоти ер юзида кўринмай кетди, ёғоч бешиклар каттакон ҳашаротдек тебранар, тағин яна ҳамма шунча гуноҳ ва шундай ифлослик билан Худодан эгилиб сиғиниб жаннатни сўрарди. Оналар муқаддас бокиралик номи билан дунёга келтирган болалар орасидан бирорта авлиё чиқмади. Авлиёлар келадиган йўлни Доқёнуснинг  қарғиш теккан мажруҳ авлодлари тўсиб қўйганди. Бокиралик илоҳасига хиёнат қилганлар ҳеч қачон жазосиз қолмайди. У шогирдларига  қилган васиятни эсланг: 
-- Вақти келди, сизларни ташлаб кетяпман. Ўтиринглар, эшитинглар, эшитишга мажбурсизлар,  фаришта юзли оналар,  опа-сингиллар, келинлар! Муқаддас бокираликни ҳимоя қилиш энди сизнинг чеккингизда. Янги туғилган ҳар бир қизалоққа айтинг, у бир пайтлар менинг ёруғ келажагим бўлган. Энди бунақа тозаликни ердан тополмайсиз. Эркаклар аёлларга ёлғон ва куч билан яқинлашади, аёллар ҳам ўз навбатида, шу ёлғон ва кучни ўзига қайтариб ишлатади. Шу билан дунё тугайди. 
    Нимфа қандай қийналиб жон берганини кўрганингизда эди, кимга қандай ёмонлик қилганини бирма-бир эслади, ўзининг ақлсизлигидан уялаб кетди, гуноҳларидан қаттиқ қўрқди. Одамлар уйқусиз ўтган кунларида чидамсизлик билан ҳар тарафдан Нимфани чақирарди.  У ҳаммамизнинг фариштамиз эди. Инсониятнинг келажакка умидини йўққа чиқарган Римни буюк муҳаббатига ишонтирган,  паст кўз ёшлардан майдаланиб кетаётган Трояни афсоналарга тўлдирган, ёввойи кўролмасликдан парчаланиб кетган Туронни бирлаштирган маъбуда эди. Нимфага алвидо,  деган куним менинг ҳам ичимда Худо ўлди. Усиз ҳам бу ёввойи ўрмонда дунё янгиланди, эски Худодан бошқа ҳаммаси ўзгарди, шу эски Худо ҳам кўп нарсаларни янгилашга қодир эди, сизлар бўлсаларингиз....  -- дея ҳикоясини тугатди у. 
--------------------------------------------------
1.  Доқёнус   -- Юнон мамлакатининг ниҳоятда жоҳил ва золим бутпараст подшоҳи
2.Садум   -- Лут алайҳиссалом яшаган шаҳар. Аҳолиси дунёдаги энг ёмон гуноҳларга мубтало бўлган. 
3. Фиръавн*ларнинг маълум бир даври Тутмос  (Тҳутмос)  (мил.авв. ХV аср)  ҳамда Рамсес  II (мил.авв. XIII) даври деган ном билан машҳур. Рамсес II  Шомдаги Ҳайсия  давлатига қарши уруш олиб боради,  уни йўқ қилади. Уларнинг диёрида фисқу фасод,  куфр,  ширик каби иллатлар ҳаддан ошиб кетган. Бу ишларнинг энг ёмони Бани исроиллик ичида "Яқинда бир ўғил туғилиб,  фиръавн ва унинг қавмини йўқ қилади", деган гап тарқалиб, фиръавнлар Бани Исроилда туғилган ўғил болаларни ўлдира бошлайди. 
4. Азозил   --  шайтон  (иблис)  устози бўлган. Биринчи ким томондан исён содир этилганини эсланг,  ўша машҳур қиссага ишора.
5. Исрофил  -- охират ҳақида хабар бергувчи фаришта.
6. Нимфа   -- юнон мифологиясида табиат кучларининг аёл образидаги илоҳаси. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот